O'zMU » Ma'lumotlar » O'zbekiston Respublikasi Prezidenti qarori

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДА ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЭНГ ЯНГИ ТАРИХИ БЎЙИЧА ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

 

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 5-сон, 42-модда)

 

Ўзбекистон миллий давлатчилигининг вужудга келиши ва тараққий топишининг энг янги тарихи бўйича ўқув-методик, илмий-оммабоп, маърифий адабиётларни ўрганиш, тайёрлаш ва чоп этиш борасида илмий, маданий, таълим, жамоат муассасалари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ишларининг самарадорлигини ошириш, ёшларда, авваламбор умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ўқувчиларида, олий ўқув муассасалари талабаларида мамлакат тарихи ҳақидаги чуқур билимларни шакллантириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Фанлар академияси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгашини ташкил этиш (кейинги ўринларда - Жамоатчилик кенгаши деб юритилади) тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилансинки, Жамоатчилик кенгаши Ўзбекистоннинг энг янги тарихини тадқиқ этиш ва ўқитиш самарадорлигини, шунингдек мазкур соҳада илмий, ўқув-методик адабиётлар, маънавий-маърифий ишлар сифатини оширишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган илмий-мувофиқлаштириш ва маслаҳат органи ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Ўзбекистоннинг янги тарихи маркази тугатилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгашининг таркиби, Жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги низом 1*-2**-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

3. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Ўзбекистоннинг энг янги тарихини тизимли равишда тарихийлик ва холислик принципларига асосланган ҳолда ўрганишни ташкил этиш, шунингдек буюк тарихий-маданий меросга эга бўлган ва жаҳон цивилизациясининг ривожига улкан ҳисса қўшган ўзбек халқининг тарихий ўтмиши ва бугунги кунига баҳо беришда бир ёқлама ёндашувларга, ақидапарастликка йўл қўймаслик;

ўқув, илмий, ўқув-методик адабиётларни тайёрлаш ва янги авлод нашрларини чоп этиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш, уларда Ўзбекистоннинг энг янги тарихини умумжаҳон ва минтақавий жараёнлар билан, шунингдек ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида шаклланган халқлар ва давлатлар цивилизациясининг тарихий-маданий мероси билан узвий боғлиқ ҳолда кўриб чиқишни таъминлаш;

демократик ҳуқуқий давлатни, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини, фуқаролик жамиятининг асосларини шакллантиришда «ўзбек модели»нинг моҳияти ва мазмунини, инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини таъминлаш, жамиятда барқарорликни, миллатлараро ва динлараро тотувликни сақлаш бўйича кенг кўламли ишларни, ҳозирги дунёда Ўзбекистоннинг роли ва ўрнини чуқур ўрганиш ва яққол кўрсатиб бериш;

илмий ва ўқув-методик адабиётлар, ўқув дастурлари, мамлакатнинг таълим муассасаларида Ўзбекистоннинг энг янги тарихи курсини ўқитиш даражасини тизимли равишда мониторинг қилиш ҳамда экспертизадан ўтказиб бориш, ушбу соҳада илмий-тадқиқот, ўқув-методик ишларнинг сифатини яхшилаш, тарихчи-педагог кадрларнинг малакасини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

фуқароларда тарихий хотира, миллий ўзлигини англаш, юксак маънавият, халқнинг тарихий анъаналари, маданий меросига ҳурмат, мамлакатимиз мустақилликка эришганлигининг буюк тарихий аҳамиятини англаш каби фазилатларни шакллантиришга йўналтирилган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали ошириб бориш;

замонавий чет эл илмий ва ўқув адабиётларида Ўзбекистон тарихини сохталаштириш, бузиб кўрсатиш фактларини аниқлашга йўналтирилган тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш, ҳозирги Ўзбекистоннинг тарихий ўтмиши, социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланиши, мамлакатда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар тўғрисидаги холис ахборотни кенг халқаро жамоатчиликка етказиш.

4. Жамоатчилик кенгаши:

олти ой муддатда Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича тадқиқот ишларини, мамлакатимизда чоп этилаётган ўқув ва ўқув-методик адабиётларни танқидий таҳлил этиб, мазкур соҳада илмий-тадқиқот, таълим, маънавий-маърифий фаолиятнинг самарадорлигини ошириш, тарихчи-педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш борасидаги ишларни такомиллаштириш, бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрласин ва тегишли равишда кўриб чиқиш учун киритсин;

уч ой муддатда ушбу соҳада тадқиқотлар ва таълим бериш даражасини оширишга, замонавий Ўзбекистон, унинг тарихий ўтмиши тўғрисидаги ишончли ахборотни халқаро жамоатчиликка етказишга йўналтирилган Ўзбекистоннинг энг янги тарихи долзарб масалалари бўйича 2012 - 2013 йилларда ўтказиладиган халқаро ва республика илмий-назарий ҳамда амалий конференция ва семинарларининг рўйхатини белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва муҳокама қилиш учун киритсин.

5. Жамоатчилик кенгашининг ишчи органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ (кейинги ўринларда – Марказ деб юритилади) ташкил этилсин;

Белгилансинки:

Кенгаш фаолиятини илмий-методик жиҳатдан таъминлаш, Ўзбекистоннинг энг янги тарихининг долзарб муаммоларини ишлаб чиқишни ташкиллаштириш, ўқув, илмий-методик адабиётларни тайёрлаш ва чоп этиш, Кенгаш олдида турган бошқа вазифаларни бажариш Марказнинг муҳим вазифаси ҳисобланади;

Марказ юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасаси ҳисобланади, директор томонидан бошқарилади, у Ўзбекистон Республикаси Президенти девони билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири томонидан тайинланади;

Жамоатчилик кенгаши ва унинг Марказини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

Марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Ўзбекистоннинг янги тарихи маркази -яъни тугатилаётган Марказнинг штатлар сони ҳисобидан шакллантирилади;

Марказ тузилмаси, штат жадвали ва ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш разрядлари 3 — 5-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги уч ой муддатда Марказни тарих, тарихшунослик, ижтимоий фанларнинг бошқа соҳаларида юқори малакали мутахассислар билан тўлдиришни таъминласин, шунингдек Марказнинг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва тизимларидан фойдаланишга асосланган илғор моддий-техник, илмий-методик базасини барпо этиш бўйича комплекс тадбирларни амалга оширсин.

7. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги Ахборот - коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан Марказни замонавий, шу жумладан ҳукумат алоқа воситалари билан жиҳозланишини, кенг йўлакли Интернет тармоғига уланишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

мазкур қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бўлинмаларининг харажатлар сметаси ҳамда штатлар жадвалига ўзгартиш ва қўшимчалар киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари параметрларида Марказга, уни таъминлаш учун, шунингдек Кенгаш зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун илм-фанга ажратиладиган маблағлар доирасида зарур маблағ ажратилишини назарда тутсин;

Марказга битта хизмат енгил автомобилини таъминлаш учун лимит белгилансин.

9. «Ўзархив» агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, бошқа вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот муассасалари Марказга архив, ахборот-таҳлил материаллари ва улар олдида турган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган бошқа материалларни олишда ёрдам кўрсатсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошида «Ўзбекистоннинг янги тарихи» марказини ташкил этиш тўғрисида» 1996 йил 19 сентябрдаги Ф-661-сонли фармойиши ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 И. КАРИМОВ