O'zMU » Ma'lumotlar » Tadbirlar - aprel

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Фалсафа факультети Психология кафедрасининг ташаббуси билан ўтказилган “XXI аср психологиясининг назарий ва амалий муаммолари” мавзусидаги конференция

2012 йил 4 апрель 

Конференцияни Ўзбекистон Миллий университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ғ.И.Муҳамедов очиб берди ва “XXI аср психологиясининг назарий ва амалий муаммолари” мавзусидаги ушбу конференциянинг бугунги кундаги аҳмияти ҳақида гапириб ўтди. Сўнг кейинги сўз навбатини фалсафа факультети декани А.Мўминовга берди. А.Мўминов конференция иштирокчиларини тадбир меҳмонлари ҳамда маърузачилар билан таништириб ўтди.

Конференцияда Психология фанлари доктори, проф. Б.Р.Қодировнинг “Мия ва таълим масалалари” мавзусидаги, Психология фанлари доктори, профессор В.М. Каримованинг “Оила ва ижтимоий психология” мавзусидаги ҳамда ТДПУ “Умумий психология” кафедраси профессори З.Т.Нишанованинг “Тортинчоқликнинг патологик оқибатлари” мавзусидаги маърузалари тингланди.

Шу билан бирга, конференцияда университет фалсафа факультети магистрантлари ҳамда стажёр-тадқиқотчи изланувчиларининг ҳам маърузалари тингланди ва муҳокама қилинди. Фикр-мулоҳазалардан сўнг конференция ўз ниҳоясига етди. 

 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Мустаҳкам оила йилига бағишланган “Соғлом турмуш тарзи-қариндош уруғлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари ва уларни олдини олиш”  мавзузидаги анжуман

2012 йил 6 апрель

Тадбирни Ўзбекистон Миллий университети Хотин-қизлар кенгаши раиси Л.Муҳаммеджанова кириш сўзи билан очиб, тадбир меҳмонларини таништириб ўтди. У ўз нутқида Оила бу –маънавият бешиги, юксак фазилатлар ва асрий анъаналар жамулжам бўлган маданият маскани ҳамда Юртбошимиз И.А.Каримов томонидан 2012 йилни “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилинишида ҳам алоҳида маъно борлиги ҳамда ёшларга оиланинг муқаддаслиги сингдирилса, ёшлар ҳар томонлама турмушга тайёрлансагина бўлажак оилаларнинг мустаҳкамлиги таъминланади-дея бугунги тадбирнинг мазмун-моҳияти юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Тадбир давомида Олмазор тумани, ФҲДЁ мудираси сўзга чиқди. У ўз сўзида  инсон дунёга келар экан, у вояга етади, вояга етганда эса турмуш қуради. Турмуш қуришдан олдин ёшларимизнинг ирсий касаликларини олдини олиш мақсадида беш йўналишда “Тиббий кўрик” дан ўтказиш йўлга қўйилгандир. Қонуний никоҳдан кейин эр-хотин бир оилага айланади ва ҳар бири хуқуқий мажбуриятларни олади. ФҲДЁ қошида “Ёш оилалар мактаби” ташкил этилгани мақсадга мувофиқлиги, шу билан бирга Қонунинг ман этилган қоидаларини батафсил тушунтириб ўтди.

 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида гиёҳвандлик ва ОИТСни олдини олишга қаратилган “Ўз саломатлигимизни – ўзимиз асрайлик” мавзусидаги тадбир

2012 йил 13 апрель 

Университетда ёшлар ўртасида бундай салбий иллатларнинг пайдо бўлишини олдини олишга қаратилган тадбирларни мунтазам равишда ўтказиб бориш яхши анъанага айланлиги, талаба-ёшлар билан уюштириладиган бу каби мулоқотлар талабаларда катта таассурот қолдираётгани таъкидлаб ўтилди. Бунга сабаб, тадбирлар доимий равишда эркин мулоқот ва ўзаро савол-жавоб тарзида ўтказилишидадир. Тадбир давомида мутахассисларга ҳар бир талаба ўзини қизиқтирган саволлари билан очиқ ва яширин хат орқали мурожаат этиши мумкинлиги, шунингдек, бу каби салбий иллатлардан талабаларни доимий равишда огоҳ бўлишларини ва ўз Ватанига садоқатли бўлишлари таъкидланди.Ҳозирги даврда  “Баркамол авлод тарбияси” ва жамият тараққиёти ўсиб келаётган ёш авлоднинг соғлом ва маънавий етук бўлиши билан боғлиқдир. 

 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаларининг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл Ҳаракат Ҳавфсизлиги Бошқармаси ҳодимлари билан ўтказилган учрашув

2012 йил 13 апрель 

Республикамиз ривожланишнинг бир палласида автоиндустрия соҳасида ҳам сезиларли даражада ўсиш кўзга ташланмоқда. Шу тариқа пойтахтимиз ва вилоятларимиз ҳудудларида ҳам транспорт воситаларининг кундан кунга кўпайиб бораётганлигига кўзимиз қувонади.

Ҳозирги кунда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш ва автоуловлардан тўғри фойдаланиш учун автомактаблар ташкил этилганлиги ҳамда ЙҲҲБ томонидан тегишли чора-тадбирлар ўтказилиб келиниши ҳақида айтиб ўтилди. Бундан ташқари, бугунги кунда йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузаётган фуқароларни шу жумладан, талабалар ўртасида бундай ҳодисаларни олдини олиш учун йўл харакати қоидаларига тўла амал қилиш лозимлиги юзасидан тушунчалар берилди.

ИИВ ЙҲҲБ жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бўлими бошлиғи майор З.А.Саидвалиев ўз сўзида бугунги кунда йўл ҳаракати қоидаларини бузиш каби ҳоллар кўпгина ҳолатларда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида содир этилаётганлиги, уларни йўл қоидаларига риоя этмаётганлик-ларини такидлаб ўтди. Бугунги кунда Тошкент шаҳар бўйича олий таълим муассасалари талабалари ўртасида 284 та автотранспорт воситалари билан йўл қоидасини бузганлиги аниқланди. Бундай ҳолатларни олдини олиш учун автотранспорт воситасига эга талаба-ёшларни йўл қоидаларига амал қилишларини айтиб ўтди.

 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида битирувчиларни иш жойлари билан таъминлаш мақсадида Фуқаролик жамиятини шакллантиришни мониторинг қилиш мустақил институти ходимлари билан ўтказилган учрашув

2012 йил 23 апрель 

Тадбирни Ўзбекистон Миллий университети “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати етакчиси Ш.Малонов очиб берди. У барча йиғилиш қатнашчиларини Фуқаролик жамиятини шакллантиришни мониторинг қилиш мустақил институти ходимлари билан таништириб ўтди.

Университетнинг энг фаол бакалавр босқичи 4-курс талабалари ҳамда 2-курс магистрлари билан ўтказилган ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад, битирувчиларни юқорида айтилган институтга, жумладан, ушбу институтнинг вилоят бўлинмаларига ишга жалб қилишдир.

Тадбир давомида Фуқаролик жамиятини шакллантиришни мониторинг қилиш мустақил институтига ишга қабул қилинувчиларга қўйиладиган талаблар, шу билан бирга, уларга яратиладиган имтиёзлар ҳақида батафсил гапириб ўтилди. 

Йиғилиш иштирокчилари талаба-ёшлар томонидан берилган барча саволларга тўлиқ ва аниқ жавоблар беришди. Қизғин суҳбатдан сўнг барча талабаларнинг объективкалари йиғиб олиниб тадбир якунланди.

 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари, ходимлари ва талаба-ёшлар билан биргаликда Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларига ташрифи

2012 йил 27 апрель

 

ТАШРИФ ТАШКИЛОТЧИЛАРИ:

Ғ.И.Муҳамедов                     - Ўзбекистон Миллий университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси

Қ.Қуранбоев                         - Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор

 

Ташрифда 60 нафар профессор-ўқитувчи ҳамда 20 нафар талабалар қатнашдилар.

Самарқандга ташриф университетда ўтказилган “Наврўз – умумхалқ байрами”да ғолиб бўлган ҳамда фаол иштирок этган талаба-ёшлар ва профессор-ўқитувчиларни рағбатлантириш мақсадида уюштирилди. Самарқандга ташриф иштирокчилари “Афросиёб” тезюрар поездида олиб кетилди. Самарқанднинг диққатга сазовор барча жойларига ташрифлар аъло даражада уюштирилди.