O'zMU » Axborot soatlari » “АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 8-2016 Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (17-22 октябрь кунлари) МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ “АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 8-2016

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев 2016 йил 18 октябрь куни Кувайт Давлати Бош вазирининг биринчи ўринбосари, ташқи ишлар вазири шайх Сабоҳ Холид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ билан учрашди.

Шавкат Мирзиёев меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлади ва Кувайт Давлати Амири шайх Сабоҳ ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳга чуқур ҳурмат-эҳтиромини изҳор этди. Сабоҳ Холид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ Кувайт Амирининг салом ва эзгу тилакларини етказди. Суҳбат чоғида ушбу учрашув икки томонлама дўстлик робитасини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон ва Кувайтнинг қатор минтақавий ва халқаро масалаларга ёндашув ва қарашлари ўхшаш, кўп жиҳатдан бир-бирига яқиндир. Икки давлатнинг долзарб муаммоларни ечиш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, таҳдидларни бартараф этиш ва хавф-хатарларнинг олдини олиш масалаларига қараши бир хил.

Ўзбекистон Кувайт билан турли нуфузли халқаро анжуманлар ва тузилмалар доирасида ўзаро ҳамкорлик кўламини кенгайтириб бормоқда.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2004 йилда Кувайтга, 2008 йилда Кувайт Давлати Амири шайх Сабоҳ ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳнинг Ўзбекистонга ташрифлари икки давлат ўртасидаги муносабатлар ривожига янги суръат бахш этиб, ўзаро ҳамкорликни юқори босқичга кўтаришга хизмат қилгани алоҳида қайд этилди. Мазкур ташрифлар доирасида имзоланган ҳужжатлар мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг шартномавий-ҳуқуқий пойдеворини яратди.

Учрашувда Ўзбекистон – Кувайт муносабатларини янада юқори босқичга кўтариш, ҳамкорликнинг янги саҳифасини очиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, савдо-иқтисодий ва сармоявий шериклик кўламини ошириш мақсадида келаси йилнинг биринчи чорагида ўзаро ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг мажлисини ўтказишга келишиб олинди. Комиссияга икки томондан ҳам Бош вазирнинг биринчи ўринбосари мақомида раислар тайинлангани Ўзбекистон ва Кувайтнинг катта интилиш ва алоҳида иштиёқ билан ишга киришаётганидан далолат беради.

Бу ўринда Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларида фаол иштирок этаётганини таъкидлаш жоиз. Ҳозирги кунгача мазкур жамғарманинг имтиёзли кредитлари ҳисобига сув таъминоти, транспорт инфратузилмаси ва тиббиёт соҳаларида умумий қиймати 60,6 миллион АҚШ долларига тенг 3 лойиҳа амалга оширилган. Шунингдек, кардиохирургия, ирригация ва автомобиль йўлларини таъмирлаш соҳаларида 72,5 миллион долларлик яна 4 лойиҳа ижроси давом этмоқда.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳам жадал ривожланмоқда. Кувайт вакиллари юртимизда ташкил қилинаётган турли маданий тадбирларда фаол иштирок этмоқда. 2007 йили «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида Кувайт олий маданият ва санъат институтининг мусиқий гуруҳи бош совринни қўлга киритган.

Муносабатларни ривожлантиришга янгича ёндашувларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш мақсадида турли даражаларда, жумладан, олий даражада ўзаро ташрифларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарининг Кувайтга бўлажак ташрифи бу борадаги келишувларни рўёбга чиқаришда муҳим қадам бўлиши қайд этилди. Шавкат Мирзиёев фурсатдан фойдаланиб, Кувайт Давлати Амирини Ўзбекистонга таклиф қилди. Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкентда «Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» шиори остида ташкил этилган 43-сессиясида ушбу тузилмага раислик Кувайт Давлатидан Ўзбекистон Республикасига ўтди. Шу муносабат билан Кувайт томони Ўзбекистон раҳбариятининг ташкилотга раислик даврида амалга ошириш борасида илгари сурган таклиф ва ташаббусларига юксак баҳо бериб, уларни тўла қўллаб-қувватлашини, бу йўналишда кенг кўламли ҳамкорликка тайёрлигини билдирди. 

* * *

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Бандар Ҳажар билан ҳам учрашув ўтказди.

Шавкат Мирзиёев меҳмонни мусулмон дунёсининг энг нуфузли молия муассасаларидан бирига раҳбар этиб тайинлангани муносабати билан табриклаб, ИТБ бундан буён ҳам бутун ислом умматининг бирдамлиги ва барча аъзо мамлакатлар ривожига муносиб ҳисса қўшаверишига ишонч билдирди.

Учрашувда Ўзбекистон билан ИТБ ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани, айниқса, томонлар ижтимоий ва иқтисодий йўналтирилган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида кенг кўламли ҳамкорлик қилаётгани таъкидланди. Ислом тараққиёт банки томонидан шу кунгача Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, таълим, ирригация ва мелиорация, энергетика, сув таъминоти, коммунал хўжалик, йўл инфратузилмаларини ривожлантириш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш каби соҳаларга оид 26 лойиҳа ижроси учун 1,4 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратилгани бунинг ёрқин тасдиғидир. Шу билан бирга, алоқаларни янада тараққий эттириш, янги босқичга кўтариш учун улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Фойдаланилмаётган имкониятларни ўрганиш ва ишга солиш, янги лойиҳалар тузиш, шериклик кўламини кенгайтириш мақсадида турли даражадаги делегациялар алмашуви бўйича аниқ ҳаракат дастурини ишлаб чиқишга келишиб олинди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон ИТБ билан стратегик ҳамкорликни ривожлантириш тарафдоридир. Шу муносабат билан мамлакатимиз 2017-2019 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик стратегиясини биргаликда ишлаб чиқиш ва жорий йилнинг ўзида қабул қилишга тайёр. Айни пайтда ушбу стратегияга киритиш учун умумий қиймати 1,4 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 21 лойиҳа бўйича таклифлар тайёрлаб қўйилган. Меҳмон Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентда «Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» шиори остида ўтаётган анжуманига таклиф қилгани ҳамда ўз нутқида ИТБ фаолиятига юксак баҳо бергани учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик изҳор этиб, Ўзбекистоннинг ўзаро муносабатларни ривожлантириш борасидаги барча таклифларини қўллаб-қувватлашини, эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этишга тайёрлигини билдирди. Суҳбат чоғида Ўзбекистон раҳбариятининг ташаббусини рўёбга чиқариш – Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи ҳузурида нафақат ислом маданияти, балки умуминсоний цивилизация равнақига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этишда ИТБнинг иштироки истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Бу ташаббус негизидаги “жаҳолатга қарши маърифат” тамойили ислом динини унга путур етказадиган сохта ғоялар орқали эмас, балки Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Баҳоуддин Нақшбанд, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Мотуридий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино каби даҳолар меросидан ўрганишга, мана шу умумэътироф этилган диний-маданий ва илмий бойликни бутун дунёда кенг тарғиб этишга қаратилгани билан эътиборлидир.

Бандар Ҳажар мазкур ташаббусни юксак баҳолар экан, бундай эзгу ғоялар мусулмон оламининг ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлашга ва умумий мақсадларини амалга оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси билан Ислом тараққиёт банки ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга доир бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

 

САМАРҚАНДГА ТАШРИФ: ҲАЙРАТ ВА ҲАВАС

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкентда ўтган 43-сессияси иштирокчилари 19 октябрь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди. Меҳмонлар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.

Буюк Йўлбошчимизнинг мустақил Ўзбекистон давлатини барпо этиш ва уни ҳар томонлама ривожлантиришдаги беқиёс хизматлари ёдга олинди. Юртимиздаги муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, буюк аждодларимиз номи билан боғлиқ масканларни обод этиш, халқимизнинг маънавий меросини тиклаш ва асраб-авайлаш борасида Биринчи Президентимиз улкан жасорат, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатгани алоҳида таъкидланди. Меҳмонлар Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Регистон ансамбли, Мирзо Улуғбек музейи ва расадхонаси билан танишди.

– Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясига жуда катта тайёргарлик кўрилгани ва анжуман юқори савияда ўтганини алоҳида таъкидламоқчиман,– дейди Ироқ ташқи ишлар вазири ўринбосари Умар Берзинжи.– Тадбир доирасида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги муқаддас қадамжолар, таълим масканларига уюштирилган саёҳатлар бизда улкан таассурот қолдирди. Айниқса, ер юзининг сайқали бўлган Самарқанд шаҳри, Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш имконияти яратилганидан бениҳоя хурсандмиз. Бу сафар ҳаётимизда шубҳасиз унутилмас воқеа бўлиб қолади. Буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратлари мангу ором топган масканнинг шундай кўркам ва улуғвор салобатидан ҳайратга тушдик.

– Ўзбекистонда муқаддас зиёратгоҳлар, масжидларни обод этиш, уларни асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳар қанча таҳсинга сазовор, – дейди Мали ташқи ишлар вазирлиги ходими Бен Азиз Ракони. – Бу давлатингизнинг ушбу соҳага алоҳида эътибор кўрсатаётганидан далолатдир. Халқаро анжуман доирасида энг катта орзуларимдан бири ушалиб, муҳаддислар султони Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш насиб этгани учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтаман. Мажмуанинг ўзига хос миллий архитектураси, ободлигини кўриб лол қолдим. Ушбу масканга яна келишни ният қилдим.

Самарқанд автомобилсозлик коллежидаги таълим жараёнлари билан танишув чоғида мамлакатимизда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида халқаро андозаларга мос миллий таълим моделини яратиш борасида оламшумул ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши, “Таълим тўғрисида”ги ва соҳага оид бошқа қонунлар асосида замон талабларига тўла жавоб берадиган миллий таълим тизимига асос солинди. Айни пайтда дунёнинг кўплаб минтақаларида болаларнинг ўқиши оғир муаммога айланиб бораётган бир пайтда Ўзбекистонда умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ўз ичига олган, давлат томонидан кафолатланган 12 йиллик бепул мажбурий таълим тизими жорий этилган. Бунинг натижасида мамлакатимиз ёшлари билим олиш билан бирга, касб-ҳунар эгаллаб, жамиятда ўз ўрнини топмоқда. Мазкур муассасалар битирувчиларининг бандлигини таъминлаш масаласи ҳам давлатимизнинг доимий эътиборида экани меҳмонлар томонидан алоҳида эътироф этилди, ўрганса арзигулик тажриба сифатида қайд этилди.

 

ЖАҲОН ФИЗИКАСИНИНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНАДИ

Пойтахтимизда 10-11 ноябрда «Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» мавзуида халқаро симпозиум бўлиб ўтади.

Дунё олимлари бот-бот таъкидлаганидек, ўрта асрлардаги Шарқ Уйғониш даврининг ўзига хос хусусияти, аввало, математика, астрономия, физика каби аниқ фанларнинг ривожланишида намоён бўлади. Хивадаги Маъмун академияси ва «Байтулҳикма» («Донишмандлик уйи») номи билан шуҳрат қозонган Бағдод академияси эсланганда, ҳақли равишда буюк аждодларимиз фаолияти тилга олинади. Дейлик, «Байтулҳикма» академиясида Ер меридиани градусининг узунлигини аниқлаш ишларига раҳбарлик қилган Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ўнлик позицион ҳисоблаш тизимини, ноль белгиси ва қутблар координаталарини биринчилардан бўлиб асослаб берган, амалиётга татбиқ этган. Бу нафақат математика, балки астрономия ривожида кескин бурилиш ясаган. Дунё илмида замонавий кибернетиканинг фундаментал тушунчаси – «алгоритм» Ал-Хоразмий номига нисбат берилиши ҳам бежиз эмас. Ёки Аҳмад Фарғоний IX асрда ёзган “Астрономия асослари” фундаментал асарида оламнинг тузилиши, Ернинг ўлчови ҳақидаги дастлабки маълумотлар, сайёрамизнинг шарсимон кўринишга эга экани хусусидаги далиллар мавжуд. Мазкур китоб XVII асрга қадар Европа университетларида астрономия бўйича асосий дарслик сифатида ўқитиб келинган. Беруний дунё илм-фанида биринчилардан бўлиб Ер радиусини ҳисоблаб чиққан, вакуум, яъни бўшлиқ ҳолатини изоҳлаб берган. Мирзо Улуғбекнинг XV асрда тузган астрономия жадвалида 1018 юлдузнинг ҳолати ва жойлашуви баён қилинган. Бу асар астрономик ўлчовлар бўйича яратилган биринчи янги каталог эди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг физика факультети 1959 йил механика-математика факультети таркибидан ажралиб чиқиб, алоҳида факультет сифатида фаолият кўрсатишни бошлаган.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда илм-фаннинг барча йўналиши каби физика ва астрономия соҳасидаги олимларимиз учун ҳам ривожланган мамлакатлар тадқиқотчилари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, замонавий тадқиқотларни кенгайтириш учун катта имкониятлар очилди. Шу даврда космик нурлар, ядро физикаси, материалшунослик, акустика, оптика ва спектроскопия, лазер термокимёси, назарий физика, микроэлектроника, астрономия ва астрофизика каби фан йўналишлари бўйича кенг кўламли илмий-тадқиқот ишлари олиб борилиб, жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган илмий мактаблар яратилди. Бунинг натижасида 2007 йил октябрда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Майданак расадхонасида қуёш тизимидаги янги кичик планета аниқланди. Гарвард кичик планеталар маркази уни 2009 йилда 21027-рақам билан расмийлаштирди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг таклифи билан 2010 йилда бу кичик сайёрага «Самарқанд» номи берилди. Ёки Ўзбекистон физиклари янги усуллар асосида дунёда биринчи марта йиғилган қуёш энергиясини қўллаб, мустаҳкам ўта ўтказувчан Келвин градуслари бўйича 110-150 ҳароратда ўта ўтказувчанлик ҳолатига ўтадиган материалларни олди. 2007 йили олимларимиз қаттиқ қоришмалар асосидаги истиқболли ярим ўтказгичларни кашф қилди ҳамда мамлакатимизда илк бор поликристалли кремний олиш бўйича такомиллаштирилган замонавий технология яратилди.

Мамлакатимизда анъанавий ўтказиб келинаётган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида ҳар йили физик олимларимизнинг инновацион лойиҳалари кенг намойиш этилиб, ишлаб чиқаришга татбиқ этилмоқда. Бу йилги ярмаркада ҳам физик олимларнинг ишланмалари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, ЎзФА “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси олимлари ишлаб чиққан қўп тармоқли термоэлектрик генератор иссиқлик энергиясини (ўтинли печ, буғ энергияси, газ-дизель ёқилғиси, иссиқлик ажратадиган турли иш қурилмалари, қуёш иссиқлик энергияси) тўғридан-тўғри ва узлуксиз электр энергиясига айлантириб беради. Уни автомобиль, мобиль телефон, видеокамера, ноутбук, қўриқлаш тизимлари ва ёнғин сигнализацияларида, телевизор, компьютер, аудиотехника ва бошқа қурилмаларни қувватлантиришда қўллаш мумкин. ЎзФА Физика-техника институти олимлари ишлаб чиққан юқори ҳароратли тежамкор камера материалларга юқори ҳароратли ишлов беришга мўлжалланган. Қурилма стоматология, фармацевтика, заргарлик ва шу каби юқори ҳарорат (1200 даражадаги иссиқлик) талаб қилинадиган соҳаларда қўлланилади. Шу пайтгача бундай печлар ва уларнинг қиздиргичлари хориждан валютага сотиб олиб келинган бўлса, бугун бундай юқори ҳароратли тежамкор камераларни юртимизда ишлаб чиқариш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 11 майдаги «Ўзбекистон Миллий университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ЎзФА Ядро физикаси институти ва ЎзМУ қошидаги Амалий физика илмий-тадқиқот институти тугатилиб, Миллий университетнинг физика факультетига бирлаштирилди. Улар негизида факультет қошида 6 илмий лаборатория ташкил этилди. Бу билан физика соҳасидаги илмий салоҳият бирлаштирилиб, илмий фикр алмашувлар ва ҳамкорликка кенг имконият яратилди.

– Ҳозир факультетимизда 58 профессор-ўқитувчи (3 академик, 15 профессор, 35 фан номзоди) астрономия ва атмосфера, яримўтказгичлар ва полимерлар физикаси, фотоника, умумий физика, назарий физика, материалшунослик физикаси, қуйи энергиялар физикаси, конденсирланган ҳолат физикаси, биотиббиёт физикаси кафедраларида фаолият юритиб, юқори малакали мутахассислар тайёрламоқда, – дейди ЎзМУ физика факультети декани Ҳожиакбар Далиев. – Мустақиллик йилларида факультетимизда 400 дан ортиқ ўқув адабиётлари, 50 га яқин янги лаборатория ишлари яратилиб, ўқув жараёнига татбиқ этилди, 21 фан доктори ва 60 дан ортиқ фан номзоди тайёрланди. Айни пайтда 30 дан зиёд халқаро ва мамлакат миқёсидаги грант, илмий мавзу ва хўжалик шартномалари бажарилмоқда. Факультет битирувчиларидан 25 нафари академик, 150 дан ортиғи фан доктори, профессор илмий даражаларига эришган.

Бугун факультет жамоаси Россия Фанлар академиясининг Физика институти, Москва Давлат университети, Санкт-Петербург оптика ва механика университети, Киев Миллий университети, Харьков физика институти, Жанубий Кореянинг Пусан, Чунхай Миллий университетлари, Германиянинг Потсдам университети, Белград Астрономия обсерваторияси ва Радиоастрономия институти (Сербия), Хитойнинг Физика ва химия институти каби жаҳонда етакчи олий ўқув юртлари олимлари билан ўқув-услубий, илмий-тадқиқот соҳаларида ҳамкорлик қилмоқда. Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида факультет олимларининг 50 дан ортиқ инновацион ғоя, технология ва ишланмалари намойиш этилди. Хусусан, 2016 йилда ўтказилган ярмаркада факультет олимлари 3 сертификатни расмийлаштириб, 300 миллион сўмлик хўжалик шартномалари имзолади. Ишланмалар мамлакатимизнинг тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ҳамда ишлаб чиқаришдаги қатор соҳаларга татбиқ этилмоқда.

Пойтахтимизда 10-11 ноябрь кунлари «Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» мавзуида ўтказиладиган халқаро симпозиум бугун жаҳон физикасидаги фундаментал ва амалий масалаларни муҳокама қилиш билан бирга ўзбек физика мактабининг салоҳиятини халқаро миқёсда яна бир бор кенг намойиш этиш имконини беради.

– Халқаро симпозиумда тўрт йўналиш – назарий физика ва астрофизика, экспериментал физика, қайта тикланувчи энергия манбалари ва янги материаллар борасидаги муаммолар, ютуқлар ва истиқболдаги янги тенденциялар муҳокама этилади, – дейди ЎзМУнинг ўқув ишлари бўйича проректори Илёс Раҳматуллаев. – Халқаро анжуманда мамлакатимиздан ташқари Жанубий Корея, Япония, АҚШ, Хитой, Англия, Франция, Германия, Италия, Бельгия, Испания каби 25 давлатдан 200 дан зиёд олим ва тадқиқотчилар иштирок этиши кутилмоқда.

Симпозиумда жаҳон физикасидаги долзарб фундаментал ва амалий масалалар ҳақида маърузалар тингланади, ўзаро фикр алмашилади.

 

ЭНЕРГИЯ ТАЪМИНОТИДА УЗИЛИШЛАР БЎЛМАЙДИ

“Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан вилоят аҳолиси, ижтимоий-иқтисодий тармоқларни куз-қиш мавсумида электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, фавқулодда ҳолатларда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Вилоят бўйича 485 мингга яқин аҳоли хонадони ва 20 мингга яқин юридик истеъмолчига турли қувватдаги 174 подстанция, 5 минг 342 трансформатор ва 469 минг километрдан зиёд кабель тармоғи орқали хизмат кўрсатилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида аҳолига 518 миллион киловат-соат, улгуржи истеъмолчиларга 1 миллиард 554 миллион киловат-соатдан ортиқ электр энергияси етказиб берилди.

Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 6 мартдаги “2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги қарори асосида 52 километрдан зиёд 0,4-10 кВ.ли узатиш тармоғи ва 110 трансформатор пунктларининг реконструкция қилиниши натижасида жойларда энергия таъминотида юзага келаётган муаммолар бартараф этилди. Вилоятда куз-қиш мавсумида қишлоқлар аҳолисини электр энергияси билан таъминлашни янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган замонавий уйларга электр тармоғини тортиш ишлари қизғин давом этмоқда. Айни пайтда вилоят туманларида бунёд этилган 27 янги аҳоли массивида 28 трансформатор ўрнатилиб, 21 километрдан ортиқ электр тармоғи тортилди.

 

КАРАТЭЧИЛАРИМИЗ ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИДА 12 ОЛТИН ВА 1 БРОНЗА МЕДАЛЬ БИЛАН ТАҚДИРЛАНДИ

Ўзбекистонлик спортчилар Польшада анъанавий каратэ-до бўйича ўтказилган жаҳон чемпионати ва жаҳон кубогида 12 олтин ва бир бронза медални қўлга киритди. Тошкент халқаро аэропортида спортчиларимизни спорт жамоатчилиги, оммавий ахборот воситалари ходимлари кутиб олди. Дунёнинг юзга яқин давлатидан икки юздан ортиқ спортчи иштирок этган нуфузли мусобақада Асадбек ва Зиёдулла Сергаповлар, Азиз Мансуров, Диёр Намозов, Азиз Абдураҳмонов, Жамшид Пирмамадов, Элёр Ўроқбоев, Саиджалолхон Саъдуллахўжаев, Шаҳриёр Оқбоев, Саидбаҳромхон Ниёзхонов, Севара Мансурова, Ҳилола Неъматова олтин медални қўлга киритган бўлса, Меҳринисо Муҳаммаджонова бронза медаль билан тақдирланди.

 

АМИР ТЕМУР ТАВАЛЛУДИНИНГ 680 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН ХАЛҚАРО ТУРНИР ЯКУНЛАНДИ

Тошкентда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишлаб ўтказилган тезкор шахмат бўйича жаҳон шахмат юлдузлари ўртасидаги халқаро турнир якунланди. Жаҳон шахмат юлдузлари ўртасидаги халқаро турнирнинг якунига кўра, Шаҳриёр Мамедяров 8 очко билан биринчи ўринни қўлга киритди. Борис Гельфанд 6 очко билан иккинчи, Рустам Қосимжонов 5 очко билан учинчи ўринни эгаллади.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ЎЗБЕКИСТОН МАДАНИЯТИ ЖАНУБИЙ КОРЕЯДА НАМОЙИШ ЭТИЛДИ

Корея Республикасининг пойтахти Сеул шаҳрида «Itaewon Global Village Festival – 2016» халқаро маданият фестивали бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг маданият, санъат ва сайёҳлик соҳасидаги салоҳияти кенг намойиш этилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда барча соҳаларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган изчил ислоҳотлар самарасида Ўзбекистон иқтисодиёт, маданият, санъат, спорт, сайёҳлик ва бошқа жабҳаларда катта салоҳиятга эга мамлакат сифатида дунёга танилди. Ўзбекистон ва Жанубий Корея халқлари ўртасидаги дўстлик мустаҳкамланиб бормоқда. Фан, таълим, санъат, спорт, туризм каби қатор йўналишлардаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Икки мамлакат санъаткорлари Ўзбекистон ва Жанубий Кореяда ўтказиладиган маданият ва санъат анжуманларида мунтазам иштирок этмоқда. Ўзбекистонда корейс тили, маданияти ва санъати, Жанубий Кореяда эса ўзбек тили, халқимиз тарихи ва маданияти кенг ўрганилмоқда. Мамлакатимиз олий ўқув юртлари Корея Республикасининг ўттиздан ортиқ илмий-тадқиқот муассасалари билан яқин ҳамкорлик қилиб келаётир. “Ўзбекистон – Корея” дўстлик жамияти халқларимизнинг дўстлик ришталари ва маданий алоқаларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётир. «Itaewon Global Village Festival – 2016» халқаро фестивалида турли мамлакатлар халқларининг маданияти, урф-одатлари, қадрият ва анъаналари, миллий либослари, таомлари, ҳунармандлик ва амалий санъат намуналари намойиш этилди. Санъаткорлар ижросида мумтоз ва замонавий куй-қўшиқлар янгради. Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчихонаси томонидан ташкил қилинган “Ўзбекистон” миллий стенди ўзига хос дизайни, безаклари ва мазмунан бойлиги билан фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлари эътиборини тортди. Унда мамлакатимиз тарихи, халқимизнинг миллий анъана ва қадриятлари акс этди. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Тошкент ва бошқа шаҳарларимизнинг диққатга сазовор жойларига оид маълумотлар, халқ ҳунармандлиги буюмлари хорижликларда катта қизиқиш уйғотди. Миллий куй-қўшиқларимиз ва ранг-баранг рақслар ижроси, серқуёш заминимизда етиштирилган сархил мевалар ҳамда ўзбек миллий таомлари барчага манзур бўлди.

 

ЭНГ КИЧКИНА СЕНСОРЛИ ТЕЛЕФОН ИШЛАБ ЧИҚАРИЛДИ: VPHONE

Хитойнинг V-Phone компанияси Vphone S8 миниатюр қурилмасини ишлаб чиқариб, смартфонлар ва тақилувчи электроника ишлаб чиқарувчилари орасида ажралиб туришга қарор қилди. Янгиликни "дунёдаги энг кичик сенсор экранли телефон" сифатида кўришмоқда, аммо унинг функцияларига кўра қурилмани овозли қўнғироқларни амалга ошира оладиган смарт-соатлар синфига жойлаштириш мумкин. Vphone S8 46.7x37.3x9.9 мм ўлчамига эга ва унинг оғирлиги 30 граммни ташкил этади. 1.54-дюймли сенсор дисплей четлари қайрилган 2.5 D-ҳимоя шишаси билан қопланган. Алюмин корпуснинг ичида MediaTek MT2502 процессори, 64 МБ оператив ва 128 ГБ доимий хотира, Bluetooth 4.0 симсиз модули, юрак уриш ва ёруғлик датчиги, қадам ўлчагич, 3.5 мм ва micro-USB разъемлари, FM-радио ва 380 мАс ҳажмли аккумулятор ўрнатилган. Шунингдек, қурилмада бир дона sim-карта учун слот бўлиб, 850/900/1800/1900 МГц GSM-частоталарида ишлай олади. Vphone S8 Android-смартфон ёки iPhone нинг ёрдамчиси сифатида ишлай олиб, ўз экранида келаётган маълумотни, хабарларни, эслатмаларни ва қўнғироқларни кўрсатиб туради. Бу эса фойдаланувчилар ўз телефонларини текшириш учун чўнтаклари ёки сумкаларидан ҳар сафар олишлари олдини олади. Лекин қурилмани қандай тақиб юриш ноаниқ. Унинг корпусида брелок ёки қўл гаджети сифатида олиб юриш учун махсус ўрнатмалар йўқ. Янги қурилма қора ва кулрангларда 30 долларлик нарх билан сотувга чиқарилади.

 

KODAK EKTRA — РЕТРО УСЛУБИДАГИ КАМЕРОФОН

Kodak компанияси таниқли ва барчага маълум номига қарамай, электрон бозорга ўзига хос хусусиятга эга бўлмаган смартфонларни ишлаб чиқариш бефойда эканини тушунган ҳолда иккинчи уринишни амалга оширди ва бу эса биринчисига нисбатан анча омадлироқ бўлиши кутилмоқда. Ektra номли янги қурилма узоқ 1941 йиллари ишлаб чиқарилган айнан шу номдаги камерага ўхшаш қилиб яратилган. Смартфоннинг орқа панели қулай тутиш учун корпуснинг пастки қисмидаги илгак ва сунъий тери билан қопланган. Смартфон четлари "металл остида"ги пластик ўрнатмалар билан мустаҳкамланган. Бироқ қурилманинг асосий "безаги" f/2.0 апертурали, оптик барқарорлаштирувчи тизимли, фазали автофокус, икки хил рангдаги ёритиш чироқларига эга ва 4К видео ёза оладиган 21-мегапикселлик Sony IMX230 камераси ҳисобланади. Камерафоннинг бошқа хусусиятлари унчалик ҳам кўзга ташланарли эмас ва бу эса қурилмани iPhone 7, Galaxy S7 Edge ёки Google Pixel флагманлари билан солиштириш имкониятини бермайди. Аммо фойдаланувчи учун сифатли фотосурат ва қурилманинг ажойиб ташқи кўриниши муҳим бўлса, унда Kodak Ektra бундай талабларга тўлиқ жавоб бера олади. Янги қурилма FullHD ҳажмдаги 5-дюймли IPS-дисплей,  ўн ядролик MediaTek Helio X20 процессори, 3 ГБ оператив хотира ва 32 ГБ ўрнатилган хотира, 128 ГБгача бўлган microSD карталари учун слот, 13-мегапикселлик олд сенсор ва 3000 мАс аккумулятор билан жиҳозланган. Операцион тизим ролини Android 6.0 Marshmallow амалга оширади ва қўшимча сифатида суратларни таҳрир қилувчи дастурлар, Snapseed фототаҳрирчиси ва қўл созламалари орқали суратга олиш режими ўрнатилган. Kodak Ektra Европа бозорига декабрь ойида 499 евро нархида сотувга чиқади.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 

ТИЛ – ЮКСАК МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТ

1989 йил 21 октябрь – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинган кун. Миллий тараққиётимизнинг муҳим пойдевори ҳисобланган мазкур қонун қабул қилинган кун шарафига ҳар йили Тил байрами ўтказилиши ўзига хос анъанага айланган. Шу муносабат билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Тил – юксак миллий қадрият” мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

– Бугунги Тил байрамида биз она тилимизнинг ижтимоий мавқеини янада мустаҳкамлаш, юксалтириш учун беқиёс имкониятлар яратилганини ҳис этган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларни атрофлича таҳлил этамиз ва галдаги вазифаларни белгилаб оламиз,– деди ЎзМУ Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Давлатбой Жумабоев.– Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1995 йил 21 декабрь куни “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Унда мазкур қонунимиз янада мукаммаллаштирилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланган. Тил — миллат руҳидир. Шу сабабли юртимиз мустақилликка илк қадамларини ташлаётган даврдаёқ ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганини фахр-ифтихор билан эслаймиз. Бу тарихий ҳодисанинг туб моҳиятини келажак авлод онгига сингдириш, унга муҳаббати, садоқатини янада мустаҳкамлаш шу тил жонкуярлари — ўқитувчилар, тилшунослар, умуман ўзини шу миллатнинг фарзанди деб билган ҳар бир шахснинг ҳар кунлик бурчи бўлиши шарт. Шундагина ўсиб келаётган ёш авлод тил нега миллий ғурур эканлигини ҳис этадиган, турли маънавий, мафкуравий таҳдидлар таъсирига тушмайдиган бўлиб етишади.

Тадбирда ЎзМУ Илмий ишлар бўйича проректори Олимжон Холмуҳамедов, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жаббор ва бошқалар истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби она тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз бергани, турли даражадаги расмий учрашувлар, музокараларда тилимиз кенг қўлланилаётгани, хориждаги кўплаб илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда она тилимизни ўрганишга қизиқувчилар сафи тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидладилар.

Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси Бош муҳаррири, таниқли шоир Сирожиддин Саййиднинг она тилимизни мадҳ этувчи шеърлари барчани тўлқинлантириб юборди.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари бўлган ЎзМУ талабалари Жонузоқова Чаман, Абдурасулова Маҳзуна, Жўрабекова Нафосат, Эркинжонова Ойхон, Садиева Нодирабегимнинг ўзбек тилидан инглиз, немис, француз ва бошқа тилларга қилинган таржималаридан ўқиб бердилар.

Ўзбекистон Миллий университети рус филология йўналишида таҳсил олаётган хитойлик Рен Хико Чун ва иқтисодиёт факультети рус тили гуруҳи талабаси Диана Паринованинг ўзбек тилида бийрон сўзлашларини тенгдошлари ҳаяжон билан тинглаб олқишладилар.

Маънавий-маърифий тадбир барчага хуш кайфият бахш этди.

 

ОНА ТИЛИМ ДУРДОНАЛАРИ

Она тилимиздаги ҳар бир сўз – дурдона! Тилимизда жаранглайдиган сўзларимиз замирида олам-олам маъно мужассам! Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети 2-Талабалар турар-жойи “Маънавият хонаси”да Кимё, Иқтисод, Биология факультетлари талабалари ҳамда профессор-ўқитувчилари иштирокида “Она тилим дурдоналари” мавзуида маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбир аввалида Кимё факультети декани Одил Мухторов, Биология факультети декани Фарида Пирохунова ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан 1989 йил 21 октябрь куни (собиқ мустабид тузум даврида!) ўзининг қонуний мақомига эга бўлгани, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилганлиги, илм-фан ривожида, талаба-ёшларнинг пухта билим эгаллашларида ўзбек тилининг беқиёс аҳамиятини алоҳида таъкидладилар.

Таниқли филолог олим Абдумурод Тиловов она тилимиз миллатимизнинг маданияти ва маънавияти, қадим тарихи ҳамда урф-одатларимиз мажмуйи ифодаси экани ҳақида сўз юритар экан, Алишер Навоий асарлари асосида ўзи нашрга тайёрлаган ва яқинда “Sano-standard” нашриёти томонидан 10000 нусхада чоп этилган “Ибратли ҳикоятлар ва хислатли ҳикматлар” деб номланган салмоқли китобини китобсевар талабаларга тақдим этди!

— Тил инсоннинг руҳий оламини, ҳаётни идрок этиши, тафаккур тарзини ифода этувчи ноёб мўъжиза,— деди маърузачи.— Ҳазрат Алишер Навоийнинг улуғ мақсади туркий тилнинг ифода имкониятлари ва бадиий хусусиятларини дунёга кўрсатишдан иборат бўлган. Алишер Навоий ўзбек адабий тилининг асосчиси, сўз мулкининг султони, дея таърифланиши замирида улкан маъно мужассам. Ҳазрат Навоий асарларини ўқиганингизда ўзбек тилининг илдизи қанчалик чуқур эканлиги, бу тил имкониятлари нечоғли катта эканлигини ҳис этасиз. Ўз замонасида Алишер Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” асари илмий насрнинг ўзига хос гўзал бир намунаси бўлганини яхши биламиз. Бу асар орқали Навоий туркий тилнинг форс тилидан қолишмаслигини, бу тил имкониятлари қанчалик кенг эканлигини асослаб берган. Алишер Навоий ҳақиқий тилшунос сифатида туркий тилнинг имкониятларини ўрганган, ўргатган ва намойиш қилган. Ҳозирда бу бутун дунёда эътироф қилинган ва илмий тилшуносликнинг ўзига хос намунаси сифатида тилга олинади.

Филология фанлари номзоди Абдумурод Тиловов Мир Алишер Навоийнинг шоҳ сатрларидан ўқиш баробарида уларнинг мазмун-моҳиятини ҳам теран таҳлил этиб, тушунтириб берди.

Журналистика факультети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбекнинг ўша дақиқаларда “Ўзбекистон” каналида “Суҳбатдош” кўрсатуви орқали қилган суҳбатини тадбир иштирокчилари ҳаяжон билан томоша қилдилар.

Маърифий тадбирда фаол иштирок этган бир гуруҳ иқтидорли талабаларга янги китоблар туҳфа қилинди.

 

ЎЗБЕК ТИЛИ – МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ ГУЛТОЖИ

Тарих зарварақларида зарҳал битиклар жуда кўп. Шундай битиклардан бири – 21 октябрь, яъни, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинган кундир. Ҳар йили шу куни Тил байрами ўтказиш ўзига хос анъанага айланган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети талабалари истиқомат қилишаётган 9-Талабалар турар-жойида “Ўзбек тили – миллий қадриятларимиз гултожи” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Факультет деканининг Маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ҳикмат Полвонов буюк тарихимизни, шу соҳага оид фанларни пухта ўрганишда она тилимиз қанчалик муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.

Журналистика факультети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбек ҳар бир талаба келгусида ўқимишли инсон бўлиши зарурлиги ҳақида сўз юритди.

Маърузачи таъкидлаганидек, маънавият бобида сўз юритганда ҳам аввало унинг ана шу асосларини пухта ўрганиб олиш лозим. Айниқса, сўзларнинг луғавий маъносини билмасдан сўзлаш – маънавиятимизга путур етказишини маърузачи қатор мисоллар воситасида изоҳлаб берди. Она тилимиз жилоларини атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Тил ва эл” илмий бадиасидан ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Кундалик сўзларнинг ҳам мазмун-моҳиятини тушуниб олиш учун “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га мурожаат қилиб турган зиёли ютқазмайди.

Бебаҳо маънавий хазинамиз – халқ мақоллари ҳақида сўз юритишдан илгари “Ўзбек халқ мақоллари” китобини ўқиб кўриш, бу борадаги билимларни бойитиш талаб этилади. Асрлар давомида миллий қадриятларимиз, бебаҳо маънавий бойликларимизни асраш ҳамда ривожлантиришда адабиёт, айниқса, халқ оғзаки ижодининг ўрни жуда катта бўлган. Эртаклар, достонлар замирида асосан миллий ўзликни ифода этувчи, қадриятларимизни қадрловчи ғоялар мужассам эканини изоҳлашга ҳожат йўқ. Ўзбек халқ мақоллари ҳам битмас-туганмас маънавий хазина ҳисобланади. Ана шу мақоллар ҳақида сўз юритганда аввало тегишли манбалар билан танишиб, сўнг асосли гапириш мақсадга мувофиқдир. Суҳбат асносида маърузачи сўнгги пайтларда “Устоз – отангдан улуғ” мақолини баъзи кимсалар “Устоз – отангдек улуғ” шаклида бузуб талқин қилаётганини, ваҳоланки, “Ўзбек халқ мақоллари” китобида, 5-синфнинг “Одобнома” дарслигида ва бошқа қатор (илмий тасдиқланган) манбаларда мақол – “Устоз – отангдан улуғ” деб тўғри кўрсатилганини изоҳлаб берди. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг яқинда нашр этилган “Сўз латофати” китобида ҳам “Устоз – отангдан улуғ” дейиш асносида аслида оталар яна бир карра улуғланаётгани жуда тўғри талқин қилинган.

Маърузачи, халқнинг жонли сўзлашув тили – шеваларнинг адабий тилимизни бойитиб боришдаги ўрни ҳақида сўз юритар экан, улар орасидаги айрим кулгили эшитиладиган, моҳияти ўзгача сўзларга барҳам бериш ҳамда ёшларни тўғри гапиришга ўргатиш ғоят муҳимлигини қатор мисоллар воситасида изоҳлаб берди.

Бўлғуси тарихчилар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

 

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари

Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru