O'zMU » Axborot soatlari » “АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 13-2016

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ТОШКЕНТ ШАҲРИ САЙЛОВЧИЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВИ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 24 ноябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз Сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.

Тошкент шаҳри замонавий қиёфаси, йирик саноат корхоналари, муҳташам иншоотлари, илм-фан марказлари, сўлим боғ ва хиёбонлари билан дунёга машҳур. Тошкент мамлакатимизнинг асосий интеллектуал маркази, халқимизнинг фахри ҳисобланади. Пойтахтимизда 39 олий ўқув юрти, 47 илмий-тадқиқот муассаса ҳамда марказлари фаолият кўрсатмоқда. 11 театр, концерт заллари, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ишлаб турибди. “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи, Маърифат маркази ва бошқа кўплаб иншоотлар шаҳар кўркига кўрк қўшиб турибди.

Номзоднинг дастурида мамлакатимизда барча соҳада олиб борилаётган кенг кўламли иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни янги босқичга кўтаришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган. Саноатни диверсификация ва модернизация қилиш ҳисобидан иқтисодиётнинг рақобатдошлигини ошириш, давлат ҳамда жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, жаҳон бозоридаги рақобатдошлигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш, маҳаллий бюджетлар даромадини кўпайтириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, биринчи навбатда, касб-ҳунар коллежлари -битирувчиларини ишга жойлаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби муҳим масалалар қамраб олинган.

Учрашувда иқтисодиётнинг барча тармоғида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар пойтахтимиз салоҳиятини юксалтириш, аҳоли ҳаёт фаровонлигини муттасил оширишда асосий омил бўлаётгани таъкидланди. Пойтахтимизда тиббий ва коммунал, транспорт хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, аҳолининг маданий дам олиши учун кенг шароитлар яратиш, аҳолини шинам ҳамда арзон уй-жойлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Учрашув видеоконференция шаклида ўтказилди. Пойтахтимизнинг барча туманларидан сайловчилар номзоднинг дастури юзасидан ўз фикрларини билдирди.

 

ДЕМОКРАТИК ВА ЭРКИН САЙЛОВЛАРНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Демократик сайловларни инсон ҳуқуқлари, сўз ва ахборот эркинлиги, уюшиш ҳуқуқи кафолатларисиз тасаввур қилиш мушкул. Ушбу ҳуқуқларнинг таъминланиши сайлов кампанияси самарадорлиги ҳамда сайловчининг эркин ва онгли равишда қарор қабул қилишининг асоси ҳисобланади. Бу борада нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти ҳамда уни ташкил қилишни ўз ичига оладиган фуқароларнинг уюшиш ҳуқуқи муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда ННТ сайлов кампаниясининг фаол иштирокчиси сифатида сиёсий тадбирнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш омилига айланган.

Биринчидан, бугун улар сайлов жараёни барча иштирокчисининг ҳуқуқий ҳамда электорал маданиятини ошириш бўйича кенг миқёсли ишларни бажармоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари Марказий сайлов комиссияси томонидан шу йил 7 октябрда тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастури ижросида салмоқли ўрин тутаяпти. Аҳоли билан ишлашда катта тажрибага эга бўлган жамоат бирлашмалари биргина сайлов кампанияси бошланганидан бери давлат органлари, таълим муассасалари билан ижтимоий шерикликда 37 мингдан зиёд тадбирларни ташкил этди. Уларнинг 27 мингдан ортиғи анжуман, давра суҳбати, семинар-тренинг ва учрашувлар шаклида ўтказилиб, аҳолининг барча қатлами, шу жумладан, хотин-қизлар, ёшлар, меҳнат фахрийлари, жисмоний имконияти чекланган шахслар, ҳарбийлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, меҳнат жамоалари аъзолари, таълим муассасалари ўқувчилари, юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ҳамда элатлар вакиллари қамраб олинди.

Иккинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари округ ва участка сайлов комиссиялари таркибида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тадбирларида фаол қатнашмоқда. Масалан, округ сайлов комиссиялари аъзоларининг 23,4 фоизи ННТ вакиллари бўлиб, улар орасида комиссия раислари, раис ўринбосарлари ва котиблари бор.

Участка сайлов комиссиялари таркибида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолларининг улуши 10 фоиздан ортиқни ташкил қилади. Жумладан, уларнинг 4778 нафари хотин-қизлар қўмиталари, 2321 нафари касаба уюшмалари, 3395 нафари “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари ҳисобланади.

Учинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказишнинг бориши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатган. Хусусан, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнини атрофлича ўрганиб, аҳолини қонун талабларига риоя этиш ҳақида хабардор қилиб бормоқда. Бу билан сайлов кампаниясининг демократик талабларга мувофиқ олиб борилишига кўмаклашилаяпти.

Шуни таъкидлаш керакки, аввалги парламент ҳамда Президент сайловлари мониторинги натижалари жамоатчилик томонидан кенг муҳокама этилиб, сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада ривожлантиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилди. Бундан ташқари, 37,5 минг нафар сиёсий партиялар кузатувчисининг 6 минг нафардан ортиғи нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборатдир. Улар ҳам овоз бериш ҳамда овозларни ҳисоблаб чиқиш жараёнининг шаффофлигини, қонунийлигини таъминлайди.

 

РУСТАМ АЗИМОВ ТРАНСПОРТ СОҲАСИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН ПОЗИЦИЯСИНИ МАЪЛУМ ҚИЛДИ

Ашхабодда бўлиб ўтаётган Барқарор транспорт тараққиёти тизими бўйича биринчи халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов сўзга чиқди. У ўз маърузасида Биринчи президентимиз Ислом Каримов томонидан транспорт соҳасида амалга оширилган ишлар, ташаббусларга тўхталиб ўтар экан, айни вазифалар бугунги кунда Президент вазифасини бажараётган Шавкат Мирзиёев томонидан давом эттирилаётганини таъкидлади. Шу ўринда барқарор транспорт тизимини ривожлантиришдаги Ўзбекистоннинг позициясини айтиб ўтди.

Биринчидан, чуқур ўйланган, узоқни мўлжалланган миллий транспорт тизими лойиҳаларини ишлаб чиқиш.

Бунда Ўзбекистон томонидан амалга оширилган бир қатор ишлар, хусусан Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон поезд йўлининг очилиши, поезд йўлларининг электрлаштириш кабиларни айтиб ўтди. Шу ўринда ушбу тизимни ривожлантириш муҳим стратегик йўналиш бўлиб қолишини таъкидлади.

Иккинчидан, ҳар бир давлатнинг транспорт тизими стратегияси минтақавий, глобал транспорт тизимлари билан мос келиши лозим. 

Бу борада Ўзбекистон томонидан сўнгги вақтда Ангрен-Поп темир йўлининг ишга туширилгани айтиб ўтилди. Шунингдек, Ўзбекистон томонидан қуриб ишга туширилган Термиз-Мозоришариф темир йўлининг келгусида ривожлантирилиши Афғонистон иқтисодиёти ривожи учун катта хисса бўлиб қўшилиши таъкидланди. 

Учинчидан, Ўзбекистон Хитой билан Ипак йўли темир йўл қурилишини қўллаб-қувватлайди. Бу Шарқни Ғарб билан боғлашда муҳим аҳамиятга эга. 

Тўртинчидан, биз Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг соҳадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз. Шу ўринда Ашхабодда 2011 йил августида имзоланган Ўзбекистон-Туркманистон-Омон йўли лойиҳасини амалга ошириш муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидлаб ўтилди. Шимолий йўналишда Қозоғистон, Россия, Украина орқали Болтиқ денгизига чиқиш масаласини ҳам ёдга олиб ўтди.

Бешинчидан, йирик логистика марказларини ташкил этишни илгари сурамиз. Хусусан Навоий эркин иқтисодий зонаси мисолида бундай марказларни ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга.

Олтинчидан, транспорт алоқаси хавфсизлигини таъминлаш соҳа ривожида долзарб аҳамиятга эга. Транспорт соҳасидаги ҳалокатлар, террорчилик хужумларини олдини олиш лозим.

 

ТОШКЕНТДА «БОЛАЛИК ДУНЁСИ – 2016” V ХАЛҚАРО КЎРГАЗМАСИ БЎЛИБ ЎТДИ

“Ўзэкспомарказ” мажмуи ҳамда “Expo Pozition” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган кўргазмада маҳаллий корхоналар қаторида Германия, Франция, Туркия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Корея, Россия каби давлатларнинг 45 дан зиёд компанияси вакиллари ҳам иштирок этди. "Болалик дунёси" кўргазмасида кичкинтойлар учун турли ўйинчоқлар, гигиеник ва косметик воситалар, витамин ҳамда дори-дармонлар, озиқ-овқатлар, кийимлар, аксессуарлар, шунингдек, болалар байрамлари учун ишлаб чиқилган махсус буюмлар намойиш этилди. Кўргазмада болалар ўйинчоқлари дўконлари, ишлаб чиқариш корхоналари, болалар учун мўлжалланган журнал ва газеталар ҳам тақдимотлар ўтказди. Кўргазма иштирокчилари кўлами ушбу тадбирнинг нақадар муҳим эканидан далолат берди. Юзлаб иштирокчилар болаларнинг бежирим либослари, мактаб анжомлари ва бошқа маҳсулотлари савдосида иштирок этди, етакчи мутахассислардан маслаҳат олиш имконига эга бўлди. Болажонлар эса улар учун ташкил этилган маҳорат сабоқлари ва қизиқарли кўнгилочар дастурларда қатнашди.

 

Парламент қуйи палатасининг янгиланган расмий веб-сайти тақдимоти бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида "Давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш жараёнларининг ҳуқуқий асослари" мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Тадбир доирасида парламент қуйи палатасининг янгиланган веб-сайти (www.parliament.gov.uz)нинг тақдимоти бўлиб ўтди. Бугунги кунда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг 114 веб-сайти мавжуд бўлиб, уларнинг 50 фоизи инглиз тилидаги шаклига эга. Қуйи палатанинг расмий веб-сайти фойдаланувчиларни мамлакатимиз олий қонунчилик органлари фаолиятининг кўплаб йўналишлари тўғрисида хабардор қилиб бориш билан бир қаторда парламентнинг жамоатчилик билан алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

– Янги ишлаб чиқилган веб-сайт смартфонлар орқали фойдаланиш учун қулайликни оширувчи мобиль версияга эга,– дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эркин Холбўтаев.– Қулай, тезкор, ихчам усулдаги мазкур сайт парламентнинг фуқаролик жамияти билан мулоқотини янада ривожлантириш, депутатларнинг ўз сайловчилари олдида ҳисобот бериб боришини илғор технологиялар асосида фаоллаштириш учун янги имкониятлар яратди. Фойдаланувчилар депутатларнинг мамлакатимиз ва жаҳонда рўй бераётган турли воқеа-ҳодисаларга муносабатлари билан танишиб боради. Сайлов округларида депутатлар томонидан амалга оширилиши режалаштирилган ишлар тўғрисида хабардор бўлиб, учрашувларда иштирок этиш истагини билдиришлари мумкин. Фойдаланувчи сайлов тизими борасида депутатлар билан тўғридан-тўғри виртуал мулоқот қилиш имконига эга бўлди.

 

“ҚИШЛОҚ ҚУРИЛИШ БАНК” БОШҚАРУВИ РАИСИНИНГ ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНАСИ ОЧИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 27 октябрдаги “Вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, шаҳар ва туман ҳокимларининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини сўзсиз бажариш юзасидан жавобгарлиги тўғрисида”ги қарори аҳоли мурожаатларига эътибор қаратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини яна бир бор намоён этди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш доирасида акциядорлик тижорат “Қишлоқ қурилиш банк” веб-сайтида банк бошқаруви раисининг виртуал қабулхонаси ташкил этилди. Энди фуқаролар банк фаолиятига доир аризалар, таклифлар, шикоятлар билан қулай усулда тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятига эга бўлди. Банк бошқаруви қарорига асосан янги тузилма – Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бошқармаси ташкил қилинди. Айни вақтда банк марказий аппаратида Мурожаатлар билан ишлаш бўйича ишчи гуруҳ фаолият юритмоқда. Мурожаатлар билан ишлаш масаласи банк бошқаруви мажлисларида муҳокама қилиниб, банк тузилмаларининг мурожаатлар билан ишлаш борасидаги фаолияти танқидий кўриб чиқилмоқда. Бу каби чора-тадбирлар банк тизимида мурожаатлар билан ишлаш сифатини тубдан яхшилаш, муаммоларга ўз вақтида ечим топиш ва бу борада сансалорликка йўл қўймасликка хизмат қилмоқда. Мазкур масала “Қишлоқ қурилиш банк” фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолади. “Қишлоқ қурилиш банк” бошқаруви раисининг расмий виртуал қабулхонасига www.rq.qqb.uz манзили орқали мурожаат қилиш мумкин. Бундан ташқари, банк раҳбарига мурожаатлар rqqb@qqb.uz электрон почта манзили ҳамда (0-371) 150-45-32 телефон рақами орқали ҳам қабул қилинмоқда.

 

“E-SUD” МИЛЛИЙ ЭЛЕКТРОН СУДЛОВ ТИЗИМИ АҲОЛИ ВА ТАДБИРКОРЛАРГА ҚУЛАЙЛИК ЯРАТМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Олий судида суд қарорлари ижроси самарадорлигини ошириш, бу борада замонавий АКТдан фойдаланишни янада кенгайтиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилаётгани фуқароларнинг ҳуқуқлари ўз вақтида тикланиши билан бирга уларнинг вақти ва маблағи тежалишига хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида тайёрланган “E-Sud” миллий электрон судлов тизими бунга кенг йўл очди. Ўзбекистон Республикаси Олий судида суд қарорлари ижроси самарадорлигини ошириш, бу борада замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни янада кенгайтиришга бағишлаб ташкил этилган давра суҳбатида шулар ҳақида сўз юритилди. Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Х.Ёдгоров ва бошқалар мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар натижасида судлар фуқaрoларнинг ҳуқуқ вa эркинликлaрини ҳимoя қилишга xизмaт қилaдигaн ишончли тизимга aйлaнганини таъкидлади. Бу борада энг илғор фан-техника воситалари ва ахборот-коммуникация технологиялари, шунингдек, ишни ташкил этишнинг замонавий шакл ва усулларини жорий этиш, суд қарорларининг ижросига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ишлари давом этмоқда.

“E-Sud” миллий электрон судлов ахборот тизимидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларида унумли фойдаланилмоқда. 187 мингдан ортиқ ариза электрон шаклда келиб тушгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Аризалар асосан солиққа оид, коммунал тўловлар, хусусан, газ, электр энергияси ва сувдан фойдаланганлик учун юзага келган қарздорликни ундириш билан боғлиқ. “E-Sud” орқали мурожаат қилувчиларга даъво ариза, ариза, илтимоснома ва уларга илова қилинадиган ҳужжатларни судларга интернет тармоғи орқали электрон шаклда жўнатиш, суд жараёнларининг бориши ҳақида хабардор бўлиб туриш ҳамда чиқарилган суд ҳужжатларини электрон шаклда қабул қилиб олиш имконияти яратилган. Натижада судларда ишларни кўриш муддатлари қисқарди, ортиқча қоғоз сарфига чек қўйилди, суд ҳужжатларини тузиш ва расмийлаштириш, суд статистикасига оид турли ҳисоботларни тайёрлаш жараёнлари автоматлаштирилди.

 

ЖАНУБИЙ ОРОЛБЎЙИ ҲУДУДИ АРХЕОЛОГИК ЁДГОРЛИКЛАРИ БУТУН ДУНЁ ОЛИМЛАРИ ЭЪТИБОРИНИ ТОРТМОҚДА

Нукусда Жанубий Оролбўйи ҳудудининг археологияси, этнографияси ва тарихига оид муҳим масалаларга бағишланган илмий-назарий анжуман бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ва хорижий давлатлардан олимлар, юртимиздаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлар, магистрантлар иштирок этди. Жанубий Оролбўйи ҳудудининг бой тарихий маданияти, Амударё дельтасидаги қадимий археологик обидалар палеолит даврига оидлиги билан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис бу ердаги антик даврга хос археологик ёдгорликларни ўрганиш ва тадқиқ этишга бутун дунё олимлари, археологлар катта қизиқиш билан қарайди. Кейинги йигирма йил мобайнида қорақалпоғистонлик археолог олимлар Австралия халқаро экспедицияси билан ҳамкорликда Ақчахонқалъа археологик мажмуасида қазиш ишлари олиб борди. Натижада улкан сарой деворлари очилди. Ана шу деворларга ишланган 4-5 хил рангдаги сурат ва портретлар хорижлик машҳур олимлар эътиборини тортмоқда. Ҳозирга қадар деворга ишланган мингга яқин суратларнинг қисмлари топилди. Уларнинг 30 дан зиёдини археологик жиҳатдан бус-бутун дейиш мумкин. Реставраторлар томонидан қайта тикланган суратлар орасида баландлиги қарийб 6 метр бўлган археологик топилма нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунёда эътиборга молик воқеа бўлди. Бу ноёб топилмаларни Европа ва Америка олимлари катта қизиқиш билан ўрганмоқда.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ТУРКИЯ ВА ПОКИСТОН ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШДА ЯКДИЛ

Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон Ўзбекистон ташрифидан олдин Покистон Ислом Республикасига сафар қилди. Таъкидлаш керакки, Туркия раҳбарини Исломободда самимий кутиб олишди. Покистон бош вазири Навоз Шариф икки кунлик ташриф билан мамлакатга ташриф буюрган Туркия раҳбарини олқишлар билан кутиб олди. Музокаралар чоғида эса энг оғир дамларда расмий Исломобод Анқарага биродарлик қўлини чўзгани учун миннатдорлик билдирилди, бугунги дамларда эса Туркия томонидан дўст мамлакатга сармоялар билан кўмак беришга, ўзаро савдо айланмасини кўпайтиришга ваъда берилди. Табиийки, иш бор жойда тўсиқлар ҳам бўлади. Туркия президентининг парламентдаги нутқини Покистон парламентидаги учинчи йирик фракция аъзолари — бош вазир лавозими учун интилаётган собиқ крикет устаси Имрон Хон бошчилигидаги «Тахриқи Инсоф» партияси вакиллари бойкот қилишди. Тўғри, улар меҳмонни хафа қилмоқчи эмасликларини, аксинча, партия Навоз Шарифни ноқонуний бош вазир ҳисоблашларини, шу боис парламент мажлисига қатнашмаётганликларини билдиришди. Покистоннинг айрим сиёсатчилари Эрдўғон ташрифини амалдаги ҳукуматни қўллаб-қувватлаш сифатида баҳолашди. Негаки, кейинги пайтларда Покистонда давлат тўнтариши амалга оширилиши мумкинлиги хусусида башоратлар кўпайган. Хориждаги баъзи бир лўттибозлар таъкидлаганидек, музокараларда Покистон ички муаммолари хусусида бир оғиз сўз дейилмади, аксинча, Исломобод ва Анқаранинг умумий душманлари – террорчилар ва уларнинг чет эллик ҳомийлари қаттиқ танқид остига олинди.

– Ғарб “Ислом давлати” жангариларини қуроллантирмоқда. Дўстларим, эҳтиёт бўлайлик,— бу бутун ислом дунёсига қарши фитна,– деди Эрдағон.

Покистон парламентига йўлланган ушбу мурожаатни депутатлар гулдурос қарсаклар билан кутиб олишди. Бу баёнотлар бежиз эмас. Негаки, Покистон ва Туркия анчадан бери ўзларини бутун мусулмон умматининг таянчлари деб ҳисоблашади. Икки мамлакат ўртасидаги алоҳида муносабатлар дунёнинг сиёсий харитасида Покистон ва Туркия давлатлари дунёга келмасидан илгари пайдо бўлган. Яъниким, 1919 йили Усмонийлар султонлиги биринчи жаҳон урушидан мағлуб чиқиб, йўқ бўлиш арафасида қолган кезларда Британияга қарашли Ҳиндистон мусулмонлари Афғонистон ва Форс орқали султонликни ҳимоя қилиш учун Усмонийлар ҳудудига киришга уринишган. Ўз навбатида турклар ҳам бу яхшиликни унутишгани йўқ. 1947 йили Покистон мустақилликка эришиши ортидан Туркия биринчилардан бўлиб бу давлат билан дипломатик муносабатлар ўрнатган. Мамлакат асосчиси Али Жинна Отатуркка ҳавас қилар, унинг принциплари асосида давлат қуришга ваъда берганди. Ўшандан бери Покистон ва Туркия елкама-елка туришди. Ҳар икки давлат Советларга қарши СЕНТО блокига киришди, БМТ ва ИСлом Конференцияси ташкилотида бир-бирларини қўллаб-қувватлашди. Анқара Кипр можароси туфайли санкциялар таҳдиди остида қолган бир чоғда Покистон Туркия ёнида турди. 1990 йиллар охирида ядровий синовлари туфайли жорий этилган сакнциялардан кейин авиациясиз қолишига бир баҳя қолган пайтда Туркия Покистон ёнида турди. Қизиғи шундаки, ҳар икки мамлакатдаги қатор ҳарбий давлат тўнтариши ва инқирозларга қарамай, ҳар бир янги ҳукумат Покистон-Туркия дўстлик муносабатларига содиқ қолди. 2016 йилнинг июлида Туркияда давлат тўнтаришига уриниш юз берган кезларда ҳам Покистон кўчаларига Эрдағонни қўллаб минглаб одамлар чиққанини таъкидлаш жоиз. Исён барбод бўлгани ҳақидаги хабардан кейин митинглар байрамларга уланиб кетди. Ер ости силкишлари ва сув тошқинлари рўй берган пайтларда Туркия қутқарувчилари ва инсонпарварлик ташкилотлари жабр кўрганларга янги уйлар қуришда, уларни егулик ва керакли нарсалар билан таъминлашда кўмак берганларини покистонликлар унутмаганликлари шундан бўлса керак. Туркия кинолари Покистонда жуда ҳам машҳур. Балки маданий алоқалар таъсиридандур, ҳар йили миллионлаб покистонликлар Анқара ва Истамбулга зиёрат қилишади. Охирги бир неча йил давомида эса Turkish Airlines компанияси Покистон йўналишида даромадларини 300 фоизга ошириб олди. Туркия бундан ўн йил илгари иқтисодий таъсирини, бизнесини шарққа ёйишга қарор қилган. Бу бежиз эмас. Чунки экспертлар ва мутахассислар янги асрда тараққиёт Ғарбдан Шарққа кўчишини башорат қилишган. Эрдағоннинг Марказий ва Шарқий Осиё давлатлари билан иқтисодий муносабатларни ривожлантириш, зарур бўлса, эркин савдо маконини яратиш уринишлари ортида ҳам шу сабаблар ётган бўлса ажабмас. Туркиянинг Покистонга ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жиҳатдан яқинлашуви ана шу маънода сув билан ҳаводек зарур. Покистон билан иттифоқчилик турк компанияларининг Хитой бозорига, шу жумладан, CPEC — Хитой-Покистон иқтисодий коридори лойиҳасига йўл очади. Исломобод ҳам Ҳиндистон билан можаролар кескинлашаётган ва АҚШ билан муносабатлар совуқлашаётган бир пайтда расмий Анқарадек кучли иттифоқчига муҳтожлик сезаётгани аниқ.

 

ЖАНУБИЙ КОРЕЯ ПРЕЗИДЕНТИ ҚАРОРГОҲИДА КОРРУПЦИЯ МОЖАРОСИ ДОИРАСИДА ТИНТУВ ЎТКАЗИЛДИ

Корея Республикаси прокуратураси чоршанба куни мамлакат президенти Пак Кин Хе қароргоҳида коррупция можароси доирасида тинтув ўтказган. Терговчилар “Мовий уй”га маҳаллий вақт билан 18.00 да киришган. Тинтув 30 октябрда истеъфога чиққан фуқаро ишлари бўйича катта котиб бўлиб ишлаган У Бён У хонасидан бошланган. Унга тегишли иш компьютери ва ҳужжатлари олиб чиқиб кетилган. У Бён У, президентнинг яқин дугонаси Чхве Сун Сил томонидан ташкил этилган ишдан хабардор бўла туриб уни олдини олмаганликда ва хусусий компания мол-мулкини ўзлаштирганликда айбланмоқда. 20 ноябрда Жанубий Корея прокуратураси президент билан боғлиқ можаро юзасидан дастлабки тергов натижаларини эълон қилди. Президентнинг дугонаси Чхве Сун Сил ва президент маъмуриятидаги икки юқори лавозимдаги шахсга нисбатан коррупция, товламачилик ва хизмат вазифасини суиистемол қилиш айби илгари сурилмоқда. Уларнинг 50 та компанияни Чхве Сун Сил ҳисоб рақамига ўн миллионлаб доллар пул ўтказишга мажбур қилгани айтилмоқда. Терговчилар фикрича, Пак Кин Хе дугонасининг қилмишларидан хабардор бўлган ва унда иштирок этган. Прокуратура президентни сўроққа чақиришни режалаштирган эди, aммо президент адвокати бу ҳолат мамлакат раҳбарига нисбатан ҳурматсизлик бўлиши нуқтаи-назаридан рад этган. Президентнинг ўзи сўроққа боришга тайёрлигини билдирган. Мамлакат конституциясига кўра, амалдаги президентга нисбатан жиноий иш қўзғалиши мумкин эмас. Ўз ўрнида Жанубий Корея раҳбари маъмурияти томонидан прокуратура исбот, далилларсиз қуруқ гап тарқатишда айбланган.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 

ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ – ДЕМОКРАТИК ЯНГИЛАНИШ ВА ИСЛОҲОТЛАР КЎЗГУСИ

Сайлов – демократия кўзгуси.

Бу ҳаққоний тушунча бугун Президент сайлови – демократик янгиланиш ва ислоҳотлар кўзгуси, деган ҳаётий, пурмаъно фикрлар билан янада бойиди.

Дарҳақиқат, 2016 йил 4 декабрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимизда том маънодаги демократик янгиланиш ва ислоҳотлар кўзгусига айланмоқда.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ўтказилган навбатдаги “Ахборот” ва “Маънавият” соатларида талабаларга бу мавзу янада кенгроқ тушунтирилди.

ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров, Ижтимоий фанлар факультетининг “Демократик давлат қуриш назарияси ва амалиёти”, “Миллий ғоя” кафедралариннг профессор-ўқитувчилари ҳамда бошқа мутахассислар Хорижий филология, Физика, Математика, Биология, Иқтисод, Журналистика ва бошқа факультетларда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонунлари ва бошқа қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини юксак даражада ўтказишга ҳар бир фуқаро масъул эканлиги ҳақида атрофлича сўз юритдилар.

Талабалар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига асосли жавоблар олдилар.

 

ПЕДАГОГЛАР МАЛАКАСИ ОШМОҚДА

Мамлакатимизда янги авлод кадрларини тайёрлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари малакасини ошириш масаласига алоҳида эътбор қатарилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 12 июндаги “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 августдаги “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Минтақавий марказида турли олий олий таълим муассасаларидан малака ошириш мақсадида келишган порофессор-ўқитувчилар замонавий билимларни мукаммал ўзлатирмоқдалар.

Айни кунларда мазкур марказда Физика йўнапиши бўйича қайта тайёрлаш ва малака ошириш курси тингловчиларининг “Битирув лойиҳа иши” ҳамояси юксак савияда ўтказилмоқда

 

ЎЗЛИГИНГ НАМОЁН ЭТ!

Бўлар бола, деган бежиз эмас.

Азалдан бола тарбиясига жиддий эътибор беришган ота-оналар, устозлар ўғил-қизларнинг тўғри тарбияланишига, ёшликдан иқтидорини намоён этишига ва қайси касбга қизиқишига жиддий эътибор қаратиб борганлар. Шундай эътиборда бўлган болалар ўз навбатида келажакда етук инсонлар, танлаган касби-корининг устаси бўлиб камолга етганлар.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий фанлар ва Журналистика факультетларида ўтказилган “Ўзлигинг намоён эт!” деб номланган маънавий-маърифий тадбирда кўплаб талабалар ўзларининг чинакам иқтидорлари-ю истеъдодларини намоён этдилар.

Тадбирнинг очилиш маросимида ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев, Этика ва эстетика кафедраси мудири Баҳодир Ҳусанов, Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров ва бошқалар Миллий университетимизда истеъдодли ёшлар ўзлигини намоён этишлари учун барча имкониятлар яратилаётганини алоҳида таъкидладилар.

Бўлғуси ижодкорлар ўзларининг шеър ва ҳикоялари, мусаввирлар сержило расмлари ва бошқа маҳсулларини намойиш этдилар.

Тадбирда фаол иштирок этган бир гуруҳ талабалар Фахрий ёриқлар билан тақдирландилар.

 

МИЛЛИЙ ИҚТИСОДИЁТИМИЗ РИВОЖЛАНИШИ ЙЎЛИДА

Иқтисодиёт – ҳар қандай давлатнинг асосий пойдевори ҳисобланади.

Ўзбекистон мустақил давлат сифатида жаҳонга бўй кўрсатганидан буён иқтисодиёт борасида улкан ютуқларни қўлга киритиб келмоқда. Бунда иқтисодчи олимларнинг ҳам ўрни беқиёсдир. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Иқтисодиёт факультети ташкил этилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Миллий иқтисодиётни модернизациялаш ва таркибий ўзгаришларни амалга оширишнинг жаҳон тажрибаси ва ундан Ўзбекистон амалиётида фойдаланиш имкониятлари” мавзусида ўтказилган республика илмий-амалий конференциясида бу ҳақда атрофлича сўз юритилди.

ЎзМУ Илмий ишлар бўйича биринчи проректори Илёс Раҳматуллаев, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Абдисамат Ҳимматов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони Ижтимоий-иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш бўйича хизмат бош консультанти Авазбек Содиқов ва бошқалар мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси ҳамда саъй-ҳаракатлари билан мустақиллик йилларида иқтисодиётимиз барқарор ривожлангани, бу борада эришилган муваффақиятлар ҳақида атрофлича сўз юритдилар.

Анжуманда иқтисодчи олимлар ва тадқиқотчилар 5 та шўъбада ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.