O'zMU » Axborot soatlari » “АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 21-22-2017

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 21-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (6-11 февраль кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 22-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (6-11 февралькунлари)

 

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2017

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.nuuz.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, давлатимиз чегаралари дахлсизлигини, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди.

Иқтисодиётда маъмурий-буйруқбозликка асосланган бошқарув тизимидан мутлақо воз кечилиб, бозор ислоҳотлари босқичма-босқич амалга оширилгани ва пул-кредит сиёсати пухта ўйлаб олиб борилгани макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиётнинг юқори суръатлар билан ўсишини, инфляцияни прогноз кўрсаткичлари даражасида сақлаб қолишни таъминлади ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш учун кенг имкониятлар ва қулай шароитлар яратилишига хизмат қилди.

Айни вақтда мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлининг чуқур таҳлили, бугунги кунда жаҳон бозори конъюнктураси кескин ўзгариб, глобаллашув шароитида рақобат тобора кучайиб бораётгани давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришни тақозо этмоқда.

Олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида:

1. Аҳоли ва тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш, шунингдек кенг жамоатчилик муҳокамаси натижасида ишлаб чиқилган ҳамда қуйидагиларни назарда тутадиган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси (кейинги ўринларда – Ҳаракатлар стратегияси) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришгайўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш;

қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарасини ошириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш;

иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришгайўналтирилган макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш бўйича институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этиш;

ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимояси ва соғлиғини сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш;

хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга йўналтирилган давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш.

2. Қуйидагилар:

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия 2-иловага мувофиқ;

Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссиялар 3-7-иловаларга мувофиқ тузилсин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

Ҳаракатлар стратегиясини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг бирламчи вазифаси ва бош устувор йўналиши ҳисобланади;

Ҳаракатлар стратегияси беш босқичда, юртимизда йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, ҳар бир йил бўйича давлат дастурлари қабул қилинишини назарда тутган ҳолда амалга оширилади.

4. 2017 йил Ўзбекистон Республикасида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилингани маълумот учун қабул қилинсин.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури (кейинги ўринларда – Давлат дастури) 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссиялар зиммасига Давлат дастурига киритилган тадбирлар тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш ва назорат қилиш, шунингдек Ҳаракатлар стратегиясини 2018-2021 йилларда амалга ошириш бўйича тегишли йиллик давлат дастурлари лойиҳаларини тайёрлаш вазифаси юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссиялар билан биргаликда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш бўйича фаолияти мувофиқлаштириб борилишини, шунингдек унинг жойларда ижро этилиши устидан тизимли назоратни таъминласин.

Белгилаб қўйилсинки, Давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги умумлаштирилган ахборот Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссиялар томонидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига тақдим этиб борилади.

6. Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун масъул давлат органлари ва ташкилотлар қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратсин:

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги, самарали механизм ва усулларини жорий этиш, мансабдор шахсларнинг аҳоли олдида ҳисобот бериши тизимини амалда татбиқ этиш, шу асосда халқнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлашга;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда бюрократик тўсиқ ва ғовлар яратилишига, аҳоли билан мулоқот жараёнини кампаниябозликка айланишига йўл қўймасликка;

Давлат дастури доирасида ўтказилаётган тадбирларнинг очиқлиги, уларда фуқаролар, барча даражадаги давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар, ижодий ва илмий муассасалар вакилларининг кенг иштирок этишига.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Давлат дастурида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқилиши, келишилиши ва киритилиши устидан мониторинг қилиш ҳамда унинг натижалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ва Вазирлар Маҳкамасига ҳар чоракда ахборот бериб боришни таъминласин.

8. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги оммавий ахборот воситаларини жалб этган ҳолда, шунингдек Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда:

мазкур Фармоннинг мақсад ва вазифаларини оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Интернет тармоғида кенг шарҳлаб борилишини, унинг демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришга, кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга, шунингдек инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, жамиятда қонун устуворлиги, қонунийлик ва адолат, мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро ва фуқаролараро тотувликни қарор топтириш мақсадида давлат органларининг аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотини кучайтиришга йўналтирилганини жамоатчиликка тушунтирилишини;

Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг бориши ва натижалари тўғрисидаги холис, тўлиқ маълумот аҳолига тезлик билан етказилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссияларга ривожланган хорижий мамлакатларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий тараққиёт тажрибасини, зарур бўлганда, халқаро, хорижий ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари вакилларини жалб қилган ҳолда, ўрганишда кўмаклашсин.

10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчилари зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти               Ш.Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2017 йил 7 февраль

 

* * * 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

“Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича

Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонига

 

ШАРҲ

 

Мустақиллик йилларида мамлакатда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти қуришга, эркин бозор муносабатларига ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни ривожлантиришга, халқ осойишта ва фаровон ҳаёт кечириши учун шарт-шароитлар яратишга, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг муносиб ўрин эгаллашига қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Босиб ўтилган йўл ва орттирилган тажрибани холисона баҳолашдан, мустақиллик йилларида эришилган ютуқларни таҳлил қилишдан ҳамда замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, олдимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва мамлакат тараққиётини жадаллаштиришнинг муҳим устуворликларини ҳамда аниқ марраларини белгилаш вазифаси турган эди.

Мазкур вазифани амалга ошириш йўлида аҳолининг кенг қатламлари, жамоатчилик ва ишбилармон доиралар вакиллари, давлат органларининг раҳбарлари ва мутахассислари билан амалий суҳбат ҳамда муҳокамалар олиб борилди, шунингдек амалдаги қонун ҳужжатлари, миллий ва халқаро ташкилотларнинг ахборот-таҳлилий материаллари, маърузалари, тавсиялари ва шарҳлари ўрганилди, ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлил қилинди.

Келиб тушган таклифларни жамлаш, чуқур ўрганиш ҳамда умумлаштириш асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилиб, у билан:

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси (кейинги ўринларда – Ҳаракатлар стратегияси);

Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури (кейинги ўринларда – Давлат дастури) тасдиқланди.

Лойиҳаларни тайёрлаш давомида аҳолининг кенг қатламлари орасида қизғин муҳокамалар олиб борилди. Лойиҳалар муҳокама учун турли ахборот майдонларига жойлаштирилди, уларнинг натижасида кўплаб таклиф ва мулоҳазалар келиб тушди. Фуқаролар сиёсий-ҳуқуқий борада юксак фаоллик кўрсатиб, олиб борилаётган ислоҳотларга алоҳида қизиқиш ва дахлдорликни намоён қилдилар.

Хусусан, лойиҳаларнинг “Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими” порталида йўлга қўйилган жамоатчилик муҳокамаси натижалари бўйича 1 310 та таклиф ва мулоҳаза келиб тушиб, улар асосида Давлат дастурининг 41 та банди қайта кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, 2017 йил 23-27 январь кунлари Тошкент шаҳрида медиа-ҳафталик ва халқаро давра суҳбати ташкил этилиб, уларда 1 300 дан ортиқ мутахассис ва эксперт, жамоатчиликнинг, оммавий ахборот воситаларининг, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг, шунингдек Ўзбекистонда фаолият юритаётган йирик хорижий инвесторларнинг вакиллари иштирок этишди.

Ҳаракатлар стратегиясигаЎзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан сайловолди жараёни, жамоатчилик, ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда давлат органлари билан учрашувлар чоғида билдирилган мамлакатни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар ривожлантиришнинг концептуал масалалари киритилди.

Ҳаракатлар стратегиясининг мақсади олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан оширишдан, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишдан, мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётнинг барча соҳаларини эркинлаштиришдан иборатдир.

Хусусан, мамлакатни ривожлантиришнинг қуйидаги 5 та устувор йўналиши белгиланган:

1. Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш;

2. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш;

3. Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш;

4. Ижтимоий соҳани ривожлантириш;

5. Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш.

Мазкур йўналишларнинг ҳар бири мамлакатдаги ислоҳотларни ва янгиланишларни янада чуқурлаштиришга оид аниқ бўлимлардан иборат.

Ҳаракатлар стратегиясини беш босқичда амалга ошириш назарда тутилмоқда, бунда йилларга бериладиган номларга мувофиқ ҳар йили уни амалга ошириш бўйича Давлат дастури тасдиқланади.

Давлат дастурининг“Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш”деб номланган биринчи йўналишини амалга оширишда давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини кучайтириш, қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатини тубдан яхшилаш, давлатнинг ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш назарда тутилган.

Давлат бошқарувини такомиллаштириш, энг аввало давлат хизматини ислоҳ қилиш, иқтисодиётда давлат бошқарувини камайтириш, давлат ва хусусий секторларнинг ўзаро фойдали ҳамкорлигининг замонавий шаклларини, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.

Халқ билан самарали мулоқотни таъминлаш Давлат дастурининг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан бири бўлди. Шу муносабат билан жамоатчилик назоратини такомиллаштириш, нодавлат нотижорат ташкилотларини, оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш, шунингдек маҳалланинг жамият ҳаётидаги ролини кучайтириш назарда тутилмоқда.

Давлат дастуринингиккинчи йўналишиқонун устуворлигини ва суднинг чинакам мустақиллигини таъминлаш чора-тадбирларини назарда тутади. Жумладан, қарорлар қабул қилишда судлар мустақиллигини таъминлаши керак бўлган Олий суд кенгашини тузиш, профессионал судьялар корпусини шакллантириш, судьяларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Маъмурий судларни, хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судларини тузиш, судья ёрдамчиси лавозимини таъсис этиш орқали судларни келгусида ихтисослаштириш ва уларнинг девонини мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда.

Сансалорликка ва ишларнинг кўриб чиқилиши судлар томонидан асоссиз чўзиб юборилишига йўл қўймаслик мақсадида процессуал қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, қуйи инстанция судларининг камчиликларини мустақил бартараф этиш ва узил-кесил қарор қабул қилиш юзасидан юқори суд инстанцияларининг ваколатларини кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Ушбу йўналиш доирасида барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқотини йўлга қўйиш чора-тадбирларини рўёбга чиқариш, аҳоли уларга эркин мурожаат эта олишини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари бузилганлиги тўғрисидаги мурожаатларнинг, хабарларнинг ўз вақтида олинишини таъминлаш назарда тутилмоқда.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимига, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича ички ишлар органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек ушбу йўналиш 2018-2021 йилларда жиноят ва жиноят-процессуал қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш концепциясини ишлаб чиқишни, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари ходимларини ўқитиш, танлаш ва жой-жойига қўйиш тизимини такомиллаштиришни, мурожаатларни мунтазам таҳлил қилишни ҳамда вақти-вақти билан унинг натижаларини эълон қилиб боришни, адвокатурани ривожлантиришни, нотариат тизимини ва ФҲДЁ органларини ислоҳ қилишни ҳам ўз ичига олади.

“Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш” деб номланган учинчи йўналишда кўрсатилган чора-тадбирларни рўёбга чиқариш учун миллий валюта ва нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, валютани тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулот ва материаллар ишлаб чиқариш учун замонавий технологияларни жорий этиш, транспорт-логистика инфратузилмасини, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда хорижий инвесторлар учун инвестициявий жозибадорликни ошириш, солиқ маъмурчилигини яхшилаш, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий принциплари ва механизмларини жорий этиш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, шунингдек туризм индустриясини жадал ривожлантириш назарда тутилмоқда.

Шунингдек ушбу йўналиш хусусий мулкни, молия бозорини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, заргарлик соҳасини ривожлантириш, айрим миллий корхоналарнинг акцияларини (IPO) нуфузли хорижий фонд биржаларига дастлабки тарзда жойлаштиришга тайёргарлик кўриш чора-тадбирларини ҳам ўз ичига олади.

2017-2021 йилларда умумий қиймати 40 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 649 та инвестиция лойиҳасини назарда тутувчи тармоқ дастурларини рўёбга чиқариш режалаштирилмоқда. Натижада кейинги 5 йилда саноат маҳсулотини ишлаб чиқариш 1,5 баравар, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 33,6 фоиздан 36 фоизгача, қайта ишлаш тармоғи улуши 80 фоиздан 85 фоизгача ошади.

“Ижтимоий соҳани ривожлантириш” деб номланган тўртинчи йўналишаҳоли бандлигини ошириш, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг саломатлигини сақлаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизациялаш, аҳолини электр энергия, газ билан таъминлашни яхшилаш, аҳолининг муҳтож қатламларига кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам сифатини ошириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги мақомини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, мактабгача таълим муассасаларининг қулайлигини таъминлаш, умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва олий таълим сифатини яхшилаш ҳамда уларни ривожлантириш чора-тадбирларини амалга оширишни назарда тутади.

Хусусан, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича қарийб 25 мингта инвестиция лойиҳасини рўёбга чиқариш ҳисобига 256,4 минг иш ўрни ташкил этиш орқали аҳолини иш билан таъминлаш дастурларини тўлиқ ижро этиш назарда тутилган. Ишсизлик даражаси энг юқори бўлган минтақаларда 46,8 минг янги иш ўрни ташкил этиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун таълим муассасаларининг 10 минг нафар битирувчисига кредитлар ажратиш режалаштирилмоқда.

Катта ёшли авлодни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий нафақалар бериш тартибини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари киритилган. Жумладан, 78 та туман тиббиёт бирлашмасини, 7 та шаҳар ва 2 та вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказини қайта қуриш, тез тиббий ёрдам хизматини 1200 та махсус автотранспорт билан таъминлаш режалаштирилмоқда.

Қишлоқ жойларда 15 мингта арзон уй-жой, 415 километрлик сув таъминоти қувурлари, 316 километрлик газ таъминоти қувурлари ва 291 километрлик ички йўллар қуриш режалаштирилган. Аҳолига транспорт хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида 86 та янги автобус йўналишини жорий этиш ва 537 та замонавий автобус харид қилиш назарда тутилмоқда.

“Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш” деб номланган бешинчи йўналишдоирасида республиканинг конституциявий тузумини, суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни рўёбга чиқариш, киберхавфсизлик соҳасида ахборот, норматив-ҳуқуқий асослар тизимини такомиллаштириш, аҳолини фавқулодда вазиятлардан хабардор қилиш тизимини ташкил этиш ва ривожлантириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, шунингдек Миллатлараро муносабатлар соҳасидаги сиёсатнинг устувор йўналишлари концепциясини ҳамда Диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, хорижий ҳамкорлар билан сиёсий-дипломатик соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш, Ўзбекистоннинг хорижий ҳамкорлар билан 2017 йилга мўлжалланган савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик ва молиявий-техник ҳамкорлигини тубдан ривожлантириш ва кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Давлат дастурининг юқорида қайд этилган барча чора-тадбирларини амалга оширишга 37,7 триллион сўм ва 8,3 миллиард АҚШ доллари йўналтирилади.

Келгуси беш йилда мамлакатни ривожлантиришнинг стратегик ва устувор йўналишларини белгилаш мақсадида Фармон асосида, Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия тузилмоқда.

Давлат дастурига киритилган тадбирлар тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилиш Ҳаракатлар стратегияси бешта йўналишининг ҳар бири бўйича тузилган комиссиялар зиммасига юклатилган.

Ушбу комиссиялар зиммасига нафақат юқорида қайд этилган вазифаларни амалга ошириш, балки 2018-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича тегишли йиллик давлат дастурлари лойиҳаларини тайёрлаш ҳам юклатилмоқда.

Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилиши Ўзбекистон Республикасининг мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш, ривожланган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, қонун устуворлигини, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, давлат чегараларининг дахлсизлигини, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш йўлидаги шахдам ҳаракатларига янги куч бағишлайди.

 

ТИББИЁТ СОҲАСИНИ ЗАМОН ТАЛАБИ ДАРАЖАСИДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ИНСОН МАНФААТЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари билан учрашиб, ушбу тизимни такомиллаштириш, муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Халқимиз саломатлиги, айниқса, ёш авлод келажагига дахлдор бу соҳа Президентнинг доимий эътиборида бўлишини алоҳида таъкидлаганди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ҳудудларига сафари чоғида қишлоқ врачлик пунктлари ва клиникаларда бўлиб, шифокор ва беморлар билан мулоқот қилмоқда. Бу Президентимизнинг мазкур соҳага – халқимиз саломатлигига доимий эътиборидан далолат беради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 7 февраль куни 5 январдаги мажлисда белгиланган вазифалар ижроси, соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ва соҳанинг ривожланиш истиқболларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Мажлисда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, олий тиббиёт ўқув юртлари ректорлари, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари директорлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги, раҳбарлар масъулияти ва шахсий жавобгарлиги хусусида атрофлича тўхталди.

Президентимиз таъкидлаганидек, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, жойларда тиббиёт соҳасидаги вазиятни ўзгартириш ишлари талаб даражасида олиб борилмаяпти. Буни аҳолидан Халқ қабулхоналари ва Президентнинг Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган кўплаб ариза ва шикоятлар тасдиқлаб турибди.

Бирламчи тиббиёт муассасалари, айниқса, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, патронаж хизмати, тез тиббий ёрдам тизимининг фаолияти ҳамон қониқарсиз аҳволда қолмоқда. Шифохоналар ва аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, жумладан, ижтимоий дорихоналар ташкил этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси талаб даражасида эмаслиги қайд этилди.

Тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича сезиларли ишлар кўзга ташланмаяпти. Соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини ривожлантириш ишларига етарлича эътибор берилмаяпти.

Тиббий хизмат инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим омилларидан биридир. Тиббиёт ходимлари уйма-уй юриб, касалликларни профилактика қилиши, соҳадаги ўзгаришларни одамлар сезиши керак. Бунинг учун шифокорларнинг маданиятини, маънавиятини, масъулиятини ошириш, ишга ва беморларга муносабатини ўзгартириш зарур, деди давлатимиз раҳбари.

Қишлоқ врачлик пунктлари жойлашувини қайта кўриб чиқиш, самарасиз ишлаётган пунктларни оптималлаштириш, уларга сарфланаётган маблағларни талаб юқори бўлган ҚВПларни моддий-техник жиҳатдан мустаҳкамлаш, мақсадга мувофиқларини поликлиникаларга айлантириш, малакали шифокорларни рағбатлантиришга йўналтириш зарурлиги таъкидланди. Қишлоқ врачлик пунктлари туну кун ишлаши, врач у ерда яшаши учун зарур шароитлар яратиш масалаларига эътибор қаратилди.

Ўтган йилларда аҳолини тиббий хизмат билан қамраб олиш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Жойларда қишлоқ врачлик пунктлари бунёд этилди, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Лекин одамлар қуруқ бинога бормайди, мутахассисга боради. Шу боис қишлоқ врачлик пунктлари ва поликлиникаларда энг яхши мутахассислар ишлаши керак. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, республика ва вилоят шифохоналаридаги малакали врачлар жадвал асосида қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда қабуллар ўтказиши лозим, деди Президентимиз. Шунда халқимиз тиббий хизматдан рози бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий тузилмалари фаолиятини янада такомиллаштириш, ихтисослаштирилган марказларнинг туман тиббиёт бирлашмалари, бу бирлашмаларнинг қишлоқ врачлик пунктлари ва поликлиникалар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳақида сўз юритилди. Тиббий хизматнинг қайси турлари бепул амалга оширилиши ва қайсиларига пул тўланишини аниқ белгилаш, ҳар бир муассасада кўринарли жойга ёзиб қўйиш зарурлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 31 октябрда қабул қилинган «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ бу маҳсулотларнинг нархи анча арзонлашди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги департамент, тегишли вазирлик ва ҳокимликлар вакиллари иштирокида дори-дармон воситаларининг белгиланган нархларда сотилиши назорат қилиб борилмоқда.

Президентимиз дори-дармон воситалари ноқонуний равишда баланд нархда сотилишига йўл қўймаслик, халқ манфаатларини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги департаментда “Ишонч телефонлари” ташкил этиш бўйича кўрсатма берди. Бу телефон рақамлари ҳар бир дорихонага осиб қўйилади, телевидение орқали кўрсатилади.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, соғлиқни сақлаш вазири А.Икромов, вазирнинг биринчи ўринбосари А.Ҳожибоев, вазир ўринбосари Э.Боситхонова, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги департамент бошлиғи З.Дўсанов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов, Тошкент шаҳри, Андижон, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм, Тошкент, Фарғона, Бухоро, Жиззах вилоятлари ҳамда Бекобод, Олтиариқ, Вобкент туманлари ҳокимларининг ахборотлари тингланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тиббий хизмат самарадорлигини янада ошириш, бу борада белгиланган устувор йўналиш ва вазифаларни бекаму-кўст бажариш бўйича мутасаддиларга алоҳида топшириқ ва кўрсатмалар берди. Танқидий таҳлил руҳида ўтган йиғилиш тиббиёт соҳасини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини замон талаблари даражасига кўтариш ишлари тизимли равишда олиб борилиши ва қатъий назоратда эканлигини кўрсатди.

 

 

ИНСОН МАНФААТЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ УЧУН АВВАЛО УНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ, ОСУДА ВА ФАРОВОН ҲАЁТИ ҲИМОЯ ҚИЛИНМОҒИ КЕРАК

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 9 февраль куни ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев истиқлолнинг дастлабки йилларидан юртимизда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш вазифаларига устувор аҳамият берилаётганини алоҳида таъкидлади. Бу профилактика, тезкор-қидирув, тергов, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш, патруль-пост хизматлари, алоҳида вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отрядлари қайта ташкил этилганида, ички ишлар органларининг моддий-техник базаси мунтазам мустаҳкамлаб борилаётганида намоён бўлмоқда.

Ички ишлар органлари ходимлари билан аҳоли ўртасидаги муносабатларда ўзаро ишонч ва очиқликни таъминлаш мақсадида профилактика инспекторлари, милиция таянч пунктлари, “Маҳалла посбони” каби институтлар ташкил этилгани юртимизда тинч-осуда ҳаёт таъминланишига хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари кейинги вақтларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилганини қайд этди.

Ички ишлар органлари фаолиятини тартибга соладиган қонунчилик базаси мустаҳкамланмоқда. Сўнгги беш йилда "Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида", “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунлар қабул қилиниб, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

2016 йилда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун қабул қилингани бу борадаги ҳуқуқий-меъёрий пойдеворни янада мустаҳкамлади.

Ички ишлар идораларининг фаолият самарадорлигини ошириш, маҳаллий ҳокимликлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлигини янада такомиллаштириш долзарб вазифа бўлиб турибди.

Президентимиз бугун ички ишлар органлари замон талабларига нечоғли жавоб бера олаётганига эътибор қаратди. Инсон манфаатлари билан боғлиқ масалаларни кечиктирмасдан ҳал қилиш лозим бўлган бугунги кунда эскича фикрлаш, ишни эски “қолип”лар асосида ташкил қилиш, ўз бурчини элга хизмат тамойилига асосланиб эмас, балки шахсий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда бажариш каби амалиётлар давом этмоқда.

Ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин. Лекин айрим жойларда уларнинг фаолияти одамлар эътирозига сабаб бўлмоқда. Айниқса мол-мулкка жиноий тажовуз каби салбий ҳолатларга тўлиқ чек қўйилмаган. Қасддан тан жароҳати етказиш, фирибгарлик, йўл-транспорт ҳодисалари камаймаган.

Шавкат Мирзиёев жиноятларни очиш борасида ҳам қатор камчиликлар мавжудлигини таъкидлади. Хусусан, ўғирлик ва фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларнинг ҳар бештадан биттаси фош этилмаган.

Жиноят-қидирув фаолиятида жиддий нуқсонлар учрамоқда, айрим жойларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасидаги ҳамкорлик талаб даражасида эмас. Қидирувда юрган аксарият шахсларнинг қўлга олинмаётгани уларга жиноий қилмишларини давом эттиришга имкон беради ва бу ғоят ташвишли ҳолдир.

Президентимиз таъкидлаганидек, ички ишлар органлари фаолиятига баҳо беришда жиноий ишларни одилона ва сифатли тергов қилиш, шахснинг жиноий қилмишига муносиб, адолатли ҳуқуқий баҳо бериш муҳим ўрин тутади. Лекин тергов идоралари ихтиёрида қисқа муддатда тезкор қонуний қарорлар қабул қилиш имконияти мавжуд эканига қарамай, қўшимча суриштирув ёки тергов ҳаракатлари талаб этилмайдиган материаллар бўйича асоссиз равишда муддатни узайтириш, чўзиш, фуқароларни сарсон қилиш каби салбий амалиёт ҳамон учрамоқда.

Шавкат Мирзиёев тергов ва айблаш билан чекланмай, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг шарт-шароит ва омилларни ўрганиш, профилактика мақсадида ҳар бир жиноят тафсилотларини ички ишлар органлари раҳбарлари, профилактика инспекторлари ва маҳалла фаоллари иштирокида чуқур таҳлил қилиш зарурлигини таъкидлади.

Яна бир ташвишли ҳолат: хориждаги фуқароларимизнинг аксарияти ишлаш мақсадида юртимиздан кетган, лекин уларнинг айримлари турли диний-экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолмоқда. Чет элга иш қидириб кетган фуқароларни аниқлаш ва қайтариш, маҳалла раислари, маънавият-маърифат марказлари, имом-хатиблар, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар билан ҳамкорликда аҳоли орасида диний экстремизмнинг салбий оқибатларини тарғиб қилиш борасидаги ишлар замон талаби даражасида эмас.

Давлатимиз раҳбари ҳафтанинг пайшанба кунини жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни, деб эълон қилишни таклиф этди. Шу куни ҳудудлар прокурорлари ва ички ишлар бошқармалари бошлиқлари маҳаллий телеканалларда чиқишлар қилиб, содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, олдини олиш бўйича тадбирлар ва профилактикаси ҳақида ахборот беради.

Ёшлар ва аёллар жиноятчилиги борасидаги аҳвол ҳам кишини ташвишга солмай қўймайди. Масалан, 2016 йилда академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари мингдан зиёд жиноятга қўл ургани, умумий жиноятларнинг олтитасидан биттасини хотин-қизлар содир этгани афсусланарлидир. Бунинг асосий сабабларидан бири ўрта махсус билим юртларида ўқувчиларнинг давомати тушиб кетгани, бу ҳолни ўрганиш ва назорат қилиш бўйича мукаммал тизим яратилмаганидир.

Йиғилишда милиция таянч пунктлари инфратузилмасини такомиллаштириш, профилактика инспекторларининг турмуш шароитини яхшилаш, ички ишлар органлари тизимини комплекс ислоҳ қилиш, унинг таркибий тузилмаларини оптималлаштириш масалалари кўриб чиқилди. Ички ишлар вазирлигининг ташкилий тузилмалари танқидий нуқтаи-назардан таҳлил қилинди.

Мамлакатимизда тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор берилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ички ишлар органларининг тадбиркорлар фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиши ёки тўсқинлик қилиши каби ҳолатларга батамом чек қўйиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Мурожаатлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ички ишлар идораларининг энг долзарб вазифаларидан биридир. Шу боис фуқаролар билан муносабатларни тубдан қайта кўриб чиқиш, одамлар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, халқ билан ҳамнафас бўлиб яшаш ва инсон манфаатларидан келиб чиқиб ишлаш лозим, деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда ички ишлар вазири А.Азизов, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари, ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ахборотлари эшитилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиб қолиши, муаммоларни кабинетда ўтириб эмас, балки халқ орасида юриб аниқлашга ва уларнинг ечимини топишга қаратиш, якуний натижа учун раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш, фуқаролар мурожаатларини қисқа муддатларда ҳал қилиш, ишда аниқ тартиб ва қатъий интизом ўрнатиш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш, ишдаги ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва бундай иллатлар илдизини қуритиш – ички ишлар органларининг устувор вазифаси эканини алоҳида таъкидлади.

Мутасадди раҳбарларга фуқароларнинг ҳар бир мурожаати эътиборсиз қолмайдиган тизим яратиш, хизматга муносабатни тубдан ўзгартириш, жиноят тафсилотларини муҳокама қилиш механизмини шакллантириш, ички ишлар органларининг халқ вакиллари олдида ҳисобот бериш тизимини йўлга қўйиш орқали уларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Президентимиз ички ишлар органлари қуйи бўғин бўлинмалари, милиция таянч пунктлари ва профилактика инспекторлари фаолияти самарадорлигини ошириш, ички ишлар бўлимлари фаолиятини рейтинг орқали баҳолаш тизимини жорий этиш, ёшлар содир этаётган жиноятларни чуқур таҳлил қилиб, уларнинг сабаби ва келиб чиқишига замин яратувчи шарт-шароитларни аниқлаш, барча таълим муассасаларига профилактика инспекторларини бириктириб, улар кундалик иш фаолиятини таълим муассасаларидан бошлашни амалиётга татбиқ этиш масалалари бўйича тавсиялар берди.

Шавкат Мирзиёев профилактика инспекторлари малакасини ошириш бўйича тизим яратиш кераклигига алоҳида эътибор қаратди. Шу мақсадда Ички ишлар вазирлиги академияси ва вилоятлардаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда махсус курслар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари экстремизм, терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш масалалари юзасидан тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.

Мажлисда ички ишлар органларининг ҳар бир ходими билдирилган фикрлардан тегишли хулоса чиқариб, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш, ҳар бир оила, ҳар бир инсон, маҳалла хавфсизлигини таъминлашдек мураккаб, айни вақтда шарафли вазифани бажариш учун бор билим ва салоҳияти, куч-ғайратини сафарбар этиши лозимлиги таъкидланди.

 

ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ЯНГИ ЛОЙИҲАЛАР БИЛАН ТАНИШДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Термиз туманидаги “Gold Agro Fresh” агрофирмаси фаолияти билан танишди.

Халқимиз фаровонлиги, юртимиз бозорларининг қишин-ёзин тўкинлигига Сурхондарё фермер ва деҳқонлари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Мамлакатимиздаги экин майдонларининг 7 фоизи мазкур вилоятга тўғри келади. Воҳа деҳқонлари юртимизда етиштириладиган пахта ва ғалланинг 8-9 фоизини, мева ва сабзавотнинг 11 фоиздан зиёдини етказиб бермоқда.

Кейинги йилларда пахта майдонлари қисқартирилиб, қишлоқ хўжалиги таркибий ўзгартирилаётгани натижасида мева-сабзавот етиштириш кўпаймоқда, уларни қайта ишлаш саноати ривожлантирилмоқда.

“Gold Agro Fresh” агрофирмаси сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва уларни экспорт қилишга ихтисослашган истиқболли лойиҳалардан биридир. Қиймати 35 миллион АҚШ доллари бўлган корхонанинг замонавий иссиқхоналарида йилига 30 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш, 1000 иш ўрни яратиш режалаштирилган. Ҳозирда 20 гектарлик 15 блокда помидор, гулкарам, брокколи, рукколо ва ялпизнинг харидоргир навлари ўстирилмоқда. Барча 70 блок ишга тушгач иссиқхоналар 100 гектардан ошади. Бундан ташқари, 434 гектар ерда мавсумий экинлар экилиб, 23 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш, 2 минг 100 кишини иш билан таъминлаш, келгусида 100 гектар ерда интенсив боғ яратиш режалаштирилган.

Президентимиз бу ерда етиштириладиган маҳсулотларнинг турини кенгайтириш, 5 минг гектарда анор, 5 минг гектарда лимон етиштиришни йўлга қўйиш, одамларнинг даромадини кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари шу ернинг ўзида мева-сабзавотчилик, паррандачилик, чорвачилик каби тармоқлардаги истиқболли лойиҳалар билан ҳам танишди.

Ангор туманида қурилаётган мева-сабзавотларни етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган "Angor Gold Fruits" масъулияти чекланган жамияти лойиҳасига мувофиқ 530 гектар интенсив боғ, уч минг тонна мева-сабзавотларни сақлаш имкониятига эга музхона қурилиши кўзда тутилмоқда.

Жарқўрғон туманида қурилиши режалаштирилаётган “Фабулло строй сервис” масъулияти чекланган жамияти ҳам мева-сабзавот етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган.

Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида 150 янги иш ўрни яратилади. Замонавий иссиқхонада 600 тонна мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирилади ва экспорт қилинади. Сиғими 2 минг тонна бўлган замонавий музлатгичда йил давомида 6 минг тонна маҳсулот айланади. Мева-сабзавот маҳсулотларини қуритиш ускунасининг қувватини йилига 8 минг тоннага етказиш мўлжалланмоқда.

Президентимиз бу борада ишлар самарадорлигини ошириш, мева-сабзавотларнинг ноанъанавий турларини кўпроқ экиш ва қайта ишлаш, экспортни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Қизириқ туманида Халқ банки томонидан икки минг бош қорамол боқишга мўлжалланган замонавий чорва комплекси барпо этилмоқда. 762 гектар майдонда қурилаётган ва қиймати 11,5 миллиард сўм бўлган ушбу мажмуада йилига тўрт минг тонна сут, икки юз тонна гўшт ишлаб чиқарилади. 2,5 миллиард сўмлик замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланадиган корхонада юздан ортиқ киши меҳнат қилади.

Президентимиз чорвачилик комплекслари ёнида агрофирмалар ташкил этиб, сут ва гўштни қайта ишлаш, рақобатдош маҳсулотлар тайёрлаб, экспортга йўналтириш зарурлигини таъкидлади.

Музробот туманида паррандачилик комплекси ташкил этилмоқда. Лойиҳа қиймати 5,5 миллион доллар бўлган мазкур паррандачилик комплексида йилига 59,1 миллион дона тухум, 1,4 миллион дона жўжа ва 198 тонна товуқ гўшти етиштириш, 100 иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Жорий йилнинг сентябрь ойида ишга туширилиши мўлжалланаётган паррандачилик комплексининг умумий майдони 15 гектар бўлиб, шундан 2,5 гектарида ишлаб чиқариш бинолари жойлашади.

Одамларга жўжа ва ем етказиб бериб, оилаларнинг фаровонлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, “Шеробод пахта тозалаш” акциядорлик жамиятида ингичка толали пахта хомашёсини қайта ишлаш корхонаси, зараркунандаларга қарши курашишга қаратилган ишланмалар, лимон ва писта етиштиришга ихтисослашган плантациялар лойиҳалари билан танишди.

Давлатимиз раҳбари Ҳаким ат-Термизий мақбарасини зиёрат қилди. Бу ерда олиб борилаётган реконструкция ва ободонлаштириш ишлари билан танишди. 

 

МАНГУ БАРҲАЁТ СИЙМО

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллигига бағишлаб "Алишер Навоий ижоди – миллий маънавий хазинамиз дурдонаси" мавзуида видеомулоқот ташкил этилди. Унда адабиётшунос олимлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар мустақиллик йилларида мамлакатимизда жаҳон маданияти, илм-фани, маърифати равнақига муносиб ҳисса қўшган улуғ аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш, улардан ёшларни баҳраманд этишга устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.

Бутун инсоният миллий адабиётимизнинг беназир сиймоси бўлган Алишер Навоий даҳосига чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан қарайди. Бу буюк зотни англаш, унинг фалсафий-ахлоқий, маданий-маърифий мушоҳадаларга бой асарларини ўқиш ва тушуниш ҳар бир инсон учун улкан саодатдир.

– Бугунги глобаллашув жараёнида Навоийнинг инсоний баркамоллик, одоб-ахлоқ, беғубор ва покиза туйғулар улуғланган асарлари ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессори Ҳамидулло Болтабоев. – Шу боис улуғ шоирнинг ижод намуналари жаҳон халқларининг кўплаб тилларига таржима қилиниб, кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Бугунги тадбирда мамлакатимиздаги етакчи олий таълим даргоҳларининг ўқитувчи ва талабалари навоийшунос олимлар билан видеомулоқот ўрнатди. Мақсад ёшлар маънавиятини юксалтириш, онгу тафаккурига эзгулик уруғини сочиш, таълим-тарбия жараёнининг сифат ва самарадорлигини ошириш, Навоий ижодидан ёшларни кўпроқ баҳраманд этишдан иборатдир.

Видеомулоқотда буюк бобокалонимиз ўз асарларида улуғлаган эл-юрт равнақи, ободлиги, осуда ва фаровон ҳаёт, жамиятдаги барқарорлик, ўзаро тотувлик ва аҳиллик, меҳр-оқибат муҳитини асраб-авайлашдек эзгу ғоялар бугунги жамиятимиз ҳаёти, юртимизда кечаётган изчил ислоҳотларга ҳамоҳанг эканлиги айтилди.

Навоий ғазаллари билан куйланган қўшиқлар тадбирга янада завқ бағишлади. Улуғ шоиримиз ижодига оид маърузалар тингланди, асарларидан саҳна кўринишлари намойиш қилиниб, мушоира ва баҳру байт ўтказилди.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

СИ ЦЗИНЬПИН ДОНАЛЬД ТРАМП БИЛАН МУЗОКАРАЛАР ЎТКАЗДИ

Хитой раиси Си Цзиньпин Америка президенти Дональд Трамп билан ўтказган телефон орқали мулоқотида Вашингтон билан савдо ва инвестициялар соҳасида ҳамкорлик қилиш истагини билдирди. У, шунингдек, АҚШнинг “ягона Хитой” сиёсатига содиқлигини юқори баҳолаган."Биз Америка томони билан савдо, инвестиция, энергетика, инфратузилмалар қурилиши соҳаларида ўзаро фойдали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда минтақавий ва халқаро масалалар бўйича алоқаларни кучайтириш ва мувофиқлаштиришга, биргаликда халқаро тинчлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз", — деган Си Цзиньпин.

Хитой телевидениесига кўра, Дональд Трамп "ягона Хитой сиёсати" ўтказилишининг муҳимлигини эътироф этган ҳолда, АҚШ ҳукумати бу қоидага қатъий амал қилишига ваъда берган. ХХР раиси, ўз навбатида, Трампнинг бу баёнотини юксак қадрлашини айтар экан, айни шу жиҳат Хитой-Америка муносабатларининг сиёсий пойдевори эканини таъкидлаган.

Икки давлат раҳбарлари қалин алоқани сақлаб қолишга ҳамда тез орада шахсан учрашишларига умид билдиришган.

 

АСАД ТРАМП БИЛАН ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ УЧУН ШАРТИНИ БИЛДИРДИ

Сурия президенти Башар Асад АҚШнинг янги президенти Дональд Трампнинг маъмурияти билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилган. Сурия раҳбарининг айтишича, мамлакатнинг амалдаги ҳукумати Трамп билан ҳамкорликдан умидвор, аммо бу ҳамкорлик «руслар ва америкаликлар яқинлашуви» эвазигагина рўй бериши мумкин.

Асад шунингдек, Трампнинг маъмуриятини Сурияга ИШИДга қарши курашиш учун америкалик ҳарбийлар рухсатсиз киришига йўл қўйилмаслигидан огоҳлантирган.

Бундан ташқари у Суриядаги вазият ҳақида гапириб, «хавфсиз ҳудуд» ташкил этиш ғоясини «ҳақиқатдан йироқ» ғоя сифатида баҳолаган.

Бундан олдинроқ Башар Асад АҚШ ва Россия ҳамкорлиги бутун дунё учун, шу жумладан Сурия учун фойда келтириши ҳақида айтиб ўтганди.

 

ЛИТВАГА АМЕРИКА ҲАРБИЙ ТЕХНИКАСИ КЕЛТИРИЛДИ

АҚШ қўшинларининг ўнта танки, бешта пиёдалар жанговар машинаси, йўлтанламаслар ва юк транспортлари Литвага жума куни етказилди."Ҳа, барча ҳарбий техника Гайжюнай темир йўл станциясига келганини тасдиқлайман", - деди Каваляускене.Гайжюнайга ўнта M1A2 Abrams танки, бешта M2A3 Bradley пиёдалар жанговар машинаси, йўлтанламаслар ва юк транспорти келтирилган, улар 120 кишилик АҚШ пиёда ротаси ҳарбий хизматчилари томонидан ишлатилади.Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Литвада кейинги ҳафтадан бошлаб АҚШ тўртинчи пиёда дивизициясининг учинчи бригадасига қарашли 68-полки биринчи батальони хизматга киришади. АҚШ қуролли кучлари ротаси, шунингдек логистика бўйича хизматчилар мамлакатга 6-7 февраль кунлари етиб келади. Бу Atlantic Resolve амалиёти доирасидаги навбатдаги ротация бўлинмасидир. Америкаликлар литвалик ҳарбий хизматчилар билан бирга ишлашади ҳамда машқларда қатнашади.

 

ХИТОЙ МЕТАН ЭЛЕКТР СТАНЦИЯЛАРИНИ ҚУРИШГА КАТТА ЭЪТИБОР БЕРА БОШЛАДИ

Хитой ҳукумати қишлоқ жойларда метанда ишловчи электр станцияларини қуриш учун 7,3 миллиард АҚШ долларини сарфламоқчи. Бу ҳақда Синьхуа агентлиги хабар берди.

Хусусан, аниқлаштирилишича, Хитойни иқтисодий ривожлантиришнинг 13-беш йиллик (2016-2020 йиллар) режасини бажариш доирасида уч мингга яқин шундай лойиҳаларни амалга ошириш кўзланган. Шунингдек метан ишлаб чиқариш бўйича қувватларни 4,9 миллиард куб метрга ошириш ҳам режалаштирилган. Метан ишлаб чиқаришда қишлоқ хўжалиги чиқиндиларидан фойдаланилади. Тахминий маълумотларга кўра, 1,4 миллиард тонна биологик чиқинди 73,6 миллиард куб метр газни ишлаб чиқариши ва шу тариқа 87,6 миллион тонна кўмирнинг ўрнини қоплаши мумкин.Ҳукумат метанни ишлатиш атмосферага карбонад ангидрид чиқарилиши ҳажмини 17,62 миллион тоннага камайтиришда ёрдам беришидан умидвор.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 

АЛИШЕР НАВОИЙ ИЖОДИ – МИЛЛИЙ МАЪНАВИЯТИМИЗНИНГ ХАЗИНАСИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Мир Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллиги муносабати билан “Навоий ижоди – миллий маънавиятимизнинг хазинаси” мавзусида адабий тадбир ўтказилди.

Унда ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, адабиётшунос олимлар Султонмурод Олимов, Адҳамбек Алимбеков, Ҳамидулла Болбабоев ва бошқалар бугунги кунда китобга бўлган муносабат янги босқичга чиққанини, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борада муҳим қадам бўлганини, буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг юксак инсоний туйғулар улуғланган асарлари халқимиз маънавий оламини янада бойитишда тутган ўрнини алоҳида таъкидладилар.

– Улуғ шоирнинг таржимаи ҳоли ва асарлари ҳақида мактабдаёқ етарлича маълумотга эга бўлганмиз,– ЎзМУ ректори.– Адабиётшунос ва тилшунос олимларимиз Алишер Навоий асарлари маъноларини шарҳлаб очиб бериш йўлида самарали ишлар қилганлар. Сўнгги ўн йилликлар мобайнида Порсо Шамсиев, Воҳид Зоҳидов, Иззат Султон, Азиз Қаюмов, Нажмиддин Комилов, Суюма Ғаниева каби атоқли олимлар, Пиримқул Қодиров ва Эркин Воҳидов сингари севимли ёзувчи-шоирларимизнинг Алишер Навоий асарлари тадқиқи ҳамда таҳлилига қаратилган китобларини иштиёқ билан ўқиб, мутафаккир аждодимиз маънавий хазинасидан озми-кўпми баҳраманд бўлганмиз. Алишер Навоийнинг асарлари мазмун-моҳиятини тушуниб ўқиш жуда кўп маънавий озиқ беради. Даҳо шоиримизнинг асарларида бугунги ҳаётимиз учун ҳам нақадар аҳамиятли мавзулар ўз ифодасини топган. Унинг ҳар бир сатри замирида олам-олам маънолар мужассамлигини англаган сари ул зот руҳи олдида таъзим бажо айлагинг келади. Алишер Навоийнинг айниқса “Хамса”, “Насойим ул муҳаббат” ва “Лисонут-тайр” асарларидани ўқиган кишининг маънавий бойлиги қанчалик юксак бўлишини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Адабий тадбирда Ўзбек Миллий Академик драма театри жамоаси ҳамда университет иқтидорли талабаларининг бадиий чиқишлари барчада катта қизиқиш уйғотди.

 

ИСТИҚБОЛИ ЛОЙИҲА

Франция Республикасининг Версаль академияси қошидаги Серж Понтуаз педагогика олий мактаби (ESPE) халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Паскаль Буассонне ва ходимлари Изабель Лоруа, Мод Керфорнелар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига ташриф буюрдилар.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов хорижлик меҳмонларга Миллий университетимиз тарихи ва унинг мамалакатимиз илм-фани тараққиётига қўшиб келаётган ҳиссаси, бугунги кундаги халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида сўзлаб берди.

Ўз навбатида Паскаль Буассонне хоним ERASMUS+ халқаро алмашинув лойиҳаси доирасида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлари ҳақида маълумот берди. Жумладан, таълим соҳасида ишлашни режалаштирган француз тили бўйича бўлажак мутахассислар, яъни, талабалар (асосий ва иккинчи чет тили сифатида) мобиллик дастурини давом эттиришлари мумкинлигини маълум қилди. Бу борада ўқитувчилар ҳам мобиллик дастурини давом эттиришда иштирок этишлари мумкин.

Ўзаро суҳбат давомида Франциянинг Серж Понтуаз педагогика олий мактаби (ESPE) ва ЎзМУ ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантириш юзасидан фикрлашиб олинди.

 

УМР ЗАВОЛИ

Тинч ва осойишта ҳаёт қанчалик улкан бахт! Афсуски, шундай бахтнинг қадрига етмасдан ўз умрига ўзи зомин бўлаётганлар ҳам кам эмас... Уларни ўз номи билан “адашганлар” деб атаймиз. Бироқ, бундай адашишларнинг чегараси бўлиши керак-ку. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Наркомания ва одам савдосига қарши курашиш” мавзусида бўлиб ўтган тадбирда шу ҳақда сўз юритилди.

– Тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрига етиш – фуқароларни, хусусан, ёшларни турли бало-қазолардан асрашдан бошланади,– дейди ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров.– Бундай иллатлар орасида энг хавфлиси – гиёҳвандлик, одам савдосидир.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси терроризмга қарши курашиш бошқармаси гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш бўлими бошлиғи ўринбосари, подполковник Шавкат Отамуродов, Олмазор туман Ички ишлар бошқармаси профилактика инспектори, майор Хайрулла Байманов дунёдаги гиёҳванд моддаларнинг энг кўп фоизи Афғонистонда етиштирилиши ва бу мамлакатимизга ҳам салбий таъсирини кўрсатаётгани, наркотик моддаларнинг инсон ҳаётига салбий таъсири ва аянчли оқибатлари ҳақида сўз юритдилар. Одам савдосига қарши курашиш, бу борада юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, хорижга чиқиш-киришнинг қонуний ҳужжатлари, яратилган шарт-шароитлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Тадбирда намойиш этилган “Умр заволи” видеофильми талаба-ёшларда катта таассурот қолдирди.

 

ЎзМУ Ахборот хизмати

 

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: 2271542; +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru