O'zMU » Axborot soatlari » “АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 24-2017

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 24-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (27 февраль-4 март кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 24-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (27 февраль-4 март кунлари)

 

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2017

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.nuuz.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

2017 ЙИЛГИ НАВРЎЗ УМУМХАЛҚ БАЙРАМИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА

Азал-азалдан халқимизнинг эзгу ва гўзал қадриятларини, унинг олижаноб орзу-интилишларини ўзида мужассам этиб, қадим аждодларимиздан бизга ўлмас мерос сифатида безавол ўтиб келаётган Наврўзи олам мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган миллати, тили ва динидан қатъий назар, барча ватандошларимиз орзиқиб кутадиган, том маънодаги умумхалқ байрамига айланиб қолди.

Шарқона янги йилнинг бошланиши, табиат уйғонишининг рамзи, асл миллий, энг ардоқли байрам бўлмиш Наврўзнинг юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётганини инобатга олиб ҳамда бу қутлуғ айёмни юксак савияда нишонлаш мақсадида:

1. 2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ташкилий қўмита Наврўз байрамини пойтахтимиз Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман ва қишлоқларда умумхалқ сайиллари шаклида юқори даражада ўтказишга қаратилган ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар режасини ўн кун муддатда ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.

2. Тадбирлар режасини тайёрлашда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилсин:

Наврўз кунларида инсоннинг табиат билан узвийлигини, ўзини унинг ажралмас бир қисми сифатида ҳис этишини ифода этадиган, атроф-муҳитни, она заминни ардоқлаб, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват қиладиган маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш;

барча шаҳар ва қишлоқларда бўлиб ўтадиган тадбирларда, оммавий ахборот воситаларида Наврўз байрамининг тарихи, уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одатлар, анъаналар ва қадриятларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг ёритиш;

Наврўзнинг руҳи ва фалсафасида ўз аксини топган меҳр-мурувват, аҳиллик ва тотувлик, ёши улуғ инсонлар, табаррук отахон ва онахонларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож инсонларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш;

янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши, яшариш ва янгиланиш, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи бўлмиш Наврўз фаслида маҳаллаларда, шаҳар ва қишлоқларда ҳашарлар, кенг кўламдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган сайилларга фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, дорбозлар, цирк артистлари, оилавий ансамбллар, бахшилар, шоирлар, шунингдек, профессионал ижрочилар ва истеъдодли эстрада артистларини кенг жалб этиш;

сайил дастурларини тайёрлашда халқ ўйинлари, фольклор санъатининг энг яхши намуналарини, элу юртнинг дилидан чуқур жой олган, қадимий урф-одатлар, эзгу инсоний туйғуларни тараннум этадиган куй ва қўшиқлар, ўлан ва лапарларга кенг ўрин бериш.

3. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари:

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда жойлардаги ҳомийлик хайриялари ҳисобидан;

Тошкент шаҳрида республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.

4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Жаҳон” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.

5. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти        Ш.Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2017 йил 28 февраль 

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ОСИЁ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ ПРЕЗИДЕНТИ БИЛАН МУЗОКАРА ЎТКАЗДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 март куни Осиё тараққиёт банки президенти Такехико Накаони қабул қилди.

Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқлари ва инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича устувор дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш борасида Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги ўзаро манфаатли шериклик изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидлади.

Бугунги кунда ҳамкорлик портфели умумий қиймати 14 миллиард доллардан зиёдни ташкил этувчи 59 лойиҳани ўз ичига олган бўлиб, уларни молиялаштириш учун банкнинг 6 миллиард доллардан кўпроқ маблағи жалб қилинган.

Толимаржон ва Тахиатош иссиқлик электр станцияларида замонавий буғ-газ қурилмаларини барпо этиш, юқори вольтли электр узатиш линияларини модернизация қилиш, қишлоқ жойларда намунавий уй-жой қуриш, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида сув таъминоти тизими ва санитария объектларини реконструкция қилиш, Аму-Бухоро машина канали тизимини қайта тиклаш, Мароқанд-Қарши темир йўлини электрлаштириш, кичик бизнесни, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бошқа лойиҳалар Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга оширилган ва амалга оширилаётган йирик лойиҳалар сирасига киради. Учрашувда 2017-2019 йилларга мўлжалланган қўшма дастур доирасида амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва унинг самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Аҳоли, айниқса, қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини ошириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, аграр тармоқни модернизация қилиш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муқобил энергетикани ривожлантириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш ва бошқа йўналишларга қаратилган устувор лойиҳаларни амалга ошириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. ОТБ президенти самимий қабул ва ўзаро шериклик муносабатларини мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаётгани учун Президентимизга чуқур миннатдорлик билдириб, Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини таъкидлади. ОТБ делегациясининг мамлакатимиз вазирликлари ва идораларида ўтказган учрашувлари якуни бўйича банкнинг 573 миллион долларлик маблағини жалб қилган ҳолда кичик бизнес, мева-сабзавотчилик соҳалари, сув таъминоти тизими ва автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантиришга доир 4 лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди.

Ўзбекистонга ташрифи давомида Такехико Накао Самарқанд, Бухоро ва Тошкент вилоятларида бўлиб, Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга оширилган инвестиция лойиҳаларининг натижалари билан танишди.

 

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ РОССИЯ ТАШҚИ РАЗВЕДКА ХИЗМАТИ ДИРЕКТОРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 февраль куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкинни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, мамлакатларимизнинг замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги юксак даражада эканини алоҳида таъкидлади.

Суҳбат чоғида экстремизм, терроризм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

С.Наришкин қабул учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик билдирди ва Президент Владимир Путиннинг эзгу тилакларини етказди. Россия Ташқи разведка хизмати директори давлатларимиз хавфсизлигини таъминлаш борасидаги долзарб вазифаларни бажаришдаги ўзаро ҳамкорлик даражасини юқори баҳолади.

 

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ "ЖЕНЕРАЛ ЭЛЕКТРИК" КОМПАНИЯСИ ВИЦЕ-ПРЕЗИДЕНТИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 март куни АҚШнинг етакчи компанияларидан бири "Женерал Электрик" компанияси вице-президенти Рональд Жеймс Поллеттни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ишбилармон доираларининг узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга қизиқиши ортиб бораётганини мамнуният билан таъкидлади.

Яқинда Тошкентда АҚШнинг "Женерал Электрик", "СиЭнЭйч Индастриал", "Катерпиллар", "Ханивелл", "Проктер энд Гэмбл" ва бошқа етакчи компаниялари иштирокида Америка – Ўзбекистон савдо палатасининг бизнес-форуми муваффақиятли ўтди. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон корхоналарининг иқтисодиётнинг турли соҳаларида жаҳондаги етакчи технологик компаниялардан бири бўлган "Женерал Электрик" билан ҳамкорлиги энергетика мажмуи, фуқаро авиацияси ва соғлиқни сақлаш соҳаларини қамраб олган.

Учрашув чоғида ушбу компания билан узоқ муддатли, айниқса, юқори технологик тармоқлардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва диверсификация қилиш истиқболлари муҳокама қилинди. Булар электр энергетика, нефть ва газ, электротехника саноати, замонавий тиббий жиҳозлар ишлаб чиқариш, уларга хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишлардаги янги дастур ва лойиҳалардан иборатдир. Учрашувда мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Рональд Жеймс Поллетт самимий қабул ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаётгани учун Президентимизга чуқур миннатдорлик билдириб, "Женерал Электрик" Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини таъкидлади.

АҚШ компанияси вице-президентининг мамлакатимиз вазирликлари ва идораларида ўтказган учрашувлари якунида иқтисодиётнинг турли соҳаларида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тўғрисида меморандум имзоланди.

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ҚУРИЛИШИ ТУГАЛЛАНМАГАН ОБЪЕКТЛАРНИ НАЗОРАТ ҚИЛАДИ

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қурилиши тугалланмаган объектлар ва бўш турган саноат майдонларини ўз назоратига олмоқда. Давлат раҳбари “Ишлаб чиқариш объектларидан тадбиркорлар фойдаланишини янада рағбатлантириш тўғрисида” қарор қабул қилди. Ҳужжат қурилиши тугалланмаган объектлар ҳамда фойдаланилмаётган саноат майдонларидан самарали ва рационал фойдаланиш учун ижобий муҳитни яратишга, керакли сармоялар киритиш, замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек янги иш ўринларини ташкил этишга мўлжалланган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, тижорат банклари қарорни ижро этиш доирасида юридик ҳамда жисмоний шахслар, шунингдек қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмайдиган саноат майдонлари асосида инвестиция лойиҳаларини амалга оширувчи ижарачиларга имтиёзли кредитлар тақдим этади. Кредитлар 12 ойлик имтиёзли давр билан 5 йилга қадар бўлган муддатга ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасидан ошмайдиган ставкада берилади. Ҳужжатда инвентаризациядан ўтказиш ҳамда қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмайдиган саноат майдонларини аниқлаш бўйича ҳудудий Идоралараро комиссиялар ташкил этиш назарда тутилган. Давлат рақобат қўмитасининг тегишли ҳудудий бошқармалари уларнинг ишчи органлари сифатида белгиланди. Идоралараро комиссиялар қурилиши тугалланмаган объектлар ҳамда фойдаланилмайдиган саноат майдонларини белгиланган ҳудудда аниқлаш, уларнинг эгалари билан ишлаб чиқариш ёки хизматлар соҳаси объектларини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек янги иш ўринларини ташкил этиш билан шуғулланади. Бундан ташқари, юқорида келтирилган чораларни амалга ошириш бўйича “йўл хариталарини”, шунингдек аввал хусусийлаштирилган қурилиши тугалланмаган объектлар ҳамда фойдаланилмайдиган саноат майдонларини хўжалик фаолиятига жалб этишни тезлаштириш механизми Схемасини ҳам тасдиқлаш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг 2017-2021 йилларда беш йўналиш бўйича ривожланиши Ҳаракатлар стратегиясига кўра, давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнини кенгайтириш ҳамда енгиллаштириш, шунингдек хусусийлаштирилган давлат мулки объектларида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун ижобий муҳитни яратиш назарда тутилган. Аввалроқ Стратегиянинг устувор йўналишларини самарали амалга оширишни таъминлаш мақсадида кичик бизнесни ривожлантириш Кафолат жамғармаси ташкил этилди ҳамда давлат мулки объектларини тадбиркорлик мақсадида ишлатилиши учун реализацияси жараёни соддалаштирилди. Бу қарор Стратегияда белгиланган чораларни амалга оширишда навбатдаги қадам бўлди.

 

АБДУЛАЗИЗ КАМИЛОВ БМТ БОШ КОТИБИНИНГ СИЁСИЙ МАСАЛАЛАР БЎЙИЧА ЁРДАМЧИСИ МИРОСЛАВ ЕНЧАНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

2017 йилнинг 1 март куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енчани қабул қилди.

Суҳбат давомида таъкидланганидек, 1992 йилнинг 2 март куни БМТга халқаро муносабатларнинг тўлақонли субекти сифатида қўшилган Ўзбекистон БМТ нуфузининг ошиши ва салоҳиятининг кучайишига ҳамда унинг Низомида кўрсатилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда муносиб ҳисса қўшмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари муҳакама қилинди, шунингдек, халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди. Суҳбатда БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази (МОПДММ) раҳбари Петко Драганов иштирок этди.

 

ЎЗБЕКИСТОН НЕФТНИ ҚАЙТА ИШЛОВЧИ ЯНГИ ЗАВОД ҚУРИШНИ РЕЖАЛАШТИРМОҚДА

Расмий Тошкент Анқара билан иқтисодий соҳада ҳамкорликни кенгайтиришни истайди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Рустам Азимов Истанбулда ўтказилган Туркия-Ўзбекистон бизнес-форумида маълум қилган. Бизнес-форум Туркия ташқи иқтисодий алоқалар бўйича кенгаш (DEIK) томонидан ташкил этилганди. Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ўзбекистон Туркия билан нефткимё соҳасида, шунингдек, олтин, кумуш ва уран каби фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилиши мумкинлигини қайд этиб ўтган. Рустам Азимовнинг маълумот беришича, Ўзбекистонда яқин йиллар ичида нефтни қайта ишлаш бўйича учинчи завод қурилиши кўзда тутилган. «Ҳозирги вақтда Ўзбекистон ҳудудида иккита нефтни қайта ишлаш заводи фаолият олиб бормоқда. Биз учинчи заводни ҳам қурмоқчимиз. Мазкур лойиҳани амалга оширишга Туркия томони ҳам жалб этилиши мумкин, деб ҳисоблаймиз», — деган Рустам Азимов.

Маълумот учун, Ўзбекистондаги нефтни қайта ишловчи икки заводдан бири Бухорода, иккинчиси эса Фарғонада жойлашган.

 

ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ МАРКАЗИ ИШ БОШЛАДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 7 февралдаги фармони билан 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқлангани ўзбек давлат бошқаруви тарихида янги босқични бошлаб берди. Мазкур ҳужжатда аниқ, ҳаётий ислоҳотлар ва уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилгани мамлакатимизда ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама уйғун, жадал ривожлантириш, барча соҳани модернизация қилиш ва эркинлаштиришдек буюк мақсадларга хизмат қилади. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 14 февралдаги фармойиши билан Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга доир ташкилий чора-тадбирлар белгиланди. Мазкур фармойишга кўра, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган тадбирларнинг экспертлик ва жамоатчилик муҳокамасини самарали ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, уларни мукаммал амалга ошириш, фуқаролик жамияти институтларини, экспертлар ва олимларни мамлакатимизни демократлаштириш ҳамда модернизация қилиш жараёнларига фаол жалб этиш мақсадида пойтахтимизда Тараққиёт стратегияси маркази ташкил этилди. Мазкур марказ очилиши муносабати билан ўтказилган тақдимот маросимида бу жиҳатларга яна бир бор эътибор қаратилди. Тадбирда мамлакатимиз парламенти аъзолари, вазирлик ва идоралар, нодавлат ва жамоат ташкилотларининг раҳбар ва мутахассислари, мамлакатимиздаги қатор хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.

Тараққиёт стратегияси марказининг ижрочи директори А.Бурҳонов, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов, ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори Ж.Макгрегор ва бошқалар Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш борасида тараққиётнинг янги «ўзбек модели» эканини таъкидлади. Тараққиёт стратегияси маркази Ҳаракатлар стратегиясидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва натижаларини изчил муҳокама қилиш, давлат органлари ва халқ ўртасидаги очиқ мулоқотни таъминлаш, жамоатчилик назоратини самарали ташкил этишда ўзига хос замонавий медиа-майдон вазифасини ўтайди.

Марказ – нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон адвокатлар палатаси, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари, Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциациялари муассислигида ташкил этилди.

Марказ Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги тадбирлар бўйича илғор хорижий тажриба, халқаро стандартлар, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг баҳолари, фикр-мулоҳазаларини ўрганади. Бу борада амалга ошириладиган тадбирларнинг экспертлар ва жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама этилишини ташкил қилади, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган қонун, қонуности ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

Марказнинг халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий ҳамда таълим муассасалари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Унинг яна бир асосий вазифаси – Ҳаракатлар стратегияси ва унинг асосидаги давлат дастурлари доирасида амалга ошириладиган тадбирлар бўйича аҳолининг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, улар юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Тараққиёт стратегияси маркази Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда дастлабки медиа майдончасини ташкил қилди. Мазкур зал замонавий интерьер, ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган. Бу ерда Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилиши, янги қонун ва қонуности ҳужжатлари, мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий-ижтимоий жараён жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади. Шу мақсадда мунтазам равишда брифинг, ток-шоу, баҳс-мунозаралар, интервью ва матбуот анжуманлари ташкил қилинади. Бу Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилиши жараёнини жамоатчилик тартибида тзимли мониторинг қилиш имконини беради.

– Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистон халқининг хоҳиш-иродаси, талаб-истаклари асосида ишлаб чиқилгани, пировардида инсон манфаатларини амалда таъминлашга хизмат қилиши билан БМТнинг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўла мос келади,– дейди БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн.– Ҳаракатлар стратегиясида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун барча шарт-шароитни яратиш, уларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш каби эзгу мақсадларнинг белгилангани Ўзбекистонда наинки беш йиллик, балки узоқ истиқболда барқарор ривожланиш ва тараққиётга эришиш учун мустаҳкам замин яратилганидан далолатдир. Мазкур стратегик мақсадлар мамлакатнинг халқаро конвенцияларни бажариш борасида зиммасига олган вазифаларини тўла амалга оширишида ҳам катта имкониятлар тақдим этади.

Тадбирда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар, Тараққиёт стратегияси марказининг мақсад-вазифалари ҳақида маълумотлар берилди, бу борада турли соҳа мутахассислари ва халқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРАТУРАСИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ХИТОЙ ХАЛҚ РЕСПУБЛИКАСИГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Хитой Халқ Республикаси Олий халқ прокуратураси таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси делегациясининг Хитой Халқ Республикасига ташрифи амалга оширилди. Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаевнинг Хитой Халқ Республикаси Олий халқ прокуратураси Бош прокурори Цао Цзяньмин билан учрашуви бўлиб ўтди.

Томонлар идоралараро ҳамкорликнинг аҳволи ва истиқболларини муҳокама қилдилар, иккала давлатда жамиятда адолатни таъминлаш ва фаровонликни мустаҳкамлашга қаратилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари борасида ўзаро фикрлар алмашдилар. Олий халқ прокуратураси вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан бошқарувни модернизация қилиш, тадбиркорликнинг ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва ҳуқуқий давлат қуриш борасида амалга оширилган янгиликлар билан таништирилди.

Учрашув иштирокчилари икки давлат прокуратуралари ўртасида шаклланган ўзаро ишонч ва ҳамкорликнинг юқори даражада эканлигини алоҳида таъкидлаб, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашда биргаликда ҳаракат қилиш муҳимлигини қайд этдилар.

Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида дипломатик алоқаларнинг йўлга қўйилганидан буён ўтган 25 йил давомида мазкур соҳада мустаҳкам шартномавий асос яратилган. Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги (Пекин, 11.12.1997 й.), экстрадиция тўғрисида шартномалар (Пекин, 08.11.1999 й.), Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Хитой Халқ Республикаси Олий халқ прокуратураси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим имзоланган. Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Хитой Халқ Республикаси Олий халқ прокуратураси ўртасида 2017-2018 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик Дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курслари ва Хитой Халқ Республикаси Олий халқ прокуратурасининг Давлат прокурорлар институти ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди. Ўзбекистон Республикаси делегацияси ташриф давомида Олий халқ прокуратурасининг Давлат прокурорлар институтида бўлдилар, шунингдек Шанхай шаҳар прокуратурасининг тадбиркорликни ҳимоя қилиш, коррупцияга қарши курашиш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича фаолияти билан танишдилар.

 

ЖАҲОНАРО ТЕНГЛИГИМИЗ ЭЪТИРОФИ

«Бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби лавозимида иш бошлар эканман, мени бир савол қийнамоқда: низолардан жабр кўраётган, урушлардан чексиз азоб-уқубат тортаётган миллионлаб одамларга қандай ёрдам бериш мумкин?»

Бу фақат 2017 йилда фаолиятини бошлаган БМТ Бош котиби Антониу Гутеррешни қийнаган савол эмас, балки 1945 йил дунё давлатларининг ихтиёрий бирлашиши асосида ташкил топган халқаро ташкилотнинг устувор вазифаларидан биридир. Халқаро ташкилот фаолият кўрсата бошлаган дамлариданоқ бир неча бор можароларнинг очиқ ҳарбий ҳаракатларга айланиб кетишининг олдини олди, жанжаллашаётган томонларни қурол эмас, тинчлик йўли – музокаралар йўли билан муросага келтирди, низолар назорат доирасидан чиқиб кетган жойларда тинчлик ўрнатди. Ушбу ташкилотга аъзо бўлишни ҳар бир мустақил давлат фахрли қадам, деб билади. Бу тарихий воқеа муайян мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятига қабул қилингани ва тан олинганига далил бўлади.

1992 йил 2 март санаси мустақил Ўзбекистон Республикаси учун ҳам ана шундай муҳим кун бўлди. Ўша кундан бошлаб мамлакатимиз байроғи БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳи олдида бошқа давлатлар байроқлари қаторидан жой олди. Ўзбекистон БМТ минбаридан Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, экологик вазиятни барқарорлаштириш, қўшни Афғонистонда урушни тўхтатиш, минтақамизни ядродан холи зонага айлантириш, наркобизнесга қарши курашишда барча давлатлар саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш сингари умумманфаатли масалалар бўйича ўз сўзини айтмоқда.

Мамлакатимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлганига бу йил йигирма беш йил тўлди. Бу давр мобайнида инсон манфаатлари ва тинчлик йўлида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Ишонч, интилиш ва самимият Ўзбекистон ҳамда БМТ ҳамкорлигининг доимий шиори бўлиб келмоқда.

2012 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясида халқаро муносабатларда юзага келадиган баҳсларни тинчлик йўли билан ҳал қилиш ва куч ишлатмаслик тамойиллари белгиланган. Ўзбекистон мазкур тамойилларга содиқ қолаётгани, халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлашда БМТнинг мувофиқлаштирувчи ташкилот сифатидаги ролини тан олгани, Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатларга нисбатан ташқи сиёсатини ҳамкорлик ва дўстона руҳда олиб боришга тайёрлигини кўп маротаба намойиш этгани билан халқаро ташкилот эътирофига сазовор бўлган. Мамлакатимиздаги бундай тинчликпарвар сиёсат Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номи билан боғлиқ.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 71-сессияси мажлиси Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президентини ёд этиш маросими билан бошлангани, нуфузли анжуман иштирокчилари – БМТ вакиллари, 193 мамлакат делегатлари, давлат раҳбарлари, сиёсатчилар, дипломатларнинг Президент Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтиргани Ўзбекистон Республикасига эътироф рамзидир.

– Ислом Каримов Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишларни амалга оширди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Мингйиллик ривожланиш мақсадларини бажаришда муҳим ютуқларга эришди ва барқарор ривожланишнинг янги вазифаларини қўллаб-қувватлади. Президент Ислом Каримов раҳнамолигида минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга улкан ҳисса қўшилди. Ислом Каримов ташаббуси билан 2009 йилда Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этилгани жаҳон ҳамжамиятининг муҳим ютуқларидан бири бўлди, – деди БМТнинг собиқ Бош котиби Пан Ги Мун жаҳоннинг энг юксак минбаридан.

2016 йилнинг 30 декабрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги Бош котиби мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллаб, БМТ Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлайверишини таъкидлади.

Ҳозир Ўзбекистонда БМТнинг Тараққиёт дастури, Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО), Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармаси, ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури ва бошқа тузилмалари ваколатхоналари фаолият юритмоқда.

Ташкилот фаолияти самарадорлигини оширишда БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастури, Европа иқтисодий комиссияси ҳамда Марказий Осиёда Превентив дипломатия минтақавий дастури каби ташкилотлар фаол иштирок этиб келмоқда.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги алоҳида эътиборга молик. Мустақиллик йилларида миллий қадриятларимиз тикланди. Юртимиздаги кўплаб тарихий-маданий объектлар ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилди.

Баҳор нафаси уфура бошлаган шу кунларда халқимиз интиқ кутаётган, аждодларимизнинг бир неча минг йиллик меросини ўзида мужассам этган Наврўз байрами ҳам ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатидан жой олган. 21 март Халқаро Наврўз куни, деб эълон қилинган.

Тинчлик ва ҳамкорлик тарафдори бўлган Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мақсадлари муштарак. Бу мақсад йўлидаги ўзаро алоқалар мамлакатимиз фаровонлигига ҳисса қўшади, халқимиз манфаатларига хизмат қилади.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ТРАМП ОБАМАНИНГ ЯНА БИР ҚОНУНИНИ БЕКОР ҚИЛДИ

АҚШ президенти Дональд Трамп собиқ президент Барак Обаманинг "Тоза сув тўғрисида"ги қонунини бекор қилиш фармонига имзо чекди. Мазкур қонун нафақат республикачилар, балки Америка қишлоқ хўжалиги вакиллари томонидан бир неча йиллар давомида кескин танқид қилинади. Трампнинг ушбу қарори ҳақида Оқ уй хабар қилмоқда.

"Биз мамлакатимизни озод қилишни хоҳлаймиз ва бу жуда экологик йўл билан ҳал этилади", — дея ишонтирган Трамп фармонни имзолаш чоғида. Унинг қайд этишича, фармон миллионлаб иш ўринларини барпо этишга ёрдам беради.

Обама қонуни мамлакатдаги барча сув захиралари, ҳатто дарёларнинг қуриб қолган ирмоқлари, ботқоқлик каби ҳудудларни ҳам АҚШ атроф-муҳит агентлиги назоратига топширишни кўзда тутар эди. Америка матбуоти Обама қонунининг бекор қилинишини, Трампнинг аввалги маъмурият экологик ташббусларига қарши юришининг дебочаси деб баҳоламоқда.

 

ИШИДНИНГ КУНИ БИТДИ: ТАШКИЛОТ РАҲБАРИ МАҒЛУБИЯТНИ ТАН ОЛДИ

ИШИД террорчилик ташкилоти раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий ўз тарафдорларига хайрлашув нутқи йўллади. У охирги ойлардаги жанговар ҳаракатлар оқибатида ташкилот енгилганинит тан олиб, жангариларни тоғли ҳудудларга кетиб яширинишга чақирган. "Ал-Бағдодий ўз видолашув нутқида ташкилотнинг ҳозирги ҳолати ҳақида гапирган. У жангарилар Найнавада ва Ироқнинг бошқа ҳудудларида мағлуб бўлишгани ҳақида гапирган", деган манба. Бундан олдинги хабарларда Ал-Бағдодий Мўсулнинг ғарбий қисмидан чиқиб кетгани маълум қилинганди. Бироз олдинроқ, Ироқ қўшинлари Мўсулни ташқи дунё билан боғлаб турган охирги йўлни эгаллашгани маълум бўлди ва шаҳар ичкарисида қолган жангарилар ҳамда ҳарбий техникаларнинг шаҳардан олиб чиқилишига имкон қолмади. Мўсул ИШИДнинг Ироқдаги норасмий пойтахти ҳисобланар, шунингдек, жангариларнинг Ироқ ҳудудидаги охирги таянч шаҳри бўлиб қолаётганди. Бу шаҳарни озод этиш учун қуруқликдаги ҳарбий юриш ўтган йилнинг 17 октябридан буён олиб борилмоқда. Ироқ армияси, шиа бўлинмалари, курд лашкарларидан ташқари, АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция самолётлари ҳам бу юришда иштирок этмоқда. Ироқ қўшинлари Мўсулнинг шарқий қисмини 17 январь куни озод этишганди. 24 февраль куни Ироқ ҳукумати шаҳарнинг ғарбий қисмини эгаллаш учун юриш бошлаганди.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 

ЗУЛФИЯ ИЖОДИГА БАҒИШЛАНДИ

Зулфиянинг «Ҳаёт варақлари», «Шеърлар», «Қизлар қўшиғи», «Уни Фарҳод дер эдилар», «Ҳижрон кунларида», «Мен тонгни куйлайман», «Юрагимга яқин кишилар», «Куйларим сизга», «Шалола» каби шеърий тўпламларида Ватан ишқи, халқ ҳаёти ва турмуш тарзи, уларнинг фидокорона меҳнати юксак маҳорат ва меҳр-муҳаббат билан мадҳ этилган.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида Зулфия таваллуди куни муносабати билан ташкил этилган давра суҳбатида шулар ҳақида сўз юритилди.

Ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, талаба-ёшлар ва журналистлар иштирок этган тадбирда Зулфия ижоди ёш авлод тарбиясида маънавият сарчашмаси бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди. У ҳурликни, миллат руҳини баралла куйлаган, ўзбек аёли қалбини, унинг орзу-интилишлари, изтиробларини шеърга солган жасоратли ижодкор эди.

Давра суҳбати доирасида ўтказилган мушоирада Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, шоиру мухлислар шоиранинг шеърларидан намуналар ўқиди.

– Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 1999 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилгани иқтидорли қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда,– дейди мазкур мукофот совриндори, университетнинг хорижий филология факультети талабаси Чаман Жонузоқова.– Ушбу мукофотга сазовор бўлаётган қизлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бораётгани қувонарлидир.

Тадбирда Зулфия ҳаёти ва ижодига бағишланган видеоролик намойиш этилди.

 

ДИЛНОЗАНИНГ ИШ ЖОЙИ ТАЙИН

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида «Ёш мутахассис – 2017» меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди.Унда турли идора ва ташкилотлар, таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.

Университет проректори Илёс Раҳматуллаев ва бошқалар мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлмоқда. Бугунги кунда мазкур таълим даргоҳини битирган минглаб малакали мутахассислар давлат ва нодавлат ташкилотлари, нуфузли таълим муассасаларида самарали фаолият юритмоқда. Жорий йилда университетни бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассисликлари бўйича икки мингга яқин йигит-қиз тамомлайди.

Ярмаркада иш берувчилар билан битирувчилар ўртасида бевосита мулоқот ва шартномаларни расмийлаштириш ишлари олиб борилди. Битирувчилар ўз мутахассислиги ва қизиқиши бўйича турли ташкилот ва таълим муассасалари билан шартномалар имзолади. Университетнинг журналистика факультети тўртинчи курс талабаси Дилноза Жуманиёзова “Туркистон” газетаси ходимлари билан суҳбатдан муваффақиятли ўтди.

– Меҳнат ярмаркасида қатнашиб, ўз мутахассислигимга доир иш топдим, – дейди Д.Жуманиёзова. – Таълим даргоҳида олган назарий билимларимни тўрт йилдан буён газета ва журналларда амалиётда янада мустаҳкамладим. Суҳбатда касбга доир савол-жавоблардан ўтиб, «Туркистон» газетасининг ўзим туғилиб ўсган Хоразм вилояти мухбирлигига ишга жойлашдим.

Ўтган ўқув йили натижаларига кўра, университет битирувчиларнинг 90 фоизига яқини муқим иш жойига эга бўлган. Университет жамоаси иш берувчилар билан шартнома имзоланганидан кейин битирувчиларнинг иш билан таъминланганликларини доимий мониторинг қилиб боради. Иш берувчилар ёш мутахассислар ҳақида ижобий фикрлар билдирмоқда.

– Мутахассисларимиз билан суҳбатдан ўтган барча номзодлар чуқур билимга эгалиги ва меҳнат фаолиятини бошлашга тайёрлигини намойиш этди, – дейди Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси кадрлар бўлими бошлиғи Соҳибжон Эргашев. – Ўтган йили ушбу таълим даргоҳидан элликка яқин мутахассисни иш билан таъминлаган бўлсак, жорий йилда юзга яқин битирувчи учун иш ўрни таклиф қилдик.

Меҳнат ярмаркасида битирувчи ва иш берувчилар ўртасида кўплаб шартномалар имзоланди.

 

ЎЗМУ ВА ЮНИСЕФ ЎРТАСИДА МАЪРИФИЙ АЛОҚАЛАР ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн бошлигидаги делегация Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига ташриф буюрди.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов ва Саша Грауманн истиқлол йилларида мамлакатимизда навқирон авлодни чуқур билимли, етук салоҳиятли инсонлар этиб тарбиялаш учун зарур имкониятлар яратилганини, улар манфаатларини таъминлаш борасида салмоқли ютуқлар қўлга киритилаётганини таъкидладилар.

Суҳбат давомидаги қайд этилганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасида ҳам ижтимоий ҳимоя, ёшлар камолоти билан боғлиқ масалалар ўз аксини топган. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ЎзМУ Ижтимоий фанлар факультети профессор-ўқитувчилари соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда юртимиздаги қатор оилалардаги маънавий муҳитни мукаммал ўрганиш, болалар ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга оид долзарб масалаларни ижобий ҳал этишга ўз ҳиссаларини қўшмоқда.

Шу айтиш жоизки, мустақил юртимизнинг биринчи ордени — “Соғлом авлод учун” деб номланган. Мамлакатимизда “Оила йили”, “Соғлом авлод йили”, “Оналар ва болалар йили”, “Ҳомийлар ва шифокорлар йили”, “Ижтимоий ҳимоя йили”, “Баркамол авлод йили”, “Қарияларни қадрлаш йили”, “Соғлом она ва бола йили” давлат дастурлари доирасида амалга оширилган ишларнинг қиёси йўқ. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси фарзандларимизга, уларнинг баркамол авлод сифатида вояга етишларига бўлган улкан эътибор ва ғамхўрликнинг яққол ифодасидир.

– ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари билан мулоқотда давлатимиз раҳбарининг қатор Фармон ва қарорлари мазмун-моҳияти аввало, ёш авлод камолотига, ижтимоий ишларни янада такомиллаштириш масалаларига қаратилаётгани алоҳида қайд этилди,– дейди Социология кафедраси профессори Марифат Ғаниева.– Мамлакатимизда истиқлол йилларида ижтимоий иш соҳасини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилди. Бу борада янги йўналишда мутахассислар тайёрлашга ЮНИСЕФ томонидан ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилди. Натижада ЎзМУ, СамДУ ва ФарДУда ижтимоий иш йўналишида мутахассислар тайёрланмоқда. Айни пайтда ЎзМУ Ижтимоий фанлар факультетида Социология кафедраси бакалавриат ва магистратра босқичларида Ижтимоий иш (оила ва болалар билан) соҳаси учун етук мутахассислар тайёрланмоқда.

Суҳбат асносида ЎзМУ ва ЮНИСЕФ ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, ижтимоий иш соҳасида кадрлар тайёраш тизимини, бу йўналишда ўқув жараёнларини такомиллаштириш юзасидан фикрлашиб олинди.

 

МУҚАДДАССАН – МУҚАДДАС АЁЛ!

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ҳар йили 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами олдидан ижодий учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш ўзига хос анъанага айланган.

Ушбу сана муносабати билан бир гуруҳ олималарнинг Ижтимоий фанлар ва Хорижий филология факультетлари талабалари билан ижодий учрашуви бўлиб ўтди.

– Ҳар бир оиладан тортиб илмий муассасалар, ташкилотлар, умуман бутун жамиятимизда азиз онахонлар, опа-сингиллар, турли соҳа соҳибаларининг ўрни беқиёс эканлигини, Миллий университет олима аёллари, мураббийлари ва иқтидорли талаба-қизлари ҳар бир жабҳада фаоллик кўрсатаётганлари алоҳида таъкидлашни истардим,– деди ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров.– Шуни эҳтиром ила таъкидлаш жоизки, бу қутлуғ даргоҳда таҳсил олган олима аёллардан 120 дан ортиғи яқини фан доктори ва профессор даражасига эришганлар. Иқтидорли талаба-қизларнинг 20 дан зиёди Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, 100 га яқини Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Алишер Навоий номидаги давлат стипендиатлари, кўплаб танловлар ғолиблари, грант соҳибалари эканликлари барча ёшлар қалбида ифтихор туйғусини жўш урдиради. Университет хотин-қизлар қўмитаси қошида ташкил этилган “Зулфияхоним қизлари” клуби яна ўнлаб истеъдод соҳибалари учун кенг имкониятлар яратмоқда. Республика олий ўқув юртлари талабалари ўртасида ўтказиладиган “Универсиада”, “Умид ниҳоллари”, “Талабалар баҳори” каби анжмунлар, фан олимпиадалари ва турли танловларда ҳамиша фаол иштирок этадиган Миллий университет иқтидорли талаба-қизлари фахрли ўринларни эгаллаб келаётганлари билан ҳам ҳарқанча фахрлансак арзийди.

Ижтимоий фанлар факультети профессори, файласуф олим Шодмонқул Азизов тадбир иштирокчиларини самимий қутлар экан, аёллардан пайғамбар чиқмаган бўлса-да улар ўша пайғамбарларни туғиб тарбиялаганларини изоҳлаб берди.

Миллий университетимиз олима аёлларидан Шаҳноза Мадаева, Замира Эшонхўжаева, Ольга Кабзева, Ирода Жўраева, Гулноза Рўзиматова бошқалар мамлакатимизда аёллар, оналар ва истеъдодли қизларга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганини фахр билан таъкидлар эканлар, талаба-қизларга дил сўзларини изҳор этдилар.

Алишер Навоий номидаги опера ва балет катта театри тенор солисти Рустам Алимардонов муҳтарама оналар, муниса опа-сингилларни мадҳ этувчи дилрабо қўшиқлари билан даврага файз киритди.

 

 

ЎзМУ Ахборот хизмати

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: 2271542; +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru