O'zMU » Axborot soatlari » “АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 25-2017

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 25-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (6-11март кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 25-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (6-11март кунлари)

 

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2017

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.nuuz.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР БАЙРАМИГА БАҒИШЛАНГАН УЧРАШУВДАГИ НУТҚИ

Ассалому алайкум, азиз опа-сингиллар! 

Муҳтарам дўстлар!

Аввало, сиз, азизлар билан юртимизга баҳор нафаси кириб келаётган ёруғ кунларда, Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида мана шу муҳташам кошонада учрашиб турганимдан ғоят хурсандман.

Шу қутлуғ айём – 8 март байрами билан сизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун мамлакатимиз аёлларини, муҳтарама онахонларимиз, қадрли опа-сингилларимиз, гўзал қизларимизни чин қалбимдан муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдиришга ижозат бергайсиз.

Барчамиз учун азиз ва мўътабар бўлган аёл зоти ҳақида сўз юритар эканмиз, авваламбор, бизни дунёга келтирган, оқ сут бериб вояга етказган Она сиймоси олдида бош эгиб таъзим қиламиз.

Ер юзида муқаддас деган сўзга энг муносиб зот бу – аввало, Онадир. Халқимиз она сиймосини доимо улуғлаб, ардоқлаб яшайди. Юртимизда оналарни шарафлаб муҳташам ҳайкаллар бунёд этилгани ҳам шундан далолат беради.

Биз Она тимсолида Ватанимизни, унинг гўзал ва бетакрор қиёфасини кўрамиз. “Она Ватан” деган ибора бежиз айтилмаган, бунда чуқур маъно бор. Инсонни инсон қиладиган мана шундай юксак туйғу ва тушунчаларни болаларимиз қалбига ёшлигидан сингдирсак, шоирларимиз, рассомларимиз, санъаткорларимиз оналарни, аёлларни тараннум этадиган янги-янги асарлар яратсалар, нур устига нур бўлур эди.

Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади. Биз, барчамиз қандай касб, қандай лавозимда ишламайлик, қалбимиз, юрагимиздаги жамики эзгу фазилатлар учун сиз, меҳрибон аёллардан умрбод қарздормиз.

Айниқса, сиз, азизларнинг соғлом зурриёд, баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказишдаги ўрнингиз ва хизматингизни ҳеч нарса билан қиёслаб, баҳолаб бўлмайди.

Сизларнинг меҳр-муҳаббатингиз, вафо ва садоқатингиз, фидойилигингиз сабабли ҳаётимиз чароғон. Сизлар туфайли оилаларимизда тинчлик-осойишталик, қут-барака ҳукм сураётгани учун барчангизга ҳар қанча тасанно айтсак, арзийди, албатта.

Қадрли юртдошлар!

Бугунги кунда Ўзбекистон хотин-қизлари ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида ўзларини тўла намоён этиб келмоқда.

Сизлар давлат ва бошқарув идоралари, вакиллик органларида, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик ва фермерлик тармоқларида, ижтимоий соҳаларда самарали меҳнат қилиб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқдасиз.

Бу ҳақиқатни халқимиз, жамиятимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.

Ҳозирги вақтда мамлакатимиз хотин-қизлари орасида 514 нафар фан доктори, 6 нафар академик, 15 нафар Ўзбекистон Қаҳрамони, 17 нафар сенатор, 15 нафар Қонунчилик палатаси депутати борлигини, шунингдек, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 23 фоизидан зиёдини айнан аёлларимиз ташкил этишини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ўнлаб опа-сингилларимиз “Ўзбекистон фан арбоби”, “Ўзбекистон халқ шоири”, “Ўзбекистон халқ ўқитувчиси”, “Ўзбекистон халқ артисти” сингари давлатимизнинг юксак фахрий унвонларига сазовор бўлганлар. Шулар қаторида 240 нафар ёш истеъдод эгаси Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган ва уларнинг сафига бу йил яна 15 нафар иқтидорли қизимиз қўшилмоқда.

Биз бугун ўзининг фидокорона меҳнати, эришган улкан ютуқлари, давлат ва жамоат ишларидаги фаол иштироки, ибратли фазилатлари билан халқимиз ўртасида обрў-эътибор қозонган юзлаб опа-сингилларимизнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз.

Айниқса, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, қишлоқ хўжалиги соҳаси фидойилари Халчахон Мирзаева, Патилахон Эргашева, Сиёсатхон Абдуллаева, маҳоратли педагоглар Манзура Мадалиева, Мавлуда Исматова, Вера Пак, Анора Маҳмудова, Муҳаббат Шаропова, атоқли навоийшунос олимамиз Суйима Ғаниева, устоз шифокорлар Малика Абдуллахўжаева, Ойшахон Қўчқорова, Онесия Саитова, қўли гул ҳунармандлар Муяссар Темирова, Мартия Раҳматова барчага ўрнак ва намуна бўлиб келмоқдалар.

Шулар қаторида таниқли академикларимиз Машҳура Мавлоний, Раъно Убайдуллаева, Сайёра Рашидова, Анна Глушенкова, Муҳаббат Абидова, Ўзбекистон халқ шоиралари Ойдин Ҳожиева, Ҳалима Худойбердиева, Энахон Сиддиқова, Ўзбекистон халқ артистлари Яйра Абдуллаева, Тўти Юсупова, Галина Мельникова, Муножот Йўлчиева, Гавҳар Зокирова сингари аёлларимиз халқимиз орасида маълум ва машҳурдирлар.

Миришкор фермер ва тадбиркорлар Лолахон Муродова, Рашида Ёдгорова, Дилфуза Мусаева, Сарвиноз Шокирова, Зулфия Очилова, Зебихон Рустамова, Райҳон Раҳмонова, Анна Добрих, Зулхумор Эрматова, захматкаш устоз ва мураббийлар Агрепина Шин, Жамила Баймуратова, Валентина Недикова, Тоҳира Исломова, Елена Кучеренко, Сайёра Умарова, жонкуяр маҳалла раислари ва маслаҳатчилари Гулбаҳор Султонова, Марҳамат Мақсудова, Бувинисо Ҳамроева, Гулжаҳон Ибраимова, Феруза Ҳасанова, моҳир шифокорлар Феруза Эрматова, Дилоромхон Тошболтаева каби опа-сингилларимиз самарали меҳнат қилиб, бахт топган инсонлардир.

Ана шундай ҳурматли аёлларимизнинг кўпчилиги бугунги учрашувда иштирок этаётгани даврамизга янада файз бағишлаб турибди.

Бугунги кунда мамлакатимизда илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳаларида меҳнат қилаётганларнинг 72 фоизи – шунга эътибор беринг, 72 фоизи – айнан хотин-қизлардир.

Маҳалла раислари ва фаолларининг аксарият қисмини аёллар ташкил этади. 8,5 мингдан ортиқ опа-сингилларимиз маҳаллаларда диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи сифатида фаол иш олиб бормоқдалар.

Ҳурматли дўстлар!

Барчамизга яхши маълум, ўтган йигирма беш йил мобайнида халқимиз ўта оғир синов ва машаққатларни, турли қийинчиликларни енгиб, улкан ютуқ ва натижаларни қўлга киритди.

Бундай марраларга эришишда оилада, меҳнат жамоаларида, умуман, жамиятимизда энг катта бойлигимиз бўлган тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини сақлаш ва мустаҳкамлашда юртимиз хотин-қизларининг донолиги, сабр-қаноат ва матонати, шукроналик, оилага садоқат каби ибратли хусусиятлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Мана шундай олижаноб, ҳақиқатан ҳам буюк инсоний фазилатларингиз учун сизларга яна бир бор ўз номимдан, эл-юртимиз номидан чуқур миннатдорлик билдиришни ўзимнинг бурчим деб биламан.

Азиз опа-сингиллар!

Ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга бўлган муносабати билан белгиланади.

Бу, албатта, исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.

Шунинг учун ҳам мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шу асосда оналик ва болаликни ҳимоялаш, оила институтини қўллаб-қувватлаш, аёлларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш борасида улкан ишлар амалга оширилди.

Бу ҳақда гапирганда, барчамиз Биринчи Президентимиз, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг аёл зотига, мамлакатимиз хотин-қизларига юксак ҳурмат, доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келганликларини бугун яна бир бор эслаймиз. У кишининг: “Аёл бахтли бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам” деган чуқур маъноли сўзлари амалий ҳаракатларимизда қўлланма бўлиб келмоқда.

Биз ана шу эзгу даъватга амал қилиб, мамлакатимизда бошланган кенг кўламли ишларни янги босқичга кўтаришни ўз олдимизга асосий мақсад қилиб қўйганмиз.

Ўзбекистонимизни янада ривожлантириш бўйича яқинда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси ва унинг узвий қисми бўлган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури авваламбор ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Бизнинг яқин ва узоқ келажакка мўлжалланган сиёсатимизда муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган социал масалаларни ҳал этиш биринчи ўринга қўйилмоқда. Бу одамларни уй-жой билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўладими, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш бўладими, савдо ва транспорт хизмати, электр, табиий газ, ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўладими, болалар боғчалари, янги мактаблар, санъат ва спорт иншоотлари, равон йўллар қуриш бўладими – буларнинг барчаси бўйича биз аниқ дастур ва режаларни ишлаб чиққанмиз ва уларни сўзсиз амалга оширамиз.

Биз жорий йилнинг ўзида қишлоқ жойларда янги намунадаги 15 мингта арзон уй-жой қуришни бошлаб юбордик.

Ана шундай янги уй-жой массивларида зарур инфратузилма тармоқлари, жумладан, 415 километрдан зиёд ичимлик суви, қарийб 300 километр электр, 320 километр табиий газ тармоқлари барпо этилади. Яъни бу уй-жойлар яхлит бир комплекс бўлиб шаклланади. Шунингдек, мамлакатимиз бўйича минглаб километрлик магистрал ва ички йўллар қурилади ва таъмирланади.

Юртимизда аёллар ва ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш мақсадида 2017 йилда тадбиркор аёллар учун 1 триллион сўм, таълим муассасаларини битириб чиқадиган 10 мингга яқин ёшларимиз учун 60 миллиард сўм кредит маблағлари ажратиш кўзда тутилмоқда.

Биз соғлиқни сақлаш соҳасида юқори технологияларга асосланган, ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг ҳудудларда ҳам фаолият кўрсатишига жиддий эътибор қаратмоқдамиз. Бу олис вилоят ва туманларимизда яшаётган аҳолига қандай янги имконият ва қулайликлар туғдиришини, ўйлайманки, тушуниш қийин эмас.

Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикасини оладиган бўлсак, бу ерда Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалида кўп тармоқли болалар клиникаси қурилиши жадал олиб борилмоқда. Бу шифохона яқин келгусида Оролбўйи минтақасидаги болалар саломатлиги бўйича йирик марказга айланади.

Хоразм вилоятида эса Россиянинг А.Бакулев номидаги машҳур клиникаси билан ҳамкорликда юрак-қон томир жарроҳлиги бўйича тиббий марказ қурилиши бошланди.

Айни вақтда Термиз шаҳрида Республика урология, Кўз микрохирургияси ҳамда Гинекология ва акушерлик илмий-амалий марказларининг филиаллари барпо этилади.

Шулар қаторида Қашқадарё вилоятида Республика кардиология ва Эндокринология марказларининг филиалларини бунёд этиш бўйича ҳам амалий ишлар бошлаб юборилди.

Биз қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини, тез ёрдам хизмати, профилактика ва патронаж тизимини янада такомиллаштириш борасида ҳам кенг миқёсда иш олиб бормоқдамиз.

Ўйлайманки, “Инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ” деган эзгу ғояни амалга оширишга қаратилган бундай ишларнинг аҳамиятини халқимиз, авваламбор, сиз, азиз аёлларимиз ҳаммадан кўра яхши тушунасиз.

Мен жойларда бўлиб, халқимиз вакиллари, муҳтарама аёлларимиз билан мулоқотда бўлганимда, уларнинг қувонч ва ташвишлари билан яқиндан танишганимда, турли қийинчилик ва муаммоларга қарамасдан – ҳаёт ўзи ҳеч қачон муаммосиз бўлмайди – опа-сингилларимизнинг орзу-интилишлари, ҳаётга, эртанги кунга катта ишонч билан қараётганини кўриб хурсанд бўламан. Чунки биз ўз олдимизга қўйган улкан мақсад ва вазифаларни амалга оширишнинг энг муҳим шарти, энг асосий замини ҳам аслида халқимизнинг мана шундай ишончидир.

Қадрли опа-сингиллар!

Барчамизга яхши аён, бугунги шиддатли замон, дунёдаги аёвсиз рақобат муҳити биздан жуда катта масъулият ва сафарбарлик билан ишлашни, ҳамма соҳада янгича ёндашувларни талаб этмоқда.

Мана шундай кескин шароитда биз юртимизда тинчлик ва осойишталик, фуқаролар ва миллатлар ўртасида ҳамжиҳатлик муҳитини кўз қорачиғидек асрашимиз зарур. Айниқса, фарзандларимизнинг қалби ва онгини ёвуз хавф-хатарлардан ҳимоя қилишга энг долзарб вазифа, деб қарашимиз керак.

Агар биз таълим-тарбия, маданият ва маънавият соҳасидаги ишларимизни аниқ тизим асосида ташкил этиб, уларнинг самарадорлигини оширмасак, эртанги кунимизни қуролмаймиз, ўз мақсадларимизга етолмаймиз.

Бу борада“Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она”деган шиор доимий кун тартибида туриши лозим. Биз ёшларимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишимиз зарур. Бундай ғоят муҳим вазифани амалга оширишда биз аввало кўпни кўрган кайвони онахонларимизга, маҳалла фаолларига, муҳтарам фахрийларимизга, сиз, азиз опа-сингилларимизнинг ақл-заковатингиз, билим ва тажрибангизга таянамиз.

Оилаларда тиббий, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртларини битириб чиқаётган ёшларимизни, авваламбор, қиз болаларни иш билан таъминлаш давлат идораларининг биринчи галдаги вазифаси бўлиши шарт.

Айниқса, қизларимизнинг саломатлигини асраш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарлар эгаси бўлиб вояга етиши, жамиятда ўз муносиб ўрнини топиши учун биз барчамиз – ота-оналар, жамоатчилик, мутасадди раҳбарлар жавобгарлик ва масъулиятимизни янада кучайтиришимиз зарур.

Нега деганда, қиз бола – бўлғуси оила бекаси, келажагимиз эгасидир. Бугун биз уларга қандай таълим-тарбия берсак, эртага улар янги авлодимизга шундай тарбия беради.

Биз одатда жамиятимиз ҳаётига қарши қаратилган хавф-хатарлар ҳақида гапирганда, кўпинча четдан кирадиган таҳдидларни тушунамиз. Лекин эски замондан қолган айрим салбий ҳолатлар, афсуски, бугунги тинч ва ёруғ ҳаётимизга соя солиб турибди. Лоқайдлик, бир-бирини кўролмаслик, оилада эр-хотин, қайнона-келин, қўни-қўшнилар ўртасидаги келишмовчилик, аёлларга беписанд қараш – бундай ярамас иллатлар бизга, бизнинг халқимизга мутлақо ярашмайди.

Бундай номаъқул ҳолатларни бартараф этиш учун биз ҳар томонлама чуқур ўйлаб, мунтазам равишда иш олиб боришимиз керак. Шу мақсадда биз маҳаллий ҳокимликлар ва ички ишлар тизимини, “Маҳалла” ва “Нуроний” жамғармалари тузилмасини тубдан ўзгартирдик, уларга ёшлар билан ишлайдиган қўшимча штатлар бердик.

Айни шундай ислоҳотларни биз Республика Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг жойлардаги тузилмалари бўйича ҳам амалга оширишни режалаштирганмиз. Қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмалари ваколатларини янада кенгайтириш, уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, опа-сингилларимизнинг меҳнатини муносиб баҳолаш ва рағбатлантириш, бунинг учун янги имтиёз ва имкониятлар тизимини яратиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилмоқда.

Буларнинг барчаси юртимизда хотин-қизларнинг оила ва жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини ошириш, уларнинг ҳаётий манфаатларини янада кенг таъминлаш каби эзгу мақсадларга хизмат қилади.

Мунис ва меҳрибон опа-сингиллар!

Гўзаллик ва нафосат айёми – 8 март байрамини биз ҳар сафар катта қувонч ва ҳаяжон билан кутамиз. Чунки бу қутлуғ айём қалбимизда, юрагимизда сизларга бўлган чексиз меҳримиз, ҳурматимизни изҳор этиш учун яна бир катта имконият беради.

Шу маънода, агарки бу байрам бизнинг ҳаётимизда бўлмаган тақдирда ҳам мўътабар оналаримиз, мунис опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизнинг ҳурмати учун бундай байрамни албатта ташкил этган бўлардик.

Нега деганда, сизларнинг доимо мана шундай очилиб, ҳаётдан, тақдирдан рози бўлиб, яйраб-яшнаб юришингиз учун, сизларнинг бахту саодатингиз учун биз доимо сидқидилдан хизмат қилишга тайёрмиз.

Илоҳим, мана шундай қувончли кунларимиз кўп бўлсин!

Сизларни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, фарзандларингиз, набираларингиз камолини кўришни тилайман.

Ҳамиша соғ-омон бўлинг, азизлар!

 

ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ БУХОРО ВИЛОЯТИГА КЕЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 10 март куни Бухоро вилоятига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари ўзининг сайловолди дастурида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Бухоро вилоятини ҳам ривожлантириш бўйича улкан режаларни баён этган эди. Президентимиз Бухоро вилоятига ташрифи давомида ана шу режалар ижроси, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, истиқболли лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан бевосита мулоқот қилиш кўзда тутилган.

Бухоро асрлар давомида жаҳон цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшиб келган, ҳақли равишда шарифлик мақомига сазовор бўлган муқаддас шаҳарлардан.

Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз раҳнамолигида Бухорода бетимсол бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. «Бухоро маданий маркази», унинг таркибидаги «Қўҳна ва боқий Бухоро» монументи бухороликлар ва вилоятга келувчи сайёҳларнинг севимли масканига айланган.

Сўнгги йилларда бу борадаги ишлар вилоятда янада кенг кўламда амалга оширилмоқда. 2016 йилда вилоят иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатлари таъминланиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 7,9 фоизга ошди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 7,3, қурилиш-пудрат ишлари 9,2, хизмат кўрсатиш 15,2, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 7 фоиз ўсди. Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 67,9 фоизни ташкил этди. Маҳаллийлаштириш дастури асосида 10 лойиҳа амалга оширилиб, 107,8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Вилоятда Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бошланди. Мажмуа таркибига йилига 8,1 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш қувватига эга завод, 114 қазиш қудуғи, 11 махсус майдон ва 4 йиғув пунктини ўз ичига олган табиий газни тўплаш тизими киради. Бундан ташқари, 370 километр газ қувури, 160 километр автомобиль йўли қуриш режалаштирилган бу лойиҳа Ўзбекистон газ конларини ўзлаштиришни янги босқичга кўтаради. Марказий Осиёдаги йирик ишлаб чиқариш мажмуаларидан бири бўлган ушбу заводда 2 мингдан зиёд доимий иш ўрни яратилади.

2016 йил энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Тошкент – Бухоро йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электр поездининг илк қатнови амалга оширилди. Бундан вилоят аҳлининг кўнгли кўтарилиб, эртанги кунга ишончи янада мустаҳкамланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев буюк алломаларимиздан бири Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуини зиёрат қилди.

Эски тузум даврида бу муқаддас маскан хароб бўлиб қолган эди. Истиқлол йилларида миллий, маданий ва маънавий қадриятларимизни, тарихий обидаларимизни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1993 йилда Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллиги муносабати билан мазкур зиёратгоҳ таъмирланди. Мажмуадаги дахмалар, мақбаралар, масжидлар, айвонлар ва мадрасанинг ҳақиқий қиёфаси тикланиб, қутлуғ қадамжога айлантирилди.

Таомилга биноан Баҳоуддин Нақшбанднинг руҳи поки ҳақига Қуръон тиловат қилинди.

Президентимиз мазкур ёдгорлик мажмуасини янада обод масканга айлантириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Бухоронинг жаҳон цивилизацияси ва ислом маданияти ривожига қўшган ҳиссаси беқиёс. Бу заминда кўплаб алломалар таваллуд топган ва яшаган. Уларнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш учун бу ерда Тошкент ислом университетининг махсус факультетини ташкил қилиш керак, деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрида амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари лойиҳалари билан танишди.

Биринчи Президентимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида Бухоронинг марказий кўчаларидан бирига Ислом Каримов номи берилди. Ушбу кўча қиёфасини ўзгартириш, унинг икки томонида замонавий бинолар барпо этиш бўйича 3 йилга мўлжалланган лойиҳа ишлаб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари ушбу кўча Ислом Каримов номига муносиб бўлиши, қурилиш ишларини салоҳиятли пудратчи ташкилотлар бажариши зарурлигини таъкидлади.

Президентимиз Ислом Каримов ва Ибн Сино кўчалари кесишган жойда бунёд этиладиган Универсал спорт мажмуаси лойиҳасини кўздан кечирди.

2018 йилда фойдаланишга топшириладиган ушбу мажмуада 15 спорт тури бўйича мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги мусобақаларни ўтказиш имконияти яратилади. Ундан учта машғулотлар зали, бассейн, теннис корти, 3 минг 500 томошабинга мўлжалланган зал ўрин олади. Мажмуа спортчиларни тайёрлаш, мураббийлар малакасини ошириш, спорт методикаси бўйича намунавий марказ бўлади.

Мажмуада ёзги ва қишки спорт майдонлари қуриш лозимлиги таъкидланди. Вилоятдаги спорт иншоотларини инвентаризация қилиш, уларни муайян спорт турига ихтисослаштириш, оммавийлигини ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Бухоро шаҳрининг Ғиждувон, Баҳовуддин Нақшбанд, Ибн Сино, Навоий кўчаларида 57 та кўп қаватли уй қурилади. 2017-2021 йилларда барпо этиладиган 5, 6, 7 қаватдан иборат бу турар-жойлар аҳолини арзон ва замонавий уйлар билан таъминлаш, турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Президентимиз Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида анъанавий ҳунармандлик устахоналарини жамлаган икки қаватли уйлардан иборат ҳунармандлар мавзесини қуриш лойиҳаси билан танишди.

Бухорода тарихий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойлар жуда кўп. Улар замон талаблари асосида таъмирланиб, сайёҳлар учун зарур шароитлар яратилаётгани натижасида вилоятда туризм изчил ривожланиб бораётир. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада янада кенг имкониятлар яратмоқда.

Президентимиз Бухоро тарихини, қадимий бозорларини тиклаш, ҳунармандлар мавзесига сайёҳларни кенг жалб қилиш, бу ерда кечки сайр имкониятини яратиш, миллий ҳунармандлик анъаналари ва кўнгилочар дастурларни намойиш қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

Истиқлол йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий ва маънавий қадриятларимизни, тарихий обидаларни тиклаш, уларни асраб-авайлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 1997 йил Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан мазкур мажмуа тубдан таъмирланди. Масжиди Калон, Минораи Калон ва Мир Араб мадрасасидан иборат мазкур меъморий ансамбль вилоят аҳолиси ва меҳмонларининг севимли масканларидан биридир.

Давлатимиз раҳбари юртдошларимиз ва мамлакатимизга ташриф буюраётган сайёҳларга янада қулайлик яратиш мақсадида ҳунармандлик расталари, дўконларни қайта қуриш бўйича кўрсатмалар берди.

Бухоро – ҳайрат ва мўъжизалар макони. Ёдгорликлар халқимиз билан тақдирдош. Уларнинг кўпчилиги собиқ тузум даврида шафқатсизларча харобага айлантирилган. Мустақиллик йилларида ушбу обидалар таъмирланди, яна асл қиёфасида жамол очди.

Икки томонда ҳунармандлик дўконлари жойлашган йўлак бўйлаб борар экан, Президентимиз мазкур йўлакларни кенгайтиришни, дўконларни икки қаватли қилиб қайта қуриш лозимлигини таъкидлади.

Иккинчи қаватда ҳунарманд усталар яшаса, биринчи қаватда уларнинг дўкон ва устахоналари жойлаштирилса мақсадга мувофиқ бўлади, деди давлатимиз раҳбари. Бу ерда маҳсулотларни тайёрлаш ва сотиш жараёни уйғунлаштирилиши керак. Рубоб тайёрлаётган устани, гилам ёки газлама тўқиётган ҳунармандни иш устида кўрган ҳар қандай одам завқланади.

Президентимиз ҳунармандлик бозорини тартибга келтиришни, миллий анъаналаримиз акс этган, замонавий расталар қуришни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев Масжиди Калон ва Мир Араб мадрасаларини қайта таъмирлаш бўйича мутассадиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонасини бориб кўрди.

Президентимизнинг «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир», деган сўзлари Халқ қабулхоналарига кираверишда ёзиб қўйилган.

2016 йил 24 сентябрда Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси очилиши жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш имконини берди. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

Мамлакатимизда 2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани бу мақсаднинг мукаммал такомилга етгани, инсон манфаатларини таъминлаш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг янги тизими жорий этилганининг ҳуқуқий пойдевори бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги халқ қабулхонаси замонавий бинода иш бошлади. Бу ерда жисмоний ва юридик шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Қабулхона ҳуқуқий адабиётлар, зарур маълумотлар ва ахборот технологиялари билан таъминланган.

Бухоро шаҳри Иброҳим Мўминов кўчаси, 26-уйда жойлашган қабулхона халқ билан очиқ мулоқот олиб бориш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашга тайёр.

 

ЎЗБЕКИСТОН – ТУРКМАНИСТОН: ЯҚИН ҚЎШНИЧИЛИК ВА ҚАРДОШЛИК РИШТАЛАРИ МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 6-7 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 6 март куни бўлиб ўтди. Давлат раҳбарлари аввал яккама-якка, кейин икки мамлакатнинг кенгайтирилган таркибдаги расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказдилар. Уларда савдо-иқтисодиёт, нефть-кимё, транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги, маданият, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни, Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзоладилар. Икки мамлакат вазирлик ва идоралари ўртасида иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва кимё саноати, темир йўл транспорти, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни, ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар имзоланди.

Ташрифнинг иккинчи куни Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманобод шаҳрига бордилар.

Ушбу шаҳар яқинида Амударёда қурилган Туркманобод-Фараб автомобиль ва темир йўл кўприкларининг тантанали очилиш маросими бўлди.

Автомобиль кўпригининг узунлиги 1600, темир йўл кўпригининг узунлиги 1750 метр. Уларни қуришда туркманистонлик ва украиналик қурувчилар иштирок этган, Германия, Норвегия технологияларидан фойдаланилган.

Президентлар кўприклар олдидаги майдонда ташкил этилган ўзбек ва туркман амалий санъати намуналари, ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмасини кўздан кечирдилар.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мазкур кўприклар халқларимиз дўстлигининг тимсоли бўлиб, нафақат Туркманистон, балки бутун минтақа учун геостратегик аҳамиятга эга эканини қайд этди. Ўзбекистонда ҳам транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилаётгани, хусусан, ўтган йили қурилган Ангрен – Поп темир йўли Марказий Осиёни Хитой билан темир йўл орқали боғлаганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон ва Туркманистон темир йўллари ўзаро интеграциялашиб, қайта тикланаётган Буюк ипак йўлининг муҳим бўғинини ташкил этади, минтақа ривожи ва халқларимиз фаровонлигига хизмат қилади.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон транспорт ва транзит соҳаларини ривожлантириш бўйича ташаббусларни илгари сураётгани, ушбу кўприклар бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси эканини таъкидлади. Қурилиш ишларининг сифати ва аҳамиятини юқори баҳолаб, қурувчи ва пудратчиларга миннатдорлик билдирди.

Давлат раҳбарлари поездга ўтириб, кўприкдан ўтдилар.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов билан видолашув маросимида Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистонда Буюк Йўлбошчимиз хотираси абадийлаштирилишини таъкидлаган эди. Шу мақсадда Туркманобод шаҳридаги марказий кўчалардан бирига Ислом Каримов номи берилди. Ушбу кўчада ёдгорлик мажмуаси барпо этилди ва Биринчи Президентимизнинг бюсти ўрнатилди. Мажмуада Ўзбекистон ва Туркманистон давлат байроқлари акс эттирилган. Уларнинг ёнидаги гранитда Ислом Каримовнинг «Биз қадрлашимиз ва юксалтиришимиз зарур бўлган муҳим бойлик – бу мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишончдир» деган сўзлари ўзбек ва туркман тилларида битилган.

Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов Буюк Йўлбошчимизнинг ушбу ўгитига амал қилиб, мамлакатларимиз ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаб, ўзаро ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда.

Мазкур ёдгорликнинг очилиш маросими бўлди.

Ислом Каримов буюк сиёсатчи, улуғ давлат арбоби, ўз халқини жонидан ортиқ севган ватанпарвар инсон эди, деди Гурбангули Бердимуҳамедов. Ўзбекистоннинг янги ҳаётида дуч келган турли муаммо ва қийинчиликларни оқилона енгиб ўтди. Бутун минтақа тинчлиги ва ҳамкорлигига, жумладан, Ўзбекистон билан Туркманистон алоқалари ривожига улкан ҳисса қўшди. Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш қарзимиз эди. Бугун ушбу вазифани адо этар эканмиз, у кишининг меросини асрашимиз, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашимиз зарур.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирганингиз учун чуқур миннатдорлик билдирамиз, деди Шавкат Мирзиёев. Ислом Каримов буюк давлат арбоби, узоқни кўра оладиган доно сиёсатчи, замонамизнинг ёрқин, улуғ шахсларидан эди. Мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримов Ўзбекистонда кучли давлат барпо этди, жамиятимизни демократия йўлидан изчил ривожлантирди. Шу билан бирга, бутун минтақамизда тинчлик, хавфсизлик ва аҳиллик муҳитини яратишга улкан ҳисса қўшди. Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида қарор топган алоқалар дўстлик, яхши қўшничилик муносабатларининг намунасига айланди.

Президентлар Ислом Каримов ёдгорлик мажмуасига гуллар қўйдилар. Ислом Каримов номидаги кўча бўйлаб сайр қилдилар.

Ўзбекистон ва Туркманистон ҳукуматлари аъзолари, дипломатик корпус, кенг жамоатчилик вакиллари ҳам Биринчи Президентимиз ёдгорлиги пойига гуллар қўйди.

Туркманобод шаҳридаги «Руҳият» саройида Ўзбекистон ва Туркманистон санъат усталарининг концерти намойиш этилди. Бу ўзбек ва туркман халқларининг бир-бирига яқинлигини яққол намоён этди, мамлакатларимизнинг замонавий ва мумтоз санъати билан кенг танишиш учун қулай имконият бўлди.

Сарой фойесида ўзбек ва туркман халқ амалий санъати буюмлари намойиш этилди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга давлат ташрифи якунига етди.

Туркманобод аэропортида Ўзбекистон Президентини Туркманистон Президенти кузатиб қўйди.

Президентимизнинг Туркманистонга ташрифи ва унинг доирасида имзоланган ҳужжатлар, бўлиб ўтган маданий тадбирлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик яхши қўшничилик ва қардошлик тамойиллари асосида ривожланиб бораётганини яққол намоён этди.

 

ЖАҲОН ЧЕМПИОНИГА АЙЛАНГАН ЎЗБЕКИСТОНЛИК СПОРТЧИНИ АРНОЛЬД ШВАРЦЕНЕГГЕРНИНГ ШАХСАН ЎЗИ ТАБРИКЛАДИ

Ўзбекистонлик спортчилар 2-5 март кунлари ҳар йили АҚШнинг Оҳайо штатида бўлиб ўтадиган машҳур Arnold Sports Festival спорт мусобақасида иштирок этишди.Arnold Sports Festival АҚШнинг энг нуфузли спорт фестивалларидан бири саналиб, шахсан Арнольд Шварценеггернинг ўзи бу мусобақани бевосита қўллаб-қувватлаб келади.Шуниси қувонарлики, мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистонлик спортчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, шарафли ўринларни забт этишди.Ҳамюртимиз Фаррух Ниязимбетов Arnold Sports Festival спорт мусобақасининг самбо тури бўйича барча рақибларни ортда қолдириб, фахрли биринчи ўринни эгаллади ва жаҳон чемпионига айланди.

 

ҚЎШНИ ТОЖИКИСТОНГА ИНСОНПАРВАРЛИК ЁРДАМИ

2017 йилнинг бошланиши Тожикистон учун анча қорли келди. Жорий йилнинг январь-февраль ойларида мамлакатнинг тоғли туманларида кузатилган кучли қорлар оқибатида йирик қор кўчкилари содир бўлди. Уларнинг сони Тожикистоннинг бутун ҳудуди бўйлаб 500дан ошди. Афсуски, табиий офат оқибатида нафақат иқтисодий зарар етди, балки инсонлар ҳам ҳалок бўлди.

Тожикистоннинг яқин қўшниси ва қардош давлат бўлган Ўзбекистон ушбу мамлакат ҳукуматининг табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича ёрдам кўрсатиш ҳақидаги илтимосига биринчилардан бўлиб жавоб қайтарди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига кўра, қисқа муддатлар ичида 60 тоннадан ортиқ гуманитар юк шакллантирилди ва Тожикистонга жўнатилди. Озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббиёт буюмлари, қурилиш материаллари, кўмир, иссиқ кийим ва биринчи эҳтиёж учун зарур бошқа товарлар ортилган юк машиналари колоннаси 7 март куни эрта тонгда Сурхондарё вилоятининг Тожикистон билан чегарадош бўлган Узун туманига етиб борди.Гуманитар юкка Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Комил Арипов бошчилигидаги делегация ҳамроҳлик қилди. Бу ерда уларни Узун тумани ҳокимияти вакиллари, ўқув муассасалари ходимлари, ёшлар, меҳнат фахрийлари кутиб олди. Улар Ўзбекистон раҳбариятининг қўшни мамлакатга ёрдам кўрсатиш ҳақидаги ташаббуси ўз вақтида бўлганини қайд этиб, делегацияга оқ йўл тилашди.

Ўзбекистон делегацияси “Сариосиё” чегара пунктидан ўтиб Турсунзода шаҳрига етиб келди. Бу ерда уни Тожикистон Республикасининг фавқулодда вазиятлар бўйича Қўмитаси раиси Назарзода Рустам, қўшни мамлакатнинг бошқа вазирлик ва идоралари вакиллари, шунингдек Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоқосим Шоисломов кутиб олдилар. Керакли ҳужжатлар расмийлаштирилганидан сўнг, юк машиналари пойтахт Душанбега гуманитар ёрдамни тушириш учун йўл олди.Гуманитар юк етказилган Тожикистон Республикасининг давлат харидлари бўйича Душанбедаги озиқ-овқат омборида журналистлар учун қисқа брифинг ўтказилди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари, фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Комил Арипов матбуот вакиллари олдида чиқиш қилиб, бу Ўзбекистон қўшни давлатга оғир пайтларда ёрдам қилаётгани билан боғлиқ биринчи вазият эмаслигини таъкидлаб ўтди. Ўзбекистон уч йил аввал Тожикистонга йирик ҳажмдаги гуманитар юкни жўнатган. К.Ариповнинг таъкидлашича, бу Ўзбекистон минтақа бўйича қўшниларига ҳар доим ёрдам беришга тайёрлигини билдиради.

Ўз навбатида, Тожикистон Республикасининг фавқулодда вазиятлар бўйича Қўмитаси раиси Назарзод Рустам Душанбе қатор давлатлар ва халқаро ташкилотларга мамлакатнинг табиий офатдан жабр кўрган ҳудудларига ёрдам беришни сўраб илтимос қилганини хабар қилди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бу илтимосга биринчилардан бўлиб жавоб берган ҳамда ўз қўшнисига ёрдам қўлини чўзган.

- Тожикистон ҳукумати номидан Ўзбекистон ҳукумати ва раҳбариятига ўз вақтида бизга ёрдам кўрсатилгани учун миннатдорлик билдираман,- дея маълум қилди Н.Рустам.– Ўзбекистон ФВВ ва бошқа идораларининг ажойиб иши катта эътиборга лойиқ. Улар сабаб Тожикистонга гуманитар юк ўз вақтида етказилди. Раҳмат сизга, азиз ўзбек дўстларимиз!

 

АХБОРОТ

2017 йил 10 март куни Қозоғистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси – Хавфсизлик кенгаши котиби В.Жумаканов бошчилигидаги делегация Тошкентда бўлди.

Икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва давлат муассасалари раҳбарлари иштирокида ўтган музокаралар чоғида барқарорлик ва хавфсизликка рахна соладиган замонавий таҳдид ва хатарларга, диний экстремизм, терроризм, ноқонуний миграция ва бошқа хавфларга қарши курашиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.

Музокаралар халқаро ва минтақавий хавфсизликнинг кўплаб масалалари бўйича икки мамлакат позицияси бир-бирига мос ва ўхшаш эканини тасдиқлади.

Юзага келадиган замонавий таҳдид ва хавфларга биргаликда қарши туриш учун ўзаро алоқаларни янада ривожлантиришга доир аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.

Икки давлат кўп қиррали муносабатларни 2013 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома руҳида янада ривожлантиришдан манфаатдор экани таъкидланди.

Икки мамлакатнинг хавфсизлик соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги бутун Марказий Осиё минтақасида барқарорликни мустаҳкамлаш ва минтақанинг изчил ривожланишида муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

В.Жумаканов тадбирни юксак савияда ташкил этгани ва ҳар икки томон учун долзарб масалаларни атрофлича муҳокама қилиш имконияти яратилгани учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди.

 

МЕТРОПОЛИТЕН ХИЗМАТИ ПЕНСИОНЕРЛАР УЧУН БЕПУЛ БЎЛАДИ

2017 йилнинг 15 мартидан бошлаб пенсионерлар Тошкент метрополитени хизматидан бепул фойдаланиши мумкин. Ушбу имтиёз ҳар куни соат 10.00 дан 16.00 га қадар амал қилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлигида ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Мамлакатимизда кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, пенсия таъминоти ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш, ёши улуғ инсонларга давлат хизматлари кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида бу борадаги ишларни изчил давом эттириш, тинч ва обод ҳаётимизни барпо этишга хизмати сингган, хонадонларимизнинг файзи бўлган кексаларимизнинг муносиб умр кечириши учун яратилаётган қулайликларни янги босқичга кўтариш бўйича қатор режа ва мақсадларни баён этган эди.

Президентимиз Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда барча пенсионерларга Тошкент метрополитени хизматларидан ҳар куни соат 10.00 дан 16.00 гача бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилиши тўғрисида таъкидлаганди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 январдаги Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисидаги қарорида Молия вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли «Тошкент метрополитени» унитар корхонаси, Тошкент шаҳар ҳокимлигига пенсионерларни қўллаб-қувватлаш юзасидан қўшимча имтиёз яратиш топшириғи берилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 мартдаги Тошкент метрополитенида пенсионерларни бепул ташиш тўғрисидаги қарори билан отахону онахонларнинг мазкур транспорт хизматидан имтиёзли фойдаланишининг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланди. Унга мувофиқ, метрополитен кассаси операторига пенсия гувоҳномаси кўрсатилгандан кейин бир марталик махсус жетон тақдим этилади. Мазкур жетон билан пенсионер алоҳида ажратилган турникетдан ўтади.

– Таъкидлаш керакки, пенсия гувоҳномасига эга бўлган мамлакатимизнинг барча фуқаролари бу имтиёздан фойдаланишлари мумкин,– дейди «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ўринбосари, «Тошкент метрополитени» унитар корхонаси раҳбари О.Худойқулов.– Яратилаётган янги қулайлик кексаларимизнинг мазмунли ҳаёт кечиришлари ва ҳордиқ чиқаришларига муносиб ҳисса қўшади.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ЎЗБЕКИСТОН ВА ТУРКИЯ 1 МЛРД ДОЛЛАРДАН ОРТИҚ ҲУЖЖАТЛАР ТЎПЛАМИНИ ИМЗОЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов раҳбарлигидаги делегация 2017 йил 26 февралидан 2 март кунигача Туркияга ишчи сафарини амалгаоширган эди.Улар Ўзбекистон ва Туркия давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувида эришилган келишувларни қайта ишлаш ва ҳаётга татбиқ этиш доирасида туркиялик ҳамкорлар билан учрашувўтказишди.Ўзбекистон делегациясини Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Бош вазири Бинали Йилдирим қабул қилди. Туркия раҳбарлари Ўзбекистон билан муносабатлар ривожланиши ҳамда унинг савдо-иқтисодий соҳада ортиб бораётган салоҳиятини юқори баҳолашган.

Жаҳон ахборот агентлигининг хабар қилишича, Ўзбекистон делегацияси Туркия бош вазири ўринбосари, ўзбек-турк савдо-иқтисодий ҳамкорлиги бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг ҳамраиси Туғрул Туркеш, иқтисодиёт вазири Ниҳат Зейбекчи, маданият ва туризм вазири Наби Авжи ҳамда йирик холдинглар, компаниялар ва хусусий сектор вакиллари билан учрашув ўтказган.

Шулар қаторида Ўзбек-Турк бизнес-форуми, «давра суҳбатлари», Истанбул ва Анқарада амалий учрашувлар ташкил этилди. Уларда икки томондан соҳа маъмуриятлари ва компаниялар вакиллари иштирок этишди. Мазкур учрашувлар натижасида 1 млрд АҚШ долларидан зиёд ҳужжатлар тўплами имзоланди.

Томонлар иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш йўналишларини ҳам аниқлаб олишди. Бунинг учун Ўзбекистонда ташкил этилаётган ЭИЗларда улкан имкониятлар мавжуд экани таъкидланди.Шу билан бирга, Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Транспорт коммуникациялари соҳасида ўзаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, Боку-Ахалкалаки-Карс темир йўл линияси икки мамлакатни бевосита боғлайдиган транспорт йўлагини барпо этишдек стратегик масалани ҳал этишга ва савдо-иқтисодий алоқалар ривожига хизмат қилади.

Турли қўшма анжуманлар иштирокчилари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш икки халқ манфаатларига жавоб бериши борасида якдил фикр билдиришди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил ноябрь ойида Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан Самарқандда музокаралар ўтказган эди. Эрдўған ўшанда республиканинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Ўша учрашувда Туркия Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришга муҳим аҳамият бериши таъкидланган эди.

 

ҚИРҒИЗИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ПАРЛАМЕНТНИ ТАРҚАТИБ ЮБОРИШ ТАКЛИФИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАДИ

Қирғизистон президенти «Онугуу-Прогресс» фракцияси етакчиси Бакит Торобаевнинг парламентни тарқатиб юбориш борасидаги таклифини қўллаб-қувватлади. 1 март куни Жогорку Кенеш йиғилишида Омурбек Текебаевнинг ҳибсга олиниши муҳокама қилинган, Торобаев парламентнинг муаммоларни ҳал эта олишини шубҳа остига олганди.«Агар биз ҳеч нарса қила олмасак, парламентни тарқатиш ва янги сайловлар ҳақида эълон қилиш керак»,— деганди халқ депутати.

«У бу гапни ўз тарафдорлари учун гапирди, лекин мен унинг бу таклифини қўллаб-қувватлайман», — деди Алмазбек Атамбаев.

«Ҳурматли депутатлар, айтишганидек, қарға қарғанинг кўзини чўқимайди. Балки, Торобаевни қўллаб тарқалиш керакдир? Унда қонунни ҳурмат қилиб, мамлакат келажагини ўйлаб, халқ учун ишлашда давом этинг, худо ҳаққи! Агар сизга ҳақиқат керак бўлмаса, халққа керак. Агар сизга тинчлик ва барқарорлик керак бўлмаса, бу одамлар учун керак!» — деган Алмазбек Атамбаев.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 

КИТОБДАН БАХТ ТОПГАН АКАДЕМИК

Илк бора қўлига китоб тутган болакай шу қадар бахтга эришишини тасаввур қилганмикин?

Бугун Академиклик даражасига етганида унинг ўша китобга муносабати қай даражада экан?

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Хорижий филология факультетида Академик Бахтиёр Назаров билан ўтказилган учрашувда талабалар бу мавзуда жуда қизиқарли ва сермазмун фикрлардан баҳраманд бўлдилар.

– Ҳаётимни китобсиз тасаввур қила олмайман,– дейди Академик устоз.– Илк бора расмли эртак китобларни варақлаб ҳайратга тушган бўлсак, бугун ҳақиқатга айланган афсоналарни кўриб ҳаяжонланамиз. Болалигимиз кечган давр билан қиёслаганда ҳозир яшаб турган кунларимиз чиндан ҳам афсонага ўхшайди. Демак, бугун китобга ошно бўлган ёшлар келгусида орзу-умидларига, эзгу ниятларига шу қадар эришадики, гўё эртаклар ҳаёт воқелигига айлангандек бўлади. Китоб сеҳри шундайки, ундан ҳаёт йўлингни топасан. Кўп китоб ўқиган зиёли инсон албатта ўзи ҳам китоблар ёзадиган олим ё адибга айланиб қолиши ҳеч гапмас. Талабалар учун қизиқарли туюладиган бир ажиб воқеа: турмуш ўртоғим билан кутубхонада танишганмиз. Ҳозир ҳам асосий суҳбатимиз оилавий кутубхонада давом этмоқда...

Улуғ устознинг ёшлик, талабалик йилларида, сўнг илмий фаолияти давомида китобга қанчалик ошно бўлгани ҳақидаги хотиралари барчада катта қизиқиш уйғотди.

Филология фанлари докторлари, профессорлар Ҳамидулла Болтабоев ва Абди Маматов, ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров, Хорижий филология факультети декани Ирода Жўраева таниқли адабиётшунос олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Назаров ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида сўз юритдилар.

Маърузачилар таъкидлашганидек, устознинг ҳаёт йўли, жўшқин фаолияти ўзи ибрат мактабидир. Зеро, 1966 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) ўзбек филологияси факультетини тамомлаган ёш истеъдод соҳиби меҳнат фаолиятини Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги 36 ўрта мактабда дарс беришдан бошлаган. Сўнг қатор йиллар Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти қошидаги Ўзбек энциклопедияси бўлимида лаборант, илмий муҳаррир бўлиб ишлаган. 1969-1972 йилларда ЎзФА Тил ва адабиёт институти аспирантида таҳсил олган ёш тадқиқотчи “Ўзбекистонда адабий танқиднинг қарор топишида Ойбекнинг роли” мавзуида номзодлик диссертациясини ёқлагач, мазкур даргоҳда кичик илмий ходим, илмий котиб, бош илмий котиб ўринбосари каби масъул лавозимларда фаолиятини давом эттирган.

Ўтган асрнинг сўнгги йиллари қанчалик мураккаб, таҳликали бўлганини яхши биламиз. Ана шу долғали даврда фаолият кўрсатган зиёлилар ҳақида ҳали кўп тадқиқотлар олиб борилса ажабмас. Бахтиёр Назаровнинг жўшқин фаолияти ҳам кўпроқ ана шу даврга тўғри келган. У 1984 йилда “Ўзбек адабий танқидчилиги методологик принципларнинг шаклланиши ва қарор топиши” мавзуида докторлик диссертациясини ҳимоя қилгач, қатор йиллар шу даргоҳда турли лавозимларда ишлаган. 1986-1994 йилларда “Ўзбек тили ва адабиёти” журнали бош муҳаррири, мамлакатимиз учун ғоят мураккаб бўлган давр – 1990-1992 йилларда Ўзбекистон Президенти давлат маслаҳатчиси, 1992-1994 йилларда Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари, 1999-2000 йилларда ЎзФА вице-президенти вазифасини бажарувчи каби масъул лавозимларда фаолият кўрсатган. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Сувон Мели ёзганидек, “Бахтиёр Назаровнинг тоталитар тузум шароитида она тилимизнинг қонуний мақомини тиклашдаги саъй-ҳаракати, меҳнату ғайратини жасорат сифатида баҳолагим келади. Бу ўша пайтда хавфли амал эди, ҳеч бўлмаса амал курсиси учун хавфли амал эди. Шахсан мен, кейинчалик ҳам Бахтиёр Назаров фаолиятида бундай қатъийликни кузатмадим. Бу нарса яна бир бор она тилимизнинг, яратувчилик ва жасорат ато этгич қувватини таъкидлаб тургандек бўлади. Буни мен она тил ато этган жасорат дегим келади”.

Устознинг илмий раҳбарлиги ҳақида атоқли олим Наим Каримов “Олим бўлиш бахти ва машаққати” саравҳали мақоласида шундай ёзади: “Унинг илмий раҳбарлигида 1988-1999 йилларнинг ўзидаёқ 15 та ёш адабиётшунос фан номзоди ва 4 та адабиётшунос фан доктори дипломини олишга муяссар бўлди”. У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси сифатида кўплаб ижодий кенгашлар фаолиятини такомиллаштиришга ҳам самарали ҳисса қўшган. Атоқли адабиётшунос олимнинг кўплаб дарсликлари, ўқув қўлланмалари филология факультетларида ўрганилмоқда. У миллий истиқлол ғояси билан суғорилган, янги типдаги дарсликлар (ўрта мактабнинг 9, 11-синфлари учун «Ўзбек адабиёти», олий мактаб учун «XX аср ўзбек адабиёти тарихи»)нинг муаллифларидан бири.

Бахтиёр Назаровнинг илмий ишлари 20-аср ўзбек адабиёти тараққиёти, хусусан, танқидчилик ва адабиётшунослик методологияси муаммолари, адабиёт назарияси ва адабий алоқа масалаларига бағишланган. Тадқиқотларида Фитрат, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Орипов каби атоқли шоир ва адибларнинг ижодий маҳоратлари кенг тадқиқ этилган. Ойбекнинг 20 жилдли мукаммал асарлар тўпламини нашрга тайёрлашда адабиётшунос олим Бахтиёр Назаровнинг хизматлари алоҳида.

Мана шундай шарафли йўлни босиб ўтиш аслида ҳар бир талабанинг асл орзусидир. Бундай орзуга эришиш учун эса Академик устоздан ибрат олса кифоя!

 

АКАДЕМИК САБОҚЛАРИ

Машҳур кишилар, атоқли олимлар билан суҳбатлашсангиз биринчи галда аввало қайси устозлардан сабоқ олганлари ҳақида фахр билан сўзлайдилар.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида фаолият кўрсатишаётган ёши улуғ математик устозлар бир пайтлар Қори Ниёзий, Тошмуҳаммад Саримсоқов каби алломалардан сабоқ олганларидан фахрланиб сўзласалар, бугунги талабалар шу олий даргоҳда академик Азимбой Садуллаевдан фан сирларини ўрганаётганларидан ғурурланадилар.

Математика факультетида яқинда ўтказилган очиқ мулоқотда академик Азимбой Садуллаев талабаларга ҳаёти ва илмий-педагогик фаолияти ҳақида сўзлаб берар экан, бугунги ёшлар учун илм-фан имкониятлари қанчалик кенгайганини алоҳида таъкидлади.

Мулоқотдан сўнг айрим профессор-ўқитувчи ва талабаларнинг фикрларини қоғозга – тушурик.

Шоҳруҳ Ибрагимов, Математика факультети 3-курс талабаси:

– Ўтган йили 1-6 март кунлари Кипр давлатидаги Протарас шаҳрида дунёдаги қатор мамлакатларнинг университетлари талабалари ўртасида математика фани бўйича ўтказилган 10-халқаро “SEEMOUS 2016” олимпиадасида ҳамкурсим Ҳакимбой Эгамберганов иккимиз 2 та олтин медаль қўлга киритиб, халқаро олимпиада ғолиби бўлган эдик. 20 дан ортиқ мамлакатнинг 43 та университетидан 150 дан ортиқ энг иқтидорли талабалар иштирок этган мазкур нуфузли халқаро олимпиадада Миллий университетимиз жамоаси ғолиблик шоҳсупасида биринчи ўринни эгаллагани барчамизнинг қалбимизга ғурур бахш этган. Бундай ютуқларга эришишимизда академик Азимбой Садуллаев каби улуғ устозларимизнинг сабоқлари бизга қанот бахш этган.

Сардор Бозорбоев, Математика факультети 3-курс талабаси:

– Бадиий ижод билан шуғулланадиган айрим тенгдошларимиз биров бировга ёзиш сирларини ўргата олмайди, дейдилар. Математика фани сирларини эса биз аввало устозлардан ўрганамиз. Академик устозимиз Азимбой Садуллаев мураккаб мисол ва масалалар ҳақида сўз юритар эканлар, уларнинг ечимларини топишни шу қадар теран ўргатадики, кейинги гал шундай ечимларни ўзимиз осонгина топа оладиган бўламиз.

Насриддин Жабборов, Математик анализ кафедраси мудири:

– Академик Азимбой Садуллаев нафақат талабаларнинг, балки ёш ўқитувчи ва мураббийларнинг ҳам ардоқли устозидир. Устознинг илмий фаолияти “Кўп комплекс аргументли функциялар назарияси”га бағишланган бўлиб, америкалик олимлар билан билан ҳамкорликда янги йўналиш – Комплекс потенциаллар назарияси асосини яратган. Бу йўналиш ҳозирги кунда кўп комплекс аргументли функцияларни голоморф давом эттириш, рационал функциялар билан яқинлаштириш каби масалаларни ҳал қилишда кенг қўлланилмоқда. Математика фанида бундай масалалар ечимини топишда ҳурматли устозимиз ўзига хос мактаб яратгани ёш педагог ходимларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров, Математика факультети декани Аброр Худойбердиев академик олимнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида сўз юритар эканлар, устоздан ибрат олиб камолга етиш ҳар бир талаба учун шараф бўлмоғи лозимлигини алоҳида таъкидладилар.

Бўлғуси математиклар мулоқот давомида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

 

КИТОБХОН ТАЛАБАЛАР ТАНЛОВИ

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишининг ижросини таъминлаш мақсадида таълим муассасаларида турли кўрик-танловлар, ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ўтказилган «Китобхон талаба» кўрик-танлови шулардан бири. Унда 50 нафардан зиёд талаба «Китоб – тафаккур хазинаси», «Энг фаол бадиий асарлар тарғиботчиси», «Асарлардан видеолавҳалар», «Ижодкор талаба», «Асарлардан яралган наволар» йўналишлари бўйича ўзаро баҳслашди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамкорлигида ташкил этилган танловда шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат намояндалари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Университет проректори Д.Жумабоев, шоира Қ.Раҳимбоева ва бошқалар давлатимиз томонидан адабиётни, китоб маҳсулотлари чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш, ижодкорлар ва китобхонлар ўртасидаги мулоқотни жонлантиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Танловда китобхонликнинг бугунги аҳволи ва муаммолари, китоб ва китобхонлик маданияти, электрон кутубхоналар ва хизмат кўрсатишнинг инновацион йўналишлари хусусида ҳам фикр алмашилди.

Университетнинг журналистика факультети биринчи курс талабаси Зулхумор Орифжонова танловнинг «Энг фаол бадиий асарлар тарғиботчиси» йўналиши бўйича муваффақиятли иштирок этди. У Тоғай Мурод қаламига мансуб «Отамдан қолган далалар» асарининг ёш авлод тарбиясидаги ўрни, бадиий аҳамиятини кенг жамоатчилик олдида тарғиб этди.

– Бу танлов нафақат ўзбек адабиёти, балки жаҳон адабиётининг нодир дурдоналарини ўқиб, мутолаа қилишга, тенгдошларимизга етказишга ундайди, – дейди хорижий филология факультети талабаси Носир Шербоев. – Мен «Китоб – тафаккур хазинаси» эсселар танлови йўналишида иштирок этдим. Чингиз Айтматовнинг «Оқ кема» асари асосида эссе ёздим. Асарда ҳаёт мураккабликлари, инсон ва табиат муносабатлари, эзгулик ва ёвузлик кураши юксак маҳорат билан тасвирланади. Бу асарнинг ёш авлод тарбиясидаги аҳамияти жуда катта. Эсседа асарнинг бадиий талқини, мазмун-моҳияти, адиб айтмоқчи бўлган яхлит тушунчаларни ёритишга ҳаракат қилдим.

Танловда ғолибликни қўлга киритган талабаларга эсдалик совғалари топширилди.

 

ҲАШАР ЭЛИМИЗГА ЯРАШАР

Эрта тонгдан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети узра оҳанграбо куй-қўшиқлар таралиб, гўё барчани ҳашарга чорлай бошлади.

Университет профессор-ўқитувчилари, ходимлари, серғайрат талаба-ёшлари енг шимариб ишга киришдилар.

Қизлар дераза-эшикларни артиб-тозалаб, теварак-атрофни супириб саришта қилсалар, азамат йигитлар етилиб қолган ерларни чопиб, эрта-индин кўчатлар ўтқазишга ҳозирлай бошладилар.

Университет бош майдонидан Тарих факультети биносигача чўзилган йўлак бўйлаб асфальт ётқизиш ишлари ниҳоясига етай деб қолди.

Энг муҳими, ҳашар ғоят кўтаринки руҳда, уюшқоқлик билан ўтмоқда.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилаётган умумхалқ ҳашарида университетимиз жамоаси фаол иштирок этмоқда,– дейди ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев.– Ўқув бинолари, талабалар турар-жойлари, спорт иншоотлари теварак-атрофлари, йўлаклар, хиёбонлар ободонлаштирилди, юзлаб дарахтларга ишлов берилди. Бу хайрли ишлар эртага ҳам давом этади.

Ҳашарда университетнинг барча факультетлари мураббийлари, ходимлари ва талабалари фаоллик кўрсатмоқда.

 

ЎзМУ Ахборот хизмати

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: 2271542; +99890 9120963.

Электрон почта:tueshbek@mail.ru