O'zMU » Axborot soatlari » “АХБОРОТ СОАТЛАРИ”

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ ПРЕЗИДЕНТИ ДОНАЛЬД ЖОН ТРАМП ЖАНОБИ ОЛИЙЛАРИГА

Муҳтарам Президент Жаноблари!

Сизга ва Сизнинг тимсолингизда бутун Америка халқига янгиланиш, фаровонлик ва уйғониш фасли бўлган Наврўз байрами муносабати билан йўллаган самимий табрик ва эзгу тилакларингиз учун чин дилдан миннатдорлик изҳор этаман.

Сизнинг шахсий муносабатингизни юксак қадрлайман, Ўзбекистон Республикаси билан Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, хусусан, мамлакатларимиз бизнес доираларининг яқин алоқаларини тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

Ўзбекистон билан Американинг стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, айниқса, минтақавий ва халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги долзарб масалалар бўйича ёндашувларимизнинг муштараклиги мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли муносабатларни изчил ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилишига ишонаман.

Биз амалга ошираётган чуқур ва кенг кўламли ислоҳотларни юксак эътироф этганингиз учун Сиздан миннатдорман. Биз фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлаш, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва аҳоли ҳаёт даражасини тубдан ошириш бўйича танлаган йўлимизни қатъий ва изчил давом эттирамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз, Жаноб Президентга мустаҳкам сиҳат-саломатлик ва давлат раҳбари сифатидаги фаолиятингизга улкан муваффақиятлар, Америка Қўшма Штатлари халқига тинчлик, хотиржамлик ва фаровонлик тилайман.

Самимий ҳурмат билан,

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ЖАНОБИ ОЛИЙЛАРИГА 

Муҳтарам Президент Жаноблари!

Америка халқи номидан Сизни, оилангизни ва бутун Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан табриклаш, бахт-саодат ва фаровонлик тилаш менга катта мамнуният бағишлайди. Ушбу янгиланиш ва уйғониш айёмини Сизлар билан бирга кўплаб америкаликлар ҳам нишонлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганингиздан сўнг Сизнинг раҳбарлигингизда мамлакатнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва тараққиёт жараёни бизни ҳам мамнун этмоқда.

Америка халқи ва бизнес вакиллари Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришнинг янги йўналишлари бўйича изланмоқда. Наврўз муборак !

Самимият билан,

Дональд Трамп,

Америка Қўшма

Штатлари Президенти

 

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ «ГАЗПРОМ» КОМПАНИЯСИ БОШҚАРУВИ РАИСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 март куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Россиянинг «Газпром» компанияси бошқаруви раиси Алексей Миллерни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, мамлакатларимиз ўртасида нефть-газ соҳасида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик юксак даражада ривожланаётганини мамнуният билан қайд этди.

Бугунги кунда дунёдаги етакчи энергетика компанияларидан бири бўлган «Газпром» Ўзбекистонда геология-қидирув ишларини олиб бориш ва истиқболли углеводород конларини ўзлаштириш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишда, шунингдек, табиий газни экспортга етказиб беришда фаол иштирок этмоқда.

Россиянинг ушбу компанияси билан ҳамкорликда Устюртда ўтказилган кенг кўламли геология-қидирув тадқиқотлари натижасида "Жел" газ конденсати кони очилди. "Шахпахти" кони биргаликда ўзлаштирилмоқда. Ҳозиргача у ердан 3,5 миллиард куб метр газ қазиб олинган. Бундан ташқари "Газпром" Ҳисор ҳудудида конларни ўрганиш ва ўзлаштириш, қўшимча нефть газларини утилизация қилиш, шунингдек, мамлакатимизнинг тармоқдаги етакчи лойиҳа институти бўлган "ЎзЛИТИнефтгаз» фаолиятини ривожлантиришга доир лойиҳаларни амалга оширишда ҳам иштирок этмоқда.

Учрашувда Ўзбекистонда нефть-газ соҳасини ривожлантириш, жумладан, 2017-2021 йилларда углеводород қазиб олишни кўпайтириш дастури доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилди.

Мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида ўзаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

"Газпром" компанияси бошқаруви раиси Алексей Миллер Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ва ҳамкорликдаги лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди, Ўзбекистон Республикаси билан кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.

 ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ НАВОИЙ ВИЛОЯТИГА КЕЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 28 март куни Навоий вилоятига келди.

Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз раҳнамолигида Навоий вилоятида бетимсол бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Навоий вилояти ҳақида гап кетганда, аввало, унинг меҳнаткаш халқи, ер ости ва ер усти бойликлари, улкан иқтисодий салоҳияти кўз олдимизда намоён бўлади. Мамлакатимизнинг йирик саноат ҳудуди ҳисобланган ушбу вилоятда кончилик, металлургия, кимё, энергетика, қурилиш материаллари, пахта тозалаш, озиқ-овқат саноати изчил ривожланмоқда.

Ҳозирги кунда вилоятда 17 йирик саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Навоий кон-металлургия комбинати, “Навоийазот”, “Қизилқумцемент”, “Навоий иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятлари ва “Электркимёзаводи” қўшма корхонаси шулар жумласидандир. “Навоий” эркин иқтисодий зонасида 18 корхона фаолияти самарали йўлга қўйилган бўлиб, улар томонидан 100 дан ортиқ турдаги рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

2016 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган изчил ишлар самарасида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 10 триллион 5 миллиард сўмни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўтган йилга нисбатан 5,9 фоиз, жумладан, ҳудудий саноат маҳсулотлари 15,4 фоиз, халқ истеъмоли моллари 12, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 7,1, қурилиш ишлари 9,3, чакана савдо айланмаси 15,1, умумий хизматлар 15,5 фоизга ошди.

Вилоятда ўтган йили 866 янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 611,9 миллиард сўм кредит ажратилди. 2,8 триллион сўм капитал қўйилмалар ўзлаштирилди. Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати 229 миллиард сўмликдан ортиқ лойиҳалар амалга оширилиб, 9 минг 500 дан зиёд янги иш ўрни яратилди.

Давлатимиз раҳбари ўзининг сайловолди дастурида Навоий вилоятини ривожлантириш бўйича улкан режаларни баён этган эди. Президентимиз Навоий вилоятига ташрифи давомида ана шу режалар ижроси, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, истиқболли лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан бевосита мулоқот қилиш кўзда тутилган.

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ НАВОИЙ ИССИҚЛИК ЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИНИ КЕНГАЙТИРИШ ЛОЙИҲАСИ БИЛАН ТАНИШДИ 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Навоий иссиқлик электр станциясини кенгайтириш лойиҳаси билан танишди.

Қуввати 450 МВт бўлган иккинчи буғ-газ қурилмасини қуриш Навоий тоғ-кон металлургия комбинати, “Навоийазот” акциядорлик жамияти ва ҳудуддаги қишлоқ хўжалиги истеъмолчиларини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш имконини беради.

Лойиҳани амалга ошириш натижасида 1 кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун шартли ёқилғининг сарфи камайиши ҳисобидан бир йилда ўртача 330 миллион куб метр табиий газ тежалади. Бугунги кунда вилоятда амалга оширилаётган йирик иқтисодий лойиҳалар кўламини кенгайтиришда электр энергияси узлуксизлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади, деди давлатимиз раҳбари.

Япониянинг “Mitsubishi Corporation and MHPS” консорциуми ва Навоий иссиқлик электр станцияси ўртасида 2016 йил октябрь ойида мазкур лойиҳани амалга оширишга доир шартнома имзоланган эди. Ҳозирги кунда “Mitsubishi Corporation and MHPS” консорциуми қурилиш майдонида мобилизация ва ер ишларини олиб бормоқда.

Бу ерда 112 иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Президентимиз Қизилтепа туманидаги Тошработ маҳалласига ташриф буюриб, вилоятда енгил саноатни ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар билан танишди.

Навоий вилоятида пахта толасини чуқур қайта ишлаш ва жаҳон бозори талабларига мос экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, аҳоли учун янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Миллий банк кредити ҳисобига Навоий шаҳрида “Бахт текстиль”, “Бахт Навоий”, Қизилтепа туманида “Тошработ текстиль” ва Навбаҳор туманида “Навбаҳор текстиль” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан замонавий ва энерготежамкор технологик ускуналар асосида сифатли ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Умумий қиймати қарийб 70 миллион долларни ташкил этувчи ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий инвесторлар ҳам жалб этилмоқда. Корхоналарга Швейцариянинг “Ритер” компаниясида ишлаб чиқарилган юқори самарадорликка эга замонавий дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилади.

Лойиҳа амалиётга татбиқ этилгач, вилоятдаги пахта толаси тўлиқ қайта ишланади, ип-калавадан тайёр мато ишлаб чиқариш 70 фоизга, турли матолардан трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқариш 50 фоизга етади. Йилига 7,6 минг тонна сифатли ип калава ишлаб чиқариш қувватига эга “Бахт текстиль” корхонаси маҳсулотларининг 80 фоизини экспортга йўналтириш мўлжалланмоқда.

Президентимиз мазкур лойиҳалар билан танишар экан, ҳудудларда етиштирилаётган пахта толасини ўша ернинг ўзида қайта ишлаш тадбиркорларга кенг қулайликлар яратиб, харажатларнинг қисқариши, аҳолининг даромади ошишига хизмат қилишини таъкидлади. Пахта толасидан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини босқичма-босқич ошириб бориш, тармоқдаги мутахассислар салоҳиятини кучайтириш, шу билан бирга, коллеж битирувчиларини ишга жалб этиш бўйича зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбари Кармана туманидаги “Камилла груп” масъулияти чекланган жамиятида Италия технологияси асосида тайёр чарм ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини кўздан кечирди.

Ушбу лойиҳа ишга тушгач, йилига 20 миллион квадрат дециметр тайёр чарм ишлаб чиқариш ва 3,2 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш имкони пайдо бўлади. Корхонада 40 иш ўрни яратилади.

Президентимиз ушбу лойиҳаларнинг самарадорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратди. Вилоятда саноат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва уни қайта ишлашни кенгайтириш пировард натижада халқимизнинг турмуш даражасини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

 

АТОҚЛИ ДАВЛАТ АРБОБИ ВА ЁЗУВЧИ ШАРОФ РАШИДОВ ТАВАЛЛУДИНИНГ 100 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Республикамизни жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқариб, юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидовнинг ёрқин хотирасини улуғлаш ҳамда таваллудининг100 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Нуроний” жамғармаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва жамоатчилик вакилларининг халқимизнинг оташқалб фарзанди Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини мамлакатимиз миқёсида кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарорига мувофиқ Жиззах вилояти Жиззах туманига Шароф Рашидов номи берилгани маълумот учун қабул қилинсин.

3. Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита деб аталади) таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Ташкилий қўмита бир ой муддатда Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин.

Ушбу режада:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ва Жиззах вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида унинг хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуасини барпо этиш ва ҳайкалини ўрнатиш;

халқимиз, айниқса, ёш авлодимизни атоқли давлат арбоби ва адиб Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида Жиззах шаҳрида унинг мемориал уй-музейини ташкил этиш ва музей ҳудудини ободонлаштириш;

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан адибнинг “Сайланма” китобини;

Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Халқимизнинг оташқалб фарзанди” номли хотира китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;

Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва ижтимоий-ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш;

Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази билан ҳамкорликда “Шароф Рашидовнинг Ўзбекистон тарихида тутган ўрни” мавзусида илмий конференция ўтказиш;

мамлакатимиздаги олий, ўрта махсус, касб-ҳунар ва умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида хотира тадбирлари ташкил этиш;

2017 йил ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Жиззах ва Тошкент шаҳарларида Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира кечасини ўтказиш тадбирлари назарда тутилсин.

5. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 27 март

 

ЎЗБЕКИСТОН ВА ПОЛЬША ПРЕЗИДЕНТЛАРИ БИР-БИРЛАРИНИ ҚУТЛАДИЛАР

Ўзбекистон Республикаси ва Польша Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Польша Президенти Анжей Дуда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга табрик йўллаган.

Польша Президенти қутловида бундай дейилади: "Мамлакатларимиз ўртасида самарали муносабатлар йўлга қўйилганини мамнуният билан таъкидламоқчиман. Польша Ўзбекистонни Евроосиё минтақасидаги муҳим шерик, деб билади ва мустақиллик йилларида Ўзбекистон эришган улкан ютуқларни ҳурмат қилади. Сизнинг раҳнамолигингизда Ўзбекистоннинг яқин қўшнилари билан алоқалар бўйича амалга оширилаётган янгича сиёсатни диққат билан кузатиб бормоқдамиз. Бундай яқин қўшничилик сиёсати Марказий Осиё минтақасидаги барқарорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга".

Президент Анжей Дуда Польшада икки томонлама иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини ва бу борада улкан имкониятлар мавжудлигини таъкидлаган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қутловида "Ўтган даврда икки давлат ўртасида мустаҳкам дўстлик ва ўзаро англашув анъаналарига асосланган амалий муносабатлар ўрнатилган"и алоҳида таъкидланган.

Давлатимиз раҳбари "Ўзбекистон Польша билан сиёсий-дипломатик, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, савдо, қишлоқ хўжалиги, инвестиция ва инновациялар, туризм ҳамда бошқа кўплаб йўналишлар бўйича аниқ дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш тарафдори" эканини қайд этган.

Ўзбекистон Президенти мамлакатларимиз бундан буён ҳам "Ўзбекистон билан Польша ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштириш, ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва ишонч принциплари асосида янада мустаҳкамлаш борасида ҳамкорликни давом эттириши"га ишонч билдирган.

 

«УРА-УРАЧИЛИК ЗАМОНИ ЎТДИ». ПРЕЗИДЕНТ ТЕЛЕВИДЕНИЕ ҲАҚИДА 

30 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев белгиланган вазифалар ижроси, тизимдаги муаммолар ва соҳаларнинг ривожланиш истиқболларига бағишланган видеоселектор ўтказди. Мажлисда президент телевидение фаолиятига тўхталган. Телевидение фаолияти танқид қилинган ва тизимни ўзгартириш кераклиги таъкидланган. Бу соҳада аҳвол «эски ҳаммом, эски тос» бўлиб қолаётгани айтилган. «Ўзбекистон» ва «Ёшлар» телеканали номлари тилга олиб ўтилган.

«Ура-урачилик замони ўтди. Телевизорда танқидий ва таҳлилий материаллар бериш керак. Одам кўрсатувларни соғиниб кутиши керак. «Ахборот» кўрсатувини ўзгартиришимиз керак», деган президент.

 

ГУЛИСТОНДА ИСЛОМ КАРИМОВ НОМИ БЕРИЛГАН КЎЧА ПАЙДО БЎЛДИ 

Гулистон шаҳридаги «Мустақиллик» кўчасига Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов номи берилди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимияти ахборот хизмати хабар берди. Ўзбекистон Республикасининг «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Қонунининг 10-моддасига ҳамда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддасига асосан Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгаши сессияси ўзининг 2017 йил 10 мартдаги қарори билан Гулистон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича шаҳар комиссиясининг баённомасига асосан шаҳарнинг Намуна, Сайқал ва Шодлик маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларидан ўтадиган «Мустақиллик» кўчасининг номини Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов номи билан қайта номлаш тўғрисидаги комиссия қарорини тасдиқлади.

Мутасадди ташкилотларга қайта номланган кўчанинг номини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш, белгиланган тартибда замонавий кўринишда, лотин ёзувида, пешлавҳаларга ёзиб, ўрнатиш ишларини ташкил этиш вазифаси топширилди.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

АҚШ ҚРИМ ҚАЙТАРИЛМАГУНЧА РОССИЯДАН САНКЦИЯЛАРНИ ОЛМАЙДИ 

АҚШ Қрим Украинага қайтарилмагунча Россиядан санкцияларни олмайди, деб айтди АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон. "Украинанинг АҚШ ва НАТО томонидан қўллаб-қувватланиши барқарор қолмоқда. Биз ҳар бир вазирлар учрашуви ва саммитда қайтарганимиздек, Россия Украинага қарши тажовузкор кампанияни бошлаганидан бери НАТО иттифоқдошлари Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлаб келадилар", деб айтган Тиллерсон НАТОга кирувчи давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Брюсселдаги учрашувида. Унинг айтишича, АҚШ Россиядан Минск келишувлари бажарилишини талаб қилишда давом этади.

Аввалроқ АҚШ Давлат департаменти вакили Марк Тонер АҚШнинг Россияга Қримни қўшиб олгани сабабли киритган санкциялари у яриморол устидан назоратни сақлаб қолгунича амал қилишини айтган.

 

«ЗЕНИТ-АРЕНА»НИ ҚУЛЛАР ҚУРИШМОҚДА». ЕВРОПА МАТБУОТИ НАВБАТДАГИ МОЖАРОЛИ МАҚОЛА ЧОП ЭТДИ 

Норвегиянинг Josimar журнали «Санкт-Петербург қуллари» номи остида мақола чоп этилди. Унда шаҳарда қад ростлаётган стадион ишчилари ҳақида гап боради. Мақолада ёзилишича, Крестовский оролидаги стадион қурилишида шимолий кореялик 110 нафар меҳнат муҳожири ишламоқда. Уларнинг кўпчилигида ҳеч қандай ҳуқуқ йўқ. Бир нафар ишчи эса вафот этган.

Ишчилар қурилиш вақтида стадион яқинидаги омбор контейнерларида яшашган. Ноябрь ойида уларнинг бири ўлик ҳолда топилган. Ўлим сабаби юрак хуружи бўлган. ФИФА суриштирув олиб боришни ваъда қилган, аммо ҳозирча унинг натижаларини эълон қилмаган.

Ишчилардан бири суҳбатга тортилганда, улар эрталаб соат 7:00 дан тунги 00:00гача ишлашларини айтган. Уларда дам олиш куни йўқ, маошларининг 90 фоизини КХДР ҳукумати олишини билдирган.

Таъкидланишича, аренада КХДРда амал қилинадиган қулдорлик тизимидан фойдаланилмоқда. Кўпчилик ишчиларни ўртадаги воситачи фирмалар билан 10 йиллик шартномаси бор. БМТ маълумотига кўра, мамлакат бу ишчиларнинг меҳнати орқали йилига 2 млрд доллар ишлаб топади.

 

ЯДРО ҚУРОЛИ БУТУНЛАЙ ТАҚИҚЛАНАДИМИ? 

Ядро қуролини глобал тақиқлаш бўйича музокаралар бундай қуролга эга давлатларнинг иштирокисиз мумкин эмас, деб маълум қилди Япония ТИВ раҳбари Фумио Кисида. "Улар (музокаралар) нафақат ядро қуролисиз дунёни яратишга ёрдам бермайди, балки ядро давлатлари ҳамда ядро қуролига эга бўлмаганлар ўртасида можаролар янада чуқурроқ авж олишига туртки бериши мумкин", - дея Кисиданинг сўзларини келтиради Киодо агентлиги.

Вазирнинг таъкидлашича, Япония атом бомбардимонига учраган ягона қурбон-давлат сифатида ядро қуролидан воз кечиш бўйича ҳаракатларни давом эттиради. БМТда ядро қуролини бутунлай тақиқлаш ҳақидаги конвенцияни ишлаб чиқишга оид анжуман 27 март куни очилди. АҚШ доимий вакили Никки Хейлининг маълум қилишича, деярли 40та давлат, улар орасида Россия ва Хитой ҳам бор, музокараларда иштирок этмайди. Маълумот учун, айни дамда ядро қуролига саккизта мамлакат эга – Россия, АҚШ, Хитой, Буюк Британия ва Франция, шунингдек Ҳиндистон, Покистон ҳамда Шимолий Корея.

 

ТУРКИЯ ЯҚИН ОРАДА СУРИЯДАГИ ҚЎШИНЛАРИНИ ОЛИБ ЧИҚМАЙДИ

Суриядаги маҳаллий кучлар назоратни ўз ихтиёрларига олмагунча, турк қўшинлари ушбу араб давлатида қолади. Туркия ТИВ раҳбари Мавлут Чавушўғли шундай баёнот берди. Туркия армияси 2016 йил 24 август ойидан ИШИД террорчиларига қарши "Фрот қалқони" ҳарбий амалиётини ўтказиб келади. У Сурия мухолифати билан ҳамкорликда Сурия шимолидаги Жараблус чегара шаҳрини эгаллади. Кейинроқ, Ал-Боб турклар назоратига ўтди. 29 март куни Туркия бош вазири Бинали Йилдирим амалиётнинг муваффақиятли якунлангани ҳақида баёнот бериб, зарур бўлиб қолганда, янги амалиёт ўтказилиши ҳақида ҳам маълум қилинишини айтганди. Чавушўғли, шунингдек, АҚШнинг суриялик курдлар ўзини-ўзи мудофаа қилиш кучлари билан ҳамкорлик қилаётгани юзасидан Анқара хавотирларини билдирган эди. Туркия раҳбарият курд кучларини Курдистон ишчи партияси билан алоқадор террорчилик ташкилоти деб билади.

 

АҚШ СУРИЯЛИК КУРДЛАРГА ҚУРОЛ-АСЛАҲА ЕТКАЗИБ БЕРДИ 

Сурияда ИШИД террорчилик гуруҳига қарши курашаётган курд ва араб отрядларига АҚШда ишлаб чиқарилган қурол-аслаҳа етказиб берилди. Қурол-аслаҳа ИШИДнинг Суриядаги "пойтахти" деб ҳисобланувчи Раққага ҳужум олдидан етказилди. Қурол-аслаҳа ортилган транспорт карвони Сурия шимолига Ироқ Курдистонидан етиб келган. Карвонни бир нечта зирҳли машиналар ва америкалик ҳарбийлар қўриқлаб борган, деб хабар бермоқда "Рудау" курд телеканали. Телеканал маълумотларига кўра, бу АҚШ суриялик лашкарларга юбораётган иккинчи қурол-аслаҳа партиясидир. Биринчи партия январда етказилган. Ўшанда курд отрядларига 10 та зирҳли машина берилган. Раққани озод қилиш бўйича операция яқин кунларда бошланиши кутилмоқда. Бу ҳақда 24 март куни Франция мудофаа вазири Жан-Ив Ле Дриан маълум қилганди.

 

ИВАНКА ТРАМП ОТАСИНИНГ ОЛДИДА ИШЛАЙДИ 

Иванка Трамп расман АҚШ президенти маслаҳатчиси лавозимини эгаллади.

АҚШ президентининг қизи Иванка Трамп Оқ уй раҳбарининг маслаҳатчиси расмий мақомига эга бўлди. Бу АҚШ тарихида давлат раҳбарининг яқин қариндоши унинг маслаҳатчиси этиб тайинланганига мисол бўлувчи илк ҳодиса. Бу йил ҳукуматдагиларга қариндош-уруғларини лавозимларга жойлаштиришни тақиқловчи махсус қонун қабул қилинганига 40 йил бўлади, бироқ қонун АҚШ президентига таъсир қилмайди.

Отасининг сайловолди кампанияси даврида унга ёрдам берган Иванка Трамп энди расман президент маслаҳатчиси ҳисобланади. Оқ уйнинг ўзи бу ҳақда расман хабар тарқатган. Энди Америка президентининг қизи унинг мамлакат раҳбарияти билан йиғилишларида ҳамроҳ бўлади, бунинг учун унга махсус рухсатнома ҳам берилади. Иванка Трампнинг айтишича, у "барча федерал хизматчилар бўйсунувчи қоидаларга амал қилиш учун" Оқ уйнинг ходимаси бўлган. Трамп хонимнинг айтишича, у бу ишида текинга ишлаб беради. Ўзининг янги роли мисли кўрилмаган воқеа бўлишини ҳам у алоҳида қайд этиб ўтди.

Президентнинг фарзандлари Оқ уйда расмий иш бошлагани АҚШнинг энг янги тарихида шу пайтгача учрамаган эди. Бироқ, экспертлар Трамп президентлигининг ўзи ҳам одатдагидан ўзгача, дея баҳолашмоқда, чунки у президентлик маъмуриятининг кўплаб ёзилмаган қонунларини мудом инкор этиб келмоқда.

The New York Times газетасининг ёзишича, Иванка Трампнинг бу лавозимга тайинланиши "Трамп учун куёви ва қизининг хайрихоҳлиги қай даражада муҳим эканлигини формал тан олиш" эканлигини билдиради.

Шундай қилиб, президент Трампга энди унинг ўзидан фарқли равишда, миграция ва озчиликлар ҳуқуқлари масаласида либерал қарашларга эга бўлган эр-хотин Трамп-Кушнер жуфтлиги маслаҳат бериб туради.

Боз устига, уларнинг иккиси ҳам Демократик партия сайловчилари ҳисобланишади. Бу эса Дональд Трампнинг жамоасида Стив Бэннон каби ультраконсерватив маслаҳатчиларига қарши мувозанатни тиклайди.

 

ШУҲРАТПАРАСТЛИК НАМОЙИШИ 

Оқ уйда қариндошларнинг ишга олинишига расман тақиқ йўқ, чунки президент ҳокимиятнинг бошқа бўғинидаги мулозимлардан фарқли ўлароқ, лавозимга тайинланишида алоҳида эътиборга молик ҳуқуқлар билан таъминланади. Бу ҳақда январь ойида Трампнинг куёви Жаред Кушнер маслаҳатчи этиб тайинланганлиги қонунга мос келиш-келмаслиги ҳақидаги масала кўтарилганда АҚШ адлия вазирлиги маълум қилган эди.

Трампнинг ортодоксал яҳудий ҳисобланувчи куёви яҳудийлар орасида Трампнинг таклифларини илгари суришда ўз алоқаларидан фойдаланади.

Оқ уйга қадам босишидан аввал Кушнер кўчмас мулк савдоси билан фаол шуғулланган, шунингдек, The New York Observer журнали ношири ҳисобланар эди.

Нашрдаги Кушнернинг собиқ ходимларидан бири у билан боғлиқ бир воқеани эсга олади: Кушнер Apple фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган қимматбаҳо ноутбукдан фойдаланар, бироқ унга Windows операцион тизими ўрнатиб олган экан. Бундан хулоса қилиш мумкинки, Кушнер учун биринчи галда ўз шуҳратпарастлигини намойиш этиш муҳимроқ. Қайд этиш лозимки, Кушнер Америка Конгрессининг разведка бўйича қўмитасига Трамп сайловолди штаби ходимларининг Россия банклари вакиллари, шунингдек, Россия элчиси Сергей Кисляков билан учрашгани борасида кўрсатма берган инсонлардан бири. Президент куёви ёпиқ режимда гувоҳлик берган, бироқ эшиттиришлар жараёни билан таниш манбанинг қайд этишича, Кушнер Путин билан музокара олиб боришга кўмак бериши мумкин бўлган инсонни ахтарган.

Газета.Ru билан суҳбатда "Қора оққуш: Дональд Трампнинг сиёсий таржимаи ҳоли" китоби муаллифи публицист Кирилл Бенедиктов "Кушнер Иванкага кучли таъсир ўтказа олади, ўз-ўзидан қайнотасига ҳам", дея таъкидлаган.

Экспертнинг фикрича, янги президент маъмуриятида Трампнинг катта маслаҳатчиси ҳисобланувчи Кушнернинг зиммасига бир нечта вазифа юкланган. Масалан, Кушнер Оқ уйнинг Хитой, Мексика ва Канада билан ҳамжиҳатлигига жавоб беради. Афтидан, у Фаластин-Исроил можаросини тартибга солиш масалалари билан ҳам шуғулланади, яқинда эса Оқ уйда тузилаётган янги структура — Америка инновациялари бошқармаси бошлиғи ҳам этиб тайинланди.

"Кушнернинг лавозим устига лавозимлар билан таъминланиши Трампга қарши ОАВларда танқид тўлқинини келтириб чиқарди. Энди Иванка Трамп Оқ уйнинг ғарбий қанотида маош олмай ишловчи маслаҳатчи этиб тайинланганидан сўнг, бу танқидлар янада кучаяди", — дейди эксперт, Иванка илгарироқ АҚШ президенти маъмуриятида ишламоқчи эмаслиги, "фақат президент қизи бўлиб қолишни мўлжаллаётгани"ни айтганини эслатар экан. Энди Иванканинг рақиблари уни ёлғончиликда айблай бошлашади, дея башорат қилмоқда Бенедиктов: "Бу эса, шубҳасиз, тобора тезлаша борадиган айблов кампаниясининг бошланиши бўлади".

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 

ЁШЛАРНИ ЁТ ҒОЯЛАРДАН АСРАШ – ДАВР ТАҚОЗОСИ 

Инсон эзгу ғоялар йўлида келажакка интилишни ва шунга яраша тинч-осуда, фаровон ҳаёт кечиришни истайди. Минг афсуски, бундай эзгулик йўлига ғов бўладиган ғоялар ҳам йўқ эмас. Баъзи диний экстремистик ғоялар инсоният кушандасига айланиб бораётганидан кўз юма олмаймиз.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бўлиб ўтган “Диний экстремистик ғояларининг олдини олиш – давр тақозоси” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирда бу ҳақда атрофлича сўз юритилди.

ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев, “Ёшлик” шаҳарчаси ҳокими Қаҳрамон Шоназаров, тарихчи олим Аброр Хидиров ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси масъул ходимлари ёшларни турли оқимларга кириб қолишнинг олдини олиш – энг долзарб вазифа эканлигини алоҳида таъкидладилар.Дарҳақиқат, диний экстремизм ва терроризм маънавий таҳдидларнинг бир тури бўлиб, улар ўзлари мансуб бўлган диний конфессия вакилларини радикал ҳаракатларга чорловчи, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни издан чиқаришга интилувчи, мавжуд конституцион тузумни ағдариб ташлашга даъват этувчи тажовузкор сиёсий фаолиятдир. Маълумки, ёшларнинг турли оқимларга кириб қолишлари сабаблари қаторида уларда диний маълумотнинг етишмаслиги, уни эгаллашга бўлган қизиқиш ва интилиш ҳамда ишонувчанлик, бирданига ва ҳамма нарсага (бойлик, шон-шуҳрат, мартаба ва ҳоказоларга) эга бўлишга ҳаракат қилиш, илмий тилда айтганда, максимализм каби маънавий-руҳий омилларни алоҳида ажратиб кўрсатиш лозим. Таъкидланганидек, “Сен бу ташкилотга кириш ё мана бу вазифани бажариш билан алоҳида, ҳар кимга ҳам насиб қилавермайдиган шарафли ишга қўл урган бўласан, керак бўлса, сен миллат, дин, инсониятнинг халоскорига айланасан!”,– деган қарашларни сингдириш жараёни айнан мана шу каби хусусиятларга алоҳида эътибор берилаётганини кўрсатади.

Ёшларнинг диний экстремистик гуруҳлар таъсирига тушиб, турли террорчилик амалиётлари иштирокчисига айланиб қолишларининг асосий сабаби, уларнинг на диний, на дунёвий билимга эга эмасликлари, соф ислом таълимотини билмасликларидир. Маълумотларга кўра, ҳозир дунёда 500 га яқин террорчи ташкилотлари мавжуд бўлиб, уларнинг 80 фоизи ислом ниқоби остида фаолият юритади. Улар асосий бузғунчи ғояларини виртуал олам деб аталмиш интернет орқали устамонлик билан тарғиб қилаётганларига ҳушёрлик билан қараш зарур.

Талабалар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.

 

КИМЁ СОҲАСИ ВА ТАДБИРКОРЛИК 

Бугунги кунда маънавий баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказиш умумдавлат миқёсидаги энг асосий вазифалардан биридир. Зеро, инсон камолотида таълимнинг ўрни беқиёсдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракатлари билан халқимизнинг янада фаровон яшаши учун мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ (минтақавий) марказида “Кимё соҳаси ва тадбиркорлик” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда марказ директори Баҳодир Эшчанов, кимё фанлари номзоди, доцент Ҳабибулло Тожимуҳамедов, ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари, доцент Тўлқин Эшбеков, Кимё факультети 2 курс талабаси Жалолиддин Хушвақтов ва бошқалар бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг миқёсдаги ислоҳотлар, бинобарин, кимё соҳасида илмий тадқиқотлар олиб боришаётган олимлар ишлаб чиқариш соҳалари ходимлари билан ҳамкорлиги самаралари ҳақида атрофлича сўз юритдилар.

Давра суҳбатида тадбиркорлар Дилшод Илҳомов, Шоҳруҳ Қорабоевлар мамлакатимизда полипропилендан турли маҳсулотларга мўлжалланган қоплар ишлаб чиқараётганликлари ва бу ишда эришилаётган натижаларни изоҳлаб бердилар.

Мулоқот давомида Азим Янгибоев, Айшагул Шарипова, Мавжуда Раҳматуллаева, Ўғилхон Қосимова, Азиза Эшчанова, Аҳрор Ёрқулов ва бошқа тингловчилар бундай илғор усулларга асосланган тадбиркорликни янада кенгайтириш, бинобарин, кимё корхоналарида ҳосил бўлаётган кўплаб чиқиндилардан фойдаланиш, шўрланган ерларнинг шўрини йўқотиш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

Турли олий ўқув юртларидан кимё йўналишида малака оширишга келган тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

 

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА 

Мамлакатимизда кучли ижтимоий сиёсат, чунончи, аҳолининг ижтимоий

муҳофазага муҳтож қатламларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, жисмоний тарбия устувор масалалардан бири ҳисобланади. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бўлиб ўтган “Ўзбекистонда ижтимоий соҳада ходимларни тайёрлаш муаммолари ва истиқболлари” мавзуидаги давра суҳбатида асосий эътибор ана шу муҳим масалаларга қаратилди. 

ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев, Ижтимоий фанлар факультети Социология кафедраси мудири Комил Калонов, доцент Нодира Латипова, республика болалар ижтимоий мослашуви маркази директори муовини Лола Мўминова ва бошқалар мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя масалаларида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, муҳтожларга моддий ёрдам кўрсатишга қаратилган хайрли ишлар, пенсия таъминоти, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида эришилаётган натижаларни алоҳида таъкидладилар.
Болаларни ижтимоий мослаштириш республика Маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбир доирасида “Мустақиллик йилларида ижтимоий иш бўйича касбий таълимни ривожлантириш тарихи ва йўналишлари”, “Ижтимоий иш ихтисослиги бўйича мутахассисларни тайёрлашда педагогик инновацион технологиялар”, “Малака амалиётини ўташ жараёнида ижтимоий ходимнинг амалий кўникмаларини шакллантириш ва ўзлаштиришнинг ўрни” мавзуларида маърузалар тингланди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, етим ва боқувчисини йўқотган болалар, шунингдек имконияти чекланган болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Халқ таълими тизимида уларнинг сифатли таълим олишлари ва ўз тенгдошлари билан баробар ривожланишлари учун кенг имкониятлар яратилади.

Бу борада мутахассисларнинг илғор ғоялари тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

 

ДЕҲҚОНЛАР ТОМОРҚАСИГА САРХИЛ ЭКИНЛАР

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида мамлакатимиз бўйлаб қўйилаётган биринчи умидбахш қадамлар – аҳолимиз турмуш даражасини янада оширишга қаратилмоқда. Бу эзгу йўлда илм-фан фидойилари билан ишлаб чиқариш соҳалари ходимларининг амалий ҳамкорликлари ижобий самараларини бераётир.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлар гуруҳи, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент вилояти ва Бекобод тумани ҳокимликлари, Халқаро қурғоқчилик ҳудудларида қишлоқ хўжалиги тадқиқотлар Маркази (ИКАРДА), Ўзбекистон Экологик ҳаракати, “Олима” уюшмаси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Тошкент вилояти Бекобод туманидаги Гулзор маҳалласида бўлиб ўтган “Томорқаларни ривожлантиришда замонавий агротехникалар” мавзуидаги илмий-амалий семинарда бу ҳақда атрофлича сўз юритилди.

ЎзМУ Биология факультети профессори Лазизахон Ғофурова, ИКАРДА ташкилоти мутасаддилари Равза Мавлонова, Рам Шарма ва бошқалар аҳоли хонадонлари томорқаларида сабзавот экинларини етиштириш борасида илмий асосланган ғоялар, бу борадаги халқаро ва миллий тажрибалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

Кўклам таровати ила бошланаётган деҳқончилик ишлари янада жадал ривожланишида бундай илмий-амалий анжуманлар ҳар томонлама фойдали эканлигини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак.

Амалий мулоқот асносида юздан ортиқ деҳқонларга янги экин навларининг уруғлари, тегишли тавсияномалар, ўқув қўлланмалари тақдим этилди.
Деҳқон-фермер хўжаликлари аъзолари бу борада ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.

 

ГОРИЗОНТЫ СОТРУДНИЧЕСТВА: ВУЗ – АКАДЕМИЧЕСКИЙ ЛИЦЕЙ 

В рамках сотрудничества между вузовским и средним специальным образованием прошел традиционный семинар «Русский язык и литература», посвященный международному Дню родного языка. На семинаре, который проходил на территории 2-го академического лицея при НУУз, присутствовали как представители среднего специального и профессионального образования, а именно преподаватели Заирова Шахноза, Исроилова Мактуба, Шоева Роза, Циндидис Ирина, а также профессора, доценты и преподаватели вузов: УзГУМЯ - Кульмаматов Дусмамат, ТГПУ –Латипов Окыл, НУУз- Шереметьева Анна, Щитка Неля, Гибралтарская Оксана, Рогозинникова Нина , Балтабаева Азиза, Хосилова Фарида, Атаева Рануша, Алиева Эльвина,Туринского политехнического университета – Томчани Людмила, представители Русского культурного центра и Российского центра науки и культуры , студенты -практиканты и магистранты.

В рамках семинара были подняты такие актуальные и важные вопросы в сфере современного образовательного процесса, как формы сотрудничества российских и узбекских вузов, новые формы повышения квалификации преподавателей, а также итоги педагогической активной практики бакалавров 4 курса как результат сотрудничества между лицеем и вузом.

Немаловажным в процессе дискуссии между профессорско-преподавательским составом лицеев и вузов стало решение о продолжении тесного сотрудничества и новых направлениях обмена опытом в преподавании русского языка и литературы.

 

ЎзМУ Ахборот хизмати

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: 2271542; +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru