O'zMU » Axborot soatlari » АХБОРОТ СОАТЛАРИ

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.nuuz.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ МДҲ ИЖРОИЯ ҚЎМИТАСИ РАИСИ – ИЖРОЧИ КОТИБИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедевни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ҳамдўстлик доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масаласига муҳим аҳамият қаратилаётганини алоҳида таъкидлади. Бугунги кунда МДҲ кўп томонлама ҳамкорлик, иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиш ва муҳокама этиш учун ўзига хос майдон ҳисобланади. 

Суҳбат чоғида МДҲ доирасида эркин савдо зонасининг тўлақонли фаолият юритишини таъминлаш, шунингдек, транспорт-коммуникация тармоқларини жадал ривожлантириш ва бутун минтақанинг транзит салоҳиятини юксалтиришга йўналтирилган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Учрашувда мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилаётгани, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида Ўзбекистонни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилангани, Президентнинг виртуал қабулхонаси, жойларда ташкил этилган Халқ қабулхоналари одамларнинг талаб ва истакларини рўёбга чиқараётгани, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили доирасидаги ишлар юртдошларимизнинг давлатга ишончини мустаҳкамлаётгани таъкидланди. 

С.Лебедев Президентимизга самимий қабул, Тошкент шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлисига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси фаол иштирок этгани учун миннатдорлик билдирди. 

Учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлиси самарали ўтишига муваффақият тилади.

 

ЎЗБЕКИСТОН – РОССИЯ ҲАМКОРЛИГИДА ЯНГИ УФҚЛАР ОЧГАН ТАРИХИЙ ТАШРИФ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 4-5 апрель кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. 

Давлат ташрифининг асосий тадбирлари 5 апрель куни бўлиб ўтди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Москва шаҳрининг Александр боғидаги “Номаълум аскар” ёдгорлигига гулчамбар қўйди. 

Шу йилнинг 3 апрель куни Санкт-Петербург метросида терроризм ҳаракати содир этилиб, инсонлар ҳалок бўлди. Давлатимиз раҳбари улар хотирасини ёдга олиб, шу ердаги "Ленинград – қаҳрамон шаҳар" ёдгорлиги пойига гул қўйди. 

Кремлда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Россия давлат мадҳиялари янгради. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар. 

Президентларнинг тор доирадаги учрашувида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама қилинди. 

Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи хусусида фикр алмашилди. 

Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни Москвага давлат ташрифи билан қутлаб, ушбу ташриф томонларни қизиқтирган масалаларни муҳокама этиш учун қулай имконият эканини қайд этди. 

– Ўзбекистон билан ҳамкорликни янги босқичда давом эттириш биз учун катта аҳамиятга эга, – деди Россия Президенти. – Мамлакатларимизда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун ҳали тўла фойдаланилмаётган имкониятлар кўп, уларни ишга солишдан икки томон ҳам манфаатдор. 

Шавкат Мирзиёев мазкур учрашув давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлашда муҳим қадам бўлишини қайд этди. 

– Аввало, 3 апрель куни Санкт-Петербургда рўй берган машъум воқеа муносабати билан Сизга ва Россия халқига чуқур ҳамдардлик билдираман,– деди Шавкат Мирзиёев.– Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик юксак ишонч ва ўзаро ҳурмат асосида ривожланмоқда. Турли даражадаги алоқалар фаоллашгани мамлакатларимиз кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришдан бирдек манфаатдор эканининг тасдиғидир. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини ёд этиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюрганингиз учун яна бир бор миннатдорлик билдираман. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокараларни давом эттирдилар. 

Олий даражадаги ташрифлар мунтазамлик касб этгани давлатлараро муносабатлар юксак даражада ривожланаётганидан далолат беради. Ўзбекистон ва Россия раҳбарларининг бу галги учрашуви мамлакатларимиз ўртасидаги манфаатли мулоқотларнинг мантиқий давоми бўлди. 

Музокараларда савдо-иқтисодиёт, нефть-кимё, транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги, маданият, туризм, меҳнат мигрантларига муносиб шароитлар яратиш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди. 

Ўзбекистон ва Россия халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Икки мамлакатнинг ташқи сиёсат, ташқи савдо, мудофаа маҳкамалари ўртасида ўзаро маслаҳатлашувлар изчил амалга оширилмоқда. Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. 

Ўзбекистон – Россия муносабатларида савдо-иқтисодий ҳамкорлик асосий ўрин тутади. 2013-2017 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2015-2019 йилларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишларига оид ҳукуматлараро битимга мувофиқ бу соҳадаги алоқалар изчил тараққий этмоқда. 

Россия Ўзбекистоннинг етакчи савдо шерикларидан бири. Ўзбекистон Россияга табиий газ, транспорт воситалари, қора ва рангли металлар, трикотаж, пахта толаси, мева-сабзавотлар, турли хизматлар экспорт қилади. Россия мамлакатимизга транспорт воситалари, кимё ва қоғоз саноати товарлари, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беради. 

Ўзбекистонда россиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда тузилган 961 қўшма корхона фаолият юритмоқда. Мамлакатимизда Россиянинг 64 фирма ва компанияси ваколатхонаси очилган. Россия Федерацияси ҳудудида ўзбекистонлик ҳамкорлар билан 569 тадбиркорлик субъекти ташкил этилган бўлиб, улар самарали фаолият олиб бормоқда. 

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ортиб бормоқда. Хусусан, сўнгги вақтларда қишлоқ хўжалигида бу кўрсаткич икки баробар ўсган. 

Очиқ ва дўстона руҳда ўтган музокараларда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, уни янги босқичга кўтариш борасида фикр алмашилди. 

2017 йилда Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлди. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар 2004 йил 16 июнда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома доирасида изчил ривожланмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этиш борасида самарали ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. 

Икки мамлакат ҳам ёнилғи-энергетика соҳасида улкан салоҳиятга эга. Бу мазкур йўналишдаги ҳамкорлик ривожида муҳим ўрин тутмоқда. Россиянинг «Лукойл» ва «Газпром» компаниялари мамлакатимиздаги углеводород конларини қидириш ва ўзлаштиришда фаол иштирок этмоқда. 2016 йилда Бухоро вилоятида «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси билан «Лукойл» компанияси ҳамкорлигида Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бошланди. 

Дунёдаги етакчи энергетика компанияларидан бири бўлган «Газпром» Ўзбекистонда геология-қидирув ишлари олиб бориш ва истиқболли углеводород конларини ўзлаштириш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишда, шунингдек, табиий газни экспортга етказиб беришда фаол иштирок этмоқда. Устюртда ўтказилган геология-қидирув тадқиқотлари натижасида "Жел" газ конденсати кони очилди. "Шахпахти" кони биргаликда ўзлаштирилмоқда. Ҳозиргача у ердан 3,5 миллиард куб метр газ қазиб олинди. 

Ўзбекистон автомобиллари Россияда доим харидоргир. “Matiz”, “Nexia” каби машиналаримиз бу ерда бир неча бор йилнинг энг яхши автомобили, деб топилган. 2016 йилда ушбу мамлакатда янги бренд остидаги “Ravon Gentra” автомобили савдоси ўсган. 

Серқуёш заминимизда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларига дунё бозорида талаб юқори. Биринчи Президентимизнинг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу маҳсулотлар экспортини янада оширишга мустаҳкам замин яратди. 

2016 йил якунларига кўра, қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 20 фоизга ўсиб, 398 миллион долларга етган. Музокарада мамлакатимизда етиштирилган мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш ва турини кенгайтиришга келишиб олинди. 

Ҳукуматлараро ва идоралараро алоқалар қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда муҳим омил бўлмоқда. Жорий йил 15 февралда Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Россия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

Учрашувда товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт ва транзит соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришга доир масалалар муҳокама қилинди. Мамлакатларимизда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун ҳали тўла фойдаланилмаётган имкониятлар кўплиги, уларни ишга солиш икки томон учун ҳам манфаат келтириши таъкидланди. 

Музокараларда тиббиёт, илм-фан, таълим, маданият, спорт ва туризм соҳалари бўйича ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. 

Ўзбекистон ва Россия тиббиёт фани ва таълимини ривожлантириш, клиник, профилактик, экспериментал кардиология соҳаларида янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш бўйича самарали ҳамкорлик қилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси ҳукумати Раиси Дмитрий Медведев билан ҳам учрашди. 

– Ўзбекистон Россиянинг энг ишончли ҳамкорларидан бири,– деди Дмитрий Медведев.– Икки давлат турли соҳаларда ишончли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Сизнинг ташрифингиз давомида жуда катта лойиҳалар бўйича келишувларга эришиш кўзда тутилган. Ташрифингиз давлатларимиз ҳамкорлигида янги саҳифа очишига қатъий ишонаман. 

– Санкт-Петербургда рўй берган машъум воқеа оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдираман,– деди Шавкат Мирзиёев.– Терроризм чегара билмайдиган хавфдир, шу боис унга қарши барча кучларни бирлаштирган ҳолда курашиш лозим. 

Президентимизнинг ушбу ташрифи ўзаро алоқаларни янги босқичга кўтариш, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш учун қулай имконият экани таъкидланди. 

– Бугунги мулоқотларимиз кўп соҳалардаги ҳамкорлигимизда янги даврни бошлаб беришига ишонаман,– деди Шавкат Мирзиёев. 

Ўзбекистон билан Россиянинг маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорлиги ҳам изчил ривожланмоқда. Икки давлат халқлари бир-бирининг адабиёти ва санъатига ҳурмат билан қарайди. Москва шаҳрида буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳайкали қад ростлаган. Тошкент шаҳридаги Пушкин ҳайкали ўрнатилган майдон пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларининг севимли масканларидан биридир. 

Ўзбекистон делегациясининг ташрифи арафасида Москвадаги А.Пушкин номидаги тасвирий санъат музейида мамлакатимизнинг И.Савицкий номидаги давлат санъат музейи экспонатлари кўргазмаси очилди. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин ушбу кўргазмага ташриф буюрдилар. 

«Саҳродаги Лувр» номини олган И.Савицкий номидаги давлат санъат музейи ўзининг бебаҳо экспонатлари билан дунё санъат ихлосмандлари эътиборини қозонган. Музейда графика, ҳайкалтарошлик, тасвирий ва амалий санъат намуналари, турли археологик топилмалар, этнография буюмлари, қадимий суратлар, тарихий ҳужжатлар сингари юз мингга яқин нодир экспонат жой олган. 

Ана шундай буюк меросни йиғиб қолдирган олим И.Савицкий 2002 йилда «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган. 

А.Пушкин номидаги тасвирий санъат музейида намойиш этилаётган ноёб экспонатлар томошабинларда катта қизиқиш уйғотмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига давлат ташрифи якунлари бўйича қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди. Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Қўшма баёнотни имзоладилар. Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик, меҳнат фаолиятини вақтинча ташкил этиш, соғлиқни сақлаш, тиббиёт таълими ва фани, туризм, қурилиш, нефть-газ, кончилик, металлургия, банк-молия, божхона, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришга доир ҳужжатлар имзоланди. 

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда музокаралар очиқлик, ўзаро ишонч ва амалий руҳда ўтганини таъкидладилар. Ташриф асносида эришилган келишувлар, имзоланган 16 миллиард долларлик 50 дан ортиқ ҳужжат Ўзбекистон ва Россия тараққиётига, икки мамлакат халқларининг фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилиши қайд этилди. 

Президентимизнинг давлат ташрифи ва унинг доирасидаги тадбирлар Россия телерадиоканаллари, газеталари, интернет нашрлари орқали кенг ёритиб борилди. 

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифи якунига етди. Бўлиб ўтган музокараларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари ва истиқболлари белгилаб олинди. Тарихий аҳамият касб этган ушбу ташриф Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янги босқичга олиб чиқади. 

 

ПУТИН САМАРҚАНД, БУХОРО ВА ХОРАЗМГА КЕЛАДИ

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия раҳбари Владимир Путинни Ўзбекистонга таклиф қилди. Ўзбекистон раҳбари учрашув якунида келгуси йилда Самарқанд, Бухоро ва Хоразм шаҳарларига ташриф буюришга таклиф этган. Шу шаҳарлардан бирида келгуси йили Ўзбекистон ва Россия давлат раҳбарлари иштирокида йирик инвестицион форум ўтказилиши мумкин.

«Биз бугун ҳурматли Владимир Владимирович билан навбати билан Россия ҳамда Ўзбекистонда бизнес-форумлар ташкил этишга келишиб олдик. Мен Владимир Владимировични кейинги йили Бухоро, Хоразм ва Самарқанд шаҳарларига таклиф этаман, Ўзбекистонда йирик бизнес-форум ташкил қиламиз. Бизда гаплашиб оладиган гаплар бор», — деган Ўзбекистон раҳбари.

Россия президентининг матбуот котиби Шавкат Мирзиёевнинг таклифи қабул қилингани ҳақида маълум қилган. «Таклиф мамнуният билан қабул қилинди. Ташриф кунлари дипломатик каналлар орқали келишилади», - дейилган хабарда.

 

«КАМОЛОТ» ЁИҲГА ЯНГИ РАҲБАР ТАЙИНЛАНДИ

5 апрель куни «Камолот» ЁИҲ Марказий кенгаши Васийлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Васийлик кенгашига раислик қилувчи Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов, бош вазир ўринбосари Танзила Норбаева ҳамда барча мутасадди вазирлар ҳам иштирок этган.

Йиғилиш давомида Марказий кенгаш раиси лавозимига янги раҳбар сайланди. «Кун.uz» манбаси маълумот беришича, бундан буён ҳаракатга Одилжон Тожиев раислик қилади.

У февраль ойида ҳаракатга вақтинчалик раҳбар бўлган Сарвар Ашуров ўрнини эгаллади.

«Камолот»нинг аввалги раҳбари Баҳодир Ғаниев январь ойида Президент Девони ёшлар масалалари сектори раҳбари этиб тайинланганди.

Одилжон Тожиев 1984 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Шу пайтгача Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси сифатида фаолият юритиб келган. Ўз вақтида Ҳаракатнинг Марказий кенгаш аппарати Ташкилий-кадрлар ва малака ошириш бўлими мудири, кейинроқ Тошкент вилоят ҳудудий Кенгашининг раиси лавозимида ишлаган.

 

МДҲ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛАРИ КЕНГАШИ МАЖЛИСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ

Тошкент шаҳрида 7 апрель куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Арманистон Республикаси ташқи ишлар вазири Эдвард Налбандян, Беларусь Республикаси ташқи ишлар вазири Владимир Макей, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Кайрат Абдрахманов, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Молдова Республикаси ташқи ишлар ва Европа билан интеграция вазири ўринбосари Лилиан Дарий, Озарбайжон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Халаф Халафов, Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Хажиев ва МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев иштирок этди. Мажлисга Россия томони раислик қилди.

Делегациялар раҳбарлари ташкилот фаолиятининг турли йўналишларидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, халқаро ва минтақавий масалаларни ҳал этишдаги унинг роли ва аҳамиятини оширишни муҳокама қилди.

Тадбирда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда МДҲ давлатларининг барқарор ривожланишини таъминлашнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Кун тартибига кўра, МДҲ давлатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан 15 ҳужжат кўриб чиқилди. Улардан 9 таси шу йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ҳамдўстликнинг Давлат раҳбарлари кенгаши ва май ойида ўтказиладиган Ҳукумат раҳбарлари кенгаши муҳокамасига киритилади.

Ҳужжатлар Ҳамдўстлик мамлакатларининг ташқи сиёсат, ҳуқуқий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлиги масалаларини қамраб олган.

Иштирокчилар христиан, мусулмон ва бошқа конфессияларни камситиш ва уларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлишга йўл қўймаслик тўғрисидаги Баёнотни қабул қилди. Ҳужжатда диний мансублик ва эътиқодига асосланган ҳолда айрим шахсларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш, куч ишлатиш ва террорчилик ҳаракатини амалга ошириш ҳолатлари давом этаётганлиги сабабли хавотир билдирилган. Христиан, мусулмон ва бошқа конфессия вакилларига нисбатан муросасизлик қилиш, уларни камситиш, куч ишлатиш ҳамда террорчилик ҳаракатларининг барча кўринишлари қатъий қораланади. Томонлар халқаро ҳамжамиятнинг мазкур йўналишдаги позицияларини бирлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни янада олға суриш мақсадини билдирди.

ТИВ раҳбарлари квоталар тақсимоти, Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиб ўринбосарларини ва МДҲ бош қароргоҳидаги бошқа мансабдор шахсларни квота асосидаги амалларга тайинлаш ва алмаштириш тўғрисидаги МДҲ Ижроия қўмитасининг ахборотини тинглади.

Давлат раҳбарлари кенгашида кўриб чиқиш учун киритиладиган МДҲ давлатларининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлиги Концепцияси ҳамда жиноий ишларнинг моддий далиллари бўлган наркотик ва психотроп моддалар ҳамда уларнинг прекурсорларини, ўқотар қуроллар, уларнинг асосий қисмлари, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портловчи қурилмаларни топшириш тартиби тўғрисидаги Баённома лойиҳалари маъқулланди.

2018 йилда «Ҳамдўстликнинг маданий пойтахти» давлатлараро дастурини амалга ошириш, МДҲ мамлакатларининг қуролли кучлари метролог мутахассисларини ҳамда молиявий тергов органлари учун кадрлар тайёрлаш бўйича айрим таълим ва академик муассасаларга асосий ташкилот мақомини бериш масалалари муҳокама қилинди. Мажлис конструктив муҳитда ва ҳамжиҳатлик руҳида ўтди.

Иштирокчилар ТИВК йиғилишини юқори даражада ташкил этганлиги ва Тошкент шаҳрида ўтказилган тадбир давомидаги анъанавий самимий меҳмондўстлик учун Ўзбекистон Республикасига миннатдорлик билдирди.

ТИВК йиғилиши доирасида иштирокчи давлатлар ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг икки томонлама учрашувлари ўтказилди.

МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси 2017 йил 10 октябрь куни Москва шаҳрида бўлиб ўтади.

 

 

2017 ЙИЛДА «ЎЗБЕКЕНГИЛСАНОАТ» ТОМОНИДАН БЕШТА ДАВЛАТДА САВДО УЙЛАРИ ОЧИЛАДИ

2016 йилда «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти корхоналари 1 миллиард 146 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган. Дунёнинг 54 мамлакатига етказиб берилган ушбу маҳсулотларнинг 40 фоизидан ортиғини қўшимча қийматли товарлар ташкил этади. Миллий матбуот марказида ташкил этилган матбуот анжумани «Ўзбекенгилсаноат» АЖ корхоналарида маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш, географиясини кенгайтиришга бағишланди. Мамлакатимиз иқтисодиётида тобора салмоқли ўрин эгаллаётган тўқимачилик саноатида 105 мингдан ортиқ ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. 440 саноат корхонаси, шу жумладан, 28 йирик ишлаб чиқарувчини ўзида бирлаштирган «Ўзбекенгилсаноат» АЖ тармоқнинг етакчиси сифатида ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини муттасил ошириб бормоқда. Ўтган йили жамият корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажми 2015 йилга нисбатан 18,1 фоизга ортган бўлса, экспорт кўрсаткичлари 132 фоизни ташкил этди. Экспортда тайёр маҳсулотлар улуши тобора ортмоқда. Хорижга юборилаётган маҳсулотлар рўйхати ўтган йил бамбук ва модал калава ип, аралаш калава ип, жаккард ва рингель мато сингари янги номлар билан бойиди. 

Хориждаги савдо уйларининг сони ортиб бормоқда. 2016 йилда улар 44 тани ташкил қилган бўлса, жорий йилда Россия, Беларусь, Украина, Қозоғистон ва Тожикистонда яна бешта тижорат нуқтасини очиш режалаштирилган. 

Мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларининг маҳаллий ва хорижий кўргазмаларда иштирокини таъминлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йилда тармоқнинг 200 дан ортиқ корхонаси 21 кўргазмада иштирок этди. 1 миллиард долларликдан ортиқ шартнома имзоланди. Бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилиб, 26 халқаро кўргазмада мамлакатимиз тадбиркорлари иштирокини таъминлаш кўзда тутилган. 

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари билан ҳамкорликда бизнес-форумлар, «бизнес-бизнесга» шаклида бевосита музокаралар ўтказиш йўли билан янги, салоҳиятли харидорларни излаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва хорижий истеъмолчилар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ишлари фаоллаштирилган. 

Болгария, Туркия, Украина ва Беларусда ўтказилган шундай тадбирлар натижасида тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича қиймати 50 миллион доллардан зиёд экспорт шартномалари имзоланди. Ҳозир МДҲ ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатлари, шунингдек, Туркия ва Эрон билан умумий қиймати 350 миллион долларлик қўшимча экспорт битимларини имзолаш устида иш олиб борилмоқда. 

– Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 декабрдаги «2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарори экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлди, – дейди «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи Жасур Рустамбеков. – Унга кўра, 2020 йилгача умумий қиймати 2 миллиард 200 миллион долларга тенг 132 инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Эътиборлиси, лойиҳаларнинг қарийб 50 фоизини хорижий инвестиция ва кредитлар ҳисобидан молиялаштириш белгиланган.

Мазкур дастурнинг амалга оширилиши тармоқнинг йиллик экспорт салоҳиятини 2 миллиард 500 миллион долларга етказиш, қўшимча 25 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилишига имкон беради.

Маҳсулотларни экспортга олиб чиқишда интернет тармоғи имкониятларидан ҳам фаол фойдаланилмоқда. «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти, жамият ҳузуридаги тўқимачилик маҳсулотлари рекламаси ва маркетинги агентлиги сайтларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, нархлар тўғрисидаги маълумотлар, маркетинг обзорлари, тармоқдаги янгиликлар ҳақидаги ахборот мунтазам эълон қилиб борилмоқда.

Ҳар йили тўқимачилик маҳсулотлари каталоги чоп этилиб, турли кўргазма ва бизнес-форумлар давомида мамлакатимиз тўқимачилик корхоналарининг салоҳиятли шерикларига тарқатилмоқда. Савдо майдончалари ва интернет сайтлари ёрдамида товарларни сотиш ва почта орқали етказиб бериш амалиёти кенг қўлланилмоқда. 

 

АРМИЯДА ХИЗМАТ ҚИЛГАН АБИТУРИЕНТЛАР УЧУН ИМТИЁЗЛАР ОРТДИ

Янги ўқув йилидан (2017−2018) бошлаб Ўзбекистон қуролли кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисмлар тавсияномаларига эга бўлган абитуриентларга кириш тестларида тўплаган балларининг 50 фоизи қўшиб берилади. Ўзгаришлар Ўзбекистон Президентининг 4 апрелда имзоланган қарори билан тасдиқланган. Аввалроқ армияда хизмат қилган фуқароларнинг кириш имтиҳонларидаги бу имтиёз максимал мумкин бўлган балл миқдорининг 27 фоизига тенг эди. Имтиёз мамлакатнинг турли йўналиш ва мутахассисликлар бўйича бакалаврлар тайёрлайдиган барча олий ўқув юртларига тегишли. Имтиёз олишнинг бошқа шартлари ўзгаришларсиз қолган.

 

ТОШКЕНТ МЕТРОСИДА ХАВФСИЗЛИК ЧОРАЛАРИ КУЧАЙТИРИЛДИ

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри метро бекатида содир этилган портлашдан сўнг, Тошкент метрополитенида хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Тошкент шаҳар ИИББда бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу ҳақда маълум қилинди.

ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ИИВ раҳбарияти шахсан метро бекатларининг ҳар бирини кўздан кечирган ва хавфсизлик ҳамда қўриқлаш хизмати сифати билан бевосита танишган. Таъкидланишича, бугунги кунда метронинг барча бекатларига кириш жойларида милиция ходимлари йўловчиларни темир топгич воситалар билан кўздан кечириши йўлга қўйилган. Бундан ташқари, яқин кунларда бекатларнинг ҳар бири темир топгич махсус ромлар ўрнатиш масаласи ҳам ўрганилмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва ИИББ билан ҳамкорликда бу масала тез кунларда ўз ечимини топиши айтилди. Брифингда иштирок этган Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим катта прокурори Эркин Йўлдошевнинг таъкидлашича, терроризмга қарши кураш масаласига нафақат Тошкент шаҳрида, балки Республиканинг барча ҳудудларида бир неча йиллардан буён жиддий эътибор қаратилади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи барча идоралар бу борада ўз масъулиятларини ҳис қилган ҳолда иш олиб бормоқда. Маълумки, 3 апрель куни Россиянинг Санкт-Петербург метроси бекатида портлаш рўй берган, бунинг оқибатида 14 киши ҳаётдан кўз юмган эди.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ИДЛИБДА КИМЁВИЙ ҚУРОЛ ҚЎЛЛАНИЛГАНИГА ДОИР ДАЛИЛЛАР

Суриянинг Идлиб вилоятидан Туркияга келтирилган яраланганлар кимёвий қуролдан амалга оширилган ҳужум жабрдийдаларидир. Туркия соғлиқни сақлаш вазири Ражаб Акдаг шундай баёнот берди. "Идлибда жабрланганларнинг 30 нафарга яқини Газиантепдаги шифохонага келтирилган. Илк текширув натижалари гап кимёвий ҳужум ҳақида бораётганини кўрсатмоқда", — дея вазир сўзларини келтиради NTV телеканали. Сурия мухолифати ва инқилобий кучлари миллий коалицияси 4 апрель куни Идлиб вилоятининг Хон Шайхун шаҳрига уюштирилган кимёвий ҳужум оқибатида 80 кишини ҳалок бўлгани ва 200 нафар одамнинг яралангани ҳақида хабар қилган эди. Мухолифат томони мазкур ҳодиса учун жавобгарликни Сурия ҳукумат кучлари зиммасига юкламоқда. Бунга жавобан, Сурия ҚКларидаги манбанинг РИА Новостига баёнот беришича, Сурия армияси бирор бир кимёвий қуролга эга эмас, мухолифатнинг баёноти эса ҳукумат кучларига қарши ташвиқот усулларидан бири бўлиши мумкин.

 

РОССИЯ МУДОФАА ВАЗИРЛИГИ СУРИЯДА КИМЁВИЙ ҚУРОЛ ҚЎЛЛАНИЛГАНИГА ДОИР ХАБАРЛАРНИ ИЗОҲЛАДИ

Россия мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Сурия армияси авиация кучлари Хан Шайхун шаҳридаги кимёвий қурол сақланаётган омборхонага ҳаво зарбаси берган. Бу ердан ушбу оммавий қирғин қуроли террорчиларга етказиб берилган. Сурия авиацияси Идлиб вилоятидаги Хан-Шайхун шаҳридаги террорчиларнинг йирик ўқ-дорилар омборхонасига зарба берган. Бу ҳақда Россия мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенковга асосланган ҳолда «Интерфакс» агентлиги хабар қилмоқда. Сурия кучлари йўқотган базада, Конашенковга кўра, «заҳарловчи моддалардан фугаслар тайёрланган». «Ушбу омборхонада тайёрланган ўқ-дорилар, кимёвий қуроллар Ироқ ҳудудига етказиб берилган»,— дея изоҳлаган Россия мудофаа вазирлиги. «Террорчиларнинг бу каби қуроллардан фойдалангани халқаро ташкилотлар ва мамлакат расмий вакиллари томонидан бир неча марта тасдиқланган». 4 апрель куни Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари мониторинги маркази хабар қилганидек, Хан-Шайхунга заҳарли газ тўлдирилгани тахмин қилинган бомбалар ташлангани, бунинг оқибатида камида 58 киши, шу жуладаан 11 нафар бола ҳам ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилган эди. Бунда Сурия ҳукумати айбланган эди. Бироқ, расмий Дамашқ бу айбловларни инкор этди. Унга кўра, Суриякучлари кимёвий қуролдан «фойдаланмаган ва фойдаланмаяпти». Россия мудофаа вазирлиги ҲКК самолётлари ҳам кимёвий зарба бермаганини таъкидлаган. Бироқ, шунга қарамай, АҚШ махсус хизмати вакили Америка айғоқчиларининг юз берган ҳодисада Башар Асад тузумининг қўли борлигини исботловчи далиллар мавжудлигини маълум қилган эди. Кейинроқ, Америка президенти Дональд Трамп ва давлат котиби Рекс Тиллерсон ушбу хуруж учун жавобгарликни Сурия ҳукумати зиммасига юклаган эди.

 

АҚШ СУРИЯ АЭРОДРОМИГА 50 ТА РАКЕТА БИЛАН ЗАРБА БЕРДИ

АҚШ 6 апрель, пайшанба куни кечқурун Суриядаги аэродромга зарба берди. Бу суриялик ҳарбийлар томонидан Идлибда кимёвий қурол ишлатилганига жавобан юз берди. Қўшма Штатлар “ўнлаб қанотли ракеталарни” учирган. АҚШ ҳарбийлари камида 50 та “Томагавк” ракеталарини учирган, улар Хомс вилоятидаги аш-Шайротни нишонга олган. “Бу АҚШнинг тахминига кўра, Сурия ҳукумати тақиқланган қуролни қўллаган аэродромдир”, - деб хабар берди телеканал.

AFP нашрининг хабар беришича, АҚШ президенти Дональд Трамп ҳарбийларга Идлибдаги воқеалардан кейин Башар Асадга қарши ҳаракатларни фаоллаштиришга кўрсатма берган.

Бундан олдинроқ Трамп Идлибда кимёвий қурол қўллангани ҳақидаги хабардан кейин Асадга муносабати кескин ўзгаргани ҳақида маълум қилганди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг Идлибдаги воқеа бўйича йиғилиши вақтида Суриянинг БМТ қошидаги махсус вакили Монзер ҳукумат қўшинлари бу ҳудудда кимёвий қурол қўллагани ҳақидаги хабарни рад этди.

4 апрель куни Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари мониторинги маркази Хан-Шайхунга заҳарли газ тўлдирилгани тахмин қилинган бомбалар ташлангани, бунинг оқибатида камида 100 киши, шу жумладан ўнлаб нафар бола ҳам ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилган эди. Шунингдек, 500 киши заҳарланган ҳолда шифохонага ётқизилган.

 

АКБАРЖОН ЖАЛИЛОВНИНГ ОИЛАСИ СЎРОҚ ҚИЛИНДИ

Санкт-Петербургдаги портлаш ижрочилигида асосий гумондор бўлиб турган қирғизистонлик Акбаржон Жалилов 2011 йилда Россия фуқаролигини олганди. Ўшда унинг яқинларини тергов қилишган, аниқланишича 1995 йилда туғилган Жалилов Санкт-Петербургда 10 йил муқаддам автослесар сифатида ишлай бошлаган ва ўтган вақт давомида шу шаҳарда истиқомат қилган. «Жалилов бир неча йил муқаддам отаси билан Россияга ишлаш учун кетган. Ўшдаги Амир Темур кўчасида унинг онаси, ука ва сингиллари яшаб келган. Отаси билан алоқа боғлашнинг ҳозирча имкони бўлмади», дейилган хабарда. Ўшдаги мухбирнинг маълум қилишича, Жалиловнинг оиласи Ўш шаҳрининг ўзбеклар маҳалласида жойлашган хонадонда истиқомат қилиб келмоқда. Қўшниларнинг маълум қилишича, улар Акбаржон Жалиловни кўп йиллардан буён кўришмаган, у ҳамиша Россияда яшаган.

«Газета.Ru» хабарида эса Жалилов шу йилнинг февраль ойи охирида Ўшда бўлгани айтилган. У 3 март куни Россияга учган. У ўтган йиллар давомида ҳамиша Пулково аэропортига (Санкт-Петербург) учарди. Лекин бу сафар у Домодедово аэропортига учган. Айни вақтда у Москвада ким билан учрашган бўлиши мумкинлиги ўрганилмоқда. Теракт ташкилотчилари айнан Москвада бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

3 апрель куни Санкт-Петербург метросининг «Технология институти» бекатига «Сенная площадь» бекатидан кириб келган поездда портлаш содир бўлди. Яна бир бомба «Площадь Восстания» бекатига ўрнатилганди. Биринчи портлашдан кейин метро ёпилгач, бомбани масофадан бошқаришнинг имкони бўлмаган ва у зарарсизлантирилган. Портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 14 нафарни ташкил қилди, 49 киши жароҳатланди.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 

АМИР ТЕМУР СИЙМОСИ ДАВРИМИЗ СОЛНОМАСИДА

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида буюк аждодимиз Амир Темур таваллуди куни олдидан “Амир Темур сиймоси давримиз солномасида” мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али, халқаро Амир Темур жамғармаси раиси Тўлқин Ҳайит, адабиётшунос олим Адҳамбек Алимбеков ва бошқалар буюк бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темурнинг тарих саҳнасида тутган ўрни, юртимиз мустақиллиги шарофати билан улуғ аждодимизнинг муқаддас номлари тикланиб, руҳлари шод этилганини алоҳида таъкидладилар.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг: "Амир Темурни англаш – ўзлигимизни англаш демакдир", деган сўзлари замирида ана шундай теран маъно мужассамдир. 1996 йил Ўзбекистонда "Амир Темур йили" деб аталди. ЮНЕСКО қарори билан Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги бутун дунё бўйлаб нишонланди. Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабзда Амир Темурнинг муҳташам ҳайкаллари ўрнатилди.

Маърузаларда қайд этилганидек, Амир Темур, Темурбек, тўлиқ айтсак, Амир Темур ибн Амир Тарағай милодий 1336 йил 9 апрель куни Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғида туғилган. Ул мўътабар зот милодий 1370 йилда давлат бошига келган. Туркистон тарихида 1370 йилдан бошлаб мутлақо янги саҳифалар бошлангани тарихдан яхши маълум. Буюк бобомиз ўз даврида Самарқандни Турон салтанатининг пойтахти деб белгилади.

Ўттиз беш йил (1370–1405) ҳукм сурган Соҳибқирон Амир Темур Марказий Осиё ҳудудларини ягона марказлашган давлатга бирлаштирди, Ҳинд ва Гангадан то Орол денгизигача, Тянь-Шандан то Босфоргача улкан империя барпо этди. Амир Темур, энг аввало, мустақил улкан Турон давлатини тузган ватанпарвар, буюк давлат арбобидир, ватанимизни мўғул босқинчиларидан озод этган халқ қаҳрамонидир. У мустабидларга қарши кураш ва мустақил давлат бунёд этиш ўзининг бурчи эканини чуқур англаб етди.

Адабиётларда Пиримқул Қодиров, Бўрибой Аҳмедов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Али каби атоқли адиб, шоир ва олимларнинг Амир Темур сиймоси яратилган асарларини миллионлаб мухлислар иштиёқ билан ўқиганлар. Буюк аждодларимиз жасорати – бугунги авлодлар учун ҳам бебаҳо меросдир.

Тадбирда таниқли санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов миллатимиз гултожиси ҳисобланмиш буюк Соҳибқирон Амир Темур сиймосини саҳнада жонлантириш йўлидаги ижодий изланишлари ҳақида сўз юритар экан, ўша машҳур ролидан парчалар ижро этиб берганини кўрган талабалар қанчалик завқ олганини тасвирлашга қалам ожизлик қилади.

– Бугунги тадбирда талаба қандай буюк сиймоларнинг авлоди эканликларини яна бир бора дилдан ҳис этдилар,– дейди ёзувчи Бахтиёр Ҳайдаров.– Бу ёшлар қалбида она Ватанга муҳаббат ва садоқат, буюк аждодларга ҳавас тайғуларини янада жўш урдиради.

 

ЎзМУ Ахборот хизмати

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: 2271542; +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru