O'zMU » Axborot soatlari » АХБОРОТ СОАТЛАРИ

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.nuuz.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ИМКОНИЯТЛАРДАН ТЎЛА ФОЙДАЛАНИШ, ЯНГИЧА ДУНЁҚАРАШ БИЛАН МЕҲНАТ ҚИЛИШ – ХАЛҚИМИЗ ФАРОВОНЛИГИНИ ЯНАДА ОШИРИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИДИР 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 14 апрель куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.

Самарқанд вилояти ривожланган саноати ва қишлоқ хўжалиги, табиий бойликлари, улкан сайёҳлик салоҳияти билан мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳаётида муҳим ўрин тутади.

Жаҳондаги энг юксак стандартлар асосида жиҳозланган Самарқанд автомобиль заводи, “JV Man Auto Uzbekistan” қўшма корхонасида ўнлаб турдаги машиналар ишлаб чиқарилмоқда. “Бритиш-Американ тобакко”, “Сам Антеп Гилам”, "Urg-Gaz Carpet", “Амин Инвест”, "Дака Текс", “Агромир Самарқанд” қўшма корхоналари, "Сино", "Самарқандкимё" акциядорлик жамиятлари, “Шарқ саноати” хусусий концерни сингари йирик ишлаб чиқариш қувватлари вилоятнинг иқтисодий ривожига муҳим ҳисса қўшмоқда.

2016 йилда 19 янги қўшма корхона ташкил этилган ва вилоят бўйича уларнинг сони 263 тага етган. Вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 1 миллиард 195 миллион долларни ташкил этган. Экспорт ҳажми 2015 йилга нисбатан қарийб 1,5 баробар ошган.

Бу кўрсаткичлар Самарқанднинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётида ҳам намоён бўлмоқда. 2016 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот 8,7 фоиз ўсгани шундан далолат беради. Азалдан ҳунармандлик ва ишбилармонлик фазилатлари билан донг таратган самарқандликлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ҳам улкан натижаларга эришмоқда. Мазкур соҳанинг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши 78 фоиздан ошгани ва меҳнат билан банд аҳолининг 84 фоиздан зиёди шу соҳада фаолият кўрсатаётгани эътиборга лойиқ. 

Вилоятда қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш ва модернизациялаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2016 йилда 2838 кўп тармоқли фермер хўжалиги, 9079 гектар майдонда интенсив боғ ва 1000 гектар ерда токзор ташкил этилган. Ушбу соҳада 11 минг 349 иш ўрни яратилган. 

Бугунги кунда сабзавотнинг 33 фоизи, меванинг 38 фоизи, сутнинг 34 фоизи, гўштнинг 27 фоизи вилоятдаги маҳаллий корхоналарда қайта ишланмоқда. Бундай ўсиш суръатлари одамларнинг турмуш шароитида, вилоят шаҳар ва қишлоқлари қиёфасида ўз ифодасини топмоқда.

Туризм Самарқанд вилояти иқтисодиётининг асосий йўналишларидан биридир. Вилоятда сайёҳлик ресурсларидан самарали фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турларини кўпайтириш ва сифатини замон талабларига мослаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз томонидан яратилган имконият ва имтиёзлар туфайли бугунги кунда Самарқандда юздан ортиқ меҳмонхона ва 80 дан зиёд сайёҳлик фирмаси фаолият кўрсатмоқда. Йилдан-йилга уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замон талаблари даражасида юқори сифатли хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаймоқда. Сайёҳликнинг экологик, соғломлаштириш, агро ва фаол турларини ривожлантириш, ички туризмни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят туманларида янги сайёҳлик йўналишлари очилмоқда.

 Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, ижтимоий соҳаларни янада такомиллаштириш, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш борасида улкан режа ва мақсадлар белгиланган. Давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари бу мақсадларни амалга ошириш учун ҳуқуқий асос, ташкилий тизим яратмоқда.

 

ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ САМАРҚАНД ВИЛОЯТИГА ТАШРИФИНИ БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ИСЛОМ КАРИМОВ ҚАБРИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШДАН БОШЛАДИ

Ислом Каримов руҳига Қуръон тиловат қилинди.

Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ бу борада изчил ишлар амалга оширилмоқда. Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда ёдгорлик мажмуаси барпо этилмоқда. 

Лойиҳага кўра, мақбара мармар, гранит ва нақшлар билан безатилади, пештоқларига Қуръон оятлари битилади. Зиёратчилар учун айвон бунёд этилади, кексалар учун лифтлар ўрнатилади. 

Давлатимиз раҳбари ушбу мақбара лойиҳаси билан танишди. Уни янада такомиллаштириш, зиёратчилар учун қулайликларни ошириш бўйича тавсиялар берди. Зиналарни пасайтириш, мажмуа атрофини кенгайтириш ва ободонлаштириш, мажмуа тунда ёруғ нур сочиб туришини таъминлаш зарурлигини таъкидлади. 

Ислом Каримов мустақиллигимизга, халқимизнинг фаровон ҳаётига асос солган, маънавиятимизни тиклаган буюк инсон эди, деди Шавкат Мирзиёев. Мажмуада Биринчи Президентимизнинг буюклиги, пок иймон-эътиқоди, сермазмун ҳаёти акс этиши керак. Шу мажмуа тимсолида Ислом Каримовга бўлган меҳр-муҳаббатимизни кўрсатишимиз зарур. 

Давлатимиз раҳбари Биринчи Президентимиз мақбараси Ҳазрати Хизр масжиди билан уйғун бўлиши зарурлигини таъкидлади. Мақбарага монанд зиёратчилар учун баланд айвонлар бунёд этиш, расмий делегациялар учун ҳам кенг шароит яратиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Ушбу мажмуа юксак маънавият, илм-маърифат маскани бўлиши керак. Зеро, бу катта тарбиявий аҳамиятга эга. Мажмуада ҳамиша майин оҳангда Қуръон суралари янграб туриши, мақбара деворларига муқаддас оятлар билан бирга, Ислом Каримовнинг ҳикматли сўзлари ҳам битилиши зарур. Токи зиёратга келганлар ўзига улкан руҳий қувват олсин, халқимизнинг илмига, маънавиятига ҳаваси ортсин.

 

ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ЖОМБОЙ ТУМАНИДАГИ “ҒАЛЛА ОСИЁ НОН” МАСЪУЛИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ЖАМИЯТИДА БЎЛИБ, ВИЛОЯТДА ЯҚИН ВАҚТЛАР ИЧИДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН ЙИРИК ЛОЙИҲАЛАР ТАҚДИМОТИ БИЛАН ТАНИШДИ

Дастлаб "Шарқ саноати" концерни таркибида ташкил этилган интенсив кўчат етиштириш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Польшалик мутахассислар янги технологиянинг аҳамияти, афзалликлари ҳақида сўзлаб берди. Мазкур усул асосида етиштирилган кўчатлар касалликка чидамлилиги, тезпишарлиги билан бошқаларидан ажралиб туради. Самарқандда картошка етиштириш бўйича янги марказ ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Марказнинг ҳудудлараро филиаллари ташкил қилинади. Вилоятларда мазкур йўналишда лабораториялар очиш кераклиги қайд этилди. Булунғур туманида ташкил этилаётган “Тоҳир” масъулияти чекланган жамияти лойиҳаси ҳақида сўзлаб берилди. Мамлакатимизда аҳолини йил давомида мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, ташқи бозорларда харидоргир ва рақобатбардош бўлган ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. 

Дунё бозорида юртимизда етиштирилган сархил қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб юқори. Янги ташкил этилаётган жамият мутахассислари бу борада талаб ва таклифларни атрофлича ўрганиб, лойиҳани жорий йилнинг учинчи чорагида фойдаланишга топширишни режалаштирган. 

Ўн бир гектар майдонда барпо этиладиган корхона йилига 12 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш қувватига эга бўлади. 

Президентимизга тақдим қилинган кейинги учта лойиҳа ҳам шу йўналишда. Булар Булунғур туманидаги “Самарқанд гарден пласт”, Жомбой туманидаги “Грин агро экспорт” масъулияти чекланган жамиятлари ва “Мароқанд мева-сабзавот” фермер хўжалиги томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш марказини ташкил этиш лойиҳаларидир. 

Лойиҳалар ҳақида Президентимизга батафсил маълумот берилди: ташкил этиладиган янги иш ўринлари, экспорт ҳажми, таъсисчи томонидан сарфланадиган маблағлар, банклар томонидан ажратиладиган кредитлар, замонавий ускуналарнинг имкониятлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. 

Давлатимиз раҳбари ҳар бир лойиҳа бўйича фикр билдириб, уларни янада такомиллаштириш юзасидан зарур тавсиялар берди. 

Шавкат Мирзиёев Оқдарё туманидаги "Юнусжон аҳли" оилавий корхонаси томонидан соя оқсили изоляти ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди. Йилига 26 тонна соя донини қайта ишлаш қувватига эга корхона Хитойнинг етакчи компанияларининг замонавий ускуналари билан жиҳозланади. Жорий йилнинг декабрь ойида фойдаланишга топширилиши мўлжалланган корхонада соя ёғи, уни, оқсил изоляти ишлаб чиқарилади. Корхонада 80 кишининг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган. 

Биз учун ҳар бир иш ўрни муҳим. Лоақал иккита одамни иш билан таъминлаган тадбиркорни бошимизда кўтаришга тайёрмиз, деди Президентимиз. Чунки инсоннинг иш билан таъминланиши унинг оиласи фаровон бўлишига, эртасига, давлатга ишончи ошишига асос бўлади.

 

ДАВЛАТИМИЗ РАҲБАРИ ЖОМБОЙ ТУМАНИДА ВИЛОЯТДА ЕНГИЛ САНОАТНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН ҚАТОР ЛОЙИҲАЛАР ТАҚДИМОТИДА ИШТИРОК ЭТДИ

Вилоятда Миллий банк томонидан молиялаштирилаётан енгил саноат соҳасидаги лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди. "8 март", “Urgaz textile”, “Urg-Gaz Carpet”, “Arfa Exprod”, “Alnazar orzu servis”, “Samarqand Oqdaryo textil tola” каби масъулияти чекланган жамиятларида йилига 110,4 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Бу корхоналарда тайёр трикотаж, жинси маҳсулотлари, кўйлак ва чойшаблар ишлаб чиқарилади. Корхоналар тўлиқ қувват билан ишга тушгач, беш мингдан ортиқ иш ўрни яратилади. 

Шундан сўнг “Асакабанк” томонидан молиялаштирилаётган лойиҳалар тақдимоти бўлди. “Next textile”, “Оқдарё текс”, “Мароқанд сифат” масъулияти чекланган жамиятларининг истиқболдаги фаолияти муҳокама қилинди. 

Президентимизга лойиҳаларнинг аҳамияти, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар тури ва сифати, яратиладиган иш ўринлари ҳақида маълумот берилди. 

Шавкат Мирзиёев жаҳон бозорида сифатли ип калавадан тайёрланган тўқимачилик маҳсулотларига талаб ортиб бораётгани, пахта толасини қайта ишлашни янада кенгайтириш ва аҳолини мамлакатимизда ишлаб чиқарилган сифатли кийим-кечак билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Соҳани янада ривожлантириш ва корхоналарнинг истиқболдаги режаларини аниқ белгилаш, янги ташқи бозорларни топиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди. 

Булунғур туманидаги “Интер лего” масъулияти чекланган жамиятида ип-калава, трикотаж мато ва матони бўяш ҳамда тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ташкил этилади. Мазкур лойиҳанинг қиймати 37 миллион евро бўлиб, корхона ишга тушгач, йилига 31 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинади, 700 киши иш билан таъминланади. 

Мамлакатимизда енгил саноатни изчил ривожлантириш, тармоққа замонавий технологияларни кенг жорий этиш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2016 йил 21 декабрдаги “2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори соҳа ривожи учун кенг имкониятлар яратмоқда. 

Давлатимиз раҳбарига Самарқанд вилоятида 2017-2018 йилларда енгил саноат соҳасида амалга ошириладиган манзилли дастур тақдим қилинди. 

Жанубий кореялик инвесторлар томонидан ташкил қилинаётган “Samarkand apparel” корхонасида эркаклар, аёллар ва болалар учун тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳақида сўзлаб берилди. 

Президентимиз вилоятда терини қайта ишлаш, чарм ва махсус пойабзаллар ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. “Каттақўрғон чарм” қўшма корхонасида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Самарқанд вилоятида тери хомашёсини тайёрлаш ва қайта ишлаш, чарм-пойабзал соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Хитойлик инвесторлар мазкур соҳани янада ривожлантириш, вилоятда сифатли ва жаҳон андозалари даражасидаги маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича ўзларининг таклифларини баён қилди, Президентимизга Ўзбекистонда хорижлик инвесторлар учун яратилган қулай инвестициявий муҳит учун миннатдорлик билдирди. 

Шавкат Мирзиёев ушбу лойиҳаларнинг самарадорлигини таъминлашга эътибор қаратди. Қишлоқ жойларда аҳоли, айниқса, ёшларни муқим иш билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, ҳудудларда етиштирилаётган пахта толасини ўша ернинг ўзида қайта ишлаш учун яратилаётган қулай имкониятлар тадбиркорларга кенг қулайликлар яратиб, янги иш ўринлари кўпайиши, аҳоли даромадлари ошишида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбари вилоятда енгил саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.

 

ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ИМОМ БУХОРИЙ ЁДГОРЛИК МАЖМУИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛДИ 

Шавкат Мирзиёев 2016 йил 18 октябрь куни пойтахтимизда ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида ислом маданияти, умумбашарий цивилизация ривожига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. 

Президентимиз мазкур марказ қурилиши лойиҳаси билан танишди. 

Марказ Имом Бухорий ва бошқа алломаларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, мамлакатимиз ва хорижий давлатлардаги кутубхоналар, архив фондларида сақланаётган қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини тўплаш, уларни халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш билан шуғулланади. 

Президентимиз мазкур халқаро марказнинг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратди. Бу муассасада ислом маданияти тарғиботи бўйича комплекс тадбирлар ишлаб чиқиш кераклигини таъкидлади. Бино хоналарида буюк алломаларимизнинг маънавий қудрати ва салоҳияти намоён бўлиб туриши, бунинг учун ҳар бир хонани муайян аллома номи билан аташ ва шунга яраша жиҳозлаш зарурлиги қайд этилди. 

Буюк мутафаккир бобомиз, барча муҳаддислар пешвоси Имом Бухорий мангу қўним топган ушбу масканда ўзига хос маънавий-руҳий муҳит мавжуд, деди давлатимиз раҳбари. Мажмуага зиёратга келган одам бу марказга ҳам кириб, ўзига катта маънавий озуқа олсин, боболаримиз ҳикматларидан ўрганиб кетсин. Шунда уларнинг қалбида улуғ аждодларимиз билан фахрланиш туйғуси юксалади, айни пайтда шундай буюк зотларнинг авлоди деган масъулиятни ҳис этади. 

Шавкат Мирзиёев олимлар ва уламолар билан суҳбатда ушбу марказда тадқиқотчиларга Қуръони карим оятларини қироат билан ўқиш, тўғри талаффуз этиш, араб имлосида ёзиш – каллиграфия бўйича мамлакатимиз етакчи олимлари дарсларини йўлга қўйиш, хорижлик тадқиқотчилар учун стажировкалар таъсис этиш лозимлигини таъкидлади. 

Пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида Ислом тараққиёт марказини ташкил этамиз. Ушбу масканда ҳам Имом Бухорий халқаро маркази каби халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий дунёсини бойитишга, буюк аждодларимиз ислом таълимотига беқиёс ҳисса қўшганини аниқ мисоллар билан кўрсатишга алоҳида эътибор қаратиш керак, деди давлатимиз раҳбари. 

Имом Бухорий мажмуаси атрофида жойлашган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини реконструкция қилиш лойиҳаси ҳақида ҳам маълумот берилди. Бу зиёратчилар учун қўшимча қулайлик яратиб, ҳудуд инфратузилмасини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. 

Давлатимиз раҳбари Махдуми Аъзам зиёратгоҳидан Имом Бухорий мажмуасигача бўлган йўл бўйида икки қаватли замонавий уйлар ва ижтимоий объектлар қуриш, ҳудудни ободонлаштириш бўйича мутасадди раҳбарларга топшириқлар берди. 

Президентимиз Қўшработ туманида ҳам бўлди. Тумандаги “Оқтепа” қишлоқ фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган учрашувда тоғолди ҳудудларида 2017-2018 йилларда ёнғоқзорлар, токзорлар барпо этиш, 2017-2021 йилларда чорва боқишни ташкил қилиш, туманда ичимлик суви таъминотини яхшилашга оид лойиҳалар билан танишди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, сувга чидамли, экспортбоп дарахт плантацияларини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Жомбой, Иштихон, Каттақўрғон, Пастдарғом, Пайариқ, Самарқанд, Ургут ва Қўшработ туманларининг тоғолди ҳудудларида 2017-2018 йилларда 4 минг 211 фермер хўжалиги ташкил этилади. Фермер хўжаликларида 5,7 минг гектар ёнғоқзор ва 13 минг гектар токзор барпо этиш режалаштирилган. 

2017 йилда 2,5 минг гектар ёнғоқзор, 6,6 минг гектар токзор барпо этилиши мўлжалланган. 

Бу лойиҳаларни амалга ошириш учун 271 миллиард сўм ва 8,4 миллион доллар маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Бу қўшимча 15 минг тонна ёнғоқ, 50 минг тонна узум ва узум маҳсулотлари экспорт қилиш имкониятини яратади. 2017-2018 йилларда 26 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. 

Шундай ёнғоқзорлардан бири Қўшработ туманидаги «Оқтепа унумдор замин» фермер хўжалигида барпо этилади. Президентимиз бу ерга ёнғоқ кўчати ўтқазди. 

Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани сингари Самарқанд вилоятида ҳам ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўп. Уларни ишга солиб қўшимча даромад топиш, халқимиз фаровонлигини янада ошириш мумкин. Бунинг учун одамларда тадбиркорликка қизиқишни кучайтириш, томорқадан унумли фойдаланиш керак, деди давлатимиз раҳбари. 

Қўшработ туманида 2017-2021 йилларда аҳоли, фермер ва деҳқон хўжаликларида 10 минг эчки ва 5 минг қўй боқишни ташкил қилиш лойиҳаси ҳам йирик лойиҳалардан. Қиймати 7,7 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳада Россиядан 10 минг наслли эчки, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий вилоятларидан 5 минг ҳисори қўй олиб келиш мўлжалланган. 

Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 18 декабрдаги қарорига мувофиқ, ОПЕК ҳамда Саудия Арабистони тараққиёт жамғармалари томонидан Ўзбекистон иштирокида 2016-2018 йилларда Қўшработ туманида ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган умумий қиймати 36,4 миллион долларлик лойиҳанинг амалга оширилиши белгиланган. 

Лойиҳа амалга оширилгач, 77 қишлоқ фуқаролар йиғинида 49 сув олиш иншооти қурилади, 6 таси реконструкция қилинади. 408,1 километр магистрал сув қувурлари ва тармоқлари барпо этилади. 

Бундан ташқари, лойиҳага 110 сув олиш қудуғини бурғулаш ва реконструкция қилиш, 16,1 километр узунликдаги сув иншоотларини ҳимоя деворлари билан ўраш, 164 қудуқ насосини ўрнатиш, 14 автоматлаштирилган насос станциясини қуриш, 55 трансформатор, 3 қуёш генератори ҳамда 52 дизель генератори ўрнатиш, 24,5 километр узунликдаги ташқи электр таъминоти тизими билан таъминлаш киритилган. 

Давлатимиз раҳбари Қўшработда экспортбоп мевалар экиш, чорвачиликни ривожлантириш, бунинг учун аҳолига кредит маблағлари ажратиш зарурлигини таъкидлади. 

Қўшработда жунни қайта ишлаш фабрикаси қуриш, Самарқанд ва Оқдарё туманларида 2017 йилда қурилиши режалаштирилган замонавий иссиқхона мажмуалари лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди. 

Шавкат Мирзиёев шу ерда бир гуруҳ нуронийлар билан суҳбатлашди. Нуронийлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлардан, рўй бераётган ўзгаришлардан одамлар рози эканини қайд этди. 

Президентимиз Каттақўрғон сув омбори ҳавзасида балиқчиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. 

Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга, аҳолига арзон ва сифатли маҳсулотлар етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда балиқчилик, паррандачилик, қуёнчилик ва бошқа турдаги хўжаликлар тобора ривожлантирилмоқда. 

“Каттақўрғон жайхун” фермер хўжалиги ва “Каттақўрғон балиқчилик” хусусий корхонаси томонидан карп, оқ амур, оқ ва чипор дўнгпешона ҳамда бошқа турдаги балиқларни, балиқ чавоқларини етиштиришда Вьетнам технологиясидан фойдаланиш мўлжалланган. Ушбу илғор технология самарадорликни беш баробаргача оширади. Ҳудудда балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ҳам режалаштирилмоқда. 

Лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун 5,1 миллиард сўм маблағ сарфланади ва натижада балиқчилик хўжаликларига йилига 2 миллион дона чавоқ, 500 миллион дона личинка, минг тонна омихта ем етказиб берилади. 400 тонна балиқ қайта ишланади, 200 тонна қадоқланган, 50 тонна дудланган балиқ маҳсулотлари аҳолига етказиб берилади. Хўжаликда 40 янги иш ўрни яратилади. 

Давлатимиз раҳбари Пайариқ, Самарқанд туманларида “Мароқанд балиқ саноат агро” агрофирмаси ва “Оқ амур балиқлари” фермер хўжалиги томонидан “Ипотека-банк” билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларни кўздан кечирди. Мазкур лойиҳаларга кўра 450 гектар сув майдонида балиқ чавоқларини кўпайтириш ва балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш йўлга қўйилади. Ушбу лойиҳалар учун 12 миллиард сўм маблағ жалб этилади. 

Лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида балиқчилик хўжаликларига 10 миллион дона чавоқ, 300 тонна омихта ем етказиб берилади, 500 тонна балиқ қайта ишланади. 300 тонна қадоқланган, 50 тонна дудланган балиқ маҳсулотлари халқ истеъмоли учун бозорларга чиқарилади. Лойиҳада 50 кишини иш билан таъминлаш кўзда тутилган. 

Президентимиз мазкур лойиҳалар билан танишар экан, халқимиз “луқмаи ҳалол” деб таърифлайдиган балиқ етиштиришни янада кўпайтириш, бунда замонавий технологиялардан унумли фойдаланиш, маҳсулотларни нафақат ички бозорга, балки экспортга ҳам йўналтириш бўйича зарур кўрсатмалар берди. 

Давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятида сув ресурсларидан унумли фойдаланиш, сув тармоқларини модернизация қилиш лойиҳаларини кўздан кечирди. 

Вилоятда сўнгги йилларда бир неча сув иншоотлари қурилди. Ургут туманида “Камангарон”, Қўшработ туманида “Оқчобсой” сув омборлари, Нуробод туманида “Омондара” сув тўғонининг барпо этилиши ҳудудларда сув ресурсларини бошқаришда самарадорликни янада оширди, минглаб гектар майдонларда сув танқислигининг олдини олди. 

Келгуси уч йилда вилоятда 55 насос станциясини тўлиқ таъмирлаш режалаштирилган. Натижада 60 минг 619 гектар майдонда сув таъминоти яхшиланади, йилига 29,9 миллион кВт соат электр энергияси ҳамда 720 миллион сўм эксплуатация харажатлари иқтисод қилиниб, 6,4 миллиард сўм маблағ тежалади. 

Сувни самарали ишлатиш минтақамиздаги долзарб масалалардан бири, деди Президентимиз. Шу боис ушбу ресурсдан фойдаланишни замон талаблари асосида ташкил этиш лозим. 

Давлатимиз раҳбари вилоятда 2017 йилда молиялаштирилиши кўзда тутилаётган йирик чорвачилик лойиҳалари билан танишди. 

Вилоятда жорий йилда “Чортут”, “Чорва сут сервис” фермер хўжаликлари, “Наслли чорва импорт”, “Самарқанд милк”, “Айкан савдо”, “Чорва насл бирлашма” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан бир қатор лойиҳалар амалга оширилиши мўлжалланмоқда. Ушбу корхоналарда йилига 14 минг 250 тонна сут, 875 тонна гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, 230 иш ўрни яратилади. 

Мамлакатимизда аҳолини арзон ва сифатли паррандачилик маҳсулотлари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Ургут туманида “Чўпонота парранда” масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий технологиялар асосида парранда озуқасини ишлаб чиқариш режалаштирилган. "Ургут" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида фаолият олиб борадиган мазкур корхона 3 миллион АҚШ доллари қийматига тенг. У 2018 йилнинг биринчи чорагида ишга туширилади. Натижада вилоятдаги паррандачилик хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида боқилаётган паррандалар учун йилига 8-10 минг тонна озуқа маҳсулотлари етказиб берилади. Лойиҳада 30 иш ўрни яратиш кўзда тутилган. 

“Афросиёб парранда” масъулияти чекланган жамияти томонидан паррандачилик, балиқчилик ва чорвачилик хўжаликлари учун омихта ем ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдим этилмоқда. 

Лойиҳага мувофиқ корхонага соатига ўн тонна компонентлари электрон аниқлик билан дозалаштирилган юқори сифатли омихта ем ишлаб чиқариш қувватига эга Голландия технологиясини ўрнатиш режалаштирилмоқда. Тайёр маҳсулотлар мамлакатимиздаги хусусий тадбиркорлар ва аҳоли эҳтиёжлари учун, шунингдек, экспортга йўналтирилади. 

“Зарафшон парранда” хусусий ишлаб чиқариш тижорат фирмаси лойиҳасига кўра, Жомбой туманидаги Манғит қишлоғида 39 гектар ҳудудда жўжа ва тухум етиштириш комплекси ташкил этилади. Бунга 12 миллиард сўм маблағ жалб этиш мўлжалланган. Лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида йилига 5 миллион дона жўжа аҳоли хонадонлари ва паррандачилик корхоналарига етказиб берилади. 

“Сиёб Шавкат Орзу” фермер хўжалиги томонидан Тайлоқ тумани Пайшанбасиёб қишлоғидаги ўн гектар ҳудудда парранда боқиш ва парранда гўшти етиштириш режалаштирилган. Лойиҳага 3 миллион 518 минг доллар сарфланади. 

Корхонада йилига 800 минг дона парранда боқиш ва 12 минг тонна парранда гўшти етиштириш йўлга қўйилади. Етиштирилган маҳсулот ички бозорга чиқарилади, муайян қисми экспорт қилинади. Ушбу лойиҳа 60 янги иш ўрни яратиш имконини беради. 

Самарқанд вилоятида кейинги йилларда куркачилик ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Ушбу йўналишда ҳаётга татбиқ этилаётган комплекс чора-тадбирлар куркаларни илғор технологиялар асосида кўпайтириш, боқиш, тухумни сифатли сақлаш имконини бермоқда. 

“Мароқанд парранда” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган лойиҳага мувофиқ йилига 3 миллион тухум ва 2 миллион дона курка жўжаси етиштирилади. Лойиҳага 39,6 миллиард сўм ажратилиши мўлжалланган. 

Президентимиз мазкур лойиҳалар билан танишар экан, вилоятда паррандачиликни ривожлантириш учун табиий иқлим, хомашё ва ишчи кучи мавжудлигини таъкидлади. Улардан унумли фойдаланиш, тармоқ тадбиркорларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга зарур топшириқлар берди. 

Самарқанд шаҳрида вилоят фаоллари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят иқтисодиётини янада ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, аҳолини иш билан таъминлаш ва турмуш даражасини янада ошириш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

ХАЛҚҚА ХИЗМАТ ҚИЛИШ, ОДАМЛАРНИНГ МАНФААТЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ – РАҲБАРЛАР ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ МЕЗОНИДИР

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни пойтахтимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар ижроси, ижтимоий объектлар фаолияти билан танишди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби пойтахтимизда ҳам саноатни жадал ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг учинчи йўналишида эркин иқтисодий зоналар, технопарклар ва кичик саноат зоналари самарадорлигини ошириш, янгиларини ташкил этиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича улкан мақсад ва вазифалар белгиланган. Президентимиз раҳнамолигида бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Шавкат Мирзиёев 3 февраль ва 25 март кунлари Тошкент шаҳридаги саноат объектларига ташриф буюриб, улардан самарали фойдаланиш, корхона ва тадбиркорларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароит яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Бугунги кунда ушбу объектларда янги ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ана шундай саноат ҳудудларидан бири – Чилонзор туманидаги “Реле ва автоматика” акциядорлик жамиятига ташриф буюрди. Заводнинг умумий ер майдони 3,91 гектар, ишлаб чиқариш майдони 2,26 гектар. Бу ерда юзга яқин турдаги металл ва пластмасса буюмлар, паст кучланишли қурилмалар тайёрланмоқда, шу йўналишда хизматлар кўрсатилмоқда. Ҳудудда ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш учун яхши имконият, зарур инфратузилма мавжуд. Акциядорлик жамияти ҳудудида кичик саноат зонаси ташкил этилиб, 2017-2018 йилларда 10 инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган. Уларга мувофиқ бу ерда тўқимачилик ва қадоқлаш маҳсулотлари, касса ва терминал учун қоғозлар, гидравлика мойлари, пластик труба ва фитинглар, мебель, акрил ва канцелярия товарлари ишлаб чиқариш мўлжалланган.

Масалан, "Сирдарё-қурилиш-монтаж" масъулияти чекланган жамияти томонидан бу ерда йилига 23-24 миллион дона қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Полипропилендан тайёрланадиган, кимё, озиқ-овқат, тўқимачилик ва қурилиш саноатида қўлланиладиган бу маҳсулотларнинг 70 фоизи ички, 30 фоизи ташқи бозорга етказиб берилади. Корхонада 55 иш ўрни яратилади. "Милк импэкс" масъулияти чекланган жамияти бу ерда мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қуритиш ва қадоқлаш корхонаси ташкил этишни режалаштирмоқда. Корхонада йилига 500 тонна мева-сабзавот қайта ишланади, 30 иш ўрни яратилади. Давлатимиз раҳбари ушбу ҳудудда экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналар ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ЧИЛОНЗОР ТУМАНИДАГИ “ROISON HOME WHITE GOODS” ЎЗБЕКИСТОН – БУЮК БРИТАНИЯ ҚЎШМА КОРХОНАСИГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони соҳада янги босқични, янги имкониятлар эшигини очмоқда. Собиқ "Алгоритм" заводи ҳудудида фаолият юритаётган бизнес субъектлари бунга мисол. Ҳозир бу ерда 50 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти маиший техникалар, тўқимачилик ва кимё саноати маҳсулотлари, мебель, қоғоз буюмлар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, металлни қайта ишлаш билан шуғулланмоқда. Ушбу корхоналарда мингдан зиёд ишчи меҳнат қилмоқда. “Roison Home White Goods” қўшма корхонасининг умумий ер майдони қарийб 23 гектар, бино ва иншоотлар майдони 9,7 гектар.

Шу ернинг ўзида Чилонзор туманида амалга ошириладиган 20 дан ортиқ иқтисодий лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. "1-Заргарлик корхонаси" лойиҳаси улардан бири. Қиймати 10 миллиард сўм бўлган ушбу корхонада йилига 13 миллиард сўмлик заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилади, 100 иш ўрни яратилади. 

Сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 9 миллиард сўм. Бу ерда замонавий технология асосида йилига 1 минг 150 тоннадан сут ва кефир, 400 тонна йогурт, 100 тоннадан сметана ва пишлоқ, 80 тонна творог ва бошқа маҳсулотлар тайёрланади. Юздан ортиқ киши иш билан таъминланади. 

Чилонзор туманидаги эски 2-пойабзал фабрикаси ҳудудида аёллар, эркаклар ва болалар оёқ кийимларини ишлаб чиқариш режалаштирилган. Қиймати 3 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳа йилига 10 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. Маҳсулотларни экспортга чиқариш ҳам мўлжалланмоқда. 

Бу ерда қандолат маҳсулотлари, қадоқлаш ва қурилиш материаллари, автомобиллар учун техник мой ишлаб чиқариш, "Совпластитал" акциядорлик жамияти ҳудудида кичик саноат зонаси ташкил этиш, юрак касалликларини даволаш маркази, медиамаркет ва савдо мажмуаси қуриш лойиҳалари ҳам намойиш этилди. 

Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳитидан самарали фойдаланиб, маҳсулотлар сифатини ошириш, корхоналарнинг хорижий ҳамкорлар топишига кўмаклашиш ва экспорт фаолиятини янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Мутасадди раҳбарларга тадбиркорлик фаолиятини кенг қўллаб-қувватлаш, инвестиция жалб қилиш ва кредитлар ажратиш, экспортни рағбатлантириш каби долзарб йўналишлар бўйича тегишли топшириқлар берди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Катта Хирмонтепа” ва “Яккатут” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлди. 

Маҳалла фуқаролар йиғинлари ўзини ўзи бошқаришнинг чинакам халқона институти сифатида жамиятимиздан мустаҳкам ўрин эгаллаган. Бу халқ билан мулоқот қилиш ва инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган эзгу вазифаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этаётир. 

Катта Хирмонтепа маҳалласида асосан кўп қаватли уйлар жойлашган. Давлатимиз раҳбари маҳалла ҳудуди билан танишди. Кўп қаватли уйлар, мактабгача таълим муассасалари, мактаблар атрофини ободонлаштириш, йўлакларни таъмирлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди. 

Мактаб – таълим-тарбия маскани. Бу жойдаги ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратиш зарур, деди Президентимиз. Таълим муассасалари олдида доимо гул экилган, саранжом-саришта бўлиши керак. 

Шавкат Мирзиёев шу ерда яшовчи аҳоли хонадонларида бўлиб, улар билан суҳбатлашди. 

Яккатут маҳалласида иккита мактабгача таълим муассасаси, иккита мактаб, иккита коллеж фаолият юритмоқда. 

Президентимиз мазкур маҳалла ҳаёти билан танишди, халқ билан мулоқот қилди. 

Шу ерда давлатимиз раҳбарига Тошкент шаҳрида қурилиши режалаштирилган намунавий маҳалла марказлари лойиҳалари ҳақида ахборот берилди. 

Жорий йилнинг март ойида Президентимиз Юнусобод тумани Увайсий номидаги маҳаллада бўлиб, фуқаролар йиғини ходимлари, профилактика инспектори ва аҳоли учун яратилган қулай шароитлар билан танишар экан, пойтахтимиз, қолаверса, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мана шундай маҳалла марказларини бунёд этиш ҳақида кўрсатмалар берди. 

Маҳаллалар ўз зиммасидаги вазифаларни самарали бажариши учун ҳуқуқий асослар билан бирга, етарли шарт-шароитларга ҳам эга бўлмоғи лозим, деди Президентимиз. 

Таклиф этилаётган янги маҳалла марказлари лойиҳасида маҳалла раиси, котиб ва маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар бўлиши кўзда тутилган. Бу халқимизга хос ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат фазилатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Профилактика инспектори ўзи ишлайдиган маҳалла ҳудудида яшаши лозим. Бу профилактика инспектори маҳалладаги ҳар бир хонадон билан яқин мулоқот ўрнатиши, кўчалар ва жамоат жойларини қатъий назоратга олишида муҳим аҳамиятга эга. 

Профилактика инспекторларини хизмат уйлари, имтиёзли кредитлар ҳисобига машиналар билан таъминлаш, уларнинг яшаши ва самарали ишлаши учун барча шароитларни яратиш бўйича зарур топшириқлар берилди. 

Маҳалла марказларида чойхона, новвойхона, "Гўзаллик салони", дўконлар, спорт ва болалар майдончалари бўлиши одамларнинг зарур эҳтиёжларини қондириш билан бирга, ҳудуддаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади. 

Маҳалла халқ билан давлат ўртасида кўприк бўлиши керак, деди Шавкат Мирзиёев. Одамларнинг қувончу ташвишидан доимо хабардор бўлиш маҳалланинг асосий вазифасидир. 

Мамлакатимизда, айниқса, пойтахтимизда транспорт воситалари кўпайиб бормоқда. Бу одамларимизнинг турмуш даражаси ошиб, юртимиз фаровонлиги йилдан-йилга юксалаётгани исботидир. Зеро, кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам аҳоли турмуш даражасини ошириш, инсон манфаатларини тўла таъминлашдир. 

Шавкат Мирзиёев Чилонзор туманидаги ички йўлларни таъмирлаш лойиҳаси билан танишди. Лойиҳага кўра 2017-2018 йилларда тумандаги барча ички йўллар тўлиқ таъмирланади. Йўлларнинг сифати ва замонавийлигига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. 

Катта бино ва иншоотлар, бозорга яқин ҳудудларда автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари етишмаслиги муайян ноқулайликлар туғдирмоқда. Президентимизга барпо этиладиган махсус автотураржойлар лойиҳаси ҳақида ахборот берилди. Унга кўра бинолар ёнида автомобиллар учун мўлжалланган уч ва тўрт қаватли автотураржойлар қурилиши режалаштирилган. Бу йўллардаги тирбандликларнинг олдини олиш, ҳайдовчилар ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. 

Давлатимиз раҳбари йўлларни яхшилаш билан бирга, автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларини ҳам замонавий талаблар даражасида бунёд этиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри ва туман ҳокимлари, турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, пойтахт жамоатчилиги вакиллари иштирок этди. 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг шакл ва сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар марказлари, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарларда Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Бу барча даражадаги давлат органлари фаолиятида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойилни амалда рўёбга чиқариш, аҳоли билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда. 

Бугунги кунда аҳоли мазкур муассасаларга ўзларини қийнаётган масалалар билан мурожаат қилаётир. Жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар фуқаролар ва тадбиркорларга ўзлари дуч келаётган муаммолар юзасидан тегишли соҳаларга масъул бўлган раҳбарларга бевосита мурожаат қилиш, уларга қисқа вақтда ечим топиш, жамиятимизда ижтимоий адолат тамойилларини қарор топтиришда муҳим омил бўлаётир. 

Чилонзор туманидан Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига 16 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг атиги 1,5 мингтаси ижобий ҳал қилинган. 

"3-Чарх Камолон" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳодир Султонов, ушбу маҳалла профилактика инспектори Бобомурод Абдуллаев, "1-Чарх Камолон" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зубайда Тўйчиева, "Навбаҳор" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Исматилла Собиров, Гавҳар маҳалласидаги "Соғлом келажак" хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Руҳия Муҳамедова, 181-умумтаълим мактаби директори Моҳидил Бегматова ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан асос солинган мурожаатлар билан ишлаш бўйича янги тизим халқимизни ҳаётдан рози қилиш, уларнинг адолат ва давлатга бўлган ишончини оширишга хизмат қилаётганини, Халқ қабулхоналари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсадларга эришишда муҳим воситага айланиб бораётганини таъкидлади. 

Учрашувда аҳолига зарур шароитлар яратиш, коммуникация тизимларини таъмирлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, тадбиркорларни қийнаётган тўсиқларни олиб ташлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Президентимиз мазкур соҳалардаги камчиликларни бартараф этиш, истиқболда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берди. 

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ "АЛГОРИТМ" ЗАВОДИ ҲУДУДИДАГИ ҚЎШМА КОРХОНАГА ТАШРИФ БУЮРДИ

 

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Чилонзор туманидаги “Roison Home White Goods” Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонасига ташриф буюрди.

Чилонзор туманидаги собиқ "Алгоритм" заводи ҳудудида ташкил этилган “Roison Home White Goods” қўшма корхонасининг умумий ер майдони қарийб 23 гектар, бино ва иншоотлар майдони 9,7 гектар. Ҳозир бу ерда 50 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти маиший техникалар, тўқимачилик ва кимё саноати маҳсулотлари, мебель, қоғоз буюмлар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, металлни қайта ишлаш билан шуғулланмоқда. Ушбу корхоналарда мингдан зиёд ишчи меҳнат қилмоқда. 

Шу ерда Чилонзор туманида амалга ошириладиган иқтисодий лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди. 

Шавкат Мирзиёев мамлакатда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳитидан самарали фойдаланиб, маҳсулотлар сифатини ошириш, экспорт фаолиятини янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Мутасадди раҳбарларга тадбиркорлик фаолиятини кенг қўллаб-қувватлаш, инвестиция жалб қилиш ва кредитлар ажратиш, экспортни рағбатлантириш каби долзарб йўналишлар бўйича тегишли топшириқлар берди. 

 

АҲОЛИ ФАРОВОНЛИГИНИ ЯНАДА ОШИРИШ ВА МАМЛАКАТНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида шу йил 11 апрель куни кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари раҳбарлари, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, компания ва уюшмалар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, мамлакатимиз шаҳар ва туманлари ҳокимлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Селектор йиғилишида дастлаб ҳаётий муҳим масалалар бўйича фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш борасидаги ишларнинг аҳволи муҳокама қилинди.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ҳамда давлатимиз раҳбарининг Виртуал қабулхонаси ташкил этилиб, ўз фаолиятини бошлагани халқ манфаатларини таъминлаш, мамлакатни янгилаш ва демократлаштириш йўлидаги улкан амалий қадам бўлгани алоҳида таъкидланди. 

Жорий йил бошидан буён Виртуал қабулхонага 315 мингта мурожаат келиб тушган. Жойлардаги Халқ қабулхоналарида 47 мингдан ортиқ фуқаро қабул қилинган ва уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилган. 

Шу билан бирга, жойларда баъзи раҳбарларнинг аҳолининг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжлари ва ҳақли талабларига бефарқ муносабатда бўлаётгани кўзга ташланмоқда. Шикоятларнинг 70 фоизи бевосита маҳаллий ҳокимлик ва идораларнинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича бўлса-да, афсуски, кўтарилаётган муаммолар жойида ҳал этилмасдан қолмоқда. Шунинг учун аҳоли ва юридик шахслар марказий идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда. 

Йиғилишда мавжуд камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, Бош вазир А.Арипов, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Т.Худойбергановга кўплаб мурожаатлар, айниқса, такрорий мурожаатларга сабаб бўлаётган тизимли муаммоларни бир ой муддатда ўрганиб чиқиб, уларни ҳал этиш юзасидан комплекс таклифлар тайёрлаш вазифаси топширилди. 

Селектор йиғилишида кун тартибидаги навбатдаги масала – мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасидаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди. 

Истиқлол йилларида озиқ-овқат хавфсизлиги ва мустақиллигини таъминлаш соҳасида улкан ишлар амалга оширилгани, йилдан-йилга халқимиз фаровонлиги ортиб, турмуш даражаси ва сифати юксалиб бораётгани қайд этилди. 

Мамлакатимиз тарихан қисқа муддатда асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан нафақат ўз аҳолимизни тўлиқ таъминлашга эришгани, балки экспортга маҳсулот етказиб бераётгани ўтган йиллар давомида соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижасидир. 

Айни вақтда мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида бу борада жиддий оқсоқлик кўзга ташланмоқда. Баъзи минтақаларда яратилаётган қулай шароит ва имкониятларга қарамасдан, айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ўз аҳолисини тўлиқ таъминлашга эришилмаган. Масалан, Қашқадарё вилоятида маҳаллий аҳолини ҳудудда етиштирилган мева билан таъминлаш даражаси 71 фоизни, Сирдарё вилоятида 85 фоизни ташкил этмоқда. Бу албатта ҳеч кимни қаноатлантирмайди. 

Йиғилишда бу борадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўлларидан бири – бу аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиши билан узвий боғлиқ экани таъкидланди. Афсуски, бу борадаги аҳвол ҳамма жойда ҳам талаб даражасида, деб бўлмайди. Масалан, жорий йил давомида ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатдики, Навоий вилоятида 27 фоиз, Самарқанд вилоятида 45 фоиз, Бухоро вилоятида 47 фоиз, Жиззах вилоятида 50 фоиз томорқа ерларида, афсуски, озиқ-овқат экинлари ва мевали дарахтлар экилмаган. 

Ана шу масалаларни ҳал қилиш юзасидан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва ҳокимликлар раҳбарларига озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш учун бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси топширилди. Жумладан, мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган 66 тумандаги 455 минг гектар унумдор ердан, 2017-2020 йилларда пахта ва ғалладан бўшайдиган 215 минг гектар майдондан унумли фойдаланиш зарурлигига урғу берилди. Шунингдек, мамлакатимиздаги 4 миллион 600 минг хонадонга тегишли 515 минг гектар томорқа ерларига жорий йилнинг 1 майига қадар озиқ-овқат экинларини тўлиқ экишни таъминлаш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди. 

Селектор йиғилишида яна бир муҳим масала – ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда маҳаллий раҳбарларнинг ўрни ва масъулиятини ошириш масаласи кўриб чиқилди. Аввало, маҳаллий раҳбарларнинг жойларда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаси ва экспортни кенгайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли жон бошига даромадлар ўсишини таъминлашга қаратилган ишларни ташкил қилиш ва уларнинг қатъий назоратини амалга ошириш борасидаги муҳим вазифалари белгиланди. Маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ёшларни халқимизга бегона бўлган турли оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш ва уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Жойлардаги молия-солиқ органларининг асосий вазифаси сифатида маҳаллий бюджетнинг даромадлар базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча захираларни аниқлаш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш зарурлиги қайд этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев селектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар ҳақида тўхталиб, биз барчамиз мамлакатимиз ва унинг ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан изчил ва мутаносиб ривожлантириш, халқимиз билан доимий ва очиқ мулоқот олиб бориш орқали юртдошларимизни ташвишга солаётган ҳаётий муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал этиш, аҳоли учун ҳар томонлама муносиб турмуш шароитларини яратиш бўйича кенг кўламли вазифаларни ўз зиммамизга олганимизни доимо ёдимизда тутиб, шу асосда фаол иш олиб боришимиз керак, деб таъкидлади. 

Бу вазифаларни бажариш Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, ҳукуматнинг ҳар бир аъзосидан бошлаб, энг қуйи бўғиндаги идора ва ташкилотлар раҳбарлари, барча ходимлардан масъулиятни чуқур ҳис этиб, қатъий тартиб-интизом билан фидокорона меҳнат қилишни, энг муҳими, амалий натижаларга эришишни талаб этиши алоҳида қайд этилди. 

Мамлакатимизда қабул қилинаётган ҳар бир қонун, фармон, қарор ва фармойиш, барча топшириқлар ўз вақтида, сифатли ва сўзсиз бажарилиши зарур, деди давлатимиз раҳбари. 

Йиғилишда Президентнинг Давлат маслаҳатчилари, Бош вазир ўринбосарлари, Бош прокурор, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, республика туманлари ва шаҳарлари ҳокимлари, маҳаллий идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. 

Йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан вазифалар ва зарур чора-тадбирлар белгиланди.

 

МАМЛАКАТИМИЗ АҲОЛИСИ ТЎЛА РАҚАМЛИ ТЕЛЕВИДЕНИЕ БИЛАН ТАЪМИНЛАНАДИ

Пойтахтимизда «ABU – 2017 Tashkent forum» форуми доирасида журналистлар учун медиа конференция ўтказилди. Осиё-Тинч океани эфирга узатиш уюшмаси (ABU) ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилган конференцияда хорижий ва маҳаллий журналистлар, мутахассис ва экспертлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Ш.Шерматов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари Н.Ҳикматуллаев ва бошқалар мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштириш, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар сифатини янада яхшилаш истиқлол йилларида амалга ошириб келинаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади. Телекўрсатувларни тайёрлаш ва тарқатиш жараёнига замонавий ускуна ва медиатехнологиялар мунтазам жорий этилмоқда.

Конференцияда теледастурлар ва радиоэшиттиришларни эфирга узатишда қўлланилаётган янги технологик имкониятлар хусусида сўз борди.

Ўтган ярим асрдан кўпроқ вақт мобайнида телевидение сифат жиҳатдан жиддий юксалишга эришди. Тасвир ва товуш тиниқлаштирилган замонавий телевизорлар пайдо бўлди ҳамда телесигналларни узатиш усуллари такомиллаштирилди. Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб рақамли телевидениега ўтган ва мамлакатимизда рақамли телевидениени жорий этиш 2007 йилдан бошланган. Тошкент ва Бухорода рақамли телевидение тажриба зонасининг ташкил этилиши янги турдаги кўрсатувларга босқичма-босқич ўтишни бошлаб берди. 2011 йилда мамлакатимизда янги форматдаги трансляцияга босқичма-босқич ўтишга доир аниқ мақсадли ишлар амалга оширилди. Натижада МДҲ мамлакатлари орасида биринчи бўлиб юксак даражада тиниқ кўрсатадиган телевидение – HDTV ишга туширилди. Дунёда телевидениени ривожлантиришнинг янги йўналиши ҳисобланган HDTV тасвир ва товуши тиниқ теледастур ва фильмларни томоша қилиш имконини беради.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 17 апрелдаги Ўзбекистон Республикасида рақамли телевидениега техник ва технологик ўтишга доир Давлат дастури тўғрисидаги қарори бу борада муҳим дастурий ҳужжат бўлиб хизмат қилаётир. Ҳужжатга мувофиқ, рақамли телевидениени жорий этиш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, рақамли телевидениега икки босқичда, яъни 2012-2015 ва 2016-2017 йилларда ўтиш кўзда тутилган эди.

– Ҳар бир тайёрланаётган медиа маҳсулот ортида катта жараён, минглаб одамларнинг меҳнати ётади, – дейди Туркия телеэшиттириш компаниясининг (TRT) бош инженери Шаҳин Демир. – Бугун соҳада томошабинлар сонини ошириш ҳамда аудиторияни кенгайтириш учун тасвир ва овоз узатишнинг янги технологиялари жорий этилмоқда, қўшимча қулайликлар яратиш устида тинимсиз изланиш олиб борилмоқда. Ана шундай инновациялардан бири рақамли телевидение бўлиб, у айни пайтда бутун дунё бўйлаб кенг тарқалган. Ўзбекистонда ҳам ушбу инновациядан тўлиқ фойдаланиш учун имконият мавжуд. 

Жорий йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармони асосида қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг алоҳида бандида рақамли телевидениени янада ривожлантириш вазифалари белгиланган. Мазкур ҳужжатга биноан мамлакатимиз ҳудудларида 66 юқори қувватли ва 328 кам қувватли рақамли телевидение узаткичи ўрнатилади ва ишга туширилади. Натижада мамлакатимиз аҳолисини, шу жумладан, тоғли ва олис ҳудудлардаги аҳолини рақамли телевидение билан қамраб олиш даражаси 100 фоизга етказилади. 

Конференцияда юқори технологияли ускуналар ва махсус телерадиотехникадан самарали фойдаланиш, уларни қўллаган ҳолда медиатехнологиялар асосида кенг турдаги сифатли телерадиомаҳсулотларни яратиш, онлайн-контент ва хавфсизлик, медиа соҳасидаги янгиланишлар, шунингдек, телевизион муҳандис-техник ҳамда ижодий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини тубдан яхшилаш масалалари муҳокама этилди. 

 

ТОШКЕНТДАГИ ҲАЛҚА ТЕМИР ЙЎЛИ: ЯШНОБОД ТУМАНИДА ДЕПО ҚУРИЛАДИ

Мутахассислар Тошкент ҳалқа темир йўли лойиҳасининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида айтиб ўтишди, у тез орада амалга оширилиши лозим.

- Лойиҳани ишлаб чиқишда хорижий давлатлар тажрибаси инобатга олинди,- деди «Boshtransloyiha» АЖ бош лойиҳа-тадқиқот институтининг транспорт бўйича техник директори Фарид Абсатаров. – Йўлнинг барча қисмида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тўрли тўсиқ ўрнатиш режалаштирилган, унинг йўлнинг ҳар икки томони бўйлаб умумий узунлиги 145 километрни ташкил этади.

«O'zbekiston temir yo'llari» АЖ матбуот хизматининг хабар беришича, йўналиш йўлида 70 та иккита йўлакли кўприк ва йўл ўтказгичлар қурилади, бироқ бу поезд ҳаракати тезлигига ҳеч қандай таъсир қилмайди. Темир йўлга пойтахтнинг Яшнобод туманида қуриладиган депо хизмат кўрсатади. Тўхташ бекатлари эса ер ости пиёдалар ўтиш йўллари билан жиҳозланади.

Эслатиб ўтамиз, ҳалқа темир йўли қурилиши 3 йил давомида амалга оширилади. Лойиҳа қиймати 265 млн. АҚШ долларини ташкил этади.

 

ЎЗБЕКИСТОНДА ЯНГИ КОН ЎЗЛАШТИРИЛИШИ БОШЛАНДИ

Олмалиқ кон-металлургия комбинати янги “Дальнее” конини ўзлаштиришга киришди. «Далнее» конини ўзлаштириш инвестицион лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 мартидаги «Дальнее» кони негизида “Олмалиқ КМК” АЖ” ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2807-сон қарори асосида босқичма-босқич 2017-2028 йиллар давомида амалга оширилади. Ушбу лойиҳани амалга оширишдан кўзланган мақсад, “Олмалиқ КМК” АЖнинг барқарор ривожланиши, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва кенгайтириш, “Дальнее” конининг мис-молибден рудаларини халқаро стандартларга мувофиқ бўлган, энергия самарадор ва экологик меъёрларга жавоб берадиган замонавий технологиялар ҳамда жиҳозлар мажмуасини қўллаган ҳолда ўзлаштириш ҳисобига комбинатнинг хом-ашё базасини мустаҳкамлашдан иборатдир.

Лойиҳани амалга ошириш икки босқичда олиб борилади:

1 босқич (2017-2021 й.й.) - “Дальнее” конининг “Марказий” каръерида устки қатламларни очиш ва тоғ-капитал ишларини бажариш, ишлаб чиқариш, транспорт, энергетика ва бошқа тегишли инфратузилма объектларини бунёд этиш ҳамда тоғ-кончилик, транспорт ва бошқа техникаларни харид қилиш лойиҳанинг биринчи босқичида амалга ошириладиган вазифалар асосини ташкил этади;

2 босқич (2019–2028 й.й.) - Устки қатламларни очиш ва тоғ-капитал ишларини давом эттирган ҳолда қайта ишловчи, эритиш, зарурий ва ёрдамчи объектлар комплекслари бунёд этилиб, 23,0 млн. тоннага тенг рудаларни қайта ишлаш қувватларига чиқиш.

Бугунги кунда ушбу нуфузли лойиҳа ижросининг 1-босқичи доирасида кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди.

Қиймати 1,7 миллиард долларга яқин бўлган лойиҳа Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, тижорат банклари кредитлари ва ОКМК маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

 

ЎЗБЕКИСТОНДА ҚАТОР ИМПОРТ МАҲСУЛОТЛАРИ УЧУН АКЦИЗ СОЛИҚЛАРИ БЕКОР ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси 2017 йил 1 апрелидан хориждан олиб келинувчи қатор маҳсулотлар учун белгиланган акциз солиқларини бекор қилди ёки пасайтирди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 31 мартдаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2862-сон қарори Lex.uz сайтида эълон қилинган. Республика раҳбари, «макарон маҳсулотлари» (ТН ВЭД 1902), қатор полиэтилен маҳсулотлар (3901 10 900 0), ЁҚТ (4410) ва пўлат прокати листларини (7208 27 000 0, 7208 39 000 0) Ўзбекистонга олиб кирилувчи акциз солиғи солинадиган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарди. 

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, тижорат автомобиллари (8704 31 910 транспорт воситасининг тўлиқ вазни 5 тоннадан ошмйдиган) учун солиқларни божхона қийматининг 70 фоизидан 30 фоизигача қисқартирди. 

Қарорга мувофиқ, айрим озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган акциз солиқлари ҳам пасайтирилди. Хусусан, буғдой уни (1101) учун ставка 11 фоиздан 5 фозгача туширилган. 

Бундан ташқари, кунгабоқар мойи (1512 11) учун аралаш ставка 10 фоиз ёки литрига 0,16 доллардан кам эмас (бундан аввал, 20 фоиз ёки литрига 0,32 доллардан кам эмас), консерваланган сабзавот маҳсулотлари (2005) —10 фоиз (50 фоиз), сабзавот ва мева соклари —30 фоиз ёки литрига 0,5 доллардан кам эмас (70 фоиз ёки литрига 1 доллардан кам эмас), таъм берувчи қўшимчалар (2103, кетчуп ва майонездан ташқари) учун акциз ставкалари — 25 фоиз (70 фоиз)гача пасайтирилган.

 

ЮРТДОШИМИЗ ГРАН-ПРИ СОҲИБИ

Туркиянинг Анталия шаҳрида дзюдо бўйича Гран-при туркумидаги халқаро турнирда дунёнинг 30 дан зиёд мамлакатидан келган 250 дан ортиқ дзюдочи совринли ўринлар учун курашди. 73 килограмм вазн тоифасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Мирзоҳид Фармонов дастлаб туркиялик Мурод Бектош, чорак финалда словениялик Рок Драксич, ярим финалда косоволик Акил Гжаковни мағлубиятга учратди. Мусобақанинг финал беллашувида полвонимиз мезбон спортчи Ҳасан Ванлиўғли устидан зафар қучди ва шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди.

 

МИКРОБЛАРНИНГ РЕЗИСТЕНТЛИГИГА ҚАРШИ КУРАШ БЎЙИЧА МИЛЛИЙ МАРКАЗИ ОЧИЛДИ

11 апрель куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, АҚШнинг Касалликларнипрофилактика ва назорат қилиш маркази, Тошкентдаги АҚШ элчихонаси ва бошқа қатор халқаро ташкилотлар вакиллари Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий тадқиқот институтида йиғилдилар ва микробларнинг резистентлигига қарши кураш бўйича Миллий марказининг расмий очилиш тадбирида иштирок этдилар. АҚШ элчиси Памела Спратлен ушбу марказнинг тантанали очилиш маросимида қатнашди. Ушбу марказга АҚШнинг Касалликларни профилактика ва назорат қилиш маркази ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий тадқиқот институти ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги келишув доирасида асос солинди. Янги марказ ҳар икки ҳамкорга Ўзбекистонда биринчи марта микробларнинг дориларга қаршилигининг кенг тарқалиши бўйича тажрибага асосланиб, маълумот олиш ва бу борадаги саъй-ҳаракатларни такомиллаштиришга имкон беради. Бу эса Ўзбекистон аҳолиси ва минтақадаги бошқа халқлар турмуш сифати ва соғлигини яхшилаб, микроблар келтириб чиқарувчи жиддий хавфларни камайтиради.

Тадбир иштирокчилари микроблар резистентлигига қарши кураш Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги устувор йўналишлардан бири экани ҳамда мамлакатнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Қўшма Штатлар билан яқиндан ҳамкорликда юқумли касалликка қарши курашиш бўйича олиб бораётган фаолиятини алоҳида таъқидлаб ўтишди.

Бундай марказнинг очилиши натижасида юқумли касалликларга қарши курашиш ҳамда касаллик тарқалишини назорат этиш дастурлари бўйича изчил, мувофиқлаштирилган ва ўзаро бир-бирини тўлдирадиган фаолият орқали ўзбек халқининг саломатлиги ва фаровонлигини ошириш учун катта имконият яратилади.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

НАЗАРБОЕВ: "ЙИЛ ОХИРИГАЧА ЛОТИНЧАДАГИ ҚОЗОҚ АЛИФБОСИ ИШЛАБ ЧИҚИЛАДИ"

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев лотин тилидаги қозоқ алифбоси стандартини 2017 йилнинг охирига қадар ишлаб чиқишга кўрсатма берди. Бу ҳақда давлат раҳбари “Мустақил Қозоғистон” газетасида эълон қилинган мақолада ёзган. "Лотин ёзувига ўтишда чуқур мантиқ бор. Бу замонавий технологиялар, атроф-муҳит ва коммуникациялар ҳамда 21 асрдаги илм-фан ва таълим жараёнининг ўзига хос жиҳатлари билан боғлиқ. Фарзандларимиз мактаб давриданоқ инглиз тили ва лотин ҳарфларини ўрганишади, шунинг учун ёш авлодга бу қийинчилик туғдирмаслиги керак. 2017 йилнинг охирига қадар олимлар ва жамоатчиликдаги муҳокамалар ёрдамида янги алифбони қабул қилиш зарур", - дейилади Назарбоевнинг мақоласида. Қозоғистон президентининг таъкидлашича, “2018 йилдан бошлаб янги алифбо бўйича таълим берувчи мутахассисларни тайёрлаш ва ўрта мактаблар учун ўқув дарсликларини ишлаб чиқиш лозим”. Шу билан бирга, кирилл алифбоси ҳам қўлланилишда давом этади.

 

ЖАНУБИЙ КОРЕЯ АҚШНИНГ КХДРГА ОГОҲЛАНТИРУВЧИ ЗАРБАЛАРИГА ҚАРШИ

Жанубий Корея ўз аҳолисининг хавфсизлигини ўйлаб, АҚШ томонидан КХДРга огоҳлантирувчи зарбалар берилишига қаршилигини эҳтиёткорлик билан билдирди, деб хабар беради Ёнҳап ахборот агентлиги. "Огоҳлантирувчи зарба масаласи, Шимолий Кореянинг ядро муаммосини ҳал қилишга йўналтирилган бўлиши табиий, бироқ биз учун у фуқароларимизнинг хавфсизлигини таъминлашимизга боғлиқ", — дея миллий бирлашув вазири Ҳон Ён Пёнинг сўзларини келтиради агентлик. Унинг сўзларига кўра, 9 май куни ўтказилажак муддатидан олдинги президентлик сайловларидан сўнг шакллантириладиган Жанубий Кореянинг янги ҳукумати "АҚШ билан бу борада яқин ҳамкорлик қилиши керак". Ўтган ҳафтада Япония бош вазири Синдзо Абэ АҚШ президенти Дональд Трамп билан телефон суҳбатидан сўнг, Вашингтон Шимолий Кореянинг ядро ва ракета синовларига жавоб қайтаришнинг эҳтимолли вариантларини кўриб чиқаётганини билдирган эди. Корея Республикасида президентлик сайловлари собиқ давлат раҳбари Пак Кин Ҳэга импичмент билдириши ва ҳокимиятдан четлатилиши туфайли ўтказилмоқда.

 

РОССИЯ МУДОФАА ВАЗИРЛИГИ ТЕРРОРЧИЛИК ТАШКИЛОТЛАРИ ҚАНДАЙ ПАЙДО БЎЛИШИНИ ТУШУНТИРДИ

Аксар террорчи ташкилотлар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Улар ташқаридан кўрилган чоралар мевасидир, дея баёнот берган Россия мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин. У Хавфсизлик бўйича олтинчи халқаро конференция арафасида RT телеканалига берган интервьюсида шу ҳақда сўз юритган. "Барча террорчилик ташкилотлари, аксарияти бўлмаса ҳам катта қисми ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, деган бўлардим. Бу ташқаридан туриб амалга оширилган сиёсий, молиявий, ҳарбий ва ташкилий ишларнинг мевасидир",— деган Фомин. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда шундай халқаро воқеликка гувоҳ бўлиш мумкинки, террорчилик ташкилотлари "кимнингдир сиёсий иродаси"ни ижро этиш учун пайдо бўлмоқда. "Шубҳасиз, биз бугунги кунда ҳарбий ва сиёсий маънода янги халқаро воқеликка гувоҳ бўлмоқдамиз. Булар инқилобларни бошқа давлатларга четдан ёйиш технологияларидир. Гўёки, нодемократик тузумлардан азият чекаётган мамлакатларда шу йўл билан демократик бошқарувни ўрнатиш илгари сурилмоқда… Шундай сиёсат оқибатида айрим давлатлар дунё харитасидан йўқ бўлиб кетди, айримлари йўқ бўлиш остонасида. Булар Сурия ва Яман", — деб қўшимча қилган вазир ўринбосари.

Хавфсизлик конференцияси 26-27 апрель кунлари бўлиб ўтади, унинг иштирокчилари қатор масалаларни муҳокама қилишади. Анжуманда 78 давлат вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Уларнинг орасидан 20дан ортиқ давлатнинг мудофаа вазирлари ҳам бор.

 

ТУРКИЯДА ЮЗ БЕРГАН ПОРТЛАШ ТЕРАКТ ЭКАНИ МАЪЛУМ БЎЛДИ

Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу сешанба куни Диёрбакир шаҳрида юз берган портлаш теракт эканини тан олди. Сешанба куни Диёрбакирнинг Бағлор туманида, полициянинг терроризм билан кураш бошқармаси биноси ёнида кучли портлаш юз берди. Аввалроқ бир киши ҳалок бўлгани, 10дан ортиқ инсон жароҳатлангани хабар қилинганди. Чоршанба куни эса турк ОАВ қурбонлар сони уч нафарга етгани ҳақида хабар берди.

"Диёрбакирдаги портлаш – бу теракт. Ер ости туннели аниқланди, у ерга портловчи қурилма ўрнатилган", - дея айтиб ўтган Сойлу NTV телеканали эфирида. Унинг қўшимча қилишича, терактга алоқадорликда гумонланиб беш киши қўлга олинган.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 

ЎЗМУ ВА МДУ РЕКТОРЛАРИ ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА МЕМОРАНДУМ ИМЗОЛАДИЛАР

Россия Федерациясига ташриф буюрган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Раҳимович Мараҳимовни М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети ректори Виктор Антонович Садовничий қабул қилди.

ЎзМУ ва МДУ ректорлари икки мамлакат етакчи университетлари ўртасида илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан ўзаро фикр алмашдилар. Бу борада меморандум имзоланди.

– Бу ҳужжат келгусида икки томонлама илмий ҳамда таълим соҳаларидаги алоқаларини навбатдаги босқичга олиб чиқишга, қатор истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади,– деди ЎзМУ ректори.– Профессор-ўқитувчиларимизнинг турли халқаро илмий анжуманларда иштирок этишлари, талабалар алмашинуви, илмий йўналишдаги ёш олимлар ҳамкорлигини кучайтириш, ёш мутахассислар малакасини ошириш, юқори малакали кадрлар тайёрлашда тажриба алмашиш борасидаги режалар халқларимиз ўртасида азалий дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаверади.

 

КИТОБХОНЛИК МАДАНИЯТИ – МАЪНАВИЙ ЮКСАЛИШ ЙЎЛИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Китобхонлик маданияти – маънавий юксалиш йўли” мавзуига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев, республика маънавият-тарғибот маркази бўлим мудири Зиёда Ғаффорова, Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишининг ижросини таъминлаш, ёшларда китобхонлик маданиятини юксалтириш қанчалик муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ахтамқули Каримов талаба-ёшларнинг маънавий юксалиш йўлида китобнинг ўрни ҳақида сўз юритар экан, сўнгги йилларда ёзган шеърларидан ҳам ўқиб берди.

Айтиш жоизки, ЎзМУда яқинда ўтказилган «Китобхон талаба» кўрик-танловида 50 нафардан зиёд талаба «Китоб – тафаккур хазинаси», «Энг фаол бадиий асарлар тарғиботчиси», «Асарлардан видеолавҳалар», «Ижодкор талаба», «Асарлардан яралган наволар» йўналишлари бўйича ўзаро баҳслашди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамкорлигида ташкил этилган бу танловда шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат намояндалари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда талабалар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

 

ОДАМ САВДОСИ – ДАВР ФОЖЕАСИ

Дунё мамлакатлари бир томондан тобора тараққий топиб, миллионлаб инсонлар бахтли-саодатли турмуш кечираётган бир пайтда қай бир ҳудудларда одам савдосидек ғайриинсоний, мудҳиш ҳодисалар юз бераётгани ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бўлиб ўтган “Одам савдоси – ҳудуд, чегара, миллат танламайдиган мудҳиш жиноят” мавзуидаги маънавий-маърифий тадбирда шу мавзуда сўз юритилди.

Тадбир “Одам савдоси – давр фожеаси” фильмини намойиш этиш билан бошланди.

ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бош мутахассиси Норим Раҳмонов, республика Маънавият тарғиботи маркази эксперти Барно Ўнгбоева, Ички ишлар вазирлиги масъул ходими Жамолиддин Юсупов ва бошқалар муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларни турли таҳдид ва иллатлардан, хусусан, одам савдосидан асрашга доимий эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидладилар.

Маърузаларда, мамлакатимизда фуқароларнинг ушбу жиноят қурбонига айланиб қолишининг олдини олиш, ундан жабр кўрганларни ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, Ўзбекистон Республикасининг "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани ҳақида сўз юритилди.

Дарҳақиқат, одам савдоси ҳудуд-чегара билмайдиган глобал муаммодир. Қалбида она Ватанга муҳаббат туйғуси жўш ураётган талаба-ёшлар энди оқ билан қорани яхши фарқлай оладилар. Улар дунёни таҳликага солаётган ёвуз кучларга қарши тинчликпарвар инсонларнинг муносабатлари қандай бўлиши зарурлигини биладилар. Она Ўзбекистон буюк алломалари, бетакрор тарихий шаҳарлари, беқиёс маънавий хазиналари билан машҳурлигини ортиқча изоҳлашга ҳожат йўқ. Биз ҳам буюк аждодларимизнинг улуғвор ишларини давом эттирган ҳолда илм бўстонида эришган ютуқлар билан дунёни ҳайратга солишимиз мумкин. Қанча иқтидорли талабаларимиз халқаро фан олимпиадалари ва бошқа анжуманларда ўзлигини намоён қилаётганлари барчамизга ғурур бахш этади.

Шундай дориломон замонда юртнинг қадрига етмайдиган айрим кимсалар қандай бузғунчи ғояларга алданиб қолаётганлари ташвишли ҳол. Энг ачинарлиси, улар ўзларини қурбон қилганлари етмагандек, ота-оналари, қариндошларининг ҳам юзларини ерга қаратиб, бадном қилиб кетаётганларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Бу борада баён этилган фикрлар талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

 

УНИВЕРСИТЕТ ОЛИМПИАДАЛАРИДА ЭНГ ИСТЕЪДОДЛИ ЎҚУВЧИЛАР САРАЛАНАДИ

Мамлакатимиз умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таълим-тарбия олаётган истеъдодли ўғил-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Улар келгусида комил инсон, етук мутахассис бўлиб камол топишлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон Республикаси истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси ҳамкорликда қатор вилоятлар кесимида шу йил апрель-май ойлари давомида математика, физика, биология ва кимё фанларидан университет олимпиадалари ташкил этмоқда.

– Шу аснода Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва мамлакатимиз умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик кенг йўлга қўйилади,– дейди Миллий университет Илмий ишлар бўйича проректори Олимжон Холмуҳамедов.– Университет олимпиадаларида умумтаълим мактабларидан иштирок этган ўқувчилардан ҳудудлар бўйича 1-, 2-, 3-ўринларга сазовор бўлган истеъдодли ўқувчилар ЎзМУ қошидаги Сағди Сирожиддинов номидаги академик лицейга имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинади. Шунингдек, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларидан ҳудудлар бўйича 1-, 2-, 3-ўринларга муносиб кўрилганлар Ўзбекистон Республикаси истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси томонидан махсус совғалар билан тақдирланадилар.

Дастлаб Самарқанд давлат университетида бошланган олимпиадада Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятлари умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари иштирок этдилар.

Шунингдек, Қарши давлат университетида ўтказиладиган олимпиадада Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари, Урганч давлат университетида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти, Қўқон давлат педагогика институтида Наманган, Андижон, Фарғона вилоятлари, Ўзбекистон Миллий университетида Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятлари умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари иштирок этадилар.

 

ХАЛҚАРО ПРЕСС-КЛУБ ТАЪСИС ЭТИЛДИ

7 апрель куни Ўзбекистонда биринчи марта Халқаро Пресс-клуб (ХПК) нодавлат нотижорат ташкилоти давлат рўйхатидан ўтди. Шу муносабат билан Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ушбу ташкилотга Гувоҳнома топшириш расмий маросими ўтказилди. Гувоҳнома Халқаро Пресс-клуб раиси Шерзод Қудратхўжаевга топширилди.

Халқаро Пресс-клуб ижтимоий мулоқотни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, мамлакатимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, ислоҳотлар кўламини тезкор ва сифатли ёритишдаги интерактив майдонга айланиши кутилмоқда.

 

ЎзМУ Ахборот хизмати

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: 2271542; +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru