O'zMU » Axborot soatlari » “АХБОРОТ СОАТЛАРИ”

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.nuu.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

ОЛИЙ ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Таъкидлаш жоизки, 2011-2016 йилларда Олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш доирасида 25 та олий таълим муассасасининг 202 та объектида янги қурилиш, капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари бажарилди. 

Иқтисодиётнинг реал сектори талабларидан келиб чиқиб, муҳандислик, ишлаб чиқариш ва қурилиш йўналишлари ва ихтисосликлари бўйича ўқишга қабул қилиш, унинг умумий сонига нисбатан 23 фоиздан 33,2 фоизга ошди. Олий таълим соҳасида мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича янгиланган давлат олий таълим стандартлари ва ўқув дастурлари жорий қилинди. 

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 8 октябрдаги Ф-4724-сон фармойиши билан ташкил қилинган Ишчи гуруҳ томонидан олий таълим тизимидаги ҳолатни ўрганиш натижаларига кўра, бир қатор олий таълим муассасаларида ҳали ҳам илмий-педагогик салоҳиятнинг пастлиги, таълим жараёнларини ахборот-услубий ва ўқув адабиётлари билан таъминлаш замонавий талабларга жавоб бермаслиги, уларнинг моддий-техника базасини тизимли янгилашга эҳтиёж мавжудлиги аниқланди. 

Олий таълим тизимида ўз йўналишлари бўйича дунёнинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибаларини жорий этиш, айниқса, истиқболли педагог ва илмий кадрларни хорижнинг етакчи илмий-таълим муассасаларида стажировкадан ўтказиш ва малакасини ошириш борасидаги ишлар етарли даражада олиб борилмаяпти. 

Олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, кадрлар тайёрлаш мазмунини тубдан қайта кўриш, халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратилишини таъминлаш мақсадида: 

1. Олий таълим тизимини келгусида янада такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш бўйича энг муҳим вазифалар этиб қуйидагилар белгилансин: 

ҳар бир олий таълим муассасаси жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларини кенг жорий қилиш, ўқув-педагогик фаолиятга, мастер-класслар ўтказишга, малака ошириш курсларига хорижий ҳамкор таълим муассасаларидан юқори малакали ўқитувчилар ва олимларни фаол жалб қилиш, уларнинг базасида тизимли асосда республикамиз олий таълим муассасалари магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларининг стажировка ўташларини, профессор-ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилиш; 

олий маълумотли мутахассислар тайёрлашнинг мақсадли параметрларини шакллантириш, олий таълим муассасаларида ўқитиш йўналишлари ва мутахассисликларини истиқболда минтақалар ва иқтисодиёт тармоқларини комплекс ривожлантириш, амалга оширилаётган ҳудудий ва тармоқ дастурларининг талабларини инобатга олган ҳолда оптималлаштириш; 

таълим жараёнини, олий таълимнинг ўқув режа ва дастурларини янги педагогик технологиялар ва ўқитиш усулларини кенг жорий этиш, магистратура илмий-таълим жараёнини сифат жиҳатидан янгилаш ва замонавий ташкилий шаклларни жорий этиш асосида янада такомиллаштириш; 

янги авлод ўқув адабиётларини яратиш ва уларни олий таълим муассасаларининг таълим жараёнига кенг татбиқ этиш, олий таълим муассасаларини замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан таъминлаш, шу жумладан, энг янги хорижий адабиётлар сотиб олиш ва таржима қилиш, ахборот-ресурс марказлари фондларини мунтазам янгилаб бориш; 

педагог кадрларнинг касб маҳорати сифати ва савиясини узлуксиз юксалтириш, хорижда педагог ва илмий ходимларнинг малакасини ошириш ва стажировкасини ўтказиш, олий таълим муассасалари битирувчиларини PhD ва магистратура дастурлари бўйича ўқитиш, олий таълим муассасалари ва қайта тайёрлаш ва малака ошириш марказлари ўқув жараёнларига юқори малакали хорижий олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларни кенг жалб қилиш; 

олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, олий таълимда илм-фанни янада ривожлантириш, унинг академик илм-фан билан интеграциялашувини кучайтириш, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш; 

олий таълимнинг маънавий-аҳлоқий мазмунини ошириш, талаба-ёшларга мустақиллик ғояларига, юксак маънавият ва инсонийликнинг миллий анъаналарига содиқлик руҳини чуқур сингдириш, уларда ёт ғоя ва мафкураларга нисбатан иммунитет ва танқидий тафаккурни мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли маърифий ва тарбиявий ишларни олиб бориш; 

олий таълим муассасалари моддий-техника базасини ўқув ва илмий-лаборатория бино ва корпуслари, спорт иншоотлари, ижтимоий-муҳандислик инфратузилмаси объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, олий таълим илм-фанининг устувор йўналишлари бўйича ўқув-илмий лабораторияларини замонавий асбоб ва ускуналар билан жиҳозлаш орқали янада мустаҳкамлаш; 

олий таълим муассасаларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозлаш, олий таълим муассасалари талабалари, ўқитувчилари ва ёш тадқиқотчиларининг жаҳон таълим ресурслари, замонавий илмий адабиётларнинг электрон каталоглари ва маълумотлар базаларига кириш имкониятларини кенгайтириш. 

2. 2017-2021 йилларда Олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури (кейинги ўринларда – Дастур), унинг таркибида қуйидагилар: 

2017-2021 йилларда олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлари 1-иловага мувофиқ; 

2017-2021 йилларда олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизациялаш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялар, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозлаш комплекс чора-тадбирлари 2-иловага мувофиқ; 

2017-2021 йилларда Олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастурини амалга ошириш молиявий харажатлар ҳажмининг ҳисобланган параметрлари 3-иловага мувофиқ; 

2017-2021 йилларда қурилиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашнинг ҳар йили тасдиқланадиган манзилли дастурларига киритиладиган олий таълим муассасалари рўйхати 4-иловага мувофиқ; 

2017-2021 йилларда ўқув ва илмий лаборатория ускуналари билан жиҳозлашнинг ҳар йили тасдиқланадиган манзилли дастурларига киритиладиган олий таълим муассасалари рўйхати 5-иловага мувофиқ; 

2017-2021 йилларда олий таълим муассасаларини ривожлантиришнинг манзилли дастурлари 6-74 иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш педагог ва илмий ходимлар малакасини ошириш бўйича “Истеъдод” фондининг фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича таклифларни, қуйидагиларни инобатга олган ҳолда, тайёрласин: 

хорижий таълим ва илмий муассасаларида олий таълим муассасаларининг педагог ва илмий ходимлар малакасини ошириш, стажировкасини ўтказиш, битирувчиларнинг PhD ва магистратура дастурларида ўқитишни ташкиллаштириш бўйича амалий чора-тадбирларни; 

юқори малакали хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассисларни хорижий олий таълим ва илмий муассасалар билан ҳамкорлик механизм ва шаклларини жорий этишнинг устувор йўналишларини инобатга олган ҳолда, Олий таълим муассасалари ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тармоқ марказлари ўқув жараёнига кенг жалб этиш бўйича чора-тадбирлар дастурини; 

“Истеъдод” фондининг молиявий ресурсларини шакллантириш манбаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағларини жалб этишни. 

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассисларни республика олий таълим муассасалари, Олий таълим муассасалари ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тармоқ марказлари (кейинги ўринларда – Тармоқ марказлари) ўқув жараёнларига жалб этишда: 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Молия вазирлиги билан келишилган таклифлари асосида хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш меҳнат шартномасида белгиланган миқдорда эркин конвертация қилинадиган валютада амалга оширилади; 

хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассислар учун икки томонга авиачипталарни сотиб олиш харажатлари (узоқ муддатли меҳнат шартномаларида бир йилда икки мартадан ошмаган ҳолда) олий таълим муассасалари, Тармоқ марказлари томонидан миллий валютада тўланади; 

хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассисларнинг бир ойдан ошмаган муддатга тузилган қисқа муддатли меҳнат шартномалари бўйича республика меҳмонхоналарида яшаш харажатлари олий таълим муассасаси, Тармоқ марказлари томонидан миллий валютада тўланади, бундан узоқ муддатга тузиладиган меҳнат шартномалари бўйича хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассисларнинг уй-жой ижара харажатлари тузилган шартнома шартларига мувофиқ ойлик маошларини тўлашда амалга оширилади; 

хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассисларга Ўзбекистон Республикасида бўлган даврида кунлик сафар харажатлари 20 АҚШ доллари эквивалентидаги кундалик меъёр бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов кунидаги курси бўйича миллий валютада тўланади; 

олий таълим муассасалари, Тармоқ марказлари ўқув жараёнига жалб қилинадиган хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассислар тузилган меҳнат шартномаси доирасида олинадиган даромадлари жисмоний шахслар даромад солиқлари тўлашдан озод этилади; 

олий таълим муассасалари, Тармоқ марказлари ўқув жараёнига жалб қилинадиган хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассислар тузилган меҳнат шартномаси доирасида олинадиган даромадлари ягона ижтимоий тўловларидан озод этилади; 

хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассисларни жалб этиш ва уларнинг моддий таъминоти бўйича харажатларни молиялаштириш манбаси сифатида олий таълим муассасалари ва Тармоқ марказларига ўрнатилган тартибда ажратиладиган бюджет маблағлари, олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро молия ва бошқа ташкилотлар, хорижий ҳукумат ташкилотларининг грантлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобланади. 

5. Таълим ва ўқитиш сифати устидан самарали давлат назоратини ўрнатиш мақсадида Давлат тест марказининг Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш, педагог кадрлар ва таълим муассасаларини аттестация қилиш бошқармаси негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилсин ва унинг асосий вазифалари этиб: 

таълим тизимида ўқув-тарбия жараёнлари, профессор-ўқитувчилар таркиби, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш; 

идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, таълим муассасаларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда Таълим сифатини назорат қилиш бўйича давлат инспекцияси фаолиятини ташкил қилиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин. 

6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг манфаатдор давлат бошқаруви органлари билан келишилган қуйидаги таклифлари қабул қилинсин:

Наманган муҳандислик-педагогика институтини Наманган муҳандислик-қурилиш институтига айлантириш ва унинг ихтисослашувини ўзгартириш; 

Термиз шаҳрида Тошкент давлат техника университети ва Тошкент давлат аграр университети филиалларини ташкил қилиш. 

Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда мазкур таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнини тўлиқ ташкил қилиш, профессор-ўқитувчилар таркибини бутлаш, зарур моддий-техника ва ўқув-лаборатория базасини шакллантиришни назарда тутувчи Ҳукумат қарорини қабул қилсин. 

7. 2017-2021 йилларда Олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастурини ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш бўйича ишларни самарали мувофиқлаштириш учун 75-сонли иловадаги таркибга мувофиқ Комиссия ташкил қилинсин. 

Комиссия (А.Н.Арипов): 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идораларнинг таклифлари бўйича ҳар йили, молиявий харажатларнинг умумий тасдиқланган параметрлари доирасида, олий таълим муассасаларининг ўқув ва илмий-лаборатория бино ва корпуслари, спорт иншоотлари ва ижтимоий-муҳандислик инфратузилмаси объектларини уларнинг техник ҳолатини, шунингдек, ҳар бир олий таълим муассасасининг моддий-техника таъминотини инобатга олган ҳолда қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш манзилли рўйхатларини тасдиқласин; 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идораларнинг асосланган таклифлари бўйича молиявий йил учун белгиланган капитал қўйилмалар доирасида тасдиқланган манзилли рўйхатлар параметрларига ўзгартиришлар киритиб борсин; 

Дастурнинг амалга оширилиб бориши бўйича тизимли мониторинг ўрнатсин ва унинг бажарилиш натижаларини Вазирлар Маҳкамасининг ярим йил ва йил якунлари бўйича ўтказиладиган йиғилишлари муҳокамасига киритиб борсин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Дастурни амалга ошириш учун имтиёзли хорижий кредитлар ва грантларни жалб қилиш бўйича халқаро молиявий институтлар ва хорижий донорлар билан тизимли ишлар олиб борсин. 

9. Дастурнинг молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин: 

ўқув ва илмий-лаборатория бинолари ва корпуслари, спорт иншоотлари ва ижтимоий-муҳандислик инфратузилмаси объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари; 

Навоий кончилик институти, Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг филиаллари ҳамда Тошкент темир йўл муҳандислари институтининг ўқув ва илмий-лаборатория бинолари ва корпуслари, спорт иншоотлари ва ижтимоий-муҳандислик инфратузилмаси объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича – идоравий мансублиги бўйича тегишли ташкилотларнинг ўз маблағлари. 

10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги 2018 йил ва кейинги йиллар учун Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурлари параметрларини шакллантиришда, Комиссия қарори асосида, олий таълим муассасаларида қурилиш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари учун зарур маблағларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси ресурсларидан ажратилишини назарда тутсин. 

11. Белгилансинки, Дастурни амалга оширишни молиялаштириш учун 2017-2021 йиллар мобайнида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан йўналтирилган хайрия маблағлари фойда солиғини ҳисоблашда ва ягона солиқ тўловини тўлашда солиққа тортиш базасидан чиқарилади. 

12. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг олий таълим муассасалари ўқув ва илмий-лаборатория бинолари ва корпуслари, спорт иншоотлари ва ижтимоий-муҳандислик инфратузилмаси объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашни лойиҳалаштиришда кўлланиладиган ягона техник топшириқ ва талаблар концепциясини ишлаб чиқиш бўйича бош лойиҳачи ташкилот сифатида “Ташгипрогор” акциядорлик жамиятини белгилаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин. 

13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идораларга олий таълим муассасаларида қурилиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича ишларни ташкил этишда, жумладан, зарур ҳолларда, уларга ер майдонларини ажратиш тўғрисида қарор қабул қилишда ва ташқи муҳандислик коммуникацияларига уланишда кўмаклашсин; 

олий таълим муассасаларининг ташқи муҳандислик коммуникацияларига уланишида оптимал техник шароитлар яратилишини таъминласин. 

Олий таълим муассасалари ихтиёридаги ер майдонларини тасарруф этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида амалга оширилиши белгилансин. 

14. Қуйидагилар 2022 йилнинг 1 январигача: 

2017-2021 йилларда Олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 21 майдаги ПҚ-1533-сонли қарори билан тасдиқланган 2011-2016 йилларда Олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари дастури доирасида олиб кириладиган замонавий ўқув-лаборатория, илмий-лаборатория ва компьютер ускуналари, сарфланадиган лаборатория материаллари (бутловчи материаллар, реактивлар, кимёвий идиш, биологик материаллар ва объектлар), дастурий маҳсулотлар, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича хорижий ўқув ва илмий-методик адабиётлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно); 

таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари хўжалик юритувчи субъектлар билан тузилган шартномалар бўйича бажариладиган амалий, инновацион илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари бўйича юридик шахсларнинг даромад солиғи, ягона солиқ тўлови, қўшимча қиймат солиғи ва давлатнинг мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлардан (ягона ижтимоий тўловдан ташқари) озод этилсин. 

15. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси: 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда олий таълим соҳасида замонавий стандартлар талабларидан келиб чиқиб, мавжуд майдонлардан оптимал фойдаланиш, замонавий ресурс ва энергия тежамкор технологияларни қўллаш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарилган қурилиш материаллари ва бутловчи қисмлардан устувор фойдаланишни назарда тутган ҳолда олий таълим муассасалари бўйича шаҳарсозлик қурилиш меъёрлари ва қоидаларини танқидий қайта кўриб чиқсин; 

ишлаб чиқилаётган лойиҳа-смета ҳужжатлари, берилаётган эксперт хулосалари ва қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши сифати устидан доимий ва тизимли назоратни таъминласин. 

16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти                          Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2017 йил 20 апрель 


* * *

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим

тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари

тўғрисида”ги қарорига

 

ШАРҲ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга мос ҳолда, кадрлар тайёрлашнинг маъно-мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш, халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган. 

Мустақиллик йилларида иқтисодиётнинг, ижтимоий ҳаётнинг реал талабларидан келиб чиққан ҳолда, юртимизда олий таълим тизимини модернизация қилиш, унга ўқитишнинг замонавий шакл ва технологияларини жорий этиш, мутахассислар тайёрлаш бўйича ихтисослик йўналишларини такомиллаштириш борасида катта ишлар қилинди. 

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 8 октябрдаги фармойиши асосида тузилган ишчи гуруҳ томонидан олий таълим тизимидаги мавжуд ҳолатни ўрганиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, қатор олий таълим муассасаларида илмий-педагогик салоҳият ҳануз паст даражада қолмоқда, таълим жараёнининг ўқув-методик ва ахборот таъминоти замонавий талабларга мос эмас, моддий-техник база тизимли равишда янгиланишга муҳтож. Олий таълим тизимида ўқув жараёнига илғор халқаро тажрибани кенг жорий этиш, етакчи хорижий турдош илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш орқали педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш борасидаги ишлар талаб даражасида олиб борилмаяпти. 

Қабул қилинган қарорга кўра, қуйидагилар олий таълим тизимини келгусида комплекс ривожлантиришнинг энг муҳим вазифалари этиб белгиланди: 

ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан хориждаги етакчи турдош илмий-таълим муассасалари билан истиқболли ҳамкорлик алоқаларини яқиндан йўлга қўйиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган энг замонавий педагогик технологиялар, таълим дастурлари ва ўқув-методик материалларни кенг жорий этиш, илмий-педагогик фаолиятга юқори малакали чет эл ўқитувчилари ва олимларини жалб этиш; 

олий маълумотли кадрларни тайёрлашнинг мақсадли мезонларини шакллантириш, олий таълим муассасаларидаги ихтисослик йўналишлари ва мутахассисликларни ҳудудлар ва соҳалар бўйича жорий этилаётган дастурларнинг талаб ва эҳтиёжлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни комплекс тараққий эттириш истиқболларини инобатга олган ҳолда оптималлаштириш; 

янги авлод ўқув қўлланмаларини яратиш ва олий таълим тизимига кенг татбиқ этиш, олий таълим муассасаларини замонавий ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан таъминлаш, жумладан, энг янги хорижий адабиётларни сотиб олиш ва таржима қилиш негизида ахборот-ресурс марказлари фондларини мунтазам янгилаб бориш; 

педагог кадрларнинг касб малакаси ва маҳоратини сифат жиҳатдан мунтазам ошириб бориш, педагог ва илмий ходимларнинг стажировкадан ўтишини йўлга қўйиш, олий таълим муассасалари битирувчиларини PhD дастури ва хорижий магистратура дастурлари асосида ўқитиш; 

олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, олий таълим тизимида илмий тадқиқотларни янада ривожлантириш, уларнинг академик илм-фан билан интеграциясини кучайтириш, профессор-ўқитувчилар таркибининг илмий фаолияти самарадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга жалб этиш; 

олий таълимнинг маънавий-ахлоқий мазмунини кучайтириш, талаба-ёшларнинг қалби ва онгига миллий истиқлол ғоясини, халқимизнинг юксак маънавияти ва инсонпарварлик анъаналарига садоқат туйғусини чуқур сингдириш, биз учун мутлақо ёт ва бегона бўлган ғояларга нисбатан уларда мустаҳкам иммунитет ва танқидий муносабатни шакллантириш; 

олий таълим муассасалари моддий-техника базасини уларнинг ўқув ва илмий-лаборатория биноларини, спорт иншоотлари ва ижтимоий-муҳандислик инфратузилмаларини қуриш, капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш орқали янада мустаҳкамлаш, замонавий илм-фан соҳаларининг устувор йўналишлари бўйича ўқув-илмий лабораториялар базасини замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш; 

олий таълим муассасаларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан таъминлаш, талабалар, ўқитувчи ва ёш тадқиқотчиларнинг жаҳондаги илғор таълим ресурслари, илмий адабиётлар ва маълумотлар базаси бўйича электрон каталогларга кириш имкониятини кенгайтириш. 

Қарорда белгиланган вазифаларнинг самарали ечимини тўлиқ таъминлаш мақсадида олий таълим даражасини сифат жиҳатидан ошириш ва тубдан такомиллаштириш, олий таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялари, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш мақсадида Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланди. 

Дастурга мувофиқ, 2017-2021 йилларда 48 та олий таълим муассасасида жами 180 та ўқув, илмий-лаборатория биноси, спорт иншоотлари ва ижтимоий-муҳандислик инфратузилмалари объектларида қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилади. Шунингдек, 53 та олий таълим муассасасида 400 та ўқув лабораторияси босқичма-босқич энг замонавий ўқув-лаборатория ускуналари билан жиҳозланади, 7 та олий таълим муассасасида барча олий таълим муассасалари ўзаро ҳамкорликда фойдаланадиган илмий лабораториялар ташкил этилади. 

Қарорнинг муҳим аҳамиятини кўрсатадиган яна бир жиҳат шундан иборатки, мамлакатимиз Президенти томонидан ҳар бир олий таълим муассасаси бўйича қуйидаги конкрет параметр ва кўрсаткичларни ўз ичига олган манзилли ривожлантириш дастурлари тасдиқланди: 

олий таълим тизимида янги таълим ихтисослик йўналишлари ва мутахассисликларнинг, шунингдек, иқтисодиёт соҳалари ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ва бакалавриат ва магистратурага талабалар қабул қилишнинг умумий кўрсаткичларини 2021 йилгача босқичма-босқич равишда 18 фоизгача оширишни назарда тутадиган 2017-2021 йилларга мўлжалланган параметр ва кўрсаткичлари; 

ўқув бинолари, талабалар турар-жойлари, ахборот-ресурс марказлари ва бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳисобидан янги ўқув ўринларини ташкил этиш, янги ўқув-лаборатория комплексларини сотиб олиш, аудиторияларни компьютер техникаси билан жиҳозлаш; 

профессор-ўқитувчиларнинг касб маҳоратини, педагог ходимларнинг малакасини ошириш, шунингдек, уларнинг хорижий ҳамкор олий ўқув юртларида малака ошириши, магистратура, докторантурада таълим олиши, ҳамда республикамизнинг таянч олий ўқув юртлари қошида қайта тайёргарликдан ўтиши ва малака ошириши. 

Мазкур дастурда асосан мамлакатимизнинг ҳар бир олий таълим муассасаси билан АҚШ, Буюк Британия, Франция, Италия, Нидерландия, Россия, Япония, Жанубий Корея, Хитой ва шу каби бошқа давлатларнинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилгани ўта муҳим аҳамият касб этади. Шу асосда ҳар йили 350 нафардан ортиқ хорижлик юқори малакали педагог ва олимларнинг мамлакатимиз олий ўқув юртларига ўқув жараёнига жалб этилиши кўзда тутилмоқда. 

Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, олий таълим муассасалари педагог ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича амалдаги тизимни жиддий такомиллаштириш ва бу борада моддий рағбатлантиришнинг янги механизмларини жорий этишга эҳтиёж сезилмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Халқ таълим вазирлигига уч ой муддатда илғор халқаро тажрибадан келиб чиқиб, олий ўқув юртлари педагог ходимларига уларнинг касб маҳорати, фаолиятидаги юқори натижадорлик ва тарбиявий соҳадаги самарали иштирокини инобатга олиб, устама ҳақ тўлашни белгилаш тизими бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш вазифаси топширилди. 

Қарорга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда иқтидорли ёш педагог ва илмий ходимларнинг малакасини ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармаси фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, хорижий таълим муассасалари ва илмий марказларида илмий-педагог ходимларнинг малака ошириши ва қайта тайёргарликдан ўтишини, олий таълим муассасалари битирувчиларининг PhD дастури ва уларнинг магистратурада ўқишини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган таклифлар киритиш топширилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида корхоналарнинг буюртмасига асосан амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолиятини амалга оширадиган таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари юридик шахслардан олинадиган даромад солиғидан, ягона солиқ тўловидан, мақсадли давлат жамғармаларига мажбурий тўлов ва қўшимча қиймат солиғидан озод қилинди. 

Таълим-тарбия жараёнларининг сифати устидан самарали давлат назоратини ўрнатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Таълим сифатини назорат қилиш бўйича давлат инспекцияси ташкил этилади. Унинг асосий вазифаси – таълим-тарбия жараёни, профессор-ўқитувчилар таркиби, таълим тизимида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифати ҳамда мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, таълим муассасаларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш, таълим-тарбия сифатини назорат қилиш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишдан иборат. 

Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастурини амалга ошириш учун йўналтириладиган молиявий маблағлар 1,7 триллион сўмдан зиёд бўлиб, улардан 1,2 триллион сўми ўқув-лаборатория бинолари, спорт заллари ва талабалар турар-жойларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга, 500 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эса ўқув-лаборатория ускуналари, мебель ва инвентарь билан таъминлаш, умумий тартибда фойдаланишга мўлжалланган, барча таълим муассасаларига хизмат кўрсатадиган лаборатория комплексларини ташкил этиш ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга сарфланади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, мамлакатимизнинг изчил ривожланиб бораётган иқтисодиётини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, барча ҳудудлар ва тармоқларни стратегик жиҳатдан комплекс ривожлантириш масалаларини ҳал қилиш борасида олий таълим тизими иштирокини кенгайтириш йўлидаги яна бир муҳим амалий қадамдир.

 

АСОСИЙ МАҚСАД – ОДАМЛАРНИНГ РОЗИЛИГИ, ЮРТИМИЗ ОБОДЛИГИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 21 апрель куни Олмазор туманида бўлди.  

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили мазмун-моҳияти ҳар жабҳада намоён бўлмоқда. Давлатимиз раҳбари вилоятлар, пойтахтимиз туманларига ташриф буюриб, одамлар билан мулоқот қилмоқда, масалаларни жойида ўрганиб, ижтимоий-иқтисодий тараққиётга доир устувор вазифаларни белгилаб бермоқда. 

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Олмазор туманида ҳам ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ижтимоий объектлар бунёд этиш, маҳалла ва турар жойларни обод қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мазкур туманда барпо этиладиган янги савдо маркази ва кўп қаватли уйлар лойиҳалари билан танишди. 

Нурафшон ва Форобий кўчалари кесишган жойда уч қаватли “Эски шаҳар” савдо маркази барпо этилади. Бу ерда харидорларга қулайликлар яратиш мақсадида кафе, галерея, болалар ўйин майдончалари, автомобиллар тўхташ жойи ва бошқа объектлар қурилади. Марказ ишга тушгач, 250 киши иш билан таъминланади. 

Давлатимиз раҳбари мазкур савдо комплекси қуриладиган жойни кўздан кечирди. Марказнинг учинчи қаватида “Китоб олами” дўкони ва миллий кино санъатимиз хазинасидан ўрин олган фильмлар намойиш қилинадиган кинозал барпо этиш кераклигини таъкидлади. Пойтахтимизда бундай йирик иншоотни барпо этишдан мақсад Эски шаҳар аҳолисининг турмуш фаровонлигини янада оширишдир. Бунинг учун комплексни замонавий архитектура талаблари асосида қуриш, атрофини ободонлаштириш, одамларга қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарур. 

Мутасадди раҳбарларга 2018 йил Наврўз байрамигача мазкур объектни фойдаланишга топшириш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Давлатимиз раҳбари шу йил 3 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш чоғида аҳолининг эҳтиёжи, талабидан келиб чиқиб, пойтахтимизнинг барча туманларида кўп қаватли замонавий арзон уйлар қуриш режалаштирилаётганини қайд этган эди. Президентимизнинг 2017 йил 13 мартдаги 2017-2021 йилларда Тошкент шаҳрида кўп қаватли арзон уйлар қуриш кўламини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

Мазкур ҳужжатга мувофиқ Кичик ҳалқа йўли ва Қорасарой кўчаси кесишган ҳудудда 7 қаватли 12 турар жой барпо этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. 800 хонадонга мўлжалланган ушбу уйлар эҳтиёжманд оилаларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларни арзон, замонавий уй билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. 

Президентимиз Эски шаҳарда яшовчи уй-жойга муҳтож оилаларни ҳисобга олиш, уйлар тақсимотида адолат мезонларига қатъий риоя қилиниши зарурлигини қайд этди. 

Уйларни қуриш учун 5 гектардан зиёд ер ажратилади. Турар жойларни лойиҳалаштиришда иқлим шароити, санитария ва хавфсизлик талаблари ҳамда халқимизнинг миллий ҳаёт тарзига хос бошқа жиҳатлар ҳисобга олинган. 

Давлатимиз раҳбари Қичқириқ канали бўйида бунёд этиладиган янги маданият ва истироҳат боғи лойиҳаси билан ҳам танишди. Мазкур боғни аҳоли фарзандлари билан сайр қиладиган, ҳордиқ чиқарадиган масканга айлантириш, бунда Тошкентнинг қадимий анъаналарини ҳисобга олиш лозимлиги алоҳида таъкидланди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Табассум» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, маҳалла ҳаёти билан танишди, аҳоли билан мулоқот қилди. Учрашувда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ислоҳотлар, ёшлар маънавиятини юксалтириш, китобхонлик маданиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди. 

Маҳаллалар том маънода маданият ва маънавият масканига айланмоғи лозим, бунинг учун аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш зарур, деди Шавкат Мирзиёев. Китоб инсонга билим беради, унинг маънавий оламини бойитади, Ватанни севишга ўргатади. 

Табассум маҳалласидаги 27 кўп қаватли уйда 5 минг 300 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла фуқаролар йиғини маркази биносида қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ерда маҳалла раиси, котиб ва маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хизмат хоналари бўлиши кўзда тутилган. Сартарошхона, "Гўзаллик салони", савдо дўкони, новвойхона қуриш режалаштирилган. Бу халқимизга хос ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат фазилатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Яқинда маҳалла ҳудудида болалар майдончаси, мини-футбол майдони қурилиб, фойдаланишга топширилди. 

Ҳар бир раҳбар одамларнинг дардига қулоқ солиши, муаммоларини ҳал қилиши, бир сўз билан айтганда, уларни рози қилиш ташвиши билан ишлаши керак, деди давлатимиз раҳбари. Шунда уларнинг давлатга, келажакка ишончи ортади. Маҳаллаларни обод қилиш, халққа барча қулай шароитларни яратиш бу борада муҳим аҳамиятга эга. 

Маҳалладаги кўп қаватли уйлар, мактабгача таълим муассасалари атрофини ободонлаштириш, йўлакларни таъмирлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ТАЛАБАЛАР ШАҲАРЧАСИ ҲУДУДИДА ҚУРИЛАДИГАН АХБОРОТ-РЕСУРС МАРКАЗИ ЛОЙИҲАСИ БИЛАН ТАНИШДИ

 

Мамлакатимизда таълим тизими изчил такомиллаштирилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 апрелдаги «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазкур тизим сифатини янги босқичга кўтаради. 

Ушбу қарорда кўплаб чора-тадбирлар қатори янги авлод ўқув адабиётлари яратиш, уларни олий таълим муассасаларининг таълим жараёнига кенг татбиқ этиш, олий таълим муассасаларини замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан таъминлаш, жумладан, энг янги хорижий адабиётларни сотиб олиш ва таржима қилиш, ахборот-ресурс марказлари фондларини мунтазам янгилаб бориш бўйича вазифалар белгиланган. 

Янги марказ ана шундай замонавий талабларга жавоб беради. Мажмуа электрон-ресурслар, даврий адабиётлар, мутолаа, мультимедиа ва конференция залларини ўз ичига олади. Бу Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказий институти, ўрта махсус таълим масканлари ўқувчи ва талабалари, профессор-ўқитувчиларига катта қулайлик яратади. 

Президентимиз марказ лойиҳаси ва концепциясини такомиллаштириш, унинг фаолияти доирасини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Мажмуани Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон талабаларининг Миллий илмий-маърифий маркази тарзида ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Бу ерда барча фанлар бўйича маълумотлар базаси бўлади. Замонавий технологиялар воситасида ундан мамлакатимиз олий таълим муассасалари фойдаланади. Дунёнинг етакчи университетлари билан ҳамкорлик ўрнатилиб, улардаги маърузаларни онлайн тарзда кузатиш имконияти яратилади. Марказ атрофида боғ барпо этилади, Ўзбекистон ва жаҳон мутафаккирларининг бюстлари ўрнатилади. 

Шавкат Мирзиёев “Оникс Тошкент” масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрди. 

Корхона Марказий Осиёда ягона бўлиб, бир суткада 20 тонна натрий-кальцийлик замонавий шиша идишлар ишлаб чиқаради. Европанинг етакчи мамлакатларида ишлаб чиқарилган замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган корхонада 200 киши меҳнат қилади. 

Президентимиз корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди. 

Шу ерда 2017-2018 йилларда Олмазор туманининг саноат ва хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳа тақдимоти бўлди. Унда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, бўш турган ва қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиш кўзда тутилган. 

Шавкат Мирзиёев бўш турган бинолар базасида замонавий ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди. 

“Ўзсаноатқурилишбанк”, “Асака" банки, Халқ банки, Миллий банк, “Ипотека-банк”, “Ипак йўли” банклари томонидан Олмазор туманида ишга туширилаётган янги лойиҳаларга имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. “Арт вуд груп” МЧЖ томонидан ёғоч маҳсулотларидан ЛДСП ва ЛМДФ ишлаб чиқариш лойиҳаси шулардан бири. Корхона маҳсулотларидан замонавий мебель ва буюмлар тайёрлашда фойдаланилади. “Ижод-ижод” хусусий корхонаси сопол буюмлар, “Euroasia Аlliance Тeks" МЧЖ дағал ип газлама, “Станко Строитель” МЧЖ металл ва ёғочга ишлов берадиган дастгоҳлар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. 

“Интер капитал” МЧЖга қарашли бино ва иншоотларда дори воситалари ишлаб чиқариш, “Галеника” МЧЖда эса йилига 60 дан ортиқ турдаги 225 миллион дона таблетка, капсула, саше ва бошқа импорт ўрнини босувчи дори воситалари ишлаб чиқарилади. 

Президентимиз мазкур лойиҳаларни ишга тушириш муддати ва яратиладиган иш ўринлари билан қизиқди. 

Лойиҳаларда қурилиш материаллари, ёғоч, металл, полистеролбетон плиталари, ойнани қайта ишлаш, махсус ишчи кийимлари, қандолатчилик маҳсулотлари, тиббиёт буюмлари, нон ва нон маҳсулотлари, озиқ-овқат, енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тиббий диагностика маркази очиш кўзда тутилган. 

Президентимиз тумандаги Имом Термизий жомеъ масжидида бўлди. 

Бутун дунёда буюк аждодларимизнинг сўнмас даҳосига ҳурмат-эҳтиром, уларнинг бой илмий меросини ўрганишга қизиқиш ҳамиша юқори бўлган. Хорижий мамлакатларда уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида илмий ва бадиий асарлар яратилган. 

Биринчи Президентимиз раҳнамолигида буюк олим ва мутафаккирларимиз, қадимий шаҳарларимиз юбилейлари халқаро миқёсда кенг нишонланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида улуғ алломаларимиз, азиз-авлиёларимиз қадамжоларини обод этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Миллий маънавий меросимизни тиклаш ва асраб-авайлаш, илм-фан ва таълимни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Буюк боболаримиз тафаккури маҳсули бўлган тарих, адабиёт, санъат, ахлоқ, фалсафа, тиббиёт, математика, кимё, астрономия, меъморлик, дин ва бошқа соҳаларга оид минглаб ноёб асарлар бизнинг бебаҳо бойлигимиздир. 

Ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодимиз Абу Исо Термизийнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. 

Биз бахтиёр авлодмиз, бахтли халқмиз, чунки шундай буюк алломаларнинг ворисимиз, деди Президентимиз. Халқимиз фаровонлиги, мамлакатимиз равнақи йўлида қилаётган ишларимиз билан улуғ аждодларимизга муносиб бўлишимиз керак. Бу барчамиздан юксак масъулият талаб қилади. 

Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуасида Ислом маданияти марказини ташкил қиламиз, деди Шавкат Мирзиёев. Юртдошларимиз, мамлакатимизга келадиган меҳмонлар бу ерда буюк алломаларимизнинг бебаҳо мероси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлмоғи лозим. 


МУТАСАДДИЛАРГА МАСЖИДНИ РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ БЎЙИЧА ТОПШИРИҚЛАР БЕРИЛДИ

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри ва туманлар ҳокимлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, пойтахт жамоатчилиги вакиллари иштирок этди. 

Йиғилишда давлатимиз раҳбари асос солган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, жойлардаги Халқ қабулхоналари халқ билан мулоқотнинг муҳим тизимига айлангани, турли масалаларга ўз вақтида ечим топилиб, одамларни рози қилаётгани таъкидланди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши қайд этилди. 

Учрашувда аҳолига зарур шароитлар яратиш, коммуникация тизимларини янгилаш, ҳудудларни ободонлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

ТОШКЕНТДА ТАЛАБАЛАРНИНГ МИЛЛИЙ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАРКАЗИ БУНЁД ЭТИЛАДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Талабалар шаҳарчаси ҳудудида қуриладиган ахборот-ресурс маркази лойиҳаси билан танишди. 

Мамлакатимизда таълим тизими изчил такомиллаштирилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 апрелдаги «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазкур тизим сифатини янги босқичга кўтаради. 

Ушбу қарорда кўплаб чора-тадбирлар қатори янги авлод ўқув адабиётларини яратиш ва уларни олий таълим муассасаларининг таълим жараёнига кенг татбиқ этиш, олий таълим муассасаларини замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан таъминлаш, шу жумладан, энг янги хорижий адабиётлар сотиб олиш ва таржима қилиш, ахборот-ресурс марказлари фондларини мунтазам янгилаб бориш бўйича вазифалар белгиланган. 

Талабалар шаҳарчасида қурилиши режалаштирилаётган ахборот-ресурс маркази ана шундай замонавий талабларга жавоб беради. Марказ электрон-ресурслар, даврий адабиётлар, мутолаа, мультимедиа ва конференция залларини ўз ичига олади. Бу Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказий институти, ўрта-махсус таълим масканлари ўқувчи ва талабалари, профессор-ўқитувчиларига катта қулайлик яратади. 

Президентимиз марказ лойиҳаси ва концепциясини такомиллаштириш, унинг қамровини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Мажмуани Ўзбекистон талабаларининг Миллий илмий-маърифий маркази тарзида ташкил этиш, дунё университетлари билан ҳамкорлик ўрнатиш, халқаро талаблар даражасидаги кадрлар тайёрлаш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий анжуманларини йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. 

 

НУКУСДА МЕТЕОРОЛОГИК СТАНЦИЯ ИШГА ТУШИРИЛДИ

13-14 апрель кунлари Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, мамлакат вазирликлари, идоралари, миллий ва ҳудудий ОАВ вакиллари БМТнинг Қўшма дастури “Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол фожеасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароити салоҳиятини мустаҳкамлаш” ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасига танишув сафарида иштирок этишди.

Асосий мақсад - БМТ Қўшма дастурининг биринчи босқичида эришилган натижалар билан танишиш, қатнашчиларга донорларнинг кенг иштироки орқали тузилиши таклиф қилинаётган кўпшериклик фондининг ҳамда Оролбўйи минтақаси ривожига қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштиришнинг аҳамияти ҳақида маълумот беришдир.

Метеорологик станцияни ишга тушириш маросимида юқори мартабали меҳмонларни қутлар экан, Ўзбекистондаги БМТнинг Доимий мувофиқлаштирувчиси, БМТТДнинг Доимий вакили жаноб Стефан Приснер мамлакатда фаолият олиб бораётган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистон ҳукуматига ва Орол денгизи фожеаси натижасида азият чеккан маҳаллий аҳолига инсон хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ бўлган турли муаммолар ечимини топиш орқали кўмак беришга тайёрлигини таъкидлади.

Хусусан, Ўзбекистондаги БМТД ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ҳамда иқлим ўзгаришлари ҳақида БМТнинг доиравий конвенциясини Мослашув (Адаптацион) фонди томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистоннинг қурғоқчил туманларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлимий барқарорлигини таъминлаш” қўшма лойиҳаси Қорақалпоғистоннинг бешта намунавий туманларида фаолият кўрсатмоқда.

Нукус шаҳридаги Қўшма дастур офисида ўтказилган учрашув пайтида иштирокчилар БМТнинг Оролбўйи ҳудудидаги кўмак бериш устуворликлари ҳақида қисқа тақдимот билан танишдилар, Қўшма дастур янги босқичи Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик мақсадли фонди доирасида халқаро ҳамкорларни мувофиқлаштирилган ҳолда янада кўпроқ жалб қилишни мақсад қилгани ҳақида батафсил маълумот олдилар.

Мўйноқ ўлкашунослик музейи ва Мўйноқ туманидаги кемалар қабристонига сафар Қорақалпоғистон аҳолисини илгариги ва ҳозирги воқеликдаги турмуш фаолиятининг умумий суратини шакллантириш имконини берди.

 

ЎЗБЕКИСТОН МИЛИЦИЯСИ ЯНГИЧА ФОРМА КИЯДИ

10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинганди.

Фармон ички ишлар органлари тизимида туб ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб бериши, унинг ижросини таъминлаш, қонун устуворлигига эришиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ўз вақтида амалга ошириш, ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши, пировард натижада эса фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида ички ишлар органлари бутун тизими ва ҳар бир ходим фаолияти самарадорлиги ошиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон милициясини туб ислоҳотлар кутмоқда

Фармон тизимда қатор ташкилий ўзгартишлар қилишни ҳам назарда тутади.

Фармонда қайд этилган асосий вазифаларни бажариш бўйича зарур ташкилий ва ҳуқуқий механизмларни амалга ошириш мақсадида Ички ишлар органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш комплекс чора-тадбирлар  дастури тасдиқланган.

Бу дастурга кўра, халқаро стандартлар асосида, фуқаролар онгида ички ишлар органлари ҳақида ижобий имиж шакллантириш мақсадида милиция ходимларининг махсус либослари, атрибуткалари ва фарқловчи белгиларини қайта кўриб чиқиш кўзда тутилган.

Бундай ўзгаришларни жорий қилиш мақсадида Ўзбекистон президентининг махсус қарори ишлаб чиқилади. Тегишли қарор лойиҳаси 2018 йилнинг 1 июлига қадар тайёр бўлиши кутилмоқда.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ТАЙВАНЬ АТМОСФЕРА ИФЛОСЛАНИШИГА ҚАРШИ 1 МЛРД ДОЛЛАРДАН ОРТИҚ МАБЛАҒ САРФЛАЙДИ

Тайвань ҳукумати яқин икки йилда ҳаво таркибидаги PM2.5 зарраларига қарши курашиш мақсадида 36,5 миллиард янги Тайвань доллари (бу тахминан 1,2 млрд АҚШ доллари) сарфлайди. 

Синьхуа агентлигининг хабар қилишича, Тайвань маъмурияти 2019 йилга келиб ҳаводаги PM2.5 зарралари улушини 18,2 фоизга — бир метр кубга 18 микрограммгача туширишни режалаштирган. Шунга кўра, 2019 йилгача оролда зарарли газларни кўп чиқарадиган мотоцикллар сони 1 млн дона қисқартирилади. 

Маълумотларга кўра, 2,5 микрон ўлчамдаги PM2.5 зарралари инсон саломатлиги учун жиддий хавф солади. Улар ҳавода туман бордек тасаввур уйғотади ҳамда ўпкага чуқур жойлашиб, инсонда бўғилиш ва бошқа жиддий муаммоларни чиқаради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, бир метр кубда 25 микрограмм шундай зарра бўлиши хавфсиздир. 

 

ТУРКМАНИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ 2025 ЙИЛГАЧА МАМЛАКАТНИ КАШАНДАЛАРДАН ТОЗАЛАЙДИ

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов 2025 йилгача мамлакатни кашандалардан тозалаш бўйича кўрсатма берди. Бу ҳақда давлат ахборот агентлиги хабар қилмоқда.

Унга кўра, давлат раҳбари 2017-2021 йилларга мўлжалланган Миллий дастурни имзолаган. У Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тамакига қарши конвенциясини амалга оширишни кўзда тутади. 

Қайд этилишича, дастур соғлом турмуш тарзини ташвиқот қилиш, саломатлик ва фуқаролар умрини узайтириш ҳамда Туркманистонни 2025 йилгача тамакидан холи мамлакатга айлантириш мақсадида қабул қилинган. 

Ушбу дастур доирасида амалга ошириладиган ҳаракатлар режаси ҳам тасдиқланган.

 

ТОЖИКИСТОН ЭРОННИНГ ШҲТГА ҚЎШИЛИШИГА ҚАРШИ ЧИҚМОҚДА

Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Шангҳай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Кенгаши (ТИВК) мажлиси ўз ишини якунлади. Бўлиб ўтган музокаралар давлат раҳбарлари Кенгашининг 8–9 июнга мўлжалланган учрашувига тайёгарлик кўришнинг сўнгги босқичи бўлди. «Известия» газетасининг хабарига кўра, музокаралар мобайнида Эроннинг ШҲТга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиш жараёни ҳам ўрганилган. Россия нашрининг маълумотларига кўра, бу ҳол Тожикистонда баъзи саволларни пайдо қилган.

 

Ҳиндистон ва Покистон

ШҲТ ТИВК сессиясини очар экан, Қозоғистон ташқи ишлар идорасининг раҳбари Қайрат Абдураҳмонов терроризм ва наркотафикка қарши курашда ҳамкорликни янада чуқурлаштириш заруриятини таъкидлаган. У, шунингдек, ШҲТга Ҳиндистон ва Покистоннинг аъзолигини расмийлаштириш жараёни якунланаётганига эътибор қаратган.

Мажлис тугагач, РФ ТИВ раҳбари Сергей Лавров ҳам шу мавзуга тўхталган. Унинг айтишича, қатнашувчилар ҳужжатлар тўпламини ўрганиб чиқишган ва улар июнь ойида давлат раҳбарларига маъқуллаш учун тақдим этилади.

— Албатта, аввало, бу Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга тўлақонли аъзо бўлишини расмийлаштирувчи якуний қарорлардир. Бу тарихий ҳодиса бўлди, десак, муболаға бўлмайди, — деган Сергей Лавров.

«Валдай клуби» эксперти, Россия ТИВ қошидаги Москва давлат халқаро муносабатлар институти Шарқий Осиё ва ШҲТ тадқиқотлари маркази директори, Олий иқтисодиёт мактаби халқаро муносабатлар департаменти раҳбари Александр Лукиннинг «Известия»га билдиришича, Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТ аъзоси сифатида расмийлаштирилиши ташкилот ривожида энг муҳим нуқта бўлади.

— Бу ташкилотнинг илк кенгайиши бўлади. Унга жаҳоннинг энг йирик икки давлат аъзо бўлмоқда. Яъни энди у янада нуфузли ва залворли ташклотга айланади. Бундан ташқари, шу пайтгача ШҲТни Россия ва Хитойнинг Марказий Осиёдаги биргаликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштирувчи структура, деб билишар эди. Ташкилотда барча қарорлар консенсус асосида қабул қилиниб келинган бўлса-да, тушунарли сабабларга кўра унда Москва ва Пекиннинг таъсири каттароқ эди. Ҳиндистоннинг қабул қилиниши ШҲТни янада кўп қиррали бўлишига замин яратади. Янги Деҳли иқтисодий ҳамкорлик ривожига ҳам, минтақада вазиятни барқарорлаштиришга ҳам катта ҳисса қўшади, — дея таъкидлаган Александр Лукин.

 

Эрон муаммоси

Агар Ҳиндистон ва Покистоннинг аъзолиги ҳал қилиниб бўлинган масала бўлса, ШҲТ ишига Эронни жалб қилиниши муаллақ ҳолатда турибди. Ўзининг кириш сўзида Қайрат Абдураҳмонов ташкилотга айни пайтда кузатувчи мақомидаги Эрон Ислом Республикасини қабул қилиш заруриятини таъкидлаб ўтган. Сергей Лавров ҳам Теҳрон «БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан қўлланилган санкциялар бўйича масалаларни ҳал қилгани; энди у ШҲТга аъзо бўлиш критерийларига тўла мос келиши» ҳақида гапирган.

— Биз умид қиламизки, июнь ойида Остонада давлат раҳбарлари Эроннинг ҳам тўлақонли аъзога айлантириш жараёнини ишга тушириш масаласини ҳам муҳокама қилишади», — деган Сергей Лавров.

«Известия»га Россия делегациясидаги манбанинг хабар беришича, Тожикистондан ташқари барча давлатлар Эроннинг ташкилот доирасидага ишларга чуқурроқ жалб қилинишини қўллаб қувватлайди.

— Душанбенинг позицияси шу билан тушунтириладики, Эрон ҳукумати ўз вақтида тожик исломий мухолифат етакчиларидан бирига сиёсий бошпана берган. Республика ҳукумати Теҳрон шу йўл билан амалдаги ҳукумат позициясига путур етказишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ, аслида бундай эмас, — деган манба.

Газета суҳбатдошининг сўзларига кўра, Эроннинг ШҲТга аъзо қилиб олиниши ташкилотни янги сифат даражасига чиқариши мумкин.

 

Сурия инқирози

Суриядаги вазият нафақат Сергей Лавров ва унинг хитойлик ҳамкасби Ванг И ўртасидаги музокараларда муҳокама мавзуси бўлди, унга ШҲТ ТИВК мажлисида ҳам тўхтилиб ўтилган. Бу ҳақда Россия вазирининг ўзи айтиб ўтган. Лавровнинг қайд этишича, қатнашувчилар можарони сиёсий йўл билан ҳал қилишнинг муқобили йўқлиги ва сулҳни сақлаш зарурияти ҳақида якдил тўхтамга келишган.

Россия вазирининг тушунтиришича, Москва ўт очишни тўхтатиш битими қатнашувчилари доираси қуролланган мухолифатнинг янги гуруҳлари ҳисобига кенгайтирилишига эришмоқчи.

— Параллел равишда терс жараён юз бераётгани — «Жабҳат-ун-Нусра» террорчилик ташкилотини қўллаб-қувватлаётганлар унинг сафига қўшимча қуролланган отрядларни қўшиб, уларни Остона битимидан узиб қўйишга ҳаракат қилаётгани сабабли ҳам жараён мураккаблашмоқда, — деган Сергей Лавров.

 

Яна нималар ҳақида сўзлашилди?

Россия вазирининг ҳикоя қилишича, ШҲТ ТИВК мажлиси мобайнида кучишлатар идоралар тизими бўйича ҳамкорлик, гуманитар соҳа ва экология масалаларига дахлдор бир қатор масалалар кўриб чиқилган. Хусусан, экстремизмга қарши курашиш конвенцияси лойиҳаси, ШҲТ антинаркотик стратегиясини тайёрлаш ва уни рўёбга чиқариш ҳаракат дастури ҳақида сўз борган. Бундан ташқари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида тайёрланаётган конвенция ҳамда аъзо мамлакатларнинг 80дан ортиқ олий ўқув юртларини бирлаштирувчи ШҲТ Университетини ишга тушириш ҳақида ҳукуматлараро битим лойиҳаси муҳокама қилинган.

 

ШИМОЛИЙ КОРЕЯ УРУШДАН ҚЎРҚМАСЛИГИНИ МАЪЛУМ ҚИЛДИ

КХДР тинчликсевар давлат, бироқ АҚШ таҳдидидан ҳимояланиш учун кескин чораларни ҳам кўриши мумкин. Бу ҳақда Корея Марказий телеграф агентлиги Шимолий Корея ТИВ вакиллари баёнотига асосан хабар бермоқда.

"КХДРнинг энг катта хоҳиши – бу АҚШ ўзининг адоватли сиёсатини давом эттирса, охиригача боришдир. КХДР армияси ҳозирнинг ўзиданоқ жавоб чоралари сифатида кутилмаган огоҳлантирувчи зарбалар ва бошқа услублар бўлишини белгилаб олди", - дейилади хабарда.

Баёнотда таъкидланишича, Пхеньян “тотал урушга кенг қамровли уруш билан”, “ядро урушига эса ядро зарбалари” билан жавоб қайтаради, аммо бу “жуда даҳшатли қарама-қаршиликда” албатта ғолиб чиқади. "КХДР тинчликсевар социалистик давлатдир, бироқ урушдан қўрқмайди ва ундан қочишга ҳам ҳаракат қилмайди", - дея қўшимча қилиб ўтишган шимолий кореялик дипломатлар.

Ўтган дам олиш кунлари Жанубий Корея қуролли кучларининг штаблар бошлиқлари бирлашган қўмитаси КХДР Хамгён-Намдо вилоятининг Синпхо уездида муваффақиятсиз ракета учирганини хабар берди. Ракета тури ҳозирча номаълум, бироқ экспертлар тахминича, бу ўрта масофаларга мўлжалланган KN-15 баллистик ракетаси бўлиши мумкин.

Япония ҳукумати ракета учирилганидан сўнг бош вазир котибияти қошида махсус штабни ташкил этган бўлса, Жанубий Корея ҳукумати миллий хавфсизлик Кенгаши доимий қўмитасининг фавқулодда йиғилишини чақирди. 

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 

ЎЗМУ ВА РОССИЯ ДАВЛАТ ГИДРОМЕТЕОРОЛОГИЯ УНИВЕРСИТЕТИ (САНКТ-ПЕТЕРБУРГ) ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ РИВОЖЛАНМОҚДА

 

Турли соҳаларда халқаро илмий ҳамкорликлар ҳар томонлама тараққиётга хизмат қилади.

Россия давлат гидрометеорология университети (Санкт-Петербург) ректори Валерий Михеев бошлигидаги делегация Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига ташриф буюрди.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов ва Валерий Михеев Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасида гидрометеорология ва бошқа қатор соҳаларда илмий ҳамкорлик алоқаларини бугунги замон талаблари даражасида янада ривожлантириш юзасидан фикрлашиб олдилар.

Айтиш жоизки, 2005 йилда икки университет ўртасида илмий ва таълим йўналишларида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Ўша даврда тузилган тегишли шартномани қайтадан кўриб чиқиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Яъни, университетларимиз тадқиқотчилари, соҳа олимлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, илмий ҳамкорлик, талабалар алмашинуви каби масалаларни янада такомиллаштириш ва уни янги босқичга кўтариш юзасидан келишиб олинди.

 

БЎЛҒУСИ ИҚТИСОДЧИЛАР АКАДЕМИКДАН САБОҚ ОЛДИЛАР

 

Илмга чанқоқ ёшлар учун академиклар сабоғи олтиндан қиммат!

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Иқтисодиёт факультетида иқтисод фанлари доктори, профессор, академик Иброҳимжон Искандаров билан ўтказилган учрашувда талабалар бир олам таассурот олдилар.

Иқтисодиёт соҳасида катта билим ва тажрибага эга олим Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги фармони мазмун-моҳиятини теран шаҳрлаб берди.

Маърузада қайд этилганидек, Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши белгиланган. Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш каби йўналишларнинг ҳар бири мамлакатдаги ислоҳотларни ва янгиланишларни янада чуқурлаштиришга оид аниқ бўлимлардан иборат.

Талабалар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларга мухтасар жавоблар олдилар.

 

НАМУНАВИЙ ДАРСЛАР САМАРАСИ

Намунавий дарс – мураббийлар учун муҳим сабоқдир.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров ва Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбеков Журналистика факультетида намунавий “Ахборот соати” ва “Мураббийлик соати” дарсларини ўтдилар. Унда факультет мураббий-ўқитувчилари ҳамда 4-курс талабалари иштирок этдилар.

Маълумки, бугунги кунда республикамиз ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар ҳақида талаба-ёшларга мунтазам ахборот бериб бориш тизимини ривожлантириш, уларнинг сиёсий онги ва ижтимоий фаоллигини ошириш, юртимиз тинчлигига рахна солаётган турли бузғунчи ғояларга қарши иммунитетни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда. Айтиш жоизки, биз бошимиздан кечираётган XXI аср, шиддат билан ўзгариб бораётган глобаллашув жараёнлари, интеллектуал салоҳият, Интернет ва ахборот-коммуникация технологиялари ҳал қилувчи аҳамият касб этаётгани, жаҳон бозоридаги рақобат кўлами ва кескинлиги тобора шафқатсиз тус олаётгани ҳар бир давлат ва халқ олдига ғоят муҳим ва ўткир талабларни қўймоқда. Ана шу муҳим талаблар билан ҳамоҳанг бўлиб яшамасак, бутун борлиғимизни шу йўлда сафарбар этмасак биз умумбашарий тараққиётдан четда қолиб кетишимиз ҳеч гап эмас.

– Намунавий дарсда таъкидланганидек, глобаллашув жараёнларида ахборот олиш ва тарқатиш, унинг ёшлар онгига таъсири масалаларига жиддий эътибор қаратишимиз лозим,– дейди Жамоатчилик билан алоқалар назарияси ва амалиёти кафедраси доценти Рамзиддин Абдусатторов.– Шундай экан, факультетимизнинг ҳар бир гуруҳида ўтилаётган “Мураббийлик соати” ва “Ахборот соати” дарсларини янада такомиллаштириб боришимиз, турли воқеликларга нисбатан талабаларнинг муносабатлари, фикр-мулоҳазаларини ҳам изчил ўрганиб боришимиз зарур. Бу борада ОАВда ёритилаётган хабар ва мақолалар асосида ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланадиган “Ахборот соати” материаллари муҳим манба ҳисобланади. Ундан барча мураббийларимиз самарали фойдаланмоқда.

 

БЎЛҒУСИ ФИЗИКЛАРДА НАМУНАВИЙ ДАРС КАТТА ҚИЗИҚИШ УЙҒОТДИ

 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Физика факультети талабалари билимга, айниқса, маънавиятга чанқоқ ёшлардир.

Улар фан сирларини мукаммал эгаллаш билан бир қаторда маънавият сабоқларига ҳам катта қизиқиш билан қарайдилар. Яқинда 1-курс талабалари даврасида ўтказилган “Ахборот соати” ва “Мураббийлик соати” намунавий дарслари барчада катта қизиқиш уйғотди.

Машғулот кириш қисмида факультет деканининг Маънавий-маърифий ишлар бўйича муовини Ғофуржон Эшонқулов “Намунавий дарс” моҳияти ва талабалар маънавий дунёсини бойитишдаги ўрни ҳақида сўз юритди.

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари, филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбеков “Интернет хавфсизлиги ва интернет маданияти: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги маърузасида қуйидагиларни баён этди:

– Бугун дунё том маънода ягона ахборот маконига айланган. Интернет орқали кириб келаётган ахборот оқими айниқса ёшлар онгини ҳар томонлама қамраб олаётганидан асло кўз юмиб бўлмайди. Шундай кезда уларни турли бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш долзарб масалага айланган. Ёшларда аввало интернетдан тўғри ва самарали фойдаланиш, уларда интернет маданиятини шакллантириш, шу аснода мустақил фикрлай оладиган баркамол авлодни тарбиялаш энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Бугунги кунда ёш авлод онгини турли ёт, бузғунчи ғоялар, салбий таъсирлардан асраш ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки, бундай мафкуравий таҳдидлар аянчли оқибатларга олиб келмоқда. Хўш, айни пайтда интернет веб-сайтлари орқали кириб келаётган ёт ғояларнинг олдини олиш ва таъсир кучини камайтириш, ёшларда интернет маданиятини шакллантириш учун нима қилмоқ керак?

Ҳаммамиз тоза ҳаво истаймиз, бироқ, димоғимизга бадбўй ҳаво урилса, ундан нари кетишга, мусаффо ҳавога интиламиз. Тоза, зилол сув ҳаммамизга ёқади, гоҳида лойқа сув учраб қолса, ундан нари кетамиз. Сув ва ҳаводек зарур бўлган ахборот-чи? Ёшлар онгига тоза ҳаво ва зилол сув каби яхшиликка, эзгуликка хизмат қиладиган ахборотлар зарур! Тоза ҳавони кўпайтириш учун кўп дарахт экилади. Лойқа сувга фақат тиниқ сувлар барҳам беради. Худди шундай, салбий ахборотни бартараф этиш учун биз кўплаб ижобий маъно касб этувчи, ёшларни яхшилик ва эзгуликка чорловчи сермазмун ахборотларимиз билан курашмоғимиз лозим. Бу – жаҳолатга қарши маърифат билан курашнинг ёрқин йўлларидан биридир. Шу мақсадда ЎзМУ Журналистика факультети қошида www.uchildiz.uz веб-сайти ташкил этилган. Унда ҳар куни талаба-ёшлар учун қизиқарли бўлган ранг-баранг мавзудаги мақолалар, қаламкашлар ижодидан намуналар, “Ахборот соатлари” материаллари, форум шаклида сайтимиз мухлисларининг сермазмун фикрномалари ёритилмоқда.

Улуғ адиб Пиримқул Қодировнинг талабалар ҳаётига бағишланган машҳур “Уч илдиз” романи асосида ташкил этилган www.uchildiz.uz веб-сайти талаба-ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда интернетдан фойдаланиш борасида кенг имкониятлар яратилган. Талаба-ёшлар ундан жуда кенг фойдаланаётганларини ҳар қадамда кузатиш мумкин. Афсуски, айрим ёшларимизни интернет ахборотларидан тўғри фойдаланяпти, деб бўлмайди. Шу боисдан ёшларимизнинг интернет ресурсларидан тўғри фойдаланишга ундаб бориш, уларда ахборот олиш, уни таҳлил этиш маданиятини муттасил шакллантириб бориш зарур.

Давра суҳбатида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

 

АХБОРОТ ВА МАЪНАВИЯТ НАМУНАВИЙ ДАРС МАВЗУСИГА АЙЛАНДИ

Намунавий дарслар интерфаол усулда ўтказилаётгани, ёшларни эркин ва холис фикрлашга ўргатилаётгани талабаларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий фанлар факультетида навбатдаги “Ахборот соати” ва “Мураббийлик соати” машғулотлари Намунавий дарс сифатида ўтказилди.

Миллий ғоя кафедраси доценти Ойниса Муҳаммадиева 1 ва 3 курс талабаларига Намунавий дарс мазмун-моҳиятини изоҳлар экан, шундай деди:

– Глобаллашув даврида ахборот кўламининг тоборо кенгайиб ва тезлашиб бораётгани маънавиятимизга ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Инсон ахборотдан фойдаланар экан, унинг инсон маънавиятига қанчалик таъсир этиши мумкинлиги ҳақида ҳар доим ҳам ўйлайвермайди. Бугунги ёшлар интернетдан қанчалик тўғри фойдаланмоқда? ОАВда ёритилаётган ахборотлар ёшлар маънавиятига қай даражада таъсир ўтказмоқда? Ҳар ҳафта ўтилаётган “Ахборот соатлари” талабаларимизда қандай таассурот қолдирмоқда? Шу масалалар юзасидан сиз университетимиз Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбекнинг фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашасиз.

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими йўналишида таҳсил олаётган талабаларга юқорида қайд этилган мавзулар юзасидан атрофлича маълумот берди.

Маърузада қайд этилганидек, ахборот олишда аввало унинг манбалари қай даражада асосли ва ишончли эканлигига эътибор қаратиш лозим. Ҳар қандай ахборотнинг ҳуқуқий, илмий асоси бўлмоғи шарт. Ахборот истеъмолчиси аввало шунга эътибор қаратиши зарур. “Ахборот соатлари”да биринчи галда юртимизда кечаётган ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маънавий жараёнлар, халқаро миқёсдаги муҳим воқеалар ва Миллий университетимиз ҳаёти билан боғлиқ бўлган муҳим воқеалар баён этилади. Демак, бу ахборотлар билан танишиб бориш талабалар учун ғоят муҳимдир. Ҳар қандай ахборотга кўр-кўрона ишониш – бу саводсизлик, ўқиб уқимаслик оқибатидир.

Намунавий дарс давомида талабалар кўп китоб ўқиш – инсон маънавиятини юксалтиришга хизмат қилишини теран англаб етдилар.

Интерфаол усулида ўтказилган Намунавий дарсда 3 курс талабаларидан Нодир Хўжамов, Саид Бобоқулов, Мухриддин Бобобеков, Сардор Жўрақулов, Муҳриддин Бобобеков, 1-курс талабаларидан Шерозжон Нарзиқулов, Достонжон Ҳомидов, Барчиной Қаршиева, Меҳрож Саидов, Валишер Мамировлар ҳам ахборот олиш, унинг мазмун-моҳиятини теран англаб етиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

 

 

ЎзМУ Ахборот хизмати

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: 2271542; +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru