O'zMU » Axborot soatlari » АХБОРОТ СОАТЛАРИ

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ЎЗБЕКИСТОН – ХИТОЙ: СТРАТЕГИК ШЕРИКЛИК ВА ДЎСТЛИК МУНОСАБАТЛАРИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛИДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 11 май куни давлат ташрифи билан Хитойга келди.

Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлик муносабатлари кенг кўлам касб этиб, стратегик шериклик алоқалари юксак даражага кўтарилмоқда. Мамлакатларимизнинг миллий манфаатлари, ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, жаҳондаги нуфузи юксалишига хизмат қиладиган бу алоқалар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов бошлаб берган ўзаро дўстлик, мустаҳкам ишончга асосланган ҳамкорлик негизида тараққий этмоқда.

Ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий базасини 2005 йилда имзоланган Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари тўғрисидаги шартнома, 2010 йилдаги Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатларини ҳар томонлама чуқурлаштириш ва ривожлантириш тўғрисидаги қўшма декларация, 2012 йилдаги Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма декларация, 2013 йилдаги Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги Қўшма декларация, 2014-2018 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш дастури ҳамда 2016 йилда имзоланган Қўшма баёнот ташкил қилади.

Мазкур ҳужжатларнинг қабул қилиниши улкан тарихий аҳамиятга эга бўлиб, ниҳоятда кенг кўламлидир. Улар узоқ муддатли истиқболда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

12 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Ўзбекистон ва Хитой давлат мадҳиялари янгради. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг икки мамлакат расмий делегациялари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Президентимизни Хитойга биринчи давлат ташрифи билан самимий қутлади.

Сиз билан Пекинда учрашиб турганимдан ғоят хурсандман. Бу йил давлатларимиз ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлгани ҳамкорлигимизнинг бундан кейин ҳам жадал ривожланишига замин яратади. 2016 йилда Бухорода бўлганимда менга ҳамроҳлик қилганингиз учун самимий миннатдорлик билдираман. Бугун барча соҳаларда ҳамкорлигимиз изчил ривожланаётгани бизни қувонтиради, деди Си Цзиньпин.

ХХР Раиси Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари янги даврга, сифат жиҳатдан янги босқичга қадам қўяётганини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев таклиф учун Си Цзиньпинга миннатдорлик билдирди ва бугунги музокаралар мунтазамлик касб этган олий даражадаги учрашувларнинг мантиқий давоми эканини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва маданиятига юксак ҳурмат кўрсатиб, 2016 йил Бухорога борганингиз, аждодларимиз қолдирган бой маданий меросга катта қизиқиш билдирганингиздан хурсандмиз. Ўзбекистон Хитойни қадимий тарих ва ноёб маданият, улкан салоҳиятга эга, жаҳон иқтисодиётининг етакчиларидан бўлган ва ўз мақсадлари йўлида қатъий бораётган мамлакат сифатида билади, деди Шавкат Мирзиёев.

Музокараларда ўзаро ва кўп томонлама муносабатларга оид долзарб масалалар, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш хусусида атрофлича фикр алмашилди.

Хитой Ўзбекистоннинг ҳаёт синовидан ўтган ишончли ҳамкоридир. Халқларимиз ўртасидаги муносабатлар Буюк ипак йўли тарихи билан чамбарчас боғланган бўлиб, миллий қадрият ва анъаналаримиз жаҳон маданиятини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган, савдо алоқаларимиз дунё аҳлига ўз даврининг ноёб буюмларини тақдим этган. Бугун инсониятнинг кундалик эҳтиёжларига айланган чой, пахта, ипак, қоғоз каби маҳсулотлар уларнинг бир қисми, холос.

Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига энг кўп инвестиция киритаётган давлатлардан биридир. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокидаги 700 дан зиёд компания ва корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йиллар давомида хитойлик сармоядорлар Ўзбекистон иқтисодиётига қарийб 7,8 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритган.

2016 йил якунлари бўйича ўзаро савдо айланмаси ҳажми 4,2 миллиард долларни ташкил қилди. Хитой бозорида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотлари, пластмасса буюмлар, қишлоқ хўжалиги ва бошқа товарларга талаб катта.

Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация ва диверсификация қилиш бўйича дастурларни амалга ошириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва саноатнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришда фаол иштирок этмоқда.

ХХРнинг етакчи саноат компаниялари билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли алоқаларни, биринчи навбатда, юқори технологияга асосланган тармоқларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Нефть-газ ва телекоммуникация тармоқларида, транспорт, тўқимачилик, кимё саноати ва бошқа йўналишларда қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Хитой бизнес субъектлари Ўзбекистондаги кўплаб янги саноат корхоналари, жумладан, Деҳқонобод калийли ўғитлар, Қўнғирот сода заводлари қурилишида иштирок этди. ХХР тадбиркорлари кўмагида мамлакатимизда электр техникаси маҳсулотлари, мобиль телефонлар, қурилиш техникаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. “Huawei” компанияси томонидан Тошкент шаҳри ва Ўзбекистон минтақаларининг телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш бўйича 20 лойиҳа амалга оширилди. ZTE корпорацияси билан ҳамкорликда чиқарилаётган модем, смартфон ҳамда бошқа ускуналарга ички ва хориж бозорларида талаб юқори.

Марказий Осиё – Хитой газ қувурининг барча тўрт тармоғи Ўзбекистон ҳудудидан ўтган. ХХР Миллий нефть-газ корпорацияси мамлакатимизда истиқболли углеводород конларини қидириш ва қазиш ишларида фаол қатнашмоқда. Муборак газ-кимё мажмуасида табиий газни чуқур қайта ишлаш бўйича ҳамкорлик қилиб келинмоқда.

Музокараларда иқтисодий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги Қўшма баёнотни имзоладилар. Ҳукуматлараро техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги, халқаро автомобиль қатнови тўғрисидаги битимлар, умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасини асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга доир лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисидаги ҳукуматлараро ноталар алмашинуви ҳамда ветеринария ва ўсимликлар инспекцияси карантини соҳасида Англашув меморандуми, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш бўйича Англашув меморандуми, қишлоқ хўжалиги соҳасида 2018-2020 йилларга мўлжалланган идоралараро алмашинув ҳамкорлик режаси каби қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпиннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда томонлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш билан боғлиқ кенг кўламли масалалар, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.

Имзоланган ҳужжатлар, эришилган келишувлар Ўзбекистон – Хитой муносабатларини янада ривожлантириш ва халқларимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ХИТОЙЛИК ИШБИЛАРМОНЛАРНИ ЎЗБЕКИСТОНГА ТАКЛИФ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашди.

Учрашувда ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва изчил ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида сўз борди.

Мулоқотда Ўзбекистонда ХХРнинг етакчи саноат компаниялари билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли алоқалар йўлга қўйилгани, нефть-газ ва телекоммуникация тармоқлари, транспорт, тўқимачилик, сайёҳлик, қурилиш, кимё саноатида ва бошқа йўналишларда қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани қайд этилди.

Бу ерда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиб келаётган ишбилармонларни кўраётганимдан хурсандман, деди давлатимиз раҳбари. Биз хитойлик тадбиркорлар билан бирга ишлашдан мамнунмиз.

Президентимиз Хитой бизнес субъектлари Ўзбекистондаги кўплаб янги саноат корхоналарида ишлаб чиқаришни йўлга қўйганини қайд этди.

Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига энг кўп инвестиция киритаётган давлатлардан биридир. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокидаги 700 дан зиёд компания ва корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йиллар давомида хитойлик сармоядорлар Ўзбекистон иқтисодиётига қарийб 8 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритгани барчамизни хурсанд қилади, деди Шавкат Мирзиёев.

2013 йилда ташкил этилган Ўзбекистон – Хитой юқори технологиялар саноат парки – “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси ўзаро ҳамкорликнинг юксак намунаси эканлиги таъкидланди. Бу ерда мобиль телефонлар, тикув машиналари, қурилиш материаллари, қуёш коллекторлари ва бошқа рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, техникавий, энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро савдо айланмаси ҳажмини оширишга оид масалалар хусусида сўз юритилди.

Президентимиз бугунги кунда Ўзбекистонда самарали фаолият юритаётган хитойлик ишбилармонларга миннатдорлик билдирди, алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори эканлигини қайд этди.

Учрашувда Ўзбекистон – Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси ҳамраиси Мэн Цзень Чжу, «COFCO» корпорацияси директорлар кенгаши раиси Чжао Шуанлянь, Хитой давлат тараққиёт банки вице-президенти Чжан Сюгуан, Хитой Эксимбанки вице-президенти Сунь Пин, «Поли интернэшнл» компанияси бош директори ёрдамчиси Мяо Цзэчун ва бошқалар Ўзбекистон билан ҳамкорлик юқори натижалар бераётгани, бундан кейин ҳам ўзаро алоқаларни давом эттиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

 

ХОРИЖГА ЧИҚИШ, КЕЛИШ ВА ФУҚАРОЛИКНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ БОШҚАРМАСИ НОМИ ЎЗГАРТИРИЛДИ

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси сайтида хабар берилишича, Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг номи Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига ўзгартирилган. 

Ўзбекистон Президенти 2017 йил 10 апрелдаги «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармонини имзолаган. Унга мувофиқ амалга оширилган чора-тадбирлар миграция, паспорт-виза тизими, фуқароликни қабул қилиш ва ундан чиқиш фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, юртимизда жиноятчиликнинг ўсишига йўл қўймаслик, бугунги кунда юзага келаётган хавф-хатар ва таҳдидлар, аввало, халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, одам савдоси, ёшлар ўртасида халқимизга ёт ғоялар тарқалишининг тобора кучайиб бораётганлиги ички ишлар органлари олдига ўз вақтида уларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш бўйича янги вазифаларни қўймоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 23 июндаги «Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–4117 сонли, 2009 йил 29 декабрдаги ПФ–4160 сонли ҳамда 2011 йил 05 январдаги ПФ–4262 сонли Фармонлари талаблари ижросини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилиб, мамлакатимизда истиқомат қилаётган фуқароларимиз ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг аксарияти биометрик паспорт билан ҳужжатлаштирилди.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ХИТОЙ МАТБУОТИ ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ТАШРИФИНИ КЕНГ ЁРИТМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи Хитой оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда. Хитойнинг етакчи «Синьхуа» ахборот агентлиги Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Раиси Си Цзиньпиннинг 12 май куни бўлиб ўтган учрашуви ҳақида батафсил ахборот тарқатди. Журналистлар ушбу учрашув натижалари Ўзбекистон ва Хитой халқларимизнинг туб манфаатлари ва замонавий талаблари ҳамда узоқ муддатли ҳамкорликка содиқ эканлигидан далолат берганини таъкидлаган. CGTN телеканали олий даражадаги мулоқотларнинг изчиллиги ўзаро муносабатларнинг янада барқарор ривожланишини таъминлаши баробарида барча даражадаги алоқаларнинг жадаллашувига хизмат қилаётганига эътибор қаратган. Ахборотда икки давлатнинг узоқ ўтмишга бориб тақаладиган алоқалари бугунги кунда ўзаро ишонч ва дўстлик руҳида ривожланиб бораётгани қайд этилган. «China daily» газетасида «Ўзбекистон билан алоқалар ўз самарасини бермоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинган. Унда Ўзбекистон ва Хитой халқлари азалдан ўзаро савдо-сотиқ қилгани, бир-бирининг маданиятини бойитгани қайд этилган. Бугунги кунда давлатлараро муносабатлар кенг кўламли стратегик шериклик даражасига кўтарилган, ҳамкорлик сиёсат, иқтисодиёт, савдо, саноат, қурилиш, илм-фан, таълим, маданият каби барча соҳаларни қамраб олган, дейилади. Мақолада давлатлар ўртасида истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётгани ҳақида тўхталиб, Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли ва Қамчиқ туннели қурилиши кўп қиррали ҳамкорликнинг яққол мисоли эканлиги таъкидланган. Муаллиф ушбу стратегик объектларнинг бунёд этилиши нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа, жумладан, Хитой учун ҳам ғоят аҳамиятли эканини қайд этган.

«Янги Пекин» газетасида Ўзбекистон – Хитой ўртасидаги муносабатлар турли йўналишларда муваффақият билан ривожланаётгани таъкидланган. Газета Ўзбекистоннинг сармоявий ҳамкорлари рўйхатида Хитой етакчи ўринлардан бирини эгаллаши ва Ўзбекистон иқтисодиётига киритилаётган ХХР капитал қўйилмаларининг ҳажми барқарор равишда ўсиб бораётгани ҳақида маълумотлар келтирган. Хитой матбуоти таъкидлаганидек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро савдо-сотиқ ҳажми юқори даражани ташкил этмоқда. Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган Хитой компаниялари сафи кенгайиб бораётгани ХХР ишбилармонлари Ўзбекистон билан ҳамкорликка катта қизиқиш билан қараётганини тасдиқлайди.

 

ОАВ: КХДР «ҚУЛАЙ ШАРТЛАР»ДА АҚШ БИЛАН МУЛОҚОТГА КИРИШИШИ МУМКИН

Шимолий Корея ўзига «қулай бўлган» шартларда АҚШ маъмурияти билан музокаралар олиб боришга тайёр. Бу ҳақда Ёнхап агентлиги КХДРнинг юқори лавозимли дипломати Чхо Сон Хуэйга асосланган ҳолда хабар қилмоқда.

Хабар қилинишича, «ядро масалалари бўйича музокараларда иштирок этган шимолий кореяликлар жамоаси»нинг энг кекса дипломати Норвегиядан Шимолий Кореяга қайтаётган вақтда журналистлар билан суҳбатлашган ва шу ҳақда маълум қилган. Бундан аввал, Киодо агентлиги Дональд Трамп Шимолий Корея етакчиси билан учрашишга тайёрлигини билдиргани ҳақида хабар қилганди. 

 

БРИТАНИЯДА ЭКСТРЕМИСТИК МАТЕРИАЛЛАРГА ТАСОДИФАН ДУЧ КЕЛИШ ҲАМ ЖАРИМАГА САБАБ БЎЛАДИ

Буюк Британия консерватив партияси ўзининг сайловолди манифестида фойдаланувчиларга ижтимоий тармоқларда улар томонидан 18 ёшга тўлгунга қадар қолдирилган барча ёзувлар ва изоҳларни ўчириб ташлаш имконини беришга ваъда қилмоқчи. Манифест келаси ҳафта эълон қилиниши лозим, деб ёзади Guardian.

Ижтимоий тармоқлар ва коммуникация компанияларини жарима таҳдиди остида фойдаланувчилар балоғатга етмаган пайтга қадар қолдирган ёзувларини ўчиришга мажбур қилиш ҳақидаги ваъда иш берувчилар билан боғлиқ. Сўнгги маълумотларга кўра, иш берувчиларнинг учдан бир қисми ишга жойлашмоқчи бўлганларга, уларнинг ижтимоий тармоғидаги саҳифаси билан танишгач, рад жавобини беради. Аввалроқ собиқ бош вазир Тони Блэр ёшлигида ижтимоий тармоқлар бўлганида ҳеч қачон бундай юқори лавозимни эгаллай олмаслигини тан олганди.

Шунингдек, консерваторлар ваъда қилган янги қонунларга мувофиқ, ижтимоий медиалар фойдаланувчилар порнографик ёки экстремистик материалларга тасодифан “дуч келишса” ҳам катта миқдордаги жаримага тортилади. Ҳукмрон партия режаларига кўра, компаниялар фойдаланувчиларнинг қонунга хилоф бўлган интернет-саҳифалар, фотосуратлар ҳамда матнлар борасидаги хабарларига жиддий эътибор қаратиши лозим бўлади. 

 

АҚШНИНГ ИРОҚҚА БОСТИРИБ КИРИШИНИНГ АСЛ МАҚСАДИ ОШКОР ҚИЛИНДИ

АҚШнинг 2003 йилда Ироққа бостириб киришининг асл мақсади ушбу мамлакатда демократия ўрнатиш эмас, балки Саддам Ҳусайнни ағдариш бўлган, деб айтди АҚШнинг собиқ давлат котиби Кондолиза Райс. Райс, шунингдек, 2001 йилдан 2005 йилгача АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси лавозимини ҳам эгаллаган. 

"Биз Ироққа у ерга демократия олиб боргани кирмаганмиз. Биз Ироққа Саддам Ҳусайнни ағдариш учун борганмиз. Бу хавфсизлик масаласи эди", деб айтди Райс Вашингтондаги Брукингс институтидаги нутқида.

Унинг айтишича, АҚШ демократик тузумни ўрнатиш учун на 2003 йил Ироқда, на 2001 йил Афғонистонда ҳарбий кучни қўллашни режалаштирмаган. "Мен президент Бушга Ироқ ёки Афғонистонда демократия ўрнатиш учун ҳарбий кучни қўллашни ҳеч қачон маслаҳат қилмасдим", деб айтди Райс.

Райснинг таъкидлашича, охирги икки йил ичида АҚШ ва Ғарбий Европа вужудга келган популистик ҳаракатлар миллионлаб одамларнинг халқнинг эркин савдо ва чекланмаган миграция масалаларидан хавотирини эътиборга олмайдиган элиталарга қарши норозилигини акс эттиради. 

Райс Кичик Жорж Буш бошчилигидаги маъмуриятларда ишлаган: 2005-2009 йилларда АҚШ давлат котиби, 2001-2005 йилларда президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси бўлган. 

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 

МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТ – ФАХРИМ, ИФТИХОРИМ!

12 май – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ташкил топган кун.

Шу қутлуғ сана муносабати билан ЎзМУ Бош биноси ўқув залида “Миллий университет – фахрим, ифтихорим!” деб номланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов, академиклар Салоҳиддин Маҳмудов, Сайёра Рашидова ва бошқалар 1918 йилда жадид маърифатпарварлари томонидан ташкил этилган университетимиз қатор йиллар турли номлар билан аталиб, фақат мустақиллик давридагина ҳақиқий мақомига эга бўлганини, Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 14 сентябрдаги “Тошкент Давлат университетига Мирзо Улуғбек номини бериш тўғрисида”ги Қарорига биноан Тошкент Давлат университети Шарқнинг буюк олими ва мутафаккири Мирзо Улуғбек номи билан юритила бошлагани, Биринчи Президентимизнинг 2000 йил 28 январдаги “Тошкент Давлат университетига “Ўзбекистон Миллий унверситети” мақомини бериш тўғрисида”ги Фармони билан бу ўқув даргоҳи “Миллий университет” мақомига эга бўлгани ва у Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети деб аталаётганини, қарийб бир аср мобайнида республикамиздаги ўнлаб университет ва институтлар мана шу олий таълим муассасаси заминида пайдо бўлганини алоҳида таъкидладилар.

Айни пайтда Миллий университетимиз таркибида Биология, Геология ва география, Журналистика, Ижтимоий фанлар, Иқтисодиёт, Кимё, Математика, Тарих, Физика, Хорижий филология каби 10 та факультет, 73 та кафедра ўз фаолиятларини давом эттирмоқда. Уларда 37 йўналишда бакалаврлар ва 63 йўналишда мутахассисликлар бўйича магистрлар тайёрланмоқда. Университетимиз ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий маркази, қатор кафедралар қошида инновацион ҳамкорлик марказлари, ўқув-илмий комплекслар, 3 та академик лицей фаолияти йил сайин такомиллашиб бормоқда.

Ўзбекистон Миллий университети давлат таълим стандартларини, малака талаблари асосида ўқув режалари ва дастурларини яратиш ҳамда республикамиздаги қатор олий ўқув юртларига татбиқ қилишда таянч таълим муассасаси бўлиб келмоқда.

Ўтган йиллар мобайнида бу қутлуғ даргоҳдан 106 нафар академик етишиб чиққан бўлса, улардан 23 нафари Ўзбекистон Фанлар академияси президенти ва вице-президентлари лавозимларида ҳам фаолият кўрсатганлар. Олима аёллардан 120 дан ортиғи фан доктори ва профессор илмий унвонларига эга бўлганлар.

Айни пайтда бу даргоҳда талабаларга таълим-тарбия бераётган профессор-ўқитувчиларнинг 8 нафари академик, 150 дан зиёди фан доктори ва профессор, 400 га яқини фан номзоди ва доцент илмий даражасига эга. Бугун бу фикрларни баён этишдан мақсад – дунёдаги энг нуфузли университетлардан кам эмаслигимизни намоён этишдир. Зеро, улар билан ҳар томонлама тенглик асосида илмий ҳамкорлик алоқаларини изчил давом эттиряпмиз. Айни пайтда дунёнинг 35 та давлатидан 80 та хорижий олий таълим муассасалари ва илмий фондлари ҳамкорларимиз ҳисобланади. АҚШ, Россия, Германия, Буюк Британия, Франция, Нидерландия, Чехия, Австрия, Польша, Япония, Жанубий Корея, Хитой каби давлатларнинг номдор олий таълим муассасалари билан талаба, магистрант, фалсафа докторлари алмашунуви бўйича дастурлар, ҳамкорликда илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан устоз профессор-ўқитувчилар бундай ютуқлар университет жамоасига фахр ва ифтихор туйғусини бахш этишини таъкидладилар.

Бу йил ЎзМУда замонавий телестудия ташкил этилиши ўзига хос байрам совғаси бўлди! Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан мазкур телестудияга тақдим этилган техник жиҳозлари Журналистика факультети жамоасига топширилди.

ЎзМУ ташкил топган кун олдидан барча факультетлар ўртасида “Университет – фахрим менинг!” шиори остида ўтказилган оммавий тарғибот акциясида 1-2-3-ўринларни эгаллаган Тарих, Биология, Иқтисодиёт факультетлари жамоалари Диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Талабаларни муносиб тарбиялаш, ёшлар қалбида она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини камол топтириш мақсадида ўтказилган 2016-2017 ўқув йилида “Энг яхши мураббий” танлови ғолиблари ҳам муносиб тақдирландилар.

Ўзбекистон тарихи кафедраси томонидан университет ташкил топган кунга бағишлаб ўтказилган “Ўзбекистон Миллий университети талаба-ёшлар нигоҳида” мавзусидаги иқтидорли талабаларнинг анъанавий илмий-амалий конференциясида фаол иштирок этган Математика факультети 1-курс талабаси Шомурод Шопўлатов, Кимё факультети 2-курс талабаси Муҳаммадбобур Юсупов, Иқтисодиёт факультети 1-курс талабаси Диана Парвиновага эсдалик совғалари топширилди.

Футбол бўйича барча факультетлар жамоалари ўртасида ўтказилган “Камолот кубоги-2017” мусобақасида Тарих факультети жамоаси ғолиблик шоҳсупасини ишғол этиб, муносиб тақдирланди.

Математика ва кимё фанларидан бўлиб ўтган халқаро олимпиада ғолиблари бўлган Математика факультети талабалари Шоҳруҳбек Ибрагимов, Ҳакимбой Эгамберганов, Сардор Бозорбоев, Шомурод Шопўлатов, Беҳзод Қурбанбаев, Мирмуҳсин Маҳмудов, Абдураҳмон Алиев, Кимё факультети талабалари Жалолиддин Хушвақтов, Музаффар Мақсумов, Сардор Зокировлар ҳам муносиб тақдирландилар.

Мазкур ўқув йили давомида ўзининг иқтидори, ташаббускорлиги, намунавий хулқи, тадбирлардаги фаоллиги билан ўрнак бўлган бир гуруҳ талабалар “Ижодкор талаба”, “Спортчи талаба”, “Интеллектуал талаба”, “Жамоатчи талаба”, “Наъмунали талаба”, “Моҳир талаба”, “Зукко талаба”, “Билимдон талаба”, “Ибратли талаба”, “Ташкилотчи талаба” номинациялари бўйича ғолиб сифатида тақдирландилар.

Олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган “Тафаккур синовлари” ҳамда театр фестивалининг Тошкент шаҳар босқичида ғолиб бўлган бир гуруҳ талабаларга эсдалик совғалари топширилди.

Университет бакалавр ва магистр талабалари ўртасида ўтказилган “Инсон ва оламда ранглар инъикоси” мавзусидаги расмлар танловида ғолибликни қўлга киритган Геология ва география факультети талабаси Робия Жўраева (1-ўрин), Ижтимоий фанлар факультети талабаси Жаҳонгир Қиличев, Хорижий филология факультети талабаси Парвина Ашурова (2-ўрин), Физика факультети талабаси Шаҳноза Эргашева, Иқтисодиёт факультети талабаси Феруза Зупарова, Кимё факультети талабаси Юсуф Файзуллаев (3-ўрин) ҳам эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Анжуманда иқтидорли талабаларнинг шеърий чиқишлари барчага кўтаринки руҳ бахш этган бўлса, таниқли санъаткорларнинг дилрабо куй-қўшиқлари олам-олам завқ бағишлади.

 

 

 

ЎзМУ Ахборот хизмати

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: 2271542; +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru