O'zMU » Axborot soatlari » “АХБОРОТ СОАТЛАРИ”

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

“БАРКАМОЛ АВЛОД” СПОРТ ЎЙИНЛАРИ ҚАТНАШЧИЛАРИГА

Қадрли ўғил-қизларим! 

Аввало, мана шу унутилмас ва ҳаяжонли дақиқаларда сиз, азиз фарзандларимизни, сизларга омад ва зафарлар тилаб турган муҳтарам устоз-мураббийлар, ота-оналарни, барча спорт мухлисларини гўзал ва бетакрор Жиззах шаҳрида “Баркамол авлод” спорт ўйинларининг тантанали очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Сизларга яхши маълум, мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳот ва ўзгаришлар, кенг кўламли дастурлар ягона ва улуғ бир мақсадга қаратилган. У ҳам бўлса, халқимиз ҳаётини янада обод ва фаровон қилиш, фарзандларимизни ҳар томонлама етук ва баркамол этиб тарбиялашдан иборат.

Бугун сизлар иштирок этаётган, юртимизда еттинчи бор ўтказилаётган “Баркамол авлод” спорт ўйинлари шу йўлдаги саъй-ҳаракатларимизнинг яна бир амалий намоёни, десак, айни ҳақиқат бўлади.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, бу мусобақалар биринчи марта бундан 17 йил олдин айнан мана шу қутлуғ заминда – мард ва олижаноб инсонлар юрти бўлган Жиззах вилоятида ўтказилган эди.

Ўтган даврда “кичик олимпиада” деган ном билан халқимиз ўртасида катта шуҳрат қозонган бу беллашувлар юзлаб, минглаб навқирон ўғил-қизларимиз учун чинакам чиниқиш ва маҳорат мактаби, парвоз майдончаси бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлашни истардим.

Ана шу спорт ўйинларида тобланиб, ҳозирги кунда халқаро майдонларда Ватанимиз байроғини баланд кўтариб келаётган Ҳасанбой Дўстматов, Руслан Нурудинов, Шаҳобиддин Зоиров, Нигина Шарипова, Фазлиддин Ғойибназаров, Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев, Барно Мирзаева, Умида Абдуллаева, Рустам Тўлаганов, Муроджон Аҳмадалиев, Гулноза Матниёзова, Ихтиёр Наврўзов, Элмурод Тасмурадов, Диёр Ўразбоев, Ришод Собиров каби машҳур спортчиларимизнинг номларини барчамиз ҳурмат ва ғурур билан тилга оламиз.

Энг муҳими, қанчадан-қанча ёшларимиз шу мусобақалар орқали спорт билан, соғлом турмуш тарзи билан ошно бўлганини ҳисобга оладиган бўлсак, “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада ўйинларидан иборат уч босқичли тизимнинг моҳияти ва аҳамияти янада яққол аён бўлади.

Барчангиз хабардорсиз, 2016 йили Бразилияда бўлиб ўтган, ер юзининг энг кучли спортчилари қатнашган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 13 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 21-ўринни, Осиё давлатлари орасида тўртинчи, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида иккинчи, Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллагани, ҳеч шубҳасиз, улкан тарихий воқеадир.

Ишончим комил, сизлар ана шундай марраларни забт этаётган моҳир ва фидойи спортчиларимиз изидан бориб, келгусида бундан ҳам катта натижаларга эришасиз.

Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Юртимиздаги 1500 дан зиёд лицей ва коллежлар вакиллари иштирок этадиган бугунги “Баркамол авлод” ўйинлари юксак савияда, ҳалоллик, мардлик ва адолат руҳида ўтишига, жўшқин ва кескин курашларга бой бўлишига, сизларнинг ҳар бирингиз ғалаба учун бор куч ва имкониятингизни сафарбар этишингизга, нафақат жисмоний, айни вақтда халқимизга хос ноёб маънавий фазилатларни ҳам намоён қилишингизга ишонаман.

Кўпни кўрган, ҳаёт синовларида тобланган, не-не улуғ инсонлар, кураги ерга тегмаган паҳлавонлар юрти бўлган Жиззах аҳли, ушбу вилоятдаги тенгдошларингиз билан бўладиган самимий мулоқот ва учрашувлар барчангизнинг хотирангизда ўчмас из қолдиришига аминман.

Фурсатдан фойдаланиб, ёшлик ва нафосат байрами, маҳорат ва камолот кўриги бўлган бу мусобақаларни юқори даражада ўтказиш учун замонавий спорт иншоотлари, инфратузилма объектлари бунёд этган, бу йўлда сидқидилдан хизмат қилган барча фидойи инсонларга, бутун Жиззах аҳлига ўз номимдан, халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман.

Қадрли ўғил-қизларим!

Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва ишонаман, Худо хоҳласа, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз ҳам бўлади.

Ана шундай ёруғ келажакни авваламбор сиздек азму шижоатли, жўшқин орзу-интилишлар билан ҳаётга кириб келаётган, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган навқирон авлодимиз, бутун Ўзбекистон ёшлари барпо этади.

Шу эзгу йўлда барчангизга энг олий саодатни – халқимиз ва Ватанимизга ҳамиша муносиб фарзанд бўлиш бахтини тилайман.

Сизларни мамлакатимиз ҳаётидаги катта воқеа – “Баркамол авлод” спорт ўйинларининг очилиши билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.

Доимо соғ-омон бўлинг, омад ва зафар сизларга ҳамиша ёр бўлсин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ТУРКИЯ БОШ ВАЗИРИ ЎРИНБОСАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 май куни Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг тўртинчи мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Туркия Республикаси Бош вазири ўринбосари Йилдирим Туғрул Туркешни қабул қилди. 

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик ва мулоқотлар фаоллашаётганини мамнуният билан қайд этди.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг 2016 йил 17-18 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрига ташрифи чоғида ва жорий йил 14 май куни Пекин шаҳрида ўтган «Бир макон, бир йўл» халқаро форуми доирасида олий даражадаги самарали учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги кенг кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун юқори суръат бағишлагани ва янги имкониятлар яратгани таъкидланди.

Учрашувда Ўзбекистонда тўқимачилик, чарм, кимё ва фармацевтика соҳалари, қурилиш материаллари саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда, жумладан, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси доирасида юқори технологияли замонавий корхоналарни ташкил этиш бўйича аниқ лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун Туркиянинг етакчи компаниялари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Туризм соҳасида ўзаро ҳамкорлик, хусусан, замонавий сайёҳлик объектлари инфратузилмасини ривожлантириш, биргаликда сайёҳлик маҳсулотларини таклиф этиш, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш бўйича улкан салоҳият мавжудлиги таъкидланди.

Тошкентда Ўзбекистон ва Туркия компания ҳамда корхоналари иштирокида бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси ва Инвестиция форуми натижалари, ўзаро шерикликнинг истиқболли йўналишлари ва қарийб 2 миллиард долларлик ҳамкорлик лойиҳалари белгилангани мамнуният билан қайд этилди.

Йилдирим Туғрул Туркеш Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг юксак ҳурмати ва эзгу тилакларини етказди. Туркия Бош вазири ўринбосари Туркия компанияларининг мамлакатимизда фаолият юритиши қўллаб-қувватланаётгани ва яратилган қулай шароитлар учун Туркия раҳбарияти номидан миннатдорлик билдирди ва кенг кўламли ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.

 

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ АР-РИЁДГА КЕЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан 21 май куни Ар-Риёд шаҳрида бўладиган араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этиш учун Саудия Арабистонига келди.

Ўзбекистон Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди.

Давлатимиз раҳбарининг Саудия Арабистонига ташрифи доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказиш режалаштирилган.

Саудия Подшоҳи ва Валиаҳди билан музокараларда мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ИСЛОМ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ ПРЕЗИДЕНТИ БИЛАН УЧРАШДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига ташрифи давомида Ислом тараққиёт банки Президенти Бандар Ҳажар билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон билан ИТБ ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани, томонлар ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида кенг кўламли ҳамкорлик қилаётгани таъкидланди. Ислом тараққиёт банки томонидан Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, таълим, ирригация ва мелиорация, энергетика, сув таъминоти, коммунал хўжалик, йўл инфратузилмаларини ривожлантириш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш каби соҳаларга маблағ ажратилгани бунинг ёрқин тасдиғидир. 
Ҳамкорликни янада тараққий эттириш, уни янги босқичга кўтариш учун катта салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Янги лойиҳалар тузиш, шериклик кўламини кенгайтириш мақсадида турли даражадаги делегациялар алмашуви бўйича аниқ ҳаракат дастурини ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи ҳузурида инсоният тараққиётига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этишда ИТБнинг иштироки юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси билан Ислом тараққиёт банки ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга доир бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Ислом тараққиёт банки ўртасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини тузиш тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди.

 

ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ АРАБ-МУСУЛМОН МАМЛАКАТЛАРИ ВА АҚШ САММИТИДА ИШТИРОК ЭТДИ

Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити бўлиб ўтди. Саммитда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари ва АҚШ Президенти, БМТ, Араб давлатлари лигаси, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлиги кенгаши бош котиблари иштирок этди.

Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд форум иштирокчиларини қутлар экан, уларнинг иштироки саммит нуфузини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Мазкур форум экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, бағрикенглик ғояларини илгари суриши, хавфсизлик, барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, терроризм ва зўравонликка қарши биргаликда курашиш араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити кун тартибидаги асосий масала ҳисобланади. Тинчликка таҳдидларнинг олдини олиш, барча давлатларнинг миллий-диний қадриятлари ва маданиятларини сақлаш саммит иштирокчилари диққат эътиборида бўлди.

Бу борада мамлакатимизда мустақиллик йилларида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Биринчи Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилган ва бугун изчил давом эттирилаётган тинчликпарвар сиёсат бу эзгу интилишларга таянч бўлмоқда. Марказий Осиёнинг ядро қуролидан холи ҳудудга айлантирилиши тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ишига катта ҳисса бўлиб қўшилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 1999 йилги Истанбул саммитида БМТ ҳузурида терроризмга қарши курашиш бўйича халқаро марказ ташкил этиш ғоясини илгари сурди. 2001 йил 28 сентябрда БМТ Хавфсизлик кенгаши доирасида терроризмга қарши кураш қўмитасининг ташкил этилгани бу ғоянинг амалдаги натижаси бўлди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг ҳуқуқий базасини, халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари ўрин олган.

Ўзбекистон айни пайтда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислик қилмоқда. 2016 йилда Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, маърифат ва таълим башарият тараққиёти ва фаровонлигининг асосий омилларидан бири бўлиб, инсонларни эзгуликка чорлаши, меҳр-мурувватли ва сабр-қаноатли бўлиш каби юксак фазилатларни тарбиялашини қайд этди.

Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити ислом дини нуфузини янада ошириш, давлатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, терроризм, экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, қурол-яроғ ва наркотик моддалар контрабандасига қарши курашда муҳим омил бўлади.

Саммит доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир қатор давлат раҳбарлари билан мулоқотда бўлди.

Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп давлатимиз раҳбари билан учрашувда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнини юқори баҳолади.

Президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Навоз Шариф, Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мевлуд Човушўғли билан учрашиб, давлатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашди.

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ АР-РИЁДДА ДОНАЛЬД ТРАМП БИЛАН УЧРАШДИ

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 21 май куни Ар-Риёдда бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этди.

Саммит давомида Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашув ўтказди. Трамп Мирзиёев билан суҳбатда Ўзбекистонда амалга оширилаётган жараёнларни юқори баҳолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев саммит давомида, шунингдек, Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Афғонистон Президенти Ашраф Ғани, Покистон бош вазири Навоз Шариф, Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлу билан учрашди ва улар билан ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга тааллуқли бир қатор масалалар бўйича фикрлар алмашди.

 

ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОРЛИК – ТАРАҚҚИЁТНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 май куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этди.

Саммитда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари ва АҚШ Президенти, БМТ, Араб давлатлари лигаси, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлиги кенгаши бош котиблари қатнашди.

Форумни Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд очди.

Мазкур форум экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, бағрикенглик ғояларини илгари суриш, хавфсизлик, барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланди.

Бу борада мамлакатимизда мустақиллик йилларида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Биринчи Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилган ва бугун изчил давом эттирилаётган тинчликпарвар сиёсат бу эзгу интилишларга таянч бўлмоқда. Марказий Осиёнинг ядро қуролидан холи ҳудудга айлантирилиши тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ишига катта ҳисса бўлиб қўшилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 1999 йилги Истанбул саммитида БМТ ҳузурида терроризмга қарши курашиш бўйича халқаро марказ ташкил этиш ғоясини илгари сурди. 2001 йил 28 сентябрда БМТ Хавфсизлик кенгаши доирасида терроризмга қарши кураш қўмитасининг ташкил этилгани бу ғоянинг амалдаги натижаси бўлди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг ҳуқуқий базасини, халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари ўрин олган.

Ўзбекистон айни пайтда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислик қилмоқда. 2016 йил кузида Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, маърифат ва таълим башарият тараққиёти ва фаровонлигининг асосий омилларидан бири эканини алоҳида қайд этди.

Саудия Арабистони Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган. Ўтган 25 йил давомида мамлакатларимиз турли соҳаларда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Хавфсизлик, таълим ва қурилиш соҳаларида сезиларли натижаларга эришилган. 2010 йил 27 ноябрда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати ўртасида терроризм, уюшган жиноятчилик, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига, шунингдек, бошқа жиноятларга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган.

Саудия тараққиёт жамғармаси Ўзбекистондаги бир қанча лойиҳаларни молиялаштириб келмоқда. 2011 йил қишлоқ жойларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш, олис қишлоқлардаги 632 мактабда муқобил энергия манбаларини жорий этиш, 2015 йил қишлоқ жойларда намунавий уй-жой қуриш лойиҳаларига маблағлар ажратган. Суғориш тизимлари ва йўлларни реконструкция қилишга қаратилган 5 лойиҳага 80 миллион доллар жалб қилинган.

Бундай ҳамкорлик изчил давом этмоқда.

Саммит доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир қатор давлат раҳбарлари билан мулоқотда бўлди.

Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп давлатимиз раҳбари билан учрашувда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнини юқори баҳолади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига ташрифи давомида Ислом тараққиёт банки Президенти Бандар Ҳажар билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон билан ИТБ ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани, томонлар ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида кенг кўламли ҳамкорлик қилаётгани таъкидланди.

Ислом тараққиёт банки мамлакатимизда соғлиқни сақлаш, таълим, ирригация ва мелиорация, энергетика, йўл инфратузилмаси, коммунал соҳа учун 1,4 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратган.

Айни вақтда Ўзбекистон – Ислом тараққиёт банки ҳамкорлик стратегияси доирасида 2017-2019 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган 1,4 миллиард долларлик 21 лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.

Ҳамкорликни янада тараққий эттириш, уни янги босқичга кўтариш учун катта салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Янги лойиҳалар тузиш, шериклик кўламини кенгайтириш мақсадида турли даражадаги делегациялар алмашуви бўйича аниқ ҳаракат дастурини ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи ҳузурида инсоният тараққиётига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этишда ИТБнинг иштироки юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси билан Ислом тараққиёт банки ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга доир бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Ислом тараққиёт банки ўртасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини тузиш тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди.

 

ЎЗБЕКИСТОН – ТУРКМАНИСТОН: ҚАРДОШЛИК РИШТАЛАРИ МУСТАҲКАМЛАНИБ, ҲАМКОРЛИК ЮКСАК НАТИЖАЛАР БЕРМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 19-20 май кунлари амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

Туркманбоши шаҳри халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига Ўзбекистон ва Туркманистон давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди.

Ўзбек ва туркман халқларининг тарихи, маданияти ва қадриятлари муштарак. Аждодларимизнинг илмий ва адабий мероси халқларимизнинг умумий мулки саналади. Туркманистонда Алишер Навоий, Ўзбекистонда Махтумқули асарлари кириб бормаган хонадон йўқ, деса бўлади.

Мустақиллик йилларида анъанавий дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари янги замон руҳида ривожланмоқда.

Ўтган йиллар давомида эришилган натижалар бир қанча ҳуқуқий ҳужжатлар билан мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзаро алоқалар 2007 йилда имзоланган Дўстона муносабатлар ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги шартнома руҳида тараққий этмоқда.

Туркманбоши шаҳридаги учрашув ва музокаралар Президентимизнинг жорий йил 6-7 март кунлари Туркманистонга давлат ташрифи доирасида ўтган олий даражадаги мулоқотнинг мантиқий давоми бўлиб, уларда мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка доир долзарб масалалар муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Ташрифнинг биринчи куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев "Аваза" миллий сайёҳлик зонасининг "Камалак" болалар кўнгилочар боғида дам олаётган ўзбекистонлик болалар билан учрашди.

Болалар билан дам олиш таассуротлари, туркманистонлик тенгдошлари билан дўстлик муносабатлари тўғрисида суҳбатлашди, соғломлаштириш марказида яратилган шароитлар билан қизиқди. Болаларга совғалар берди.

Ташрифнинг иккинчи куни Президентларнинг яккама-якка суҳбати билан бошланди. “Аваза” конгресслар марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.

Музокарада мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, Ўзбекистон раҳбарининг мазкур ташрифи ўзаро ишонч, ҳурмат ва манфаатдорлик асосидаги шерикликка янги суръат бахш этиши ва уни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди.

Президентлар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболига оид масалалар, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.

Давлат раҳбарлари жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга давлат ташрифи доирасида эришилган келишувларнинг амалий натижалари кўламини янада кенгайтириш, ўзаро алоқаларни янги мазмун билан бойитиш учун барча имкониятлар етарли эканини қайд этдилар.

“Аваза” ҳудудида учрашаётганимиз бежиз эмас, деди давлатимиз раҳбари. Ўзбекистон Туркманистон портлари орқали Каспий денгизига, халқаро транспорт йўлакларига чиқишни мақсад қилган.

Икки давлатнинг тинчликпарвар ташқи сиёсати, халқаро муаммолар борасида бир-бирини қўллаб-қувватлаши, турли таҳдидларнинг олдини олиш масалаларига ёндашувлари ўхшашлиги алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон ҳам, Туркманистон ҳам терроризм, диний экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, қурол-яроғ ва наркотик моддалар контрабандасига қарши ҳамкорликда курашиш тарафдори.

Мамлакатларимиз минтақавий интеграцияни ривожлантириш Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш, изчил тараққиётни таъминлашнинг муҳим омили, деб ҳисоблайди.

Давлатларимиз халқаро майдонда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро тузилмалар доирасида изчил ҳамкорлик қилинмоқда.

Мамлакатларимизнинг қўшни Афғонистонда фақат сиёсий йўл билан барқарорлик ўрнатилиши борасидаги фикри ҳам муштарак эканлиги яна бир бор тасдиқланди. Терроризм, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.

Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов музокарани Ўзбекистон ва Туркманистон расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар.

Музокарада мамлакатларимиз ўртасида иқтисодиётнинг турли соҳалари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Ёқилғи-энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё ва металлургия саноати, сув хўжалиги иншоотларидан фойдаланиш, сайёҳлик каби йўналишлардаги ҳамкорлик устувор аҳамият касб этиши таъкидланди.

Икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарларига жорий йил март ойида Президентларнинг музокараларида эришилган келишувларни ҳаётга изчил татбиқ этиш, ишбилармонларнинг ўзаро алоқаларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш вазифалари топширилди.

Иқтисодий ҳамкорлик ҳақида сўз кетганда, Ўзбекистонда ҳам, Туркманистонда ҳам энергия манбаларининг йирик конлари мавжуд эканини, нефть-газ саноати жадал ривожланиб, хорижий сармоядорлар билан шериклик алоқалари кўлами кенгайиб бораётганини таъкидлаш жоиз. Мамлакатларимиз бу соҳада икки томонлама ҳамкорлик баробарида кўп томонлама лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этмоқда.

Ўзбекистон ҳам, Туркманистон ҳам углеводород ресурсларига бой. Уларни экспорт қилиш ўзаро мувофиқ ҳаракат қилишни талаб этади. Ана шундай яқин ҳамкорлик мамлакатларимиз учун энергетика йўналишларини диверсификация қилиш ва жаҳон бозорларига чиқиш борасида кенг имкониятлар яратмоқда. 2009 йилда ишга тушган Туркманистон – Ўзбекистон – Қозоғистон – Хитой газ қувури бунинг ёрқин мисолидир.

Жорий йилнинг март ойида фойдаланишга топширилган Туркманобод – Фараб автомобиль ва темир йўл кўприкларининг товар ўтказиш кўрсаткичи 2,5 баробар ортганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Дунёда энг сердаромад соҳалардан бири бўлган сайёҳлик бўйича ҳам томонлар ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйган. Бу борадаги ҳамкорлик икки томонлама сайёҳ алмашувини ривожлантириш, бошқа давлатлардан сайёҳ жалб этишни оширишга хизмат қилади. Мамлакатимизнинг Бухоро, Хива, Самарқанд, Тошкент, Шаҳрисабз каби шаҳарларидан сайёҳларнинг қадами узилмайди. Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик зонаси ва қадимий жойларига уюштириладиган саёҳатлар бу борадаги алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга амалий ташрифи давомида қатор муҳим келишувларга эришилди. Музокаралар якунида икки мамлакат вазирлик ва идоралари ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети билан Сейитназар Сейди номидаги Туркманистон давлат педагогика институти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида, Тошкент ва Ашхобод шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатлари ўрнатиш тўғрисидаги битимлар, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ва Туркманистон давлат спорт қўмитаси ўртасида ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларида Ўзбекистон спортчиларининг иштирок этишини ташкил қилиш ва ҳамкорлик тўғрисидаги баённома, “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси билан “Туркманнебит” давлат концерни ўртасида ўзаро англашув меморандуми, “Ўзбекэнерго” АЖ билан Туркманистон Энергетика вазирлиги ўртасида электроэнергия транзити соҳасида ҳамкорлик тўғрисида, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси билан “Туркмен-ҳова-ёллари” хизмати ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов музокаралар ўзаро ҳурмат, ишонч ва ишчанлик руҳида ўтганини, эришилган келишувлар Ўзбекистон – Туркманистон ҳамкорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишини таъкидладилар.

Туркманистон Конституцияси қабул қилинган кун ва буюк шоир Махтумқули таваллуди куни муносабати билан туркман халқини табриклайман. Шоир таваллуди Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланди, унинг номидаги кўча ва ёдгорлик очилди. Биз шу кўчада Ашхобод боғини ташкил қиламиз, бу икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг рамзи бўлиб қолади, деди Шавкат Мирзиёев.

Гурбангули Бердимуҳамедов давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини барча соҳаларда изчил ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади, Ашхободнинг марказий кўчаларидан бирига Алишер Навоий номи берилишини маълум қилди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга амалий ташрифи ниҳоясига етди. Ташриф якунлари мамлакатларимизнинг вақт синовидан ўтган ва изчил ривожланиб бораётган ҳамкорлигига янги суръат бахш этади.

 

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДА ЯНГИ ҚЎМИТА ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар бўйича қўмита тузилди. Янги идора Шавкат Мирзиёевнинг Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонига кўра, Республика байналмилал маркази ҳамда дўстлик жамиятлари ва хорижий давлатлар билан маданий-маърифий алоқалар кенгаши негизида ташкил этилди.

Фармон жамиятда барқарорлик, тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, фуқаролар онгида ягона кўп миллатли катта оилага мансублик ҳиссини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган.

Қўмитага жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш, дунё ҳамжамияти билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш каби вазифалар юклатилди.

Бугун Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб яшамоқда. Улар барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб, ривожланган бозор иқтисодиётига асосланган демократик ҳуқуқий давлат қуришга ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга катта ҳисса қўшмоқдалар. Мустақиллик йилларида миллий маданий марказларнинг 120 дан ортиқ фаоли давлат мукофотларига сазовор бўлди, орден ва медаллар билан тақдирланди, жумладан, 14 нафарига «Ўзбекистон Қаҳрамони» юксак унвони берилди. 

Республика байналмилал маданият маркази, 138 миллий маданий марказ, Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши, шунингдек, 34 дўстлик жамияти фаолияти Ўзбекистондаги барча миллатлар ва элатларнинг тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, анъана ҳамда урф-одатларини асраш ва ҳар томонлама ривожлантириш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. 

Улар «халқ дипломатияси» механизмидан фаол фойдаланган ҳолда тинч ва фаровон ҳаётни асраш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ҳамюртлар билан яқин ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқиш 7 тилда олиб борилмоқда. Теле-радио кўрсатув ва эшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилмоқда, газета ва журналлар 10 дан ортиқ тилда чоп этилмоқда. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши ва амалга оширилиши, биз яшаётган бугунги даврнинг ўзи давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, мамлакат атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яқин қўшничилик муҳитини яратишга қаратилган пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий сиёсатни юритиш, шунингдек, аҳоли, айниқса, ёшлар онгида инсонпарварлик қадриятларини, турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, бу борада амалга оширилаётган ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни тақозо этмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони жамиятда барқарорлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш, фуқаролар онгида катта, кўп миллатли ягона оилага мансублик туйғусини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган. 

Хусусан, Республика байналмилал маданият маркази ва Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг ташкил этилиши муҳим аҳамият касб этади. 

Мазкур Қўмита зиммасига жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, тинчликсевар сиёсатни, мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида эришилган ютуқ ва муваффақиятларни кенг тарғиб қилиш, халқаро ҳамжамият, шу жумладан, чет элдаги ҳамюртларимиз диаспораси билан дўстликни мустаҳкамлашга доир давлат сиёсатини изчил амалга ошириш вазифаси юкланади. 

Қўмита миллатлараро тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик тамойилларини қарор топтириш, миллатлараро муносабатлар маданиятини ривожлантиришга қаратилган ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, мувофиқлаштириш ва рағбатлантиришга доир чора-тадбирларни амалга оширади. Шунингдек, миллий маданий марказларга амалий ва методик ёрдам кўрсатади, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлайди, миллати, ирқи ва диний эътиқодидан қатъи назар, фуқаролар онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, «Ўзбекистон – умумий уйимиз» тамойилини амалга ошириш чораларини кўради. 

Ёшларни бағрикенглик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, тарих, маданият, миллий анаъана ва урф-одатларни асраб-авайлаш руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилади. Бу миллатчилик ва экстремизм ақидаларига қарши мафкуравий иммунитетга эга, мустақиллик ғояларига содиқ, Ўзбекистон миллий манфаатларини ҳимоя қиладиган ва илгари сурадиган маънавий баркамол авлодни шакллантириш имконини беради. 

Қўмитага давлат органларида миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, улар фаолиятини мувофиқлаштириш, мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элат вакилларининг ўзига хос миллий анъаналари, урф-одатлари ва маросимларини асраш ва ривожлантиришга кўмаклашиш вазифаси юкланган. 

Фармонда хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатларни, чет элдаги ҳамюртларимиз ва турдош ташкилотлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш вазифалари белгиланган. Қўмита мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий мамлакатларнинг ташкилотлари ва дипломатик ваколатхоналари, хорижий давлатларда фаолият кўрсатаётган турдош ташкилотлар билан самимий ва ўзаро ҳурматга асосланган алоқалар ўрнатиш ҳамда изчил ривожлантиришга қаратилган ишларни тизимли амалга оширади. 

Бу борадаги ишлар халқаро ҳамжамиятда республиканинг нуфузи ва мақомини янада юксалтириш, Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуриш борасида эришилган ютуқларни кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган. Бу борада ўзбек халқининг бой тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари ва анъаналари, шу заминда туғилиб ўсган буюк олим ва мутафаккирлар мероси, уларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини кенг намойиш этиш бўйича тадбирлар ўтказилади. 

Қўмита ўзбек халқининг мамлакатимиз ташқарисидаги тарихий ва маданий мерос объектларини асраб-авайлашни таъминлаш мақсадида давлат ва нодавлат ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратади. 

Хорижий мамлакатлар билан миллатлараро муносабатлар ва дўстона алоқаларни янада ривожлантириш ва уйғунлаштиришга қаратилган илмий-тадқиқот ишларини ташкил қилиш ва олиб боришда бевосита иштирок этишга кўмаклашиш Қўмитанинг устувор вазифалари сифатида белгиланган. 

Фармонга мувофиқ ҳудудларда миллатлараро муносабатларни ривожлантириш ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўйиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарлари зиммасига юклатилади. 

"Мухтасар айтганда, Фармон қоидаларининг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатда миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича яхлит тизимни ривожлантириш, миллий маданий марказлар учун янада қулай ва кенг имкониятлар яратиш, уларнинг бунёдкорлик ташаббуслари ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқаларини янада ривожлантириш, “халқ дипломатияси” воситасида чет элдаги ватандошлар билан муносабатларни кенгайтиришга хизмат қилади", дейилган ЎзА шарҳида.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ЎЗБЕКИСТОН ВА ҚОЗОҒИСТОН ЎРТАСИДА ҚАТНОВЧИ ПОЕЗД ЧИПТАЛАРИ НАРХИ ЯНАДА АРЗОНЛАШАДИ

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида қатновчи поезд чипталари нархи янада арзонлашади, деб хабар берди Tengrinews.kz "Пассажирские перевозки" АЖ матбуот хизматига асосан. "Йўловчилар талабини қондириш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистон, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасида Қозоғистон орқали тўғридан-тўғри халқаро қатнов бўйича чипталар сотиш муддатига қараб чегирмалар киритилмоқда", - дея хабар беришган компанияда. Чегирмалар 2017 йилнинг 27 май кунидан 28 декабрь кунига қадар амал қилади.

Купе вагонлари ва биринчи классдаги вагонлар учун:

- 45 фоиз – чипта поезд йўлга чиқишидан 45-31 сутка аввал харид қилинса;

- 35 фоиз – чипта поезд йўлга чиқишидан 30-6 сутка аввал харид қилинса.

Плацкарт вагонлари учун:

- 35 фоиз – чипта поезд йўлга чиқишидан 45-31 сутка аввал харид қилинса;

- 25 фоиз – чипта поезд йўлга чиқишидан 30-6 сутка аввал харид қилинса.

"Кўрсатилган чегирмалар Қозоғистон, Ўзбекистон, Россия ўртасидаги халқаро қатновда қўлланилади ва давлат ичидаги қатновга чипталар расмийлаштиришда амал қилмайди (бир мамлакат доирасида), шунингдек, йўловчиларнинг ташкиллаштирилган гуруҳлари учун қўлланилмайди", - дея таъкидлаб ўтишган "Пассажирские перевозки" АЖда.

 

ТУРКИЯ ВАЗИРИ ЎЗБЕКИСТОНДА ВИЗА МАСАЛАСИНИ КЎТАРДИ

Туркия Республикаси иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи 25 май куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича IV Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида ўз нутқини мамлакатимиз ҳақида илиқ фикрлар билдириш билан бошлади:

"Тўғрисини айтганда, ота юртимиз Ўзбекистонга келиб, чарчоқларимиз чиқиб кетди, бу ерга яна келишни мақсад қилдим. Бундай самимий меҳмондорчилик учун миннатдорчилик билдираман".

Шундан сўнг Зейбекчи мақсадга ўтди, унинг сўзларига кўра, иқтисодий соҳада хатоларга йўл қўйиб бўлмайди, зеро бу соҳадаги хатолар кечирилмайди. Сиёсий алоқалар ривожи иқтисодий ва тижорий алоқалар ривожига боғлиқ. У томонлар тез-тез учрашиб туриши кераклигини таъкидлади. 

"Инвестицияларга оид масалаларни тезроқ ҳал қилиш керак. Давлат раҳбарларимиз учрашишидан аввал тахминан июнь-июль ойларида Туркияда яна бир учрашув ўтказиш лозим", - деди Нихат Зейбекчи.

У эртага, 26 май куни Туркия вакиллари "Ургут" эркин-иқтисодий зонасига бориши, у ердаги муҳит билан танишиши ҳамда келгусида у ерда турк тажрибаси қўлланишини таъкидлади.

"Миллий валютада тижорат қилиш муҳим, - дея сўзларини давом эттиради Зейбекчи. - Туркиядан миллионлаб кишилар ота юрти Ўзбекистонга келишни хоҳлайди. Бироқ бунда виза муаммоси мавжуд - шу масалада ёрдам берилишини сўраб қоламиз, зеро бу жуда муҳим масала. Туркияликлар Ўзбекистонда эмин-эркин ҳаракатланиши учун шароитлар яратилиши керак. Биз ҳам ўз ўрнида, Туркиядаги ўзбекистонликларга янада қулай шароитлар яратамиз", - дея сўзларини якунлади Туркия иқтисодиёт вазири. 

Умуман олганда, шу куни туркиялик қардошларимиз виза масаласини қайта-қайта тилга олишди ва бу борада ижобий ўзгаришлар юз беришига умид боғлашди. 

Ўзбекистон бош вазир ўринбосари Рустам Азимов туркиялик ҳамкорларнинг мазкур таклифи чуқур ўрганиб чиқилишини таъкидлади. 

 

КОСМИК САМОЛЁТ НИМА УЧУН КЕРАК?

АҚШ мудофаа вазирлигининг истиқболли тадқиқот лойиҳалари бошқармаси Boeing’ни янги гипертовушли космик қурилма ишлаб чиқиш учун танлади. Унинг номи Phantom Express (XS-1) бўлади. 

Қурилманинг вазифаси – сунъий йўлдошни суборбитал баландликларга олиб чиқиш, сўнг оддий самолёт каби горизонтал ҳолда қўнишдир.

Космик самолёт нима учун керак?

Ишлаб чиқарувчилар ғоясига кўра, учувчисиз кема суборбитал баландликларга етганидан сўнг кичик ракетани учиради, у сунъий йўлдошни коинотга етказади, асосий қурилма эса Ерга қайтади ва учиш-қўниш йўлагида қўнади. Мудофаа вазирлиги XS-1 лойиҳаси ёрдамида сунъий йўлдошларни ер яқинидаги орбитага атиги бир неча кун тайёргарлик орқали чиқаришни мақсад қилган. Аввал бунинг учун бир неча ой вақт талаб этилган. Тахминларга кўра, космик самолёт бир неча соат ичида қайта парвозга тайёр бўлади.

«XS-1 анъанавий самолёт, ёки оддий ракета ташувчи бўлмайди, уларнинг бирлашган нусхасига айланади. Лойиҳа парвозга кетадиган харажатларни ўн мартага камайтириш ва учириш вақтини тезлаштириш мақсадида ишлаб чиқилмоқда», - дейди АҚШ мудофаа вазирлигидан бўлган дастур координатори Жесс Спонабл.

Техник хусусиятлар

XS-1 ўзининг ички двигателлари ҳамда криоген пропеллентлар (суюқ кислород ва суюқ водород)дан фойдаланган ҳолда тик ҳолда парвоз қилади. Phantom Express гипертовуш тезликларида учиши ва 1300 килограммлик фойдали юкламани олиб кетиши мумкин.

Қурилма Aerojet Rocketdyne AR-22 (шаттлдан) модификацияланган двигателлари, ракета двигателлари учун композицион материаллар, парвозни бошқариш учун автоном технологиялар ва гибридли композит-металл корпусига эга бўлади – у гипертовушли парвоз ва Цельсий бўйича 1100 даража ҳароратга чидамли бўлади.

Ишлаб чиқарувчиларнинг тахминига кўра, XS-1 парвози учун камида 5 миллион доллар сарфланади, шунинг учун, технологиядан тижорий мақсадда фойдаланиш ҳам назарда тутилган. Мудофаа маҳкамаси Boeing билан учар қурилма синовларини 2020 йилдан бошлашга умид қилмоқда, дея ёзади Popular Mechanics журнали.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 

ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ – ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТ ТИМСОЛИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Ҳаракатлар стратегияси – халқ билан мулоқот тимсоли” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидов, Тошкент вилояти Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти профессори Раҳимбой Жуманиёзов, Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров ва бошқалар мазкур ҳаракатлар стратегияси доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишининг ижросини таъминлаш, ёшларда китобхонлик маданиятини юксалтириш қанчалик муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар.

Мамлакатимиз тараққиёт йўлида бамисоли “йўл харитаси” ҳисобланган “Ҳаракатлар стратегияси” ҳақида халқимиз, ҳатто ёшларимиз ҳам кенг тасаввурга, муайян билимларга эгадирлар. Бугунги кунда “Ҳаракатлар стратегияси – халқ билан мулоқот тимсоли”га айланиб қолганини талаба-ёшлар ҳам яхши англайдилар.

Барчамизга яхши маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди. Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди. Унда мамлакатни ривожлантиришнинг давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш каби 5 та устувор йўналиши белгилангани ҳақида қатор давра суҳбатлари ўтказилган.

Давра суҳбатида “Китоб мутоааласи – фикр ва нутқ манбаи” “Ҳаракатлар стратегияси ва оммавий ахборот воситаларининг долзарб вазифалари” мавзуидаги маърузалар талабаларда катта қизиқиш уйғотди ва улар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

 

“БУЮК КЕЛАЖАГИМИЗНИ МАРД ВА ОЛИЖАНОБ ХАЛҚИМИЗ БИЛАН БИРГА ҚУРАМИЗ!”

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида умумтаълим мактаблари ҳамда академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” шиори остида ўтказилган “Очиқ эшиклар куни” юзлаб ўғил-қизлар учун унутилмас воқеага айланди.

Тадбир университет бош майдонида катта тантана билан бошланди.

ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев, академиклар Бахтиёр Назаров, Азимбой Саъдуллаев ва бошқалар “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” дастуридан ёшларимизни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш масаласи алоҳида ўрин эгаллаганини, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида, “Биз таълим ва тарбия тизимининг барча бўғинлари фаолиятини бугунги замон талаблари асосида такомиллаштиришни ўзимизнинг биринчи даражали вазифамиз деб биламиз” деган сўзлари таълим муассасалари учун ўзига хос дастуриламалга айланганини алоҳида таъкидладилар.

Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очаётгани, шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилаётгани, ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлаётганига асло бефарқ қараб бўлмайди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим. Бунинг учун ёшларимиз билан кўпроқ гаплашиш, уларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак беришимиз керак. Муҳтарам Президентимизнинг ана шу ғоялари асосида ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни” тадбири дастури доирасида ёшлар ЎзМУ факультетлари фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Умумтаълим мактаблари ҳамда академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини “аъло” баҳоларга тамомлаётган иқтидорли ўқувчилардан бир гуруҳи Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети “Фахрий ёрлиқ”лари билан тақдирландилар.

Тадбир давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Фарида Афрўз, Зикрилла Неъмат, таниқли санъаткорлар Муҳаммадали Абдуқундузов, Ҳамид Тошпўлатовлар билан ўтказилган ижодий учрашувлар барча ёшларда катта таассурот қолдирди.

Тадбирда иштирок этган иқтидорли ўғил-қизлар мамлакатимизда карвонбоши университет сифатида эътироф этилган мана шу улуғ даргоҳда таҳсил олишга интилаётганлари уларнинг нурли келажакларидан нишонадир.

 

“БИЗ БЎЛМАСАК КИМ” ШИОРИ ОСТИДА ЁШЛАР ФОРУМИ

Бугун камолга етаётган ёшлар ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш, улар учун турли соҳаларда кенг имкониятлар яратиш – давр талабига айланган. Қай бир соҳа бўлмасин, ҳар бир йигит-қиз қалбида “шу эзгу ишни қилишга қодирмиз, уни биз қилмасак – ким бажаради?” деган ғояни сингдириш мақсадга мувофиқдир. Шу мақсадда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий фанлар факультети Социология кафедраси томонидан ташкил этилган республика ёшлар форуми шиори – “Биз бўлмасак ким” деб номланди.

Тадбирнинг очилиш маросимида ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев, факультет декани Алишер Мўминов ва бошқалар мамлакатимизда ижтимоий соҳаларни янада ривожлантириш, хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидладилар.

Анжуман итирокчилари “Социология” кафедраси профессорлари, социология фанлари доктори Марифат Ғаниева, иқтисод фанлари доктори Нуриддин Алиқориев, фалсафа фанлари доктори Мукаррам Нурматова, республика болалар ижтимоий мослашув маркази директори ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор Лола Мўминова, мамлакатимиздаги SOS болалар шаҳарчаси директори Гулноза Обидова ва бошқа мутахассисларнинг юртимизда аҳоли ижтимоий ҳимоясини такомиллаштириш, бу борада иқтидорли ёшлар томонидан тақдим этилаётган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга оид маърузаларини катта қизиқиш билан тингладилар.

ЎзМУ, Самарқанд, Фарғона давлат университетлари, Тошкент педагогика университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкентдаги халқаро Вестминстер университети, Ломоносов номидаги Москва давлат университети Тошкент филиали талабалари ҳамда профессор-ўқитувчилари иштирок этган мазкур форумда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, болалар ва ўсмирларнинг бўш вақтларини тўғри ташкиллаштиришга оид лойиҳалар барчада катта қизиқиш уйғотди.

 

ЎзМУ Ахборот хизмати

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: 2271542; +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru