O'zMU » Axborot soatlari » “АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 02-17

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

 

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 02-17

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (4-9 сентябрь кунлари)

 

ТОШКЕНТ – 2017

 

ОТМ Маънавият ва маърифат ишлари бўйича масъуллари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.edu.uz, www.fikr.uz, www.uzmu.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали танишишлари тавсия этилади.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ДЎСТЛИК ВА ЎЗАРО ИШОНЧГА АСОСЛАНГАН ҲАМКОРЛИК

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоевнинг таклифига биноан 5 сентябрь куни давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга келди.

Бишкек шаҳридаги «Манас» халқаро аэропортида мамлакатимиз Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбарини Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев кутиб олди.

Халқларимиз азалдан бир дарёнинг икки қирғоғида, яқин қўшни сифатида яшаб келган. Тарихимиз умумий, маданий ва диний қадриятларимиз муштарак, анъана ва урф-одатларимиз ўхшаш. Машҳур адиб Чингиз Айтматов айтганидек, "Халқларимизнинг қони бир, тили бир".

Бишкек шаҳридаги Ала-Арча қароргоҳида Президентларнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари, мамлакатларимизнинг чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш, шунингдек, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама қилинди.

Алмазбек Атамбоев Шавкат Мирзиёевни Қирғизистонга давлат ташрифи билан қутлаб, бу икки давлат ўртасида олий даражадаги мулоқотларнинг мантиқий давоми, томонларни қизиқтирган масалаларни муҳокама этиш учун қулай имконият эканини таъкидлади. Икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини қайд этди.

2017 йилнинг ўтган даврида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 60 фоиз ўсди. Учрашувда Президентлар сув ресурсларидан давлатларимиз умумий манфаатларига мос равишда оқилона фойдаланиш борасида ҳам келишиб олди. Икки давлат раҳбарлари аввалги мулоқотларида минтақада самарали транспорт йўлларини ривожлантириш, Қирғизистон ҳудуди орқали Хитой билан боғлайдиган қисқа масофали темир йўл барпо этиш бўйича музокаралар олиб борган эди. Бу галги учрашувларда унинг ҳуқуқий асосларини яратишни жадаллаштириш бўйича келишиб олинди. Қисқа вақт ичида ҳудудларимиз ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланди. Қирғизистоннинг Баткен, Жалолобод, Ўш вилоятлари вакилларининг Андижон шаҳрига, Ўзбекистон делегациясининг Ўш шаҳрига ташрифи амалий натижалар тасдиғидир.

Президентимиз шартномавий мажбуриятларни амалиётга изчил татбиқ этиш мақсадида чегараолди ҳудудларда Ҳокимлар кенгаши тузишни таклиф қилди. Икки давлат ўртасида маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорлик, дўстлик ва қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода, жорий йил февраль ойида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат ўзбек мусиқали академик драма театрининг Фарғона водийсига ижодий сафарини, июнь ойида эса Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри жамоасининг Ўш, Ўзган, Аравон, Новқат, Қорасув, Жалолобод шаҳарларига ижодий сафарини алоҳида қайд этиш лозим.

Ўзбекистон кўмагида Ўш шаҳрида қурилаётган умумтаълим мактаби халқларимиз дўстлигининг ёрқин намунаси бўлди. Мазкур мактаб замонавий ўқув жиҳозлари ва анжомлари, дарсликлар, бадиий адабиётлар билан таъминланади.

Жорий йил октябрь ойида Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунлари, 2018 йил Ўзбекистонда Қирғизистон маданияти кунларини ўтказишга келишиб олинди.

Яқинда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида Қирғизистон вакиллари муваффақиятли иштирок этиб, иккинчи ўринни қўлга киритди.

Бугун Ўзбекистонда 300 мингга яқин қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилади. Уларнинг ўз маданияти, тили, анъана ва урф-одатларини ривожлантириш учун барча имкониятлар яратилган. 6 та қирғиз миллий маданий маркази фаолият кўрсатмоқда, 56 мактабда таълим қирғиз тилида олиб борилади.

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида Қўшма баёнот ва Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегараси тўғрисида шартномани имзоладилар. Андижон ва Ўш, Тошкент ва Бишкек шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида, икки давлат Савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида, Солиқ қонунчилигига риоя қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида, Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро, илмий-техникавий ҳамкорлик, Олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битимлар, Чегарадош минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича 2017-2019 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар режаси, Парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва бошқа муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари ўз ичига 85 фоиз масофани қамраб олган чегара тўғрисидаги битимни имзолашди. Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоевниг Ўзбекистон вакиллари билан қатор ҳужжатларни имзолаш маросимидан сўнг айтишича, масофанинг атиги 15 фоизи қолган.

«Асосийси шунга ишонч ҳосил қилдикки, хоҳиш, сиёсий ирода бўлса келишиб олиш мумкин», - дея қўшимча қилган у. Алмазбек Атамбоевнинг таъкидлашича, бу тарихий кун рўй берганига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳиссаси катта. «Худди у менга гапиргандек, мен ҳам уни биродар, деб атайман. Бизнинг давлатлар орасида биродарлик муносабатлари бўлиши керак», - деган Қирғизистон раҳбари. Унинг эслатишича, қачонлардир мамлакатлар ягона давлат бўлган. Икки мамлакат тарихида кўплаб муаммолар, тўсиқлар бўлган, бироқ уларга ечим топилди. «Бугун биз деярли барча масалалар бўйича ўзаро тушунишни топдик», - деди у.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев музокаралар ўзаро ҳурмат, ишонч ва амалий руҳда ўтганини, эришилган тарихий келишувлар Ўзбекистон Қирғизистон ҳамкорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришини таъкидладилар.

 

 

ЯНГИ ҚОНУН КУЧГА КИРДИ

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 7 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Қонунни имзолади. Ушбу Қонуннинг мақсади ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

БМТ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ УЧРАШУВЛАРИ

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси директори Р. Коменда бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.

Ташрифдан мақсад инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг жорий йил 16 июндаги Қўшма Қарори билан қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар режасида белгиланган тадбирларни биргаликда амалга оширишдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси 2008 йилда Бишкек шаҳрида очилган бўлиб, унинг фаолияти Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонни қамраб олган.

Минтақавий бўлинма Марказий Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича стратегия, дастур ҳамда чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ҳукуматлар ҳамда фуқаролик жамияти, жумладан, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар салоҳиятини мустаҳкамлашда ҳукуматлар, ҳукуматлараро ташкилотлар, фуқаролик жамияти, хусусий сектор ва БМТ шериклари ўртасида ҳамкорликни амалга ошириш масалалари билан шуғулланади.

Демократик маконни кенгайтириш, халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш механизмлари самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро норма ва стандартларни ривожлантириш, қонун устуворлигини таъминлашга кўмаклашиш масалалари 2014 — 2017 йиллардаги фаолиятнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланган. Бўлинма ҳукуматлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва фуқаролик жамиятининг салоҳиятини мустаҳкамлаш, жумладан, одил судловни таъминлаш, қийноқларнинг олдини олиш масалаларига доир тадбирлар ўтказмоқда.

 

БУЮК АЛЛОМАЛАРИМИЗ МЕРОСИ – БЕБАҲО ХАЗИНА

Самарқандда “Жаҳон тамаддуни тарихида Марказий Осиё Ренессанси” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Унда БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКО, Жаҳон сайёҳлик ташкилоти – ЮНВТО, Ислом ҳамкорлик ташкилоти – ИҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича тузилмаси – АЙСEСКО, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини ўрганиш илмий-тадқиқот маркази – ИРСИКА каби нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, масъул ходимлари, АҚШ, Канада, Буюк Британия, Германия, Испания, Италия, Франция, Саудия Арабистони, Туркия, Хитой, Эрон, Озарбайжон, Россия, Япония ва бошқа давлатлардан олимлар, жаҳоннинг йирик илм-фан ва таълим муассасалари вакиллари иштирок этди. ЮНЕСКО шафелигидаги мазкур конференция 2014 йил Самарқандда ўтказилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги конференциянинг мантиқий давоми сифатида Марказий Осиё минтақасидан етишиб чиққан олим ва мутафаккирларнинг тарихий меросини чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш, жаҳон жамоатчилигини уларнинг аниқ ва табиий фанлар, ислом маданияти ривожига қўшган ҳиссаси билан янада кенг таништириш, илмий марказлар ва олимлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил октябрь ойида пойтахтимизда ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимида юртимиздан етишиб чиққан ислом олами мутафаккирлари асарларини, уларнинг бутунжаҳон цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур ўрганиш, дунёнинг барча халқларига ислом динининг ҳақиқий мазмун-моҳиятини етказиш учун Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифини билдирган эди. Бу ташаббус халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 21 майда Саудия Арабистонига ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси ва Ислом тараққиёт банки ўртасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди. Айни пайтда ушбу мажмуа қурилиши қизғин давом этмоқда.

Шунингдек, бугунги кунда пойтахтимизда Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди. Президентимизнинг 2017 йил 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Бу саъй-ҳаракатлар муқаддас заминимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар ҳаёти ва илмий-ижодий фаолиятини чуқур тадқиқ этиш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, бугунги мураккаб даврда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш ҳамда ёш авлодни юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Марказий Осиё ренессансида Буюк Ипак йўли муҳим ўрин тутган. Марказий Осиёда IХ-ХII ва ХIV-ХV асрларда рўй берган илмий-маданий уйғониш даврининг турли жиҳатлари, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқа мутафаккирларнинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий каби уламоларнинг маънавий мероси беқиёсдир.

 

МАСОФАВИЙ СИРТҚИ ТАЪЛИМ — ИККИНЧИ ОЛИЙ МАЪЛУМОТ ОЛИШ ИМКОНИЯТИ

Азалдан аждодларимиз бир эмас, бир неча фан ва соҳаларни мукаммал эгаллаган. Бугун ҳам фанлар ва соҳалар ўзаро қоришиб кетаётган глобаллашув шароитида бир неча мутахассисликни эгаллашга зарурат ошмоқда. Бундай эҳтиёж сиртқи масофавий таълим шаклида қопланиши таълим тизимимизнинг жаҳон андозаларига мослашишига хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг 2017 йил 25 июлдаги 4-сон баёни билан 2017-2018 ўқув йили учун иккинчи ва ундан кейинги сиртқи олий таълимга қабул эълон қилинди. Сиртқи таълим тажриба-синов тариқасида масофавий ўқитиш элементларини қўллаган ҳолда олиб борилади. Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент давлат аграр университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва Тошкент давлат педагогика университетида бу борада илк қадамлар қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, университет маъмуриятига сиртқи бўлимларни ташкил этиш масаласида кўплаб фуқаролар мурожаат этяпти. Шуни эътиборга олиб, сиртқи бўлимларнинг ташкил этилгани илм олиш, ишлаб чиқаришдан узилмаган ҳолда иккинчи мутахассисликни эгаллаш истагидаги фуқаролар учун қулай имконият. Иккинчи мутахассислик бўйича қабул қилинган талабалар сони ўтган йилги қабул кўрсаткичидан ошмаслиги белгиланган. Ўқув жараёнида талабалар профессор-ўқитувчилар билан электрон почта орқали боғланиб, жорий ва оралиқ назоратларни, мустақил ишларни топширишади.

 

УРГАНЧ ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИДА ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ РЕКТОРИ АВАЗЖОН МАРАҲИМОВ ИШТИРОКИДА “МУСТАҚИЛЛИК ДАРСЛАРИ»

2017 йил 7 сентябрь куни Урганч давлат университети Маданият саройида 1 курсга қабул қилинган талабаларга “Мустақиллик дарси” ўтказилди.

“Мустақиллик дарси”да университет ректори Б.Абдуллаев, Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов маъруза қилдилар. Маърузачилар мустақиллик йилларида ёшларнинг илм-фан, техника ва технология, тадбиркорлик ҳамда маънавий-маърифий, соҳаларда эришаётган ютуқлари тўғрисида ҳамда ушбу ютуқларга эришишда мустақилликнинг аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидладилар. Мустақиллик буюк неъмат ва ёшлар онг, маънавиятини юксалтиришда улкан имкониятлар эшигини очиб берган қадрият эканлиги тўғрисида сўз юритилди.

Халқимиз, давлатимиз раҳбари бошчилигида, бунёдкорлик йўлидан бориб, мангуликка дахлдор мўътабар ишларни амалга оширмоқда. Буни биз ҳар қадамда кўриб, ҳис этиб турибмиз. Бугун юртимизда олий таълимни такомиллаштириш, олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва модернизациялаш, уларни ўқув ва илмий-лаборатория жиҳозлари билан тўлиқ таъминлаш, илғор педагогик технологиялар ва ўқитиш шаклларини жорий этиш ҳисобига олий маълумотга эга мутахассисларни тайёрлаш сифатини тубдан яхшилашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу билан бирга Ўзбекистон ёшларини чет мамлакатларда ўқиши, малакасини ошириши, тажрибасини юксалтириши учун кенг имкониятлар яратилди. Бу даврда эришилган улкан муваффақиятларимиз тариx зарварақларига зарҳал харфлар билан муҳрланаётир. Зeро, мустақиллик xалқимизнинг буюк ишларга қодир эканлигини англатди, қадриятларимизни эъзозлашга ўргатди. Шу боис бунёдкорлик ва яратувчанлик иштиёқи, ғайрат-шижоати билан яшаяпмиз. Бинобарин, Ватанимизни янада обод, турмушимизни бундан-да фаровон этиш — энг улуғ мақсадимиздир. Муҳташам иншоотлар, намунавий турар-жойлар, кeнг ва равон йўллар, замонавий мактаб, коллeж ва лицeйлар, жаҳон андозаларига тўлиқ жавоб бeрадиган, илғор асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган шифо масканлари… Xўш, буларнинг барчаси нима учун, ким учун? Албатта, инсoн учун, шу юртнинг фарзандлари, уларнинг обод турмуши, ёруғ истиқболи учун!

Урганч давлат университети ва Ўзбекистон Миллий университети ўртасида ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов Урганч давлат университетида талаба-ёшлар таълим олиши учун яратилган шароитлар билан танишди ва икки университет ўртасида профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг доимий тажриба алмашишлари учун барча шароитлар яратиб бериш тўғрисида келишиб олинди.

 

ЁШ ТАҲЛИЛЧИЛАР КЛУБИ — ЁШЛАР УЧУН ИМКОНИЯТ МАЙДОНИ

Юртимизда демократик давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш мақсадида қабул қилинган – 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожланитиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар Стратегиясида Ёшлар ролини ошириш масаласига алоҳида эътибор қилинган.

Ёшларни таҳлилий қобилиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятини руёбга чиқаришга кўмак берадиган шарт-шароит ва имкониятлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар Институти (СМТИ) «Ёш таҳлилчилар клуби» (ЁТК) ташкил этилди. Ёш таҳлилчилар клуби, мамлакатимиздаги Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган иқтидорли ва фаол фуқаролик позициясига эга бўлган талабаларни бирлаштиради. ЁТКнинг асосий ғояси – ватанпарварлик, ватанга бўлган муҳаббат ва садоқат, жамият ва давлат манфаати йўлида  хизмат қилиш билан белгиланади. ЁТК фаолияти ёшларни мамлакат ривожланишида ўз ҳиссасини қўшишга шароит яратиб беради.

 

ИЛМ-ФАН РИВОЖИ – ТАРАҚҚИЁТНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институтида 7-8 сентябрь кунлари “Табиий бирикмалар кимёси, биологияси ва технологияси” мавзуида XII халқаро симпозиум бўлиб ўтди.

Академик Собир Юнусов номидаги Ўсимлик моддалари кимёси институтининг 60 йиллик юбилейига бағишлаб ташкил этилган ушбу анжуманда манфаатдор вазирлик ва идоралар, таълим муассасалари вакиллари, Ўзбекистон, Россия, Хитой, Туркия, Қозоғистон, Покистон каби 10 дан ортиқ мамлакатдан илмий ва илмий-ишлаб чиқариш марказларининг етакчи олим ва мутахассислари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўсимлик моддалари кимёси институти жамоасига йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ўқиб эшиттирди.

Мамлакатимизда илм-фаннинг бошқа йўналишлари қатори ўсимлик моддалари кимёси, биологияси ва технологияси соҳасида ҳам ўзига хос илмий мактаб шаклланган. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти Марказий Осиёдаги табиий бирикмалар кимёсини ўрганиш, улардан дори воситалари ва қишлоқ хўжалиги ўсимликлари учун кимёвий препаратлар яратиш, соҳада фундаменталь ва амалий изланишлар олиб боришга ихтисослашган энг йирик илмий-тадқиқот маркази ҳисобланади.

Институт жамоасининг кўп йиллик изланишлари туфайли мамлакатимиз ўсимлик дунёсида тиббиётда қўллаш мумкин бўлган, алкалоидлар, терпеноидлар ва фенол бирикмаларини сақловчи 600 га яқин, эфир мойлари сақловчи 250 яқин ўсимлик тури аниқланган. Тадқиқотлар натижасида 3 мингга яқин бирикма ажратиб олинган, 10 мингдан ортиқ янги бирикма синтез қилинган. 2 мингдан ортиқ бирикманинг фармакологияси ва токсикологияси ўрганилган, 60 дори воситаси синовдан ўтказилиб, улардан 35 таси тиббиётга татбиқ этилган. Мустақиллик йилларида 500 дан ортиқ ўсимлик тури ўрганилиб, улардан 1 минг 200 дан зиёд модда ажратиб олинган. 246 янги алкалоид, 12 проантоцианидин, 70 дан ортиқ флавоноид, 20 га яқин кумарин, 27 дитерпен ва тритерпен гликозидлар, 15 фитоэкдистероидлар, 4 иридоидлар тузилиши исботланган. 5 мингдан ортиқ гетероциклик бирикмалар синтез қилиниб, уларнинг фаоллиги ўрганилган. Гетероциклик бирикмаларнинг модификацияси имкониятларини кенгайтирувчи ассиметрик марказлар яратиш услублари ишлаб чиқилди. Бунинг натижасида 110 дан ортиқ ишланмага патент олинган ва уларнинг 41 таси амалиётда қўлланилмоқда. Ҳозирги кунда институт қошидаги тажриба ишлаб чиқариш корхонасида 20 дан ортиқ дори воситаси субстанциялари ишлаб чиқарилмоқда, йилига 100 тонна ўсимлик хомашёси қайта ишланмоқда. Илмий изланишлар самарасида фенасал, галантамин гидробромид, медамин, альбендазол, цитизин, кукумазим препаратлари ва ИФА тест-системаларининг айрим турлари бўйича импорт ўрни тўлиқ қопланди. Институт олимлари томонидан яратилган аллапинин дори воситаси Россия Федерациясига экспорт қилинмоқда. Ушбу дорини ишлаб чиққан муаллифлар гуруҳи 2007 йилда Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника соҳасида биринчи даражали давлат мукофотига сазовор бўлган.

2016 йилда ўтказилган IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида Халқаро интеллектуал мулк ташкилотининг «Энг яхши ихтиро ҳамда унинг коммерциализияси учун» олтин медали “Антиаритмик фаолликка эга воситани олиш усули” патенти учун Ўсимлик моддалари кимёси институтига топширилди.

 

ОҚДАРЁДА ТИКУВЧИЛИК ФАБРИКАСИ ИШ БОШЛАДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил октябрь ойида Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида пахта етиштирувчи барча туманларда толани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш зарурлигини таъкидлаган эди. Шу асосда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурларга ҳудудларда тирикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини йўлга қўйишга оид лойиҳалар киритилди. Оқдарё туманида “Муштарий Оқдарё” масъулияти чекланган жамиятининг тикувчилик фабрикаси иш бошлади. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Самарқанд вилояти филиалининг 1,2 миллион долларлик кредити ва ҳамкорларнинг 1 миллиард 200 миллион сўм маблағи йўналтирилди. Корхона йилига 10-12 миллион дона болалар ва ўсмирлар кийим-кечаги тикиш қувватига эга. Айни пайтда 120 мингдан ортиқ маҳсулот тайёрлаб, ички бозорга чиқарилди. Янги корхона иш бошлаши билан 350 нафар хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди. Уларнинг 130 нафари касб-ҳунар коллежи битирувчиларидир.

 

ТОШКЕНТДА ТАЙЁРЛАНГАН ПАЛОВ ГИННЕСНИНГ РЕКОРДЛАР КИТОБИДАН ЖОЙ ОЛДИ

Пойтахтимизнинг Сайилгоҳ кўчасида ташкил этилган «O‘zbegim» миллий қадриятлар фестивали доирасида ўзбекистонлик ошпазлар томонидан 7 360 килограммлик палов тайёрланди. Палов тайёрланиш жараёнини Guinness World Records вакиллари бевосита кузатиб борди.

– Гиннеснинг рекордлар китобида қайд этилиш учун таомга тўрт тонна масаллиқ сарфланиши керак эди,– дейди Guinness World Records вакили Ричард Стенинг.– Бугун ушбу талаб ошиғи билан бажарилди. Паловни тайёрлаш жараёнида Гиннеснинг рекордлари китоби талабларига тўлиқ риоя қилинди. Демак, палов тайёрлаш бўйича жаҳон рекорди ўрнатилди. Бу, албатта, Гиннеснинг рекордлар китобига қайд этилади.

 

НУРАФШОН ШАҲРИНИНГ ВИДЕО ЛОЙИҲАСИ ТАҚДИМ ЭТИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати 25 август кунги 11-ялпи мажлисда Тўйтепа шаҳрининг номини Нурафшонга ўзгартириш ҳақидаги қарорни тасдиқлади. Бир кун аввал сенаторлар шаҳарни вилоят бошқарувидаги шаҳарлар тоифасига киритиш ҳамда Тошкент вилоятининг маъмурий маркази этиб белгилаш ҳақидаги қарорни тасдиқлашган.

Тошкент вилояти маъмурий маркази – Нурафшон шаҳрининг видео лойиҳаси тақдим этилди. Шаҳарда маъмурий бинолар, замонавий ва қулай турар жойлар, бизнес марказлар, меҳмонхоналар, спорт мажмуалари, ёшлар ижодиёт маркази, кутубхона, мактаблар, кўп тармоқли шифохона бунёд этилади. Истироҳат боғлари, боғлар, майдонлар, пиёдалар ва велосипедчилар учун хиёбонлар ташкил этиш кўзда тутилган. Самарали жамоат транспорти тизими жорий этилади. Шаҳар маркази орқали сунъий анҳор оқиб ўтади, унинг ёқаси бўйлаб йўл ётқизилиб, кафе, дўкон ва бошқа объектлар очилади. Тошкент ва Нурафшонни тезюрар автомобиль йўли боғлайди.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ЎЗБЕКИСТОН МАҲСУЛОТЛАРИ МОСКВАДА НАМОЙИШ ЭТИЛДИ

Москва шаҳрида бўлиб ўтган «Текстильлегпром – 2017» ҳалқаро ярмаркасида ўзбекистонлик тадбиркорлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида тадбиркорлик ва саноат изчил қўллаб-қувватланаётгани натижасида мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти ортиб бормоқда. Ишбилармонларимизнинг нуфузли халқаро кўргазма-ярмаркаларда фаол иштирок этаётгани Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган рақобатбардош маҳсулотларни ташқи бозорда намойиш этиш, хорижий компания ва фирмалар билан истиқболли шартномалар тузиш имконини бермоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси алоҳида ўрин эгалламоқда. «Текстильлегпром – 2017» халқаро ярмаркаси текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида энг сўнгги ютуқлар намойиш этиладиган ўзига хос платформа ҳисобланиб, унда соҳанинг етакчи компания ва фирмалари иштирок этади. Бу йилги ярмаркада Ўзбекистон, Хитой, Ҳиндистон, Бангладеш, Германия, Италия, Польша, Нидерландия, Португалия, Болгария, Туркия, Корея Республикаси, Беларусь, Қирғизистон каби 28 мамлакат вакиллари қатнашган. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда 40 га яқин тадбиркорнинг мазкур ярмаркада иштирок этишига кўмаклашди. Кўргазма қатнашчилари Ўзбекистон миллий стендида мамлакатимизнинг текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасидаги салоҳияти ва имкониятлари, таклиф этилаётган хизматлар билан танишди. Ярмарка доирасида Ўзбекистон компаниялари нуфузли фирма ва компаниялар билан соҳада ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантиришга келишиб олган. Тадбиркорларимиз томонидан хорижий шериклар билан 146 миллион долларга тенг экспорт шартномалари имзоланган.

Мазкур халқаро кўргазма мамлакатимиз компания ва корхоналари учун турли давлатлардан келган ишбилармонлар билан савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатиш, мавжудларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, ўз маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартномалар имзолаш учун қулай имконият бўлди. Бу мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятининг янада юксалтириш ва экспорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажмини оширишга хизмат қилади.

 

ЎЗБЕКИСТОН ЭНГ БАХТЛИ МАМЛАКАТЛАР РЎЙХАТИДА 47-ЎРИНДА

Дунёда ўзларини бахтли деб ҳисобловчи фуқаролар истиқомат қиладиган мамлакатлар рейтинги тузиб чиқилди. Маълум бўлишича, Норвегия аҳолиси ўзларини Ер сайёрасидаги энг бахтли инсонлар деб ҳисоблашади. Британиянинг The Spectator журнали шу ҳақда ўтказилган тадқиқот натижасини эълон қилди.

Дания ва Исландия рўйхатнинг кучли учлигига киритилган. Топ-10 ликка, шунингдек, Швейцария, Финландия, Нидерландия, Канада, Янги Зеландия, Австралия ва Швеция ҳам кирган. АҚШ рўйхатда 14-ўринга жойланган бўлса, Буюк Британия 19-ўринга муносиб кўрилган.

Ўзбекистон рейтингнинг 47-ўрнида қайд этилган. Ундан сўнг Италия, Россия, бироз қуйироқда Япония, Жанубий Корея каби давлатлар бор. Ўзбекистоннинг бевосита ён қўшнилари бўлган Туркманистон 59-ўринда, Қозоғистон 60-ўринда жойлаштирилган. Тожикистон 96-, Қирғизистон 98-ўринга, Афғонистон 141-ўринга лойиқ кўрилган.

 

МАТЕМАТИКЛАР НОЁБ РАҚАМНИ КАШФ ҚИЛИШДИ

Америкалик математиклар энг катта умумлаштирилган Ферма сонини кашф қилишди. The Register шу ҳақида маълум қилди.

Кашф қилинган сон 9194441048576 + 1'га тенг бўлиб, 6253210 белгига эга. У энг катта машҳур оддий сонлар рўйхатида 12-ўринни эгаллаган.

9194441048576 + 1 сони PrimeGrid тақсимланган ҳисоб-китоблар лойиҳаси доирасида Aggie the Pew жамоасининг Сильванус Циммерман компьютерида топилган.

Машина параметрлари: Nvidia GeForce GTX 1060 видеокартаси, 3.20 Гц частотали Intel Xeon E3-1225 v3 процессори, 8 Гб оператив хотира, Microsoft Windows 10 Pro операцион тизими.

Текширув Циммерман натижасининг тўғрилигини тасдиқлади. Умумлаштирилган Ферма рақами a2n + b2n кўринишида намоён бўлади, 9194441048576 + 1 рақами n = 20 учун биринчи шундай сон бўлди.

 

МЬЯНМАДА ИСТИҚОМАТ ҚИЛУВЧИ МУСУЛМОНЛАРНИНГ МИНГЛАБ УЙЛАРИГА ЎТ ҚЎЙИЛДИ

Ўтган ҳафта давомида Мьянмада истиқомат қилувчи кам сонли роҳингя жамоалари яшайдиган 2,600 дан ортиқ уйларга ўт қўйилди. Яқин орада бўлаётган ҳодисалар Мьянмада кам сонли роҳингяларнинг мусулмон бўлгани учун ўтган 10 йилликдаги энг йирик қирғини бўлиб қолмоқда. БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича агентлиги берган хабарга кўра, Мьянмада 58 мингдан ортиқ роҳингя қўшни мусулмон давлат – Бангладешга кўчиб ўтди. Маҳаллий ҳокимият эса уйларга тушган ёнғинда радикал террористларни айбламоқда. Лекин, Бангладешга етиб келган роҳингя оилаларининг айтишича, ҳукумат аскарлари шу орқали уларни уйларидан ҳайдаб чиқармоқда.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 

“ФИДОЙИНГ БЎЛГАЙМИЗ СЕНИ, ЎЗБЕКИСТОН!” ШИОРИ ОСТИДА БАЙРАМ ТАДБИРЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Ана шундай тадбирлардан бири Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ҳам бўлиб ўтди, деб ёзади ЎзА мухбири Шаҳноза Маматуропова. Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов ва бошқалар олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида навқирон авлоднинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун яратилаётган шароитлар, айниқса, хорижий давлатлар олий таълим муассасалари билан мустаҳкам ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани ва чет тилларни пухта ўқитишга алоҳида эътибор қаратилаётгани юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда истиқлол йилларида олий таълим тизимида халқаро ҳамкорлик самарали йўлга қўйилди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети айни пайтда дунёнинг 35 давлатидаги 80 олий таълим муассасаси ва илмий фондлари билан ҳамкорлик қилиб келаётир.

Айни пайтда мазкур даргоҳда талабаларга таълим-тарбия бераётган профессор-ўқитувчиларнинг 20 дан ортиғи академик, 150 дан зиёди фан доктори ва профессор, 400 га яқини фан номзоди ва доцент илмий даражасига эга.

“Мустақиллик дарси”, “Хотира дарс”ларида талабаларга мамлакатимизнинг истиқлолга эришиши, мустақиллик йилларида халқимиз қўлга киритган ютуқ ва марралар ҳақида сўзлаб берилди. Бугунги осойишта ва фаровон ҳаётимиз, турмушимизда, онгу тафаккуримизда рўй берган улкан ўзгариш ва янгиланишлар, ёшларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитларда униб-ўсаётгани буюк давлат ва сиёсат арбоби, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номи билан боғлиқлиги қайд этилди.

 

ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИ КЎТАРИНКИ РУҲДА БОШЛАНДИ

Янги ўқув йили 1-босқич талабалари билан тантанали учрашувдан бошланиши Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ўзига хос анъанага айланиб қолган.

Бу йил душанбага тўғри келган 4 сентябрь куни анъанага кўра университет Бош майдонида 2017-2018 ўқув йилида ўқишга қабул қилинган талабалар билан тантанали учрашув бўлиб ўтди.

Унда ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, академик Шавкат Аюпов, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ва бошқалар анжуман иштирокчиларини яна бир бор она Ватанимиз Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллиги билан самимий табриклаб, талабалик бахтига мушарраф бўлган йигит-қизларга омадлар тиладилар.

– Мамлакатимиз карвонбоши университети ҳисобланган ЎзМУ, айни вақтда, республика олий таълим тизимининг таянч олий ўқув юрти ҳисобланади,– деди ЎзМУ ректори.– Юксак салоҳиятли илм ва маърифат масканига айланган ЎзМУ таркибида Биология, Геология ва география, Журналистика, Ижтимоий фанлар, Иқтисодиёт, Кимё, Математика, Тарих, Физика, Хорижий филология каби 10 та факультет фаолият кўрсатмоқда. Университетимиз АҚШ, Германия, Россия Хитой, Голландия, Швеция, Швецария, Ҳиндистон, Финляндия, Италия, Буюк Британия ва Япония каби 30 дан ортиқ давлатларнинг нуфузли университетлари билан ҳамкорликларни изчил давом эттирмоқда. Ўтган йиллар мобайнида бу ўқув масканида таҳсил олган атоқли олимлардан 106 нафари академик даражасига эришганлар. Улардан 23 нафари Ўзбекистон Фанлар академияси президенти ва вице-президентлари бўлганлар. Олима аёллардан 120 дан ортиғи фан доктори ва профессор илмий унвонларини олганлар. Улар орасида дунёга донг таратган академиклардан Қори Ниёзий, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Обид Содиқов, Саъди Сирожиддинов, Содиқ Азимов, Убай Орипов, Ҳабиб Абдуллаев, Ғулом Каримов, Иброҳим Мўминов яратган илмий мактаблардан бугунги авлодлар ҳам сабоқ олаётганлари билан фахрланамиз. Мустақиллик йилларида 30 дан ортиқ талаба Президент стипендианти, 25 дан зиёд талаба Мирзо Улуғбек номидаги ва 30 дан зиёд талаба Алишер Навоий номидаги стипендиялар соҳиби бўлганлар. Университетда “ЎзМУ стипендияси” ҳам ташкил этилган. Юртимиз мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан яна бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларимиз давлат мукофотларига сазовор бўлгани барчамизга ғурур бахш этган бўлса, икки нафар талабамиз август ойида Болгарияда математика фани бўйича ўтказилган халқаро фан олимпиадасида иккита олтин медални қўлга киритгани қалбларимизда ифтихор туйғусини жўш урдириб юборди.

Янги ўқув йилининг тантанали очилиш маросимидан сўнг барча факультет аудиторияларида “Мустақиллик дарси” давом эттирилди. Уларда таниқли фан ва санъат арбоблари, ёзувчи ва шоирлар, актёрлар талабалар билан дилдан суҳбат ўтказдилар.

“Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган ғояни мужассам этган фильм талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

 

 

БУЮК АЖДОДЛАРНИНГ МУНОСИБ ДАВОМЧИЛАРИ

ЎзА мухбири Беҳзод Бозоровнинг юқоридаги сарлавҳа остидаги мақоласида қайд этилишича, янги мингйилликда илм-фан, интеллектуал салоҳият тараққиёт мезонига айланиб, тобора юксак босқичга чиқмоқда. Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқотларни ҳаётга татбиқ этиш борасида яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилаётир. Математик олимларимиз олиб бораётган илмий изланишлар, эришилаётган ютуқлар бунинг ёрқин далилидир.

Аниқ мантиқий мушоҳадаларга асосланадиган математика фани барча соҳаларга бевосита ёки билвосита дахлдордир. Бу фаннинг тараққий топиши Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек сингари буюк аждодларимиз номи ва фаолияти билан боғлиқ эканини бутун дунё олимлари эътироф этади.

Юртимиз олимлари изланишларига назар ташласак, бобокалонларимиз даҳоси бугунги авлодлар қонида ҳам оқаётганига гувоҳ бўламиз. Тошмуҳаммад Саримсоқов, Саъди Сирожиддинов, Маҳмуд Салоҳиддинов сингари атоқли академикларнинг математика соҳасида яратган илмий мактаблари муваффақиятли давом эттирилиб, математиканинг янги қирралари кашф этилмоқда. Соҳанинг энг устувор йўналишлари бўйича олиб бораётган илмий изланишлари билан юртимиз олимлари дунё миқёсидаги кашфиётларга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 23 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини бериш тўғрисида»ги фармони билан таниқли математик олимларимиздан академик Шавкат Аюпов, физика-математика фанлари докторлари Каримберген Кудайбергенов, Баҳром Омиров ҳамда Ўткир Розиқов “Ноассоциатив алгебралар, дифференциаллаш ва ночизиқли динамик системалар назарияларини ривожлантириш” фундаментал тадқиқоти учун биринчи даражали давлат мукофоти билан тақдирланиши математика фанининг равнақи йўлида изланаётган илм-фан намояндалари доимий эътиборда эканидан далолат беради.

Кейинги йилларда илм-фан соҳасида олимларимизнинг халқаро алоқалари, ривожланган мамлакатлар тадқиқотчилари билан ҳамкорлиги кенг ривожланди. Айни пайтда математик олимларимиз изланишлари учун ҳам катта имкониятлар очилди. Бугун Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институти кутубхонасида соҳага оид юзлаб қимматли китоблар, илмий журналлар мавжуд. Институт олимларининг нуфузли Бонн, Оксфорд, Кэмбридж университетлари билан мунтазам илмий ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Бунинг натижасида ҳар йили ўзбек математикларининг юздан ортиқ илмий мақоласи АҚШ, Германия, Буюк Британия, Италия каби мамлакатлардаги етакчи илмий журналларда чоп этилмоқда.

Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институти директори Шавкат Аюпов 2003 йилда Жаҳон фанлар академиясининг (TWAS) ҳақиқий аъзолигига қабул қилингани ҳам мазкур фан йўналишидаги ютуқларимиз сирасидандир. 2015 йилда пойтахтимизда Т.Саримсоқов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан ташкил этилган халқаро анжуман юртимиз математикларининг дунё илм-фанига қўшаётган ҳиссасининг яна бир амалий ифодаси бўлди. Мазкур анжумандаги чиқишидан сўнг Ш.Аюпов Америка Қўшма Штатларининг Калифорния университетига дарс беришга таклиф қилинди.

Ш.Аюпов ҳамда унинг издошлари фундаментал тадқиқоти дунё олимлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Бугунги кунда Испаниянинг Севилья, Малайзиянинг Куала-Лумпур, АҚШнинг Беркли шаҳарларида мазкур мактабнинг ўзига хос бўлинмалари вужудга келгани, Хитой, Жанубий Корея, Франция илмий марказлари олимларимиз изланишларини ўрганаётгани фикримиз далилидир.

Юртимиз математикларининг жаҳон миқёсида юксак ўринга эга бўлаётгани наинки мамлакатимиз, балки кўплаб хорижлик ёш изланувчиларнинг ҳам эътиборини жалб этмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институтида АҚШлик 9 талаба алгебра фани асосчиларининг муносиб давомчилари – Ш.Аюпов, К.Кудайбергенов, Б.Омиров ҳамда Ў.Розиқовнинг илмий изланишларини ўрганмоқда.

Мухтасар айтганда, юртимиз олимлари меҳнатининг юксак эътирофи уларни янада катта иштиёқ билан изланишга, дунё илм-фанида юқори чўққиларини забт этишга чорлайди.

 

БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ХОТИРАСИГА БАҒИШЛАНДИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети Ўзбекистон тарихи кафедраси профессор-ўқитувчилари 2017 йил 7 сентябрь куни Амир Темур тарихи давлат музейида “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг мустақил Ўзбекистонни барпо этишдаги тарихий роли” мавзуида илмий-амалий анжумани ўтказди.

Унда ЎзМУ профессор-ўқитувчилари, тарихчи олимлар, ёш тадқиқотчилар ва талабалар иштирок этдилар.

Анжуманда профессор Раҳбархон Муртазаева ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорини халқимиз кўтаринки руҳ билан кутиб олганини ва бу борада амалга оширилаётган хайрли ишлар халқимизга кўтаринки руҳ бахш этаётганини таъкидладилар.

Ушбу мавзуга бағишланган маърузаларни анжуман иштирокчилари катта қизиқиш билан тингладилар.

– Мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов Ватанимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклаганини бугунги замондошларимиз ҳам, келажак авлод ҳам ҳеч қачон унутмайди,– дейди тарихчи олим, ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров.– Буюк Йўлбошчимиз ғоят қалтис ва таҳликали бир вазиятда оғир қийинчиликлар ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда Ўзбекистонни жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирди. Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирди. У нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилди. 31 август куни Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали очилиш маросимида университетимизнинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари, талабалар ҳам иштирок этдилар. Бу тадбир айниқса ёш авлод учун жуда катта ҳаёт мактаби бўлганини алоҳида таъкидлагим келади. Демоқчиманки, Биринчи Президентимиз хотирасига бағишлаб ўтказиладиган илмий-амалий анжуманлар ҳам ёшлар тарбиясида, улар қалбига она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳини жо этишда ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Анжуманда талабалар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.

 

ДЎСТЛИК ЖАМИЯТИНИНГ МЕҲР РИШТАЛАРИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида юртимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” ғоясини ўзида мужассамлаштирган навбатдаги маънавий-маърифий тадбир “Ўзбекистон-Франция дўстлик жамияти” билан ҳамкорликда ўтказилди.

Мазкур маънавий-маърифий тадбирда мазкур дўстлик жамияти аъзолари, таржимашунос, адабиётшунос олимлар, шоир ва адиблар, университет профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирок этдилар.

– Янги ўқув йилимиз қанчалик файзли, баракотли бошланаётгани барчамизга маънавий куч-қувват бағишлайди. 2 сентябрь куни университетимиз аудиторияларида янги ўқув йилини “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида “Мустақиллик дарси” ҳамда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига бағишланган “Хотира дарслари” билан бошладик,– деди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов.– 4 сентябрь куни 1-курс талабаларини тантанали кутиб олиш маросими ҳам юксак савияда ўтгани барчамизга кўтаринки руҳ бағишлади. Бу тантанада бу йил 1-даражали давлат мукофотига сазовор бўлган академигимиз Шавкат Аюпов, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ва бошқаларнинг дил сўзлари қалбларимизни тўлқинлантириб юборди. Университетимизда ўз устида ишлаётган, илмий тадқиқотларини изчил давом эттираётган энг фидойи олимларимиз халқаро илмий ҳамкорлик алоқаларини ҳам муттасил ривожлантириб келмоқда. “Ўзбекистон-Франция дўстлик жамияти” ана шундай истиқболли саъй-ҳаракатларимизни такомиллаштиришга хизмат қилади. Бугун ана шу дўстлик жамияти билан ҳамкорликда юртимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деб номланган маънавий-маърифий тадбиримиз талабаларимизнинг маънан камол топишига, дунё билан янада кенгроқ бўйлашишига хизмат қилади.

Тадбирда Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, адабиётшунос Шуҳрат Ризаев ва бошқалар чегарабилмас адабиёт, санъат, илм-фан соҳалари дунёда халқлар, давлатлар ўртасида олтин кўприк вазифасини бажаришини, меҳр ришталари ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

 

IQTIDORLI TALABALAR UCHUN TARG‘IBOT AKSIYASI

Mirzo Ulug`bek nomidagi O‘zbekiston Milliy universitetida “Safimizga qo‘shiling, tengdosh!” deb nomlangan targ‘ibot aksiyasi boshlandi.

O‘zMUning Iqtidorli talabalar bilan ishlash bo‘limi va Yoshlar ittifoqi boshlang‘ich tashkiloti hamkorlikda tashkil etgan aksiya “Fidoying bo‘lgaymiz seni, O‘zbekiston!” shiori ostida o`tkazilmoqda. Unda universitetimizning 1-kurs talabalari ishtirok etmoqda. Bundan asosiy maqsad, oliygohimizga endigina qadam qo‘ygan talabalarni nomdor stipendiyalar, fan olimpiadalari va turli ko‘rik-tanlovlardan xabardor qilish va ularni faolikka chorlashdir.

Tadbir davomida Yoshlar ittifoqi boshlang‘ich tashkiloti xodimlari ittigoqning yoshlarga taqdim etayotgan loyihalari, tanlov va grantlari haqida talabalarga ma‘lumot berdilar.

Targ‘ibot aksiyasining ilk tinglovchilari Ijtimoiy Fanlar fakulteti talabalari bo‘ldi. Uchrashuv davomida universitetning iqtidorli yoshlari mavzu yuzasidan taqdimot qildilar.

O`zaro muloqot tarzida o‘tgan tadbir so‘nggida eng bilimli va zukko yoshlar Iqtidorli talabalar bo‘limi faollari safiga qabul qilindi.

Bunday uchrashuvlar har bir fakultet talabalari bilan o‘tkazilishi rejalashtirilgan.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

 

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.