O'zMU » Axborot soatlari » “АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 04-17 Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (18-23 сентябрь кунлари) ТОШКЕНТ – 2017

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ БМТ БОШ АССАМБЛЕЯСИНИНГ 72-СЕССИЯСИДА НУТҚ СЎЗЛАДИ

 

Қуйида мазкур нутқнинг тўлиқ матни эълон қилинмоқда:

Жаноби Олийлари!

Хонимлар ва жаноблар!

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан нутқ сўзлаш имконияти яратилгани учун самимий миннатдорлик изҳор этишга ижозат бергайсиз.

Бизнинг халқимиз бундан бир неча ҳафта олдин ўз давлат мустақиллигининг 26 йиллигини кенг нишонлади.

Бугунги кунда Ўзбекистон жадал ривожланмоқда. Биз аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, теран англаган ҳолда, қатъий ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз, мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлидан бормоқдамиз.

Жамиятимизда сиёсий фаоллик ортиб бормоқда, барча соҳаларда чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Улардан кўзланган мақсад – "Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун" деган оддий ва аниқ-равшан тамойилни амалга ошириш устувор аҳамиятга эга бўлган демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишдан иборат.

Умумхалқ муҳокамасидан сўнг беш йилга мўлжалланган Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси қабул қилинди. Бу стратегияни ишлаб чиқишда биз ўзимизга четдан назар ташлаб, салоҳият ва имкониятимизни холис баҳолаш билан бирга, хато ва камчиликларимизни ҳам атрофлича танқидий таҳлил қилдик.

Стратегия – бу янгиланиш жараёнларининг ҳақиқий ҳаракатлар дастуридир. Бу ҳужжат ҳозирги вақтда ҳаётга изчил жорий этилмоқда.

2017 йил мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинди.

Бизнинг мақсадимиз – юртимизда халқ ҳокимиятини номига эмас, балки амалда жорий қилиш механизмларини мустаҳкамлашдан иборат.

Ишончимиз комил: халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Ҳозирги кунга қадар бир миллиондан ортиқ фуқароларимиз бу қабулхоналар орқали ўзларининг долзарб муаммоларини ҳал қилди.

Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича таъсирчан чоралар кўрилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари жаноб Ал-Ҳусайннинг ташрифи якунлари бўйича инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

Одамларнинг эркин ҳаракат қилишини чеклайдиган хорижга чиқиш визалари сингари умрини мутлақо ўтаб бўлган ўтмиш қолдиқлари бекор қилинди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича миллий ва халқаро нодавлат ташкилотлар билан очиқ мулоқотимиз фаоллашиб бормоқда.

Инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиқиб, шахсни қамоқда сақлаш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар қайта кўриб чиқилди.

Экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолган, тўғри йўлдан адашган фуқаролар ижтимоий реабилитация қилинмоқда, уларни соғлом ҳаётга қайтариш учун зарур шароитлар яратилмоқда.

Эндиликда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти парламент ва фуқаролар томонидан доимий назорат қилиб борилмоқда.

Мамлакатимизда сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг роли ортиб бормоқда, суд органларининг чинакам мустақиллиги таъминланмоқда.

Оммавий ахборот воситаларининг ўрни сезиларли даражада ортиб бормоқда.

Иқтисодиёт тизимини либераллаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш амалга оширилаётган ўзгаришларнинг энг муҳим йўналишларидир.

Биз оддий бир хақиқатдан келиб чиқмоқдамиз: халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади.

Ўзбекистон шу ойнинг бошидан миллий валютани эркин конвертация қилиш тизимига тўлиқ ўтди. Бу борада аҳоли учун юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни юмшатиш бўйича барча зарур чоралар кўрилди.

Мамлакатимизда илк бор тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Омбудсман институти жорий этилди. Бизнес соҳасидаги солиқлар сезиларли равишда қисқартирилди, кредит олиш имкониятлари кенгайтирилди.

Янги эркин иқтисодий зоналар ташкил этилди, уларда инвесторларга кенг имтиёзлар яратиб берилди.

Халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлик муваффақиятли ривожланмоқда, биз Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан шериклик алоқаларини янгитдан тикладик.

Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан тўла ҳамоҳанг эканини таъкидлашни истардим.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Биз қатъий ишонамиз, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бундан кейин ҳам халқаро муносабатларда ҳал қилувчи ўрин тутади.

Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг босқичма-босқич ислоҳ этилиши тарафдоридир. Биз Хавфсизлик Кенгашини бугунги кун талабларига мос равишда кенгайтириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги раҳбарияти томонидан ташкилотни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз.

Ишонтириб айтмоқчиман, Ўзбекистон БМТнинг тузилмалари билан ҳамкорликни бундан кейин ҳам изчил давом эттиради.

Биз жаноб Бош котиб Антониу Гутерришнинг яқинда Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича ишлаб чиқилган "йўл харитаси"нинг амалий ижросини таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрамиз.

Хонимлар ва жаноблар!

Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратмоқда. Бу – ҳар томонлама чуқур ўйлаб танланган йўлдир.

Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир.

Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё – биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир.

Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоридир.

Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳеч истисносиз барча масалалар бўйича оқилона муроса асосида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли кейинги ойларда минтақамизда сиёсий ишонч даражаси сезиларли даражада ошди. Кўплаб масалалар бўйича принципиал жиҳатдан муҳим ечимлар топишга эришилди.

Сентябрь ойининг бошида Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегаралари тўғрисидаги шартнома имзоланиши том маънода муҳим воқеа бўлди.

Томонлар ўз сиёсий иродасини, ўзаро мақбул қарорлар қабул қилишга тайёр эканини намоён этгани туфайли ўтган йигирма олти йил давомида биринчи марта ушбу ғоят нозик масала бўйича катта натижага эришилди.

Бир сўз билан айтганда, ўтган қисқа вақт мобайнида минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит яратишга эришилди.

Бу тенденциянинг мустаҳкамланиши Марказий Осиё давлатлари Президентлари мунтазам учрашувлар ўтказиши учун имконият яратган бўлур эди, деб ҳисоблайман.

Биз ноябрь ойида Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ўтказиладиган "Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзусидаги юқори даражадаги халқаро анжуманда минтақадаги фундаментал муаммоларни муҳокама қилишни режалаштирганмиз.

Ушбу анжуман якунида биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё давлатларининг хавфсизликни таъминлаш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини киритишни мўлжаллаганмиз.

Бу таклифни БМТ раҳбарияти ва халқаро ҳамжамият қўллаб-қувватлайди, деб ишонамиз.

Муҳтарам Раис жаноблари!

Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ муаммолар тўғрисида сўз юритар эканмиз, минтақанинг умумий сув захираларидан оқилона фойдаланиш каби муҳим масалани четлаб ўтолмаймиз.

БМТ Бош котибининг "сув, тинчлик ва хавфсизлик муаммолари ўзаро чамбарчас боғлиқ", деган позициясини тўла қўллаб-қувватлаймиз.

Ишончим комил, сув муаммосини ҳал қилишнинг минтақа мамлакатлари ва халқлари манфаатларини тенг ҳисобга олишдан бошқа оқилона йўли йўқ.

Ўзбекистон БМТнинг превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази томонидан ишлаб чиқилган Амударё ва Сирдарё ҳавзалари сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенциялар лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди.

Бугунги куннинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири – Орол ҳалокатига яна бир бор эътиборингизни қаратмоқчиман.

Мана, менинг қўлимда – Орол фожиаси акс эттирилган харита. Ўйлайманки, бунга ортиқча изоҳга ҳожат йўқ.

Денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришни тақозо этмоқда.

Биз БМТ томонидан Орол фожиасидан жабр кўрган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича шу йил қабул қилинган махсус дастур тўлиқ амалга оширилиши тарафдоримиз.

Хонимлар ва жаноблар!

Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти бўлиб қолади.

Аминмизки, Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли – марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир.

Музокаралар афғонистонликларнинг ўзлари ҳал қилувчи ўрин тутадиган ҳолда, Афғонистон ҳудудида ва БМТ шафелигида ўтиши лозим. Донишманд афғон халқи ўз тақдирини ўзи мустақил ҳал қилишга ҳақлидир.

АҚШ Президенти жаноб Дональд Трамп маъмуриятининг Афғонистон билан қўшни мамлакатларни афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал қилишга кўмаклашишга оид даъватини қўллаб-қувватлаймиз.

Ўзбекистон Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига, унинг транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга, миллий кадрларини тайёрлашга катта ҳисса қўшмоқда ва бундан кейин ҳам ҳисса қўшади.

Афғонистон масаласи глобал миқёсдаги масалалар марказида бўлиши лозим. Халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатлари, биринчи навбатда, Афғонистондаги ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратилиши керак.

Бу жафокаш юртда тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш йўлидаги бизнинг умумий қатъий ҳаракатларимиз асло сусаймаслиги лозим.

Ҳурматли сессия иштирокчилари!

Дунёда терроризм таҳдидлари айниқса, сўнгги йилларда кучайиб бораётгани уларга қарши асосан куч ишлатиш йўли билан курашиш усули ўзини оқламаётганидан далолат беради.

Бу борада кўп ҳолларда таҳдидларни келтириб чиқараётган асосий сабаблар билан эмас, балки уларнинг оқибатларига қарши курашиш билангина чекланиб қолинмоқда. Халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга, жаҳолат ва муросасизлик ташкил этади, деб ҳисоблайман.

Шу муносабат билан одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифадир.

Экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилмоқда.

Бугунги дунё ёшлари – сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлоддир, чунки улар 2 миллиард кишини ташкил этмоқда.

Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ.

Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси "вируси" тарқалишининг олдини олишдир.

Бунинг учун ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Шу муносабат билан Ўзбекистон глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этади.

Бизнинг назаримизда, мазкур ҳужжатни имзолайдиган давлатлар ушбу соҳани ўз ижтимоий сиёсатининг асосий ва муҳим ҳаётий устувор йўналишларидан бири даражасига кўтариш бўйича қатъий мажбуриятларни ўз зиммасига олиши керак.

Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз.

Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз.

Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади.

Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман.

Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган "Саҳиҳи Бухорий"нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган.

Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифатий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик.

Тошкентда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади.

Бугунги сессия иштирокчиларига БМТ Бош Ассамблеясининг "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилмоқчиман.

Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат.

Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган.

Хонимлар ва жаноблар!

Ўзбекистон ҳеч қандай блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолган ҳолда, очиқ мулоқотга тайёрдир. Биз барча шерикларимиз билан тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдормиз.

Биз мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон, унинг эҳтиёж ва манфаатларини таъминлашдан иборат бўлган энг муҳим устувор вазифаларни муваффақиятли амалга оширишнинг ҳал қилувчи шарти айнан шунда мужассам, деб биламиз.

Эътиборингиз учун раҳмат.

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ АҚШ САФАРИНИ ЯКУНЛАБ, ЎЗБЕКИСТОНГА ҚАЙТДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18-20 сентябрь кунлари Америка Қўшма Штатларида бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди.

Шавкат Мирзиёев Антониу Гутерришга БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларига эришишнинг "йўл харитаси" бўлган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Президентимиз Стратегия доирасида давом эттирилаётган кенг миқёсли янгиланишлар тўғрисида сўзлаб берди. Жумладан, бош мақсади "Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак", деган ғояни ҳаётга татбиқ этишдан иборат Маъмурий ислоҳотлар концепцияси тасдиқланди. Валюта сиёсатининг либераллаштирилиши амалда таъминланмоқда.

Шавкат Мирзиёев Антониу Гутерриш билан мамлакатимиз ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, минтақавиий масалалар бўйича фикр алмашди. «Марказий Осиё минтақаси – ташқи сиёсатимизнинг бош устувор йўналиши», деб алоҳида таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Ўзбекистон Президенти БМТ Бош котибини 2017 йил 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиш режалаштирилган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётнинг долзарб масалалари бўйича халқаро анжуманда шахсан иштирок этишга таклиф қилди.

Антониу Гутерриш жорий йил июнь ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида кўрсатилган меҳмондўстлик ва самимий қабул учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди. Самарқандда бўлиб ўтган музокаралар якунларини юксак баҳолади. 2017-2020 йилларда БМТ, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси қабул қилинганига алоҳида эътибор қаратилди.

БМТ Бош котиби Ўзбекистон Президентининг Бош Ассамблеянинг 72-сессиясидаги нутқи ниҳоятда мазмундор бўлганини таъкидлади. Антониу Гутерришнинг фикрича, давлатимиз раҳбари БМТнинг юксак минбаридан туриб билдирган ташаббуслар муҳим аҳамиятга эга ва ўз вақтида илгари сурилди. Бош котиб ушбу ташаббусларни халқаро майдонда илгари суришга кўмаклашишга тайёрлигини қайд этди.

БМТ раҳбари мамлакатимиз томонидан минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистонни қайта тиклашга кўмаклашиш бўйича кўрилаётган аниқ чора-тадбирларни юқори баҳолади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Амударё ва Сирдарё сув ресурсларидани фойдаланиш тўғрисидаги конвенцияни илгари суриш, Орол денгизи билан боғлиқ экологик фалокат оқибатларини юмшатишга халқаро ҳамжамият диққат-эътиборини қаратиш учун барча имкониятларини ишга солишини билдирди.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича атрофлича фикр алмашилди.

 

БМТ БИНОСИДА РЕГИСТОН МАЙДОНИНИНГ МАКЕТИ ЎРНАТИЛДИ

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига Ўзбекистон Республикасининг туҳфаси – Регистон майдонининг макети топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Тадбирда БМТ Бош котиби ўринбосари Ян Бигл, Бош Ассамблея сессиясига келган дипломатлар, БМТ ахборот маркази ходимлари қатнашди.

БМТ биносида Регистон мажмуаси тимсолининг ўрнатилишида чуқур маъно бор. Инсоният цивилизацияси бешикларидан бири бўлган мамлакатимизда илм-фан, маданият, савдо, меъморлик, ҳунармандлик азалдан ривожланган. Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган Самарқандда турли ўлкалардан келган инсонлар аҳил-иноқ яшаган. Регистон эса ана шундай қадимий ва умумбашарий шаҳарнинг бетакрор рамзига айланган. Мажмуа 2001 йилда ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Регистон бугунги кунда ҳам дунё сайёҳларини ўзига тортмоқда. Бу ерда ўтказиладиган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали унинг довруғи ва халқлар дўстлигидаги аҳамиятини янада оширмоқда.

Регистон майдонининг макети юртимизнинг уста ҳунармандлари томонидан ясалган. Қимматбаҳо металл ва тошлар билан безатилган.

Ушбу экспонат БМТ штаб-квартирасининг энг гавжум жойларидан бирига, БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Бош Ассамблея заллари ўртасидаги йўлакка ўрнатилган.

БМТ Бош котиби ўринбосари Ян Бигл шундай гўзал ва теран мазмунга эга туҳфа учун Президентимизга чуқур миннатдорлик билдирди.

Маросим БМТ каналлари орқали эфирга узатилди.

 

ЎЗБЕКИСТОН ТАЭКВОНДОЧИЛАРИ ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИДА 26 ТА ОЛТИН МЕДАЛЬ БИЛАН БИРИНЧИ БЎЛДИ

15-17 сентябрь кунлари Италиянинг Римини шаҳрида W.A.S.C.O йўналиши бўйича ёшлар ва катталар ўртасида 11-Жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Ўзбекистон Таэквондо-до ИТФ миллий ассоциацияси жамоаси ҳам ушбу турнирда иштирок этди. Турнирда ўзбекистонлик спортчилар 26 олтин, 15 кумуш ва 18 бронза медаль қўлга киритишди. Ўзбекистон жамоаси Россия, Италия ва Эрон каби терма жамоаларни ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллади.

 

ЎЗБЕКИСТОНДА ИХТИРОЧИ АЁЛЛАР УЮШМАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Жорий йилнинг 15 сентябрь куни  Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Бошқаруви йиғилиши бўлиб бўлиб ўтди. Йиғилиш қарорига мувофиқ, мамлакатда хотин-қизларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларини амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг олдида турган муҳим мақсад ва вазифаларни самарали ташкил этиш мақсадида Қўмита ва унинг худудий бўлимлари қошида Ўзбекистон Ихтирочи аёллари уюшмаси ташкил этилди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Уюшма томонидан республика олима аёллари, докторант, мустақил изланувчи, иқтидорли талаба, ихтирочи, рационализатор, муҳандис, конструктор ва мутахассис хотин-қизларнинг имконият, қобилият, билим даражаси, талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш асосида уларнинг  манфаатларини ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич  амалга оширилиши кўзда тутилган. Шунингдек, «Ўзбекистон аёлларининг 100 та инновацион лойиҳаси» I-Республика танловини ўтказиш режалаштирилмоқда.

 

II. МУРАББИЙ САБОҚЛАРИ

 

«ОЛТИН КУЗ НЕЪМАТЛАРИ»

22-23 сентябр – кузги тенг кунлик – «Меҳржон» байрами

Миллий ўзликни англаш, миллий қадриятларни қайта тиклаш жараёни бевосита ўзбек халқининг улкан маънавий меросини, унинг миллий анъана ҳамда урф-одатларини ўз ичига олган маданий ҳаёти тарихини жиддий ўрганиш масалалари билан чамбарчас боғлиқдир.

Ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий тараққиёт давомида келиб чиқиши, мазмун-моҳияти, ижтимоий ҳаётда қарор топишига кўра анъанавий, диний, миллий ва бошқа байрамлар шаклланган. Уларнинг қадим аждодлардан келгуси авлодларга маънавий мерос тариқасида ўтиб келадиганлари анъанавий байрамлар ҳисобланади.

Анъанавий байрамлар қадимда кишиларнинг Онажон табиатга бўлган меҳр-муҳаббатларини яққол акс эттириб, уларнинг диний ва мифологик эътиқодларини ифодалаган бўлса, ҳозирги даврда ғоятда катта ижтимоий-сиёсий, маърифий аҳамиятга эга бўлган ўзига хос бениҳоя улкан маънавий кўзгу ҳисобланади.

Байрамлар башарият маданиятининг бошланғич шаклидир. Шу боисдан ҳам айёмлар инсониятнинг ўзи босиб ўтган минглаб йиллик сўқмоқларини, йўлларини, шоҳкўчаларини чуқур англаши, ўта катта машаққатлар билан қўлга киритилган ғалабалардан мағрурланиши, эртанги кунларга катта умид билан қарашига ёрдам беради. Уларда халқнинг кўтаринки руҳи, бир вақтнинг ўзида унинг шон-шарафли ўтмиши, сермазмун бугуни ҳамда порлоқ келажаги акс этади.

Қадимий Турон замини – жаҳон цивилизациясининг бешикларидан бўлиб, бой маданий тарихий мероси, ўлмас қадриятлари билан башарият тараққиётига, илм-фан ривожига беқиёс ҳисса қўшиб келган. Миллий байрамлар, урф-одатлар миллатнинг, халқнинг маданий-маърифий савиясини, маънавий қиёфасини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.

Ёз охири, куз боши – бахмал мавсуми байрам ва маросимларга жуда бой бўлган. Халқимизда бу мавсум пишиқчилик, тўқчилик даври дейилган. Ёз охири ва куз бошида боғ сайли, қовун сайли, олма сайли, узум сайли, анор сайли, меҳржон байрами, хазонрезги сайр, хирмон (ҳосил) тўйи каби кўплаб байрам маросим тадбирлари ўтказилган.

Куз қайсидир маънода – сарҳисоб фасли. Бу фаслда баҳор ва ёз давомида қилган меҳнатларимиз ўзининг натижасини кўрсатади. Хирмонларимиз пурвиқор тоғларга менгзаладиган, бозорларимизда ҳар қандай нозик дидли харидорни ҳам оҳанрабодек ўзига тортадиган меваларимиз мўл-кўл бўладиган палла.

Сахий куз ўзининг саҳовати, қут-баракаси ила қуёшли юртимизга кириб келади. Юртдошларимиз йил давомида қилган меҳнатларининг маҳсули ҳосилини йиғиб териб олишга киришади. Хирмонлар пахтага, омборлар дон-дунга, куз неъматларига тўлади.

Ҳозирги кунда куз байрами, кун ва тун тенглиги, анъанавий (эски) “йил ярми” меҳр-шафқат тадбирлари сифатида табиий сайлгоҳларда, маданий боғ, ўйингоҳларда, майдонларда турли кўргазмалар, кўрик-томошалар, мусобақалар каби шакллардан фойдаланиб ўтказилмоқда. Бу байрам – барча қишлоқ хўжалик ходимларининг – боғбону сабзавоткор, ғаллакору пахтакор, соҳибкору пиллакорларнинг йил давомида эришган ғалабаларини, меҳнат мавсумининг якунланишини тантана қиладиган йирик анжуман ҳисобланади.

Халқимиз – ерни қадрлайдиган, деҳқончилигу боғдорчиликни севадиган, ободликни юракка жо қилган эл. Ота-боболарининг йиллар давомида шаклланиб, ўзгармас қоидага айланган тажрибаларини ўрганиш кейинги авлоднинг бурчи саналади. Шу тажрибаларни қунт билан ўрганишга “Меҳржон” байрами кунида айтиладиган эзгу сўзлар ва қилинадиган амаллар туртки бўлади. Зеро, меҳржон байрами мазмун-моҳияти билан киши маънавий оламини бойитиш, тинчликни қадрлаш, бунёдкорликни тарғиб этиш орқали инсон камолотига, башарият тараққиётига хизмат қилади.

Меҳржон — кузги тенг кунликда куз байрами сифатида ўтказилган байрам бўлиб, мил. ав. 1 минг йиллик бошида бундай кузги байрамлар турли жойларда, масалан, Эронда ва бошқа жойларда Меҳржон, кўҳна Хоразмда — Чирируж, Суғдда эса Нимсарда номи билан машҳур бўлган. Ўрта асрларда Меҳржон муҳим байрамлардан бири сифатида нишонланиб келинган. Баъзи мамлакатларда Меҳржон давлатнинг расмий байрами сифатида ўтказилган. Шу мақсадда давлат хазинасидан маблағ ажратилган, совғалар тарқатилган, юртга ош берилган, сайиллар, мусобақалар, томошалар уюштирилган. Меҳржон, қадимги деҳқончилик маданияти билан боғлиқ байрамдир. Совет даври уламолари бу байрамни эскилик сарқити дея қараб, ўтказилишига қаршилик кўрсатишган. Шу боисдан бўлса керак, Меҳржон байрамини нишонлаш аста-секин тўхтаган.

22-23 сентябрь – Кузги тенг-кунлик “Меҳржон” байрами куни қадимдан Турон заминида Наврўз байрами каби асрлар мобайнида нишонланган. Меҳр-оқибат, саҳоват, тинчликсеварлик каби қадриятлар, бунёдкорлик ғоялари қадимдан улуғланиб келинган ҳамда эъзозланган. Халқимиз табиатидаги бағрикенглик, меҳмондўстлик, меҳр-шафқат, саҳоватлик каби гўзал фазилатларнинг завол топмай давом этаётганлиги бежиз эмас. Таъбир жоиз бўлса, меҳр-оқибат қадриятини чуқур илдиз отган улуғвор чинорга қиёслаш ўринлидир. “Меҳржон” байрами мазмун-моҳияти билан киши маънавий оламини бойитиш, тинчлигини қадрлаш, бунёдкорликни тарғиб этиш орқали инсон камолотига, башарият тараққиётига хизмат қилади.

Бу байрам энг қадимги даврда меҳр (қуёш)га сиғиниш одатлари ва куз (ҳосил) маросимлари асосида таҳминан икки, уч минг йиллар муқаддам вужудга келган. Бу анъана ўзида тун билан кун тенглигини, ҳосил йиғиш якунини, қишга тайёргарлик кўриш каби ижтимоий ҳодисаларни акс эттирадиган байрамлардан биридир. Ўзининг атрибутлари билан бошқа жараёнлардан ажралиб туради.

Ўтмишда кузги тенг кунлик ҳам ана шундай тантана билан байрам қилинган. Абу Райҳон Беруний “Осор ул-боқия” асарида “Меҳржон” деб номланган бу байрам ҳақида атрофлича тўхталиб ўтган. Абу Райҳон Беруний сўзи билан айтганда: “Қуёш ва Ой фалакнинг икки кўзи бўлганидек, Наврўз билан Меҳржон ҳам заминнинг икки кўзидир”.

Дарҳақиқат кун ва туннинг тенг келиши наинки табиатда, балки инсон руҳиятида ҳам ўзига хос таъсир кўрсатишини бугун ғарблик мутахассислар ҳам таъкидлашмоқда. Украиналик таниқли руҳшунос, башоратчи Андрей Явнийнинг “Оракул” журналида чоп этилган мақоласида ана шу ҳақда сўз юритилади. Унинг фикрича, кузги тенг кунлик бу худди вақтнинг бир лаҳзага тўхтаб қолиши, ўтган умримиз ва келгусидаги ишларимизни сарҳисоб қилиш учун берилган фурсатни эслатади. Чунки бу кунда коинот чархпалаги ҳам айланишдан бир зум тўхтайди, табиат мувозанати тенглашади, кун ва тун, нур ва зулмат баробарлашади.

Меҳржон байрами Хоразмда “Чири-руж”, Самарқандда “Ним-сарда” каби номларда юритилади. У кузги кун ва тун тенглигини, ҳосил йиғиш якунини, қишга тайёргарлик кўриш каби ҳодисаларни акс эттирувчи байрам. Тарихда 10-15 аср мобайнида Наврўздан сўнгги иккинчи катта байрам ҳисобланган, йил ярми вазифасини ҳам ўтаган. Ўрта асрларда турли байрамларга бўлиниб кетган.

Ҳозирги даврда Меҳржон байрами кузги кун билан тун тенглиги, "йил ярми", меҳр-шафқат тадбирлари сифатида қайтадан тиклана бошлаган миллий анъаналардан ҳисобланади. Унинг таъсирида табиатга нисбатан нафосат туйғуси уйғонади ва фазовий тасаввурлар кўлами кенгаяди.

Сентябр ойининг 22 санасида нишонланадиган бу кунда худди Наврўзи олам сингари кун ва тун тенг бўлади. Тарихи икки минг йилга бориб тақаладиган Меҳржон (Меҳргоҳ) байрамида одамлар бир-бирларига томорқаларию боғ-роғларида етилган мева, сабзавот ва бошқа ҳосиллардан улашишган. Қишлоқ, овулларнинг одамлари бир жойда жам бўлиб, бир-бирларига меҳр улашишган, ўзаро оқибатли бўлишга ундашган. Халқимиз табиатидаги бағрикенглик, меҳмондўстлик, меҳр-шафқат, саховатлилик каби гўзал фазилатларнинг завол топмай давом этишида бу байрамнинг ҳам ҳиссаси катта. Шу боис ҳам Меҳржон юртимизда катта хурсандчилик билан кутиб олинади. Ўзбек халқининг умрбоқий маросим ва удумларидан бири Меҳржон байрами азалдан халқимизга тўкин-сочинлик, фаровонлик, файзу-барака, шукроналик аёми сифатида нишонланиб келинган. Маросимларимизда халқимизга хос бўлган энг яхши фазилатлар, бағрикенглик, тантилик, камқувватларга ёрдам бериш каби чинакам халқчил ва умуминсоний қадриятлар ўз аксини топган.

 

III. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ХАЛҚАРО ВАЛЮТА ЖАМҒАРМАСИНИНГ ФАРМОЙИШ БЕРУВЧИ ДИРЕКТОРИ КРИСТИН ЛАГАРД БАЁНОТИ

Халқаро валюта жамғармасининг фармойиш берувчи директори Кристин Лагард 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувдан сўнг қуйидагича баёнот берди:

"Мен Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашганимдан ғоят мамнунман. Ўзбекистон раҳбарияти кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бу, аввало, яқинда амалга оширилган валютани тартибга солиш тизимидаги ўзгаришларга тегишлидир. Биз иқтисодиётни мустаҳкамлаш, янада кўп иш ўринлари яратиш, барқарор ва комплекс тараққиётга эришишда муҳим аҳамият касб этадиган ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз.

Мен Президент Шавкат Мирзиёевни қўшни мамлакатлар билан минтақавий ҳамкорликни яхшилашга доир ташаббуслари билан қутлайман. Минтақавий ҳамкорлик сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш, самарали минтақавий энергетика тизимини яратиш ва транспортни ривожлантириш каби йирик муаммоларни ҳал қилишда жуда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёни узоқ давом этади ва бу осон кечмайди. Мен иқтисодий ўсишнинг янада юқори суръатларига эришиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш йўлида Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон билан қатъий ҳамкорликка тайёр эканини тасдиқлайман"

 

НЬЮ-ЙОРКДА ДУНЁ МАШВАРАТИ

Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси бўлиб ўтди. Мазкур йирик сиёсий тадбирда БМТ фаолиятини ислоҳ этиш, дунё ҳамжамиятин янги ривожланиш мақсадлари йўлида бирлаштириш, терроризм ва сепаратизм кўринишидаги ҳаракатларга барҳам бериш каби масалалар муҳокама қилинди. БМТ минбарида нутқ сўзлаган АҚШ Президенти Дональд Трамп дунё тинчлиги учун кучли мустақил мамлакатлар коалицияси зарурлигини айтган. “Бу ҳамкорлик ва муваффақият асосидир. Кучли, мустақил миллат мамлакатнинг турли қадриятлар билан ривожланишига имкон яратади. Давлатлар якка ҳолда мавжуд эмас, улар бир-бирини ҳурмат қилган ҳолда елкама-елка иш олиб бориши лозим. Кучли мустақил миллатлардан иборат коалиция – муваффақият омили”, – деган АҚШ раҳбари.

Оқ уй етакчиси ўз нутқида Шимолий Корея масаласига ҳам эътибор қаратган.

“АҚШ ўта сабрли, АҚШ кучли, лекин бизни ўзимизни ҳимоя қилишга ёхуд иттифоқдошларимизни ҳимоялашга мажбур этишса, Шимолий Кореяни тўлалигича йўқ қилиб ташлашдан бошқа чорамиз қолмайди”,– деган АҚШ Президенти. У ўз нутқида БМТнинг барча аъзолари Украинадан тортиб Жанубий Хитой денгизигача бўлган давлатлар суверенитетини ҳимоя қилишлари лозим, деб айтган. “Биз ҳуқуқ, чегара ва маданиятга доир ҳурматни қўллаб-қувватлашимиз ва тинч-тотув ҳамкорликни йўлга қўйишимиз лозим”,– деб таъкидлаган Д.Трамп.

***

Июль ойида 122 та давлат томондан қўллаб-қувватланган Ядро қуролининг тақиқланиши ҳақидаги халқаро келишув БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида имзоланди.

50 дан ортиқ давлат Шимолий Кореянинг ядро ва ракета синовлари сабабли кескинлик авж олган бир пайтда ушбу ҳужжатни имзолади. Ядро қуролига эга бўлмаган давлатлар ва ноҳуқумат ташкилотлари бу келишувни ядро қуролини тўлиқ йўқ қилишдаги муҳим қадам деб аташди. Ушбу келишув уни 50 та давлат ратификация қилгандан 90 кун ўтиб кучга киради. "Бугунги кунда 15 мингга яқин ядро ўқ-дориси мавжуд ва биз бу даҳшатли қуролга бизнинг дунё ва келажагимизга таҳдид қилишига йўл қўя олмаймиз", деб айтган БМТ бош котиби Антониу Гутерреш.

 

ШАНХАЙ ХАЛҚАРО ТАДҚИҚОТЛАР УНИВЕРСИТЕТИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ МИНТАҚАВИЙ СИЁСАТДАГИ РОЛИ ҲАҚИДА

11 сентябрь куни Шанхай халқаро тадқиқотлар университети сайтида "Ўзбекистон минтақавий сиёсатидаги янги динамика - Марказий Осиёда барқарорлик ва тараққиёт омили" номли мақола тақдим этилди. Қуйида унинг мазмуни ҳавола этилади: "2017 йилнинг 5-6 сентябрь кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Қирғизистонда бўлди.

Ўзбекистон – Марказий Осиёдаги энг йирик давлат. Унинг аҳолиси 90-йиллар бошидан буён 20 миллион нафардан 32,5 миллион кишигача ошди, бугун у бутун минтақа аҳолисининг деярли ярмини ташкил қилади. Ўзбекистон 11 йилдан ортиқ вақт давомида иқтисодий ривожланишнинг жадал суръатларини намойиш қилмоқда. 2017-2018 йилларда халқаро молиявий ташкилотлар мамлакат ЯИМнинг 7,4 фоиздан кам бўлмаган даражада ўсишини кутишмоқда. Бошқача айтганда, Марказий Осиё аҳолисининг ярми шундай тезкор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатлари билан "таъминланган". Бундан ташқари, ўзбеклар етакчиси, халқаро муҳокамага қўйиш йўли орқали 2017-2021 йиллар учун Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиб, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларини модернизациялаш, валюта-молиявий, инвестицион ва савдо-иқтисодий жабҳаларда мисли кўрилмаган ислоҳотларни амалга оширмоқда.

 

ҲИНДИСТОН БОШ ВАЗИРИ 30 ЙИЛДА ҚУРИЛГАН ТЎҒОННИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРДИ

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 30 йил давомида қурилган Сардар-Саровар сув тўғонини фойдаланишга топшириш маросимида қатнашди. Ушбу тўғон Гужарот штати ғарбида барпо этилгани айтилган. Тўғоннинг ишга туширилиши маросими Моди 67 ёшга тўлган кунда ўтказилди. Тўғонга биринчи ғиштни Ҳиндистоннинг биринчи бош вазири Жаваҳорлал Неру 1961 йилда қўйганди. Аммо унинг қурилиш ишлари 1987 йилда бошланганди.

Тўғон баландлиги 139 метр, узунлиги — 1,2 километр. Бу дунёда улканлиги бўйича иккинчи тўғон, ундан фақат Вашингтондаги Гранд-Кули тўғони каттароқ.

Тўғоннинг сув ҳажми 5,8 млрд куб метр. У 3та штатга — Гужарот, Мадхья-Прадеш ва Махараштра штатларига электрэнергияси етказиб беради.

 

ИНСОНИЯТ ОЛДИДА ТУРГАН ЭНГ ЖИДДИЙ ХАВФ – БМТ ХУЛОСАСИ

Ядровий қуролни қўллаш хавфи, халқаро терроризм, қуролли тўқнашувларнинг кўпайиши, иқлимнинг ўзгариши ва илмий тараққиётнинг мисли кўрилмаган асоратлари – инсоният олдида турган энг жиддий хавф кўринишлари ҳисобланади. БМТ бош котиби Антониу Гуттериш Бош ассамблеянинг 72-сессиясида ана шундай баёнот билан чиқди. "Биз – халқлар" ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти жиддий чақириқларга йўлиқмоқда",- деди у. "Одамлар азобланмоқда ва ғазабга тўлмоқда. Улар хавфсизлик, тенгсизлик, низоларга доир вазият ёмонлашиб бораётгани, иқлим ўзгараётганини кўришмоқда", - деди Гуттериш. Бош котиб бугунги кунда "дунё қарама-қаршиликларга тўла экан"ини қайд этиб, БМТ билан ҳамкорликда "ишончни қайта тиклаш ва дунёни яхши томонга ўзгартириш" мумкинлигини таъкидлади.

Инсоният учун энг жиддий хавф-хатарлар орасида Гуттериш ядровий таҳдидни биринчи ўринда қайд этди. БМТ бош котибининг таъкидлашича, "ядровий қуролнинг қўлланилишига ақл бовар қилмайди". Шу ўринда у КХДРнинг ракета ва ядровий синовларини кескин қоралади.

"Мен КХДР ва БМТ таркибига кирувчи мамлакатларни Хавфсизлик Кенгаши (ХК) резолюцияларига тўлиқ амал қилишга чақираман", - деди Гуттериш ва ХКга бу масалада бирдамликни сақлаб қолишни сўраб мурожаат қилди.

Таҳдидлар рўйхатининг иккинчи қаторида Гуттериш халқаро терроризмни қайд этди. У 2018 йилда жаҳон ташкилоти шафелигида биринчи марта экстремистларга қарши ихтисослашган идоралар раҳбарлари билан учрашув ўтказишини таъкидлади. Бош котибнинг сўзларига кўра, бу "халқаро терроризмга қарши янги ҳамкорликка асос солиш" имконини беради.

Гуттериш энг жиддий чақириқлар орасида шунингдек турли қуролли тўқнашувларнинг кўпайиш хавфини алоҳида таъкидлади. "Бугунги урушларда ҳеч ким ютмайди. Суриядан Ямангача, Жанубий Судандан Сахелгача, Афғонистон ва бошқа ерларда фақат сиёсий қарорлар билангина тинчликка эришиш мумкин", - деди у.

"Ўзимизни алдашга не ҳожат?! Хаосни юзага келтираётган можароларни ҳал қилмас эканмиз, терроризмнинг илдизини йўқ қила олмаймиз", - деди Гуттериш. У Мьянмадаги вазиятга алоҳида эътибор жалб қилди. "Мьянма ҳукумати ҳарбий операцияларни тўхтатиб, аҳолига ҳеч қандай тўсиқларсиз гуманитар ёрдам кўрсатишни таъминлашлари керак. Шунингдек улар роҳингяларнинг норозилигига эътибор қаратиши лозим, уларнинг мавқеи жуда узоқ вақтлардан буён ноаниқ бўлиб келган", - деди бош котиб. Иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф ҳақида сўзлар экан, Гуттериш ўтган ўн йиллик инсоният тарихидаги энг иссиқ давр бўлганини қайд этди. БМТ бош котибининг сўзларига кўра, жаҳон океани сатҳининг кўтарилиши ва иқлимнинг беқарорлигига таъсир қилувчи бошқа омиллар миллионлаб одамлар ҳаётига хавф солмоқда. Бундан ташқари, Гуттериш кўпгина минтақаларда кузатилаётган табиий офатларга ҳам эътибор қаратди. Шу муносабат билан Антониу Гуттериш жаҳон ҳамжамиятини иқлимга доир Париж келишуви қоидаларига қатъий амал қилишга чақирди.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.