O'zMU » Axborot soatlari » “АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 05-17

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

 

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 05-17

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (24-29 сентябрь кунлари)

 

ТОШКЕНТ – 2017

 

ОТМ Маънавият ва маърифат ишлари бўйича масъуллари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.edu.uz, www.fikr.uz, www.uzmu.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали танишишлари тавсия этилади.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ЎЗБЕКИСТОН ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАРИГА

Қадрли ва муҳтарам устозлар!

Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда устоз деган шарафли номни улуғлаб келаётган юртимиздаги барча инсонларни умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Бугун ушбу қутлуғ айёмни мамлакатимизда кенг нишонлар эканмиз, биринчи навбатда қадрдон мактабимиз, бизга ҳарф ўргатган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз сиймоси кўз олдимизда намоён бўлади. Биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган сизлар каби азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз. Сизларнинг барчангизга ҳеч қачон узиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси билан таъзим қиламиз.

Буюк Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам сизларнинг олижаноб меҳнатингиз ҳақини адо этиб бўлмайди.

Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир мурғак болани ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидоий касб эгаларидир.

Биз бугун замонавий билим ва касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган минг-минглаб фарзандларимиз камолида ўқитувчи ва мураббийларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва сизларнинг бу улуғ хизматингизни юксак қадрлаймиз.

Ҳурматли юртдошлар!

Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўйган ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Ана шу ислоҳотларнинг муваффақияти, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши аввало илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан, бу борада бизнинг дунё миқёсида рақобатдош бўла олишимиз билан узвий боғлиқ, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Айни шу мақсадда ўтган бир йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг бевосита таълим-тарбия соҳасига дахлдор бўлган 74 та фармони, қарор ва фармойиши қабул қилинганини таъкидлаш ўринлидир.

Албатта, соҳа ривожига юксак эътибор натижаси бўлган бу ҳужжатларни ҳаётга самарали жорий қилиш, уларга бамисоли жон бахш этишда биз аввало сиз, азиз ўқитувчи ва мураббийларга, сизларнинг билим ва тажрибангиз, истеъдод ва маҳоратингизга суянамиз.

Бугунги кунда биз замон талаби ва халқимизнинг хоҳиш-иродасидан келиб чиққан ҳолда, таълим тизимида улкан ислоҳотларни амалга оширишга киришдик. Жумладан, умумий ўрта таълим соҳасида 11 йиллик тизимга ўтиш, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини оптималлаштириш, 5 та янги олий таълим муассасаси ва филиаллар ташкил этиш, 16 та университет ва институтда 12 та йўналиш бўйича кечки ва сиртқи бўлимлар очиш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, нодавлат таълим хизмати кўрсатиш, педагог кадрлар ва халқ таълими ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича татбиқ этилаётган, узоқни кўзлаган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини сиз, ҳурматли устоз ва мураббийлар, албатта, ҳаммадан кўра яхши тушунасиз.

Ана шу ишларимизнинг давоми сифатида шу кунларда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб, Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати, “Астрономия ва аэронавтика” боғи ташкил этилаётгани, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда таълим сифатини жаҳон стандартлари даражасига кўтаришга хизмат қилади.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида Америка Қўшма Штатларининг нуфузли Вебстер университетининг филиали очилиши ҳам илм-фан ва таълим соҳасида илғор хорижий тажриба ва инновацияларни жорий этиш йўлида муҳим қадам бўлади.

Айни вақтда биз таълим-тарбия муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, муаллимлар, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, хориждаги етакчи таълим марказлари билан илмий-педагогик ҳамкорликни кучайтириш, ўқув-тарбия жараёнларига замонавий таълим ва ахборот технологияларини, янги ўқув методикаларини жорий этиш бўйича ҳали олдимизда кўплаб долзарб вазифалар турганини яхши англаймиз ва уларнинг ечими устида доимий иш олиб борамиз.

Муҳтарам дўстлар!

Бугунги кунда шиддат билан ўзгариб бораётган ҳаёт олдимизга қўяётган бир-биридан мураккаб ва муҳим масалаларни ҳал қилиш ҳақида ўйлар эканмиз, уларнинг ечими айнан таълим-тарбия билан, ёшларнинг дунёқарашини замонавий билим, юксак маънавият ва маърифат асосида шакллантириш билан боғлиқ эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.

Жумладан, бутун инсониятни ташвишга солаётган терроризм ва экстремизм каби бало-қазоларни бартараф этишда фақат уларнинг оқибатларига қарши курашиш билан чекланмасдан, биринчи навбатда бу таҳдидларни келтириб чиқараётган сабабларга қарши курашиш, ёшларни эзгу инсоний идеаллар руҳида камол топтириш энг асосий вазифага айланмоқда.

Айнан ана шундай ёндашув Ўзбекистон томонидан нуфузли халқаро саммитларда, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг яқинда бўлиб ўтган 72-сессиясида алоҳида таъкидлангани сизларга яхши маълум, албатта.

Бу борада биз илгари сураётган “Жаҳолат ва зўравонликка қарши маърифат билан курашамиз” деган ғоя ва ташаббус халқаро майдонда катта эътибор ва қизиқиш уйғотмоқда ҳамда қўллаб-қувватланмоқда.

Ишончим комил, халқимиз зиёлиларининг илғор вакиллари бўлган сиз, ҳурматли устоз ва мураббийлар мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жамиятимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича олиб бораётган ишларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ҳаётда ўзини оқлаган мактаб, оила ва маҳалла ҳамкорлигига асосланган ижтимоий тизим самарасини оширишда фаол иштирок этиб, барчага ўрнак ва намуна бўласизлар.

Сиз, азизларнинг ана шу эзгу мақсадларга эришиш, инсон ҳар томонлама эркин ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон давлатини барпо этиш, жонажон Ватанимизни янада тараққий эттиришга қаратилган оғир ва машаққатли, шу билан бирга, ғоят шарафли меҳнатингизни муносиб қадрлаш учун биз давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этишга тайёрмиз.

Сизларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА КИРИШ УЧУН НОМЗОДЛАРНИ МАҚСАДЛИ ТАЙЁРЛАШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3151-сон қарорига мувофиқ ҳамда олий таълим муассасаларига кириш учун муносиб номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ўқувчиларнинг тегишли мутахассисликлар бўйича олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттиришлари учун зарур ва етарли бўлган, чуқурлаштирилган назарий ва касбий тайёргарлигини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан мавжуд академик лицейларнинг фаолияти комплекс таҳлил қилинганлиги, моддий-техника базаси хатловдан ўтказилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг:

ўтказилган комплекс таҳлил ва хатлов якунлари бўйича аниқланган ўқув-методик ва моддий-техника базаси замонавий талабларга жавоб бермайдиган, олий таълим муассасаларидан узоқда жойлашган, таълим сифати ва битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари паст бўлган 1-иловада кўрсатилган академик лицейларнинг 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларни қабул қилишни тўхтатиши ва 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб фаолиятини тугатиши тўғрисидаги;

юқори илмий ва педагогик салоҳиятга, етарли моддий-техника базага эга бўлган академик лицейларни 2-иловага мувофиқ олий таълим муассасалари тасарруфига бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

2017/2018 ўқув йилидан бошлаб академик лицейларда ўқиш муддати икки йил этиб белгиланади ва уларга ўқув-методик жиҳатдан раҳбарлик қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади;

академик лицейлардан узоқ жойлашган ҳудудлардан қабул қилинган ўқувчилар белгиланган тартибда ётоқхона ҳамда ота-оналар тўлови ҳисобига (ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида) харажатларни қисман қоплаган ҳолда, имтиёзли озиқ-овқат билан таъминланадилар;

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар қабули тўхтатилаётган академик лицейларнинг 2- ва 3-босқич ўқувчилари мазкур академик лицейларда таълимни амалдаги ўқув дастурлари бўйича белгиланган тартибда якунлайдилар ва уларга давлат намунасидаги академик лицей битирувчиси дипломи берилади;

академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимларини қайта тайёрлаш 
ва малакасини ошириш Олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий марказларида амалга оширилади;

фаолияти тугатиладиган академик лицейларнинг бино ва иншоотлари, ер майдонлари, биринчи навбатда, амалда бириктирилган олий таълим муассасасига, олий таълим муассасасида эҳтиёж мавжуд бўлмаган ҳолларда тегишли туман (шаҳар)лар ҳокимликларига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилади;

академик лицейлар самарали фаолият кўрсатиши, улардаги ўқитиш сифатини таъминлаш ҳамда улар моддий-техника базаси ва юқори малакали ўқитувчилар таркиби билан таъминланганлиги, таълим-тарбия жараёни устидан назорат қилиниши, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши кўрсаткичларини тўлиқ таъминлаш учун шахсий масъулият тегишли олий таълим муассасалари ректорларига юкланади.

4. Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари – Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори М.Холмухамедов:

бир ой муддатда фаолияти тугатиладиган 1-иловадаги академик лицейларнинг бино ва иншоотлари, ер майдонлари ва бошқа барча моддий-техника бойликларини (кейинги ўринларда моддий бойликлар деб аталади) тўлиқ инвентаризациядан ўтказсин ҳамда уларни рўйхат асосида ҳар бир таълим муассасаси кесимида моддий жавобгар шахсларга ўрнатилган тартибда бириктирсин;

моддий жавобгар шахсларнинг ўзларига бириктирилган моддий бойликларни ўрнатилган тартибда топшириш-қабул қилиш далолатномалари асосида расмийлаштирилгунига қадар бут ва соз сақланишини таъминлаш чораларини кўрсин ва улар фаолияти бўйича шахсан масъул этиб белгилансин.

5. Олий таълим муассасалари раҳбариятига олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари (тўлов-контракт асосида ўқитиш учун тушумларнинг фақат тўлов-контракт миқдорининг оширилган қисми) ҳисобидан академик лицейлар учун ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари сотиб олиш ҳамда академик лицейларнинг ўқитувчи ва ўқувчиларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳуқуқи берилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов икки ой муддатда:

Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда академик лицейларга умумтаълим мактабларининг энг билимли, қобилиятли ва иқтидорли ўқувчиларини танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Низомда республиканинг малакали кадрлар етишмовчилиги кузатилаётган ҳудудларидан ўқувчиларни олий таълим муассасаларига киришга мақсадли тайёрлаш учун имтиёзли қабул қилиш, шунингдек, академик лицей битирувчиларининг олий таълим муассасасига кира олмаслиги даражасига мувофиқ (фоиз кўрсаткичларига мос равишда) академик лицейни тасарруфига олган олий таълим муассасаси ректори, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари билан ишлаш бўйича проректори, академик лицей директори ва масъул ходимларига ўрнатилган тартибда жарима қўлланилиши ҳамда уларнинг ойлик маошларидан чегириб қолиниши назарда тутилсин;

академик лицейларнинг ўқув режалари ва ўқув дастурларини қайта кўриб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда академик лицей ўқитувчиларининг етакчи олий таълим муассасаларида малака оширишини самарали тизимини, шу жумладан, хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда ташкил этсин.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази фаолияти тугатиладиган академик лицейларнинг ишдан бўшайдиган ўқитувчиларини ва ходимларини белгиланган тартибда ишга жойлаштириш чораларини кўрсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда “Маориф” соҳасига йўналтирилган маблағлар доирасида ушбу қарор ижросини таъминлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш вазифаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги ПҚ-2738-сон қарорига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти          Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 26 сентябрь

 

ПРЕЗИДЕНТИМИЗ САМАРҚАНДДАГИ ЙИРИК ТАДБИРГА ДОИР ФАРМОЙИШНИ ИМЗОЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси президенти «БМТ шафелигида «Марказий Осиё: бир ўтмиш ва бир келажак, барқарор ривожланиш ва ўзаро фаровонлик учун ҳамкорлик» Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланиш бўйича халқаро конференцияга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги фармойишни имзолади. Фармойиш 2017 йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида «Марказий Осиё: бир ўтмиш ва бир келажак, барқарор ривожланиш ва ўзаро фаровонлик учун ҳамкорлик» Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш муаммолари ва барқарор тараққиёт бўйича Халқаро конференцияга тайёргарлик кўришни таъминлаш ва уни юқори даражада ўтказиш мақсадида имзоланди. Қайд этилишича, Халқаро конференцияда халқаро ташкилотлар раҳбарлари, БМТ ва Европа Иттифоқи раҳбарияти, хорижий давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари, экспертлар жамоатчилиги вакиллари, шунингдек хорижий ахборот агентликлари ва оммавий ахборот воситалари қаторидан 150 дан ортиқ хорижий меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.

 

ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРИ: СУВ ОБЪЕКТЛАРИ МУҲОФАЗАСИ КУЧАЙТИРИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Кейинги вақтларда дарёлар ўзанлари, кўллар, сувни муҳофаза қилиш зоналари, каналлар, коллекторлар ва бошқа сув объектларини тозалаш, шунингдек, уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш (кейинги ўринларда дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш деб юритилади) ишларини ўтказиш кўринишида амалга ошириладиган қум-шағал материалларини назоратсиз қазиб олиш ҳолатлари кўпайди. Ушбу фаолият дарё тубларининг ювилиб кетишига, қирғоқларнинг ўпирилишига сабаб бўлади, бу, ўз навбатида, фавқулодда вазиятлар юзага келиши ҳамда фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мулкига, шунингдек, атроф табиий муҳитга зарар етиши учун шарт-шароит яратмоқда. Фақат 2017 йилнинг ўтган даврида дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларини ноқонуний амалга ошириш бўйича 228 та ҳолат аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича прокуратура органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилган. Юзага келган вазиятнинг салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни кўриш, шунингдек, мазкур соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларини ноқонуний амалга оширишга йўл қўймаслик бўйича комплекс чора-тадбирларни рўёбга чиқариш назарда тутилган. Бундан ташқари, транспорт ва гидротехника инфратузилмаси объектларининг хавфсиз ишлашини таъминлаш соҳасида аниқ вазифалар белгиланди. Хусусан, дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари фақатгина тошқин сувлари ва сел оқимларини ўтказиб юборишнинг имкониятсизлиги билан боғлиқ салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилади.

 

ЎЗБЕКИСТОНДА “ЭЛЕКТРОН ПАРЛАМЕНТ” ДАСТУРИ ШАКЛЛАНТИРИЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган давра суҳбатида ушбу дастурнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинди. Давра суҳбатида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида “Электрон парламент” дастурини ишга туширишдан асосий мақсад парламент ва сайловчилар ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан мақсадли фойдаланиш экани таъкидланди. Ахборот соҳаси экспертлари вакиллик органларининг ахборот инфратузилмасини ривожлантириш парламентнинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти самарадорлигини янада ошириш ҳамда депутатлик фаолиятининг очиқлигини таъминлашга хизмат қилишини қайд этди. Давра суҳбати иштирокчилари эътиборига соҳада норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш чора-тадбирлари, ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмаси, ахборот тизимлари ва ресурсларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш, ахборот-намойиш фаолияти каби қатор инновацион тизимни қамраб олган “Электрон парламент” дастурини жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар лойиҳаси ҳавола этилди.

 

“LEX.UZ” ЭЛЕКТРОН РАСМИЙ МАНБА МАҚОМИГА ЭГА БЎЛДИ

2017 йил 25 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (Lex.uz) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба мақомига эга бўлди. Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 8 февралдаги “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг электрон расмий манбаси фуқаролар учун катта қулайликдир. Зеро, ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган ҳозирги замон шуни тақозо қилади. Аввал фуқароларни ҳуқуқий хабардор қилиш асосан анъанавий оммавий ахборот воситалари орқали қоғоз кўринишида амалга оширилгани ҳуқуқий ахборотнинг ўз вақтида тарқатилишига салбий таъсир кўрсатган. Ундан кенг ва эркин фойдаланишда ҳам муаммолар мавжуд эди.

Lex.uz да қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар жойлаштирилаётганлиги, энг асосийси, базанинг расмий манбалар қаторига киритилгани аҳолига ҳуқуқий ахборот етказиб бериш борасидаги ишларни янада жонлантиради. Ҳозирда ўзбек ва рус тилларидаги 42 мингдан ортиқ ҳужжат жамланган ушбу базадан рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони 60 мингга яқинлашди. Бир кунда ушбу базадан 13 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахс бепул фойдаланмоқда.

Бу базадан нафақат мамлакатимиз фуқаролари, балки АҚШ, Россия, Германия, Испания, Хитой, Норвегия, Франция, Жанубий Корея, Япония ва бошқа давлатларнинг фуқаролари ҳам фойдаланмоқда. Улар мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар ва миллий қонунчилигимиздаги янгиликлар билан тезкор танишиш имкониятига эга бўлаётир. Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг, уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочиларга ва аҳолига ўз вақтида етказиш мақсадида ҳужжат қабул қилинган куниёқ босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмоқда. Вазирликнинг Facebook.com ижтимоий тармоғида ўз саҳифаси очилган бўлиб, расмий веб-сайт билан биргаликда доимий равишда янгиланиб, долзарб маълумотлар қўйилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (Lex.uz) веб-саҳифасининг ҳам ушбу ижтимоий тармоқда саҳифаси очилди. Ҳозирда аҳоли ўртасида кенг тарқалган “Telegram” мессенджерида ҳам Lex.uz саҳифаси жойлаштирилди. Унда янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни автомат равишда етказиш бўйича махсус канал ишга туширилди. Ушбу каналга “Telegram” мессенджеридан t.me/lexuzofficial манзили орқали кириш мумкин. Facebook ижтимоий тармоғида “Адлия билан мулоқот” гуруҳи ҳам ташкил этилди. Бу гуруҳда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича тушунтириш, ушбу масалалар бўйича саволларга Адлия вазирлиги мутахассислари томонидан жавоб берилмоқда.

 

ОЛИЙ ТИББИЙ ТАЪЛИМНИНГ КАСБИЙ ФАНЛАР БЛОКИ КЕНГАЙТИРИЛДИ

Миллий матбуот марказида “Тиббий таълимдаги ислоҳотлар — мамлакатимиз тиббиёт соҳасининг тараққиёт мезонларидан бири” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда таъкидланишича, тиббиёт ходимларини тайёрлаш борасида тўпланган тажрибалар бу соҳани, айниқса, ўқув дастурларини янада такомиллаштириш вақти келганини ҳам кўрсатмоқда. Ўқув соатлари таҳлил қилиб ўрганганилганда, ўқув дастурларидаги мавзуларнинг 15 фоизи ва ҳатто ундан ортиғи қайтарилиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланди. Бундан ташқари, бакалавриат ва магистратура босқичидаги ўқув режа ва дастурларда мутахассисликка оид бўлмаган фанларнинг кўплиги ҳам талабаларнинг ортиқча вақтини олиб, ихтисослик бўйича билим олишига сезиларли таъсир қилиб келаётганди. Яна бир муаммоли ҳолат — таълим жараёнига тиббиёт соҳасидаги замонавий билимларни киритишда вужудга келган қийинчиликлар билан боғлиқ эди. Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан олий тиббий таълимнинг клиникагача бўлган ва клиник фанлар блоклари бўйича ўқув соатлари салмоғи оширилиши, олий тиббий таълим стандартларини қайта кўриб чиқиш белгиланди. Шунга кўра, бакалавриат босқичи учун давлат таълим стандартлари қайта ишлаб чиқилмоқда, яъни касбий фанлар блоки кенгайтирилиб, ижтимоий-иқтисодий фанлар блокини 7 фоизгача қисқартириш, клиникагача ва клиникага оид фанлар учун соатлар ҳажмини 85 фоизгача кўпайтириш назарда тутилган. Аввалги Давлат таълим стандартларида белгиланган ўқув режаларида гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар блоки бўйича ўқув соатлари ҳажми 15-20 фоизгача эди. Асосий мутахассислик бўйича эса 40-50 фоизни ташкил қиларди. Бу ислоҳот олий тиббий таълимнинг биринчи босқичидан бошлаб, бўлажак шифокорнинг соҳага доир билимларини шакллантиришига кенг имкониятлар яратади.

 

АШХОБОД—2017. ЎЗБЕКИСТОН ТУРНИРНИ БЕШИНЧИ ЎРИНДА ЯКУНЛАДИ

Туркманистон пойтахти Ашхободда 17-27 сентябрь кунларида бўлиб ўтган усти ёпиқ иншоотлардаги Осиё Ўйинларида Ўзбекистон вакиллари кутилган натижани кўрсата олмади. Ўзбекистон делегацияси якуний жадвалда Туркманистон, Хитой, Эрон ва Қозоғистон делегацияларидан ортда қолиб, бешинчи ўринни эгаллади. Ўзбекистонлик спортчилар турнирда жами 131 та медаль қўлга киритишди. Бу қўлга 244 та медаль олган Туркманистондан кейин иккинчи кўрсаткич ҳисобланади, лекин Ўзбекистон медаллар сифати (24-33-74) бўйича яхши натижа кўрсата олмади, олтинлар борасида бешинчи натижа қайд этилди.

 

II. МУРАББИЙ САБОҚЛАРИ

 

УСТОЗЛИК ШАРАФИ ВА МАСЪУЛИЯТИ

Устоз – отангдан улуғ деган мақол замирида оламча маъно мужассам. Биз шундай бахтли кунларга етишишимизда фидойилик кўрсатган азиз устозларнинг хизматлари беқиёс. “Ўзбек халқ мақоллари”, 5-синфнинг “Одобнома” китобларида, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” ва бошқа улуғ адиб ҳамда алломаларнинг асарларида ушбу мақол моҳияти теран ёритилган. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоир Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” китобида мазкур мақолни “Устоз – отангдек улуғ” деб бузиб талқин қиладиганлар асосли танқид қилинган. Устозларга бўлган эҳтиром барчага янада кўтаринки руҳ бахш этади.

Ушбу мавзуда адабиётшунос Абдураҳмон Пиримқуловнинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси 2011 йил 21 октябрь сонида ёритилган “Устозлик мақоми” сарлавҳали мақоласида шундай ибратли фикрларни ўқиймиз:

Шарқда, хусусан, биз ўзбекларда устоз мақоми ниҳоятда баланд. Муайян касб, ҳунар ёхуд санъат эгаси ўз соҳасининг сир-асрорларини шу соҳанинг бошқа етакчи, тажрибали билимдонидан ўрганади ва худди шу жойда устоз-шогирдлик муносабати шаклланади.

Илм жабҳасида бу сўз расмий характерга эга. Дейлик, бир фан номзодининг фақат биргина расмий устози бўлади. Халқимиз тилидаги машҳур мақолни эсга олайлик: Устоз отангдан улуғ. Ушбу мақол шаклини бир оз таҳрир билан "отангдек" дейдиган ҳам бўлишди. Бу унча тўғри эмас. Унутмаслик керакки, бу ўринда гап "гап" ҳақида эмас, "мақол" ҳақида кетяпти.

Мақол бу халқ оғзаки ижодининг ўзига хос жанри — адабий ҳодисадир. Адабиёт эса сўзга, фикру мулоҳазага пардоз беради, ошириб гапиришни тақозо қилади. Бинобарин, мақолга сўз санъати мезонларидан келиб чиқиб муносабат билдириш лозим. Мақол таркибидаги "дан"ни "дек" деб ўзгартириш унинг сўз санъатига хос хусусиятини хийла сийқалаштиради. Демоқчиманки, адабий унсур муболағасиз қўлланса, мақолнинг ўзига хос тароватига путур етади. Боз устига мақол моҳияти ота мавқеини пасайтиришни эмас, устозга кўрсатилиши лозим бўлган алоҳида эҳтиромни ўзида мажассамлаштирган.

Мақол моҳиятини англашнинг мураккаб жиҳати йўқ. Бўлмайдиям. Баъзилар дейдики, ота фарзандни дунёга келтирган зот, у кишидан устун бўладиган инсон ҳаётда бўлиши мумкин эмас. Тўғри, бу фикрда жон йўқ эмас. Шу билан бирга, бу шарқона ахлоқ мезонларини ёхуд унинг моҳиятини, шунингдек, эстетик сўз жозибасини идрок этадиганлар фикри эмас. Устозни улуғлаш отага бўлган эҳтиромнинг олий босқичи. Алҳол, ўзгача эмас.

Ҳаётда гоҳо оилавий шароитидан, аниқроғи отасининг ношудлигидан азият чеккан одамлар ҳам учрайди. Уларга шу мақол шаклларини кўрсатсангиз, шубҳасиз, биринчисини — "отангдан улуғ" деган муқобилни танлайди. Бу ерда бошқа парадокс бор. У ўз фикрининг тўғрилигини етарлича англаяпти. Яъни, у масалага ўз ҳаётидан келиб чиқиб муносабат билдиряпти. Шунга қарамай, унинг фикри машҳур мақол моҳиятига тўла мос.

Ҳозир "шогирди" ҳақида оғиз кўпиртириб гапирадиган "устозча"лар кўпайиб бораётгандек. Айниқса, қўшиқчилар ўртасида. Савияли ёки ўзига яраша дунёқарашли мухлисга эга бўлмаган уч-тўрт хонандалар ҳали ўз йўналишига етарлича эга бўлмай туриб, "шогирдларим" дея бонг уриш нақадар одобсизлик эканини билишмайди. Улар шогирдлари ҳақида мақтаниб сўзлашдан олдин, устозлик бурчларини тўлиқ адо этиш ҳақида ўйласалар яхши бўлур эди. Эл орасида машҳур, деган эътироф ҳам рағбат, албатта, аммо бу ҳали устозлик рутбасига эришди дегани эмас. Устозлик мақоми бу тушунчалардан баланд туради. Яхши санъаткор бўлиш эҳтимол осондир. Бироқ устоз санъаткор бўлишнинг ўзига яраша масъулияти бор. Бу фикр изоҳга муҳтож бўлмаса керак.

Нуфузли санъаткоримиз, Ўзбекистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов ўз услуби, йўналишида ижод қилиб, халқ назарига тушаётган бир неча шогирдлари бўлгани ҳолда яқинда берган бир интервюсида: "Менинг шогирдим йўқ, мабодо санъатимдан баҳраманд бўлиб, қўшиқларимни айтиш орқали ўз йўналишини топишга интилаётган хонандалар мени ўзларига устоз билсалар, мен ҳам уларни шогирдим, деб ҳисоблайман", дебди. Ана буни чинакам устоз эътирофи десак, арзийди. Ҳақиқий устоз камтар бўлсин. Талабчанлик, қатъийлик, меҳрибонлик ва бошқа фазилатлар худди шу камтарликдан униб чиқаверади. Алқисса, устоз — отангдан улуғ. Зинҳор ўзгача эмас.

 

III. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

БМТДА ДУНЁДАГИ «ТАЪЛИМ ИНҚИРОЗИ» ҲАҚИДА ҲИСОБОТ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

БМТда ЮНЕСКО Статистика институтининг ҳисоботи тақдим этилди. Унда жаҳондаги «таълим инқирози» ҳақида сўз юритилади. Ҳужжатга кўра, мактаб ёшидаги 600 млн.дан ортиқ болалар математика бўйича бошланғич билимларга эга эмас, шунингдек, ўқишни ҳам билмайдилар. Таъкидланишича, таълим олиш имкониятига эга бўлмаган болаларнинг катта қисми Африка, шунингдек, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, Шимолий Америка ҳамда Европада фақатгина 14 фоиз ёшлар таълимнинг бошланғич даражасига эга эмас. Ҳисоботда кўрсатилишича, бу вазият катта бўлган болалар хавфсиз меҳнат шароитларига эга, кам ҳақ тўланувчи иш «қопқони»га тушиб қолишларига олиб келади.

 

ЎЗБЕКИСТОН ВА АМЕРИКА ИШБИЛАРМОНЛАРИ ҲАМКОРЛИГИНИНГ ЯНГИ ДАВРИ БОШЛАНМОҚДА

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 18-20 сентябрь кунлари Америка Қўшма Штатларига ташрифи, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқига халқаро миқёсда катта қизиқиш билдирилиб, мамлакатимиз ва хорижий экспертлар томонидан юксак баҳоланмоқда. Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, иқтисодий ҳаётидаги ислоҳотлар халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотмоқда. Айниқса, қарийб бир йил қамровида иқтисодий тармоқда амалга оширилган кенг миқёсли чора-тадбирларга халқаро таҳлилчилар ижобий баҳо бермоқда. Жумладан, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада эркинлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, инвесторларга қўшимча қулайлик, имтиёзлар яратиш, валюта сиёсатини либераллаштириш каби қатор иқтисодий ислоҳотлар тараққиёт мезонларига тўла мос келиши таъкидланмоқда. Ўзбекистон – Америка бизнес-форумида бу жиҳатлар ўз самарасини кўрсатди. Халқаро пресс-клуб сессиясида спикерлар фикрича, океан ортида Ўзбекистоннинг серқуёш ва саховатли заминида етиштирилган, сархил ёки қайта ишланган, қуритилган меваларга, миллий ҳунармандлик ва текстиль маҳсулотларига талаб юқори. Бу каби талаб ва таклифларни самарали йўналтириш, икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари манфаатлари ҳамда қизиқишларини муқобиллаштириб бориш, юртимиз тадбиркорлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар экспорт ҳажмини ошириш мақсадида Ўзбекистон – Америка қўшма савдо уйи очилгани ҳам муҳим аҳамиятли воқеа бўлди. Эндиликда Нью-Йорк марказида иш бошлаган мазкур савдо уйи ўзбекистонлик тадбиркорларнинг маҳсулотларини Америка бозорига олиб чиқишда асосий воситачи вазифасини бажаради. АҚШнинг 100 дан ортиқ етакчи компаниялари раҳбарлари, йирик ишбилармон доира вакиллари иштирок этган тадбирда умумий қиймати 2,6 миллард долларга тенг бўлган истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди.

 

ХИТОЙДА ЯРАТИЛГАН РОБОТ-СТОМАТОЛОГ ЎЗИ МУСТАҚИЛ РАВИШДА ИЛК ОПЕРАЦИЯНИ ЎТКАЗДИ

Хитойлик ихтирочилар томондан яратилган робот-стоматолог ишлашни бошлади ва ҳаттоки ўзи мустақил равишда илк операцияни ўтказди. Робот беморга янги тишлар қўйди. Робот учун дастурий таъминот ва роботнинг ўзини яратиш устида 5 йил ишланди, чунки барча эҳтимолий хатоликлар юз беришини истисно қилиш керак эди, ахир бунда беморнинг ҳаёти ва соғлиғи гаровга қўйилган. Робот ўзига қўйилган вазифани ажойиб тарзда уддалаб, янги имплантантлари бор-йўғи 0,2 мм га оғишган ҳолда қўйди. Қисқасини айтганда, у вазифани ўзининг "жонли" ҳамкасбларидан ҳеч ҳам кам бўлмаган даражада уддалади. Роботнинг ишлаши жараёнини малакали жарроҳлар ва бошқа тиббиёт ходимлари кузатиб боришди. Бироқ роботга уларнинг ёрдами керак бўлмади. Бор-йўғи бир соатдан кейин Сиань шаҳрида яшовчи фуқаро янги тишларини кўз-кўз қила олди. Хитойда стоматологлар хизматига эҳтиёжманд одамлар кўпчиликни ташкил қилади, бироқ ҳаммага ҳам мутахассислар етмайди. Ҳозирда тишлар 3D-принтерда босилаётганига қарамай, стоматолог ҳузурига кириш учун барибир узун навбатлар кутишга тўғри келмоқда. Бундай роботлар эса бу муаммони қисман бўлса-да ҳал қилишга ёрдам беради.

 

ДУНЁНИНГ ЭНГ ДИҚҚАТГА САЗОВОР МУЗЕЙЛАРИ

TripAdvisor дунёнинг энг диққатга сазовор 25 музейи рейтингини эълон қилди. Унга кўра, Нью-Йоркдаги Метрополитен музейи (The Metropolitan Museum of Art) - энг яхши музей деб топилди. Рўйхатнинг иккинчи ўрнида Луизианадаги Иккинчи жаҳон уруши миллий музейи номи (The National WWII Museum) қайд этилди. Учинчи ўрин Франция пойтахтидаги Д'Орсай музейи (Musee d'Orsay)га насиб этди. Тўртинчи ўринни Чикаго Санъат институти (The Art Institute of Chicago) эгаллади. Россиянинг шимолий пойтахти ҳисобланган Санкт-Петербургдаги Эрмитаж музейи ва Қишки сарой бешинчи поғонада келган. Нью-Йоркдаги яна бир таниқли музей - Миллий 9/11 Мемориал&Музей (The National 9/11 Memorial & Museum) - олтинчи ўринда қайд этилган. Шунингдек дунёнинг энг яхши музейлари ўнлигидан Мексикадаги Миллий Антропология музейи (National Museum of Anthropology), Грециядаги Акрополис музейи (Acropolis Museum), Испаниядаги Прадо Миллий музейи (Prado National Museum) ва Буюк Британия пойтахтидаги Виктория ва Альберт (V&A - Victoria and Albert Museum) каби музейлар жой олган.

 

МИСРДА КОИНОТ АГЕНТЛИГИ ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА

Мисрда миллий коинот агентлиги ташкил этилмоқда. Тегишли фармонни мамлакат бош вазири Шариф Исмоил имзолади. Ҳужжат кейинги ҳафтада ёзги таътилдан кейин фаолиятини давом эттирадиган парламентга тасдиқ учун берилади. Вазирлар маҳкамаси йиғилиши якунлари бўйича Миср олий таълим ишлари вазири Холид Абдулғаффорнинг маълум қилишича, “Мисрда сунъий йўлдошларни учириш тажрибаси бор”. “Соҳа бўйича агентликнинг ташкил этилиши мамлакат ўзининг коинот технологияларини фаол ривожлантиришида кўмак беради”, деб айтган вазир. Жорий йил июлида 2019 йилда Мисрнинг EgyptSat-A коинот қурилмасини учириш режаси маълум қилинганди. Бу қурилмани Россиянинг “Энергия” ракета-коинот корпорацияси 2015 йилда сафдан чиққан EgyptSat-2 сунъий йўлдоши ўрнига яратади. Йўлдош такомиллашган оптик-электрон тизим ва борт бошқарув мажмуаси, юқори тезликдаги борт радиолинияси ва модернизациялашган қуёш батареяларини олади. EgyptSat-2 2014 йил 16 апрелда Бойқўнғир космодромидан “Союз-У” ракета-ташувчиси ёрдамида учирилган. Ундан аввалги EgyptSat-1 Украинанинг “Южное” кнструкторлик бюроси томондан яратилган бўлиб, 2007 йилда ”Днепр” ракетаси ёрдамида орбитага етказилган. 2010 йил июлда сунъий йўлдош билан алоқа йўқолган.

 

IV. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 

ТАЛАБАЛИККА БАҒИШЛОВ

Инсон умрининг энг унутилмас онлари талабалик даврига тўғри келади, деган фикр замирида улкан маъно мужассам. Атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг машҳур “Уч илдиз” романи асосий ғояси: инсон талабалик даврида ҳаётга учта маънавий илдиз отмоғи лозим, яъни, ҳақиқий инсон бўлиш, пухта билим эгаллаш ва севгига садоқат руҳида камол топиш!

Ана шундай бахтга мушарраф бўлган ёшларга ҳавас қилса арзийди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига ўқишга қабул қилинган талабалар учун ҳар йили “Талабаликка бағишлов” деб номланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилиши ўзига хос анъанага айланиб қолган.

Бу йилги тадбир янада кўтаринки руҳда ўтди.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов талабалик бахтига мушарраф бўлишган бахтиёр ёшларга университетнинг рамзий калити, “Талабалик гувоҳномаси” ва “Рейтинг дафтарчаси”ни тантанали равишда топширар экан, уларга аъло баҳога ўқишлари, муносиб инсон бўлиб камолга етишларида муваффақиятлар тилади.

Ўзбекистон Миллий университети билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўртасида талаба-ёшларни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, китобхонлик маданиятини ошириш ишларини ҳамкорликда изчил давом эттириш юзасидан Меморандум имзоланган.

Навбатдаги ана шундай Меморандум Ўзбекистон Маънавият ва маърифат маркази билан ҳам имзоланди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али, республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Қодиров ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир маърузасида, халқ билан самимий мулоқотларида айниқса, ёшларни китоб ўқишга даъват этиши, мамлакатимизда китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган қарорлар, дастурлар қабул қилинаётгани ва уларни изчил амалга ошириш – энг эзгу мақсадларга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг Ватан ва ёшликни тараннум этувчи шеърлари талабаларда катта таассурот қолдирди.

Таниқли санъаткорларнинг дилрабо куй-қўшиқлари даврага янада файз киритди.

 

УСТОЗ ВА МУРАББИЙЛАРГА ЭҲТИРОМ

Ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносибати билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш ўзига хос анъанага айланган.

Бу галги шундай тадбир Ўзбек Миллий академик театрида ўтказилди.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов университет жамоасини қутлуғ сана муносабати билан самимий муборакбод этар экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига” йўллаган табриги барча илм ва маърифат фидойиларига янада кўтаринки руҳ бахш этганини алоҳида таъкидлади.

– Давлатимиз раҳбарининг табригида қайд этилганидек, бугунги кунда шиддат билан ўзгариб бораётган ҳаёт олдимизга қўяётган бир-биридан мураккаб ва муҳим масалаларни ҳал қилиш ҳақида ўйлар эканмиз, уларнинг ечими айнан таълим-тарбия билан, ёшларнинг дунёқарашини замонавий билим, юксак маънавият ва маърифат асосида шакллантириш билан боғлиқ эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз,– деди ЎзМУ ректори.– Жумладан, бутун инсониятни ташвишга солаётган терроризм ва экстремизм каби бало-қазоларни бартараф этишда фақат уларнинг оқибатларига қарши курашиш билан чекланмасдан, биринчи навбатда бу таҳдидларни келтириб чиқараётган сабабларга қарши курашиш, ёшларни эзгу инсоний идеаллар руҳида камол топтириш энг асосий вазифага айланмоқда. Айнан ана шундай ёндашув Ўзбекистон томонидан нуфузли халқаро саммитларда, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг яқинда бўлиб ўтган 72-сессиясида алоҳида таъкидлангани сизларга яхши маълум, албатта. Бу борада биз илгари сураётган “Жаҳолат ва зўравонликка қарши маърифат билан курашамиз” деган ғоя ва ташаббус халқаро майдонда катта эътибор ва қизиқиш уйғотмоқда ҳамда қўллаб-қувватланмоқда.

Бу улуғвор мақсадлар йўлида Миллий университет профессор-ўқитувчилари кўрсатишаётган фидокорона меҳнатлари таҳсинга лойиқдир.

Тадбирда Ўзбекистон халқ артистлари Ёқуб Аҳмедов ва Ёдгор Саъдиев устоз-мураббийларни самимий табриклаб, дил сўзларини изҳор этдилар.

Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 27 сентябрдаги фармонига мувофиқ юртимизда таълим-тарбия тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати, ёшларга илм-фан асосларини ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатишдаги фидойилиги ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийлар орасида ЎзМУ академик ҳамда профессорлари ҳам борлиги ҳамкасбларимизга ғурур бахш этади.

Устозлар байрами муносабати билан ташкил этилган тадбир сўнггида атоқли қорақалпоқ адиби Ўрозбой Абдураҳмоновнинг “Ўжарлар” асари асосида режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Марат Азимов саҳналаштирган комедия намойиш этилди. Шуни айтиш ўринлики, қорақалпоқ ижодкорлари ва санъат усталарининг машҳур “Танк” фильми каби бу комедия ҳам томошабинларда катта таассурот қолдирди.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

 

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.