O'zMU » Axborot soatlari » “АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 06-17

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

 

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 06-17

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (2-7 октябрь кунлари)

 

ТОШКЕНТ – 2017

 

ОТМ Маънавият ва маърифат ишлари бўйича масъуллари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.edu.uz, www.fikr.uz, www.uzmu.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали танишишлари тавсия этилади.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ДЎСТЛИК, АҲИЛ ҚЎШНИЧИЛИК ВА ИШОНЧНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЙЎЛИДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев 2017 йил 5-6 октябрь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди.

Ташриф доирасидаги асосий тадбирлар 5 октябрь куни Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди. Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг давлат раҳбарлари аввал тор доирада, кейин кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди. Мулоқотда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Мамлакатларимиз ҳамкорлиги 1996 йил 24 декабрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома асосида изчил ривожланмоқда. Кейинги бир йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожида янги саҳифа очилди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 5-6 сентябрдаги Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи икки томонлама муносабатларда тарихий воқеа бўлди. Унда савдо-иқтисодиёт, транспорт, энергетика, маданият соҳаларида ва чегаралар масаласида имзоланган ҳужжатлар ўзаро алоқаларни янги босқичга кўтарди.

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоевнинг мамлакатимизга келгани мазкур тарихий ташрифнинг мантиқий давоми сифатида баҳоланди.

Ўзбек ва қирғиз халқлари азалдан бир дарёдан сув ичиб, яқин дўст ва қўшни сифатида яшаб келган. Тарихимиз, маданий ва диний қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимиз муштарак. Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари янада мустаҳкамланди. Ҳукуматлар ва ҳудудлар даражасида делегациялар ташрифлари амалга оширилмоқда ва бу улкан самаралар бераётир. Давлатларимиз халқаро доирада бир-бирини қўллаб-қувватламоқда. БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича томонларнинг позициялари бир-бирига мос ёки яқиндир. Мамлакатларимиз бутун минтақада тинчлик ва хавфсизлик мустаҳкамланишидан манфаатдор. Учрашувда халқаро терроризм, диний экстремизм, наркотикларнинг ноқонуний муомалада бўлиши, трансмиллий уюшган жиноятчилик ҳамда халқаро хавфсизликка таҳдид соладиган бошқа хавф-хатарларга қарши курашишдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Марказий Осиё сув-энергетика ресурсларидан минтақанинг барча давлатлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, оқилона ва комплекс фойдаланиш бўйича икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди. Томонлар мазкур соҳада ўзаро мақбул, узоқ муддатли, барқарор механизмларни ишлаб чиқиш, сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш учун мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказади. Музокараларда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация, энергетика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, маданият ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия бу борада муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар яқинда Ўшда бўлиб ўтган халқаро кўргазмада иштирок этди. Қирғизистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида «Ўзэкспомарказ»да саноат маҳсулотлари кўргазмаси ва бизнес-форум ташкил этилди.

Қирғизистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида ташкил этилган саноат маҳсулотлари кўргазмаси ва бизнес-форумда қарийб 200 миллион долларлик шартномалар имзоланади. Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш кўрсаткичи мавжуд иқтисодий имкониятларга мос эмаслиги, яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 500 миллион долларга етказиш зарурлиги қайд этилди. Саноат кооперациясини йўлга қўйиш ва қўшма корхоналар ташкил этиш вақти келгани таъкидланди. Қирғизистонда қишлоқ хўжалиги техникалари, автомобиллар, автобуслар ва маиший ускуналарни биргаликда йиғиш, қурилиш материаллари, тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқа товарлар ишлаб чиқариб, учинчи давлатларга экспорт қилишга келишиб олинди. Ҳудудлар ва тадбиркорлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар янада ривожлантирилади.

Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон ва Қирғизистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. Ташриф доирасида ўтказилган бизнес-форумда истиқболли келишувларга эришилди. Томонлар ўзаро савдонинг барқарор ўсиш суръатини сақлаган ҳолда, яқин йилларда савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш ва унинг номенклатурасини кенгайтиришга келишиб олди. Бунинг учун саноат кооперациясини йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги техникалари, автомобиллар, автобуслар, маиший ускуналар, қурилиш материаллари, тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқа товарлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш юзасидан ишлар давом эттирилади. Икки мамлакат ишбилармон доиралари делегацияларининг ўзаро ташрифлари ташкил қилинади, қўшма бизнес-форумлар ўтказилади. Икки мамлакат вакилларининг Ўзбекистонда ва Қирғизистонда ўтадиган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этишлари қўллаб-қувватланади. Муҳокамаларда транспорт коммуникациялари соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу икки мамлакатнинг иқтисодий ва транзит имкониятларини ошириши, янги транспорт йўлаклари очиш томонларга бирдек манфаат, қўшимча даромад келтириши таъкидланди. «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўли ва «Андижон – Ўш – Иркештом – Қошғар» автомобиль йўли қатнови бу борада улкан аҳамият касб этади. Маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари ҳам кенг. Шу мақсадда таълим, фан ва техника соҳасида ҳамкорлик, таълим ва илмий муассасалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ривожлантирилмоқда. Бу илмий ва педагогик кадрлар тайёрлаш, тадқиқотчилар, мутахассис ва талабалар алмашинуви, таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш, малака ва илмий даражалар масалалари бўйича ахборот алмашиш учун қулайлик яратади. Ўзбекистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам халқларимизнинг бой тарихий мероси, тили, маданияти, қадриятлари асраб-авайланмоқда. Маданий, ижодий, жамоат ташкилотлари ва уюшмалари ўртасида алоқалар қўллаб-қувватланмоқда. Кейинги вақтларда бўлиб ўтган театр жамоаларининг ижодий сафарлари, адабиёт, санъат ва фан арбоблари ижодига ва фаолиятига бағишланган тадбирлар шундан далолат беради. Шу кунларда Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунлари зўр муваффақият билан ўтказилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан давлат чегаралари бўйича тарихий келишувларга эришилгани, чегарадош ҳудудлараро борди-келди осонлаштирилгани маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлади. Бу истиқболда туризм соҳаси ривожи учун ҳам кенг имкониятлар очади. Ўзбекистонда қирғиз тилида ўқитиладиган, Қирғизистонда дарслар ўзбек тилида ўтиладиган мактаблар фаолият юритмоқда. Ўзбекистон кўмагида Ўш шаҳрида замонавий мактаб бунёд этилмоқда. Олий даражадаги музокаралар якунида Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик, дўстлик, аҳил қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисида декларацияни имзоладилар. Давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат ҳудудлари, вазирлик ва идоралари ўртасидаги ҳамкорликка доир 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Қамбарота ва Косонсой сув омбори бўйича келишиб олди

Ўзбекистон-Қирғизистон музокаралари доирасида қуйидаги икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

1. Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида чегара ҳудудида ишонч чоралари бўйича Битим.

2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Ҳаво транспорти қатновига хизмат кўрсатиш учун жавобгарликни топшириш тўғрисида Битим.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 1996-йил 4-сентябрда имзоланган халқаро автомобил қатнови тўғрисидаги Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Баённома.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилояти Олабуқа туманида Орто-токой (Косонсой) сув омборининг сув ресурсларидан давлатлараро фойдаланиш тўғрисидаги Битим.

5. Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва Қирғизистон Республикаси «Миллий энергетика холдинг компанияси» ОАЖ ўртасида Қамбарота-1 ГЭСини қуриш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум.

6. 2017-2018 йилларда Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига электр энергиясини етказиб бериш тўғрисида Шартнома.

Шунингдек, давлат ташрифининг иккинчи куни ўзаро манфаатдорлик асосида яна бир қатор ҳужжатлар тайёрланди ва қабул қилинди.

 

ҲАР БИР ОИЛАНИ ЭЛЕКТР, ГАЗ ВА СУВ БИЛАН ТАЪМИНЛАНАДИ

2 октябрь куни Шавкат Мирзиёев бошчилигида аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш, кўп қаватли уй-жойлар, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларининг ҳолати таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларини электр ва иссиқлик энергияси, ичимлик суви, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари билан таъминлаш, кўп қаватли уй-жой фондини сақлаш, оқова хизматлари кўрсатиш борасидаги ишлар танқидий таҳлил қилинди. Бу жабҳалардаги ишларни изчил давом эттириш, барча уй-жойлар, мактаб, шифохона ва бошқа ижтимоий объектларнинг куз-қиш мавсумида иссиқ бўлишини таъминлаш юзасидан муҳим вазифалар белгиланиб, зарур кўрсатмалар берилди. Бу борадаги ишларни маҳаллама-маҳалла, уйма-уй амалга ошириш кераклиги қайд этилди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларига уй-жойлар ва ижтимоий-иқтисодий объектларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларини якунлаш, аҳолини электр, иссиқлик, газ, сув ва бошқа ҳаётий зарур воситалар билан узлуксиз таъминлаш, одамларнинг фаровонлиги ва розилигини ошириш бўйича кўрсатма ва топшириқлар берди.

 

БМТНИНГ ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА КЕНГАШИ

МАХСУС МАЪРУЗАЧИСИ ЎЗБЕКИСТОНДА

2017 йилнинг 2 октябрь куни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳидни қабул қилди. Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослаштирилган муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида батафсил сўз юритилди. Учрашувда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши махсус маърузачисининг мандатига кирадиган мавзулар бўйича ҳамкорлик масалаларига асосий эътибор қаратилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳозирда долзарб муаммоларни ҳал қилишга қаратилган диний соҳадаги халқаро ташаббуслари тўғрисида Аҳмад Шаҳидга батафсил маълумот берилди. Суҳбатда ўзаро тушуниш тамойилларига асосланган конструктив мулоқотни давом эттиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги тасдиқланди.

 

ТОШКЕНТДА ЕВРОПА ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ

ВАКОЛАТХОНАСИ ОЧИЛАДИ

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 3 октябрь куни Тошкентда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТTБ)нинг Марказий Осиё ва Россия бўйича бошқарувчи директори Наталья Ханженкова бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон ва ЕТTБ ўртасидаги ҳамкорлик кун тартиби шаклланишини ниҳоясига етказиш истиқболлари ҳамда банкнинг Тошкент шаҳрида ваколатхонасини очилишининг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. ЕТTБнинг Ўзбекистон бўйича 5 йиллик Стратегияси лойиҳаси устидаги ишнинг бориши, шунингдек, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро инвестиция форуми ва «Марказий Осиё халқаро транспорт коридорлари тизимида: стратегик истиқболлар ва татбиқ этилмаган имкониятлар» конференциясида банкнинг иштирок этиши юзасидан фикр алмашилди

 

“ВОДИЛ” ЧЕГАРА ПОСТИДА ҚЎШНИ ДАВЛАТГА БОРИБ-КЕЛИШДАГИ ТЎСИҚЛАР, ОРТИҚЧА РАСМИЯТЧИЛИКЛАР ОЛИБ ТАШЛАНДИ

Дўстлик ва қардошлик туйғулари дилларни дилларга, элларни элларга боғлайди. Фарғона вилояти Фарғона туманидаги “Водил” чегара постида Ўзбекистон Республикаси Фарғона вилояти ҳамда Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти вакилларининг учрашувида бу яққол ўз ифодасини топди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи икки қардош халқнинг дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашда янада кенг имкониятлар яратди. Барча соҳаларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда. Хусусан, мамлакатларимизнинг чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш борасидаги ишлар халқимизни беҳад қувонтирмоқда. Қирғизистон билан 447,4 километрлик чегара ҳудудига эга Фарғона вилояти учун чегара муносабатлари ғоят муҳим стратегик аҳамиятга эга. Сўх ҳамда Фарғона туманларининг Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқлари аҳолиси учун қўшни давлатга борди-келди қилиш бирмунча оғриқли масалага айланиб қолган эди. Президентимизнинг ушбу ташрифи чоғида азалдан ёнма-ён яшаб, бир ариқдан сув ичган, қуда-анда бўлиб кетган, қадрият ва анъаналари, ҳатто орзу-мақсадлари муштарак икки халқнинг аҳиллигига соя ташлаётган муаммоларни ижобий ҳал этишга эришилгани ўзбек-қирғиз халқлари дўстлиги, жипслиги ва ҳамжиҳатлиги йўлидаги муҳим тарихий воқеа бўлди. Икки қардош халқ вакилларининг мазкур учрашуви ҳам катта шодиёнага айланиб кетди. Унда Қирғизистон Республикасидан ташриф буюрган меҳмонлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, мамлакатимизда истиқомат қилаётган қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз, кенг жамоатчилик, ёшлар иштирок этди.

 

2018–2021 ЙИЛЛАРДА ҚУРИЛАДИГАН

«ЁШЛАР» УЙЛАРИ РЕЖАСИ ТАСДИҚЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги ПФ-5106-сон Фармонини бажариш юзасидан, шунингдек, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилаларга узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш йўли билан уларнинг уй-жой ва маиший шароитларини янада яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 сентябрда 753-сонли «Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш билан таъминлашда қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Қарорда қайд этилганидек, дастурлар доирасида узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари беришнинг қуйидаги шартлари белгиланган:

- шаҳарларда кўп квартирали арзон уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш учун — 3 йиллик имтиёзли давр ва дастлабки 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз миқдоридаги фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкаси миқдорида 20 йил муддатга берилади, бунда дастлабки бадал квартира қийматининг 25 фоизини ташкил этади;

- қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш учун — 3 йиллик имтиёзли давр ва дастлабки 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз миқдоридаги фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида 15 йил муддатга берилади, бунда дастлабки бадал қуйидаги миқдорни ташкил этади:

икки, уч қаватли кўп квартирали (2 ва 3 хонали) уйлар ва 2, 3 хонали бир қаватли уйлар учун — 15 фоиз;

икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган уйлар учун — 25 фоиз.

 

“ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИР ЙЎЛЛАРИ” АЖ:

ЯНГИ ЛОЙИҲАЛАР АМАЛГА ОШИРИЛАДИ

Ҳозирги кунда мамлакатимиз темир йўлларининг умумий узунлиги қарийб 7 минг километрни ташкил этади. Истиқлолга эришганимиздан буён 4 минг километрга яқин темир йўл қайта реабилитация қилинди, 2 минг 100 километрга яқин янги пўлат излар ётқизилди, 2 минг 500 километр темир йўл тўлиқ электрлаштирилди. Темир йўл вокзалларини замонавий талаблар асосида қайта қуриш, йўловчиларга халқаро талаблар даражасида хизмат кўрсатиш имконини берадиган замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган даврда мамлакатимизда 10 га яқин янги темир йўл вокзали замон талаблари даражасида қуриб фойдаланишга топширилди. 20 дан зиёд вокзал жаҳон стандартларига мос равишда капитал таъмирланди. Айни пайтда Тошкент шаҳридаги Жанубий вокзални реконструкция қилиш ишлари давом эттирилмоқда. Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг ягона темир йўл тизимини барпо этиш, йўловчи ва юк ташиш ҳажмини ошириш мақсадида кўплаб йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисини пойтахт ва бошқа вилоятлар билан боғлайдиган ва узунлиги 341,6 километр бўлган «Навоий – Учқудуқ – Султонувайстоғ – Нукус» янги темир йўл линияси, лойиҳа доирасида Амударё узра темир йўл ва автомобиль қўшма кўприги, «Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон» янги темир йўл линиялари қуриб фойдаланишга топширилгани шулар жумласидандир. Орттирилган катта тажриба ва янги технологиялар боис темирйўлчилар томонидан Афғонистонда ҳам бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, «Ҳайратон – Мозори Шариф» йўналишида 106 километр пўлат излар ётқизилди. 2010 йилда умумий узунлиги 344 километр бўлган «Тошкент – Самарқанд» линиясида кенг кўламли модернизация ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Натижада 2011 йилдан бошлаб мазкур йўналишда «Afrosiyob» юқори тезликда ҳаракатланувчи замонавий поезд мамлакатимиз аҳолиси ва меҳмонларга халқаро талаб даражасида хизмат кўрсатишни бошлади. Тармоқда амалга оширилган электрлаштириш ишлари натижасида 2015 йил Тошкентдан Қаршига, 2016 йилда эса Тошкентдан Бухорогача ана шундай замонавий поездларнинг мунтазам қатнови йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда Урганчдан Хива шаҳригача бўлган масофада пўлат излар ётқизиш, электрлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа ниҳоясига етгач, ушбу йўналишда ҳам замонавий юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар йўлга қўйилади ва қадимий ўлкага ташриф буюрувчи сайёҳлар учун халқаро талаб даражасида шароитлар яратилади. Фарғона водийсини мамлакатимиз пойтахти билан боғлайдиган умумий узунлиги 123,2 километрлик Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли ва узунлиги 19,2 километрга тенг «Қамчиқ» туннели бунёд этилгани йирик лойиҳалардан бири бўлди. Локомотивлар паркини янгилаш борасида ҳам юксак натижаларга эришилмоқда. Ҳозиргача 50 га яқин замонавий электровоз харид қилинди. Бу эса юк ва йўловчи ташиш ҳажмини янада оширишга имкон яратди. Йўловчи поездлар таркиби тармоқдаги «Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи» акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган сўнгги русумдаги вагонлар билан тўлдириб борилмоқда. Жорий йилнинг ўзида Қўқон – Андижон ҳамда Бекобод – Тошкент йўналишларида ана шундай вагонлардан иборат замонавий электричкаларнинг доимий ҳаракати бошлангани бунга мисол. Узунлиги 355 километрни ташкил этувчи Бухоро-Мискин янги темир йўлининг муддатидан илгари қуриб фойдаланишга топширилган. Бундан ташқари, яқинда Тошкент шаҳрида юқори тезликда ҳаракатланувчи «Afrosiyob» поездларига техник хизмат кўрсатувчи замонавий сервис маркази ҳамда унинг ёнида 300 метрли муҳташам йўл ўтказгич ишга туширилди. Айни кунларда тармоқда бунёдкорлик-қурилиш ишлари жадал давом этмоқда. Турли мураккабликдаги йўллар, кўприклар, эстакадалар бунёд этилмоқда. Хусусан, пойтахтимизнинг Сергели туманини шаҳар маркази билан боғлайдиган олти бекатли, узунлиги 7 километрдан зиёд ер усти, Юнусобод туманида 3 бекатдан иборат ер ости метрополитенини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

 

ПАХТА ТЕРИШ МАШИНАЛАРИ КЎПАЙМОҚДА

Жаҳон банки молиявий кўмагида Қорақалпоғистон Республикасига 195 та пахта териш машинаси етказиб берилган. Осиё тараққиёт банки кўмагида 2000 мингдан ортиқ пахта териш машинасини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Шу билан бирга, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда пахта етиштириш бўйича илғор технологияли замонавий кластерлар ташкил этилади. 2017 йилда қарийб 100 млн доллар миқдорида инвестиция киритилиб, Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи, Чирчиқ қишлоқ хўжалиги агрегат заводи, Урганчдаги заводни модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу йил мана 550 та пахта териш машинаси ишлаб чиқилиб, унинг 500 таси Туркманистонга экспорт қилинди. Келаси йилдан 3000 та пахта териш машинаси ишлаб чиқариш учун ҳаракатлар бугундан бошланди.

 

ЎЗБЕКИСТОН ВА РОССИЯ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

ҲАМКОРЛИГИДАГИ ЎҚУВ МАШҚЛАРИ

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг “Фориш” тоғ-дала ўқув майдонида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Мудофаа вазирликлари қўшинлари бўлинмаларининг махсус тактик-ўқув машқлари бўлиб ўтди. Ўқув машқлари давомида икки давлат ҳарбий хизматчилари қўйилган мақсадга эришди, белгиланган вазифаларни муваффақиятли бажарди. Олинган разведка маълумотларига кўра, режалаштирилган ҳаракатлар давомида шартли душманнинг моддий таъминот базалари, техника воситалари ва тирик кучлари батамом яксон қилиниб, гаровга олинганлар озод қилинди. Ўқув машқларида ноқонуний қуролланган кучлар жойлашган ҳудудда разведка ишларини олиб бориш, уларнинг моддий таъминот, қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларига шикаст етказиш ва йўқ қилиш, гаровга олинганларни озод қилиш ҳамда шартли бузғунчи кучларни батамом яксон қилиш бўйича тегишли усуллари ишлаб чиқилди.

Машғулотларнинг сўнгги кунида икки давлат ҳарбий хизматчилари ўтиш мураккаб бўлган тоғли ҳудудларда ноқонуний қуролланган кучларни йўқ қилиш бўйича аксилтеррор операциясини амалга оширди.

 

II. МУРАББИЙ САБОҚЛАРИ

Бу мавзуда белгиланган тегишли маълумотлар шу пайтгача етказилмади. Ҳурматли раҳбарларимиз рухсат этишса, уни ҳам ўзимиз тайёрлаб жўнатамиз.

 

III. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

АЛМАЗБЕК АТАМБОЕВ ЎЗБЕК-ҚИРҒИЗ ЧЕГАРАСИ

БЎЙИЧА КЕЛИШУВНИ ИМЗОЛАДИ

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ўзбек-қирғиз давлат чегараси тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонунга имзо чекди. Бу шартнома шу йилнинг 5 сентябрь кунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка ташрифи чоғида имзоланганди. 28 сентябрь куни Қирғизистон парламенти ушбу қонунни қабул қилди. Қонун муҳокамаси ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди. Келишувдан мақсад икки давлат чегаралари чизиқларини белгилаб олиш ҳисобланади.

Ҳужжатда умумий чегаранинг 1,170 километрлик қисми тавсифланган.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегараси 1378 километрни ташкил этади.

Қонун расман эълон қилинган муддатдан кучга киради.

 

ҚИРҒИЗИСТОНДА ЎЗБЕКИСТОН МАДАНИЯТИ КУНЛАРИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги маълумотларига кўра, 8 октябрга қадар давом этадиган ушбу тадбирда Ўзбекистон халқ артистлари Муножот Йўлчиева, Зулайҳо Бойхонова, операчиларимиз Самандар Алимов, Женисбек Пиязов, таниқли хонандалар Яҳёбек ва Муҳсинжон Мўминовлар, Алишер Турдиев, Роҳила Рўзимова, Улуғбек Раҳматуллев, Райҳон Ғаниева ва бошқа кўплаб ижрочилар иштирокидаги концертлар, ижодий учрашувлар, маданий мулоқотлар қирғизистонлик томошабинларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Маданият кунлари доирасида юртимиз фоторассомларининг "Ўзбекистон қиёфаси: тарих ва замонавийлик" мавзуcидаги кўргазмаси бўлиб ўтади. Бу каби тадбирлар маданият, санъат соҳасидаги ютуқлар, Ўзбекистоннинг бугунги куни, анъана ва қадриятларини кенг намойиш этиш билан бирга, халқларимиз ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик, маданий-маърифий муносабатлар риштасини тобора мустаҳкамлашдек эзгу мақсадларга хизмат қилади.

 

БИШКЕК ШАҲРИДА ТОШКЕНТ САНОАТ КОРХОНАЛАРИ

КЎРГАЗМАСИ БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан жорий йил 29 сентябрь–1 октябрь кунлари Бишкек шаҳрида Тошкент шаҳри корхоналари салоҳияти намойиш этилган биринчи саноат кўргазмаси ташкил этилди. Қирғизистон пойтахти тадбиркорлари ҳамда аҳолисига Тошкентнинг озиқ-овқат, тўқимачилик, кимё саноати, қурилиш материаллари ва мебель жиҳозлари ишлаб чиқарувчи 100 га яқин корхонаси ўз маҳсулотларини намойиш этди. Кўргазма доирасида соҳага оид турли тақдимотлар, ишбилармонларнинг учрашувлари ўтказилди.

 

ЎЗБЕКИСТОН ВА ТУРКИЯ ИШБИЛАРМОН ДОИРАЛАРИНИНГ

БИЗНЕС-ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Истанбул савдо палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда икки мамлакатнинг иқтисодиёт, инвестиция, савдо-саноат, туризм, қурилиш, энергетика, электротехника қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, кимё, тоғ-кон ва енгил саноати, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва ширкатлари раҳбарлари иштирок этди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 14 май куни Пекинда бўлган “Бир макон, бир йўл” форуми, 10 сентябрь куни Остона шаҳрида ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича саммити доирасида Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон билан учрашувлари, 2016 йил 17-18 ноябрь кунлари Туркия Президентининг мамлакатимизга ташрифи икки томонлама алоқалар ривожида янги саҳифа очди. Бизнес-форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров, Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Башар давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар самарасида Ўзбекистон билан Туркия ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Бугунги кунда Ўзбекистонда Туркия сармояси иштирокида 440 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. 2016 йил ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,2 миллиард долларни ташкил қилган. Шундан қарийб 710 миллион доллари мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорти улушига тўғри келади. Форумда Ўзбекистон Республикасининг “Чет эл инвестициялари тўғрисидаги” қонуни икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда мустаҳкам кафолат бўлиб хизмат қилиши қайд этилди. Меҳмонларга мамлакатимизда инвесторлар учун яратилаётган имкониятлар, хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида фаолият юритиш имкониятлари, таклиф этилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида маълумот берилди.

 

ПУТИН ТРАМП БИЛАН МУНОСАБАТЛАРИ ҲАҚИДА ГАПИРДИ

Россия президенти Владимир Путин «Россия энергетика ҳафталиги» форумида америкаликлар президенти Дональд Трамп билан «амалда ҳеч қандай муносабатларга эга эмаслиги» ҳақида гапирди. «Шахсий алоқалар йўқ. Биз фақат бир марта учрашдик. Телефон орқали бир неча марта турли мавзуларда гаплашдик. Масалан, Сурия масаласида»,— дея қайд этган президент унинг АҚШ раҳбари билан муносабатлари қай тариқа ривожланиши хусусидаги саволга жавобан. У шунингдек, Россия ва АҚШ Сурия мавзусида кўплаб линиялар бўйича ҳамкорлик қилишини қўшимча қилган. «Давлатлар ўртасидаги муносабатлар ҳолатини эса ўзингиз кўриб турибсиз. Улар Қўшма штатларнинг ички сиёсий вазият асирига айланишди. Мен бу ҳақда кўп гапирдим. Алоҳида кучлар Россия-Америка муносабатларидан Американинг ички муаммоларини ҳал этишда фойдаланмоқда. Биз Қўшма штатларнинг ички сиёсатидаги бу жараён якунланишини кутмоқдамиз», — деган Путин. Бироз олдинроқ АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси Томас Пикеринг Трамп Вашингтон ва Москва муносабатлари аҳамиятини жуда яхши билиши ҳақида айтганди. Путин ва Трамп 7 июнь куни Ҳамбургда «Катта йигирматалик» саммити доирасида илк марта учрашишганди.

 

БУТУН РОССИЯ ПАТРИАРХИ: "АМЕРИКА, ЕВРОПА СИЁСАТЧИЛАРИНИ ЎЗБЕКИСТОНГА ЧАҚИРИНГ, ҲЕЧ ҚАЕРДА БУНДАЙ ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ЙЎҚ!"

Бутун Россия ва Москва патриархи Кирилл Ўзбекистонга ташрифидан жуда катта таассурот олди. Рус православ черкови Тошкент епархияси митрополити Викентий 4 октябрь куни Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган "Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг АҚШга тарихий ташрифи якунлари. Бағрикенг Ислом: тинчлик ва эзгулик дини" мавзусидаги сессиясида сўзга чиқар экан, шу ҳақида маълум қилди. Митрополит Викентий патриарх Кириллнинг Ўзбекистонга ташрифи учун Президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди. Унинг сўзларига кўра, патриарх Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб, кўплаб муқаддас даргоҳлар ва обидалар билан танишган. У ислом дини меҳр-муҳаббатни тарғиб қилишини таъкидлади. Оддий халқ орасида бўлган патриарх ўзбек халқининг меҳр-муҳаббатини ҳис қилгани, бу эса бағрикенглик жуда катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Патриарх Кирилл Ўзбекистондаги черков, ибодатхоналар ва турли биноларни кўриб, Ўзбекистонда дин ва эътиқодга бўлган ҳурматга тан берди. "Америка, Европа сиёсатчиларини Ўзбекистонга чақиринг, келиб кўришсин. Бундай бағрикенглик ҳеч қаерда йўқ! Мен бу ерда кўрганларимни ҳамма ерда ва ҳар доим айтаман. Бу ерда одамларнинг самимий меҳр-муҳаббати ва ҳурматини ҳис қилдим", - деди патриарх. Метрополит Викентийнинг таъкидлашича, патриарх Кирилл оддий халқ орасида бўлган, улар билан танишган ва Ўзбекистондаги мавжуд улуғ қадриятларни сақлаб қолишга чақирган. У барча динлар тинчлик ва тотувликка чорлишини таъкидлаган. Шу ўринда патриарх Кирилл Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Биз нохуш асоратлар билан курашишимиз эмас, уларнинг олдини олишимиз керак" деган гапларига алоҳида эътибор қаратган. "Патриарх Кирилл кетиш олдидан шундай ажойиб бир гап айтди: Ўзбекистондан Россияга кетган одамлар у ернинг энг яхши одамлари бўлади, чунки улар тарбияли одамлардир", - дейди митрополит Викентий.

 

ГЕНЕРАЛ-ПОЛКОВНИК: ИШИД ЎРТА ОСИЁГА ТЕРРОРИЗМНИНГ ЯНГИ МОДЕЛИНИ ЭКСПОРТ ҚИЛМОҚДА

ИШИД террорчилик гуруҳи Ўрта Осиёга минтақанинг сиёсий ва маданий ҳолатига мослаштирилган экстремизмнинг янги моделини киритмоқда. Бу ҳақда МДҲ иштирокчи давлатлари Террорчиликка қарши маркази (ТҚМ) раҳбари, генерал-полковник Андрей Новиков "РИА Новости"га берган интервьюсида маълум қилди. "Жанговар ҳаракатлар зонасидан Марказий Осиё мамлакатларига экстремизмнинг янги модели экспорт қилинмоқда. У иштирокчиларининг ўзига хос кўп миллатли таркиби учун мослаштирилган, технологик ва тактик жиҳатдан модернизация қилинган", - деган генерал-полковник ИШИД Сурия ва Ироқдаги ҳарбий муваффақиятсизликлар фонида минтақага қандай кириб келаётгани ҳақида гапириб. Агентлик суҳбатдошининг таъкидлашича, Ўрта Осиёда ИШИДнинг тарқалиши туркий халқларнинг ўзини ўзи идентификация қилиши, анъанавий турмуш тарзини ўзгартириш ва минтақадаги геосиёсий рақобат каби мураккаб ҳодисалар фонида юз бермоқда. Бундан ташқари, Новиковнинг маълум қилишича, ўрта муддатли даврда ИШИДнинг Афғонистондаги стратегик вазифаси кучларни мамлакат шимолига, Ўрта Осиё давлатлари ва Хитой билан чегарага кўчиришдир 

"Афғонистондаги ИШИД фаоллигига қараганда, гуруҳнинг ўрта муддатли стратегик вазифаси мамлакат шимолидаги ўз позициясини Марказий Осиёдаги давлатлар ва Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор тумани ҳудудларига кириш имконияти орқали кенгайтиришдир",- деган у. МДҲ ТҚМ раҳбарининг таъкидлашича, шу тариқа сохта ҳужжатлардан кенг фойдаланувчи “қайтаётганлар” муаммоси яна долзарб аҳамият касб этди.

 

IV. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 

МАТЕМАТИКА ВА ФИЗИКАНИНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН ХАЛҚАРО ИЛМИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Исроилнинг Холон технология институти билан биргаликда «Математика ва физиканинг долзарб масалалари» мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Унда юртимиз олимлари, ёш тадқиқотчилари ва талабалари билан бирга, Исроил, Россия, Қозоғистон, Мексика, Япония каби давлатлардан ҳам математика-физика профессорлари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов, Исроил давлатининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эдуард Шапира ва бошқалар халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, ёшларнинг билим олишга иштиёқини оширишда илм-фан, маданий-маърифий жабҳалардаги алоқалар муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Ўзбекистон Миллий университети жаҳоннинг бир қатор нуфузли олий таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бундай маърифий алоқалар таълим сифатининг юксалиши, ёш олимлар тадқиқотлари самарадорлигининг янада ошишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Исроилнинг Холон технология институти ана шундай ҳамкор илмий муассасалардан. Мазкур даргоҳда аниқ фанлар, математика, илғор технологиялар ва нанотехнологиялар каби илм-фаннинг энг долзарб ва замонавий йўналишлари бўйича изланишлар олиб борилади. Эътиборга молик жиҳати, Ўзбекистонда таҳсил олган бир қатор мутахассислар мазкур институтда муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.

– Математика барча фанларнинг асоси,– дейди Холон технология институти раҳбари Эдуард Якубов.– Бу йўналишда олимларнинг ўзаро ҳамкорлиги мустаҳкамланиши ёшларнинг келгуси тадқиқотлари учун пухта замин яратади. Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқида ёшларга қаратган эътибори, жаҳолатни маърифат билан енгиш юзасидан билдирган фикрлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу конференция ҳам олимлар ҳамкорлиги орқали ёшларнинг илмий изланишларида янги уфқлар очиши шубҳасиз. Ибн Сино, Хоразмий, Форобий каби буюк алломаларни етиштирган бу халқнинг илмий салоҳияти, маданияти, самимияти, бағрикенглиги таҳсинга лойиқ.

– Математика бугунги кунда илм-фаннинг турли жабҳалари, иқтисодиёт, рақамли технологиялар, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, барча-барча жабҳаларда фаол қўлланилмоқда,– дейди Европа Иттифоқи математиклар жамиятининг вице-президенти Армен Сергеев.– Ҳамкорликдаги бундай конференциялар янги-янги изланишларга имкон яратади.

Конференция давомида комплекс таҳлил ва функционал назария, алгебра, амалий математика, ҳисоб геометрияси, математик моделлаштириш, оптика, умумий физика, рақамли тиббиёт фани, биотехнологик физика ва бошқа қўплаб йўналишлар бўйича илмий муҳокамалар ўтказилди. Ўзбекистон ва Исроил олимлари алоқаларини ривожлантириш, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлашнинг долзарб масалалари, ёш олимлар тадқиқотларининг натижалари атрофлича таҳлил этилди. Академик, талабалар алмашинувининг янги истиқболлари белгилаб олинди.

 

ҲОКИМ ТАШАККУРНОМА ЙЎЛЛАДИ

Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Ҳасанович Тўхтаев Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчиларидан бир гуруҳига “Ташаккурнома” йўллади.

Унда қайд этилишича: “Туманнинг ижтимоий-иқтисодий равнақига қўшаётган ҳиссаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштироки учун туман ҳокимлиги томонидан ТАШАККУРНОМА билан тақдирланади”.

“ТАШАККУРНОМА”ларни ЎзМУ Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Давлатбой Жумабоев топширди.

– Камтарона меҳнатимизга шу қадар эътибор қаратилиши бизни янада илҳомлантирди,– дейди ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров.– Шу муносабат билан университетимиз касаба уюшмаси томонидан Қибрай ва Зомин курорт-санаторияларига имтиёзли йўлланмалар берилиши янада маънавий куч бағишлади! Биз, ҳамкасбларимиз Тўлқин Эшбек, Дилфуза Ҳабибуллаева ва бошқа фидойи профессор-ўқитувчилар дарсдан бўш пайтларимизда туманимиз ҳудудида жойлашган маҳаллалар, меҳнат жамоаларида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда янада фаолроқ иштирок этаверамиз. Бугунги глобаллашган замонда халқимиз, айниқса, ёш авлод қалбида она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларни жўш урдириш асл мақсадларимиздан биридир.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

 

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.