O'zMU » Axborot soatlari » “АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 09-17

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

 

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 09-17

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (23-29 октябрь кунлари)

 

ТОШКЕНТ – 2017

 

ОТМ Маънавият ва маърифат ишлари бўйича масъуллари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.uzmu.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали танишишлари тавсия этилади.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ТОШКЕНТ ШАҲРИ АТРОФИДА ЕР УСТИ ХАЛҚА МЕТРО ЛИНИЯСИ ҚУРИЛИШИ БОШЛАНДИ

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мазкур қурилиш билан танишди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан транспорт-коммуникация соҳасини ривожлантириш ва модернизация қилиш, йўловчиларга замонавий транспорт хизмати кўрсатишни кенгайтириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари, пойтахтимизнинг келгуси ривожланиши инобатга олиниб, Тошкент шаҳрида ер усти халқа метро линиясини барпо этиш бўйича ишлар бошланди. Умумий узунлиги 52,1 километрдан иборат мазкур метро йўналишининг 50,5 километри баландлиги 6 метрлик эстакадалар орқали ўтказилади, 1,6 километри ер устида қурилади. 2017-2021 йилларга мўлжалланган лойиҳа беш босқичда амалга оширилади. Дастлабки босқичда Тошкент метрополитенининг "Дўстлик" бекатидан Қўйлиқ бозоригача бўлган қисми қурилади. Узунлиги 11 километр бўлган ушбу қисмда саккизта бекат бунёд этилиши мўлжалланмоқда.

Иккинчи босқич Қўйлиқ бозори билан "Олмазор" бекатини боғлайди. Учинчи босқичда "Олмазор"дан "Беруний" бекатигача бўлган қисм барпо этилади. Кейинги босқичда иншоот "Беруний"дан "Бодомзор" бекатигача қурилади, сўнгги босқичда "Дўстлик" бекатига уланади. Айни пайтда эстакадалар учун монолит усулда бетон устунлар қуйиш ишлари бошланди. Қурилиш “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Кўприк қурилиш трести” унитар корхонаси бунёдкорлари томонидан амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари қурилиш жараёнини кўздан кечирди. Ҳар томонлама қулай, арзон ва хавфсиз бўлган мазкур транспорт тармоғи барпо этилиши пойтахтимиз учун улкан иқтисодий-ижтимоий аҳамиятга эга, деди Шавкат Мирзиёев. Тошкент шаҳрида транспортга бўлган эҳтиёжни таъминлаш, бу масалага оқилона ечим топиш доимий эътибордаги масалалардан. Мазкур лойиҳани амалга оширишда аҳоли учун қулай бўладиган ечимларга таянилди. Натижада метронинг бошқа йўналишлари билан оқилона боғлаш орқали шаҳар транспорти юкламасини енгиллаштиришга олиб келадиган ушбу лойиҳа танланди. Президентимиз аҳолига қулайлик яратиш мақсадида янги замонавий транспорт линиясини 2020 йилгача тўлиқ фойдаланишга топшириш бўйича мутасаддиларга зарур топшириқлар берди.

Давлатимиз раҳбари Яшнобод туманидаги "Ватандош" маҳалла фуқаролар йиғинида тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Тошкент шаҳар туманлари ҳокимлари ва фаоллари билан учрашди. Очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашувда коммунал, йўл-транспорт, таълим, тиббиёт, фан-техника соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ва ечимини кутаётган долзарб масалалар хусусида сўз юритилди. Шавкат Мирзиёев мазкур маҳалладаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дўконида ҳам бўлди ва аҳоли эҳтиёжлари учун зарур маҳсулотлар тури ва нархи билан қизиқди.

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ «АШХОБОД САЙЛГОҲИ»НИ БОРИБ КЎРДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 19-20 май кунлари Туркманистонга ташрифи чоғида Тошкентда Махтумқули номидаги кўча ва унга бағишланган меъморий ёдгорлик очилгани, Ашхобод боғини ташкил этиш бўйича ишлар амалга оширилаётганини қайд этган эди. Давлатимиз раҳбари 28 октябрь куни пойтахтимизнинг Яшнобод туманида қуриб битказилган «Ашхобод сайлгоҳи»ни бориб кўрди. Шавкат Мирзиёев ҳудудларга ташрифи чоғида шаҳар ва қишлоқларимизда яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, инсон саломатлиги ҳамда атроф-муҳит учун фойдали бўлган дарахт ва буталар турини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берган эди. Бундай боғлар бугун юртимизнинг барча ҳудудларида замонавий меъморчилик талаблари асосида бунёд этилиб, мавжудлари реконструкция қилинмоқда. Умумий майдони 10 гектардан ортиқ бўлган ушбу сайлгоҳга кираверишда катта фаввора қурилган. Боғдаги хушманзара дарахтлар, замонавий ўриндиқлар ва бошқа қулайликлар киши кайфиятини чоғ қилиб, атроф-муҳитга сўлимлик бахш этади.

Президентимиз сайлгоҳ атрофи, унга туташ ҳудудларни янада ободонлаштириш бўйича топшириқлар берди.

 

КЎПРИКСОЗЛИК ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Кичик халқа йўли ва Фарғона йўли кўчалари кесишган жойда қурилган йўл ўтказгични бориб кўрди. Илгари пойтахтимизнинг марказидан Фарғона йўлига чиқиш ёки аксинча бу йўлдан марказга келиш учун транспорт воситалари ортиқча бир неча километр юришга мажбур бўларди. Давлатимиз раҳбари 25 март куни бу ерда бўлиб, йўл ўтказгични реконструкция қилиш ва унинг бир қисмини янгидан қуриш бўйича топшириқлар берган эди. Яқинда ушбу кўприкнинг фойдаланишга топширилгани ҳайдовчиларга катта қулайлик яратди, ҳаракат хавфсизлигини таъминлади. Йўл ўтказгичнинг эни 30, узунлиги 346 метр бўлган қисми реконструкция қилинди. Эни 22, узунлиги 281 метр бўлган қисми янгидан барпо этилди. Икки томонида пиёдалар йўлакчалари қурилди. Президентимиз ушбу йўл ўтказгич одамларга қанчалик манзур бўлгани, транспорт ҳаракати ва хавфсизлигига қандай таъсир кўрсатгани билан қизиқди. Бундай кўприкларни пойтахтимизнинг бошқа жойларида ҳам қуриш, бунда аввало, хавфсизлик талабларига риоя этиш зарурлигини таъкидлади. Кўприк атрофини ободонлаштириш, пойтахтимиз қиёфасига мос замонавий бинолар қуриш бўйича кўрсатмалар берди. Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтида кўприксозлик бўйича кадрлар тайёрлаш масаласига эътибор қаратилди.

 

TASHKENT CITY ЯНГИЛАНАЁТГАН ТОШКЕНТНИНГ ЗАМОНАВИЙ МАРКАЗИ БЎЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 октябрь куни ушбу марказ лойиҳаси билан танишди. Tashkent City халқаро бизнес маркази бўлади. Мазкур замонавий комплекс пойтахтимизнинг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғидаги 80 гектар ҳудудда барпо этилади. Лойиҳага мувофиқ Tashkent Cityда бизнес марказлар, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар, конгресс-хол, кўргазма заллари, кўп қаватли замонавий уйлар, ресторанлар, сунъий кўл, фавворалар, ижтимоий ва бошқа объектлар қурилади. Бу ҳақда 2017 йил 28 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳрининг марказий қисмини ободонлаштириш ва архитектуравий қиёфасини янада яхшилаш ҳамда аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Мазкур ҳужжат асосида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Tashkent Сity халқаро бизнес маркази ҳудудидаги объектларни қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича дирекция тузилган. Ҳозирги кунда ҳудудни қурилишга тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда. Марказни лойиҳалаштириш ва қуришга мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг етакчи лойиҳа институтлари, чет эллик инвесторлар жалб этилмоқда. Президентимиз қурилиш участкасида ушбу замонавий марказ лойиҳалари ва режалари билан танишди. Буюртмачи ва қурувчилар олдида турган вазифалар, ташкилий ва молиявий масалаларни жойида муҳокама қилди. Лойиҳаларни такомиллаштириш, қурилишни тезлаштириш бўйича топшириқлар берди.

 

ЎЗБЕКИСТОН – ТУРКИЯ: ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг таклифига биноан 2017 йил 25 октябрь куни давлат ташрифи билан Туркияга келди. Икки мамлакат давлат байроқлари билан безатилган Эсонбуға халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Туркия Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Бекир Боздағ ва бошқа расмий кишилар кутиб олди. Шавкат Мирзиёев Аниткабир ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Туркия Республикасининг биринчи Президенти Мустафо Камол Отатурк хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Ташрифнинг асосий тадбирлари Туркия Республикаси Президенти саройида бўлиб ўтди. Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон тор доирада учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди. Туркия Республикаси Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган. 1996 йилда мамлакатларимиз ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланган. Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлиги икки томон учун ҳам манфаатли. Мамлакатимизнинг бозори, тобора эркинлашаётган иқтисодиёти, қулай инвестициявий муҳити Туркияни қизиқтиради. Ушбу мамлакатнинг ривожланган саноати, транспорт коммуникациялари, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги ва туризм салоҳияти Ўзбекистонга фойда келтиради.

2016 йил ноябрда Президент Режеп Таййип Эрдўғоннинг мамлакатимизга ташрифи Туркия Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини намоён этди. Давлат раҳбарлари жорий йил 14 май куни Пекинда ўтган “Бир макон, бир йўл” форуми, 10 сентябрь куни Остона шаҳрида бўлган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича саммити доирасида музокаралар ўтказди. Шунингдек, сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида учрашди.

Мамлакатларимиз ўртасида турли даражадаги ўзаро ташрифлар фаоллашди. Жорий йилнинг ўзида Туркия Республикаси Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири, миллий мудофаа вазири бошчилигидаги делегациялар Ўзбекистонда, мамлакатимиз Бош вазири ўринбосарлари, мудофаа вазири раҳбарлигидаги делегациялар Туркияда бўлди. Қатор қўшма тадбир ва форумлар ўтказилди. 25 май куни пойтахтимизда бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Туркия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси, 30 сентябрь Тошкентда ва 6 октябрь кунлари Истанбулда ўтган бизнес-форумларда ҳамкорликнинг кўплаб истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.

Президентлар мулоқотни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар. Музокарада савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм, илм-фан ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Туркия Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан биридир. 2016 йилда ўзаро савдо ҳажми 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Жорий йилнинг тўққиз ойида товар айирбошлаш ҳажми 29 фоизга ошди. Мамлакатимизда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компанияси фаолият юритмоқда. Шу йилнинг ўзида юртимизда ушбу мамлакат сармояси иштирокида 20 дан ортиқ корхона ташкил этилди, 53 компаниянинг ваколатхоналари аккредитация қилинди. Музокарада ўзаро ҳамкорликда ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги, ушбу ташриф икки мамлакат вазирлик ва идоралари, ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар ривожига янги суръат бахш этиши таъкидланди. Икки мамлакатда харидоргир бўлган юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни етказиб бериш ва узоқ муддатли инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш орқали ўзаро савдо ҳажмини муттасил ошириб бориш ва диверсификация қилиш бўйича якдил фикр билдирилди. Хусусан, Ўзбекистон кенг турдаги саноат маҳсулотлари, трансформаторлар, кабель ўтказгичлар ва бошқа электротехника товарлари, полимерлар, мис ва мис маҳсулотлари, минерал ўғитлар, ип-калава, мева-сабзавот, қайта ишланган озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилиши мумкин. Шу мақсадда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Туркия ҳукуматлараро комиссияси мажлисларини мунтазам йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди. Ўзбекистонда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, энг аввало, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида минерал ва хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш рағбатлантирилади. Энергетика ва фойдали қазилмалар, жумладан, қайта тикланадиган энергия, энергияни тежаш ва углеводородлар соҳаларида ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш ҳамда тажриба алмашиш қўллаб-қувватланди. Транспорт ва логистика масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатларимизни бир-бири билан боғлайдиган транспорт йўлакларини кенгайтириш савдо-иқтисодий алоқалар ривожида муҳим омил бўлиши қайд этилди. Икки мамлакат ҳудуди орқали ўтувчи халқаро транспорт йўлакларининг рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини ошириш мақсадида транзит тарифларини мақбуллаштириш ва преференциялар тақдим қилишга келишиб олинди.

Давлат раҳбарлари Самарқанд ва Истанбул шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйиш бўйича эришилган келишувни мамнуният билан қайд этиб, фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш, мунтазам парвозлар сонини ошириш ва янги парвозларни йўлга қўйиш тарафдори эканликларини тасдиқладилар. Ўзбекистон ҳам, Туркия ҳам туризм соҳасида улкан имкониятларга эга. Бу салоҳиятдан тўла фойдаланиш, сайёҳлар алмашинувини ошириш улкан иқтисодий самара беради. Президентимизнинг яқинда қабул қилинган Туркия Республикаси фуқаролари учун виза тартибини соддалаштиришга оид қарори бу борада муҳим қадам бўлди. Қарор асосида тадбиркорлик ва сайёҳлик мақсадида Ўзбекистонга боришни истаган Туркия фуқаролари учун визалар тез ва осон тақдим этилади.

Соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим соҳаларида, етакчи тадқиқот марказлари ўртасида тажриба алмашиш ҳамда профессионал кадрлар тайёрлаш борасидаги ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича томонларнинг позициялари бир-бирига ўхшаш ёки яқиндир. Президентлар минтақавий ва халқаро даражада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш истагида эканликларини таъкидлаб, кўп томонлама тузилмалар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга интилишларини билдирдилар. Томонлар халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, наркотикларнинг ноқонуний муомаласи, трансмиллий уюшган жиноятчилик, шунингдек, бошқа таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда икки томонлама ва кўп томонлама тузилмалар доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар. Ўрмон хўжалигини ривожлантириш, сув ресурсларини самарали бошқариш, тупроқ деградацияси ва чўлланишга қарши курашиш борасида тажриба алмашишга тайёр эканликларини билдирдилар. Фан, таълим, маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Туркия Ўзбекистонда буюк алломалар меросини ўрганиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга қаратилган ташаббуслар ва амалий ишларни юқори баҳолайди. Самарқандда бунёд этилаётган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкентда ташкил қилинаётган Ислом цивилизацияси маркази бу борада улкан аҳамият касб этади. Олимлар ва илмий марказлар ўртасидаги алоқалар, маънавий ва маданий меросни биргаликда ўрганишга қаратилган лойиҳалар халқларимиз дўстлигини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшади. Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларига доир 20 дан зиёд ҳужжат имзоланди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Режеп Таййип Эрдўғон давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини имзоладилар. Шунингдек, савдо, саноат, банк-молия, инвестиция, туризм, юк ташиш, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш, мудофаа ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Режеп Таййип Эрдўғон музокаралар ўзаро англашув ва ҳурмат руҳида ўтганини, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси билан Туркия Республикаси ўртасидаги узоқ истиқболли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯСИ ҲУКУМАТИ РАИСИНИНГ ЎРИНБОСАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг топшириғига биноан мамлакатимизга ташриф буюрган Россия Федерацияси Ҳукумати раисининг ўринбосари Дмитрий Рогозинни қабул қилди. Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, олий ва юксак даражадаги мунтазам ва самарали мулоқотлар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари мустаҳкамланишига, шунингдек, уларни аниқ амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилаётганини чуқур мамнуният билан қайд этди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил апрель ойида Россия Федерациясига давлат ташрифи, шунингдек, икки давлат раҳбарларининг 10 октябрь куни Сочи шаҳрида МДҲ саммити доирасида ўтган учрашувлари мамлакатларимиз ўртасида узоқ истиқболга мўлжалланган ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаргани алоҳида таъкидланди.

Бугунги кунда савдо ҳажми барқарор суръатларда ўсиб бормоқда, Россиянинг етакчи компания ва банклари билан ҳамкорликда Ўзбекистон иқтисодиётининг нефть-газ мажмуаси, металлургия, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика ва бошқа тармоқларида йирик сармоявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Минтақалар ўртасида ва бизнес соҳасида ўзаро ҳамкорлик янада фаоллашди. Самарали маданий-гуманитар алмашув кенгайиб бормоқда. Учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамда ҳарбий-техник ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишув ва битимларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Мамлакатларимиз етакчи корхона ва компаниялари ўртасида истиқболли қўшма дастур ва инновация лойиҳаларини жадал ривожлантиришга қаратилган саноат кооперациясини мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди. Дмитрий Рогозин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Ҳукумат раиси Дмитрий Медведевнинг самимий ва эзгу тилакларини етказди. Россия Ҳукумати раиси ўринбосари Россия Федерацияси Ўзбекистон билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳидаги кенг кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр ва бундан манфаатдор эканини таъкидлади.

 

ЕВРОПА ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВГА НОМА ЙЎЛЛАДИ

Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабарти Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади. Мактуб матни қуйидагича:

Муҳтарам Президент жаноблари!

Кеча Европа тикланиш ва тараққиёт банки Директорлар кенгаши Ўзбекистон учун илк икки лойиҳани бир овоздан тасдиқлаганини Сизга маълум қилишдан ғоятда мамнунман. Бу Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичида муҳим воқеа бўлди. Дарҳақиқат, жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида Сиз билан бўлиб ўтган учрашув ва Ўзбекистон ҳукумати билан Англашув меморандуми имзоланганидан сўнг банкимиз вакиллари тезкорлик билан қатор сармоявий лойиҳалар ишлаб чиқишга муваффақ бўлгани мени қувонтиради. Ишончим комилки, бу ЕТТБнинг Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорликдан манфаатдор экани ва банкимиз Сизнинг ташаббусингиз билан амалга оширилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашининг ишончли тасдиғидир. Юқорида зикр этилган икки лойиҳа кичик ва ўрта бизнес, савдони молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон Миллий банкига ажратиладиган 100 миллион доллар қийматидаги кредит линияси, шунингдек, мева шарбати ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Агромир" хусусий компаниясига ажратиладиган 10 миллион долларлик заёмдан иборатдир. Ҳар икки лойиҳа Сиз ва ҳукуматингиз билан келишилган устувор йўналишларга тўла мос келади. Ушбу лойиҳалар банк тармоғи, кичик ва ўрта тадбиркорлик, агробизнесни мустаҳкамлаш орқали мамлакат иқтисодий тараққиётига салмоқли ҳисса қўшади. Ҳозирги вақтда мутахассисларимиз молия, қишлоқ хўжалиги ва саноат тармоқларида, шунингдек, жойлардаги инфратузилмани ривожлантириш бўйича кўплаб қўшимча сармоявий лойиҳалар ишлаб чиқмоқда. Биз "Кичик бизнес учун маслаҳатлар" дастурини ҳам ишга туширдик. Ушбу дастур доирасида биринчи лойиҳалар бошлаб юборилган. Бундан ташқари, мамлакатингиз билан Ҳамкорлик стратегиясининг дастлабки ишланмаларини якунлаш арафасидамиз. Стратегия бўйича делегациямиз ЕТТБнинг Ўзбекистондаги узоқ истиқболга мўлжалланган фаолиятининг устувор йўналишларини келишиб олиш учун келаси йил бошида ҳукуматингиз вакиллари билан учрашишига умид қиламиз.

Мамлакатингизда амалга оширилаётган ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор билдиришни истардим. Бу ЕТТБ биринчи вице-президенти Фил Беннетт ва таваккалчиликлар бўйича вице-президент Бетси Нельсоннинг ноябрь ойи бошида Тошкентга бўлажак ташрифи давомида ҳам ўз ифодасини топади. Ушбу ташриф доирасида вакилларимиз ЕТТБнинг Тошкентдаги ваколатхонасини расмий равишда очади, ҳукуматингиз вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказади, шунингдек, 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиёда хавфсизлик ва изчил тараққиёт масалалари бўйича олий даражадаги халқаро конференцияда иштирок этади.

Сўзим охирида Сизнинг раҳнамолигингизда Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорлигимиз ривожланаётгани учун чуқур миннатдорлик изҳор қиламан. Ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш мақсадида келаси йил Ўзбекистонга боришга умид қиламан.

Самимият билан,

Сума Чакрабарти,

Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти

 

ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОЛАРИ ДУНЁНИНГ 54 МАМЛАКАТИГА ВИЗАСИЗ ТАШРИФ БУЮРИШИ МУМКИН

Passport Index маълумотига кўра, Ўзбекистон фуқаролик паспорти билан 54 мамлакатга виза расмийлаштирмасдан ёхуд аэропортнинг ўзида ҳужжатлаштирган ҳолда ташриф буюриш мумкин. Ана шундай имконият билан ташриф буюриш мумкин бўлган давлатлар қаторида Боливия, Барбадос, Эквадор, Эрон, Индонезия, Ливан, Таиланд ва Филиппин каби давлатлар бор. Дунёнинг энг кучли паспортлари рўйхатини Сингапур фуқаролиги бошқариб турибди. Айтиш жоизки, Сингапур паспортига эга киши дунёнинг 159та давлатига имтиёз билан ташриф буюриши мумкин. Иккинчи поғонада Германия, шунингдек, кучли учликни Швеция паспорти якунлаб берган. АҚШ паспорти билан 154та, БАА ҳужжати билан эса 128та мамлакатга визасиз кириш мумкин. МДҲ давлатлари ичида Украинанинг паспорти бошқа давлатларникидан катта устунликка эга, негаки, украинлар жорий йилда эълон қилинган имтиёз бўйича Европа Иттифоқига визасиз ташриф буюриши мумкин бўлди. Бундан ташқари, ушбу рўйхатда Россия 41-ўринда, Қозоғистон 56-ўринда қайд этилган.

 

ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАР ИТТИФОҚИ МАРКАЗИЙ КЕНГАШИ РАИСИ ЁШЛАР БИЛАН ОНЛАЙН МУЛОҚОТ ЎТКАЗДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев ёшлар билан онлайн мулоқот ўтказди. Мамлакатимизда ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан жорий йил 30-июнда ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ёшларнинг чинакам суянчи ва таянчи бўлаётгани таъкидланди. Ёшлар ҳаётига дахлдор, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва орзу-мақсадларини рўёбга чиқаришга қаратилган 14 меъёрий ҳужжат –қонунлар, Президентимиз фармони, қарори ва фармойиши, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ишлаб чиқилди. Жорий йил қарийб 3 минг ёш оила уй-жой билан таъминланди. Кўплаб ёшлар тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Мингдан зиёд ёш тадбиркор имтиёзли кредитлар олди. Ёш тадбиркорлар ва фермерлар билан ишлаш бўйича ташкил қилинган марказлар томонидан уларни қўллаб-қувватлаш, фаолиятини янада ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ёшлар иттифоқи қошида йил охиригача 15 нодавлат нотижорат жамоат ташкилоти фаолият юрита бошлади, йил охиригача уларнинг сони 30 тага етказилади. Ёшлар бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, 5 мингдан ортиқ ёш иш билан таъминланди. Давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифанинг ижроси доирасида уюшмаган ёшлар билан ишлаш бўйича тизим яратилди. Ушбу долзарб масалага бағишлаб ўтказилган илмий-амалий анжуман натижаларига таяниб, уюшмаган ёшларни қизиқтираётган масалалар ижроси бўйича дастурлар ишлаб чиқилди. Чет элларга ўқиш ёки ишлаш учун кетган ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ёшлар иттифоқи масъуллари жорий йил август ойида Хитой Халқ Республикасидаги ўзбекистонлик ёшлар билан учрашди. Уларнинг таклиф-истакларига кўра, Шанхай ва Пекинда Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари ташкил этилди. 30-октябрь – 8-ноябрь кунлари Ёшлар иттифоқи делегацияси Россиянинг Москва, Астрахань, Новосибирск ва Санкт-Петербург шаҳарларида таҳсил олаётган ва меҳнат фаолиятини юритаётган ўзбекистонлик ёшлар билан учрашувлар ўтказади. Президентимиз тавсиясига биноан Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясини ташкил қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 2018-йил 1-январдан бошлаб мазкур ташкилот Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши қошида фаолиятини бошлайди. Янги йилдан бошлаб "Ёшлар овози" газетасини ҳафтада тўрт маротаба чоп этиш йўлга қўйилади. Ижтимоий тармоқдаги fb.com/kuranbayev.k саҳифасида тўғридан-тўғри ўтказилган мулоқотда ёшларнинг муаммо ва хоҳиш-истаклари билан ўртоқлашилди, фикр-мулоҳазалари, таклифлари ўрганилди.

 

САМАРҚАНДДАН ИСТАНБУЛГА ИЛК РЕЙС АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК 29 октябрь кунидан бошлаб, қишки режага асосан парвозларни амалга оширишини маълум қилди. Унга кўра, мақсадли йўналишларда парвозлар сони оширилиб, рейслар географияси «Самарқанд» аэропортида ҳам ривожлантирилиши таъкидланмоқда. Шунингдек, 30 октябрдан бошлаб, Самарқанд-Истанбул-Самарқанд йўналишида доимий парвозлар қатнови режага киритилди. Унга кўра, Airbus А320 ва Boeng 757 ҳаво лайнерида йўловчилар ҳафтанинг ҳар душанба кунида, 16 ноябрдан бошлаб эса пайшанба кунлари ҳам компания хизматидан фойдаланиши мумкин. Бундан ташқари, Амритсарга амалга ошириладиган парвозлар сони ҳафтасига иккита, Сеул томонга ҳафтасига беш марта қилиб кўпайтирилди. Йил сўнгида эса Олмаотага учадиган самолётлар қатнови ҳар куни йўлга қўйилиши режалаштирилган. Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида 2018 йилнинг март ойидан бошлаб, Остона шаҳрига амалга ошириладиган парвозлар сони ҳафтасига 4 марта бўлиши белгиланган. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК дунёнинг 23та давлатига 52 йўналишда парвозларни амалга оширишга шай эканини билдирмоқда.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ТУРКИЯГА ДАВЛАТ ТАШРИФИ ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ НИГОҲИДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга давлат ташрифи хорижий оммавий ахборот воситалари эътиборида бўлди. Журналистлар ва экспертларнинг фикрича, мазкур давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга ва Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги принципиал ўзгаришлардан далолат беради. Давлат ташрифи давомида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, транспорт, логистика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилингани таъкидланган. ТРТ телеканали (trt.net.tr)нинг хабар беришича, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон Тошкент ҳар томонлама стратегик аҳамиятга эга ҳамкор экани, аҳолиси 32 миллион бўлган Ўзбекистон табиий газ захираси бўйича дунёда еттинчи ўринда, уран захираси бўйича тўртинчи, пахта етиштириш бўйича олтинчи ва унинг экспорти бўйича иккинчи ўринда туришини таъкидлаган. Шунга қарамасдан, икки томонлама иқтисодий муносабатлар кўлами кутилган даражада эмас, 2016 йил якунига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,2 миллиард долларни, жорий йилнинг саккиз ойида эса 900 миллион долларни ташкил қилган. Туркия Президенти туркий ва ислом цивилизацияси икки қадимий ўчоғининг маданий яқинлашуви катта аҳамиятга эга эканини қайд этган. Икки давлат идоралари раҳбарларига ўзаро ҳамкорликни юксак даражада ривожлантириш вазифаси топширилгани, Ўзбекистон ҳам яқинлашув учун худди шундай қатъият кўрсатаётганидан мамнун экани, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий институтларининг самарали фаолият юритишига ишонишини таъкидлаган.

Марказий Осиёнинг ca-news.org янгиликлар хизмати Туркия Президентининг давлат раҳбарлари даражасидаги учрашуви 20 йиллик танаффусдан сўнг ташкил этилгани, шу боис ташриф жуда муҳим аҳамиятга эгалиги, делегациялар ўртасидаги музокаралардан аввал Шавкат Мирзиёев билан тор доирада мулоқот қилингани ва у жуда самарали бўлгани ҳақидаги сўзларни келтирган.

Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашувда музокаралар ўзаро англашув ва ҳурмат руҳида ўтгани, имзоланган ҳужжатлар эса икки мамлакат ўртасидаги узоқ истиқболли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

"Миллиет" (milliyet.com.tr) номли турк нашри Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлиб, Анқара ва Тошкент ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этган. «Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимини бажаришга қарийб бир йил олдин киришди. Халқаро кузатувчилар хулосасига кўра, Ўзбекистон сўнгги 10 йил давомида Марказий Осиё ҳамда Евроосиёнинг энг жадал ривожланаётган давлатига айланади, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулоти шиддатли суръатларда ўсади», деди Туркиянинг Каппадокия университети ўқитувчиси, профессор Ҳасан Али Қарасар "Анадўлу" агентлигига берган интервьюсида. Экспертнинг фикрича, икки мамлакатнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳозиргача кутилган даражада эмас, лекин давлат раҳбарлари бунга эришиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Профессор икки мамлакат Президентлари Самарқанд, Пекин, Остона ҳамда Нью-Йоркда бўлган кенг кўламли халқаро тадбирлар доирасида учрашувлар ўтказганини таъкидлаган. Бу эса Туркия ва Ўзбекистоннинг келгусида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият беришини билдиради.

Профессор икки мамлакат ўртасида нафақат ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, балки туризм, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати ва авиация соҳаларида ҳам ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ишлар режаси атрофлича ишлаб чиқилганини қайд этган. «Шунинг учун Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга давлат ташрифи катта аҳамият касб этади, дея оламан. Бу ташрифни тарихий деб ҳисоблаймиз, зеро, у ўзаро муносабатларнинг келгуси 5-10 йиллик истиқболларини белгилаб берди», деган Ҳасан Али Қарасар.

365info.kz ахборот-таҳлил портали Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга давлат ташрифи ҳамда музокаралар якунида имзоланган шартномалар ҳар икки мамлакат иқтисодий ривожига жиддий таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайди. Сайт таҳлилчиларининг фикрига кўра, Тошкент ва Анқара учун иқтисодий ҳамкорлик масаласи биринчи даражали аҳамият касб этади. Туркия Ўзбекистоннинг анъанавий ва муҳим савдо шерикларидан биридир. 2000-2016 йилларда ўзаро савдо ҳажми етти баробар ошган. Икки мамлакат авиакомпаниялари биргаликда парвозлар сони ва ҳудудини мунтазам кенгайтирган ҳолда фаол ҳамкорлик қилишмоқда. Масалан, Самарқанд ва Истанбул шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. Шу муносабат билан Туркиянинг Ўзбекистон бозорига кирадиган сармоядорлари ва компаниялари сафи кенгаймоқда. Интернет нашр Туркиянинг қатор сармоядорлари Ўзбекистонда электротехника, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва фармацевтика соҳалари, қурилиш материаллари саноатида қўшма корхоналар очишга тайёргарлик кўрмоқда, деб ёзган.

Озарбайжоннинг «Янги давр» интернет газетаси (yenicag.ru) Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Анқарада юксак эҳтиром билан олий даражада кутиб олишганига алоҳида эътибор қаратган. Туркия Республикаси Президенти саройида Ўзбекистон раҳбари шарафига фахрий қоровул саф тортган. Икки давлат Президентлари музокараларидан сўнг журналистлар учун брифинг ўтказилди. Экспертлар Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи ғоят самарали бўлганини таъкидлаган. Ўзбекистон раҳбарининг Туркияга давлат ташрифи натижасида икки мамлакат стратегик шерикка айланади, деб ҳисоблаш мумкин.

«Спутник» янгиликлар портали (ru.sputnik-tj.com) Шавкат Мирзиёев ҳали Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи бўлган кезлардаёқ Туркия билан алоқаларни фаоллаштиришга киришганини таъкидлаган. 2016 йил ноябрь ойида Самарқандда Режеп Таййип Эрдўғон билан бўлиб ўтган музокараларда томонлар икки давлат ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқишга келишиб олган. Бундан ташқари, транспорт коммуникацияларининг транзит салоҳиятини ривожлантириш, хусусан, икки давлатни бир-бири билан боғлайдиган тўғридан-тўғри транспорт йўлаги бўладиган "Боку – Ахалкалаки – Қарс" темирйўл линиясига алоҳида эътибор қаратилган.

Ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналиши сифатида туризм қайд этилган. Хусусан, Туркия компаниялари Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларида замонавий меҳмонхона мажмуалари қуриш, шунингдек, сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш ва соҳа учун мутахассислар тайёрлаш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқмоқда. «Ўзметроном» ахборот портали (uzmetronom.com) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркияга давлат ташрифи, Шавкат Мирзиёевнинг қўшни мамлакатлар билан яқинда ўтказган музокаралари каби Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида амалга оширилаётган ўзгаришлардан яна бир далолат беради, деб таъкидлаган.

Икки томонлама сиёсий ва иқтисодий манфаатларнинг холис тамойиллари Ўзбекистон учун ниҳоятда қисқа муддатда нафақат қўшни, балки узоқ хорижий мамлакатлар билан ҳам ўзаро ишончни тиклаш имконини берди. Расмий Тошкент шерикларига барча соҳаларда ўзаро манфаатли асосда, бир-бирларининг манфаатларини ҳурмат қилган ҳолда кенг кўламли ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирмоқда.

 

ЮНИСЕФ ВАКОЛАТХОНАСИ РАҲБАРИ: ЁШЛАРНИНГ ИЖОБИЙ РИВОЖЛАНИШИ ЎЗБЕКИСТОН УЧУН ЖУДА МУҲИМ

Маълумки, 24 октябрь куни БМТ куни нишонланади. Шу муносабат билан ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн бир қатор долзарб саволларга жавоб қайтарди. Яқинда ЮНИСЕФ вакиллари вояга етмаганлар учун колония ва аҳлоқ тузатиш муассасаларига ташриф буюришди. Мазкур ташрифдан мақсад нима эди? ЮНИСЕФ ёпиқ муассасалардаги болаларнинг ҳуқуқлари амалга ошишига қандай ёрдам беради? ЮНИСЕФга Ўзбекистондаги балоғатга етмаган болалар ахлоқ тузатиш муассасаларига биринчи бор кириш имкони берилди. ЮНИСЕФ бу муассасаларга кириш имкони озодликдан маҳрум қилинган болалар ҳуқуқларини янада яхшироқ ҳимоя қилишдаги биринчи қадам бўлади деб умид қилмоқда. ЮНИСЕФ ушбу долзарб масала бўйича ҳукумат билан ҳамкорликни давом еттиришга тайёрдир. ЮНИСЕФнинг ташрифи балоғатга етмаган болаларга нисбатан одил судлов тизимини янада мустаҳкамлаш ва болалар ҳуқуқларини янада яхши ҳимоя қилиш эди. Бунга мамлакатнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитанинг тегишли тавсияларига мувофиқлигини таъминлаш киради. Ушбу муҳим соҳада ҳукумат билан ишлашни давом эттиришга тайёрмиз. Қонун билан зиддиятда бўлган болаларга нисбатан ёндашувни ислоҳ қилиш ЮНИСЕФнинг бутун дунёдаги ҳукуматларга кўрсатаётган ёрдамининг тамал тошидир. Бош прокуратура, Халқ таълими вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигига ана шу ташрифни уюштирганлари учун миннатдорчилик изҳор этамиз. Президент мамлакат равнақида ёшлар иштироки алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади. ЮНИСЕФ бу борада Ҳукумат саъй-ҳаракатларини қандай қўллаб-қуватлаши мумкин?

Аҳолисининг 60 фоизи 30 ёшгача бўлганлар экан, ёшларнинг ижобий ривожланиши Ўзбекистон учун жуда муҳимдир. Ҳозирда болалар ва ёшларга инвестиция қилиш нафақат уларнинг тарихда ҳали бўлмаган меҳнат бозорини ташкил қилиш, балки улар мамлакатнини ривожланишнинг кейинги босқичига олиб чиқишларини таъминлайди. Дарҳақиқат, болалар ва ёшларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш Ўзбекистоннинг тўлиқ салоҳиятини рўёбга чиқариш демакдир. Бу ишда Ёшлар иттифоқи муҳим роль ўйнайди. Биз Ёшлар иттифоқи билан ижобий диалогни бошладик. ЮНИСЕФ Ҳукуматга унинг режаларини амалга ошириш учун ёрдам бера оладиган бир неча соҳаларни белгилаб олдик.

Президент таъкидлаганидек, ёшларнинг мустаҳкам пойдевори болалик даврида қурилади. ЮНИСЕФ болалар ҳуқуқларини амалга оширишда Ҳукуматни фаол қўллаб қувватлайди.  ЮНИСЕФ ҳаётнинг иккинчи ўн йиллиги, ёшликнинг биринчи босқичи бўлган ўсмирликка кўпроқ эътибор бермоқда.

Биз Ўзбекистондаги болаларнинг эҳтиёжларини ўрганиб ва таҳлил қилиб, уларнинг интилишлари, юзма-юз келиши мумкин бўлан жиҳатларни инобатга оламиз. Бу ёшлар ўз салоҳтиятларини тўла амалга оширишлари учун тегишли дастурларни лойиҳалашда муҳимдир.

Шунингдек, биз ёшларининг иш билан бандлиги ва иштирокини янада яхшилаш учун ҳаёт кўникмаларини шакллантиришни истаймиз. Бу ёшлар овози сиёсатни шакллантириш жараёнига киритилишини таъминлаш учун жуда муҳимдир. Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун Ҳукуматга қайси энг муҳим учта тавсияни берган бўлар эдингиз? 2013 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича қўмита томонидан берилган тавсиялар: 2013 йилда Бола ҳуқуқлари қўмитаси бола ҳуқуқлари прогрессив равишда амалга оширилишини таъминлаш учун тавсиялар берган. Ҳукумат мазкур тавсиялардан баъзиларини бажарган бўлса, бошқа баъзилари бўйича ҳали ҳаракат қилиш керак.

Яқинда Бош вазир ўринбосари Нарбаева хоним Бола ҳуқуқлари қўмитаси томонидан берилган тавсияларни кўриб чиқиш ва уларни амалга оширишни тезлаштириш учун Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш ташаббуси билан чиқди. Бу кенгашни тузишнинг ўзи Қўмита тавсияларидан бирини бажаришдир.

Бу тавсияларни бажариш бўйича ҳаракатларни тезлаштириш жуда муҳим, чунки кейинги йилда Ўзбекистон ўз ҳисоботини Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитага тақдим этади.

ЮНИСЕФ ушбу тавсияларни бажариш учун Ҳукумат билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Маълумотлар:

Маълумотларнинг мавжудлиги ва сифати Ўзбекистоннинг ривожланишини баҳолаш ва зарур сиёсий қарорлар қабул қилиш учун жуда муҳимдир. Бола ҳуқуқлари кўрсаткичларини аниқлаш ва халқаро миқёсда таққосланадиган маълумотни тақдим этиш учун мълумотларни тўплаш тизимини мустаҳкамлаш муҳим қадамлардир.

Бу маълумотларнинг халқаро миқёсда таққосланиши зарурати тўғрисидаги Президентнинг кўрсатмасига мос келади. Ҳукумат билан мульти индикаторли кластер тадқиқотлар ва ҳозирда давом этаётган озиқланиш бўйича миллий тадқиқотларга доир Ҳукумат билан ўтказилган муҳокамалар тўғри йўналишда ҳаракат қилишимизнинг яхши намунасидир. ЮНИСЕФ ҳукуматни халқро стандартларга мувофиқ маълумотлар йиғиш ва ҳисобот тизимларида қўллаб- қувватламоқда. Бу мамлакатда асосий кўрсаткичлар бўйича ишончли маълумотларни йиғишга, шунингдек 2017 - 2010 йилларга мўлжалланган Миллий ривожланиш дастурини янада такомиллаштиришга ёрдам беради.

Ижтимоий ҳимоя:

2017 йил 12 сентябрда қабул қилинган 3268-сонли Президент қарори   паст даромадли оилалар ва қийин аҳволдаги оилалар учун ижтимоий нафақаларни қамраб олишни валютани либераллаштириш нуқтаи назаридан сезиларли даражада оширишга қаратилган.

 

Ижтимоий ҳимоя тизими янада самарали бўлиши учун нафақалар барча муҳтож оилаларни қамраб олиши керак. Бундан ташқари, оилаларни камбағалликдан чиқариш ва турли зарбалардан самарали ҳимоя қилиш учун тегишли ижтимоий хизматлар билан интеграциялаш лозим.

ЮНИСЕФ ЎЗбекистондаги ижтимоий ҳимоя тизиминии такомиллаштириш бўйича эксперт хизматларини тақдим этишга тайёр.

Сўнгги вақтда Ҳукумат мактабгача таълим масаласига алоҳида эътибор бермоқда. Бунинг учун хатто янги вазирлик ҳам ташкил этилди. Бу дастур учун қандай тавсияларни бера оласиз?

Ёдда тутишимиз керак бўлган муҳим масалалардан бири шуки, таълим тўғрисидаги қонунга ёш болаларнинг асосий ҳуқуқи сифатида эрта болаликдаги таълим ва ривожланишни киритиш керак. Тегишли ёш гуруҳидаги барча болалар бепул ва мажбурий мактабгача таълимдан камида бир йил фойдаланиш ҳуқуқига эга; бунинг учун Ҳукумат аввало энг муҳтож болаларни биринчи ўринга қўйиши керак. Мактабгача таълимни таъминлаш бир томондан, ота оналарнинг талабини оширишни, иккинчи томондан эса, сифатли хизматлар кўрсатилишини талаб қилади. Ҳозирги кунда сифат ва ушбу хизматларга эга бўлиш имкони эътиборга молик масаладир. Ҳукумат малакали мактабгача тарбия муассасаси ходимларини, болалар учун дўстона мактабларни ва ўқув материалларини таъминлаши керак. Шунингдек, узоқ жойларга эътибор қаратиш лозим. Қонун билан контактда бўлган болалар борасида қандай масалалар бор, ва Ҳукумат бундай болаларни қандай қилиб ҳимоя қила олади? Бола гувоҳ ёки жабрланувчи сифатида қонун билан юзлашар экан, бундай биринчи мулоқот болага сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатади. ЮНИСЕФ 2016 йил 21 октябрда қабул қилинган 4850 сонли адлия тизимини ислоҳ қилиш тўғрисидаги Президент қарорини қутлайди. Ушбу қарорда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор берилгани муҳимдир.

Ўзбекистон болалар учун одил судлов борасида қонунлар ва амалиётларни ишлаб чиқиш борасида муҳим ютуқларга эришган.

ЮНИСЕФ қуйида келтирилган намунавий глобал амалиётларни ҳоирда амалга оширилаётган ислоҳотларга уйғунлаштириш борасида Ҳукумат билан ишламоқда:

• “Боланинг энг яхши манфаатлари” тамойилини миллий қонунчиликка киртиш;

• Адлия жараёнида жабрланган ва гувоҳ болаларни ҳимоялашни кучайтириш. Бунга қуйидагилар киради – боланинг ёнида ота- онаси бўлиши; бепул юридик ёрдам; интервьюларнинг сони ва давомийлигининг чеклангалиги; ва болага дўстона муҳитдаги интервью хоналари;

• Озодликдан маҳрум этишни энг сўнгги чора сифатида қўллаш.

ЮНИСЕФ қонун билан контакда бўлган барча болаларга нисбатан халқаро нормалар ва стандартларни қўллашни таъминлашда Ҳукуматга кўмак кўрсатишга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Ҳукумат ногиронлиги бўлган инсонлар масалаларини ҳал этишга катта эътибор қаратмоқда. Ҳукуматнинг бу борадаги дастурларини янада кучайтириш учун ЮНИСЕФ қандай тавсиялар бериши мумкин?

ЮНИСЕФ Ногиронлар масалалари бўйича давлат дастурига киритиш учун бир нечта тавсияларни берди. Шулардан иккитасини таъкидлашга ижозат берсангиз.

Kўпгина тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ногиронлиги бўлган болалар эрта босқичда, эҳтимол туғилганидан бошлаб, реабилитация қилинса, бунинг самараси 70-80% гача кўтарилиши мумкин. Бу нафақат ногиронликни енгиллаштиради, балки боланинг ижтимоий интеграциясини ҳам таъминлайди. Ўзбекистондаги мавжуд тизим ҳозир ислоҳот қилиняпти, ва ЮНИСЕФ ногиронлиги бўлган болаларга эрта босқичдан бошлаб ҳар томонлама хизматлар кўрсатилишини тавсия қилади.

Психологлар, нутқ мутахассислари, физиологлар ва ижтимоий ходимларнинг роли жуда муҳим. ЮНИСЕФ меъёрий ҳужжатлар ва иш тавсифларини ишлаб чиқишда ҳамда малака оширишда ёрдам беришга тайёр.

Иккинчидан, махсус таълимга эҳтиёжи бўлган боалларнинг кўпчилиги махсус мактабларда ва интернатларда таълим олишади. Бироқ уларнинг баъзилари жуда енгил ногиронликка эга бўлиб, оддий мактабларда осонлик билан ўқиши мумкин. Бундан ташқари, тахминан 7,000 та мактаб ёшидаги ногирон болалар мактаб таълими билан умуман қамраб олинмаган ва ота-оналар улар тўғрисида ғамхўрлик қиладилар.  Ногиронлиги бўлган болаларни мактабгча таълим, мактаб таълими ва касб-ҳунар таълими билан таъминлаш учун тегишли ҳуқуқий қонунчилик базаси зарур.

ЮНИСЕФ инклюзив таълим бўйича сиёсатни таҳлил қилиш ҳамда кейинчалик Инклюзив таълим бўйича миллий ҳаракат дастурини ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлайди.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 

ЎЗМУ РЕКТОРИ ХОРИЖЛИК ТАЛАБАЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ ЎТКАЗДИ

Иқтидорли талабаларимизга ривожланган давлатлардаги олий таълим муассасаларида ўқиш қанчалик мароқли бўлса, хорижлик ёшлар учун ҳам Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олиш шу қадар шарафдир. Айни пайтда ЎзМУ факультетларида Хитой, Россия, Саудия Арабистони, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон каби давлатлардан 24 нафар талаба таҳсил олмоқда. Булардан ташқари вақти-вақти билан Германия, АҚШ, Япония, Жанубий Корея каби ривожланган мамлакатларнинг олий таълим муассасалари билан тузилган шартномалар, меморандумларга биноан талабалар алмашинуви ҳам йўлга қўйилмоқда.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов университетимизда таҳсил олаётган бир гуруҳ талабалар билан ўтказган мулоқотида халқаро илмий ҳамкорликларнинг беқиёс самараси ҳақида сўз юритди.

– Ҳар йили университетимизда бир неча марта халқаро илмий анжуманлар ўтказилади, уларда ўнлаб давлатлардан нуфузли олимлар, профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчилар иштирок этадилар,– деди ЎзМУ ректори.– Ўз навбатида қатор хориж давлатларида ўтказиладиган илмий анжмунларда таниқли академиклардан тортиб ёш тадқиқотчиларимизгача фаол иштирок этмоқда. Бундай анжуманларда илмий маърузалар ўқиш ё тинглаш, фикр алмашиш билан бир қаторда ўша илм аҳли ўртасида ўзаро дўстлик, меҳр ришталари ҳам мустаҳкамланиши қувончли ҳол. Демак, глобаллашув жараёнларида илм аҳлининг дўстлиги, биродарлиги ҳам дунё жамоатчилигига ибрат намунасига айланади. Демоқчиманки, келгусида ана шу илмий ҳамкорликлар, пировардида, дўстлик ришталарини давом эттирасизлар, деб умид қиламиз. Сизлар ўша пайтда наинки ўз юртингиз, шу билан бир қаторда бизнинг кадрларимиз сифатида ҳам фаоллик кўрсатишингизга ишонамиз.

Мулоқот давомида хорижлик талабалар ЎзМУдек нуфузли ўқув даргоҳи талабаси бўлганликлари билан фахрланишлари, бу ерда ўзлари учун яратилган шарт-шароитлар, имкониятлардан мамнун эканликлари, дарслар ва амалий машғулотлар юксак савияда ўтаётгани, айниқса, маънавий-маърифий тадбирлар катта қизиқиш уйғотаётгани, ўзбекистонлик тенгдошлари билан қанчалик қадрдон бўлиб қолаётганлари ҳақида ҳаяжон ила сўзладилар.

– Ҳурматли ректоримиз Аважон Раҳимовичнинг илмий мактаблар фаолияти ҳақида айтган сўзлари бизда катта қизиқиш уйғотди,– деди Хорижий филология факультети рус тили гуруҳида таҳсил олаётган хитойлик талаба Ву Шуай.– Айни пайтда таълим сифатини жаҳон андозаларига мос равишда такомиллаштириб бориш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳам эътиборга молик. Биз бу хайрли ишлар самарасини кўриб, кези келганда ундан баҳраманд бўляпмиз.

ЎзМУда хорижлик талабалар ассоциацияси ташкил этилаётгани ҳақида сўз юритган Авазжон Мараҳимов унинг вазифалари ҳамда истиқболларига алоҳида эътибор қаратди. Бу таклиф хорижлик талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

Суҳбат давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.

 

“МИЛЛАТИМИЗ ИФТИХОРИ” МАВЗУСИДА МАҚОЛАЛАР ТАНЛОВИ БЎЛИБ ЎТДИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан “Миллатимиз ифтихори” мавзусида мақолалар танлови бўлиб ўтди. Ўзбекистон Миллий университети проректори Давлатбой Жумабоев ва бошқалар Шароф Рашидов мамлакатимиз фаровонлигини ошириш йўлида ўзининг фидокорона меҳнати, ибратли ҳаёт йўли, ижтимоий-ижодий фаолияти билан халқимиз қалбидан чуқур жой олганини таъкидлади. Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори Шароф Рашидов ҳаёт йўлини ёшлар томонидан ўрганишда муҳим омил бўлди. Мазкур танловдан кўзланган мақсад Шароф Рашидовнинг Ватанимиз фаровонлиги йўлидаги фидокорона меҳнатлари, фаолияти билан навқирон авлодни яқиндан таништиришдан иборатдир. Иштирокчилар Ш.Рашидов ҳаёти ва фаолиятига доир маълумотлар асосида ёзилган ижодий мақолаларни тақдимот шаклида ҳимоя қилди. Шунингдек, буклетлар, саҳна кўринишлари, тарғибот материаллари ҳам тайёрланганлиги танловнинг янада қизиқари ўтишини таъминлади.

– Танловда «Шароф Рашидов – юртимиз фахри» номли мақолам билан иштирок этдим, – дейди университетнинг хорижий филология факультети талабаси Мадина Эгамова. – Мазкур танлов Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан танишишимизга ёрдам берди. У кишини нафақат атоқли давлат арбоби, балки Ватанга муҳаббат, эл-юртга садоқатни, сабр-қаноат, матонат ва ҳалолликни тараннум этган кўплаб асарлар муаллифи сифатида ҳам қадрлаймиз.

Ғолиблар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

ЎҚУВ-ИЛМИЙ ЖАРАЁНГА ЎТТИЗГА ЯҚИН АКАДЕМИК БОШ-ҚОШ

Миллий матбуот марказида ташкил этилган матбуот анжуманида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ёш олимлар илмий фаолияти самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Ўзбекистон Миллий университети мамлакатимизда фундаментал ва амалий илм-фанни ривожлантириш, халқ хўжалиги учун юқори малакали кадрлар тайёрлашда бой анъаналарга эга илм даргоҳидир. Бир асрлик тарихга эга университетда фаннинг турли соҳалари бўйича қирқдан ортиқ илмий мактаб фаолият кўрсатмоқда.

Бугунги кунда университетда 11 факультет мавжуд бўлиб, уларда 36 бакалавриат йўналиши, 69 магистратура мутахассислиги бўйича таълим берилмоқда. Ўқув-илмий жараёнга 28 академик, мингга яқин профессор-ўқитувчи жалб этилган. Айни пайтда 200 дан зиёд ёш олим ва 500 дан ортиқ иқтидорли талаба илмий-тадқиқот олиб бормоқда.

Университет ректори Авазжон Мараҳимов олий ўқув юртининг халқаро алоқалари географияси янада кенгаётганини таъкидлади. Жорий йилда хорижий таълим муассасалари билан илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ўнга яқин шартнома ва меморандум имзоланган.

Шу йилнинг ўтган даврида университетда халқаро ва республика миқёсидаги ўттизга яқин илмий-амалий конференция ўтказилди. Фан, таълим ва ишлаб чиқариш соҳалари ўртасида инновацион ҳамкорликни мустаҳкамлашда ҳам қатор муваффақиятлар қўлга киритилмоқда. 2017 йил давлат бюджетидан молиялаштирилган 150 лойиҳа амалга оширилаётир. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Навоий кон-металлургия комбинати билан тузилган хўжалик шартномалари бажарилди. ЎзМУ ҳузурида докторлик диссертацияларини ҳимоя қилишга қаратилган физика-математика, кимё, тарих, фалсафа, география, психология, сиёсий фанлар бўйича илмий кенгашлар фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мазкур илмий кенгашларда 23 докторлик диссертацияси ҳимояси ўтказилди. Йил охиригача эса яна 12 диссертация ҳимояси режалаштирилган.

– Яқинда “Ўзбекистоннинг жанубий ҳудуди чўл тупроқларининг нефть ва нефть маҳсулотлари билан ифлосланиши ва уларнинг рекультивацияси” мавзуида докторлик диссертациямни ҳимоя қилдим, – дейди университетнинг тупроқшунослик кафедраси илмий ходими З.Жабборов. – Нефть парчаловчи бактерия штамплари иштирокида тозалаш технологияси илк марта яратилди. Мазкур технология ўзимизнинг тупроқ шароитига мосланган бўлиб, иқтисодий арзон ва экологик хавфсиздир. Унинг кўмагида нефть ва нефть маҳсулотлари билан ифлосланган суғориладиган ва чўл минтақасидаги суғориш имкони бўлмаган ерларни тозалаш мумкин. Тадқиқотда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тасарруфидаги Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институтининг лабораторияларидан фойдаландик. Шунингдек, Чехия аграр, Словакия қишлоқ хўжалиги университетларида стажировкада бўлиб, айрим таҳлилларни уларнинг лабораторияларида ҳам синовдан ўтказдик. Тадқиқот асосида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари тупроқлари келажакда қандай ифлосланиши мумкинлиги илк марта башорат қилиниб, муаммони бартараф этиш бўйича тавсиянома ишлаб чиқилди ва тегишли ташкилотларга топширилди.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

 

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.