АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 32-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (24-29 апрель кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 32-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (24-29 апрель кунлари)

 

ТОШКЕНТ

 

ЎзМУ – 2017

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.nuu.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

To'liq o'qish

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 31-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (17-22 апрель кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 31-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (17-22 апрель кунлари)

 

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2017

 

To'liq o'qish

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 30-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (10-15 апрель кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 30-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (10-15 апрель кунлари)

 

ТОШКЕНТ

 

ЎзМУ – 2017

To'liq o'qish

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 29-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (3-8 апрель кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 29-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (3-8 апрель кунлари)

 

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2017

 

To'liq o'qish

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 28-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (27 март-1 апрель кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 28-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (27 март-1 апрель кунлари)

 

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2017

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.nuuz.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

To'liq o'qish

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 26-27-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (13-25 март кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 26-27-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (13-25 март кунлари)

 

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2017

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.nuuz.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ: ЗАМОНАВИЙ ЯНГИ КЎПРИКЛАР, КЕНГ ВА РАВОН ЙЎЛЛАР ХАЛҚИМИЗ МАНФААТИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги Янги шаҳар ва Боғишамол кўчаларини туташтирувчи янги кўприк билан танишди. 

Бўзсув канали устидан қурилган мазкур кўприк Тошкент халқа йўли ва Амир Темур шоҳкўчасида тирбандликни камайтириш, ҳайдовчи ва йўловчилар ортиқча вақт ва маблағ йўқотишининг олдини олишни таъминлайди. 

Умумий узунлиги 423, баландлиги 5,5, кенглиги 33 метр бўлган 8 полосали мазкур кўприк “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Кўприк қурилиш трести” унитар корхонасининг 67-кўприк қурилиш бўлинмаси бунёдкорлари томонидан олти ойда қуриб битказилди. 

Кўприкнинг икки томонида пиёдалар учун 2 метрли йўлак барпо этилган бўлиб, бу пиёдаларга қулайлик яратади. 

Президентимиз бу ерда амалга оширилган ишлар билан танишар экан, янги кўприкнинг пойтахтимизнинг Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларини туташтиришдаги аҳамияти улкан эканини таъкидлади. Илгари ушбу туманлардан бир-бирига автомобилда 17-18 километр айланиб борилган бўлса, янги кўприк фойдаланишга топширилгач, одамларнинг узоғи яқин бўлди. 

Бундай кенг кўламли ва эзгу ишлар туфайли пойтахтимиз йўлларининг хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги тубдан яхшиланмоқда, деди давлатимиз раҳбари. Мазкур янги кўприк автомобилларнинг ўтиш имкониятларини бир неча марта ошириш баробарида аҳолига бир қанча қулайликлар яратади. Мана шундай замонавий кўприкнинг қисқа вақтда барпо этилгани мамлакатимизнинг жадал ривожланиб бораётгани, халқимиз улкан ютуқ ва марраларга эришаётганидан далолатдир.

 

Шавкат Мирзиёев: маҳалла аҳолиси бир оила каби ишончли, мустаҳкам ришталар билан ўзаро узвий боғланиши керак

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Юнусобод туманидаги Увайсий номидаги маҳаллада бўлиб, бу ерда фуқаролар йиғини ходимлари, профилактика инспектори ва аҳоли учун яратилган қулай шароитлар билан танишди. 

Маҳалла фуқаролар йиғинлари ўзини ўзи бошқаришнинг чинакам халқона институти сифатида жамиятимиздан мустаҳкам ўрин эгаллаган. Бу халқ билан мулоқот қилиш ва инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган эзгу вазифаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этаётир. 

Давлатимиз томонидан маҳаллалар ўз зиммасидаги вазифаларни самарали бажариши учун ҳуқуқий асослар билан бирга, етарли шарт-шароитлар ҳам яратилмоқда. Увайсий номидаги маҳалланинг янгидан бунёд этилган маркази бу борадаги ишларга ёрқин мисолдир. 

Маҳалла ҳудудида асосан кўп қаватли уйлар жойлашган. Ушбу турар жойларда яшайдиган 5 минг 400дан ортиқ аҳоли орасида турли миллат вакиллари бор. Янги маҳалла маркази одамларни ўзаро яқинлаштиришга, халқимизга хос дўстлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат фазилатларини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. 

Марказда маҳалла раиси, котиб ва маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар қурилган, улар замонавий ахборот- коммуникация технологиялари, мебеллар, тегишли адабиётлар билан таъминланган. Профилактика инспектори хонаси маҳалла ҳудудидаги жамоат объектларига ўрнатилган видеокузатув ускуналари орқали ҳудудни назорат қилиб туриш имкониятини берувчи монитор билан жиҳозланган. 

Давлатимиз раҳбари профилактика инспектори маҳалладаги ҳар бир хонадон билан яқин мулоқот ўрнатиши, кўчалар ва жамоат жойларини қатъий назоратга олиши зарурлигини таъкидлади. Одамлар ишга кетаётганда ҳам, ишдан қайтаётганда ҳам ўз маҳалласида аввало профилактика инспектори ва посбонларни кўрса, кўнгли тинч-хотиржам бўлади. 

Профилактика инспекторларини хизмат уйлари, имтиёзли кредитлар ҳисобига машиналар билан таъминлаш, уларнинг яшаши ва самарали ишлаши учун барча шарт-шароитларни яратиш бўйича зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди. 

Марказда барпо этилган турли китоблар, компьютерлар ва интернет, минглаб электрон адабиётлар базасига эга кутубхона аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг ёйишда айни муддао бўлмоқда. Кўркам чойхона, новвойхона, "Гўзаллик салонлари", дўконлар, спорт ва болалар майдончалари одамларнинг зарур эҳтиёжларини қондириш билан бирга, ҳудуддаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. 

Маҳалла аҳли бир оила каби ишончли, мустаҳкам ришталар билан ўзаро узвий боғланиши керак, деди Президентимиз. Бунинг учун маҳалла фаоллари, профилактика инспектори ҳар бир оила аҳволидан, қувончу ташвишидан доимо хабардор бўлиши, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик тарғиботчисига айланиши лозим. Шундагина одамлар маҳаллага келиб ўз фикрини, таклифини, дардини бемалол айтади, муаммосига ечим топади. 

Пойтахтимиз, қолаверса, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мана шундай маҳалла марказлари бунёд этиш, аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатиш, профилактика инспекторларига жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, фуқаролар осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, вояга етмаганлар билан самарали ишлаши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

 

Давлатимиз раҳбари иқтисодий лойиҳалар билан танишди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бектемир туманидаги Тошкент мотор заводига ташриф буюрди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда ишбилармонлик ҳаракатини жадал ривожлантириш учун янги имкониятлар очмоқда. 

Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Сергели ва Яккасарой туманларида 3 технопарк ташкил этилган бўлиб, улар мавжуд бино ва қувватлардан самарали фойдаланиш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда. 

Бектемир туманидаги Тошкент мотор заводининг умумий ер майдони 5 гектар, бино ва иншоотлар майдони 3 гектар. Ҳозир фойдаланилмаётган ушбу ҳудудда ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун яхши имконият, зарур инфратузилма бор. 

Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ завод бинолари корхона ва тадбиркорларга имтиёзли тарзда ижарага берилмоқда. Тўловлар бошқа жойлардагига нисбатан бир неча баробар арзонлаштирилган. Бундай имтиёзлар тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотмоқда. 

Давлатимиз раҳбари завод биноларини ишбилармон ва тадбиркорларга бўлиб бериш, уларда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Корхоналарга қулайлик яратиш мақсадида бу ерда "ягона дарча" маркази, минибанклар ва бошқа хизматлар ташкил этилади. Миллий банк ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашади. 

Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди. 

Президентимизнинг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан ҳар бир туманда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилмоқда. Улар асосида кам таъминланган оилаларни тадбиркорликка жалб этиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича аниқ режа ишлаб чиқилган. 

Оилаларга кириб бориш, одамларнинг дунёқарашини ўзгартириш лозим. Одамларнинг даромади кўпайса, тўлов қобилияти ҳам юқори бўлади, маҳаллий бюджетларга пул маблағи кўпроқ тушади. Ҳокимликларда турли ижтимоий объектлар қуриш имконияти кенгаяди, юртимизга янада кўпроқ барака киради, деди Шавкат Мирзиёев. 

Шу ернинг ўзида Тошкент шаҳрида ташкил этилаётган кичик саноат зоналари ва истироҳат боғлари, тижорат банклари томонидан амалга оширилаётган дори-дармонлар, қандолатчилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва мебель ишлаб чиқариш, металлни қайта ишлаш, тиббиёт ва кўнгилочар масканлар ташкил этиш лойиҳалари ҳам намойиш этилди. 

Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳалар билан танишиб, уларнинг ҳар бири ҳақида мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. 

 

ХАЛҚИМИЗ БУНЁДКОРЛИК САЛОҲИЯТИНИНГ АМАЛДАГИ ИФОДАСИ

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 25 март куни пойтахтимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Истиқлолнинг ҳар бир йили улуғ бунёдкорлик ишлари, мамлакатимизнинг ҳар томонлама юксалиш довонлари билан мустақил Ватанимиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилмоқда. Гўзал пойтахтимиз Тошкент шаҳри ҳам тарихий жозибасини сақлаган ҳолда янгиланиб, узоқни ўйлаб тузилган режа асосида изчил ривожланиб, замонавий мегаполисга айланмоқда. Муҳташам иншоотлар, турар жойлар, ижтимоий объектлар, йўл ва кўприклар, сўлим боғ ва хиёбонлар барпо этилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишган чорраҳада қурилган кўприкни бориб кўрди. 

Умумий узунлиги 900, баландлиги 6, кенглиги 24 метр бўлган 6 полосали мазкур йўл ўтказгич ҳайдовчилар ва пиёдаларга бир қанча қулайликлар яратади. 

Мамлакатимизда, жумладан, пойтахтимизда транспорт воситалари тобора кўпайиб бормоқда. Бу одамларимизнинг турмуш даражаси юксалаётгани, эл-юртимиз йилдан-йилга фаровонлашаётганининг исботидир. Зеро, кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам аҳоли турмуш даражасини ошириш, манфаатларини тўла таъминлашдир. 

Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишган чорраҳада транспорт тиғизлиги автомобиллар ва пиёдаларга ноқулайлик туғдирарди. Янги бунёд этилган кўприк бу муаммоларга барҳам бериш билан бирга, автомобиллар ҳаракатининг узлуксизлигини ва хавфсизлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади. 

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Кўприк қурилиш трести” унитар корхонаси қурувчилари томонидан икки ойда қуриб битказилган кўприкнинг икки томонида пиёдалар учун иккита ер усти ўтиш йўлаги барпо этилган. Ёғин-сочинли кунларда ҳимояланиш мосламалари ўрнатилган.

Шаҳар қиёфасининг ўзгаришида кўприкларнинг ўрни катта. Экология нуқтаи назаридан ҳам бу муҳим аҳамиятга эга. Яъни автомобиль ёнилғисининг кўп ишлатилиши атроф-муҳит мусаффолигига салбий таъсир қилади. Бир жойда транспорт тиғизлиги юз берса, бошқа жойга ҳам таъсир кўрсатади. Кўприклар ана шу муаммоларни бартараф этишда муҳим ўрин тутади.

Президентимиз янги кўприкнинг моҳиятига алоҳида тўхталди. Бу каби бунёдкорлик ишлари аҳолига янада қулайлик яратиш, турмуш фаровонлигини оширишда катта аҳамиятга эгалигини қайд этиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Чўпонота ва Бунёдкор кўчалари кесишган чорраҳада бунёд этиладиган кўприк лойиҳаси билан ҳам танишиб, ўз тавсияларини берди. 

 

ЎЗБЕКИСТОН ВА ҚОЗОҒИСТОН ПРЕЗИДЕНТЛАРИНИНГ ТОР ДОИРАДАГИ УЧРАШУВИ

Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат мадҳиялари янгради. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Президентларнинг тор доирадаги учрашувида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди. 

Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. 

– Ўзбекистон ва Қозоғистон яқин қардош, асрлар давомида синалган шериклардир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов вафотидан кейинги оғир дамларда бу яқинлик яна бир бор намоён бўлди. Халқимиз Қозоғистон халқи ҳамдардлигини, қўллаб-қувватлаганини чуқур ҳис этди ва буни ҳеч қачон унутмайди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик юксак ишонч ва ўзаро ҳурмат асосида ривожланмоқда. Турли даражадаги алоқалар фаоллашгани мамлакатларимиз кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришдан бирдек манфаатдор эканининг тасдиғидир, – деди Президентимиз. 

Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёевни Қозоғистонга давлат ташрифи билан қутлаб, бу икки давлат ўртасида олий мақомдаги мулоқотларнинг мантиқий давоми, томонларни қизиқтирган масалаларни муҳокама этиш учун қулай имконият эканини таъкидлади. 

– Сизнинг ташрифингиз Наврўз байрами кунларига тўғри келгани қадамингиз қутлуғлигидан далолат. Қозоғистон билан Ўзбекистон муносабатлари ҳар доим дўстона ва самарали бўлган. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти, менинг қадрдон дўстим Ислом Каримов улкан ҳисса қўшган бундай яқин ҳамкорликни Сиз билан изчил давом эттирмоқдамиз. Кейинги беш ойда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси 30 фоиз ўсгани, ўзаро янги маҳсулотлар етказила бошлагани бунинг тасдиғидир. Ташрифингиз доирасида ўтаётган бизнес-форумда қарийб 1 миллиард долларлик келишувларга эришилган. Сизнинг ушбу тарихий ташрифингиз мамлакатларимиз ҳамкорлигини янги босқичга кўтаради, – деди Қозоғистон Президенти. 

 

ҲАМКОРЛИКНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида мулоқотни давом эттирдилар.

Унда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Мамлакатларимиз ҳамкорлиги 1998 йилда Тошкентда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2013 йилда пойтахтимизда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома асосида жадал тараққий этмоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистон сиёсий масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Икки томонлама асосда ҳамда БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик қилмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича томонларнинг қараш ва ёндашувлари ўхшаш ёки яқиндир. 

Ўзбекистон Қозоғистоннинг 2017-2018 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашига муваққат аъзоликка сайланишини қўллаб-қувватлади. Бу халқаро майдонда бутун минтақамиз давлатлари манфаатларини ҳимоялаш имконини беради. Қозоғистон Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаган, мамлакатимизнинг ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига асосланган ташқи сиёсатини юқори баҳолайди. 

Ўзбекистон ва Қозоғистон мустақил тараққиёт йўлини бир даврда бошлаган. Иқтисодиётни қайта тиклаш ва ривожлантириш йўлида бир-бирига елкадош бўлиб келмоқда. 

Бугун икки мамлакат ҳам ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўймоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилди. Президент Нурсултон Назарбоевнинг Қозоғистон халқига жорий йилги мурожаатида Қозоғистонни модернизация қилишнинг учинчи босқичи белгилаб берилди. 

Қозоғистон мамлакатимизнинг муҳим савдо-иқтисодий шерикларидан биридир. Ўзбекистон Қозоғистонга табиий газ, автомобиллар, транспорт воситалари, минерал ўғитлар, тўқимачилик, электротехника ва қурилиш материаллари, мева-сабзавот ва бошқа кўплаб товарлар, турли хизматлар экспорт қилади. Қозоғистондан юртимизга нефть, металл, ун, ёғ-мой маҳсулотлари келтирилади. 

Мамлакатимизда Қозоғистон капитали иштирокида тузилган қарийб 230, Қозоғистонда Ўзбекистон ишбилармонлари билан ҳамкорликда ташкил этилган 130 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда. 

2016 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Бу икки томоннинг салоҳиятига мос эмаслиги, савдо айланмасини камида икки баробар ошириш имконияти мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Мамлакатларимиз иқтисодиёти рақобатчи эмас, аксинча, бир-бирини тўлдиради. Бунинг учун ҳукуматлараро комиссия ва қўшма савдо уйлари фаолиятини кенгайтириш, янги таъминот бозорлари ташкил этиш зарурлиги қайд этилди. 

Транспорт коммуникациялари соҳаси ўзаро ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналиши ҳисобланади. Мамлакатларимизнинг автомобиль ва темир йўллари ўзаро интеграциялашган. Бу муҳим коммуникация тармоғи учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда.

Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани ҳудудидан ўтган, Тошкент ва Самарқандни боғловчи автомобиль йўлининг очилиши, Тошкент – Олмаота тезюрар поезди ва икки мамлакат шаҳарлари ўртасида автобус қатновлари йўлга қўйилгани транспорт коммуникациялари тармоғини янада кенгайтиради. Ҳудудлараро алоқалар савдо ва туризм ривожига хизмат қилади.

Очиқ ва дўстона руҳда ўтган музокарада ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари белгилаб олинди. Савдо-иқтисодий алоқалар динамикасини сақлаб қолган ҳолда уни диверсификация қилиш, экспорт-импорт ҳажми ва номенклатурасини кенгайтириш, саноат ва тадбиркорлик субъектлари кооперациясини ривожлантиришга келишиб олинди. 

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ОСТОНАГА ТАШРИФНИ ТАРИХИЙ ДЕБ АТАДИ

Шавкат Мирзиёев ўзаро учрашув чоғида Нурсултон Назарбоевни Ўзбекистонга таклиф қилди.

«Сиз, Нурсултон Абишевич, ўтган йилнинг сентябрь ойида Самарқандга ташриф буюриб, Қозоғистон Ўзбекистон билан ҳар доим бирга бўлиши ҳақида айтгандингиз. Яхши вақтда бирга хурсанд бўламиз, мушкул дамларда биргаликда қайғурамиз. Бу сўзлар бизни яқинлаштирди. Сизнинг сўзларингиз орқали бутун ўзбек халқи ҳақиқий дўстнинг елкасини туйди. Сиз Ҳайит куни Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти, дўстингиз Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида атайлаб келдингиз. Ўшандан бошлаб бизда умуман ўзгача ўзаро муносабатлар бошланди. Сизнинг сўзларингиз, ташрифингиз ва бизнинг дўстона муносабатларимиз, ҳозир ўзингиз айтганингиздек, беш ой давомида ҳаммаси биз билан худди биринчи бора рўй бераётгандек», деган Мирзиёев тор доирасидаги учрашув вақтида.

Унинг таъкидлашича, ўзбекистонлик 250 нафар атрофидаги тадбиркор Остонадаги қўшма форумда иштирок этади.

«Бу сиз биринчи президент Ислом Абдуғаниевич билан ташкил этган асосни яратмоқда. Бу кўприк ва бу асос мустаҳкамланади. Биз ҳар доим Қозоғистонни энг яқин, ишончли қўшни сифатида кўрамиз. Бу бизнинг энг биринчи ташрифларимиздан бири экани, бугун Остонада эканлигимиз, кўп нарсадан далолат беради. Албатта, кеча музокараларни бошладик ва бугун ўзаро муносабатлар истиқболлари ҳақида суҳбатлашамиз. Илк бора бизнинг делегациямиз сафида парламент раҳбарлари, мудофаа вазирлиги раҳбарияти бор, бундай маҳкамалар билан шундай қалин ҳамкорлик ҳеч қачон бўлмаган», - дея қўшимча қилиб ўтди Мирзиёев.

 

Ўзбекистон президенти Қозоғистонга ушбу ташрифни тарихий деб ҳисоблайди.

«Ўтган йили рўй берган нарса – дунёдаги тарихий воқеадир. Қозоғистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашига сайланиши у ерда Марказий Осиёнинг барча манфаатлари сизнинг бошчилигингизда албатта бўлишидан далолат беради. Бу Марказий Осиёдаги хавфсизликка оид барча масалаларни тартибга солади. Ишончим комилки, БМТда доимий бўлмаган аъзоликнинг 2 йиллик муддати давомида Афғонистон бўйича чоралар қабул қилинади. Бу сизнинг саъй-ҳаракатингиз, сизнинг ташаббусларингиз бўлади. Ўзбекистон буни ҳам доим қўллаб-қувватлайди», - дея таъкидлаб ўтди Шавкат Мирзиёев. 

Шунингдек Мирзиёев Нурсултон Назарбоевни Ўзбекистонга ўзи учун қулай вақтда ташриф буюришга таклиф қилди. «Биз келишувга эришдик, кўпроқ учраша бошлаймиз. Сизни Ўзбекистонда кутиб олишдан жуда хурсанд бўламан», - дея таъкидлаб ўтди Ўзбекистон раҳбари.

 

Нурсултон Назарбоев ва Шавкат Мирзиёев Орол муаммосини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари учрашув вақтида Орол денгизи билан боғлиқ вазият хусусида тўхталиб ўтишди.

Назарбоев дарёлардан ақл билан фойдаланиш муҳимлигини қайд этиб ўтган.

«Музокаралар чоғида сув—энергетика комплекси масалаларига алоҳида эътибор қаратдик. Марказий Осиё трансчегаравий дарёлари сув ресурслари умумий бойлик экани яна бир бор тасдиқланди. Минтақамиздаги барқарорлик, фаровонлик, мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатлар, миллионлаб кишилар тақдири дарёлардан қанчалик оқилона фойдаланишимизга боғлиқ. Минтақадаги давлатларнинг сувдан фойдаланиш истагини жуда яхши тушунамиз, бу жараёнда иштирок этишга ҳам тайёрмиз. Бироқ бундан дарёларнинг қуйи қисмидаги бошқа давлатлар зарар кўрмаслиги керак», деган Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёев билан музокаралар якунида.

Қозоғистон президенти Орол денгизи муаммосига алоҳида тўхталган.

«Биз Орол денгизи атрофидаги вазиятни муҳокама қилдик ва яна бир бор Оролни қутқариш халқаро фонди муаммо ечимини топиш, давлатларимиз ўртасида бу борадаги алоқаларда асосий платформа эканлиги ҳақида якдил фикрга келдик», дея якунлаган Нурсултон Назарбоев.

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ СИЁСИЙ БОШПАНА ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИНИ ИШЛАБ ЧИҚИШГА ФАРМОН БЕРДИ

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тез орада сиёсий бошпана беришни бошлашга кўрсатма берган. Бу унинг 1 март кунги «Ўзбекистон Республикаси Президенти девони фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонида белгиланган.

Фармонга кўра, президент девонида янги ташкил этилган Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизматига қатор вазифалар юкланган.

«Ўзбекистон Республикаси президенти девонининг Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизмати 2 ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 22-бандида кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатларини амалга оширишнинг аниқ механизмларини назарда тутувчи Сиёсий бошпана бериш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун киритсин», дейилган фармонда.

Маълумот учун, Конституциянинг 93-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатлари белгиланган бўлиб, 22-бандга кўра, у «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига ва сиёсий бошпана беришга оид масалаларни ҳал этади».

 

ЎЗБЕКИСТОНДА 2017 ЙИЛДА МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ДАСТУРИ ДОИРАСИДА 960 ЛОЙИҲА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 26 декабрдаги “2017-2019 йилларда тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори маҳаллийлаштириш кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Қарор билан тасдиқланган дастурга мувофиқ, келгуси икки йилда мамлакатимизда 3 миллиард 400 миллион долларлик қарийб 1 минг 150 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигида саноат кооперацияси ҳамда маҳаллийлаштириш жараёнларини ривожлантириш истиқболларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Анжуманда Иқтисодиёт, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари мутасаддилари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш иқтисодиётнинг барқарор ва изчил ривожланиши, унинг ташқи омилларга тобелигини камайтириш, ишлаб чиқариш жараёнларига янги самарали технологияларнинг татбиқ этилишини жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

2010-2016 йилларда икки мингга яқин маҳаллийлаштириш лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида умумий импорт ўрнини босиш самарадорлиги 7 миллиард 500 миллион доллардан кўпроқни ташкил этди. 

Сўнгги уч йилда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобига шахта вагонеткалари, вакуум насослар, кўтарма кранлар, ҳар хил турдаги ўтга ва кислотага чидамли материаллар, қурилиш жиҳозлари, сэндвич панеллар, сунъий синтетик газонлар, шиша банкалар, бутилкалар, крахмал, нон маҳсулотлари учун ачитқилар сингари юз турдан ортиқ товарларнинг мамлакатимизга олиб кирилиши бутунлай тўхтатилган. 

Маиший электротехника маҳсулотлари, автомобиль фильтр ва радиаторлари, пўлат қувурлар, керамик плиталар, тиббиёт ампулалари, полиграфик бўёқлар, болалар ўйинчоқлари, спорт анжомлари каби 350 дан ортиқ турдаги маҳсулотни четдан келтириш икки баравардан зиёдга камайган. 

Жорий йилда 960 лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 6 триллион 500 миллиард сўмга яқин маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши белгиланган. 122 турдаги ўзлаштиришга таклиф этилган маҳсулотлар аниқланган. 

Президентимизнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгиланган вазифаларга мувофиқ, иқтисодиёт тармоқлари кесимида маҳаллийлаштириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш ҳисобига импорт ҳажмини камайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Маҳсулотлар импортини қисқартиришнинг қўшимча резервларини ўрганиш жараёни жорий йилда тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда импорт ўрнини босадиган янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ҳисобига импортни қўшимча 23 фоизга қисқартириш имконияти мавжудлигини кўрсатди. 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини мазкур жараёнга фаол жалб этиш мақсадида Иқтисодиёт вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари имкониятлари таҳлил этилди. Натижада йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 900 миллиард сўмлик 400 дан ортиқ қўшимча лойиҳа аниқланди. 

Маҳаллий хомашё ва ресурслардан оқилона фойдаланишни рағбатлантириш, экспорт салоҳиятини ривожлантириш мақсадида маҳаллийлаштириш дастурига янги лойиҳаларни киритишнинг ягона мезон ва талаблари белгиланди. 

Вазирлик расмий сайтидаги махсус автоматлаштирилган тизим (mineconomy.uz/uz/local) тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этиладиган ҳужжатларни қабул қилиш ва кўриб чиқишда қулайликлар яратиш, лойиҳаларни киритиш жараёнининг очиқлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу ерда маҳаллийлаштириш дастурлари борасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, ўзлаштиришга таклиф этилаётган маҳсулотлар ва тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатлари билан танишиш мумкин. 

Матбуот анжуманида мутахассислар журналистлар саволларига жавоб қайтарди. 

 

САМАРҚАНД ҲОКИМИ ТАТАРИСТОНГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Самарқанд вилояти ҳокими Химмат Оқбўтаев Татаристон Республикасига хизмат сафари билан ташриф буюрди.

Жорий йилнинг 14 март куни Х.Оқбўтаевнинг Татаристон Республикаси Президенти Рустам Минниханов билан учрашуви режалаштирилган.

Оқбўтаев ўзининг хизмат сафари давомида "КАМАЗ" автоконцерни, "Казань" агросаноат парки, IT парки, Иннополис каби юқори технологик ва тиббиёт марказлари билан танишишни режалаштирган. 

 

Ўзбекистон ва Қирғизистон барча соҳаларда ҳамкорликни ривожлантирмоқчи

13−14 март кунлари Тошкентда Ўзбекистон-Қирғизистон вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раунди бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берган.

Қирғизистон делегациясига ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Динара Камолова бошчилик қилди.

Учрашувда икки томон кун тартибининг сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги долзарб масалалари ҳамда халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Қайд этилганидек, 24 декабрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашув, сўнгра Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош вилоятлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирокидаги икки томон ҳукумат делегацияларининг ўзаро ташрифлари, манфаатдор бизнес доиралар ўртасидаги алоқалар, давлатлараро чегараларни ҳуқуқий расмийлаштириш борасида давом этаётган музокаралар серқирра Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларининг янги динамикасини намоён этади.

Ўзаро манфаатли бўлган барча соҳаларда алоқаларни ривожлантириш, жумладан Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришдан томонлар манфаатдор эканлиги эътироф этилди.

Маслаҳатлашувлар доирасида консуллик масалалари ва ахборот соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича гуруҳларнинг учрашувлари ҳам ўтказилди.

 

ТОШКЕНТДА ЎЗБЕКИСТОН – ЭРОН СИЁСИЙ МАСЛАҲАТЛАШУВЛАРИНИНГ БЕШИНЧИ РАУНДИ БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон – Эрон вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди бўлиб ўтди. Унда Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Иброҳим Раҳимпур раҳбарлигидаги делегация иштирок этди. 

Учрашувда Ўзбекистон билан Эрон ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация соҳаларидаги алоқаларни янада чуқурлаштиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани таъкидланди. Давлатлараро муносабатлар, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги алоқалар ривожида ижобий тенденциялар кузатилаётгани қайд этилди. 

Музокарада вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларни мунтазам ўтказиш икки томонлама муносабатларга оид долзарб масалаларни муҳокама қилиш, ҳамкорликнинг Ўзбекистон ва Эрон манфаатларига мос келувчи йўналишларини биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имконини бериши таъкидланди. Минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди. 

Эрон делегацияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида ҳам музокара ўтказди. 

Мамлакатларимиз ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириши учун шартномавий-ҳуқуқий асос яратилган. Савдо-иқтисодий алоқалар, сармояларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш, ўзаро савдо имтиёзлари, темир йўл транспорти соҳасидаги ҳамкорлик борасида эришилган келишувлар амал қилмоқда. Ўзбекистонда Эрон сармояси иштирокида тузилган 120 га яқин қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. 

Учрашувда иқтисодиёт, савдо, транспорт ва транзит каби соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон минтақалараро транспорт коридорини ишга тушириш ўзаро ҳамкорлик ривожида алоҳида аҳамият касб этиши қайд этилди.

 

ОГОҲЛИККА ДАЪВАТ ЭТУВЧИ ФИЛЬМ

Республика Киночилар уйи ҳамда Алишер Навоий номидаги Кино саройида "Ўзбеккино" Миллий агентлиги буюртмаси асосида "Ўзбекфильм" киностудиясида суратга олинган "Иснод" бадиий фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди. 

...Ёш журналист Жамила телевидениеда мухбир бўлиб ишлайди. У одам савдоси, ахлоқий таназзулга бағишланган мавзуда материал тайёрлашга аҳд қилиб, ихтисослашган тиббий марказга боради. Виждонсиз кимсаларнинг ёлғон ваъдаларига учиб, хорижда хор бўлган жувонлар дастлаб мухбир билан суҳбатлашишдан бош тортади. Кейинчалик аёллар ўзларини бу аҳволга солган, бедаво ва хавфли дардга мубтало этган кимсалар қилмишини фош этиш ҳамда бошқаларни огоҳликка чорлаш мақсадида кўргуликлари ҳақида сўзлаб беришга қарор қилади. Мухбирга суҳбат асносида ёшгина қизларнинг туйғуларини топтаб, алдов йўллар билан хорижга жўнатган кимса айнан ўзининг турмуш ўртоғи экани аён бўлади... 

Фильм ёшлик ҳою ҳавасларига берилиб, алданган хотин-қизларнинг кўргуликлари, улар тақдиридаги қора кунлар ҳақида ҳикоя қилиш билан бирга одам савдоси, ёшлар тарбиясидаги бўшлиқлар қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида ҳикоя қилади. 

Янги бадиий фильм сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёри Рихсивой Муҳаммаджонов. Картинанинг яна бир постановкачи режиссёри ва постановкачи оператори Абдувоҳид Ғаниев. Асосий ролларни Дилноза Кубаева, Шоҳрух Ҳамдамов, Баҳора Арслонова, Шаҳзода Матчонова, Раъно Шодиева, Феруза Мустафоева ижро этган.

 

СПОРТ ХАБАРЛАРИ

Юнон-рум кураши. Туркиянинг Истанбул шаҳрида юнон-рум кураши бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди.

Нуфузли турнирда дунёнинг ўнга яқин мамлакатидан 150 дан зиёд полвон саккиз вазн тоифасида ғолиблик учун куч синашди.

Вазни 130 килограмм бўлган полвонлар ўртасидаги баҳсларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Мўмин Абдуллаев беларуслик Кирил Гришченко, озарбайжонлик Оян Назариёни, грузиялик Бека Канделакини мағлубиятга учратиб, кумуш медални қўлга киритди. 

***

Теннис. Грецияда “Фьючерс” туркумидаги “Heraklion – 2017” халқаро турнирида иштирок этаётган теннисчимиз Темур Исмоилов чорак финалга чиқди. 
Мусобақанинг иккинчи даврасида Темур мезбонлар вакили Анастасиос Павлис билан куч синашди ва 6:7, 6:3, 6:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Энди Т.Исмоилов чорак финалда чехиялик Михал Конечни билан рақобатлашади. 

 

НАВОИЙДА ҚЎЛ ЖАНГИ БЎЙИЧА ХАЛҚАРО ТУРНИР ЎТКАЗИЛДИ

Навоий шаҳрида қўл жанги бўйича ўтказилган халқаро турнирда Ўзбекистон, Россия ва Молдованинг профессионал спортчилари ғолиблик учун ўзаро куч синашди.

75 килограмм вазн тоифасидаги баҳсда бухоролик Жаҳонгир Жумаев россиялик Максим Ефременкони мағлубиятга учратган бўлса, вазни 85 килограмм бўлган тошкентлик Беҳзод Нурматов молдовалик Денис Томузни енгди. Тошкент вилояти вакили Илёс Раимов (90 кг) молдовалик Александр Лях устидан зафар қучди. 

 

Муҳриддин Тиловов ҳалқаро турнирда кумуш медални қўлга киритди

Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Муҳриддин Тиловов Халқаро дзюдо федерацияси томонидан Боку шаҳрида ўтказилган “Катта дубулға” туркумига кирувчи ҳалқаро турнирда шоҳсупага кўтарилди. 

Дунёнинг ўттиздан зиёд мамлакатидан икки юзга яқин дзюдочи иштирок этган мусобақада М.Тиловов 60 килограмм вазн тоифасида беллашди. Муҳриддин финалга қадар озарбайжонлик Оруж Вализода, мўғулистонлик Амартившун Дашдаваа, бразилиялик Эрик Такабатакени мағлубиятга учратди ва кумуш медаль билан тақдирланди

 

ЎЗБЕКИСТОНДА ЯНА УЧТА ЦЕМЕНТ ЗАВОДИ БАРПО ЭТИЛАДИ

Ўзбекистонда Россиянинг цемент ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган "Евроцемент" компанияси билан қатор лойиҳаларни амалга ошириш муҳокама қилинди. Бу масала Тошкент вилояти ҳокими Шукурулло Бобоевнинг Санкт-Петербург губернатори Георгий Полтавченко билан музокаралари чоғида ҳам эътибордан четда қолмаган.

Унга кўра, Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи 3та заводни барпо этиш режалаштирилмоқда. Хабар қилинишича, шу мақсадда 330 млн доллар миқдорида сармоя ўзлаштирилади. Яқин орада мазкур лойиҳалар бўйича ҳамкорликка доир англашув меморандумини имзолаш кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Евроцемент” ҳозирда ҳам Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. У 2006 йилда августида Швейцариянинг Zeromax GmbH компаниясидан “Оҳангаронцемент”нинг 75,6 фоиз акциясини харид қилган эди. Ҳозирда компания “Оҳангаронцемент”нинг 83,92 акциясига эгалик қилади. 

 

НОКАУТЧИ БОКСЧИМИЗ 9-ЖАНГИНИ ҲАМ НОКАУТ БИЛАН ЯКУНЛАДИ

Профессионал боксда муваффақиятли одимлаётган нокаутчи боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашев фаолиятидаги тўққизинчи жангини ўтказди. Бу ҳақда Olamsport.com нашри хабар қилмоқда. 

У бу сафар Африка чемпиони угандалик Ҳамза Семпевога қарши рингга кўтарилди. Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган жангда ҳамюртимиз рақибини мағлубиятга учратди. Жангнинг 1‑ раундидаёқ Семпево нокаутга учради.  

Эслатиб ўтамиз, Шоҳжаҳон бунгача профессионал рингда 8та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида рақибларини нокаутга учратган эди.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ШАНХАЙДА АЛИШЕР НАВОИЙ ҲАЙКАЛИ ОЧИЛДИ

Шанхай университетида Хитой ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан буюк ўзбек шоири Алишер Навоийнинг ҳайкали очилди. Бронза ҳайкалнинг баландлиги 3,6 метр, постамент (ҳайкал ўрнатиладиган махсус супа) эса – 1,8 метрга тенг. Ҳайкал лойиҳаси ўзбек ҳайкалтароши Равшан Миртожиев томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у бевосита хитойлик ҳайкалтарош томонидан яратилди.

Шанхай университети ҳовлисида “тош қўйиш” маросими 2013 йилда бўлиб ўтганди. Ҳайкалнинг оғирлиги 3 тоннага тенг.

 

КМТА: ЯПОНИЯ ВА АҚШ ШИМОЛИЙ КОРЕЯГА ТАЖОВУЗ ҚИЛСА, МАҒЛУБ БЎЛАДИ

Япония "Қўшма Штатлар кўмагида КХДРга бостириб кириш режасидан воз кечгани йўқ". Бу ҳақда Шимолий Кореянинг марказий нашрларида чоп этилган КМТА (Корея марказий телеграф агентлиги) шарҳида сўз юритилган. 

"17 март куни, дейилади мақолада, Япония КХДРга қарши йўналтирилган Radar-5 айғоқчи сунъий йўлдошни учирди. Япония ўзини-ўзи мудофаа кучлари кемалари ва АҚШ ҲДКнинг таркибида Carl Vinson авиаташувчи кемаси бўлган гуруҳи Шарқий Хитой денгизида қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказди". 

Бундан ташқари, КМТА ўзини-ўзи мудофаа кучлари ваколатларининг кенгайтирилганига ҳам эътибор қаратган. Унга кўра, Иккинчи жаҳон урушидан кейин илк маротаба Япония қуролли кучларига "дўстона мамлакатлар"ни ҳимоя қилиш учун хорижий ҳудудларда ҳарбий амалиётларда иштирок этишга рухсат берилган.

Шарҳ муаллифларининг қайд этишларича, "Япония ва АҚШ КХДРга бостириб киргудек бўлса, мағлубиятга учраса керак". Американинг Япония ҳудудидаги ҳарбий базалари, ахборот агентлигига кўра, халқ республикаси баллистик ракеталари томонидан нишонга олинган. "Агар, битта снаряд КХДР ҳудудига тушса, Японияни аянчли оқибат кутади", - дея хулоса қилади шарҳловчилар.

 

КАМЧАТКАДАГИ ВУЛҚОН 200 ЙИЛДАН КЕЙИН УЙҒОНДИ

Россиянинг Камчатка яриморолининг жанубий қисмида, Охота денгизи соҳили бўйида жойлашган Камбальний вулқони 200 йил ичида биринчи маротаба фаоллашди. Вулқон ташқарига 7 км баландликдаги кул устунини отган. Таъкидлашинич, вулқон кули Тинч океани узра 900 км масофага чўзилиб кетган. 

Вулқон атрофида авиация учун хавфлиликнинг "зарғалдоқ" даражаси киритилди. Бу даража вулқон отилиши эҳтимоли катталигини англатади. Вулқон сўнгги марта 18-асрда отилган. 

 

ТРАМП ТАРАФДОРЛАРИНИНГ НАМОЙИШИ ОММАВИЙ МУШТЛАШУВ БИЛАН ТУГАДИ

АҚШ президенти Дональд Трамп тарафдорларининг Калифорния штатидаги Хантингтон-Бич шаҳридаги намойиши президент тарафдолари ва унга қарши чиқаётганларнинг оммавий муштлашуви билан тугади.

Los Angeles Times нашрининг ёзишича, муштлашув Трампга қарши чиқаётганлардан бири намойиш ташкилотчиларидан бири бўлган аёлнинг юзига гармдори гази пуркагандан кейин бошланган. Трамп тарафдорлари вазиятга аралашишгандан кейин муштлашув чиқиб кетган.

Муштлашаётганларни полиция ажратишига тўғри келган. Оқибатда 2 киши жароҳат олган, бир неча киши ҳибсга олинган. Улардан 3 нафари гармдори гази қўллагани, қолганлари эса қоидабузарликлар содир этганликлари учун ҳибсга олинганлар. 

Намойишда Трамп тарафдорлари 2 мингга яқин кишини ташкил қилган, унга қарши чиқаётганлар эса анча камчиликни ташкил қилган. 

 

ТРАМП КОНГРЕССДА ИЛК МУВАФФАҚИЯТСИЗЛИККА УЧРАДИ - ТИББИЙ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ ҚАЙТАРИБ ОЛИНДИ

АҚШ Республикачилар партияси Obamacare номи билан машҳур бўлган қонунни бекор қилиши кутилган қонун лойиҳасини қайтариб олди. Барак Обаманинг соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотини бекор қилиш Дональд Трампнинг сайловолди пойгаси ҳамда лавозимига киришгандаги асосий ваъдаларидан бири эди. Бироқ, лойиҳанинг овоз беришда омадсизликка учрашининг олдини олиш мақсадида партия раҳбарияти шундай қарор қилган.

Республикачиларнинг American Health Care Act (HCA) қонун лойиҳаси Конгрессда Оқ уй томонидан фаол равишда ҳимоя қилинганига қарамай, маъқул келмаган. Reuters агентлигининг ёзишича, ҳужжат келишувчан ва консерватор республикачиларни қаноатлантирмаган.

Мазкур қонун лойиҳасини жон-жаҳди билан ҳимоя қилган Вакиллар палатаси спикери Пол Райаннинг ҳикоя қилишича, у Трамп билан Оқ уйда қонун лойиҳаси чақириб олингунга қадар учрашган. Райаннинг ўзи Трампга ҳужжатни қайтариб олиш айни вақтда бажариш мумкин бўлган энг яхши қарор эканини айтган. 

Президент Трамп республикачилар мазкур мавзуга яқин орада қайтмаслигини билдирган. CNN телеканалининг хабар қилишича, республикачилар 7 йил мобайнида ушбу соҳада ислоҳот ўтказишни режалаштириб келган. Шунга кўра, ҳужжатнинг чақириб олиниши Америка президенти обрўсини кескин тушириб юборади. 

Вакиллар палатасидаги демократлар фракцияси раҳбари республикачиларнинг бу мағлубиятини «Америка халқининг ғалабаси» деб атади.

Obamacare номи билан машҳур тиббий ислоҳот 2010 йилда маъқулланган эди. У Барак Обаманинг ички сиёсатдаги асосий ютуқларидан бири бўлди. Қонун барча фуқароларга тиббий суғурталаниш мажбуриятини юклади ҳамда суғурта компанияларига «ноқулай» мижозларга рад жавоби беришни тақиқлади. Гарчи, ушбу қонундан ижобий ўзгаришлар кутилган бўлса-да, уни ҳаётга татбиқ этишда қатор техник, молиявий ва ижтимоий тўсиқларга дуч келинди. Бу эса, ўз навбатида, ислоҳотнинг танқид қилинишига сабаб бўлди. 

Дональд Трамп вазифасига киришишдан аввал, Обама маъмурияти томонидан қабул қилинган қонунларнинг аксарини бекор қилишга ваъда берган эди. 

Умуман, таъкидланишича, Конгрессда қабул қилинишига эришилмаган янги қонун лойиҳасида Obamacare қонунининг кўплаб бандлари сақлаб қолинган эди, шу боис уни норасман Obamacare-lite ҳам деб аташди.

Янги қонун мажбурий тиббий суғуртани бекор қилиши ҳамда 2020 йилга келиб аҳолининг кам таъминланган қатламига давлат томонидан субсидиялар ажратиш, жумладан, шошилинч шифохонага ётқизиш, дори-дармонлар, ҳомиладорлик ва педиатрия ёрдамини тўлиқ бекор қилишни кўзда тутар эди.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 

НАВРЎЗДАН ШОДОН КЎНГИЛЛАР

Юртимизда кўклам нафаси уфура бошлагани ҳамоно Наврўз насимини ҳис эта бошлаймиз. Истиқлол шарофати ила қадр топган кўплаб байрамларимиз қатори Наврўз ҳам асл қадриятларимиздан бирига айланган. 
Мамлакатимизда бу йилги Наврўз ўзгача тароват касб этмоқда. Шарқона янги йилнинг бошланиши, табиат уйғонишининг рамзи, асл миллий, энг ардоқли байрам бўлмиш Наврўз меҳр-оқибат, хайр-саховат ифодасига айланган. 
Бу қутлағ айём олдидан “Ёшлик” шаҳарчасида ҳашарлар, кенг кўламдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилгани сезилиб турибди. Боғ-роғлар, хиёбонлар, йўлаклар тоза ва озода. Дов-дарахтлар оқланиб, анча-мунча ишловлар берилган. Бундай серфайз масканларда сайл ўтказишнинг гашти ҳам ўзгача бўларкан. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалар турар-жойлари атрофида давом этаётган Наврўз сайли барчага янада кўтаринки руҳ бахшида этмоқда. 
Байрам сайли очилиш маросимида ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, шу даргоҳда фаолият кўрсатишаётган академиклар ва фахрийлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида қайд этилганидек, азал-азалдан халқимизнинг эзгу ва гўзал қадриятларини, унинг олижаноб орзу-интилишларини ўзида мужассам этиб, қадим аждодларимиздан бизга ўлмас мерос сифатида безавол ўтиб келаётган Наврўзи олам мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган миллати, тили ва динидан қатъий назар, барча ватандошларимиз орзиқиб кутадиган, том маънодаги умумхалқ байрамига айланиб қолганини алоҳида таъкидладилар. 
Карнай-сурнай садолари остида бошланган сайлда истеъдодли талабалар томонидан Наврўз тарихига оид саҳна кўринишлари, ҳар бир вилоят миллий урф-одатларига оид чиқишлар ҳамда баҳорий таомлар ва гуллар, деворий газеталар танловлари байрамга ўзгача шукуҳ бахш этаётир. Дастурхонларга тортилган сумалак, ҳалим, кўк сомса каби баҳор таомлари барчани хушнуд этади. Байрам тадбирида университет талабалар турар-жойларида истиқомат қиладиган йигит-қизлар миллий урф-одат ва анъаналарга, бетакрор қадриятларимизга ҳурмат, ватанпарварлик туйғулари акс эттирилган саҳна асарларини намойиш этмоқдалар. 
Истеъдодли талабаларнинг Наврўзга аталган шеърлари она тилимиз билан бир қаторда инглиз, рус, француз, немис, испан ва бошқа хорижий тилларда ҳам жаранглаши – миллатлараро тотувлик, бағрикенгликни тараннум этиш демакдир. Бундай ашъорлар ўзаро меҳр ришталарини янада мустаҳкамлаб, инсонларни бир-бирига жигар-кўз қилиб қўйса ажабмас. 
Байрам олдидан факультетлар ўртасида «Юртимизда Наврўз!» ва «Доимо эъзоздасиз муқаддас аёллар» мавзуига бағишланган деворий газеталар, “Моҳир ошпазлар”, “Баҳорий гуллар”, “Сумалак сайли” кўрик танловлари ўтказилган бўлса, бугун майдонларда ташкил этилган шахмат-шашка мусобақалари, армрейслинг, стол тенниси, арқон тортиш, волейбол, миллий кураш каби мусобақалар барчага олам-олам завқ-у шавқ бахш этмоқда. 
Наврўз олам тинчлик ва осойишталик ҳукмрон бўлган юртимизга шу тариқа янада файз киритмоқда. Агар баҳор узук бўлса, унинг ёқут кўзидир Наврўз!

 

ЮЛДУЗЛАР БИЛАН ТИЛЛАШГАН ДАҲО

Юртимиз истиқлоли берган энг азиз неъматлардан бири – буюк тарихимизга бўлган муносабатлар ўзгарди, улуғ аждодларимизнинг руҳи шод этилиб, табаррук номлари абадийлаштирилди, мерослари катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

Тарих саҳнасида ёрқин из қолдирган улуғ сиймоларнинг таваллуд топган кунларини нишонлаш ўзига хос анъанага айланган. Ҳар йили 9 апрелда Соҳибқирон Амир Темур, 9-14 февраль кунлари ҳазрат Мир Алишер Навоий ва Муҳаммад Заҳириддин Бобур боболаримизнинг таваллуд топган кунларини эҳтиром ила нишонлаймиз ва улар ижодий меросини янада теранроқ ўрганишда давом этамиз.

Юртимиз тарихида ёрқин из қолдирган энг улуғ сиймолардан бири – Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек 1394 йил 22 март куни таваллуд топган. Демак, бу улуғ кунда буюк аждодимиз руҳини шод этиб, унинг илмий мактабини, тенгсиз меросини изчил ўрганиб боришимиз ҳам фарз, ҳам қарздир!

Шу муносабат билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Юлдузлар билан тиллашган даҳо” мавзусида илмий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда академиклар, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқотчилар ва талабалар иштирок этдилар.

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 14 сентябрдаги “Тошкент давлат университетига Мирзо Улуғбек номини бериш тўғрисида”ги қарори ва Биринчи Президентимизнинг 2000 йил 28 январдаги “Тошкент давлат университетига “Ўзбекистон Миллий университети” мақомини бериш тўғрисида"ги Фармони ўқув даргоҳимиз зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилган,– дейди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов.– Бу битиклар бугунги ёш авлод қалбига ҳам муҳрланмоқда. Албатта, улуғ аждодларга муносиб авлод бўлиш буюк юрт фарзандлари қалбида чексиз фахр ва ифтихор туйғуларини жўш урдиради.

Тадбирда Ўзбекистон Фанлар Академияси Математика институти директори, академик Шавкат Аюпов, Ўзбекистон Фанлар Академияси Астрономия институти директори Шуҳрат Эгамбердиев, ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев, тарихчи олим Аброр Хидиров ва бошқалар буюк аллома Мирзо Улуғбекнинг бой илмий мероси, бетакрор кашфиётлари, ҳаёти ва давлат бошқарувидаги фаолияти ҳақида атрофлича сўз юритдилар.

Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов сўнгги йилларда кино ва театр саҳналарида яратилган Мирзо Улуғбек образи бугунги авлод кўз ўнгида буюк аждодимиз сиймосини қанчалик гавдалантириши, ул зот ҳақидаги тасаввурларни янада бойитишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Буюк аждодимиз тарихи, илмий меросини теран ўрганишимизда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1994 йил 15 октябрь куни Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимдаги “Улуғбек руҳи барҳаёт” сарлавҳали нутқи ғоят муҳим ўрин тутади. Унда қайд этилишича, Мирзо Улуғбекдай беназир алломанинг ўрта асрлар шароитида намоён этган илмий жасорати бугунги кун олимларини ҳам ҳайратга солмасдан қўймайди. Тақдир бу улуғ зотнинг зиммасига беҳад улкан ва машаққатли вазифалар юклади. Буюк саркарда Амир Темур бунёд этган салтанатнинг вориси бўлишдек мислсиз синов айнан унга насиб этди. Чексиз ақл-идроки, азму қатъияти, одилона сиёсати билан Мирзо Улуғбек қарийб қирқ йил мобайнида Мовароуннаҳр диёрининг донишманд ҳукмдори бўлиб, халқларнинг азалий орзуси – тинчлик, тотувлик, ҳар томонлама тараққиётни қарор топтириш йўлида мислсиз шижоат ва матонат кўрсатди.

Мирзо Улуғбек минглаб юлдузларни жамлаган мукаммал харита ва бугунги энг замонавий ҳисоблардан деярли фарқ этмайдиган мукаммал астрономик жадвалини яратгани, унинг ҳаёти ва ижоди ўзбек халқи маънавияти пойдеворига қўйилган тамал тошларидан бири бўлиб, халқимизнинг ўрта асрларда фундаментал фанга нечоғлик буюк аҳамият берганини кўрсатади. "Зижи жадиди Кўрагоний" деб номланган Улуғбек астрономик жадвали ўрта асрларда лотин тилига таржима қилиниб, Европа олимлари орасида кенг тарқалган.

2014 йил 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференциясида ҳам Мирзо Улуғбекнинг XV асрда тузган астрономия жадвалида 1018 та юлдузнинг ҳолати ва жойлашуви баён қилинган бўлиб, бу асар астрономик ўлчовлар бўйича 16 аср давомида яратилган биринчи янги каталог бўлгани эътироф этилиб, унинг илмий мероси юксак баҳоланади. “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида беназир алломанинг ўрта асрлар шароитида намоён этган илмий жасорати бугунги кун олимларини ҳам ҳайратга солаётгани ҳақида сўз бораркан, буюк аждодимиз илмий фаолияти билан боғлиқ баҳсли бир масалага шундай ойдинлик киритилади:

«Зижи жадиди Кўрагоний» деб номланган Улуғбек астрономик жадвали ўрта асрларда лотин тилига таржима қилиниб, Европа олимлари орасида кенг тарқалгани фикримизнинг яққол исботидир,– деб ёзади муаллиф.– Бу ҳақда сўз юритар эканмиз, беихтиёр 1996 йили Парижда ЮНЕСКОнинг ўша пайтдаги Бош котиби Федерико Майор жаноблари билан бўлган бир суҳбат ёдимга тушади. Ўшанда жаноб Майор Улуғбекнинг илмий меросини юксак баҳолаб, унинг юлдузлар ҳаракатига оид ҳисоб-китоблари бугунги кунда компьютер ёрдамида текшириб кўрилганда атиги бир неча дақиқага фарқ қилиши аниқланди, деган гапни айтиб қолди. Шунда мен унга жавобан, йўқ, жаноб Федерико Майор, Улуғбек хато қилган бўлиши мумкин эмас, балки компьютерлар хато қилган бўлиши мумкин, деган эдим. Гарчи бу гап дўстона лутф тариқасида айтилган бўлса-да, ўйлайманки, унинг замирида чуқур ҳақиқат мужассам”.

Шуни айтиш жоизки, Ер сайёрамиз Қуёш атрофида ҳаракатланиши энг замонавий телескоплар ёрдамидаги ўрганилганида ҳар йили бир неча дақиқага фарқ қилиши ўз исботини топган. Демак, Мирзо Улуғбек ўз даврида бу масалада аниқ ва тўғри хулосага келгани аён бўлади!..

Буюк аждодимиз ҳаёти ва фаолияти, бой илмий меросини теран нигоҳ билан ўрганар эканмиз, бу борада кўплаб манбаларда қимматли фикрлар баён этилганини кўришимиз мумкин. Мирзо Улуғбекнинг дунё тарихида тутган ўрнини Мир Алишер Навоий қуйидаги сатрларида шундай таърифлаган:

 

Темурхон наслидин султон Улуғбек,

Ки олам кўрмади султон анингдек.

Анинг абнойи жинси бўлди барбод,

Ки давр аҳли биридин айламас ёд.

Ва лек ул илм сори топти чун даст,

Кўзи олдинда бўлди осмон паст.

Расадким боғламиш – зеби жаҳондур,

Жаҳон ичра яна бир осмондур.

Билиб бу навъ илми осмоний,

Ки ондин ёзди "Зижи Кўрагоний".

Қиёматга декинча аҳли айём,

Ёзарлар онинг аҳкомидин аҳком.

 

Улуғбек сиймоси тарихий асарларда ўзига хос тарзда улуғланган. "Қомуслар бош таҳририяти" томонидан 1996 йилда нашр этилган "Темур ва Улуғбек даври тарихи" тўпламида ана шу тарихий асарлар ҳақида ҳам маълумотлар бор. Жумладан, Шамсуддин Али ибн Жамолулисломнинг 1399-1403 йилларда ёзилган "Темурнинг Ҳиндистонга қилган юришлари кундалиги", Низомиддин Шомийнинг 1401-1402 йилларда ёзилган "Зафарнома", Шоҳобуддин Абдуллоҳ ибн Лутфуллоҳ ал-Ҳавофийнинг (у Ҳофизи Абру номи билан ҳам машҳур) XV аср 20 йилларининг иккинчи ярмида ёзилган "Зубдат ут-таворих", Шарафуддин Али Яздийнинг "Зафарнома" асарларида Мирзо Улуғбекнинг турли даврлардаги фаолияти ҳақида қимматли фикрлар ўз ифодасини топгандир.

1468-1471 йилларда Камолиддин Абдураззоқ Самарқандийнинг Самарқандда ёзилган "Матлаъ ус-саъдайн" солномасида Улуғбек расадхонаси ҳақида кенг маълумотлар берилган.

Алишер Навоий "Мажолис ун-нафоис" асарида Мирзо Улуғбекни нафис адабиёт билан шуғулланган давлат арбоби сифатида тасвирлайди.

Буюк аждодимиз вафот этганидан сўнг 40 йилдан кейин Давлатшоҳ ўзининг "Тазкират уш-шуаро" деб номланган машҳур баёзида шундай ёзган: "Улуғбек олимликнинг юқори даражасига кўтарилди… Икки шохли Искандар Зулқарнайн давридан ҳозиргача ҳокимият бошида Улуғбек сингари подшоҳ-олим бўлмаган".

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўлмас асари – "Бобурнома"да ҳам Мирзо Улуғбек бунёд этган бинолар қаторида расадхонанинг уч қаватли бўлганлиги ҳақида қимматли маълумотлар берилган.

"Темур ва Улуғбек даври тарихи" тўпламида буюк аждодимиз ҳақида асарлар ёзишган яна ўнлаб тарихчи олимлар, фозил кишиларнинг номлари баён қилингани эътиборга моликдир. Ўша тарихий асарларни бугунги ёш авлодга ҳам китоб ҳолида тақдим этиш, пировардида, буюк маънавий меросимизни янада чуқурроқ ўрганиб бориш ғоят муҳимдир.

Биз наинки Мирзо Улуғбек ҳақидаги китобларни, балки, у даҳо яратган асарларни ҳам синчковлик ила ўрганишимиз зарур. Тарихий манбаларда қайд этилишича, Улуғбек ўлмас китоблар, ҳаттоки шеърлар ёзган. Уларнинг кўпчилиги бизгача етиб келган!

Чўлпон нашриёти томонидан 1994 йилда 100000 (юз минг!) нусхада чоп этилган "Тўрт улус тарихи" китоби Мирзо Улуғбекнинг энг нодир асарларидан биридир. "Мирзо Улуғбек фаннинг жуда кўп соҳалари, хусусан математика, фалакиёт, мусиқашунослик ва тарих илмлари бўйича забардаст олим, илм-фан, маданиятнинг улкан ҳомийси сифатида абадул-абад тарихда қолди,– деб ёзади мазкур китобга сўзбошисида академик Бўрибой Аҳмедов.– Улуғбекнинг бетакрор илмий мероси, у таъсис этган ва раҳнамолик қилган Самарқанд мунажжимлик мактаби ҳақидаги тасаввуримизни ҳали етарли деб бўлмайди..."

Илми хазинаси беқиёс аллома бобокалонимизнинг биз билган ва билмаган илмий, маънавий мерослари дунёнинг турли давлатлари кутубхоналарида сақланаётгани сир эмас. Улардан ҳеч бўлмаганда нусхалар олиб келиб, она тилимизда изоҳлари билан нашр этишнинг фурсати аллақачон етган! Демоқчимизки, “Улуғбек энциклопедияси”ни ҳам яратиш мақсадга мувофиқдир.

ЎзМУ Журналистика факультетида Мирзо Улуғбекнинг "Тўрт улус тарихи" китоби бугунги кунда миллий публицистикамизнинг энг ноёб дурдоналаридан бири сифатида ўрганилмоқда. Улуғ аждодларимиз тарихини, уларнинг бой маънавий меросини шу тариқа қанчалик теран нигоҳ ила ўргансак, келажакда шунчалик буюк мақсадларга эриша оламиз.

 

 

ЎзМУ Ахборот хизмати

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: 2271542; +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

 

To'liq o'qish

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 25-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (6-11март кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 25-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (6-11март кунлари)

 

ТОШКЕНТ

 

ЎзМУ – 2017

To'liq o'qish

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 24-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (27 февраль-4 март кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 24-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (27 февраль-4 март кунлари)

 

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2017

To'liq o'qish

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 24-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (27 февраль-4 март кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 24-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (27 февраль-4 март кунлари)

 

ТОШКЕНТ

 

ЎзМУ – 2017

To'liq o'qish

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 21-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (6-11 февраль кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 22-2017

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (6-11 февралькунлари)

 

ТОШКЕНТ

 

ЎзМУ – 2017

To'liq o'qish