Алгебра ва функционал анализ кафедраси

Алгебра ва функционал анализ кафедраси “Функционал анализ” ва “Алгебра ва сонлар назарияси” кафедралари асосида ташкил этилган. Ҳозирги кунда кафедрага ф.м.ф.д., профессор Омиров Бахром Абдазович мудирлик қилмоқда. Функционал анализ кафедрасининг асосчиси машҳур математик олим, академик, давлат арбоби Тошмуҳаммад Алиевич Саримсоқовдир. 

Тошмуҳаммад Алиевич Саримсоқов эҳтимоллар назарияси масалаларини функционал анализ методлари билан ўрганишга, шунингдек, математиканинг татбиқий масалаларига ҳам катта эътибор қаратди. Хусусан,  метереологиядаги илмий ишлари учун Т.А.Саримсоқов Давлат мукофотига сазовор бўлди. У ҳозирги замон математикасининг янги илмий йўналишларидан бири – ярим майдонлар назариясига асос солди ва функционал анализ бўйича Тошкент мактабини яратди. Бу йўналишдаги илмий тадқиқотлари учун олим 1968 ва 1994 йилларда Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофотининг совриндори бўлди. 1990 йилда унга Меҳнат Қахрамони унвони берилди. Т.А.Саримсоқовнинг «Топологик Буль алгебралари» монографияси АҚШда чоп этилди. 

Эҳтимоллар назариясини ўрганишга алгебраик ёндашув ғояси Т.А.Саримсоқовнинг кейинги ишларида ва шогирдлари ишларида ўз ривожини топди. Нокоммутатив (квант) эҳтимоллар назариясининг алгебраик баёни берилди. Ҳозирги кунда академик Ш.А.Аюпов, профессорлар В.И.Чилин, Р.Н.Ганихўжаев ва уларнинг шогирдлари томонидан операторлар алгебралари назарияси ва унинг татбиқлари, симметрик фазолар назарияси, квадратик операторлар назарияси бўйича сермаҳсул илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бу йўналишлар бўйича эришилган илмий ва амалий натижалар, ютуқлар учун мактаб вакиллари бир неча бор Давлат мукофотларига сазовор бўлган. Кўплаб халқаро илмий анжуманлар ва конференциялар улар ташаббуси билан ўтказилган.

Алгебра ва сонлар назарияси кафедраси 1956 йилда профессор Н.П.Романов ташаббуси билан ташкил этилган ва дастлабки йилларда кафедрада мультипликатив функциялар ва тригонометрик қаторлар бўйича тадқиқотлар олиб борилган бўлиб, 70-йиллардан бошлаб бунга Т.М.Зупаров ва шогирдларининг аддитив масалалар ва Диофант яқинлашишлари метрик назарияси бўйича ишлари қўшилди.

Кейинчалик “Инвариантлар назарияси ва унинг тадбиқлари” мавзусида илмий изланишлар олиб борилди. Бу мавзу бўйича академик Ж.Ҳожиев ва унинг шогирдлари томонидан баъзи группаларнинг вектор фазолардаги тасвирлари учун ёпиқмас орбиталарнинг таснифига, инвариантлар алгебрасининг чекли ҳосил қилинганлиги ҳақидаги Гильбертнинг 14-муаммосига боғлиқ масалалар, инвариантлар алгебраларининг идеаллари ва бошқа масалаларни ўрганишга бағишланган қатор натижалар олинди.

“Алгебра ва функционал анализ” кафедрасида ҳозирги кунда замонавий алгебранинг муҳим йўналишларидан ҳисобланган ноассоциатив алгебраларнинг структуравий назарияси академик Ш.А. Аюпов раҳбарлигида ўрганилмоқда.

Испания, Германия, Россия, Қозоғистон илмий марказлари академик Ш.А.Аюпов асос солган оператор алгебралари ва унинг татбиқлари илмий мактабида олинган натижаларни юқори баҳолаб, улар билан доимий ҳамкорликда изланишлар олиб бормоқдалар.

2003 йилда Ўзбекистон олимлари ичида биринчи бўлиб Ш.А.Аюпов Ривожланаётган дунё фанлар академияси (TWAS)га ҳақиқий аъзо этиб сайланди.

Кафедра аъзолари:


1. ОМИРОВ БАХРОМ АБДАЗОВИЧ (кафедра мудири)

2. ГАНИХУЖАЕВ РАСУЛ НАБИЕВИЧ (профессор)

3. ЧИЛИН ВЛАДИМИР ИВАНОВИЧ (профессор)

4. МЎМИНОВ ҚОБИЛЖОН ҚОДИРОВИЧ (профессор)

5. КАСЫМОВ НАДИМУЛЛА ХАБИБУЛЛАЕВИЧ (профессор)

6. РАХИМОВ АБДУГАФУР АБДУМАДЖИДОВИЧ (профессор)

7. КУРГАНОВ КАРИМ АЙХОДЖАЕВИЧ (доцент)

8. ДАДАЖАНОВ РУЗМАТ НОРМАТОВИЧ (доцент)

9. ХУДОЙБЕРДИЕВ АБРОР ХАКИМОВИЧ (доцент)

10. КУЧАРОВ РАМЗИДДИН РУЗИМУРОДОВИЧ (катта ўқитувчи)

11. ҒАЙБУЛЛАЕВ РУСТАМЖОН ҚАҲРАМОНОВИЧ (ўқитувчи)

12. ИБРАГИМОВ ФАРХОДЖОН НУРМУХАМАДЖОНОВИЧ (доцент)

13. НОРМАТОВ ЭРКИН ПАНЖИЕВИЧ (доцент)

14. ТАДЖИЕВА МОХБОНУ АКРАМ ҚИЗИ (ўқитувчи)