Назарий физика кафедраси

Назарий физика кафедраси 1935 йилда ташкил топган. Бу кафедрани 1935-1941 йиллари проф. А.Е.Левашов, 1941-1957 йиллари акад. С.У.Умаров, 1957-1965 йиллари проф. Г.М. Авакьянц, 1965-1967 йиллари проф. А.Тешабоев, 1967-1972 йиллари проф. Р.Х.Маллин, 1972-2005 йиллари акад. М.М.Мусаханов мудирлик қилган. 2005 йилдан 2016 йиллар давомида назарий физика кафедраси ядро физикаси кафедраси билан бирлаштирилди ва Ядро ва назарий физика кафедраси ташкил этилди. 2016 йилда Назарий физика кафедраси алоҳида кафедра сифатида ажралиб чиқди ва уни 2017 йил май ойидан   бошлаб акад. М.М.Мусаханов бошқариб келмоқда.

М.М.Мусаханов кафедрага келиши билан бу ерда ярим ўтгазгичлар физикаси бўйича олиб борилаётган илмий изланишлар қаторида юқори энергия физикаси, атом ва ядроларнинг тўқнашуви, нурланишнинг муҳит билан таъсирлашуви каби янги йўналишларда илмий тадқиқот ишлари бошланди. Катта салоҳиятга эга бўлган йирик илмий марказлар: Ядро тадқиқотлари бирлашган институти (ЯТБИ, Россия, Дубна), Лебедев номидаги Физика институти (РФА ФИ, Москва) билан илмий алоқаларнинг ўрнатилиши ушбу изланишларни фаол олиб боришга замин яратди. М.М.Мусахановнинг ташаббуси билан назариётчилар учун квант хромодинамикаси, элементар зарралар назарияси, калибрланган майдонлар назарияси каби янги махсус курслар ўқув жараёнига киритилди. ЯТБИ билан яқиндан ўрнатилган алоқалар кафедра талабалари ва битирувчиларига Дубнада катта илмий мактабни ўтишга имконият яратди. Кафедрага етакчи назариётчилар маърузалар ўқиш учун таклиф қилинди. Натижада дунё илмий марказларида кафедра битирувчиларига талаб кучайди, кафедранинг довруғи нафақат Ўзбекистон, балки жорижга ҳам тарқалди.

Назарий физика кафедрасининг янги даври Ўзбекистон Республикаси мустақиллигидан кейин бошланди. Кафедранинг илмий тадқиқотлар соҳаси элементар заррачалар физикаси ва квантланган майдон назариясини (М.М.Мусаханов, Б.А.Файзуллаев, У.Яхшиев, А.Каримходжаев), назарий ядро физикасини (Б.Ф.Иргазиев), модда билан нурланишнинг ўзаро таъсирини (П.Э.Пяк), ночизиқли тўлқинлар жараёнлар назарияси (А.А.Абдумаликов, А.С.Раҳматов, Ҳ.Н.Исматуллаев), конденсатланган ҳолатлар физикаси назариясини (М.М.Мусаханов, Б.Абдуллаев) ўз ичига қамраб олган.

Кадрлар тайёрлаш борасида физика факультетида Назарий физика соҳаси алоҳида ўрин тутади. Профессор А.А.Абдумаликов бошчилигидаги кафедра аъзоларидан тузилган ижодий жамоа томонидан ўзбек тилида назарий физиканинг умумий фанлари бўйича 2008-2011 йилларда “Назарий физика курси” бўйича тўрт жилдли (B.A.Fayzullayev “Nazariy mexanika”, А.А.Аbdumalikov “Elektrodinamika”, M.M.Musaxаnov, A.S.Rahmatov “Kvant mexanikasi”, А.А.Аbdumalikov, R.Mamatqulov “Termodinamika va stastistik fizika”) дарслик нашр қилинди. 2014 йилда “Мatematik fizika metodlari” (B.A.Fayzullayev, A.S.Rahmatov), магистрларга мўлжалланган “Nazariy fizikaning matematik usullari” (B.A.Fayzullayev) дарсликлари ҳам чоп этилди. Кафедра ўзининг юқори малакали профессор-ўқитувчилари билан фахрланади.

 Замонавий университет таълим жараёнини АКТнинг компонентларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Айнан шу компонентларни барпо этиш борасидаги қилинган саъй-ҳаракатлар, илмий-техник ечимлар, замонавий электрон ўқув адабиётлар яратиш методикаси ва электрон қобиғини барпо этиш, ҳамда профессор-ўқитувчилар ва талабаларни электрон муҳит доирасида фаолият олиб бориши бўйича кенг қамровли изланишлар кафедра аъзолари педагогик фаолиятида ўз аксини топган (А.Каримходжаев). Сир эмаски, ахборотлаштириш жараёни компьютерлаштириш жараёнидан тубдан фарқ қилади, шунинг учун ҳам бу кўп маблағ талаб қиладиган жараёндир. Бу борада доцент  А.Каримходжаев рахбарлигида 12 та ҳалқаро донорлар грантлари (жами: 825000 еврo ва 240.000 АҚШ доллари), жумладан ТЕМПУС (Европа иттифоқи), ЮНЕСКО грантларидан унумли фойдаланиб, нафақат ЎзМУ, балки Талабалар шаҳарчаси ва Шифокорлар шаҳарчаси компьютер тармоқлари яратилди.

Жами 120 та компьютердан иборат ва замонавий серверлар билан жиҳозланган Очиқ ўқув информацион марказ ишга туширилди (А.Каримходжаев, А.С.Раҳматов), Астрономия ва физика бўйича ЮНЕСКО кафедраси ташкил этилди ва фаолият кўрсатмоқда (М.М.Мусаханов, А.С.Раҳматов).         

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида назарий физика соҳасида олиб борилаётган илмий ишларнинг кенг жамоатчилик томонидан тан олинишига кафедрамизда таҳсил олган талабалар ичидан (Абдуфаррух Абдумаликов 1997 й., Жасур Абдуллаев 2005 й.) Ўзбекистон Республикаси Президенти стипедиатлари бўлганлиги яққол мисол бўлади. Ҳозирги пайтда кафедрамиз ходими Улуғбек Яхшиев Инҳа университетида илмий тадқиқот олиб бормоқда. В.Морозова АҚШда Принстон университетида, Э.Б.Абдикамалов Остона шаҳридаги Назарбоев университетида илмий изланиш олиб бормоқда.

Назарий физика кафедрасида тахсил олган талабалар ва магистлар релятивистик астрофизика, гравитация ва космология соҳасида хам илмий изланишлар ишларни проф. Б.Ж.Ахмедов ва ф.-м.ф.д. А.А.Абдужаббаров рахбарлигида олиб боради. Кафедрада хорижий мамлакатлар билан илмий ва ўқув  ҳамкорлик алоқалари яхши йўлга қўйилган. Asia Pacifik Center for Theoretical Physics (Жанубий Корея), Инҳа университети (Жанубий Корея) ва Хитой Фанлар Академиясининг Замонавий физика институти билан назарий физика соҳасида илмий изланишлар, конференцияларни ҳамкорликда олиб бориш учун шартномалар тузилган, "Erasmus+" дастури бўйича 2 лойиҳа амалга оширилмоқда:

Кафедра аъзолари:

1. МУСАХАНОВ МИРЗАЮСУФ МИРЗАМАХМУДОВИЧ (кафедра мудири)

2. АБДУМАЛИКОВ АБДУЛАЗИЗ АБДУВАХАБОВИЧ (профессор)

3. АХМЕДОВ БОБОМУРАТ ЖУРАЕВИЧ (профессор)

4. РАҲМАТОВ АЗАМҲОН САЙФИЕВИЧ (доцент)

5. КАРИМХОДЖАЕВ АБДУГАПУР (доцент)

6. ФАЙЗУЛЛАЕВ БИРУНИЙ АМАНУЛЛАЕВИЧ (доцент)

7. АБДУЛЛАЕВ БАХОДИР ( доцент в.б.)

8. ИСМАТУЛЛАЕВ ХАЁТУЛЛО НАСРУЛЛАЕВИЧ (катта ўқитувчи)