Фотоника кафедраси

Университетда оптика ва спектроскопия сохасидаги дастлабки илмий тадқиқотлар XX асрнинг 50-йилларида проф.В.А.Кизель ва доц.Б.М.Носенколар рахбарлигида асос солинган бўлиб, (1960 йилдан бошлаб проф.В.А.Кизель Москва физика техника институтида ишлаган) мухитлардан электромагнит тўлқинларни қайтиши, ютилиши ва люминесценция спектрлари ёрдамида мухитларни структурасини ўрганиш йўлга қўйилди.

Радиофизика соҳасидаги дастлабки илмий-тадқиқот ишлари университетда кафедра мудири И.А.Гофман ва Абу Райхон Беруний номидаги Давлат мукофати совриндори Х.Х.Ходжимухамедовлар рахбарлигида XX асрнинг 60-йилларида бошланган бўлиб, радиодиапазон соҳадаги электромагнит тўлқинларнинг ионосфера ва турли муҳитларда тарқалиши, турли лазерлар ҳамда уларнинг параметрларини тадқиқ этишга қаратилди. Лекин шу соҳанинг янги бир йўналиши – квант радиофизикасини проф. Агзам Турапович Мирзаев (1943-2002йй) ривожлантириб, уни 70-йилларда илмий мактаб даражасига кўтарди.

А.Т.Мирзаев 1973 йили Киев давлат университети (Украина)да мақсадли аспирантурада таҳсил олиб ва номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, Ўзбекистон Миллий университетининг радиофизика кафедрасига ишга келиши биланоқ, лазер физикаси соҳасидаги илмий изланишларни кенг йўлга қўйди. Бу эса тез орада квант радиофизикаси мактаби ташкил топишига мустаҳкам асос бўлди. А.Т.Мирзаев 1980 йилдан то умрининг охиригача (2002 й.) Ўзбекистон Миллий университети физика факультети квант радиофизика кафедраси мудири вазифасида ишлаган. Профессор А.Т.Мирзаевнинг физика фанидаги йирик, долзарб йўналишларни олдиндан кўриш ва ҳис эта олишдек ҳислатлари ҳамда ташкилотчилиги  квант радиофизикаси илмий мактаби мавқеини юксак даражага кўтарди. У ўз илмий мактабига доимо физика факультетини битирган қобилиятли, илмга чанқоқ ёшларни жалб қилиб келди.

Илмий мактабда олинган илмий ва амалий натижалар кўплаб дунёга таниқли мамлакатлар, чет элдаги нуфузли илмий мактаблар томонидан эътироф этилди. Масалан, буни Россиянинг Москва шаҳридаги «Астрофизика» Илмий ишлаб чиқариш бирлашма (ИИЧБ), Новосибирск шаҳридаги Россия ФА нинг «Лазер физикаси» илмий тадқиқот институти, Томск “Атмосфера физикаси ва оптикаси” илмий тадқиқот институти ва Рязань шаҳридаги «Плазма» ИИЧБ лари билан ўзаро шартнома асосида қўлга киритилган илмий натижалар ва шу асосда яратилган физик-техникавий қурилмалар, хорижда фақат эътироф этилиб тан олинишигина эмас, балки саноатда қўлланилганлиги ҳам исботлаб турибди.

Ўзбекистонда 1978 йили “Лазер нури параметрларини бошқариш”-мавзусидаги биринчи Ҳалқаро конференция, 1984 йил "Проблемы лазерного аэрозондирования поверхности земли" Россия Фанлар Академиясининг кўчма семинар-кенгашлари Тошкент квант радиофизикаси мактабининг ташаббуси ва ташкилотчилиги остида ўтказилган. Ўзаро илмий ташрифлар, конференциялар ва илмий ҳамкорликлар, илмий мактабда олинган илмий натижаларнинг илм-фан ва техника тараққиётига ҳамда халқ хўжалигида кўплаб тадбиқ этилиши, бу мактаб олимлари мавқеининг салмоғи ҳалқаро миқёсда кенг эътироф этилганини кўрсатмоқда.

Бугунги кунда бу илмий мактабнинг илмий ишлари узлуксиз равишда когерент оптика ва лазер физикасининг фундаментал масалалари билан боғлиқ ҳолда ривожланмоқда. Ҳозирда илмий мактабнинг асосий илмий йўналишлари қуйидагилардан иборат: стабил газли лазерларни ишлаб чиқиш, оптик майдонларнинг когерентлик хусусиятини ўрганувчи юқори тартибли фотонлар корреляцияси услубларини ишлаб чиқиш, лазерли ўлчов тизимлари, бир жинсли бўлмаган муҳитларда лазер нурининг тарқалишидаги статистик хоссалари ва ночизиқли динамикаси ўрганиш.

Маълумки, лазер нури объектлар ҳақида маълумот олиш ва уларни узатишда муҳим тадқиқот қуроли ҳисобланади. Бунда лазер нурланиши манбаига нисбатан катта талаблар қўйилади. Жумладан унинг нурланиш частотасини стабиллиги ва энергия истеъмоли кўпгина масалаларда илмий-техник (космик сунъий йўлдошларида, кичик силжишларда, лазерли атом совиткичларида ва б.) аҳамиятлидир. Илмий мактаб вакиллари профессор М.М.Мириноятов, физика-математика фанлари номзодлари И.А.Соловьев, З.И.Имонқуловлар He-Ne, СО2-лазерларининг кам шовқинли, стабил, кам энергия сарфловчи туркум моделларини яратиб амалиётга тадбиқ этдилар. Булар квант радиофизикаси соҳаси тараққиётига катта ҳисса қўшган бўлдилар. Ўта юқори частота кўндаланг разрядли Не-Nе фаол муҳитининг электр, оптик ва генерация хусусиятларини ўрганиш натижасида ўта қувватли якка частотали ва кам шовқинли, ҳамда паст кучланишларда ишловчи Не-Nе лазери яратилиб, илмий-амалиётга тадбиқ этилди. “Якка частотатали ЎЮЧКР He-Ne (гелий-неон) лазерини яратиш”, “Якка частотатали ЎЮЧКР CO2 – лазерини яратиш” мавзуидаги илмий натижалари Россия Фанлар академияси Лазер физикаси институти (Новосибирск шаҳри) ва Москва вилояти Жуковск шаҳри Авиация бирлашмаси, шунингдек Рязань илмий-текшириш институтларида кенг қўлланилди. Доцентлар Э.О.Сагатов ҳамда М.Ш.Шорахимовлар қаттиқ жисмли ва қувватли лазерларни яратиш бўйича илмий тадқиқот ишларини бажаришган.

Турли нурланиш манбалари ва бир жинсли бўлмаган муҳитларда лазер нурининг тарқалишидаги статистик хоссалари илмий мактабнинг фундаментал мавзуси ҳисобланади. А.Т.Мирзаев рахбарлигида Лебедев номидаги ФИАН (Россия) билан “Фотон саноқлар усулининг лазерли дистанцион зондлаш учун тадбиқи” мавзуси тасдиқланиб, унинг асосий ижрочиси Р.Р.Вильданов бўлган. Мавзу доирасида олиб борилган тадқиқотлар натижасида ўша давр учун ноёб қурилма – оптик сигналларни қайд этувчи ва қайта ишловчи – фотонлар коррелятори ишлаб чиқилди. Унинг келажагдаги қўлланилиши МДУнинг тўлқинли жараёнлар кафедраси ва Прохоров номидаги ИОФАН (Россия) да муҳокама қилинди. Мустақиллик йиллари Илмий мактабнинг ушбу йўналишдаги ишларини давом эттириб доцент Р.Р.Вильданов раҳбарлигида Давлат дастурлари асосида қуйидаги: “Зондлаш объектлари нурланишларининг фазо вақт бўйича характеристикаларини аниқлаш учун юқори фотонлар корреляцияси усулини ишлаб чиқиш ва тадқиқ этиш”, "Деформацион силжишларни ўлчовчи дистацион лазер қурилмасини яратиш", "Сочувчи муҳитлар диагностикаси учун лазерли фотон-корреляцион спектрометрни ишлаб чиқиш"мавзулар бўйича илмий-тадқиқотлар олиб борилди. Тадқиқот натижалари бўйича илмий гурух аъзоси катта ўқитувчи Ғ.Б.Эшонқулов томонидан диссертация тайёрланди ва монография ёзилди.

Бугунги кунда, физика фанида тезкор ривожланиб бораётган янги «сингуляр оптика» йўналишидаги дастлабки тажриба ва амалиёт шу илмий мактабда илк бор амалга оширилди. Бу танланган илмий изланишларнинг ўта долбзарблиги ва проф. А.Т.Мирзаев илмий мактабининг амалий қуввати юксак даражада эканлигидан ёрқин далолатдир. Лазер нурининг бир жинсли бўлмаган муҳитларда, жумладан, оптик нуртолаларда тарқалишида вужудга келадиган спекл-майдон тўлқин фронти сиртидаги бурамасимон фаза бузилишлари-дислокацияларнинг ҳосил бўлиши ва мавжудлиги проф. С.С.Абдуллаев ва доц. Т.Ахмаджоновлар томонидан биринчилардан бўлиб тажрибада синаб кўрилиб унинг назарияси яратилди. Олиб борилган тадқиқотлар асосида оптик нуртолалар синдириш кўрсаткичининг тақсимотини аниқлаш усули ишлаб чиқилди.

   Илмий мактаб фаоллари ўзларининг дастлабки илмий изланишларида “Информацияни узатиш ва қабул қилишнинг оптимал системалари” мавзуси устивор йўналиш бўлди. Бу даврларда илмий мактаб мудофаа мавзуларидаги кенг қамровли Давлат топшириқларини бажарди, кўп каналли фотон санагичлари яратилди. Ўта суст интенсивликдаги сигналлар воситасида ҳосил бўладиган икки градацияли дискрет тасвирларни қабул қилиш йўналишидаги илмий изланишларга А.Т.Мирзаев ўз шогирдлари диққатини жалб этди. Бунинг натижаси ўлароқ, доцентлар Ас.Т.Мирзаев, Т.Ахмаджонов, А.К.Касимов, М.Маматқулов ва т.ф.н. И.Расуловлар томонидан турбулент атмосфера ва оптик нуртола каналларида ўта суст интенсивликдаги бинар тасвирларни узатиш ва қабул қилиш системаси яратилди.

Квант радиофизикаси илмий мактаби тадқиқотчилари Не-Nе лазер нурида ишловчи «Ўта кичик силкиниш – силжишларни қайд этувчи лазерли тизим» (деформограф) ни яратишга муваффақ бўлди. Бундай ўта сезгир гетеродинли лазер комплексларини яратиш ва уларни геофизик ўлчашларда қўллаш учун, атмосфера орқали ўтаётган ёруғлик майдонлар характеристикаларини қайта тиклаш муаммолари устида илмий изланишлар олиб борилди. Ер силкинишларини олдиндан аниқлаш – башорат қилиш дунё фанидаги энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Бу вазифаларни амалга ошириш учун Тянь-Шан тоғ олдида Д.А.Талипов, Ш.Зокиров и Р.Шаяховалар иштирокида Радиофизик полигонга асос солинди ва ишлаб чиқилган қурилмалар синовдан ўтказилди. Усулнинг асоси – лазерли гетеродинлаш ф.-м.ф.д. А.Н.Якубов томонидан ривожлантирилди. Украиналик олимлар билан ҳамкорликда илмий грант ишлари олиб борилди.

Квант радиофизикаси илмий мактаби доирасида олиб борилган илмий ишларнинг натижаси асосида 4 та докторлик, 17 та номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди ва 10 та давлат патентлари олинди.

Юқори илмий қувват ва салоҳиятга эга бу мактабнинг таркибидаги олимлар бугунги кунда ҳам катта илмий изланишлар билан бир қаторда ёш мутахассисларни тайёрлаш йўлида ҳам ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Бундай малакали мутахассисларга таянган ҳолда, Оптика ва Лазерли физика кафедрасида «5А440105–Лазерли физика», «5А440109–Радиофизика» мутахассисликлари бўйича магистратратуралар, ҳамда «5523100–Лазерли техника ва лазерли технологиялар» йўналишида бакалаврият очилган. Профессор М.М.Мириноятов томонидан лазерлар физикаси йўналишида катта ҳажмдаги хўжалик шартномалари асосида илмий ва амалий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Шу жумладан, Оптикадан ўқув лабораториялари мажмуаси яратилиб, шунинг учун Ўзбекистон давлат патенти олинди.

Илмий мактабда ЎзФАнинг «Ион плазма ва лазерли технологиялар» институтлари билан биргаликда олий илмий педагогик кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилган. Шунингдек илмий мактаб фаоллари ҳозирда Москва Давлат университетининг «Умумий физика ва тўлқинли жараёнлар» кафедраси, Россия ФА нинг «Лазер физикаси» институти (Новосибирск), Рязань Давлат Педагогика университети, Рязань «Плазма» ИИЧБ, Киев Миллий университетининг «Радиофизика» факультетлари билан ҳамкорликда кенг миқёсда халқаро илм-фан аҳамиятига молик илмий - тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар.

Кейинги йилларда кафедранинг профессорлари У. В. Валиев ва Б.Ю.Соколовлар раҳбарлигида магнит материалларининг оптикаси ва   магнитооптикаси соҳасида олиб борилаётган фундаментал илмий изланишлар натижасида жуда муҳим натижалар олинди.

2005 йилда “оптика” ва “квант радиофизикаси” кафедралари негизида “Оптика ва лазерли физика” кафедраси ташкил этилди.

2005 – 2012 йилларда проф. Ш.Отажонов, 2012-2016 йилларда доц.Т.Ахмаджанов, 2016- йилда проф.И.А. Рахматуллаев кафедра мудири лавозимида ишладилар.

2016 йил май ойидан бошлаб кафедрага “Фотоника” номи берилди. 2017 йилнинг 17 январь ойидан бошлаб “Фотоника” кафедрасини ф.м.ф.н. А. Х. Рамазанов бошқармоқда.

Кафедра профессор-ўқитувчилари:

1. РАМАЗАНОВ АСРОР ХАМРОЕВИЧ (кафедра мудири)

2. МУҚИМОВ КАМИЛ МУҚИМОВИЧ (профессор)

3. ОТАЖОНОВ ШАВКАТ (профессор)

4. ВАЛИЕВ УЙГУН ВАХИДОВИЧ (профессор)

5. АХМАДЖАНОВ ТУРГУНАЛИ АХМАДЖАНОВИЧ (доцент)

6. ВИЛЬДАНОВ РАМИЛЬ РИФГАТОВИЧ (доцент)

7. КАСИМОВ АБДУГАППАР КАХАРОВИЧ (доцент)

8. УБАЙДУЛЛАЕВА НАФИСА САЙФУЛЛАЕВНА (ассистент)