O'zMU » Yangiliklar » Тил – юксак миллий қадрият

1989 йил 21 октябрь – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинган кун.

Миллий тараққиётимизнинг муҳим пойдевори ҳисобланган мазкур қонун қабул қилинган кун шарафига ҳар йили Тил байрами ўтказилиши ўзига хос анъанага айланган. Шу муносабат билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Тил – юксак миллий қадрият” мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

 

 

– Бугунги Тил байрамида биз она тилимизнинг ижтимоий мавқеини янада мустаҳкамлаш, юксалтириш учун беқиёс имкониятлар яратилганини ҳис этган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларни атрофлича таҳлил этамиз ва галдаги вазифаларни белгилаб оламиз,– деди ЎзМУ Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Давлатбой Жумабоев.– Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1995 йил 21 декабрь куни “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Унда мазкур қонунимиз янада мукаммаллаштирилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланган. Тил — миллат руҳидир. Шу сабабли юртимиз мустақилликка илк қадамларини ташлаётган даврдаёқ ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганини фахр-ифтихор билан эслаймиз. Бу тарихий ҳодисанинг туб моҳиятини келажак авлод онгига сингдириш, унга муҳаббати, садоқатини янада мустаҳкамлаш шу тил жонкуярлари — ўқитувчилар, тилшунослар, умуман ўзини шу миллатнинг фарзанди деб билган ҳар бир шахснинг ҳар кунлик бурчи бўлиши шарт. Шундагина ўсиб келаётган ёш авлод тил нега миллий ғурур эканлигини ҳис этадиган, турли маънавий, мафкуравий таҳдидлар таъсирига тушмайдиган бўлиб етишади.

Тадбирда ЎзМУ Илмий ишлар бўйича проректори Олимжон Холмуҳамедов, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жаббор ва бошқалар истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби она тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз бергани, турли даражадаги расмий учрашувлар, музокараларда тилимиз кенг қўлланилаётгани, хориждаги кўплаб илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда она тилимизни ўрганишга қизиқувчилар сафи тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидладилар.

Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси Бош муҳаррири, таниқли шоир Сирожиддин Саййиднинг она тилимизни мадҳ этувчи шеърлари барчани тўлқинлантириб юборди.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари бўлган ЎзМУ талабалари Жонузоқова Чаман, Абдурасулова Маҳзуна, Жўрабекова Нафосат, Эркинжонова Ойхон, Садиева Нодирабегимнинг ўзбек тилидан инглиз, немис, француз ва бошқа тилларга қилинган таржималаридан ўқиб бердилар.

Ўзбекистон Миллий университети рус филология йўналишида таҳсил олаётган хитойлик Рен Хико Чун ва иқтисодиёт факультети рус тили гуруҳи талабаси Диана Паринованинг ўзбек тилида бийрон сўзлашларини тенгдошлари ҳаяжон билан тинглаб олқишладилар.

Маънавий-маърифий тадбир барчага хуш кайфият бахш этди. 

 

ЎзМУ Ахборот хизмати