O'zMU » Yangiliklar » Она тилим дурдоналари

Она тилимиздаги ҳар бир сўз – дурдона!

Тилимизда жаранглайдиган сўзларимиз замирида олам-олам маъно мужассам! Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети 2-Талабалар турар-жойи “Маънавият хонаси”да Кимё, Иқтисод, Биология факультетлари талабалари ҳамда профессор-ўқитувчилари иштирокида “Она тилим дурдоналари” мавзуида маърифий тадбир ўтказилди.

 

Тадбир аввалида Кимё факультети декани Одил Мухторов, Биология факультети декани Фарида Пирохунова ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан 1989 йил 21 октябрь куни (собиқ мустабид тузум даврида!) ўзининг қонуний мақомига эга бўлгани, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилганлиги, илм-фан ривожида, талаба-ёшларнинг пухта билим эгаллашларида ўзбек тилининг беқиёс аҳамиятини алоҳида таъкидладилар.

Таниқли филолог олим Абдумурод Тиловов она тилимиз миллатимизнинг маданияти ва маънавияти, қадим тарихи ҳамда урф-одатларимиз мажмуйи ифодаси экани ҳақида сўз юритар экан, Алишер Навоий асарлари асосида ўзи нашрга тайёрлаган ва яқинда “Sano-standard” нашриёти томонидан 10000 нусхада чоп этилган “Ибратли ҳикоятлар ва хислатли ҳикматлар” деб номланган салмоқли китобини китобсевар талабаларга тақдим этди!

— Тил инсоннинг руҳий оламини, ҳаётни идрок этиши, тафаккур тарзини ифода этувчи ноёб мўъжиза,— деди маърузачи.— Ҳазрат Алишер Навоийнинг улуғ мақсади туркий тилнинг ифода имкониятлари ва бадиий хусусиятларини дунёга кўрсатишдан иборат бўлган. Алишер Навоий ўзбек адабий тилининг асосчиси, сўз мулкининг султони, дея таърифланиши замирида улкан маъно мужассам. Ҳазрат Навоий асарларини ўқиганингизда ўзбек тилининг илдизи қанчалик чуқур эканлиги, бу тил имкониятлари нечоғли катта эканлигини ҳис этасиз. Ўз замонасида Алишер Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” асари илмий насрнинг ўзига хос гўзал бир намунаси бўлганини яхши биламиз. Бу асар орқали Навоий туркий тилнинг форс тилидан қолишмаслигини, бу тил имкониятлари қанчалик кенг эканлигини асослаб берган. Алишер Навоий ҳақиқий тилшунос сифатида туркий тилнинг имкониятларини ўрганган, ўргатган ва намойиш қилган. Ҳозирда бу бутун дунёда эътироф қилинган ва илмий тилшуносликнинг ўзига хос намунаси сифатида тилга олинади.

Филология фанлари номзоди Абдумурод Тиловов Мир Алишер Навоийнинг шоҳ сатрларидан ўқиш баробарида уларнинг мазмун-моҳиятини ҳам теран таҳлил этиб, тушунтириб берди.

Журналистика факультети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбекнинг ўша дақиқаларда “Ўзбекистон” каналида “Суҳбатдош” кўрсатуви орқали қилган суҳбатини тадбир иштирокчилари ҳаяжон билан томоша қилдилар.

Маърифий тадбирда фаол иштирок этган бир гуруҳ иқтидорли талабаларга янги китоблар туҳфа қилинди.

 

Насиба Нарзуллаева,

ЎзМУ газетаси мухбири