O'zMU » Yangiliklar » Диний эктремизм, терроризм ва унинг салбий оқибатлари

Бугунги кунда бизнинг энг катта бахтимиз нимада, деган саволга ҳеч иккиланмай шундай жавоб бера оламиз: “Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик – беқиёс бахтимиздир!” Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ўтказилган “Диний эктремизм, терроризм ва унинг салбий оқибатлари” мавзуидаги маърифий тадбирда бу ҳақда атрофлича сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва ЎзМУ томонидан ташкил этилган тадбирда соҳа мутахассислари, ЎзМУ профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этдилар.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, “Соғлом авлод деганда биз фақатгина жисмонан бақувват фарзандларимизни эмас, балки маънавий бой авлодни ҳам кўзда тутганмиз. Чунки, ҳар тарафлама соғлом авлодга эга бўлган халқни ҳеч қачон енгиб бўлмайди”,– деди тадбирни кириш сўзи билан очган ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев.– Бугунги учрашувимизда талабаларимиз диний эктремизм, терроризм ва унинг салбий оқибатлари ҳақида янада кенгроқ тасаввурга эга бўладилар, деган умиддамиз.

– Тинчлик ва осойишталик ҳар бир мамлакатда, умуман, инсоният учун тенгсиз неъматдир. Тинчлик, осудалик ҳукмрон бўлмаган жойда ҳаёт ҳам, фаровонлик ҳам, орзу-умидлар ҳам бўлиши мумкин эмас,– деди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов.– Аммо азалдан яхшилик билан ёмонлик, эзгулик билан ёвузлик каби нисбий кучлар бўлганидек, инсон ҳаётига рахна солувчи офатлар ҳам мавжуд. Улардан бири – диний ақидапарастлик ва терроризмдир. Бу бало-ю офат ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллиги ва XXI-асрга келиб ўзининг жирканч қиёфасини намоён эта бошлади. Айни пайтда диний экстремизм, ақидапарастлик ва терроризм дунё аҳлининг хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётгани кўпчиликка сир эмас. Ёвуз ниятли диний экстремистик ва террорчи оқимларнинг тарафдорлари халқимизнинг тинч-тотув ҳаётига рахна солишга, айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизни йўлдан оздиришга ҳаракат қилмоқдалар. Бу ёвуз ниятлиларнинг фаровон ҳаётимизни кўра олмаслик кайфияти, тузумимизга қарши тажовуздан иборат уринишлари барча тараққийпарвар кишиларни ғазаблантирмоқда. Уларнинг бундай хатти-ҳаракатларини қонун ҳам қаттиқ қоралайди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларида диний экстремистик, бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов дунё миқёсида ҳали кўплаб қўпорувчилик, хунрезликлар юз бермасдан туриб, бу хавфни илғаган ва жаҳон жамоатчилигини унга қарши биргаликда кескин чоралар билан курашишга даъват этган эди.

Бизнинг халқимиз терроризм даҳшатини ўз бошидан бир неча бор кечирган, бу бузғунчилик ҳаракатининг азиятларини тушунади. Турли йилларда Тошкент шаҳримизда рўй берган февраль воқеалари, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун туманларидаги хунрезликлар, Андижон воқеалари ва бошқа террористик ҳаракатларнинг бари ана шу ёвуз кучга бириккан жангариларнинг конституциявий тузумга қарши хуружлари эди.

Бироқ, қабиҳ ва разил тўдалар ҳар қанча уринишмасин, бизни ўз танлаган йўлимиздан чалғита олмайди. Давлатимиз айни пайтда диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш борасида изчил сиёсат юритиб келмоқда.

Ислом дини — миллий маънавиятимизнинг ажралмас бўлагидир. Аммо, ана шу муқаддас динимиз номидан, яъни, уни ниқоб қилиб олган ҳолда ёшларимиз онгини турли хил экстремистик ва террористик ғояларни сингдиришга урунишлар ҳозирги вақтда авж олиб кетди. Бунёдкор ва бузғунчи ғоялар ўртасидаги бундай ғоявий полигон кенг миқёсда дунё бўйлаб тарқалганлиги ҳар бир оқил инсонни хавотирга солмоқда.

Тадбир иштирокчилари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси бош мутахассиси Зулҳайдар Султоновнинг “Диний экстремизм ва терроризм – глобал таҳдид” мавзуидаги маърузасини катта қизиқиш билан тингладилар.

Давра суҳбатида ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси, тарихчи олим Аброр Хидиров, Ижтимоий фанлар талабаси, Алишер Навоий номидаги давлат стипедияти Озодбек Қувондиқов диний экстремизм ва халқаро терроризм инсоният учун катта муаммога айланиб бораётгани, беқарорлик келтириб чиқаришдан манфаатдор бўлган кучлар домига тушуб қолаётган, уларга билиб-билмай эргашаётган ва тинчлигимизга раҳна солишга уринаётганлар сафида эса юртимиз фуқаролари, айрим ёшларнинг ҳам борлигига бефарқ қараб бўлмаслиги, бузғунчи ғояларга қарши ҳамкорликда курашишимиз лозимлиги ҳақида атрофлича сўз юритдилар.

Тадбир давомида намойиш этилган “Қиёматга қолган қарз” фильми барчада катта таассурот қолдирди.

Талабалар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олдилар.

 

Отабек Алимардонов,

Улуғбек Усмонов,

ЎзМУ газетаси мухбирлари