O'zMU » Yangiliklar » Адибнинг порлоқ юлдузи 25 октябрь – атоқли адиб Пиримқул Қодиров таваллуд топган кун

      Бетакрор асарлари билан миллионлаб адабиёт ихлосмандлари қалбини забт этган атоқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров 1928 йил 25 октябрда Тожикистон Республикасининг Ўратепа туманидаги Кенгкўл қишлоғида таваллуд топган.

1951 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)ни тамомлаб, Москвадаги М.Горький номидаги Адабиёт институти аспирантурасига кирди. “Абдулла Қаҳҳорнинг урушдан кейинги ижоди” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1954-1963 йилларда у Москвада собиқ иттифоқ Ёзувчилар уюшмаси қошида ўзбек адабиёти бўйича маслаҳатчи, 1963-1976 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти катта илмий ходими лавозимида ишлади. 1990-2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати бўлиб, парламентнинг Фан, маданият ва таълим қўмитасида фаолият кўрсатган эди. Шу билан бир қаторда узоқ йиллар республикамизнинг турли газета-журналлари таҳрир ҳайъати аъзоси сифатида ижод аҳли билан ҳамнафас бўлган.

 

2008 йилда адиб таваллудининг 80 йиллиги бутун мамлакатимиз миқёсида кенг нишонланган эди. Муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримов шу муносабат билан Пиримқул Қодировга йўллаган табрик хати унинг қалбида умрбод муҳрланиб қолганди. “Истиқлол руҳи Сизнинг ижодингизга янги куч-қувват ва илҳом бергани сўнгги йилларда ёзилган асарларингизда яққол намоён бўлиб турибди,– деган илҳомбахш сўзлар битилган ушбу табрик хатида.– Хусусан, шу улуғ ва табаррук ёшда ҳам ҳормай-толмай ижод қилиб, “Тил ва эл”, “Амир Темур сиймоси” сингари пухта изланиш ва тадқиқотларга бой китоблар яратганингиз ёш адиблар учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади”.

Давлатимиз раҳбарининг ҳурмат ва эътиборидан нақадар мамнун бўлган улуғ адиб унга жавобан дил сўзларини шундай ифода этганди: “Сиз қанчалик банд бўлишингизга қарамай менинг камтарона роман ва қиссаларимни ўқиб чиққанингиз, уларга заршунослик нигоҳи билан қараб, теран маъноли фикрлар билдирганингиз учун чин қалбимдан миннатдорлик билдираман,– деб ёзганди Пиримқул Қодиров.– Сизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” номли янги китобингиз маънавий ҳаётимизда унутилмас воқеа бўлиб, бу асарда миллий маданиятимизнинг бой тарихи, бугунги ривожи ва порлоқ истиқболи ёрқин тафаккур ёрдамида жуда теран таҳлил этилгандир. Адабиётимиз шу буюк маънавият хазинасининг марказий қисмидан ўрин олганлигини Сиз улуғ адибимиз Чўлпоннинг “Адабиёт яшаса, миллат яшайдир” деган сўзлари мисолида яққол кўрсатиб бергансиз. Мен эллик йилдан буён бу доно сўзларни дилимда такрорлаб баҳра оламан. Бугун адабиётимизга Сизнинг шунчалик катта ғамхўрлик кўрсатаётганингиз бизни юксак ижодий камолотга ундайди. Бошқа адиблар қатори мен ҳам бутун умримни, бор куч ва қобилиятимни миллий маънавиятимиз ва унинг узвий қисми бўлган адабиётимизни юксалтиришга сарф этаман”.

Ўтган асрнинг ўрталаридан то бугунгача ўтган давр ўзбек адабиётини атоқли адиб Пиримқул Қодиров ижодисиз тасаввур этиш қийин. Унинг “Студентлар” деган биринчи китоби 1950 йилда нашр этилганидаёқ Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Зулфия каби устозлари эътиборини қозонганди. Адабиёт ихлосмандлари қалбидан роппа-роса арим аср илгари – 1958 йилда илк бора чоп этилган “Уч илдиз” романи ўрин олганди. Шундан сўнг, “Қора кўзлар” (1966), “Олмос камар” (1977),“Юлдузли тунлар” (1979), “Авлодлар довони” (1988), “Она лочин видоси” (2000) романлари ҳам китобхонларнинг маънавий мулкига айланган. Адибнинг “Қадрим”, “Эрк”, “Мерос”, “Ботирлар ва бахиллар”, “Яйра институтга кирмоқчи”, “Акромнинг саргузаштлари” каби қиссалари ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинган. Бу асарлар турли даврларда бир неча бор нашр қилиниб, ўз мухлисларининг эътиборини қозонгани баайни ҳақиқат.

Атойли адиб асарларини қанчалик мароқ билан ўқисангиз шунча маънавий завқ оласиз.

Меҳрга пайваста асарлари ила қалбимни ром айлаган улуғ адиб меҳригиёсидан кўплаб ёш қаламкашлар қатори камина ҳам баҳраманд бўлганимда ўзимни нақадар бахтиёр ҳис этгандим.

Юртимиз мустақиллиги миллатпарвар адибга туганмас илҳом бахш этганини унинг сўнгги йилларда яратилган қатор романлари, истиқлолни дилдан тараннум этувчи ўнлаб мақолалари мисолида кўриш мумкин. 2001 йилда “Маънавият” нашриётида чоп этилган “Қалб кўзлари” тўпламидан ўрин олган бадиалар, ўйлар ва мақолаларида юрт истиқлоли қанчалик бебаҳо неъмат эканлиги, уни кўз қорачиғидек асраш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз бўлмоғи лозимлиги ҳақида куюнчаклик билан сўз юритилган.

Шу табаррук ёшда ҳам устоз қўлидан қалами тушмади. Қатор тарихий романлари билан адабиёт мухлисларининг қалбларини забт этган адиб “Амир Темур сиймоси” асарида буюк Соҳибқирон Амир Темур, “Юлдузли тунлар”да шоҳ ва шоир Мирзо Бобур, “Авлодлар довони”да бобурийлар сулоласи давомчилари Ҳумоюн ва Акбар, “Она лочин видоси”да Гавҳаршод бегим ҳамда суюкли ўғли Мирзо Улуғбекларнинг, шу билан бир қаторда уларга замондош бўлган қанчадан-қанча тарихий шахсларнинг ёрқин сиймоларини ғоят юксак бадиий маҳорат ила яратган бўлса, 2009 йилда “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган “Шоҳруҳ ва Гавҳаршод” романида темурийлар сулоласининг бетимсол давомчиси бўлган Соҳибқироннинг садоқатли ўғли Шоҳруҳ Мирзо ҳамда умр йўлдоши бўлган, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоийдек дилбар шахсларга меҳрини берган фидойи она – Гавҳаршод бегимнинг ёрқин сиймолари ўз аксини топганди.

“Шоҳруҳ ва Гавҳаршод” романи “Она лочин видоси”нинг тўлдирилган ва табиийки, Соҳибқирон Амир Темурнинг ўзи каби улуғвор ўғли Шоҳруҳ сиймоси билан бойитилган нашридир.

– Темурий тарихида қирқ йилдан ортиқ тахтда ўтирган ва Соҳибқирон отасининг улуғвор ишларини ўзига хос тарзда давом эттирган Шоҳруҳ Мирзо ҳақида жуда кўп маълумотлар тўпладим,– деганди Пиримқул Қодиров ўз мулоҳазаларини баён этар экан.– Мазкур манбаларни синчковлик билан ўрганганингиз сари бу буюк бобокалонимизнинг ҳам қанчалик улуғвор шахс, доно шоҳу мард ва танти инсон бўлганини англайверасиз. Тарихдан яхши маълумки, Соҳирқироннинг сўнгги юриши, минг афсуски, унинг ҳаётига хотима қўйган. Узоқни кўра билган, кексалик боғларига қадам қўйган отасининг аҳволини жуда яхши тушунган донишманд ўғли Шоҳруҳ Мирзо отасининг бу юришига қарши бўлади...

Ўз ибораси билан айтганда “узоқ тарихни телескоп билан кўра оладиган” адиб буюк аждодлар ҳаётини ўз кўзи билан кузатгандек уларни бетакрор бадиий лавҳаларида тасвирлар эдики, мутолаа қилган ўқувчи кўз ўнгида ўша асар қаҳрамонларининг улуғвор сиймолари гавдалангандек бўларди.

Ўзбек адабиёти хазинасига баракали ҳисса қўшган устоз адиб Пиримқул Қодировнинг хизматлари юксак баҳоланиб, 1994 йилда “Шуҳрат” медали, 1998 йилда “Эл-юрт ҳурмати”, 2006 йилда “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.

Хуллас, қатор тарихий асарлари билан миллионлаб мухлисларининг қалбларидан мангу ўрин эгаллаган улуғ адиб номи тарих зарварақларига зарҳал ҳарфлар ила битилажак.

***

 

ТАЛАБАЛИКДА ОТГАН ИЛДИЗЛАР

 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университетининг 90 йиллиги турли йилларда шу даргоҳда таҳсил олган минглаб зиёлилар учун чинакам байрамга айланмоқда. Ўтган даврда бу қутлуғ илм масканидан бир қанча атоқли олимлар, адибу шоирлар етишиб чиқди. Уларнинг ҳар бири бугунги авлод учун ибрат бўлишга арзийди. Ўтган асрнинг ўрталарида шу даргоҳда таҳсил олган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров билан суҳбатимиз ижоди талабалик йилларида шакллана бошлаган севимли адибимизнинг ҳаёт ва ижод сабоқлари ҳақида

– Пиримқул ака, сиз ҳам шу университетда таҳсил олганингиз, илк китобларинингиз талабалик йилларида чоп этилганини мухлисларингиз яхши биладилар. Ўша даврда қалбга муҳрланган лаҳзалар ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Ёшлик йилларимиз иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган. Урушдан олдинги қатағонларда ота-оналаримизга қўшилиб биз ҳам даҳшатли сургунлар, кўч-кўчлар азобини тортганмиз. Уруш давомида 4 йил муттасил бошимизга бало-қазо ёғилди. Қанчадан-қанча яқинларимиздан ажралдик. Биз, 14-16 ёшли ўсмир болалар фронтга кетган катталар ўрнига қолиб, қийналган дамларимиз ёдимиздан чиқмайди. Ўшанда ўзим туғилган Кенгкўл қишлоғида қўш ҳайдаганман, ўроқ ўрганман, хирмон янчганман, йилқичилик қилганман, тоғларда қўй боққанман. Машаққатли меҳнатлар эвазига етиштирган буғдой ҳосилларимизни тайёрлов бўлимларига олиб бориб, фронт учун топшириб юборардик, ўзимиз эса қишда ярим оч қолардик. Шу боис қишлоқда яшаш жуда қийин бўлиб кетгач, 1944 йилда Бекободга келиб, металлургия заводи қурилишининг радиоузелида мухбирлик қилганман. Уруш туфайли мактаблар беркилиб, кўп бинолари госпиталларга айлантирилган эди. Ўқитувларимиз урушга кетган. Натижада ўрта маълумот олиш муаммога айланган, бусиз олий ўқув юртига кириб бўлмасди. Шуларни ҳисобга олиб, тайёрлов бўлимлари очилганди. 10-синфни битиролмаган ёшларнинг 7-8 синф маълумоти бўлса, экстерн тарзида бир йил давомида 2-3 йиллик билимни олиб, имтиҳон топшириб, университетга киришар эди.

Уруш тугаганидан кейин ўқишга бўлган иштиёқ Тошкентга етаклади. ЎзМУ ўша даврда Ўрта Осиё давлат университети деб аталар, унинг биноси ҳозирги Амир Темур хиёбони ёнида (айни пайтда Юридик институти) жойлашган эди. Мен ҳам тайёрлов бўлимини битирган пайтларимда шеърлар ёзиб, адабий машқлар қилиб юрардим. Филология факультетига ўқишга кириш иштиёқида эдим. Лекин бу факультетни битираётган дўстларимиздан бири – раҳматли Ғани Жаҳонгиров шундай деди: “ Бултур Шарқшунослик факультети очилди. Агар мен олдинроқ ўқишга кирмаган бўлганимда, шу факультетни танлаган бўлардим.

Кейин маълум бўлишича бу факультет раҳматли Усмон Юсуповнинг ҳаракатлари билан узоқни кўзлаб очилган экан. Ўша пайтларда республикада фан ва маданият соҳасига мутасаддилик қилган академик Ҳабиб Абдуллаев ҳам шарқшунослик факультетини очиш йўлида кўп саъй-ҳаракатлар қилган экан. Асл мақсади, фондларда сақланаётган минглаб қўлёзмаларимизни ўқий оладиган одамларни, шарқ мамлакатларида ишлайдиган кадрларни тайёрлаш бўлганини кейинроқ англаб етдик.

1945-1946 йилларда университетда ҳам ҳаёт жуда оғир эди. Карточка билан 500 грамм нон олардик. Ойлар давомида гўшт емасдик. Баъзи-баъзида талабалар ошхонасида сувда пиширилган ва озгина ёғда қовурилган макарон бериб қолишарди. Шу ҳам биз учун қувончли бир воқеа ҳисобланарди. Мана шу оғир ҳаёт натижасида қилтириқдек озиб кетгандик. Ётоқхоналаримиз, ўқийдиган аудиторияларимиз қишда иситилмас эди. У пайтлар талабалар кам бўлгани учун бир катта конференц-зални бизга ётоқхона қилиб беришганди. 50 га яқин талаба битта хонада турардик. Икки томонида кириб-чиқадиган эшиги бор бу бинода кечаси деразаларга яқинроқ ётган йигитлар ёпинган кўрпаларнинг четлари қиров боғлаб, оқариб қоларди. Шундай шароитда ўқиш учун келганларнинг бир қисми кўп ўтмай кетиб қоларди.

У пайтлари талабалар жуда кам бўлиб, қабул режалари тўлмай қоларди. Факультетлар ўқишга кирмоқчи бўлган болаларни излаб юрар эдилар. Мана шу шароитда университетга кирган ёшлар жуда катта қийинчиликлар билан ўқишган. Келажакка бўлган ишончимиз бизга катта маънавий мадад, руҳий тетиклик бахш этарди. Наздимда, бугунги дориломон кунлар ўша биз умид қилган келажакнинг ўзгинасидир.

Хуллас, Шарқшунослик факультетига кирдим. Бир-икки йилда бўлимлар ажралганда, тарих бўлимида ўқишни давом эттирдим. Кўп кўргуликларни кўрдик. Бизнинг авлод бошидан кечирганларини бошқа ҳеч қайси авлоднинг бошига солмасин, дейман.

– Устоз адиблар билан ўша кезларда танишгансиз-а?

– Мактабда ўқиб юрган кезларимдаёқ устоз адиблар Ойбек ва Абдулла Қаҳҳор, оташнафас шоира Зулфиянинг ижоди мени ром этган. Улар билан танишиш қанчалик қувончли воқеа эди ўша дамларда. Унутилмас воқеа 1949 йилда юз берган. “Овозимиз” деган тўпламда унча катта бўлмаган очерким босилиб чиқди. Шу орада талабалардан бири “Сизни шоира Зулфия опа нашриётга таклиф қилдилар, тез боринг!” деб қолди. У пайтлари университет биноси нашриётга яқин эди. Маърузалар тугашини кутишга сабрим чидамай катта танаффус пайтида нашриётга бордим.

Зулфия опа мени муҳаррирлар хонасида қабул қилдилар. Столлари устида пушти муқовали ўша тўплам турган экан. Зулфия опа менинг бу тўпламга кирган “Тўқувчилар номзоди” деган очерким ҳақида сўз очдилар:

“Тўқувчи аёлни эсда қоладиган қилиб кўрсатибсиз,– дедилар салмоқ билан.– Бу сиз учун бир машқ. Шундай дадил машқ қилаверсангиз сиздан ёзувчи чиқиши мумкин. Ҳозир адабиётимиз ёш талалантларга жуда чанқоқ. Мен бу лавҳаларда умид учқунларини кўргандай бўлдим. Тилагим шуки, келажакда бу учқунлар адабий оловга айлансин, одамларга керакли нур билан ҳарорат берсин!” Зулфия опанинг бу сўзлари ҳамон қулоқларим остида жаранглаб тургандек бўлади.

– “Студентлар” деб номланган ҳикоялар тўпламингиз ҳам ўша кезларда чоп этилган...

– Бу ҳаётимдаги энг унутилмас воқеалардан биридир. 1950 йилда таҳсил олиб юрган кезларимда чоп этилган бу тўпламда шу университет талабалари ҳаётини, уларнинг ички оламини бадиий бўёқларда акс эттиришга ҳаракат қилганман.

Очиғи, талабалик йиллари университет мен учун катта адабиёт эшигини очиб берган. Ўша дамлардан илҳомланиб ёзган “Уч илдиз” романида азиз устозларим ва тенгдошларим ҳаётини, уларнинг орзу-умидлари ва руҳий оламини тасвирлашга интилганман. Асар ҳақида адабиётшунослар, кўпсонли китобхонларимиз билдиришган илиқ фикрлар ҳам аслида мана шу ўқув даргоҳимизга эҳтиром рамзи дегим келади!

– Талабалар дунёқараши шаклланишида, уларнинг етук инсонлар бўлиб камол топишида устозларнинг ўрни қанчалик беқиёс бўлишини романда таъсирли тасвирлагансиз. Ўша устозлар ва тенгдошларингиз ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

– Домлаларимиз орасида Абдураҳмон Ҳамроев деган устознинг ўрни алоҳида эди. Бу киши Навоий ролини ўйнаган машҳур актёр Раззоқ Ҳамроевнинг акалари эдилар. Жуда бир ширали ва таъсирли овоз билан маъруза ўқир эдилар. Тарихга бизни қизиқтирган олимларимиздан бири ана шу киши бўлган. Лекин шўро даврининг иғвогарлари бу кишига ҳам кун бермай, анча қийнаганлари ёдимизда бор. Буларнинг ҳаммасини кейинчалик мен ўша романда баҳоли қудрат кўрсатишга ҳаракат қилганман. Асар қаҳрамонларидан бири профессор Абдураҳмон Тошев иғвогарлар томонидан факультетдан қувилган. У киши раҳматлик Ойбек акани ҳам ёдга солади. Бу улуғ адибнинг ҳаётида ҳам шунга ўхшаш воқелар юз бергани сир эмас. Ойбек аканинг насаблари Тошмуҳаммад эди-ку!

Раҳматли Абдулла Қаҳҳор домламизга "Қўшчинор" романини ёзгани учун жуда адолатсиз ҳужумлар бўлганди. Оқибатда у киши юрак хасталигига учраб, қийналиб ётганларида бориб кўрганман. Бу ҳодисани романда Темир Акбаров деган тарихчи домла тимсолида кўрсатганман.

Машҳур арабшунос олимимиз Убайдулла Каримов ибн Синонинг "Тиб қонунлари" асарини араб тилидан ўзбек тилига таржима қилдилар. Беруний асарларини ҳам ана шу олим таржимасида ўқимоқдамиз. Бу нодир сиймо ана шундай ажойиб ишлар қилиб кетди.

Биздан олдинги етакчи курс талабалари ҳамиша ибрат бўлдилар. Улар орасида Азиз Қаюмов бор эдилар. Бу нурли сиймо илм соҳасида академик бўлдилар. У киши билан бирга ўқиган Абдуқодир Ҳайитметов навоийшунос, профессор бўлиб етишдилар. Бизнинг тарих бўлимида ўқиган Бўривой Аҳмедов ва Абдулаҳад Муҳаммаджонов ҳам академик бўлдилар. Яна бир ҳамкурсимиз Турғун Файзиев "Темурийлар шажараси" деган китоб ёздилар.

– Талабалар ҳаётига бағишланган ўша романингиз қаҳрамонлари бугунги ёш китобхонларни ҳам қизиқтиради, албатта. Маҳкам, Гавҳар, Очил, Замира каби ёшликнинг жўшқин лаҳзаларини турли даражада бошларидан кечирган қаҳрамонларингизнинг прототиплари ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

– Бу асарнинг асосий қаҳрамонлари – бизнинг авлодга мансуб ёшлар, аниқроғи, шу университетимиз талабалари эди! Адолатпарвар, инсонпарвар руҳда ҳаётга кириб келаётган ёш зиёлиларни қўлимдан келганча ўзимизнинг авлод орқали кўрсатишга ҳаракат қилганман. "Уч илдиз" номининг замирида учта маънавий илдиз ётибди: пухта билим олиш; инсонийлик – одамийлик касб этиш; шахсий ҳаётда камолотга эришиш, муҳаббатга асосланган оила қуриш. Ўйлайманки, жонажон университетимизнинг бугунги талабалари ҳам ҳаётга ана шундай катта-катта маънавий илдизлар отишга интилмоқдалар.

Энди қаҳрамонларга келсак, бу бизнинг оилавий сиримизга айланганди. Асардаги Маҳкам ва Очил образлари орқали ўзимнинг ҳаётга қарашларим, орзу-умидлар, интилишларим ўз ифодасини топган бўлса, Гавҳар ва Замира образларида менга бахт ато этган умр йўлдошим Софияхоннинг сиймоси акс этган. Романда ёш шоир Очил Самадов ўз домласи Темур Акбаровга ўқиб берган саккиз сатр шеърни мен 1950 йилни кутган кечамизда курсдошларим даврасида ўқиб берган эдим.

– Ўша шеър ёдингиздами?

– Ҳа, ҳозир кулиб эслайдиган ўша сатрлар қуйидагича:

 

Янги йил, биз сендан сал уятлимиз,

Ҳозир даврамизда қизларимиз йўқ.

Япроқсиз гул бўлмас, севгисиз йигит,

Севгимиз бор, аммо севгилимиз йўқ.

* * *

Жўшқин қалбимизга жуфт келадиган,

Бугун умримизга шерик ва сафдош,

Ҳусндор, меҳрибон, ақлли бир қиз –

Янги йил, буни ҳам сендан кутамиз!

 

Бу тилакка фаришта омин деган экан, “Студентлар” деган биринчи китобчам ўша 1950 йилнинг кузида нашр этилди. У даврда бундай китобча чоп этилиши ҳам катта воқеа ҳисобланарди. Китобча университет талабалари орасида муҳокама этилган. Ўшандан буён ёзаётган барча асарларим жонажон университетимиз мураббийлари ва талабалари томонидан ҳам катта қизиқиш ва эътибор билан кутиб олинаётганидан жуда фахрланаман.

Қалбимда фахр ва ифтихор туйғусини жўш урдирган яна бир ҳол шуки, бугунги талаба ёшлар орасидан ҳам кўплаб иқтидорлилар етишиб чиқмоқда. Айни вақтда университетда 36 нафар Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари таҳсил олаётганлари улуғ шоирамизнинг ҳам руҳларини шод этаётган бўлса ажабмас. Жонажон университетимизнинг 90 йиллиги кенг нишонланаётган ушбу дамларда умрини илму маърифатга бахшида этган азиз устозлар, бу даргоҳда турли йилларда камол топган зиёлилар ва бугунги баркамол талаба ёшлар ҳақида фахр-ифтихор билан ўйларканман, муҳтарама шоирамиз Зулфия опанинг ушбу ўлмас сатрлари қалбимда қайта-қайта жаранглаётгандек туюлаверади:

 

Бу ён мозий, бу ён – гулшан замон, қонда икки ирмоқ,

Азиздир қай бири фикру юракка кўп қийин билмоқ,

Ва лекин икки дарёдан жавоҳирлар топиб термоқ

Ва элга туҳфа этмоқда фидони Сиздан ўргансин!

 

Ҳаётнинг интиҳоси йўқ, туғилур неча авлодлар,

Умр қулликда, лек ақлу тилак ҳур элу аждодлар,

Не кечди, нени бор этди? Уқиб севмоққа чанқоқлар,

Териб кўзларга суртмоқда баҳони Сиздан ўргансин!

 

– Мароқли суҳбатингиз учун ташаккур

 

Суҳбатдош Тўлқин ЭШБЕК

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2008 йил 29 август

***

 

АДИБ ҲАҚИДА ҚУЙМА ФИКРЛАР

 

Пиримқул Қодиров “Уч илдиз” романи билан олтмишинчи йиллар ўзбек адабиётига янги руҳ олиб келди. Романнинг тили равон, қаҳрамонлари ёрқин образлар бўлиб кўз ўнгингда гавдаланиб туради...

 

Абдулла ҚАҲҲОР

 

***

Ўзбек адабиётини юксак чўққиларга кўтарган Ойбек ва Абдулла Қаҳҳор каби буюк адиблардан сабоқ олиб, ўзининг қатор тарихий романлари билан миллионлаб китобхонлар меҳрини қозонган атоқли ёзувчи Пиримқул Қодиров ижоди, маънавий мероси ҳар бир ёш қаламкаш учун адабий мактаб бўлади, дейиш мумкин.

 

Эркин ВОҲИДОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири.

 

***

Ўзбекистонда Одил Ёқубов билан Пиримқул Қодиров ижодини ўзгача меҳр билан кузатиб бораман. Ўз асарлари орқали Пиримқул кўплаб тарихий сиймоларни жонлантириб бераётган бўлса, Одил давр руҳини юксак маҳорат билан акс эттирмоқда.

 

Чингиз АЙТМАТОВ

 

***

 

Улуғ адиб Чингиз Айтматов билан қачонки юз кўришмайлик, биринчи галда Пиримқул Қодировни сўраб-суриштирарди. Уни ўз туғишганидек яхши кўрарди. Дўстимнинг тарихий мавзудаги романларига юксак баҳо берганди...

 

Одил ЁҚУБОВ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси.

***

Баҳор ойларида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалари Устоз руҳини шод этиш мақсадида унинг қабри теварак-атрофига гул кўчатлари ўтқазиб, вақти-вақти билан зиёрат қилиб туриши ўзига хос анъанага айланган.

 

 

 

 

***

Улуғ адиб Пиримқул Қодиров публицистикасини тадқиқ этиб, филология фанлари доктори, профессор Насимхон Раҳмонов илмий раҳбарлигида “Истиқлол даври ўзбек бадиий публицистикасида ижтимоий ҳаёт ва давр муаммолари талқини (Пиримқул Қодиров публицистикаси мисолида)” мавзусида докторлик диссертацияси устида илмий тадқиқот олиб бораётганимдан фахрланаман.

 

Азиза УСМОНОВА,

тадқиқотчи