O'zMU » Yangiliklar » “Кўнгилдаги гаплар” ток-шоуси ЎзМУда тасвирга олинди! “Садоқат” мавзусига бағишланган кўрсатув ёшлар қалбида садоқат туйғуларини жўш урдириб юборди, дейди Дониш домла

Садоқат нима? У қаерда, қандай пайдо бўлади?

Оддий, жўнгина берилган бу савол замирида жуда улкан маъно мужассам. Унга ҳар ким ўзича жавоб бера олади. Энг қизиғи, жавоблар бири-биридан қизиқарли ва тўғри! Чунки, садоқатнинг қирралари жуда кўп. У ҳақда исталганча жавоб бериш мумкин.

Таниқли тележурналист, “Сўнмас юлдузлар”дек салмоқли китоби билан машҳур адиба Муҳаббат Ато “Маҳалла” телерадиоканалининг “Кўнгилдаги гаплар” ток-шоусини бу гал “Садоқат ришталари” мавзусига бағишлади.

Кўрсатув Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида тасвирга олинди. Унда ЎзМУ доцентлари Лаълихон Муҳаммаджонова, Тўлқин Эшбек, Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институти катта ўқитувчиси Шоира Алиева, Психологлар миллий уюшмаси аъзоси Миршароф Содиқов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Малика Қаюмова ва иқтидорли талабалар иштирок этдилар.

Барчани ҳаяжонга солган мавзу юзасидан баҳс-мунозаралар жуда қизғин бўлди. Айниқса, зукко, фикри теран талабалар қалбларида садоқат туйғулари қанчалик жўш уриб турганларини росмана ифода этдилар.

Кўп ва хўб қизиқарли, пурмаъно гаплар айтилди.

Хўш, қандай гаплар айтилди, дейсизми?

Энди уни “Маҳалла” телерадиоканалида мазкур кўрсатув намойиш этилганида томоша қилиб, ҳаммасини билиб оласиз.

 

Улуғбек Усмонов,

журналист