O'zMU » Yangiliklar » ЎзМУ ректори: “Малака ошириш педагоглар учун ғоят муҳимдир”

ЎзМУ ректори: “Малака ошириш педагоглар учун ғоят муҳимдир”

 

Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари малакасини ошириш – етук кадрлар тайёрлаш жараёнининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимовнинг ЎзМУ ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Минтақавий маркази тингловчилари билан суҳбати шу мавзуда бўлди.

 

 

 

 

 

 

– Биз аввало зиёли, мураббиймиз. Демак, ўз устимизда муттасил ишлашга, малакамизни ошириб боришга ҳамиша эҳтиёж бор,– деди ЎзМУ ректори.– Бугун ахборот технологиялари сирини мукаммал билмаган, мультимедия воситаларини, замонавий педагогик технологияларни қўллаб дарс бера олмайдиган педагог талаб даражасида талабаларга таълим-тарбия бера олмаслигини изоҳлашга йўқ, деб ўйлайман. Бундан ташқари, дунё билан бўйлашиш йўлларида халқаро тилларни, айниқса, инглиз тилини пухта ўрганишимиз лозим. Мамлакатимизда етук кадрларни тайёрлаш учун уларга сабоқ бераётган профессор-ўқитувчилар замон талабларига мос даражада билимли ва заковатли бўлишлари даркор.

ЎзМУ ректори мазкур Минтақавий марказдан ҳар бир тингловчи мақсадли ва унумли фойдаланиши зарурлигини, бу ерда фақат “тестдан муваффақиятли ўтиб, сертификат олиш эмас, балки, том маънода билим ва малака оширишга, янгича фикрлашга, теран тафаккур қилишга эришиш зарурлиги”ни таъкидлар экан, бу борада уларга ҳар томонлама имкон яратилишини, керак бўлса, марказ фаолияти янада такомиллаштирилишини қайд этди.

Мамлакатимизнинг турли олий таълим муассасаларидан малака оширишга келишган педагог ходимлар ҳам бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

 

Акмал Маҳамадиев,

ЎзМУ ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш (тармоқ) минтақавий маркази бўлим бошлиғи