O'zMU » Yangiliklar » ЎзМУда хорижлик физик олимларнинг маърузалари катта қизиқиш уйғотди

    Тошкентда 10 ноябрь куни «Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» мавзуида халқаро симпозиум бошланди

Ватанимиз қадимдан жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлган. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг илм-фан ва маърифий салоҳиятини янада юксалтиришга улкан эътибор қаратилди.

     Мустақиллик йилларида мамлакатимизда космик нурлар, ядро физикаси, материалшунослик, акустика, оптика ва спектроскопия, лазер термокимёси, назарий физика, микроэлектроника, астрономия ва астрофизика бўйича кенг кўламли илмий-тадқиқотлар олиб борилиб, жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган илмий мактаблар яратилди. Назарий ва экспериментал физика соҳасидаги устувор илмий тадқиқотлар энергетика, қайта тикланувчи энергия манбалари, электроника, фотоника, ускунасозлик каби тармоқлар ривожида муҳим роль ўйнамоқда. Жаҳон иқтисодий инқирози давом этаётган, халқаро бозордаги беқарорлик кўплаб давлатларнинг иқтисодий ривожига салбий таъсир кўрсатаётган, табиий ресурслар тугаши баробарида улар учун кураш кучайиб бораётган ҳозирги даврда мамлакатимизнинг эртанги тараққиёти замонавий ўзбек физика фани ривожининг янги стратегиясини шакллантириш билан ҳам чамбарчас боғлиқдир.

      Пойтахтимизда «Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» мавзуида халқаро симпозиум ўтказилиши ана шу жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган мазкур халқаро форум Ўзбекистон Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамкорлигида ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистон, Россия, Хитой, АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея, Миср, Япония, Франция, Германия, Испания, Италия, Малайзия, Бельгия, Австралия каби қарийб 30 давлатдан 300 дан ортиқ етакчи физик олим, мамлакатимиздаги вазирлик, идора ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, талабалар иштирок этмоқда.

      Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Солиҳов, Германиядаги Бавария илм-фан академияси президенти Карл Ҳоффманн ва бошқалар Шарқ ва Ғарб цивилизациясини боғлаган Буюк ипак йўли марказида жойлашган Ўзбекистон қадимдан илм-маърифат чорраҳаси бўлганини, бу анъаналар мустақиллик йилларида муносиб давом эттирилаётганини, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббускор бўлган мазкур халқаро симпозиум бунинг яна бир амалий исботи эканини таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 28 июлдаги фармойишига мувофиқ ушбу халқаро анжуманга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилди.

 Симпозиумда физика, астрономия ва астрофизика, энергетиканинг, қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаш самарадорлигини оширишнинг илмий асослари, маҳаллий хомашё манбалари асосида янги материаллар олиш, замонавий нанофизика ва нанотехнологияни ривожлантиришнинг энг муҳим масалалари тўрт шўъбада муҳокама қилинмоқда.

Назарий физика табиат қонунларини мавжуд воқелик билан ўзаро солиштирган ҳолда англаш, математик моделлар асосида англатишдир. Астрофизикада осмон жисмлари – Қуёш, сайёралар, кометалар ёки юлдузлар тўпининг физик тузилиши, юза ва атмосфера қатламларида рўй бераётган физик жараёнлар тадқиқ этилади, уларнинг кимёвий таркиби аниқланади. Симпозиумнинг «Назарий физика ва астрофизика» шўъбасида нанорезонаторлар билан кўп атомларнинг чигаллик инженерияси, илгариланма тез айланишнинг квант динамикаси, Майданак обсерваториясидаги астрофизик тадқиқотлар, Сомон йўли галактикасининг пайдо бўлиши, Ўзбекистон тоғларидаги хавфли офатлар кечиши мумкин бўлган соҳаларни олдиндан баҳолашнинг янги усуллари каби масалалар муҳокама этилмоқда.

– Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов илм-фан, таълим ва маърифат ривожига ҳомийлик қилган буюк давлат арбоби сифатида инсоният тарихида мангу қолади, дунё физикларининг мазкур анжуманини ташкил этишда ҳам айнан Ўзбекистон раҳбари ташаббускор бўлганди, – дейди Осиё-Тинч океани Назарий физика маркази президенти, профессор Бум-Хоон Ли (Жанубий Корея). – Бугун элементар зарралар ва конденсирланган муҳитлар (қаттиқ, суюқ ва газсимон моддалар) тизимидаги ўзаро кучли таъсирлашувни назарий тушунтириш жаҳон физикасида долзарб муаммо ҳисобланади. Мазкур форумда биз сўнгги йилларда тор доирада ривожлантирилган галография (оптикада ривожланган уч ўлчамли тасвирни ҳосил қилиш) принципи ушбу муаммони ҳал қилишда бутунлай янги услуб бўлиши мумкинлигини муҳокама қилмоқдамиз.

Экспериментал физика бизни ўраб турган оламни мавжуд тажрибалар асосида янги усуллар билан ўрганишдир. Агар назарий физикада табиат математик моделлар билан текширилса, экспериментал физикада табиатнинг ўзи тадқиқ этилади. Халқаро форумнинг «Экспериментал физика» шўъбаси дастуридан тезкор нейтронлар дозасини ўлчаш, лазер диодларининг ўта фокусланган нурланиши ва уларнинг параметрлари, лазер нурланишининг кремний ва германий кристалларига таъсири, биотиббиётда қўллаш учун ўта қисқа тўлқинли компакт квант лазерларни яратиш масалалари, нанотехнологиянинг энергетика ва соғлиқни сақлашдаги аҳамияти каби мавзулар ўрин олган.

– Бугун Ўзбекистонда илм-фан равнақига алоҳида эътибор қаратилаётгани, ички ва ташқи бозорда харидоргир-рақобатдош маҳсулотлар тайёрлашда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси механизми мустаҳкам йўлга қўйилгани мамлакатингиз ҳудудида қадимий ва фундаментал асосга эга илмий мактабларнинг изчил давом эттирилаётганидан далолатдир, – дейди Астон фотоник технологиялар институти раҳбари, профессор Эдик Рафаилов (Буюк Британия). – Кейинги вақтда жаҳонда ихчам, арзон ва ўта қисқа импульсга эга, инфрақизил ва инсон кўзи кўрадиган диапазонда нурланадиган лазерларга қизиқиш ошмоқда. Мазкур халқаро анжуманда биз шундай лазерларни ишлаб чиқаришдаги ютуқлар ва уларнинг имкониятлари ҳақида фикрлашмоқдамиз. Мазкур янги авлод лазерлари рентген, кўзга кўринадиган ва радиочастота диапазондаги электромагнит нурланишлар ҳамда магнит майдоннинг тирик организмларга таъсирини ўрганувчи янги фан – биотиббиёт фотоникасида жуда муҳим аҳамиятга эга.Халқаро экспертларнинг фикрича, дунёда муқобил ва қайта тикланадиган энергия манбаларини излаб топиш ва уларнинг самарадорлигини ошириш, бунда, аввало, қуёш, шамол, тўлқинлар каби қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга қизиқиш жадал ўсиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби – жаҳон иқтисодиётида энергияга бўлган талабнинг йил сайин ортиб бораётганида. Боз устига, табиий газ, нефть, кўмир каби анъанавий табиий ресурслар захиралари кескин камайиб кетмоқда, уларнинг янги манбаларини ўзлаштириш тобора қийинлашмоқда. Бугун энергия ресурслари манбаларига эга давлат наинки чексиз даромад олиш, балки халқаро майдонда ўз мавқеи ва таъсирини ошириш имконига ҳам эга бўлиши ҳеч кимга сир эмас.

 

 

    Ўзбекистонда бу муаммолар ечими борасида бой тажриба тўпланган. Айниқса, қуёш энергиясининг термодинамик ўзгартирилиши, шу жумладан, Стирлинг юритгичлари ва уларнинг асосида қуёш энергетик ва сув кўтаргич қурилмалари, қуёш фотоэлектрик ва қуёш-иссиқлик электр станцияларига оид салмоқли илмий-тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов 2013 йил ноябрда пойтахтимизда бўлиб ўтган Осиё Қуёш энергияси форумининг олтинчи йиғилишидаги нутқида Ўзбекистонда қуёш энергиясининг ялпи салоҳияти 51 миллиард тонна нефть эквивалентидан ортиқ эканини, ана шу ресурслар ҳисобидан мамлакатимизда истеъмол қилинадиган электр энергиясидан 40 баробар кўп ҳажмдаги электр энергияси ишлаб чиқариш мумкинлигини таъкидлаганди. Ўтган йиллар давомида бу борада кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, Наманган вилоятининг Поп туманида 130 киловатт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Айни кунда Самарқанд вилоятида 100 мегаватт қувватга эга ана шундай станция қурилмоқда. Бунда асосий хомашё – поликристалли кремний материали «Навоий» эркин иқтисодий зонасида ишлаб чиқарилмоқда. 2020 йилга бориб мамлакатимизда ҳар бири 100 мегаватт қувватга эга яна учта қуёш электр станцияси фойдаланишга топширилади.

    Симпозиумнинг «Қайта тикланувчи энергия манбалари» шўъбасида қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш учун шаффоф ўтказувчан магний ва рух оксиди бирикмасининг характеристикаси, электрохромик тизимларнинг янги креатив технологиялари, электромагнит майдон асосида стандарт динамиканинг ривожланиши, қайта тикланувчан функцияли ҳимояловчи қопламалар, кетма-кет уланган каналлар асосида қўш транзистор ячейка яратиш усуллари каби мавзуларнинг кенг муҳокама этилиши Ўзбекистонда қуёш энергетикаси соҳасини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

     Бугун замонавий ишлаб чиқаришнинг барча тармоғи, қурилиш, тиббиёт ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг тараққиёти, шубҳасиз, янги материалларга боғлиқ. Бу мамлакат ривожи, аҳоли ҳаёт сифатининг ошишига ҳам хизмат қилади. Материаллар – цивилизация учун поғона, янги материаллар бу поғонани вақтлироқ ва самаралироқ босиб ўтиш учун трамплиндир. Шу маънода халқаро форумнинг “Янги материаллар” шўъбасида наноўлчамли материалларнинг замонавий биология ва тиббиёт соҳаларида қўлланиш имкониятлари, янги материаллар ва технологиялар соҳасида углеродли нанозаррачалар, графин (углерод ҳалқаси) ва унга ўхшаш материалларнинг наномуҳандисликдаги истиқболлари, махсус магнит ёрдамида магнит зарядини кагоми (композит) материалига йўналтириш каби мавзуларнинг кўриб чиқилиши нафақат мамлакатимиз илм-фани, балки бошқа кўплаб соҳалар ривожида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

     Мазкур халқаро форум бугун жаҳон физикасидаги долзарб фундаментал ва амалий масалаларни муҳокама қилиш билан бирга, ўзбек физика мактабининг мустақиллик давридаги ютуқларини халқаро миқёсда яна бир бор кенг намойиш этишда яхши имкониятдир. Бу ўзбек физика мактабининг салоҳиятини янада юксалтириш, мамлакатимизда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Умид Ёқубов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА

***

Тошкентда фундаментал ва амалий физика масалаларига бағишланган халқаро симпозиум бошланди

 

 

    Бугун Ўзбекистон Фанлар академияси мажлислар залида фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденцияларига бағишланган халқаро симпозиум иш бошлади.

Халқаро симпозиум пленар йиғилишида “Спектр-Рентген-Гамма» орбитал обсерваторияси профессори Рашид Сюняев маърузаси кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Олим йиғилганларни обсерватория илмий дастури билан таништирди. Унинг маърузасидан дастурнинг бошланиш тарихи, унинг доирасида амалга оширилган ишлар, шунингдек, келгуси режалар ҳақидаги маълумотлар ўрин олди.

     Маърузада таъкидланишича, “Spektr-Roentgen-Gamma» илмий аппарати Қуёш Ер тизимининг Ердан 1,5 млн км узоқликдаги Л2 либрация нуқтасига 3 ой давомида чиқарилади. Мазкур дастур 4 йиллик муддатда фаолият олиб боради. Унинг асосий мақсади – коинот харитасини тузиш ҳисобланади. Ушбу харитада галактикаларнинг йирик тўдалари акс этади.

Бу ҳақида сўзлаб берар экан, профессор Сюняев коинотнинг бундай кенг масштабли хариталарини вақт бўйлаб саёҳатга қиёслади.

Дастур доирасида коинотдаги барча галактикаларни кузатиш ва ўрганиш назарда тутилмоқда. Уларнинг умумий сони тахминан 100-150 мингтани ташкил этади.

Маъруза якунида профессор Сюняев Ўзбекистондаги Майданак обсерваториясининг космик кузатув имкониятлари ҳақида сўз юритиб, ўзбекистонлик астрофизик олимларни ҳам ушбу кенг қамровли лойиҳада иштирок этишга чорлади.

 

     Навбатдаги маърузачи – Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти директори, профессор Шуҳрат Эгамбердиев ўз сўзини Ўзбекистоннинг илмий салоҳияти, асрлар давомида тўпланган бой илмий мероси ҳақидаги маълумотлар билан бошлади. Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний” жадвали, Самарқандда ўрта асрларда ташкил этилган обсерваториянинг жаҳонда астрофизика ривожига қўшган ҳиссаси яна бир карра таъкидланди. Профессор Эгамбердиевнинг маърузаси Қашқадарё вилояти Китоб туманида жойлашган Майданак обсерваторияси фаолияти, унда олиб борилаётган астрофизик тадқиқотлар мавзусига бағишланди.

Жанубий кореялик физик олим, профессор Ли Боом Хуннинг маърузаси эса сўнгги йилларда долзарб ва қизиқарли мавзуга айланган голография (предметларнинг 3D ўлчамдаги тасвирларини акс эттириш) ва бу соҳада назарий физикадаги сўнгги тадқиқотларга бағишланди.

 

Таъкидлаш жоизки, мазкур халқаро симпозиум ўзбекистонлик олимларнинг халқаро илмий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, фан ва технологиялар соҳасининг энг сўнгги ютуқ ва янгиликларидан хабардор бўлишга қулай имконият бўлиш билан бир қаторда, ёшларнинг илмий салоҳиятини рағбатлантириш ва илмий фаолиятга қизиқишини орттириш каби мақсадларга хизмат қилади.

 

 

 

 

 

 

 

 

ЎзМУ Ахборот хизмати