O'zMU » Yangiliklar » Жаҳон физикларининг анжумани якунланди

Тошкентда 10-11 ноябрь кунлари Биринчи Президентимиз Ислом Каримов

ташаббуси билан ташкил этилган «Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» мавзуида халқаро симпозиум бўлиб ўтди.

 

Симпозиумда физика, астрономия ва астрофизика, энергетиканинг, қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаш самарадорлигини оширишнинг илмий асослари, маҳаллий хомашё манбалари асосида янги материаллар олиш, замонавий нанофизика ва нанотехнологияни ривожлантиришнинг энг муҳим масалалари муҳокама қилинди.

– Халқаро форум юксак савияда ташкил этилди, бу фундаментал ва амалий физикадаги илмий муаммолар, ютуқлар ва истиқболларни муҳокама қилиш, мазкур фан йўналишлари ривожининг янги тенденцияларини ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Австралиянинг Куртин университети профессори Игорь Брай. – Симпозиумда дунёнинг етакчи олимлари жаҳон физикасидаги қатор долзарб масалаларни муҳокама қилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

– Мазкур халқаро форум Ўзбекистонда қадимдан мавжуд фундаментал илмий салоҳиятнинг бугун ҳам амалда фаол намоён бўлаётганининг далилидир, бу барқарор келажак учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади, – дейди Антверпен университети профессори Де Вос Дирк Лусиен (Бельгия). – Мазкур форумда биоматериалларнинг тирик организмда энергия алмашиши, уни сақлаши, маълумот алмашишининг физик асослари ҳақида сўз юритилди.

Германиядаги Ер ҳақидаги фанлар илмий-тадқиқот маркази сунъий йўлдошлар ўлчашларига асосланган геодезия технологияларини координация ва интеграция қилиш билан шуғулланади. Бу тизим геометрик коинот технологияларини амалдаги геодезия билан бирлаштиришга, ер сиртида олинган ўлчашларни учиш аппаратлари ёрдамида ва коинотдан олинган кузатув маълумотлари билан яхлитлашга ҳам масъулдир. Мустақиллик йилларида мазкур марказ билан Ўзбекистон Фанлар академияси Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти ўртасида изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Натижада, Астрономия институтида Глобал позициялаш тизимининг (GPS) Китоб, Тошкент ва Майданак халқаро станциялари ташкил қилинди, ҳамкорликда регионал тезликлар аниқланиб, ҳудудларнинг сейсмик хавфи баҳоланди.

– Мазкур форумда бу ҳамкорлигимиз натижалари ва истиқболларини кўриб чиқдик, – дейди Германиядаги Ер ҳақидаги фанлар илмий-тадқиқот марказининг Геодезия департаменти директори Ҳаральд Шу. – Келгусида долзарб масала – Орол денгизи сатҳи ўзгаришини сунъий йўлдошлар ўлчашларига асосланган технологиялар ёрдамида аниқлашни режалаштирганмиз.Россия Фанлар академияси Сибирь бўлими қошидаги Яримўтказгичлар физикаси институти директори ўринбосари, профессор Олег Пчеляковнинг айтишича, мамлакатимизда қуёш энергетикасини тараққий эттириш учун қулай географик иқлим, етарлича салоҳият, бунинг фундаментал ва ташкилий асослари мавжуд: Ўзбекистонда бир йилда 320 кундан зиёд ҳаво очиқ бўлиши қуёшли кунлар кўплиги бўйича дунёнинг аксарият минтақаларига нисбатан анча устунликни таъминлайди.Қисқача айтганда, мазкур халқаро симпозиум бугун дунё физикасидаги долзарб фундаментал ва амалий масалаларни муҳокама қилиш, ўзбек физика мактабининг мустақиллик давридаги ютуқларини халқаро миқёсда яна бир бор кенг намойиш этиш имконини берди. Бу нафақат илм-фан, балки бошқа кўплаб соҳалар ривожида ҳам катта аҳамият касб этади.

Умид Ёқубов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА

***

Ўзбекистон фундаментал ва аниқ фанларни ривожлантириш бўйича улкан салоҳиятга эга

Тошкентда бўлиб ўтган «Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» мавзуидаги халқаро симпозиумда жаҳон физикасидаги долзарб фундаментал ва амалий масалалар муҳокама қилинди. Форумда Ўзбекистон, Россия, Хитой, АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея, Миср, Япония, Франция, Германия, Испания, Италия, Малайзия, Бельгия, Австралия каби қарийб 30 давлатдан 300 дан ортиқ етакчи физик олимлар иштирок этди.

ЎзА мухбири уларнинг айримлари билан суҳбатлашди.

Альфред Молина, Барселона университетининг космос институти профессори (Испания):

– Мазкур симпозиум дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан ташриф буюрган, жаҳон физика фанида катта шуҳрат қозонган кўплаб олим ва мутахассислар, тадқиқотчилар учун ўзаро фикр ва тажриба алмашишда ғоят аҳамиятли бўлди. Дунё олимлари ўрта асрлардаги Шарқ Уйғониш даврининг ўзига хос хусусияти, аввало, математика, астрономия, физика каби аниқ фанлар ривожида намоён бўлишини таъкидлайди. Бунда шу заминдан етишиб чиққан буюк мутафаккир ва алломаларнинг муносиб ҳиссаси бор. Масалан, Беруний дунё илм-фанида биринчилардан бўлиб Ер радиусини ҳисоблаб чиққан, вакуум – бўшлиқ ҳолатини изоҳлаб берган.

Абу Райҳон Берунийнинг XI асрдаги нур кичик заррачаларнинг тўлқинсимон ҳаракатидан таркиб топгани тўғрисидаги ғояси билан Исаак Ньютон XVII асрда кашф қилган ёруғликнинг корпускуляр (заррача) назарияси ўртасида боғлиқлик бор. Ушбу халқаро форумда Ньютон назариялари, хусусан, Ньютон ва Эйнштейн даври оралиғидаги «бўшлиқни тўлдириш»га оид маърузам билан қатнашдим.

Ю Лу, Хитой Фанлар академияси физика институти профессори:

– Буюк ипак йўли туфайли Ўзбекистон ва Хитой қадимдан турли соҳаларда, хусусан, илм-фан бўйича ҳам мустаҳкам ҳамкорлик қилиб келган. Ватанингиз ҳамиша цивилизациялар марказида бўлган, бу ерда турли даврларда дунё олимлари бирлашиб, фаннинг турфа йўналишларида тадқиқотлар олиб борган. Мазкур симпозиумда жаҳон физиклари Тошкентда жамланиб, дунё физикасидаги энг долзарб назарий ва амалий масалаларни муҳокама қилгани Ўзбекистондаги тинчлик-барқарорлик ва илм-фан тараққиёти йўлида яратилаётган замонавий имкониятларнинг яна бир ҳаётий натижасидир.

Ўзбекистонда физиканинг деярли барча йўналиши, жумладан, конденсирланган муҳит (қаттиқ, суюқ ва газсимон моддалар) физикаси бўйича фундаментал асосга эга илмий мактаблар шаклланган. Ярим аср илгари Хитойда замонавий конденсирланган муҳит физикаси деярли мавжуд эмас эди. Аммо ўтган 30 йил давомида вазият ўзгарди. Мазкур симпозиум биз учун бу борада етарлича фикр ва тажриба алмашиш борасида катта имконият бўлди.

Абдул Карим ибн Моҳд Ароф, Malaya университети физика департаменти профессори (Малайзия):

– Ўзбекистон барқарор тараққий этаётган давлатлардан. Бунда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси мустаҳкам йўлга қўйилгани муҳим омил бўлмоқда. Янги материаллар олиш, уларни саноат ва ишлаб чиқаришнинг бошқа соҳаларида қўллаш мамлакат ривожи, аҳоли ҳаёт сифатининг ошишида жуда муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур симпозиумга наноэлектроспин усулида олинган литий никель асосли материалнинг синтези ва тавсифлари ҳақида маъруза тайёрладим. Ушбу материал нанозаррача ва нанотола тузилишига эга бўлиб, ноёб физик хоссаларни намоён қилади. Уни тиббиёт, электроника, машинасозлик ва бошқа соҳаларда қўллаш мумкин.

Сони Викрам, Жавоҳарлал Неру номидаги университетнинг Назарий физика маркази профессори (Ҳиндистон):

– Халқингизда илм билан машғул бўлиш «игна билан қудуқ қазиш»га ўхшатилади. Аслида ҳам шундай. Фақат эртанги кунига ишонган, барқарор тараққиёт йўлини аниқ белгилаб олган давлатлардагина илм-фан ривожига катта аҳамият қаратилади, бу борада зарур барча шарт-шароит яратиб берилади.

Мазкур симпозиум мисолида Ўзбекистонда фундаментал ва аниқ фанларнинг изчил равнақ топиши учун етарлича имконият ва салоҳият борлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Жаҳон физикларини жамлаган ушбу форумга илмий мақолалар тайёрладим. Уларда астрофизиканинг муҳим йўналишлари, хусусан, магнетарлар, яъни юқори магнит майдонига эга нейтрон юлдузларини бутун коинот бўйлаб астрофизик кузатувларда магнит майдони келиб чиқишининг янги моделини яратиш масалалари ҳақида фикр юритилган.

Рашид Сюняев, Гархинг шаҳар Макс Планк номидаги жамиятнинг Астрофизика институти директори, академик (Германия):

– Ўзбекистон – киндик қоним томган юрт: Тошкентда туғилганман, шу ердаги ўрта мактабда таълим олганман. Ҳар гал Тошкентга келсам, катта ўзгаришларнинг гувоҳи бўламан. Ўзбекистон астрофизикларининг илмий изланишларини мунтазам кузатиб бораман.

2007 йил октябрда Майданак расадхонасида қуёш тизимидаги янги кичик планета аниқлангани, Гарвард кичик планеталар маркази уни 2009 йилда 210271-рақам билан расмийлаштиргани наинки Ўзбекистон тарихида, балки жаҳон астрономиясида ҳам муҳим воқеадир. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таклифи билан 2010 йилда бу кичик сайёрага «Самарқанд» номи берилган. Мазкур симпозиумда «Спектр-рентген-гамма» халқаро астрофизика орбитал обсерваториясининг Ўзбекистон олимлари иштирок этган илмий дастурлари мазмун-моҳияти, аҳамияти ва натижаларини муҳокама қилдик. Ўйлайманки, Ўзбекистон астрофизиклари билан илмий ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам изчил давом этади ва ўзининг юксак самараларини беради.

Шуҳрат Эгамбердиев, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти директори, профессор:

– Симпозиумда атмосфера тасвири сифати ҳақидаги кўп йиллик кузатув маълумотлари банки мавжуд жаҳондаги тўртинчи расадхона – Майданак обсерваториямиздаги астрофизик тадқиқотлар, эришилган ютуқларни халқаро миқёсда яна бир бор кенг намойиш этдик. Ҳозир хорижлик ҳамкасблар билан ҳамкорликда бу ерда кўп сонли кузатув ишлари олиб борилмоқда. Масалан, Бутун дунё бўйича блазарларни кузатиш телескоплари дастури (Whole Earth Blazar Telescope) бўйича қарийб 30 блазар – галактикалар астрономиясини ўрганишда коинотдаги энг муҳим ҳодисаларнинг узлуксиз мониторинги олиб борилмоқда. Яна бир маълумот: обсерваториямизда 2003 йилдан бери коинотда содир бўлган юздан ортиқ гамма чақнашлар, уларга тегишли ўнлаб мавжуд ва ўта янги 5 галактика кузатилган.

Институтимиз ва Хитойнинг Миллий астрономик обсерваториялар уюшмаси ҳамкорлигида Майданак обсерваториясидаги Цейсс-1000 телескопи тўлиқ такомиллаштирилмоқда. Натижада 2016-2020 йилларда самони тўлиқ кузатишга эришамиз, бу 150 миллиондан ортиқ юлдузнинг замонавий, энг юқори аниқликдаги каталогини, юқори сифатли ва масофага боғлиқ бутун осмон харитасини тузиш имконини беради.

 Умид Ёқубов, ЎзА

***

Ўзбекистондаги тинчлик ва барқарорлик илм-фан равнақининг муҳим омилидир

Тошкентда ўтаётган «Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» мавзуидаги халқаро симпозиумда Ўзбекистон, Россия, Хитой, АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея, Миср, Япония, Франция, Германия, Испания, Италия, Малайзия, Бельгия, Австралия каби қарийб 30 давлатдан 300 дан ортиқ етакчи физик олим иштирок этмоқда. ЎзА мухбири уларнинг айримлари билан суҳбатлашди.

Нобору Кавамото, Хоккайдо университети профессори (Япония):

– Ўзбекистон ҳудуди қадимдан жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлган. Умумбашарий цивилизациянинг узвий қисми – аниқ фанлар ривожида улуғ аждодларингизнинг хизматлари катта эканини халқаро жамоатчилик яхши билади. Хусусан, шу заминдан етишиб чиққан Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ўнлик позицион ҳисоблаш тизимини, ноль белгиси ва қутблар координаталарини биринчи бўлиб асослаб берган, амалиётга татбиқ этган. Бу нафақат математика, балки астрономия ривожида кескин бурилиш ясаган. Дунё илмида замонавий кибернетиканинг фундаментал тушунчаси – «алгоритм» Ал-Хоразмий номига нисбат берилиши ҳам бежиз эмас.

Мазкур симпозиум мисолида айтиш мумкинки, бу эзгу анъаналар бугун ҳам изчил давом эттирилмоқда. Форумда жаҳон физикасидаги долзарб фундаментал ва амалий масалалар қамраб олинган. Биз бунда элементар зарралар физикасининг муҳим масаласи – оламни қамраб олган тўрт фундаментал (электромагнит, кучсиз, кучли ва гравитацион) ўзаро таъсирни муваффақиятли ифодалайдиган Стандарт моделни ривожлантиришнинг янги услубини таклиф қилмоқдамиз.

Абдул-Ати Маҳмуд, Африка Фанлар академияси вице-президенти (Миср):

– Мисрликлар улуғ ватандошингиз Аҳмад Фарғоний номини катта ҳурмат-эҳтиром билан тилга олади. Чунки бу аллома ўрта асрлардаги асосий астрономик асбоб – устурлоб назариясини ишлаб чиққан, Нил дарёсида сув оқимининг ҳажми ва тезлигини ўлчайдиган машҳур иншоот – Миқёси Нилни яратган. “Ниломер” орқали дарё оқимидаги мавсумий ўзгаришлар ва уларнинг даражалари муттасил кузатилган, оқим сатҳи белгиланган. Бу асрлар давомида наинки мисрликлар, балки Нилдан сув ичадиган барча давлатларнинг иқтисодий-ижтимоий аҳволини башорат қилишда катта ўрин тутган.

Бугун Ўзбекистонда барқарор иқтисодий ўсишга эришилаётгани, илм-фан, таълим ва маданият кенг ривож топиб, халқаро илмий ҳамкорликлар кўлами кенгайиб бораётганидан яхши хабардормиз. Бу, бир томондан, илм-маърифатга интилиш ўзбек халқининг қонида борлиги, мамлакатингиздаги тинчлик ва барқарорлик, илм-фан ва таълим тизими тараққиётига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани туфайлидир. Илм-фан ва таълим ривожига йўналтирилган сармоя келажакка сармоядир. Қаерда тинчлик ва барқарорлик бўлса, илм-фан марказлари, академиялар, олий ўқув юртлари фаолияти кенгаяди, таълим-тарбия равнақ топади, билим олишга қизиқиш кучаяди. Буни устувор вазифа сифатида танлаган мамлакат тараққиётга эришиши шубҳасиз. Тарихнинг бу ҳақиқати Ўзбекистон ҳаёти мисолида яна бир бор ўз исботини топмоқда.

Биргитта Нордстрем, Копенгаген университети профессори (Дания):

– Жаҳондаги ҳар бир астроном Ўзбекистонга келишни, айниқса, Самарқандда бўлиб, Мирзо Улуғбек бундан олти аср аввал барпо этган обсерваторияни ўз кўзи билан кўришни истайди. Буюк аждодингиз XV асрда тузган астрономия жадвалида 1018 юлдузнинг ҳолати ва жойлашуви баён қилинган. Бу асар астрономик ўлчовлар бўйича 16 аср давомида яратилган биринчи янги каталог эди. Шу боис Ойдаги кратерлардан бири айнан Мирзо Улуғбек номи билан аталади.

Тепамизда чарақлаб турган Қуёш ҳамда бепоён осмонимизни безаб турган юлдузлар, биз яшаб турган Ер ва шунга ўхшаш барча планета Сомон йўли аталмиш галактикада ҳаракатланади. Кейинги йилларда галактикалар ва улар тўдаларининг фазода жойлашиши ва ҳаракатланиши маълум бир қонуниятга бўйсунган ҳолда кенгаяётганлиги аниқланди. Мазкур симпозиумда Сомон йўли галактикамизнинг келиб чиқишини тушунишга оид маърузам билан қатнашяпман. Бу – сайёрамизда ҳаёт қай тарзда бошланганини англаш демак. Дарвоқе, яна бир буюк ватандошингиз Абу Райҳон Беруний бундан ўн аср аввал Сомон йўлини «тумансимон юлдузларга ўхшаш саноқсиз қисмлар тўплами», деб таърифлаган.

Александр Гусев, Россиянинг «ТАТА» илмий-техникавий маркази бош директори, академик:

– Ўзбекистоннинг қуёш энергиясидан фойдаланиш имконияти жуда катта. Бу ерда қуёш энергиясининг ялпи салоҳияти 51 миллиард тонна нефть эквивалентидан ортиқ экани ҳам кўп нарсадан далолат беради. Мамлакатингиз ушбу соҳани ривожлантириш бўйича малакали мутахассисларга эга. Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, энергия ишлаб чиқаришдаги энг янги технологияларни жорий этиш ва соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жаҳон иқтисодиёти тармоқларида энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж йил сайин ошиб бормоқда. Мазкур форумда қайта тикланувчи, экологик соф энергия манбаларидан фойдаланишда илм-фаннинг энг янги ютуқларини қўллаш борасидаги қатор муҳим масалалар муҳокама этилаётгани катта аҳамиятга эга. Симпозиумда электрохромик тизимларнинг янги креатив технологиялари ҳақидаги маърузам билан қатнашяпман. Бу қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришда қуёш ячейкаларини ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш, уларнинг самарадорлигини ошириш каби долзарб масалаларнинг ўзига хос бир ечимидир.

Умид Ёқубов, ЎзА

***

Халқаро симпозиумнинг биринчи куни: Суғурилган тишни тиклаш, Грасгоф мезони, янгиланувчи энергия манбалари ва бошқа мавзулар

 

Фундаментал ва амалий физика масалаларига бағишланган халқаро  ўз фаолиятини  Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети физика факультетида  давом эттирмоқда. Симпозиум 10 ноябрь куни 4та секцияга бўлиниб, ўз фаолиятини давом эттирди.

Биринчи секция назарий физика ва астрофизика масалаларига бағишланди. Бавария Фанлар академияси президенти, профессор К. Хоффман “Ҳаёт илмларида математик моделлар” мавзусидаги маърузасида инсоннинг суғурилган тишини тиклаш жараёнини тушунтирувчи тенгламани ҳисоблаб чиқди.

Ҳиндистонлик физик олим, профессор Н. Дадич Грасгоф мезонининг бир асрдан сўнг қандай тушунилаётганлиги ҳақида сўз юритди.

Украиналик олим, профессор А. Соловьевнинг чиқиши эса юқори ҳароратли суперкондукторларда ўта ўтказувчанлик ва магнетизм ўртасидаги боғлиқлик мавзусига бағишланди. У ўз маърузасида инсоният электр қувватидан электростанциялардаги қисқа туташувларсиз, тўғридан тўғри фойдаланиши реал тушунчага айланганлигини таъкидлаб ўтди.

Даниялик астрофизик олима И.Нордсрем Сомон йўли галактикаси, унинг пайдо бўлиши билан боғлиқ маълумотлар билан барчани қизиқтириб қўйди.

Иккинчи секцияда экспериментал физик тадқиқотлар натижалари муҳокама қилинди. Айтиш жоизки, симпозиумнинг ушбу секция доирасида айнан амалий тадқиқотлар ва уларнинг ўрни ҳақидаги маърузалар ўқилди. Россия, Нидерландия, Италия, Германия, Малайзия, Жанубий Корея ва ўзбекистонлик олимлар ўз илмий изланишлари юзасидан маълумот беришди. Радиацион технологиялар, кристаллик материаллар, эпитермал нейтронлар кабилар устидан олиб борилган  тадқиқотлар хулосалари қизғин муҳокамага сабаб бўлди.

Учинчи секция иштирокчилари янгиланувчи энергия манбаларини қўллаш истиқболлари хусусидаги маърузаларни тинглади.  Дастлаб сўзга чиққан Россия Фанлар академияси ярим ўтказгичлар физикаси институти директор ўринбосари, профессор О. Пчеляков  ўз тақдимотида сунъий йўлдошларнинг фаолиятини таъминловчи материаллар самарадорлигини қуёш энергияси ҳисобига оширувчи замонавий ишланмалар тўғрисида сўз юритди.

Малайзиялик профессор И. Ноорнинг маърузасида эса қуёш энергиясини ютишда синтезатор сифатида ўсимликлардан олинадиган табиий бўёвчи моддалардан фойдаланиш таклифини берди.

“Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш ташкилоти миллий физика-техника институти вакили Жасур Ахатов ўз тақдимотида Ўзбекистонда ва қуёш энергиясидан фойдаланиш тарихи ва истиқболлари борасида статистик маълумотлар келтириш билан бир қаторда, мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган кенг қамровли давлат дастурига ҳам алоҳида тўхталди. 2013 йилда Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган, Марказий Осиёда биринчи ва айни пайтда ягона бўлган Халқаро қуёш энергетикаси институти фаолиятига ҳам урғу берди.

Тўртинчи секция назарий физикадаги янгиликларга бағишланди. Бунда физиканинг биология ва кимё, тиббиёт билан боғлиқ жиҳатларига боғлиқ янги фаразлар илгари сурилди. Жумладан, бельгиялик профессор Д. Дирк биологик занжирларни тушунтиришда биоматериаллар физик-кимёвий хоссаларига таяниш мумкинлигини таъкидлади. Бу каби қизиқарли мавзулар ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

 

Халқаро симпозиум иштирокчилари оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбат жараёнида Ўзбекистонда илм-фан тараққиёти борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Итальян физиги  Г. Гамбарини хоним Ўзбекистонда аёлларнинг илм-фанга қизиқиши юқори эканлиги қувонарли ҳол эканлигини таъкидлаб ўтди.

Чехиялик тадқиқотчи Милан Калал эса ўзбекистонлик ёш олимлар ҳақидаги саволга шундай дея жавоб қайтарди: “Ўзбекистонлик бир дўстим бор. У билан анчадан буён ёзишма олиб борамиз. Унинг ўғли ҳам ота изидан бориб, физикани танлади. Мен ўзбек ёш олимларидан кўпларни танимайман. Бироқ шу дўстимнинг ўғлини ўзим билган барча ёш тадқиқотчилар орасида энг тиришқоқ ва меҳнатсевар инсон деб биламан”.

Шунингдек, япониялик Шикама Тацу ҳамда даниялик Андерсен Йоханнес ҳамкасблари маърузаларидан жуда кўп янги маълумотлар олаётганликларини таъкидлаб, Ўзбекистонда ёшларни илмга йўналитириш борасида амалга оширилаётган ишлардан ҳайратда эканликларини билдиришди.

Профессор Пчеляков ўзининг ОАВга берга интервьюсида ўзбек олимларининг қуёш энергетикаси соҳасидаги ютуқларини эътироф этиб, келгусида мамлакатимиз илмий-текшириш институтлари билан бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадини билдирди. “Бундай симпозиумда иштирок этиш ёқимли. Ташкилотчилар тайёргарлиги аъло даражада. Бунда давлат кўмаги сезилади. Таклиф этилган меҳмонлар мавқейи анчайин юқори, ўзбек олимларининг маърузалари эса юртингизда илмий мактаблар фаолияти яхши йўлга қўйилганлигидан далолатдир”, дейди бу ҳақда Германия материяшунослик институти вакили жаноб Желудкевич.

Семинарнинг биринчи куни ана шундай илиқ фикр ва таассуротларлар билан якунланди.

***

Ўзбек олими қуёш энергиясини ўзлаштирувчи қопламаларнинг янги технологиясини тақдим этди

 

Тошкентда бўлиб ўтган халқаро симпозиумда маърузаларни тинглаган иштирокчилар тўрт тематик шўъбага тарқалишди.

Назарий ва астрофизика масалаларига бағишланган биринчи шўъбада Озарбойжон, Россия, Хитой, АҚШ, Латвия ва ҳиндистонлик физик олимларнинг маърузалари тингланди. Маърузачилар коинотни кузатиш ва астрометрик тадқиқотлар ўтказишдаги янгиликлар, қаттиқ жисмлар физикаси, квант физикаси масалаларига оид фикр-мулоҳазаларини тақдим этдилар. Астрометрия ва коинотни кузатиш фаолияти ҳақидаги маърузаларда олимлар Ўзбекистондаги Майданак обсерваториясининг бу борадаги аҳамиятини қайд этишди. Хусусан, экзосайёра (Қуёшдан бошқа юлдузлар атрофида айланувчи сайёра)лар ҳақидаги қизиқарли маърузани тақдим этган россиялик олим Дмитрий Бисикало бу типдаги янги сайёраларни кашф этишда Майданак билан ҳамкорлик яхши натижа бериши ҳақида таъкидлаб ўтди. Тақдимотлар орасида германиялик ёш олим Зири Ёнсининг қора туйнукларни тасвирга тушириш ҳақидаги маъруза барча учун қизиқ бўлди. У бу борадаги тадқиқотлардан жамоатчиликни хабардор қилиш усулларига ҳам тўхталиб ўтди.

Шўъба йиғилишининг назарий физика қисмида голландиялик олим Жан Зааненнинг қаттиқ жисмлар физикасига бағишланган маърузаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Олимнинг бу соҳадаги турли назарияларни бирлаштириб илгари сурган янги фаразлари ҳақида йиғилганлар маърузадан сўнг ҳам анча муддат мунозара қилдилар.

Экспериментал физика натижалари муҳокама қилинган иккинчи шўъба йиғилишида яримўтказгичлар физикаси, ўта ўтказувчанлик ҳодисаси, металларнинг физик-химик хоссалари каби мавзулар юзасидан Япония, Қозоғистон, Латвия каби мамлакатлардан келган физик олимларнинг маърузалари тингланди.

Қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаш имкониятларига бағишланган маърузалар халқаро симпозиумнинг учинчи шўъбасида тингланди. Йиғилганлар эътиборига қуёш энергиясини янада самарали ўзлаштиришда полимер электролит ва бўёқ моддалардан фойдаланиш масалалари (Малайзия), терининг ҳимоя функциясини кучайтирувчи капсулалар (Германия), ультрабинафша ва инфроқизил нурларни ўтказмайдиган (Ўзбекистон) ва электрохром ойна (Россия) каби амалий аҳамиятга эга лойиҳалар тақдим этилди. Хорижлик олимлар билан бир қаторда, ўзбек тадқиқотчилари ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари, хусусан, қуёш энергиясидан фойдаланишнинг янги имкониятлари ҳақидаги маърузалари билан иштирок этишди. Жумладан, “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш ташкилоти Материалшунослик миллий институти вакили Султон Сулаймонов қуёш энергиясини ўзлаштирувчи қопламалар учун композицион материаллар синтезининг янги технологиясини тақдим қилар экан, қуёш энергияси билан шуғулланувчи тадқиқотчилар олдида турган энг асосий масала электр энергияси таннархини туширишдан иборат эканлигини таъкидлади».

Тўртинчи шўъбада фундаментал ва амалий физикадаги янги материаллар мавзусига оид маърузалар тингланди. Унда Буюк Британия, Бельгия, Покистон, Россия, Хитой, Япония, Греция ва Украинадан келган олимлар ўз изланишлари натижаларини тақдим қилишди.

Шўъбалар доирасидаги барча маъруза ва муҳокамалар ниҳоясига етгач, иштирокчилар халқаро симпозиумнинг якуний йиғилишида тўпландилар. Дастлаб йиғилиш раиси, Ўзбекистон Миллий университети ректори профессор Аваз Мараҳимов сўзга чиқиб, бу тоифа анжуманларнинг мамлакатда илм-фан тараққиётидаги аҳамиятини таъкидлаб, симпозиум иштирокчиларига қизиқарли ва долзарб тақдимотлар учун миннатдорлик сўзларини билдирди.