O'zMU » Yangiliklar » Сайловолди дастури катта қизиқиш билан ўрганилмоқда

       Сайловларнинг қай даражада ўтиши сайловчиларнинг билим ва савияси, номзодларнинг сайловолди дастурлари билан қанчалик яқиндан танишганлиги билан боғлиқ эканини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фаоллари билан ҳамкорликда мазкур партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг дастури юзасидан давра суҳбати ўтказилди.

Унда Миллий университет профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлар ва бошқалар иштирок этдилар.

Тадбир аввалида намойиш этилган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм барчада катта қизиқиш уйғотди.

Давра суҳбатида ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилором Файзиева, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Абдувоҳид Тошпўлатов, ЎзМУ хотин-қизлар қўмитаси раиси Лаълихон Муҳаммаджонова, Мураббийлар Кенгаши раиси Аброр Хидиров ва бошқалар Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг дастури юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

         Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг 24 ноябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувида ЎзМУ профессор-ўқитувчилари, талабаларидан ҳам бир гуруҳи иштирок этган эдилар.

Учрашувда баён этилган кўплаб ғоялар ва дастурдан ўрин олган режалар барчада катта қизиқиш ҳамда умид уйғотди. Дарҳақиқат, Тошкент шаҳри замонавий қиёфаси, йирик саноат корхоналари, муҳташам иншоотлари, илм-фан марказлари, сўлим боғ ва хиёбонлари билан дунёга машҳур. Тошкент мамлакатимизнинг асосий интеллектуал маркази, халқимизнинг фахри ҳисобланади. Пойтахтимизда 39 олий ўқув юрти, 47 илмий-тадқиқот муассаса ҳамда марказлари фаолият кўрсатмоқда. 11 театр, концерт заллари, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ишлаб турибди. “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи, Маърифат маркази ва бошқа кўплаб иншоотлар шаҳар кўркига кўрк қўшиб турибди.

        Номзоднинг дастурида мамлакатимизда барча соҳада олиб борилаётган кенг кўламли иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни янги босқичга кўтаришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган. Саноатни диверсификация ва модернизация қилиш ҳисобидан иқтисодиётнинг рақобатдошлигини ошириш, давлат ҳамда жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, жаҳон бозоридаги рақобатдошлигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш, маҳаллий бюджетлар даромадини кўпайтириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Аҳоли бандлигини таъминлаш, биринчи навбатда, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби муҳим масалалар қамраб олинган.

      Учрашувда иқтисодиётнинг барча тармоғида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар пойтахтимиз салоҳиятини юксалтириш, аҳоли ҳаёт фаровонлигини муттасил оширишда асосий омил бўлаётгани таъкидланди. Пойтахтимизда тиббий ва коммунал, транспорт хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, аҳолининг маданий дам олиши учун кенг шароитлар яратиш, аҳолини шинам ҳамда арзон уй-жойлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Бу ҳақда маърузачилар атрофлича сўз юритдилар. Давра суҳбати тингловчилар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига мухтасар жавоблар олдилар.

 

ЎзМУ Ахборот хизмати