O'zMU » Yangiliklar » Талабалар тарбияси учун мураббийлар ҳамиша масъул

Тарбия – ҳаёт-мамот масаласи эканлиги бежиз айтилмаган.

Жамиятимиз турфа ахборотларга тўлиб-тошган бугунги замонда ёшлар тарбияси ҳар қачонгидан кўпроқ масъулият талаб қилаётганини ортиқча изоҳлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида гуруҳ мураббийлари учун икки кундан буён давом этаётган “Юксак маънавиятли ёшлар – келажак пойдевори” мавзуига бағишланган ўқув семинар-тренингида ЎзМУ Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Давлатбой Жумабоев атрофлича сўз юритди.

– Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг 24 ноябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувида Миллий университетимиздан иштирок этишган бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар қалбида бир ажойиб ғоя муҳрланиб қолди,– дейди Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров.– Яъни, ёшларни юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш – давр талабидир. Бунинг учун аввало ёшларда китобга меҳр ва қизиқиш уйғотиш, уларнинг руҳий оламини янада бойитадиган китобларни кўпайтириш, янги китоб дўконлари ва кутубхоналар бунёд этиш масаласида қатор таклифлар ҳамда бу борадаги режалар баён этилди. Бундай улуғвор саъй-ҳаракатларга жавобан биз ҳам талабаларда китоб ўқиш маданиятини оширишимиз, бадиий ҳамда илмий-оммабоп китобларга қизиқтиришимиз зарур. Келгусида ҳар бир гуруҳда “Энг яхши китобхон” кўрик-танловларини ўтказиш мақсадга мувофиқдир.

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбек “Ахборот соатлари” машғулотларини ўқитишда илғор коммуникация воситаларидан самарали фойдаланиш усуллари, тақдим этилаётган ахборотларнинг мазмун-моҳиятини талабаларга теран тушунтиришда мураббий маҳорати ҳақида сўз юритди.

Мураббийлар бу борада қизиқтирган саволларига мухтасар жавоблар олиш билан бир қаторда ўз фикр-мулоҳазаларини ҳам ўртоқлашдилар.

Тадбирда гуруҳ мураббийлари фаолиятлари танқидий ҳамда таҳлилий баҳоланиб, бу борадаги ишларини янада такомиллаштириш юзасидан тавсиялар тақдим этилди.

Ўқув семинар-тренинги эртага ўз ишини давом эттиради.

 

ЎзМУ Ахборот хизмати