O'zMU » Yangiliklar » Маърифий ҳамкорлик йўлида

Китоб – дунёга татийдиган мўъжиза.

    Сермазмун асарларни (турли тилларда) иштиёқ билан ўқиганлар курраи заминнинг қай бурчида истиқомат қилишларидан қатъи назар ҳамфикр, маслакдош бўлиб қолаверадилар. Айтайлик, буюк шоирлар Алишер Навоий ё Пушкин, улуғ адиблар Абдулла Қодирий, Пиримқул Қодиров ё Дюма, Лев Толстой, Шолохов, Чехов, Жек Лондон, Чингиз Айтматовларнинг асарларини севиб мутолаа қилганлар улардан деярли бир хил маънавий озиқ оладилар.

     Илм-фан тараққиётига хизмат қиладиган илмий-оммабоп асарлар ҳақида ҳам шундай фикрлар айтиш мумкин.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига бугун Латвия университети кутубхонаси директори Вента Коцере ташриф буюрди. ЎзМУ Ўқув ишлар бўйича биринчи проректори Илёс Раҳматуллаев хорижлик меҳмонни университет тарихи музейи билан таништирар экан, бу ерда сақланаётган асори-атиқалар, буюк аждодларимиздан қолган ноёб мерослар ҳақида маълумот берди.

    Ахборот-ресурс марказини кўздан кечирган меҳмон Латвияда буюк ўзбек алломаси Абу Али ибн Синонинг бой меросига катта қизиқиш билан қарашларини алоҳида таъкидлади.

Самимий мулоқот чоғида келгусида ЎзМУ ва Латвия университети ўртасида маърифий алоқаларни ривожлантириш истиқболлари ҳақида келишиб олинди.

 

ЎзМУ Ахборот хизмати