O'zMU » Yangiliklar » Ватанни мадҳ этган шоир

Ватанни мадҳ этган шоир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши китобсевар, ижодкор ёшлар учун муносиб туҳфа бўлди. Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ёшларнинг китобхонликка қизиқишини оширишга йўналтирилган шоир ва ёзувчилар, ижодкорлар билан учрашувлар ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.


Ана шундай тадбирлардан бири "Иқбол Мирзо шеъриятида муҳаббат, Ватан ва ёшлар мавзуси" деб номланди. Унда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Университет проректори Давлатбой Жумабоев, “Ёшликжурнали бош муҳаррири Нодир Жонузоқов, адабиётшунос олим, профессор Умарали Норматов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ёшларимизни китоб ўқишга бўлган қизиқишларини янада ошириш, китоб тарғиботини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади.


Ўзбекистон халқ шоири, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Иқбол Мирзонинг бетакрор ижоди, ёшларнинг маънавий оламини бойитиш, адабиётга қизиқишини уйғотиш ва уларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашдаги хизмати беқиёсдир.

Иқбол Мирзо 1967 йилнинг 1 май куни Фарғона вилоятининг Бағдод туманида туғилган. 1984 йили ўрта мактабни тугатгач, Фарғона давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетига ўқишга кирган. Шоир «Ўзбекистон табиати», «Ватан» каби газеталарда бўлим бошлиғи, масъул котиб, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Ассалом, Ўзбекистон» таҳририятининг бош муҳаррири вазифасида ишлаган. Адабиёт ихлосмандлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф каби севимли шоирларимизнинг муносиб издоши сифатида ном қозонган Иқбол Мирзонинг “Юракнинг шакли”, “Кўнгил”, “Сени соғинаман”, “Сени бугун кўрмасам бўлмас” каби китобларини катта қизиқиш билан кутиб олган. Шоир шеърияти инсон руҳи, қалб ҳарорати силсилали туйғуларини ўзгача ифодалаши билан ажралиб туради.


Иқбол Мирзо шеърлари ўзига хос нозик туйғулар, миллий бўёқлар, ўзбекона оҳанг ва фалсафа билан йўғрилган,– дейди "Зулфия" номидаги давлат мукофоти совриндори Нафосат Жўрабекова.– Шоирнинг шеърияти табиат билан уйғун, муҳаббатга лиммо-лим, юракда илдиз отиб, Ватан тупроғида кўкарган, юрт осмонига томон бўй чўзаётган мевали дарахтга ўхшайди. “Менга шу кўк азиз, шу тупроқ азиз”, шоирнинг биргина шу мисрасидан ҳам унинг нечоғлик ватанпарвар эканлигини билиш қийин эмас. Иқбол Мирзонинг қадимий шаҳарларимизда ўтказилаётган оламшумул сана-тўйлар таассуроти, она юртга бўлган чексиз муҳаббати, бунёдкор халқимизнинг орзу-умидларини самимий, тиниқ мисралари орқали ифодалаган шеърлари биз каби ёш қаламкашларга илҳом бағишлайди.

Тадбирда шоирнинг она юрт, истиқлол йилларида эришилган оламшумул ютуқлар, халқимизнинг фидокорона меҳнати, тинчлик-осуда ҳаёт мадҳ этилган шеърлари, уларга басталанган қўшиқлар ёшларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Ёш қаламкаш талабалар Иқбол Мирзонинг янги шеърларидан тинглаб, шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

 

Азима ҚИЁСОВА