O'zMU » Yangiliklar » Ёди ҳамиша ёдда

Ёди ҳамиша ёдда

 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллуд топган кун олдидан “Ёди ҳамиша ёдда” деб номланган хотира тадбири ўтказилди.


Унда ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Маҳмуд Салоҳиддинов, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Шуҳрат Ризаев ва бошқалар мустақил Ўзбекистон давлатимизнинг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ватанимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, мустақилликка мушарраф қилганини, у халқимиз хотирасида мангу барҳаёт эканини, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 25 январь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорини кенг жамоатчилигимиз ғоят мамнунлик, эҳтиром билан кутиб олганини алоҳида таъкидладилар.

– Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирди. У нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилди. Шу билан бир қаторда Ўзбекистон номини дунёга машҳур қилди. Бугунги кунда бутун жаҳон ҳавас билан қараётган Ўзбекистоннинг шу даражага эришишида Биринчи Президентимизнинг ўрни ва хизматлари беқиёсдир,– деди ЎзМУ ректори.– Ислом Каримов ташаббуси билан 1995 йил 14 сентябрь “Тошкент давлат университетига Мирзо Улуғбек номини бериш тўғрисида”ги ҳукумат қарори, 2000 йил 28 январь куниЎзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент давлат университетига Ўзбекистон Миллий университети мақомини бериш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинган.

Бугунги кунда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети деган шарафли ном билан дунёга бўй кўрсатишида Биринчи Президентимизнинг қанчалик ташаббус кўрсатганини ва саъй-ҳаракатларини барчамиз то абад эҳтиром билан эслаб юрамиз.


Хотира тадбирида Биринчи Президентимиз ҳаёти ва фаолиятига бағишланган видеофильм барчада катта таассурот қолдирди.

 

 

ЎзМУ Ахборот хизмати