O'zMU » Yangiliklar » Олима аёллар ҳамиша эътиборда

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Республика хотин-қизлар “Олима” уюшмасининг йиғилиши ўтказилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимиз етакчи илм-фан намояндалари билан учрашувида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирга академик аёллар, “Олима” уюшмасининг олий ўқув юртларидаги кенгашлари раислари, журналистлар таклиф қилинди.

Республика хотин-қизлар “Олима” уюшмаси раиси Раҳбархон Муртазоева, академиклар Сайёра Рашидова, Машҳура Мавлоний, Анна Глушенкова ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор берилаётганини таъкидлади. Бунда таълим-тарбия ва илмий-тадқиқот йўналишларида шуғулланаётган аёллар фаолияти ва улар эришаётган муваффақиятлар муҳим аҳамият касб этаётир.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари фаолиятини такомиллаштириш ва рағбатлантириш тўғрисидаги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим дастуриламал бўлди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалиши илм-фанга боғлиқлиги, бундай ишларда давлатимиз биринчи галда Фанлар академияси ва олимларга суянишини алоҳида таъкидлади, – дейди академик С.Рашидова.

– Бугунги тадбирнинг мазмун-моҳияти ҳам ана шу учрашувда белгиланган вазифалар ижросига қаратилгани билан катта аҳамиятга эга. Йиғилишда зиёли аёлларнинг оила ва жамиятда маънавий соғлом муҳит қарор топиши, ёш авлоднинг баркамол инсонлар бўлиб вояга етишида ҳамда аҳоли ўртасида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар тарғиботидаги алоҳида ўрни хусусида ҳам сўз юритилди. Тадбирда уюшма аъзолари томонидан илм-фан соҳасида изланаётган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режалар юзасидан фикр алмашилди.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА