O'zMU » Yangiliklar » Навоий ижоди – миллий маънавиятимизнинг хазинаси

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Мир Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллиги муносабати билан “Навоий ижоди – миллий маънавиятимизнинг хазинаси” мавзусида адабий тадбир ўтказилди
Унда ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, адабиётшунос олимлар Султонмурод Олимов, Адҳамбек Алимбеков, Ҳамидулла Болбабоев ва бошқалар бугунги кунда китобга бўлган муносабат янги босқичга чиққанини, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борада муҳим қадам бўлганини, буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг юксак инсоний туйғулар улуғланган асарлари халқимиз маънавий оламини янада бойитишда тутган ўрнини алоҳида таъкидладилар. 

– Улуғ шоирнинг таржимаи ҳоли ва асарлари ҳақида мактабдаёқ етарлича маълумотга эга бўлганмиз,– ЎзМУ ректори.– Адабиётшунос ва тилшунос олимларимиз Алишер Навоий асарлари маъноларини шарҳлаб очиб бериш йўлида самарали ишлар қилганлар. Сўнгги ўн йилликлар мобайнида Порсо Шамсиев, Воҳид Зоҳидов, Иззат Султон, Азиз Қаюмов, Нажмиддин Комилов, Суюма Ғаниева каби атоқли олимлар, Пиримқул Қодиров ва Эркин Воҳидов сингари севимли ёзувчи-шоирларимизнинг Алишер Навоий асарлари тадқиқи ҳамда таҳлилига қаратилган китобларини иштиёқ билан ўқиб, мутафаккир аждодимиз маънавий хазинасидан озми-кўпми баҳраманд бўлганмиз.

Алишер Навоийнинг асарлари мазмун-моҳиятини тушуниб ўқиш жуда кўп маънавий озиқ беради. Даҳо шоиримизнинг асарларида бугунги ҳаётимиз учун ҳам нақадар аҳамиятли мавзулар ўз ифодасини топган. Унинг ҳар бир сатри замирида олам-олам маънолар мужассамлигини англаган сари ул зот руҳи олдида таъзим бажо айлагинг келади. Алишер Навоийнинг айниқса “Хамса”, “Насойим ул муҳаббат” ва “Лисонут-тайр” асарларидани ўқиган кишининг маънавий бойлиги қанчалик юксак бўлишини изоҳлашга ҳожат йўқ. 

 

Адабий тадбирда Ўзбек Миллий Академик драма театри жамоаси ҳамда университет иқтидорли талабаларининг бадиий чиқишлари барчада катта қизиқиш уйғотди.

ЎзМУ Ахборот хизмати