O'zMU » Yangiliklar » Бобур Мирзонинг боқий мероси

14 февраль – улуғ аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 534 йиллиги муносабати билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Бобур Мирзонинг боқий мероси” мавзусида адабий тадбир ўтказилди.

Унда ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Абдунаби Бойқўзиев, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бўлим муҳаррири Ҳумоюн Акбаров ва бошқалар буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530) адабий мероси, хусусан, “Бобурнома” асаридаги ўлмас ғоялар, шоҳ ва шоирнинг бетакрор ғазаллари, рубоийлари бугунги ёшлар маънавий оламини бойитишда қанчалик муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидладилар.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 510 йиллиги муносабати билан 1993 йилда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов фармонига биноан буюк бобомиз номи абадийлаштирилгани бетакрор аждодимиз руҳини шод этган! Мирзо Бобур тенгсиз ижоди ила ҳар бир инсон қалбида эзгулик дарахтини ундириб кетган. Бобур бободек буюк аждодимиз билан фахрланмаган, қалбида ғурур ҳиссини туймаган юртдошимизни тасаввур қилолмаймиз. Шу кунга қадар буюк аждодимиз адабий ва маънавий мероси катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Унинг «Бобурнома» асари, 119 ғазали, бир масну шеъри, 209 рубоийси, 10 дан оптик туюқ ва қитъалари, 50 дан ортиқ муаммо ва 60 дан зиёд фардлари, девони таркибида умумий ҳажми 270 байтдан иборат 8 маснавийлари бугунги авлодлар учун қанчалик қадрли эканлигини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Буюк аждодимиз ҳаёти ва ижоди замонавий адабиётимизда ҳам кенг ёритилган. Бу ўринда атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” ва “Авлодлар довони” романлари алоҳида ўрин тутади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз асарлари билан нафақат ўзбек, балки Шарқ халқлари бадиий тафаккурини, маданиятини янги босқичга кўтарганини изоҳлашга ҳожат йўқ. Бобур асарларини ўрганиш инсонларни, айниқса, ёш авлодни яхшиликка, Ватанни севишга ундайди.Бобур асарларида Ватанга муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси, комил инсонни тарбиялаш масалалари моҳирона тасвирланган.

– Шоирнинг адабиёт, тарих, тилшунослик, ҳуқуқшунослик, мусиқа ва географияга оид нодир асарлари бизга қадимий тарихимиз ҳақида қимматли маълумотлар беради, миллий ўзлигимиз, маданиятимизни янада теранроқ англашда муҳим манба бўлиб хизмат қилади,– дейди адабиётшунос олима, профессор Зулхумор Холмонова.– Биргина «Бобурнома»нинг ўттиздан ортиқ тилга таржима қилиниб, чоп этилгани буюк алломанинг асарлари бутун дунё халқлари томонидан севиб ўқилишидан далолатдир. Бобур ва унинг авлодлари даврига оид бебаҳо манбалар жаҳоннинг етмишдан ортиқ музейида сақланиб келмоқда.

Адабий кечада университет иқтидорли талабалари Бобур ғазалларидан намуналар ўқиб, анжуман иштирокчиларига маънавий завқ улашдилар.

 ЎзМУ Ахборот хизмати