O'zMU » Yangiliklar » Ҳашар домла-ю талабага ярашар

Ҳашар домла-ю талабага ярашар

“-Сиз бир боғда ёш талаба ва тажрибали доцентнинг бирга меҳнат қилаётганини кўрганмисиз?

Магистр йигитнинг мўйсафид профессор билан ҳаётий жумбоқлар ва илмий назариялар ҳақида қизишиб, кетмон ўйнатиб суҳбатлашаётганини-чи!?

“Йўқ”, дейсизми?! Унда Ўзбекистон Миллий университети сизни ўз бағрига чорлайди!

11-12 март кунлари мамлакатимизда умумхалқ ҳашари деб эълон қилинди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Миллий университети “белига белбоғ боғлаб” хизматга отланди. Ҳар қайси факультетга ажратилган майдон биргаликда, ҳамжиҳатликда ободонлаштирилмоқда. Зеро, “Кўпдан қуён қочиб қутилмас”. Агар университетимизга бир назар ташласангиз ректорми, профессорми, ёки талабами барчанинг  қўлида кетмон, белкурак билан хизмат қилаётганини кўрасиз. Бу жараён, талабаларга завқ бағишлаётганига асосий сабаб, юрт учун масъуллик, гўзал диёрнинг ободлигига ўз ҳиссасини қўшиш бўлса, яна бир сабаб университетнинг бирлашиб, бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилиши, бу меҳнатларни эса ҳангома-ю латифалар билан янада завқли кечишидир. Зотан, профессор ўқитувчиларнинг ҳазил-мутойибага бой суҳбатлари талабаларни ғайратига ғайрат, кучига-куч қўшмоқда.

  Чаққонлик борасида Математика  факулътети ҳатто журналистларни ортда қолдирди. Биология факультети талабалари эса ҳашар давомида янги элементни кашф этса ажаб эмас.  Физиклар ҳам бундан мустасно бўлмайди.

         Зеро, икки кунлик умумхалқ ҳайрия ҳашари ортида гўзал боғларимизнинг мўл ҳосили, кўчаларимизнинг озода ва ободлиги, юртимиздаги ҳар бир хонадондан тортиб, ўқув аудиторияларию, маҳобатли иморатларимизнинг чиройи мужассамдир. Зотан, баҳорнинг илк ўн кунлигида бўлиб ўтаётган ҳашар тадбири қиш қахратонидан толиққан юртдошларимиз қалбига кўклам ҳавосини олиб кириши шубҳасиз. Шундай экан, барча ватандошларимизни ушбу ҳайрли ишларда фаол бўлишга чорлаймиз.