O'zMU » Yangiliklar » БИЗ БИЛАН ОЗОДА КЕЛАЖАК САРИ”

I - Республика кўрик-танлови

НИЗОМИ

 

  1.   Умумий қоидалар

1.1. Ушбу Низом “Биз билан озода келажак сари” республика кўрик-танловини ўтказиш ва ташкил этиш тартибини белгилайди (кейинги ўринларда Танлов).

1.2.Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва “Тошрангметзавод” АЖ Танлов ташкилотчилари саналади (кейинги ўринларда – Ташкилотчилар).

1.3. Кўрик-танловда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари иштирок этишлари мумкин (кейинги ўринларда – Қатнашчилар).

1.4. Танлов доирасида қатнашчилар шаҳар ва аҳоли турар жойларида мақбул экологик ҳолатни яратиш масалалари, қайта ишлаш ва иккиламчи фойдаланиш мақсадида чиқиндиларни алоҳида йиғиш (тўплаш)ни тарғиб қилиш, электрон чиқиндилар, кимёвий манбаларга эга бўлган яроқсиз батарейкалар, аккумуляторлар ва ҳ.к., шунингдек таркибида симоб бўлган энергия тежовчи люминесцент лампаларни йиғиш (тўплаш)ни ташкиллаштириш билан боғлиқ ижтимоий-экологик рекламалар лойиҳаларини яратишади (кейинги ўринларда – Ижодий ишлар).

1.5. Қатнашчилар томонидан танловда иштирок этиш учун ижодий ишларнинг  тақдим қилиниши уларни мазкур Низом ва танлов ишларини танлаб олиш тартиби билан тўла розилигини билдиради.

1.6. Танлов, унинг Низоми, аризалар шакли ва ғолиблар ҳақидаги барча маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг расмий сайтига (www.uznature.uz) жойлаштирилади.

2. Танловнинг мақсад ва вазифалари

2.1. Танловнинг мақсади қуйидагича:

  • • чиқиндилар билан ишлаш соҳасида экологик муаммоларни ҳал этишда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари иштирокини кучайтириш;
  • • ёшларни атроф-муҳит муҳофазаси, чиқиндилар билан ишлаш ва экология масалаларига эътиборини қаратиш;
  • • чиқиндиларни алоҳида йиғиш (тўплаш)ни тарғиб қилиш;
  • • экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги лойиҳаларга жамоатчиликнинг ижобий фикрини шакллантириш.

2.2. Танловнинг вазифалари қуйидагича:

  • •ёш авлодни қаттиқ маиший чиқиндилар, электрон чиқиндилар, яроқсиз аккумулятор батареялари, фойдаланилган алюминий банкаларини йиғиш (тўплаш)га жалб қилиш.

3. Кўрик-танлов номинацияси

3.1. Танлов икки номинацияда ўтказилади:

3.1.1. Постер.

3.1.2. Видеоролик.

3.2. Тақдим этилган ижодий иш танлов мавзуси билан боғлиқ бирон бир муаммони янги таклиф ва маълумот орқали ҳал этиш йўлларини кўрсатиши ёки атроф-муҳит муҳофазасига йўналтирилган муайян муносабат моделини ўзида акс эттириши лозим.

3.3. Танлов учун тахминий мавзулар:

3.3.1. Чиқиндилар пайдо бўлиш ҳажмининг ўсиш муаммолари – табиатга салбий таъсир, инсон яшаш шароитини ёмонлашуви.

3.3.2. Буюмларга эҳтиёткорона муносабат – чиқиндиларни қисқартириш омили.

3.3.3. Буюмларнинг иккинчи ҳаёти – такрор фойдаланиш ва қайта ишлаш самараси.

3.3.4. Чиқиндиларни алоҳида йиғиш ва уларни қайта ишлаш – яроқсиз истеъмол товарларини (алюминий банкалари, пластик ва шиша идишлар, полиэтилен пакетлар ва ҳ.к.) тўғри саралай билиш маҳсули.

3.3.5. Турли хилдаги чиқиндилар хавфи (таркибида симоб бўлган энергия тежовчи люминесцент лампалар, кимёвий манбаларга эга яроқсиз батарейкалар, аккумуляторлар, термометрлар ва ҳ.к.лар) ва уларни утилизация учун топшириш зарурати.

3.3.6. Жонажон шаҳар, маҳаллада тозаликка риоя этиш ҳамда табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш (атроф-муҳит ифлосланиши муаммоси ва ноқонуний чиқиндихоналарнинг пайдо бўлиши).

3.3.7. Маҳаллий аҳоли ва меҳмонларнинг шаҳар ҳудудларидаги тегишли санитар ҳолатларга риоя қилишлари (кўчалар, подъездлар, хонадонлар, истироҳат боғлари ва ҳ.к.лар). Шаҳар аҳолисининг экологик ахлоқини такомиллаштириш, обод шаҳарлар қиёфасини қўллаб-қувватлаш учун рағбатлаштириш.

3.3.8. Ишлаб чиқариш ва фойдаланишдан чиққан чиқиндиларнинг пайдо бўлиши ва уларни утилизация қилиш билан боғлиқ бошқа мавзулар.

4. Танловда иштирок этиш шартлари, тақдим этиладиган ижодий ишларга талаб ва танловдаги саралаш

4.1. “Видеоролик” номинациясида битта Қатнашчи ёки иштирокчилар Гуруҳи (уч кишигача) қатнашиши мумкин.

4.2. Қатнашчи иккала номинация бўйича ҳам Талабнома бериши мумкин.

4.3. Битта Қатнашчи ёки иштирокчилар Гуруҳи томонидан кўпи билан   5 (бешта) ишлар тақдим этилади.

4.4. Қатнашчи ёки иштирокчилар Гуруҳи Талабномани Талабнома шаклига мувофиқ тарзда топширади (ушбу Низомга илова тарзида).

4.5. Тўлдирилган Талабнома ва ижодий ишлар zero_waste@uznature.uz электрон манзилига юборилади.

4.6. Ҳар бир ижодий Ишга алоҳида Талабнома расмийлаштирилади.

4.7. Танловда қатнашиш учун тўлтқ тўлдирилган Талабномага график файл ёки видео ҳам бириктирилади. Мазкур шартлар бажарилмаган тақдирда, Талабнома кучга эга эмас деб топилади ва кўриб чиқилмайди.

4.8. Танловга ижодий ишлар қуйидаги шаклда тақдим этилади:

4.8.1. “Постер” номинациясига юбориладиган ижодий ишлар рақамли кўринишда бўлиб, CorelDRAW ва Photoshopдастурида ишланган, тасвирнинг бошланиш ҳажми 2000х4000 пиксел, файл ҳажми эса 3-4 МБдан катта бўлмаслиги лозим. Постерни яратишда ишлатиладиган фотосуратлар, расмлар, коллажлар аввал ҳеч қаерда нашр этилмаган ва фақат муаллифники бўлиши шарт.

4.8.2. “Видеоролик” номинациясига юбориладиган қисқа метражли ролик     60 сониядан ошмаслиги ва AVI форматида тақдим этилиши керак. Ҳар бир ролик номланиб, алоҳида файл тарзида юборилади (блоклар қабул қилинмайди). Видеороликка мусиқа жўр бўлган ҳолатларда, мусиқа ва матн муаллифи кўрсатилиши шарт.

4.9. Қатнашчи ёки иштирокчилар Гуруҳи талабномасида Ташкилотчига кафолат сифатида Танловга тақдим этилган ижодий ишларнинг барча таркибий қисмлари (ҳар қандай шаклда) учинчи шахснинг ҳуқуқларини бузмаслигини ва у Қатнашчи ёки иштирокчилар Гуруҳининг оригинал ижодий иши эканлиги акс этиши лозим.

4.10. Қатнашчи ёки иштирокчилар Гуруҳи учинчи шахс томонидан кафолатнинг бузилиши билан боғлиқ  даъвосини ўз кучи ва маблағлари  ҳисобидан ҳал қилишга мажбур.

4.11. Қатнашчи ёки иштирокчилар Гуруҳи Танловга ижодий ишлар тақдим этиши кейинчалик Ташкилотчилар томонидан  атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда информацион фаолиятида фойдаланилишига розилик билдирганини англатади. Бунда муаллифлар кўрсатилиши шарт саналади,ҳеч қандай қўшимча рухсат ва шартлар талаб этилмайди, фойдаланиш ҳудудлари чегараланмайди ҳамда мукофот маблағлари тўлови амалга оширилмайди.

Хусусан, ижодий ишлар тижорат мақсадларисиз Интернет тармоғи, маълумотлар майдончаларига (баннерлар, информацион доскалар, кўчалардаги овозли ва видео рекламалар, транспорт, метро ва ҳ.к.) жойлаштирилиши мумкин.

4.12. Ишларни баҳолаш мезонлари: ижодий ёндашув, ижтимоий йўналтирилганлик ва Танлов мавзусига мувофиқлиги.

4.13. “Биз билан озода келажак сари” ижтимоий экологик реклама лойиҳалари бўйича якуний хулоса чиқариш учун Ташкилотчилар танлов комиссиясини шакллантиради (кейинги ўринларда – Танлов комиссияси).

4.14. Танлов ғолиблари ва уларни совринли ўринларга тақсимлаш Танлов комиссияси аъзолари томонидан овоз бериш йўли билан амалга оширилади.

5. Танловни ўтказиш муддатлари

5.1. Танлов жорий йилнинг 22 январидан 22 апрелига қадар (Халқаро Ер куни) давом этади. Иштирокчиларни мукофотлаш MediaPark савдо мажмуасида бўлиб ўтади. Манзил: Шайхонтоҳур тумани, Қоратош 11А.

5.2. Иштирокчиларнинг ижодий ишларини 2017 йил 22 январдан      5 апрелга қадар тақдим этишлари лозим.

5.3. Танлов 3 босқичда ўтказилади: биринчи босқич иштирокчилардан танлов ишларини қабул қилиш– 2017 йилнинг 20 январидан 5 апрелига қадар ўтказилади.Дастлабки босқичдакелиб тушган ижодий ишларни танлов комиссияси интернет-овозга қўйиш учун танлаб олади.

5.4. Иккинчи босқич 15-20 апрель кунлари Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси расмий сайти ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги қўмитанинг расмий саҳифаларида (facebook, twitter)интернет-овоз беришдан бошланади.

5.5. Учинчи босқич 22 апрель куни MediaPark савдо мажмуасида биринчи ва иккинчи босқичлардан саралаб олинган ижодий ишларга очиқ овоз бериш йўли билан ўтказилади. Танлов комиссияси танлов иштирокчиларига берилган овозларни санаб чиқади.

5.6. Санаб чиқилган овозлар натижасига кўра, энг кўп овоз олган иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг махсус ёрлиқлари ва Ташкилотчиларнинг совринлари билан тақдирланади.

5.7. Танлов натижалари ҳақидаги маълумот Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг расмий сайтига жойлаштирилади (www.uznature.uz).

6. Танлов ғолибларини мукофотлаш

6.1.Танлов ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ёрлиғи ва Танлов совринлари билан мукофотланади.

6.2. Совринлар “Талабалар ўртасида” ва “Ўрта махсус муассасалари ўқувчилари ўртасида” каби икки қисмга бўлинади ва ҳар бир номинация учун учта соврин қўйилади.

6.3. Танловдаги ҳар бир совринли ўрин учун қуйидаги мукофотлар жорий қилинган:

1-ўрин. “Артель” телевизори.

2-ўрин. “Артель” газ плитаси.

3-ўрин. Уяли алоқа воситаси.

 

Илова: “Биз билан озода келажак сари” кўрик-танловининг шартлари, муддати ва ўтказилиши ёки ижодий ишларни баҳолаш мезонлари ўзгарса, бу ҳақдаги тўлиқ маълумот 2017 йилнинг 1 мартидан кечиктирилмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг расмий сайтига жойлаштирилади.