O'zMU » Yangiliklar » ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2012 йил 31 майдаги ПҚ-1765-сонли қарорига ўзгартишлар киритиш тўғрисида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 14-сон, 218-модда)

Ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган, Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовларига тайёргарлик кўрган абитуриентлар меҳнатини рағбатлантириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2012 йил 31 майдаги ПҚ-1765-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 йил, № 22, 242- модда) 1-бандининг биринчи ва иккинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«1. 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган фуқаролар барча йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича бакалаврлар тайёрлашда республиканинг барча олий таълим муассасаларига киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўладилар».

2. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н. Юнусходжаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2017 йил 4 апрель,

 

ПҚ-2867-сон