O'zMU » Yangiliklar » Олимнинг мўъжизакор олами

Шундай инсонлар бўладики, улар орамизда жисман бўлмаса-да руҳан тирикдир. Раҳматли Сиддиқ ота Тиллаев ҳаёт бўлганларида бу йил роппа-роса 130 баҳорини қаршилаган бўларди! У 1877 йили Тошкентда туғилган. Косибчилик, деҳқончилик қилиб рўзғор тебратган. Турмуш ўртоғи Ҳалимахон Исломова болалар тарбияси билан шуғулланган. Уларга худо 13 нафар фарзанд ато этган.

Фарзандлари келажагини, бахтини илму маърифатда деб билган ота-она гўдаклари қалбида китобга меҳр уйғотганлар. Қобил фарзандлар пухта билим олишгач, ўзларининг илм хазиналарини яратганларида ота-оналари чинакам муроду мақсадларига етган эдилар! Зеро, бу хонадондан дунёга довруқ солган кимёгар олимлар – академик Обид Содиқов ва профессор Раҳим Тиллаевлар етишиб чиққанлари нафақат биргина оиланинг, балки, бутун мамлакатнинг фахрига айланди, десак муболаға бўлмас.

Кези келганда оилада "арзимас"дек кўринган бир муаммога ойдинлик киритиб ўтиш жоиз. Ўша кезлари ўзбек исмларига нописандлик билан қаралиб, Сиддиқ отанинг ҳам исмини ҳужжатига – "Садик" тарзида ёзиб қўйишган. Кейинчалик бу хатоликни тўғрилашга уринган зиёли ўғиллар уни – Содиқ деб ёздиришга муваффақ бўлганлар. Ота эса қулоғига азон айтиб қўйилган исмини муқаддас билиб, ўғилларидан бирига атай Содиқ деб исм қўйган. Зора, шу йўл билан ҳақиқий исмини тўғрилаб олишига имкон пайдо бўлишига умид қилгандир… Йўқ, аксинча, собиқ шўро даврида айниқса миллий исм-шарифларда баттар чалкашликлар давом этарди. Фуқароларнинг фамилиялари ҳам гоҳ у тарзда, гоҳ бу тарзда ёзилиши оқибатида кўп оилаларда ака-ука, опа-сингилларга ё отасининг ёки бувасининг исми фамилия сифатида ёзилган. Бундан четда қолмаган Сиддиқ отанинг фарзандлари ҳам бир қисми Содиқов, қолганлари Тиллаев бўлиб қолишлари сабаби шунда...

– Юртимиз истиқлоли берган энг катта неъмат – ўзлигимизни англаш бўлди,– дейди ғурур билан Раҳим ака.– Кимёвий моддалар формуласини ёзаётганда хатоликка йўл қўймасангизгина кутган натижага эришганингиз каби фамилиямизни ёзишда юз берган ўша чалкашликларга ҳам ойдинлик киритиб ўтсангиз аждодлар руҳини шод қилган бўлардингиз.

Саксонинчи баҳорини қаршилаётган отахоннинг қувноқлик билан айтган бу сўзларидан дилингиз яйрайди. Ҳақиқат минг эгилиб-букилмасин, барибир синмаслигига имон келтирасиз. Ўша хатоликлар ҳақида ошкора сўз юритишимизнинг ўзи ҳам ҳақиқатнинг қарор топганидир!

Халқимизда "суяк суради" деган ғаройиб ҳикмат бор. Раҳим акага ҳам узоқ умр кўриш отасидан, илм чўққиларини эгаллаш эса акасидан "суяк сурган" бўлса ажабмас. Раҳматли оталари роппа-роса 90 йил яшаган, Обид акалари эса қанчалик бетакрор мактаб яратиб кетганини ҳарқанча фахр ила эсласак арзийди!.. Бобокалонлардан қолган ҳикмат шулки, узоқ умр кўриш бобида бола отасидан албатта ўтаркан. Юзидан нур ёғилиб турган самимий ва дилкаш отахоннинг ҳамон тетик ҳамда бардам юришларидан бемалол юз билан юзлашишига умид қиласиз. Илм бобида эса акасининг руҳини шод этаётганига шубҳа йўқ!..

Алломалар ҳаёт мўъжизаларини кимё фани орқали кашф этишган. Шу боис бу фанни мўъжиза дея таърифлашади. Ўша фанни яратган, унинг ривожига самарали ҳисса қўшган фидойиларни мўъжизакор олим дейиш мумкин. Кимёгар олимлар сулоласини эса мўъжизалар ичра ажиб мўъжиза, десак арзийди. Дунёга довруқ таратган академик Обид Содиқов кимё оламида ўчмас из қолдирганини ортиқча таърифлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Атоқли олим, фан ва давлат арбобининг таваллуд кунига келгуси йили 95 йил тўлади. Бугун орамизда жисман бўлмаса-да руҳан тирик олимнинг улуғвор ишларини юзлаб шогирдлари давом эттирмоқда.

Алломанинг иқтидорли шогирдлари орасида ўз укалари Карим ва Раҳим Тиллаевлар ҳам борлиги кўпчиликда ҳавас уйғотади. Ака изидан боришган укалар ҳақида Қ.Аҳмеровнинг 1996 йилда "Фан" нашриётида чоп этилган "Фанимиз фидойиси" рисоласида шундай сатрлар битилган:

"Обид Содиқов… қийинчиликларга қарамай ўқиш, билим олиш, ўз даврининг муносиб фарзанди бўлиб етишишни орзу қилади. Бу борада укалари Карим Тиллаев – кейинчалик фан номзоди, доцент, Раҳим Тиллаев – фан доктори, профессорни ҳам ўз ортидан бошлаб борди".

Кимёгар мураббий Раҳим Тиллаевни бугун ҳам қадрдон илм маскани бўлган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг кимё факультетида – шогирдлари, талабалар даврасида топасиз. Ўзи қарийб чорак аср мудир бўлган ЎзМУ физикавий кимё каферасида айни пайтда профессор лавозимида фаолият кўрсатаётган тиниб-тинчимас олим бугун ҳам талабаларга физикавий кимё сирларини ўргатмоқда. Устознинг ҳар бир маърузаси, амалий машғулотлари илмга чанқоқ йигит-қизлар қалбида бу мўъжизакор фанга бўлган иштиёқни янада ошираётгани баайни ҳақиқат. Бугунги ёшларнинг қалбига йўл топиш ва мўъжизакор фанга қизиқиш уйғотиш борасида тажрибали устоз ёш мураббийларга ҳам намуна кўрсатмоқда. Шу боис, у кишини ўқув даргоҳида фахр билан – устозлар устози, деб аташади.

Катта аудиторияда талабаларга машғулот ўтиш билан бир қаторда ҳар бирининг қалбига йўл топиш машаққатини мураббийлар яхши биладилар. Бу борада катта тажрибага эга бўлган Раҳим Сиддиқ ўғли шундай дейди:

– Эллик беш йилдан буён талабаларга дарс бераётган бўлсамда ҳамон ўз устимда ишлайман. Билиш осон, ўша билганларингни билдириш, яъни, талабалар онгига етказиш эса жуда мушкул ишдир! Ҳар бир мураббий ўзи илмий тадқиқот олиб бораётган мавзуда маърузалар ўқиши яхши самара беради.

Олим илмини илм масканида кўрсатса, одамийлик фазилатларини эл орасида, жамоат ишларида намоён қилади. Жамоат ишларида ҳамиша фаол бўлиб келган устоз машғулотлардан бўшагани ҳамоно ЎзМУ фахрийлар кенгашига йўл олади. Мазкур кенгаш раиси сифатида режалаштирилган ишларнинг ижросини кузатади. Маънавият ва маърифат бобида "Оталар сўзи – ақлнинг кўзи" эканлигини дилдан ҳис этган отахон устоз қатор тадбирларда бош-қош бўлади. Сафдошларини ҳам шундай эзгу ишларга даъват этади. Вақти-вақти билан ўтказиладиган байрамларга Раҳим ота сингари пиру бадавлат мураббийлар нақадар файз киритишларини алоҳида эҳтиром ила таъкидласа арзийди.

Университет қошидаги ҳамда "Фан ва тараққиёт" ЎзРИТК ҳузуридаги докторлик диссертациялари ҳимояси бўйича ихтисослашган кенгашлари, шунингдек, факультет илмий кенгаши аъзолари бўлган Раҳим Сиддиқ ўғли ушбу соҳада етишиб чиқаётган ёшларга қанот бахш этаётганидан барча бирдек мамнун. Шу билан бир қаторда "Ўзбекистон кимё журнали" ва "Композицион материаллар" журнали таҳрир ҳайъати аъзоси сифатида у киши илмий тадқиқотлар мукаммал ёритилишини ҳам кузатиб боради, изланувчан ёшларга йўл-йўриқлар кўрсатади, қимматли маслаҳатларини аямайди.

Раҳим Сиддиқ ўғлининг илм йўлидаги изланишлари, эришган ютуқлари аслида умр дафтарининг зарварақларида зарҳалдек жилоланиб турибди. 1951 йилда шу даргоҳни имтиёзли диплом билан тамомлаб, аспирантурада ўқишни давом эттирган истеъдодли ёш олим 1954 йили кимё фанлари номзоди, 1966 йилда эса фан доктори илмий даражасини олган. Меҳнат фаолияти ҳам кимё соҳасидаги изланишлари билан чамбарчасдир. 1954 йилдан Ўзбекистон Фанлар академияси Кимё институтида лаборатория мудири, 1955 йилдан буён ЎзМУ кимё факультети физикавий кимё кафедрасида ассистент, катта ўқитувчи, доцент лавозимларида ишлагач, 1967 йилда профессор унвонига эга бўлган. Мана, қирқ йилдирки, у ЎзМУ профессорлари орасида ўзининг муносиб ўрнига эга.

– Икки йил илгари юз берган бир воқеа сира ёдимдан чиқмайди,– дейди ЎзМУ физикавий кимё кафераси мудири, кимё фанлари доктори, профессор Ҳамдам Акбаров.– Раҳим ака мени ёнларига чақириб, шундай дедилар: "Нега баъзилар амал талашадилар? Кафедра мудири бўлиш учун ғалати ишлар қилиб юрганларни кўрсам кулгим қистайди. Юринг, биз бу "анъана"ни бошқача давом эттирамиз!" Нима гаплигини тушунмай, секин устозга эргашдим. У киши тўппа-тўғри ректор қабулига бошлаб борди-да: "Шу шогирдимни ўрнимга кафедра мудири этиб тайинлангиз!" деб ўзлари илтимос қилсалар, денг. Университет раҳбарининг: "Ўзингиз ҳали бардам-бақувватсиз, тажрибангиз катта! Кафедрада бош-қош бўлиб юраверинг!" деган эътирозларга кошки кўна қолса! Хуллас, ўзларининг ўринларига мени тайинламагунларича тинчимадилар. Барибир, устоз биз учун кафедра маёғидир! Айни кунларда ҳам профессор лавозимида ўз тажрибаларини астойдил ўргатмоқда. Хуллас, кимё мўъжизалари қанчалик кўп ва ранг-баранг бўлса, устознинг фазилатлари ундан ҳам мўлроқ!

Олимнинг илм масканидаги ўрни – илмий тадқиқотлари натижалари, яратган ўқув қўлланмалари билан баҳоланади. Раҳим Тиллаев талабалар учун "Физикавий кимёдан мисол ва масалалар", "Физикавий кимёдан амалий машғулотлар" ўқув қўлланмаларини рус тилидан таржима қилган. Ўзининг полимерлар физик-кимёси ва термодинамикаси соҳасида 2 та монографияси, ўнлаб услубий қўлланмалари, 450 дан ортиқ илмий мақолалари чоп этилган. 18 та муаллифлик гувоҳномаси (жумладан, 3 таси Ўзбекистон патенти)га эга бўлган олим эндиликда издошларининг ҳам илм чўққиларини эгаллашларида бош-қош бўлаётир. Зеро, у кишининг илмий раҳбарлигида 3 та фан доктори, 15 та фан номзоди диссертациялари муваффақиятли ёқланган.

Устоз олим раҳбарлигида сўнгги йилларда янги бир илмий йўналиш – электрод жараёнларнинг кинетикаси бўйича илмий иш олиб борилмоқда. Шунинг натижасида республикамиздаги маҳаллий хомашё ва саноат чиқиндилари асосида кислотали ва тузли муҳитлардаги коррозиянинг олдини олувчи янгидан янги инкибиторлар ва антикоррозион қопламалар яратилмоқда. Жумладан, ёғ-мой корхоналарининг чиқиндиси ҳисобланган госсипол смоласи асосида металларнинг занглашига қарши хоссага эга бўлган  ва турли мақсадларга мўлжалланган бир нечта янги композициялар ўтказилиб, ишлаб чиқаришга жорий этилди. Олимнинг қатор кашфиётлари мамлакатимиздаги қатор саноат корхоналарида ҳам кенг қўлланилмоқда.

Азал-азалдан ўзбек номини дунёга танитиб келаётган алломаларимиз билан ҳарқанча фахрлансак оз. Оққан дарё оққани мисол уларнинг ана шу улуғвор ишларини изчил давом эттираётган таниқли олимлар орасида Раҳим Тиллаевнинг ҳам муносиб ўрни бор. Зеро, у киши илмий соҳада қилган ишлари билан кўплаб халқаро анжуманларда иштирок этиб, дунё олимларининг эътиборини қозонган. Жумладан, 1964 йилда Германияда, 1966 йилда Японияда ва Москвада, 1968 йилда Венгрияда, 1971 йилда Югославияда, 1995 йилда Туркияда бўлиб ўтган халқаро анжуманларда қилган маърузалари, илмий тавсиялари аслида дунё фани ривожига қўшган муносиб ҳиссаси сифатида баҳоланади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Раҳим Тиллаевнинг кўксини 1994 йилда "Шуҳрат" медали, 1998 йилда эса "Олий таълим аълочиси" нишонлари безади. У киши қатор Фахрий ёрлиқлар соҳибидир.

– Мен учун ҳаётдаги энг катта мукофот – тақдир насиб этган оилам, фарзандларим, набираларим ва кўплаб шогирдларимдир,– дейди эҳтиром ила суҳбатдошимиз.– Катта қизим Гулбаҳор изимдан бормоқда. У кимё фанлари номзоди, шу даргоҳда бирга ишлаймиз. Иккинчи қизим Дилбар шифокор бўлса-да, тиббиёт коллежида мураббийлик қилмоқда. Бири биридан ширин набираларим Баҳодир, Шуҳрат, Равшан, Эркинжон, Ёрқин, Отабеклар ҳам турли касбларни танлаганлар. Бугун уларга оқ йўл тилаб, дуо қилиб ўтиришдан каттароқ бахт бўлмаса керак.

Бу бахтиёр оила ҳаётида бу йил унитилмас йил бўлиб қолса ажабмас. Раҳматли Сиддиқ ота таваллудига 130 йил тўлган бўлса, Раҳим ака 80, умр йўлдоши Шоҳидахон ая 75 баҳорини қарши олмоқдалар. Умр дафтарини мўъжизакор кашфиётлари билан безаган олимнинг ҳаёти эса авлодлари, замондошлари, издошлари учун ибрат мактабидир.

Бу табаррук оилага бахшида сўзларимизга СамДУ профессори Абдулло Насимовнинг “Мўъжизакорлар раҳнамоси сарлавҳали сатрлари ила нуқта қўйишга жазм этдик:

 

Сирли самандар дунё, синовлари ўзгача,

Ҳар инсон ҳаётда сўқмоғини излайди.

Тетапоя бўлгандан ёш қалбдаги орзулар,

Замин қолиб, осмонда юлдузларни кўзлайди.

Тошкентдир киндик қони тўкилган азим шаҳар,

Қучоғида қувнади кўрмай ғаму кулфатни.

Улғаярди ўзини юрт қучоғига чорлаб,

Ато қилди худо ҳам Алпомишдай келбатни.

Кимёгарлар бўстони бўлган аҳли оила,

Обид Содиқ ортидан очди янги сўқмоқлар.

Кимёгарча бир йўлдан келди улар изма-из,

Физикавий кимёда ажралди бу ирмоқлар.

Илм, ижод, изланиш ҳаётининг мазмуни,

Ҳам янгилик яратиш тарк этмади ҳеч уни.

Юксак чўққига етди, кимёгарларга маёқ,

Ҳаммаслаклар гирдида ошиб борди ҳар куни.

Дилда ҳикмат ифори, ундан хурсанд ҳамма ҳам,

Қалби дарё, бардошли, шогирдларга раҳнамо.

Ғоя ва маърифатни тарқатувчи жонкуяр,

Яхшилик ҳаётим деб яшамоқда мардона.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Мирзо Улуғбек номидаги

Ўзбекистон Миллий университети доценти

2007 йил