O'zMU » Yangiliklar » “АХБОРОТ СОАТЛАРИ”

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

2017/2018 ЎҚУВ ЙИЛИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сон қарорини ижро этиш ҳамда мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа тармоқларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш, бакалавр ва магистрларни тайёрлашда иш берувчиларнинг жорий ва истиқболдаги эхтиёжларини инобатга олган ҳолда сон ва таълим йўналишлари уйғунлигига эришиш, олий таълим муассасалари битирувчилари меҳнатидан фойдаланишни яхшилаш, шунингдек, иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга оширишнинг ўртача муддатга мўлжалланган мақсадли дастурларини жорий этиш, тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ва диверсификациялаш, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида: 

1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар иштирокида: 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларини шакллантириш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2015 йил 23 июндаги ПҚ-2360-сон қарорига мувофиқ ва янги қурилаётган корхоналарнинг ҳудудий жойлашуви, иқтисодиётдаги таркибий ўзгартишлар бўйича дастурий чора-тадбирларни амалга ошириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник қайта жиҳозлаш ва диверсификациялаш борасидаги инвестиция лойиҳаларини жорий қилиш, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш омилларини таҳлил қилиш натижалари асосида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва иш берувчиларнинг олий таълим муассасалари битирувчиларига талаби баланс ҳисоб-китоб параметрлари ишлаб чиқилди; 

аниқ йўналиш ва мутахассисликлар бўйича тайёргарликка эга бўлган олий таълим муассасалари битирувчиларига нисбатан истиқболга мўлжалланган талаб-эҳтиёж, шунингдек, битирувчиларнинг танланган мутахассислик бўйича ишга жойлашуви мониторинги маълумотлари асосида 2017/2018 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталари шакллантирилди. 

2. 2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича умумий квота: 

бакалаврлар учун 66316 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича – 18194 та ва тўлов-контракт асосида – 48122 та 1-иловага мувофиқ; 

магистрлар учун 5000 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича – 1556 та ва тўлов-контракт асосида – 3444 та 2-иловага мувофиқ; 

Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимида – 100 нафар, жумладан, давлат грантлари бўйича – 15 та ва тўлов-контракт асосида – 85 та, Навоий давлат кончилик институтида тўлов-контракт асосида – 90 нафар ва Тошкент темир йўл муҳандислари институтида тўлов-контракт асосида – 80 нафар бакалаврни тайёрлаш 3-иловага мувофиқ белгилансин. 

3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари буюртмаларига биноан юқори малакали тиббиёт кадрларига талаб катта бўлган ҳудудлар учун мақсадли қабул бўйича квоталарни Ўзбекистон Республикасининг тиббиёт олий таълим муассасаларига давлат грантлари асосида бакалавриат йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлашнинг умумий белгиланган параметрлари доирасида ажратиш бўйича таклифи 4-иловага мувофиқ қабул қилинсин. 

4. Ўзбекистон Республикасининг таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг (кейинги ўринларда Давлат комиссияси деб аталади) таркиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

Давлат комиссиясига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин: 

бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича олий таълим муассасаларига ўқишга кириш чоғида абитуриентлар тўплаган балларнинг рейтинг баҳосини ҳисобга олган ҳолда олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратураси қабул параметрларига ўзгартишлар киритиш; 

янги йўналишлар ва мутахассисликларни киритиш учун бакалавриат ва магистратуранинг қабул квоталарига ўзгартишлар киритиш; 

иқтисодиёт тармоқлари, жумладан, республиканинг олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлари учун мутахассисларга бўлган ўринли эҳтиёжни қондириш мақсадида олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасига тегишли тармоқлар ва ҳудудлар бўйича мақсадли қабул кўрсаткичларини белгилаш. 

5. 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабулни амалга ошириш жорий этилсин. 

Белгилаб қўйилсинки: 

олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабулни амалга ошириш учун квота миқдори таълим муассасасининг мавжуд имкониятлари ва таълим йўналишларидан келиб чиқиб Давлат комиссияси томонидан белгиланади; 

қўшимча қабул бўйича тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси абитуриентлар тўплаган балларга қараб Давлат комиссияси томонидан дифференциялашган тартибда белгиланади; 

тўлов-контракт суммасининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул ўтиш баллини тўплай олмаган абитуриентларга тўплаган баллига мувофиқ (68 баллдан кам бўлмаган) кетма-кетлик тартиби қатъий сақланган ҳолда, уларнинг оширилган контракт пулини тўлай олиш имкониятидан келиб чиқиб амалга оширилади. 

6. Тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда икки ҳафта муддатда тасарруфидаги олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура бўйича давлат гранти ҳамда тўлов-контракт асосида ўринлар квотасини таълим тилларига қараб тақсимлашга оид таклифларни Давлат комиссиясига тасдиқлаш учун киритсин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги “Ўзстандарт” агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда белгиланган тартибда: 

олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлар классификаторига янги киритилаётган бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритсин; 

бир ой муддатда янги киритилаётган бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқув режалари ҳамда дастурларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2017/2018 ўқув йилида давлат грантлари асосида бакалавриат ва магистратурага ўқишга қабул қилиш бўйича белгиланган квоталарни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.

9. Кадрларни мақсадли тайёрлаш буюртмачилари – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, вазирликлар ва идораларга олий таълим муассасалари битирувчиларининг улар ўқиб эгаллаган касбига ва тузган шартномаларига мувофиқ иш билан бандлигини таъминлаш, жумладан, республиканинг олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларига ишга йўлланма олган олий таълим муассасалари битирувчилари учун муносиб меҳнат ва ижтимоий-маиший шарт-шароитлар яратиш юзасидан жавобгарлик юклансин. 

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2016/2017 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида” 2016 йил 26 майдаги ПҚ-2534-сон қарорининг 3-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин. 

11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази: 

бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин; 

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин. 

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2017 йил 5 май 

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 

“2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим 

муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарорига

 

ШАРҲ


Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сон қарорини ижро этиш ҳамда мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа тармоқларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш, бакалавр ва магистрларни тайёрлашда иш берувчиларнинг жорий ва истиқболдаги эхтиёжларини инобатга олган ҳолда сон ва таълим йўналишлари уйғунлигига эришиш, олий таълим муассасалари битирувчилари меҳнатидан фойдаланишни яхшилаш, шунингдек, иқтисодиётда таркибий ўзгартиришларни амалга оширишнинг ўртача муддатга мўлжалланган мақсадли дастурларини жорий этиш, тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ва диверсификациялаш, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Ушбу қарорга биноан ҳамда мамлакатимизда янги қурилаётган корхоналарнинг ҳудудий жойлашуви, иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришлар бўйича дастурий чора-тадбирларни амалга ошириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник қайта жиҳозлаш ва диверсификациялашнинг инвестициявий лойиҳалари, йўл-транспорт ҳамда коммуникация инфратузилмаси таҳлилига мувофиқ, 2017/2018 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига ўқишга қабул бўйича умумий квота бакалаврлар учун 66316 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича 18194 та ва тўлов-контракт асосида 48122 та, магистрлар учун 5000 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича 1556 та ва тўлов-контракт асосида 3444 та этиб белгиланди. 

Шунингдек, ушбу ҳужжатда махсус сиртқи бўлим негизида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда билим олишни таъминлаш мақсадида Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимида 100 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича 15 та ва тўлов-контракт асосида 85 та, Навоий давлат кончилик институтида тўлов-контракт асосида 90 нафар ва Тошкент темир йўл муҳандислари институтида тўлов-контракт асосида 80 нафар бакалаврни тайёрлаш назарда тутилган. 

Бундан ташқари, ушбу қарор билан 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари буюртмаларига биноан юқори малакали тиббиёт кадрларига эҳтиёж катта бўлган ҳудудлар учун Ўзбекистон Республикасининг тиббиёт олий таълим муассасаларига давлат грантлари асосида бакалавриат йўналиши бўйича мутахассисларни тайёрлашнинг мақсадли қабул квоталари тасдиқланди. 

Қарор билан Ўзбекистон Республикасининг таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг янги таркиби тасдиқланди ва унга қуйидаги ҳуқуқлар берилди: 

бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича олий таълим муассасаларига ўқишга кириш чоғида абитуриентлар тўплаган балларнинг рейтинг баҳосини ҳисобга олган ҳолда олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура бўлимлари қабул параметрларига ўзгартишлар киритиш; 

янги йўналишлар ва мутахассисликларни киритиш учун бакалавриат ва магистратуранинг қабул квоталарига ўзгартишлар киритиш; 

иқтисодиёт тармоқлари, жумладан, республиканинг олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлари учун мутахассисларга бўлган ўринли эҳтиёжларни қондириш мақсадида олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасига тегишли тармоқлар ва ҳудудлар бўйича мақсадли қабул кўрсаткичларини белгилаш. 

Шунингдек, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабулни амалга ошириш жорий этилмоқда. Бунда: 

олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабулни амалга ошириш учун квота миқдори таълим муассасасининг мавжуд имкониятлари ва таълим йўналишларидан келиб чиқиб Давлат комиссияси томонидан белгиланиши; 

қўшимча қабул бўйича тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси абитуриентлар тўплаган балларга қараб Давлат комиссияси томонидан дифференциялашган тартибда белгиланиши; 

тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул ўтиш баллини тўплай олмаган абитуриентларга тўплаган баллига мувофиқ (68 баллдан кам бўлмаган) кетма-кетлик тартиби қатъий сақланган ҳолда, уларнинг оширилган контракт пулини тўлай олиш имкониятидан келиб чиқиб амалга оширилиши белгилаб қўйилди. 

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, кадрларни мақсадли тайёрлашнинг асосий буюртмачилари ҳисобланган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, вазирлик ва идораларга олий таълим муассасалари битирувчиларининг улар ўқиб эгаллаган касбига ва тузган шартномаларига мувофиқ иш билан бандлигини таъминлаш, жумладан, республиканинг олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларига ишга йўлланма олган олий таълим муассасалари битирувчилари учун муносиб меҳнат ва ижтимоий-маиший шарт-шароитлар яратиш юзасидан жавобгарлик юкланган. 

Бир сўз билан айтганда, ушбу қарорда белгилаб берилган мақсад ва вазифалар юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг стратегик ривожланишининг бешта устувор йўналиши доирасида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил амалга оширишга замин яратади.

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

ТОШКЕНТ ШАҲРИДАГИ ХАЛҚАРО АЭРОПОРТГА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИ ИСЛОМ КАРИМОВ НОМИНИ БЕРИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 январдаги ПҚ-2744-сонли "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги қарорининг бажарилишини таъминлаш ҳамда аэропорт инфратузилмаси фаолияти самарадорлигини янада ошириш, шунингдек, Тошкент халқаро аэропортида замонавий талабларга мувофиқ йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш мақсадида: 

1. "Тошкент" халқаро аэропорти" давлат унитар корхонасига Ислом Каримов номи берилсин. 

2. Тошкент халқаро аэропорти инфратузилмаси фаолияти самарадорлигини янада ошириш ҳамда йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастурининг ҳар томонлама тайёрланишини ва асосланишини таъминлаш мақсадида иловага мувофиқ таркибда Махсус комиссия ташкил этилсин. 

3. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси, Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда қуйидаги устувор вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлайдиган Комплекс чора-тадбирлар дастурини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун тақдим этсин: 

режим-қўриқлаш чора-тадбирлари тизимларини такомиллаштириш, шунингдек, аэропортда замонавий, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳисобига йўловчиларнинг божхона, чегара ва иммиграция тартиботларидан ўтиш вақтини қисқартириш; 

мавжуд таркибни танқидий таҳлил қилиш ҳамда божхона, чегара ва иммиграция хизматлари, ички ишлар органлари ва аэропортда хизмат кўрсатиш инфратузилмаси ходимлари барча тоифаларини танлашга нисбатан талабчанликни ошириш, улар томонидан хизмат ваколатларининг ҳар қандай тарзда суиистеъмол қилинишининг олдини олиш ва уларга барҳам бериш; 

пойтахтга ва республикага келадиган йўловчилар, меҳмонлар ва хорижий делегацияларга хизмат кўрсатишнинг юқори даражасини таъминлаш, Ўзбекистоннинг бош ҳаво бандаргоҳида ўзбек халқига қадимдан хос бўлган самимий илтифот ва меҳмондўстлик муҳитини яратиш; 

зарур қулай шарт-шароитларни яратишни назарда тутган ҳолда аэропортнинг тегишли инфратузилма хизматлари фаолияти самарадорлигини таъминлаш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш ва уларнинг багажи билан ишлашнинг технологик жараёнини оптималлаштириш; 

кузатиб қолувчилар ва кутиб олувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, махсус ажратилган ҳудудда автотранспортлар тўхташ жойларини ташкил этиш, ободонлаштириш масалаларини комплекс ҳал этиш; 

аэропортнинг барча хизматлари фаолияти самарадорлиги ва сифатини ошириш, шунингдек, йўловчиларга хизмат кўрсатишнинг янада қулай шарт-шароитларини яратиш учун илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва жорий этиш. 

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш.МИРЗИЁЕВ 
<!--[if !supportLineBreakNewLine]-->
<!--[endif]-->

Тошкент шаҳри, 2017 йил 4 май 

 

ЭЛ-ЮРТГА САДОҚАТ БИЛАН ХИЗМАТ ҚИЛИШ – АСОСИЙ БУРЧИМИЗДИР

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 6 май куни Яшнобод туманида бўлди. 

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда пойтахтимизни келгуси беш йилда ривожлантириш бўйича ўз дастурини тақдим қилган ва бу борада аниқ таклифлар илгари сурган эди. 

Дунё бозорида рақобатбардош саноат маҳсулотларининг янги турларини ишлаб чиқариш, замонавий хизматлар кўрсатишни ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш, кўп хонадонли арзон уй-жойлар қуриш, тадбиркорларга қўшимча имтиёзлар бериш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини мувофиқлаштириш, кўп қаватли уйларни таъмирлаш ва улар ҳудудини ободонлаштириш, шаҳар аҳолисини тоза ичимлик суви ва оқова сув хизматлари билан таъминлаш, экология ва санитария муҳитини яхшилаш, метро, автомобиль йўллари ва кўприклар қурилишини давом эттириш, профилактика инспекторлари институтини мустаҳкамлаш, аҳолининг китобхонлик маданиятини ошириш, дори-дармонларга нарх белгилашни тартибга солиш. Бу масалалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда айтилган режа ва тадбирларнинг бир қисми. 

Ўтган вақт мобайнида юқорида санаб ўтилган масалаларнинг барчаси бўйича фармон, қарор ва бошқа тегишли ҳужжатлар қабул қилиниб, ижроси изчил таъминланмоқда. 

Давлатимиз раҳбари дастлаб Ойбек кўчасидаги кўп қаватли уйларда ишга туширилган замонавий, энергиятежамкор технологияларни бориб кўрди. 

Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, хонадонлар ва ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик энергияси ва иссиқ сув билан узлуксиз таъминлаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 20 апрелдаги “2018-2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлмоқда. 

Ушбу қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини янгилаш ва модернизация қилиш, энергия самарадорлиги юқори бўлган маҳаллий қозонхоналар қуриш, кўп қаватли уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларида локал иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш бўйича кенг кўламли вазифалар белгиланган. 

Пойтахтимиздаги марказлашган иссиқлик таъминоти тизими ускуналари ва тармоқлар техник ва маънавий эскиргани, марказий қозонхоналар истеъмолчилардан узоқ жойлашгани сабабли иссиқлик етказиб беришда айрим муаммолар юзага келмоқда. 

Президентимиз қарорига асосан пойтахтимиз туманларида замонавий қозонхоналар қуриш, қуёш энергияси билан сувни иситадиган гелиоқурилмалар негизида уй-жойлар ва ижтимоий объектларни иссиқлик билан таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқилмоқда. Дастурга кўра, жорий йилда пойтахтимизда 211, жумладан, кўп қаватли уйлар том қисмида 134, мавзелар ҳудудида 77 қозонхона қурилади. Ушбу мақсадлар учун сарфланадиган 170 миллиард сўм маблағ тижорат банклари кредитлари ҳисобидан молиялаштирилади. 

Ойбек кўчасидаги 40- ва 42-уйларда ишга туширилган қозонхоналар гелио сув иситгичлари билан жиҳозланган. Бу қозонхона анъанавий марказлашган иситиш тизимига қараганда бирмунча афзалликларга эга. Қозонхонада замонавий технология асосида қуёш нуридан иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилиб, сув хонадонларга тақсимланади. Бу табиий газни тежаш, истеъмолчиларга иссиқлик энергияси етказиб беришда йўқотишлар ва авария ҳолатларининг олдини олиш, ортиқча сарф-харажатларни камайтириш имконини беради. 

Қозонхонада соатига 416 киловатт иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Лойиҳа қиймати 460 миллион сўм бўлиб, харажатлар “Тошиссиққуввати” ишлаб чиқариш бирлашмаси унитар корхонаси ҳисобидан қопланган. Уй юқорисидаги техник қаватда қозонхона, томда қуёш коллекторлари ўрнатилган. 

Қуёш сув иситгичлари экологик тозалиги, кўп хизмат талаб этмаслиги ва узоқ муддат фойдаланиш мумкинлиги билан ажралиб туради. Бундай технологиялар нафақат қуёшли, балки булутли кунларда ҳам энергия ишлаб чиқара олади. 

Бу ишлардан кўзланган асосий мақсад кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли учун қулай шарт-шароит яратишдир, деди Президентимиз. Коммунал соҳани янада такомиллаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш учун қуёш энергияси асосида ишлайдиган иссиқлик энергияси тизимига ўтишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Тошкент шаҳрида келгуси уч йилга мўлжалланган алоҳида тизим ишлаб чиқилади. Бу тизим қуёш энергияси ёрдамида уй-жойлар ва ижтимоий объектларни иссиқ сув ва энергия билан узлуксиз таъминлаш, энергия ресурсларини тежаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади. 

Давлатимиз раҳбари гелиоқурилмалар ишлаб чиқарувчи корхоналар маҳсулотлари билан танишди.

Қозонхоналар қуриш ва улардан фойдаланишда замонавий технологияларни қўллаш, малакали мутахассисларни жалб этиш борасида зарур кўрсатмалар берилди. 

Шавкат Мирзиёев «Тошкент қоғози» масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрди. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ ҳудудлар иқтисодиётини модернизация ва диверсификация қилиш, халқимизнинг турмуш даражаси ва даромадларини ошириш учун ҳар бир ҳудуднинг табиий, минерал-хомашё, саноат, қишлоқ хўжалиги, туристик ва меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган изчил ишлар амалга оширилмоқда. 

«Тошкент қоғози» масъулияти чекланган жамиятининг умумий ер майдони 12 гектардан зиёд, бино ва иншоотлар майдони 4,5 гектар. Бу ерда ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун зарур инфратузилма, тайёр имконият мавжуд. Бу салоҳиятдан фойдаланиш мақсадида жамият ҳудудида кичик саноат зонаси ташкил этиш режалаштирилган. 

Президентимиз бу ердаги имкониятлардан самарали фойдаланиш, завод биноларини ишбилармон ва тадбиркорларга имтиёзли асосда бериш, уларда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. 

Шу ернинг ўзида Яшнобод туманида амалга ошириладиган ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. 

Туманда саноат ва хизматлар соҳасини ривожлантириш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича аниқ режа ишлаб чиқилган. 

Яшнободда қайси йўналишларга эҳтиёж кўплигидан келиб чиқиб алоҳида тизим яратиш керак. Бизнес-инкубаторлар ташкил этиш орқали одамларнинг ишончини ошириш, дунёқарашини ўзгартириш, тадбиркорликка жалб этиш лозим. Бозорни ўрганиб, талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, замонавий фикрлайдиган ёшларга кенг имконият бериш зарур, деди Шавкат Мирзиёев. 

Тижорат банклари кўмагида туманда дори ва тиббиёт воситалари, махсус кийимлар, қоғоз, ламинат панеллар, ёғ ва ем маҳсулотлари, травертин ва мармар плиталар, сим ўрамлари ишлаб чиқариш, кўнгилочар масканлар, замонавий бозор ва хусусий клиника ташкил этиш режалаштирилган. 

Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳаларнинг ташаббускори бўлган тадбиркор ва инвесторлар билан суҳбатлашди. Режаларни ўз вақтида амалга ошириш, ишбилармонларга қўшимча имтиёзлар яратиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. 

Президентимиз кутилмаганда 32-оилавий поликлиникага кирди. 

Давлатимиз раҳбари поликлиниканинг иш тартиби билан қизиқди. Тиббиёт муассасасининг самарадорлигини ошириш, уйларга чиқиб, аҳолига патронаж хизмати кўрсатишни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Мавжуд муаммоларни қисқа муддатда бартараф этиш, поликлиникани таъмирлаш ва аҳоли учун қулайликларни ошириш, тиббий ёрдам қамровини кенгайтириш бўйича топшириқлар берди. 

2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинганида ҳам катта маъно мужассам. Зеро, инсон манфаатлари деганда инсоннинг саломатлиги, замонавий тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиши ҳам назарда тутилади. 

Президентимиз соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бир неча маротаба учрашиб, бирламчи тиббиёт муассасалари, оилавий поликлиникалар, патронаж хизмати, тез тиббий ёрдам тизимининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Соҳа ривожига қаратилган бир нечта фармон ва қарорлар қабул қилинди, уларнинг ижроси изчиллик билан таъминланмоқда. 

32-оилавий поликлиника 27 минг 300 га яқин аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда. Болалар ва туғиш ёшидаги аёллар, кексалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пойтахтимиздаги ҳар бир поликлиникага тез тиббий ёрдам машиналари ажратилди. 32-оилавий поликлиникада ҳам тез тиббий ёрдам пункти фаолияти йўлга қўйилмоқда. 

Президентимиз шу ерда маҳалла аҳолиси билан мулоқотда бўлди. 

Ўзбекистонда халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқариш жадал суръатда ривожланаётир. Бу борада, айниқса, электр техника саноати юқори натижаларга эришмоқда. Тармоққа катта ҳажмдаги инвестициялар жалб этилган ҳолда янги-янги корхоналар ташкил қилинмоқда. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган бу корхоналарда экспортбоп истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. 

Бугунги кунда “Artel” бренди остида музлатгич, телевизор, кир ювиш машинаси, газ плитаси, кондиционер, микротўлқинли печь, чангютгич, қўл телефони каби энг сўнгги русумдаги маиший техника воситалари ишлаб чиқарилмоқда. 

Шавкат Мирзиёев заводдаги ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Маҳсулотлар тури, сифати ва ишчи ўринлари билан қизиқди. 

“Artel” бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди. Президентимиз кўргазма билан танишиб, маҳсулотлар турини кўпайтириш бўйича таклиф ва тавсияларини билдирди. 

Шу ерда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри ва туманлар ҳокимлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, пойтахт жамоатчилиги вакиллари иштирок этди. 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, жойлардаги Халқ қабулхоналари халқ билан мулоқотнинг муҳим тизимига айлангани, турли масалаларга ўз вақтида ечим топилиб, одамларни рози қилаётгани таъкидланди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши қайд этилди. Аҳолига барча зарур шароитлар яратиш, коммуникация тизимларини янгилаш, ҳудудларни ободонлаштириш, тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Шавкат Мирзиёев “Artel” заводига ташриф буюрди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди учрашувида Тошкент шаҳрини келгуси беш йилда янада ривожлантириш бўйича ўз дастурини баён қилиб, пойтахтимизни ривожланган мегаполисга айлантириш бўйича аниқ таклифлар билдирган эди. 

Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрининг қатор туманларига бориб, ҳудудларни ривожлантириш бўйича лойиҳалар билан танишди. Маҳаллаларда бўлиб, халқ билан мулоқот қилди. 

Шавкат Мирзиёев 6 май куни Яшнобод туманига ташриф буюриб, пойтахтимиз ва бутун мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган йирик лойиҳалар тақдимотларида иштирок этмоқда. 

Навбатдаги манзил тумандаги “Artel” заводи бўлди. 

Ўзбекистонда халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқариш жадал суръатда ривожланаётир. Бу борада, айниқса, электр техника саноати юқори натижаларга эришмоқда. Тармоққа катта ҳажмдаги инвестициялар жалб этилган ҳолда янги-янги корхоналар ташкил қилинмоқда. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган бу корхоналарда экспортбоп истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. 

Бугунги кунда “Artel” бренди остида музлатгич, телевизор, кир ювиш машинаси, газ плитаси, кондиционер, микротўлқинли печь, чанг ютгич, қўл телефони каби энг сўнгги русумдаги маиший техника воситалари ишлаб чиқарилмоқда. 

Президентимиз заводдаги ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Маҳсулотлар тури, сифати ва ишчи ўринлари билан қизиқди. 

Электротехника саноатини қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор мамлакатимизда юқори технологияларга асосланган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириб, иқтисодиётимизни дунё саноатининг истиқболли тармоқларидан бирида муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилмоқда. Ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижроси самарасида халқимиз турмуши фаровонлашиб, даромади ортиб бораётир.

Шу ерда “Artel” бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди.

Президентимиз кўргазма билан танишиб, маҳсулотлар турини кўпайтириш бўйича таклиф ва тавсияларини билдирди. 

 

ЎШДА ЎЗБЕКИСТОН ҲИСОБИДАН ЗАМОНАВИЙ МАКТАБ ҚУРИЛАДИ

Қирғизистоннинг Ўш шаҳри ҳокими Айтмамат Қодирбоев 3 май куни “Трест-12” МЧЖ ва “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” лойиҳа ташкилоти вакиллари билан учрашди. Унда шаҳарда янги замонавий 630 ўринга мўлжалланган мактаб қуриш лойиҳаси муҳокама қилинди. Бу ҳақда Knews.uz Ўш шаҳри ҳокимиятига асосан хабар берди.

Учрашув давомида шаҳар ҳокими мактаб қурилиши Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришни яхшилашда муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

«Ўш шаҳри ҳокимияти шаҳарнинг марказий кўчаларидан бирида умумий майдони 1,11 га. бўлган ер майдони ажратди. Лойиҳага кўра қурилишнинг умумий майдони 3851 квадрат метрни ташкил этади. Бу муҳим ва керакли иш халқларимизни янада яқинлаштиради», - дея таъкидлаб ўтди Айтмамат Қодирбоев.

Лойиҳа ҳужжатларига кўра, замонавий мактабда керакли барча нарса бўлади: спорт ва фаоллар зали, меҳнат хоналари, шифокор хонаси, ошхона ва ёзги спорт комплекси. Шунингдек уч қаватли бинонинг ҳар бир қаватида лаборатория ва устахоналар жойлашади. Қурилиш ишлари яқин орада бошланиши режалаштирилган.

 

УКРАИНА ДЕЛЕГАЦИЯСИ ЎЗБЕКИСТОНДА

Украина Миллий Фанлар академиясининг Украин тили институти директори, профессор Павел Гриценко раҳбарлигидаги делегация мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идораларида музокаралар ўтказди. 

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов билан учрашувда Ўзбекистон билан Украина ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳалар қатори илм-фан ва таълим йўналишида ҳам изчил ривожланаётгани таъкидланди. Бунда мамлакатларимиз ўртасида имзоланган 140 дан зиёд ҳужжат ҳуқуқий асос бўлмоқда. Фан ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фаолияти, илм-фан соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва қўлга киритилаётган ютуқлар ҳақида сўзлаб берилди. 

Учрашувда Ўзбекистон билан Украина ўртасида илм-фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. 

Украина делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Алишер Навоийнинг украин тилига таржима қилинган “Фарҳод ва Ширин” достони тақдимоти бўлди. Икки мамлакат олим ва мутахассислари, “Адеф-Украина” нашриёт уйи ҳамда мамлакатимизнинг Украинадаги элчихонаси ҳамкорлигида амалга оширилган ушбу лойиҳа маҳсулини келгусида инглиз ва бошқа тилларга таржима қилиш режалаштирилган. 

– Жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган Алишер Навоий ижоди улкан маънавий бойликдир, – деди Павел Гриценко. – Бу мерос бутун дунёда, хусусан, Украинада катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Навоий ижодида донишмандлик, борлиқ оламни гуманистик англашнинг жуда улкан, битмас-туганмас хазинаси мужассам. Ўзбекистон билан илм-фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, халқларимиз ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашдан манфаатдормиз. 

Украина делегацияси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида ҳам учрашув ўтказди. Темурийлар тарихи давлат музейида бўлиб, Соҳибқирон ва унинг авлодлари ҳақида ҳикоя қилувчи ранг-­баранг экспонатлар билан танишди. 

 

АБДУЛАЗИЗ КОМИЛОВ БМТНИНГ МИНТАҚАВИЙ МАРКАЗИ РАҲБАРИ БИЛАН УЧРАШДИ

2017 йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ашхобод шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази (МОПДММ) раҳбари Петко Драганов билан учрашди. Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан БМТ, шунингдек МОПДММ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболли йўналишлари, БМТ Минтақавий маркази кун тартибининг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

 

АФҒОНИСТОНЛИК ТАЛАБАЛАР ЎЗБЕКИСТОНДА ТАҲСИЛ ОЛИШ ИМКОНИГА ЭГА БЎЛАДИ

4 май куни  Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги идорасида ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирда иттифоқнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайс иштирок этди. 

Анжуманда элчи Ўзбекистон ҳукумати билан сиёсий муносабатлар жадал суръатларда ўсиб бораётганини алоҳида қайд этди. Шунингдек, Ўзбекистон, ЕИ ҳамда Афғонистон ўртасидаги уч томонлама ҳамкорлик режаларига ҳам атрофлича тўхталиб ўтди. 

«4-5 октябрь кунлари Брюсселда Афғонистонга бағишланган анжуман чоғида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатнинг иқтисодий тикланишига ёрдам бериши ва қўшни давлатга хавф сифатида эмас, балки салоҳиятли ҳамкордек қарашини билдирган эди. Ўзбекистон томонидан яқинда маълум қилинган яна бир лойиҳа -  афғонистонлик талабаларга Ўзбекистонда таълим олишлари учун имкон яратишдир. Эндиликда Афғонистон ёшлари Ўзбекистонда таҳсил олиб, билим ва малакаларини оширишлари мумкин бўлади», - дея қайд этган Стипрайс.

ЕИ делегацияси раҳбари мазкур лойиҳа келгусидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини айтиб ўтди.

Маълумот учун, Брюсселдаги анжуман якунидан сўнг, Афғонистонни иқтисодий ва сиёсий қўллаб-қувватлаш учун мамлакатга 2017-2020 йилларда 13.6 млрд евро ажратиш бўйича битим имзоланган.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

МУН ЧЖЭ ИН ЖАНУБИЙ КОРЕЯНИНГ ЯНГИ ПРЕЗИДЕНТИ БЎЛДИ

Жанубий Кореянинг "Демократик партия" вакили Мун Чжэ Ин мамлакатда ўтган президентлик сайловларининг ғолиби бўлди. Миллий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, Инга 41,1 фоиз (13,4 млн фуқаро) сайловчилар ўз овозларини берганлар.

"Корея озодлиги"дан номзод Хон Жун Пхе 24,03 фоиз, "Халқ партияси" вакили Ан Чхоль Су 21,4 фоиз овоз тўплай олган.

Сайловларнинг расмий натижалари эълон қилингунга қадар янги президент "янги буюк миллат, буюк, мағрур Кореяни қуриши"ни, у бу "мағрур миллатнинг мағрур президенти бўлишдан хурсанд бўлиши"ни айтган.

Мун Чжэ Ин 2012 йилги сайловларда Жанубий Корея президенти лавозимдан четлатилган Пак Кин Хега кичик фарқ билан ютқазганди. У аввалги маъмуриятларни Шимолий Кореянинг ракета ва ядро қуролланишини тўхтата олмаганликлари учун танқид қилиб келган. Ин Шимолий Корея билан босим ва санкцияларни сақлаб қолган ҳолда икки томонлама мулоқот олиб боришни қўллаб-қувватлайди.

Янги президент бугун, 10 май куни янги лавозимини бажаришга киришади. Шу муносабат билан эрталабдан миллий сайлов комиссиясининг йиғилиши ўтказилиши белгиланган. Комиссия сайловлардаги ғолиб номини расман эълон қилади ва шундан кейин янги президент ваколатларини бажаришга киришади. 

Таъкидланишича, коррупция ва хизмат ваколатларини суистеъмол қилишда айбланаётган собиқ президент Пак Кин Хе унинг устидан суд жараёни давом этгунча бир неча ой тергов изоляторида ўтказади.

 

СИ ЦЗИНЬПИН ЖАНУБИЙ КОРЕЯ ЯНГИ ПРЕЗИДЕНТИГА ТАКЛИФ БИЛАН ЧИҚДИ

Хитой халқ республикаси раиси Си Цзиньпин Жанубий Кореянинг янги президенти Мун Чжэ Инга юборган табрик хатида икки давлат ўртасидаги келишмовчиликларни ўзаро тушунтиш ва ҳурмат асосида ҳал қилишга тайёр эканини билдирди. Бу ҳақда Синьхуа агентлиги хабар берган.

"Хитой Жанубий Корея томони билан икки томонлама муносабатларда қийинчилик билан эришилган натижаларни ўзаро тушуниш, ҳурмат асосида ҳимоя қилишга тайёр. Шунингдек, сиёсий ўзаро ишонч, келишмовчиликларни ҳал қилиш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш, икки томонлама муносабатларни соғлом ва барқарор ривожлантириш тарафдори", - дея маълум қилган Си Цзиньпин.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, Хитой Жанубий Корея билан муносабатларга ҳар доим муҳим эътибор қаратган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

Хитой ва Жанубий Корея муносабатларида кескинлик, Сеул ўз ҳудудида Американинг THAAD ракеталарга қарши мудофаа тизимини жойлаштиришга қарор қилганидан сўнг пайдо бўлди. Хитой бунга кескин қарши чиқди ҳамда бу минтақадаги кучлар стратегик мувозанатини бузиши ва унинг хавфсизлигига раҳна солиши мумкинлиги ҳақида маълум қилди.

 

ТУРКИЯ ВА ҲИНДИСТОН ДОЛЛАРДАН ВОЗ КЕЧИШИ МУМКИН

Туркия ва Ҳиндистон ўзаро ҳисоб-китобларда доллардан воз кечиш ва миллий валюталарда тўловларни амалга ошириш имкониятини муҳокама қилишлари мумкин. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Деҳлида бўлиб ўтган турк-ҳинд бизнес форумида баёнот берди. Эрдўған Ҳиндистонга ташрифи доирасида анжуманда иштирок этган. 

"Экспорт ва импорт амалиётлари миллий валюталарда амалга оширилиши мумкин, бу эса валюта курслари тебранишлари билан боғлиқ салбий таъсирларни камайтиради", — дея Эрдўған сўзларидан иқтибос келтиради Anadolu ахборот агентлиги. Унинг сўзларига кўра, ўзаро савдоларда турк лираси ва ҳинд рупийсига ўтиш икки мамлакат иқтисодиётларига ижобий таъсир кўрсатади. 

Президент фикрича, Туркия ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо ҳамкорлигида мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланилмаяпти. 

"Икки мамлакатнинг кенг қамровли иқтисодий ҳамкорлигига доир лойиҳа муҳокамасини бошлаш вақти етиб келди", — деган Эрдўған. 

"Атом энергетикаси соҳаси Туркия ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорлик йўналишларидан бири бўлиши мумкин", — деб қўшимча қилган Эрдўған. 

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 

ХОТИРА – АБАДИЙ, ИНСОН ҚАДРИ ҲАМИША БАЛАНД!

Тинчлик ва осойишталик нақадар бебаҳо неъмат!

9 май – Хотира ва қадрлаш куни олдидан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида тўкин дастурхон атрофида байрам тадбири ўтказилди. Унда Иккинчи жаҳон урушида қатнашган университет фахрийлари, профессор-ўқитувчилар ва ходимлар иштирок этдилар.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов ва бошқалар давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган ҳаётбахш вазифалар ва улар ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритар эканлар, уруш қатнашчиларининг кўнглини олиш, юрт тинчлиги ва озодлиги йўлида жон фидо қилган ватандошларимиз хотирасини ёд этиш муқаддас бурчимиз эканини алоҳида таъкидладилар.

***

Тарих факультетида уруш ва меҳнат фахрийси “Ўзбекистон тарихи” кафедраси доценти Ширинбек Ўрозимбетов, байналмилал жангчилар, Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги бўлими бошлиғи, подполковник Равшан Охунов, “Ўзбекистон тарихи” кафедраси доценти Неъмат Полвоновлар билан ўтказилган учрашув талабаларда катта таассурот қолдирди.

Мазкур маънавий-маърифий тадбирларда она Ватан, тинчлик, жасорат ва дўстликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар барчага кўтаринки руҳ бахшида этди.

 

ФАХРИЙЛАР ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Хотира ва қадрлаш куни олдидан уруш ва меҳнат фахрийларига юксак эҳтиром кўрсатилиб, таълим муассасалари, маҳаллалар, меҳнат жамоаларида улар билан турли маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар уюштирилмоқда.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида «Уч авлод учрашуви» деб номланган маъданий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Миллий университет проректори Д.Жумабоев ва бошқалар ўтганлар хотирасини муқаддас билиш, кекса авлод вакилларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш миллий қадриятларимиздан эканини таъкидлади. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг жасорати ва фидойилиги ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясида алоҳида ўрин тутади. Ўтганларни хотирлаш ва кексаларни қадрлаш ёшларда ғайрат-шижоатни, элу юртидан ғурурланиш туйғусини кучайтиришга хизмат қилади.

Тадбирда мустақиллик, тинчлик халқимизнинг бебаҳо бойлиги экани, мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар замирида ана шу неъматларни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш масъулияти мужассамлиги, ёшларимизни Ватанга садоқат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашнинг аҳамияти хусусида сўз юритилди.

– Инсон қадр-қимматини улуғлаш, хотирасини ёд этиш халқимизга хос эзгу фазилатлардандир, – дейди Миллий университет доценти Тўлқин Эшбеков. – Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар замирида ҳам, аввало, инсон манфаатлари мужассам. Бу сана ҳар бир юртдошимизни, ўсиб келаётган ёш авлодни бугунги тинч-осуда кунлар, бахтли ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиб яшашга даъват этади.

Тадбирда ёши улуғ нуронийлар ўғил-қизларга бугунги тинчлик-тотувликнинг қадри ва аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.

– Президентимиз раҳнамолигида элимизда ҳукм сураётган бугунги тинч-осуда ҳаётнинг қадрига етишимиз керак, – дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Мухтор Расулов. – Ёшларга ана шу тинчлик ва тўкин-сочинлик қанчалик машаққатли меҳнатлар эвазига қўлга киритилганини тушунтириш, уларни ана шу азиз неъматни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ундаш биз, нуронийларнинг бурчимиздир.

 

ОТАЛАР ЖАСОРАТИ – ЁШЛАР МЕРОСИ

Ватанпарвар, мард ва жасур оталар иккинчи жаҳон урушида кўрсатган мардлиги ва жасорати – бугунги ёшлар учун ўзига хос маънавий меросдир.

Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Мухтор Расулов ана шундай жасорат кўрсатган фидойи инсонлардан биридир. У 1922 йилда Фарғона вилоятида таваллуд топган, ёшлигидан илму маърифатга ихлос қўйиб улғайган. Эндигина олий таълим олиш ишқи билан ёниб юрган кезларда даҳшатли уруш бошлангани ҳақидаги шум хабар тарқалган.

Шунда айни кучга тўлган азамат йигит Мухторжон биринчилардан бўлиб қўлига қурол олиб, ватан ҳимоясига отланган.

Мухтор аканинг қонли жанггоҳларда кечган дамлари бир неча китобга жо бўлса-да камлик қилади.

Бугун 95 баҳорини қаршилаган ватанпарвар отахон Мухтор Расуловнинг ана шу хотираларини Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Иқтисодиёт факультети талабалари ҳаяжон билан тингладилар.

– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қароридан кўнглимиз тоғдек кўтарилди,– дейди уруш қатнашчиси Мухтор Расулов– Биз давлатимизнинг бундай эътибори ва ғамхўрлигини дилдан ҳис этиб яшаймиз. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларига кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиромдан юртимизда том маънода инсон қадри қанчалик улуғлигини ҳис этмоқдамиз. Юртимиз тинчлиги ва осойишталиги абадий бўлсин, деб дуо қиламиз.

Она Ватан учун жоним фидо бўлсин, дея урушнинг сўнгги куни – ғалаба онларигача фронт ичра юрган мард ва жасур жангчининг кўксини кўплаб орден ва медаллар безаган. Айниқса, Берлинни ишғол қилишда кўрсатган жасорати учун олган медали ўзига хос мардлик ва ғолиблик нишони сифатида ялтираб турибди!

Устознинг серқирра ҳаёт йўли ва илмий фаолияти ҳақида Иқтисодиёт факультети декани Абдуваҳоб Умаров, профессорлар Абдураҳим Ваҳобов, Ҳасан Абулқосимов, ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров ва бошқалар сўз юритдилар.

Мухтор Расулов урушдан сўнг орзулари камолот чўққиси сари интилди. 1958 йилда номзодлик, 1973 йилда докторлик диссертацияларини муваффақиятли ёқлаб, иқтисодчи олим сифатида узоқ йиллар Самарқанд кооператив институти (ҳозирги Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институти), Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)да турли лавозимларда фаолият кўрсатди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор Мухтор Расулов илмий раҳбарлигида кўплаб иқтидорли ёшлар фан номзодлари ва докторлари илмий даражаларига эришганлар. Иқтисодчи олимнинг қатор дарслик, монография ва ўқув қўлланмаларидан республикамизнинг деарли барча олий таълим муассасалари иқтисодиёт йўналишларида кенг фойдаланилмоқда.

Халқимизда «Яхшидан боғ қолади» деган нақл бор. Мухтор Расулович фан соҳасида беқиёс илм боғини яратган, ўзига хос илмий мактабини шакллантирган забардаст олим ва заҳматкаш устозлардан биридир.

Уруш ветерани, меҳнат фахрийси, табаррук инсон Мухтор Расулов билан юзма-юз мулоқот талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

Ватанпарвар оталар жасоратига ҳурмат ва эҳтиром билан қарайдиган талаба-ёшлар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.

 

ТАРЖИМАШУНОСЛАР АНЖУМАНИ

Илмий анжуманлар ёш иқтидор соҳиблари учун ўзига хос тафаккур майдони ҳисобланади. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бўлиб ўтган “Илмий мунозара: муаммо, ечим ва ютуқ” деб номланган республика илмий-амалий анжумани ҳам ана шундай туфаккур майдонига айланди.

Анжуманда мамлакатимизнинг қатор олий таълим муассасаларидан атоқли таржимашунос олимлар, ёш тадқиқотчилар ва талабалар иштирок этдилар.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашувида илгари сурилган ғоялар, 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган бундай анжуманлар амалда таълим ривожига, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини янада оширишга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.

– Бугунги глобаллашув даврида айниқса ёшларнинг жаҳон тилларини мукаммал ўрганишлари ғоят муҳим ўрин тутади, бу борада таржимашуносликнинг ўрни беқиёс,– дейди ЎзМУ Хорижий филология факультети Француз филологияси кафедраси мудири Раҳима Ширинова.– Анжуманда атоқли олим, филология фанлари доктори, профессор Ғайбуллоҳ ас-Саломнинг маданиятимиз ва фанимиз тараққиётига қўшган улуши, биринчи навбатда, унинг ўзбек таржимашунослиги мактабини асослаб, бу илм соҳасини ҳам назарий жиҳатдан пухта ишлаб чиққани, ҳам уни таҳсил-таълим жараёнига амалий татбиқ этгани ҳақида мухтасар фикрлар билдирилди. Устознинг таржимашунослик мактабидан сабоқ олаётган талабалар, ёш тадқиқотчилар ҳозирданоқ маънавий оламимизни жаҳон адабиёти дурдоналари билан бойитишаётгани, шу билан бир қаторда ўзбек тилидаги сара асарларни бевосита инглиз, француз, немис, рус ва бошқа тилларга таржима қилишаётгани эътиборга моликдир.

Айтиш жоизки, адабиёт ихлосмандлари атоқли таржимашунос олимнинг “Мақол, матал ва идиомлар таржимаси”, “Бадиий таржиманинг лексик-фразеологик масалалари”, “Рус тилидан ўзбек тилига мақол-маталлар таржимаси” рисолалари, “Тил ва таржима”, “Таржимон маҳорати”, “Дўстлик кўприклари”(ҳаммуаллифликда), “Бадиий таржима ва адабий таҳрир проблемалари”, “Таржима ташвишлари”, “Адабий анъана ва бадиий таржима проблемалари”, “Таржима назариясига кириш”, “Таржима назарияси асослари” деб номланган монография ва дарсликларини катта қизиқиш билан мутолаа қиладилар. Анжуманда ана шу нодир асарлар ҳақида ҳам мухтасар фикрлар билдирилди.

Устоз олимнинг қизи Назира ас-Салом отасининг илмий-педагогик фаолияти ҳақида сўз юритар экан, бугун унинг руҳини шод этиб, илмий меросини шу қадар эътибор билан ўрганаётган барча тадқиқотчиларга, ушбу анжуманни ташкил этган ЎзМУ жамоасига самимий миннатдорчилик изҳор этди.

Анжуманга тақдим этилган илмий мақолалар ва маърузалар алоҳида тўплам ҳолида нашр этилди.

 

ЎЗМУ ТАЛАБАЛАРИНИНГ ФЛЕШМОБ ТАНЛОВИ ЎТКАЗИЛДИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ташкил топганининг 99 йиллиги муносабати билан факультетлар ўртасида флешмоб танлови ўтказилди.

ЎзМУ Иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлимидан хабар берилишича, мазкур тадбирда факультетлар жамоалари университет номи ва 99 рақамини акс эттирган суратлар ва видеолари билан иштирок этди. Танлов очиқ майдонда, барчанинг кўз ўнгида ташкил этилгани билан аҳамиятлидир. Айни дамда танловга тақдим этилган материаллар ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилмоқда. Эслатиб ўтамиз танлов ғолиблари жорий йилнинг 12 май санасида университет ташкил топганлигининг 99 йиллигига бағшлаб ўтказиладиган тантанали маросимида тақдирланади.

 

МУСАВВИР ТАЛАБАЛАР

Сарлавҳамизни ўқиганларнинг кўнглидан гап – рассомчиликка ихтисослашган таълим муассасаси ҳақида бўлса керак, деган ўй кечса ажабмас.

Аслида гап – ўша таълим муассасалари талабаларидан асло қолишмайдиган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олаётган истеъдодли мўйқалам соҳиблари ҳақида бормоқда. ЎзМУ ташкил топганининг 99 йиллиги олдидан бу масканда ўтказилган “Олам ва одам ранглар инъикосида” мавзуида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда рассомчиликка қизиққан 30 нафарга яқин ёш мўйқалам соҳиблари иштирок этдилар.

Тадбирнинг очилиш маросимида ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган бундай анжуманлар талаба-ёшлар орасидан чинакам истеъдодлиларини кашф этишга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.

– Чинакам иқтидорли, истеъдодли талабалар расм чизишга ҳам қизиқади,– дейди Ижтимоий фанлар факультети Этика ва эстетика кафедраси мудири Баҳодир Ҳусанов.– Бундай иштиёқ уларнинг маънавий камол топишига хизмат қилади. Талаба-ёшларнинг воқеликка нафосатдор қарашлари, тафаккур тарзи ранг-баранг мавзудаги расмларда ўз аксини топмоқда. Ёш мусаввирлар ижодида юртимиз жамоли, кундан-кунга чирой очиб бораётган Миллий университетимиз гўзал манзаралари акс этмоқда.

 

БАДИИЙ АСАРЛАРДА ЮРТ ОЗОДЛИГИ ВА ОБОДЛИГИ МАВЗУЛАРИ ТАЛҚИНИ

Ёш авлод маънавий оламини юксалтиришда бадиий адабиётнинг ўрни беқиёс.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ўтказаётган қатор китобхонлик кунлари ва ижодий учрашувлар талаба-ёшларда олам-олам таассуротлар қолдирмоқда.

Навбатдаги ижодий учрашув “Тоғай Мурод романларида озодлик талқини” мавзуига бағишланди. Унда ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев, Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров, адабиётшунос олимлар Баҳодир Каримов, Узоқбой Жўрақулов,Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Назира ас-Салом, Маъсума Аҳмедова, Вафо Файзулло ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши маънавий ҳаётимизда жуда улкан воқелик бўлганини алоҳида таъкидладилар.

Дарҳақиқат, мазкур Фармойишда белгиланган вазифалар ижроси доирасида ЎзМУда кўплаб китобхонлик кунлари, ижодий учрашувлар ўтказилмоқда. Ҳар бир шоир ва ёзувчи ижодига бағишланган адабий-маърифий тадбирлар ҳам талабаларимизда қизиқиш уйғотмоқда. Атоқли ёзувчи Тоғай Мурод ижодига бағишланган сермазмун маърузалар, адиб замондошларининг хотиралари ҳам талабаларда катта таассурот қолдирди.

Ўтган асрнинг сўнгги ўн йилликлари мобайнида яратилган бадиий асарларда она юртимиз озодлиги ва ободлиги йўлидаги улуғвор саъй-ҳаракатлар бош мавзуга айланганди. Буни Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов, Тоғай Мурод, Шукур Холмирзаев, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф каби ўнлаб атоқли ёзувчи ва шоирлар ижоди мисолида кўриш мумкин.

Улар орасида ёзувчи Тоғай Муроднинг асарлари алоҳида ўрин эгаллайди.

Тоғай Мурод ўзбек миллий адабиётининг ноёб вакилидир. Унинг 1976 йили чоп этилган «Юлдузлар мангу ёнади» қиссаси катта маънавий воқелик бўлган. Қиссада Бўри полвон, Тиловберди, Абил полвон образларида ўзбек миллий кураши бадиий ифодасини топди. Адибнинг 1979 йилда битилган «От кишнаган оқшом» қиссаси бу умидни чинакам ҳақиқат, ишончга айлантирди. Асар бош қаҳрамони Тарлон от китобхон қалбига қадрдон бир одамдай кириб борди. Асар ноҳақ танқидга ҳам учради.

Ёзувчининг 1980 йили чоп этилган «Ойдинда юрган одамлар» қиссаси адибнинггина эмас, ўзбек миллий адабиётининг ноёб намунаси бўлди. Қисса қаҳрамонлари Қоплон ва Оймомо фарзанд орзу-илинжида кун, ой, йилларни бир-бирига улаб яшашади. Ҳали туғилмаган боланинг бобоси, момоси бўлиб зурриётни, бир-бирларини ардоқлашади. Асар қаҳрамонлари фожеаси умид ва ёруғликка тўла мунгли, ҳазин қўшиқ қилиб куйланади.

Тоғай Муроднинг 1985 йили битилган «Момо ер қўшиғи» қиссаси ўз ғояси, адабий йўналиши билан ўзга қўшиқ-қиссаларидан ажралиб туради. Повестда миллий заминдан оёғи узилган, Ватан тупроғида яшаб, юрагида юрт туйғуси бўлмаган 80-йиллар мафкура қурбонлари «қаҳрамонлари» образлари Ғарб адабиёти сиғинди бандаси бўлиб қолган ижодкор мисолида ўзбекона киноя билан тасвир этилади.

Ижодкор истеъдодли таржимон ҳамдир. У 1974-1975 йилларда Жек Лондоннинг «Бойнинг қизи» драмаси ва кўпгина ҳикояларини ўзбек тилига ағдариб нашр эттирди. 1989 йили Э.Сетон-Томпсоннинг ҳайвонлар ҳақидаги машҳур «Ёввойи йўрға» китобини маҳорат билан таржима қилди.

Тоғай Мурод 1986-1992 йиллар давомида ўзининг илк романи «Отамдан қолгая далалар» асарини битди. «Отамдан қолган далалар» — рамзий роман. Унда бутун умр кетмон чопиб, мустамлака юртда косаси оқармай келган ўзбек халқи сиймоси Деҳқонқул образи тимсолида тасвир этилади.

Талабалар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.

 

ИЛМИЙ-АМАЛИЙ АНЖУМАН

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида генетика, геномика ва биоинформатиканинг долзарб муаммолари ва истиқболларига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистон Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экпериментал биологияси институти, Геномика ва биоинформатика маркази, Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика иммунология илмий маркази, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети олимлари, мутахассислар, магистрантлар ва талабалар иштирок этди. 

Жаҳон бозорида рақобат кучайиб бораётган бугунги кунда иқтисодиётни инновацион ривожлантириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Юртимизда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, улар ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш доимий эътиборда. Бунинг самарасида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясининг мустаҳкам механизми яратилди, замонавий ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришилмоқда. 

Конференцияда қайд этилишича, 2012-2016 йилларда қатор фундаментал илмий натижаларга эришилди. Хусусан, мамлакатимизда ғўзадаги авлоддан-авлодга кўчиб ўтадиган ген аллеллари тўплами топилиб, замонавий тезкор “ассоциатив карталаштириш” усули орқали дунёдаги илк ген-нокаут технологиясига асос солинди. Натижада ғўза генларидан фойдаланишнинг янги имкониятлари очилиб, «Порлоқ» нави яратилди. 2013 йилдан буён фермер хўжаликларида ген-нокаут усулида яратилган “Порлоқ-1”, “Порлоқ-2”, “Порлоқ-3”, “Порлоқ-4” навларидан мўл ва сифатли ҳосил олинмоқда. 

Геномика ва биоинформатика марказида айни пайтда қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳашаротларга, шўрланишга чидамлилигини белгиловчи бошқа генларни аниқлаш ва улар асосида янги биотехнологик навлар яратиш бўйича илмий тадқиқотлар давом этмоқда. Қишлоқ хўжалиги экинларининг самарадорлигини ошириш мақсадида уларнинг навларини индивидуал ўрганиш, ғўзадан асал олиш технологиясини яратиш ишлари олиб борилмоқда. 

Ўзбекистон Геномика ва биоинформатика маркази илмий жамоаси ўсимликларнинг совуққа чидамлилигини ошириш мақсадида олиб борган изланишлари самарасида “эскимос” генларни топди. Шунингдек, ингичка толали ғўза геномида LD даражаси аниқланди. Замонавий ген-нокаут технологияси асосида ғаллачиликдаги энг катта муаммолардан бири – занг касаллигига чидамли буғдой навларини яратиш борасидаги тадқиқотлар давом этмоқда. 

 

ИНТЕРНЕТ-ЖУРНАЛИСТИКА ВА ЁШЛАР

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида мамлакатимизда интернет-журналистика ривожининг долзарб масалаларига бағишланган талабалар анъанавий медиаконференцияси ўтказилди. 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультети, «Тараққиёт стратегияси» маркази, Халқаро пресс-клуб ҳамда Миллий кутубхона ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирга ўқитувчилар, талабалар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди. 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланишига, хусусан, интернетдан фойдаланувчилар сонининг кескин ошиши ҳамда интернет-журналистика такомиллашувида муҳим омил бўлаётир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мазмун-моҳиятини, мақсад ва вазифаларини халқимизга етказиш ва тарғиб қилишда интернет-журналистика ҳам муносиб ўрин эгаллайди. 

– Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган вазифалар ижросига жамоатчиликни жалб қилиш, бу борада аҳоли ва ёшларнинг билим ва тушунчаларини бойитиб бориш интернет-журналистика йўналишида фаолият кўрсатаётган журналистларга ҳам катта масъулият юклайди, – дейди Миллий университет журналистика факультети ўқитувчиси Г.Нажмиддинова. – Бугунги медиаконференцияда шу каби эзгу мақсадларни амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини янада ошириш ҳақида фикр алмашилди. 

 

ЎзМУ Ахборот хизмати

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: 2271542; +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru