O'zMU » Yangiliklar » Ёш физиклар анжумани

Анжуманда ЎзМУ Илмий ишлар бўйича проректори Олимжон Холмуҳамедов, академик Комил Муқимов ва бошқалар сўнгги йилларда мамлакатимизда физика фани ривожига Миллий университет олимлари ва тадқиқотчилари қўшаётган улкан ҳиссаларини алоҳида таъкидладилар.

Физика факультети декани Хожакбар Далиев, профессорлар Абдулфатто Холмўминов, Комил Турсунметов, Тўлқин Қурбонов, Уйғун Валиев, СамДУ профессори Абдувоҳид Жумабоев, Юқори технологиялар маркази профессори Элвира Ибрагимова, факультет кафедра мудирлари ва доцентлари Зокир Канаков, Дилшод Назиров, Талъат Охунов, Турғунали Аҳмаджонов ва бошқалар мамлакатимизда физика соҳасида олиб борилаётган илмий изланишлар, эришилган ютуқлар, илм аҳли олдида турган вазифалар ҳамда муаммолар ҳақида сўз юритдилар.

Академик Комил Муқимовнинг «Нанофизика соҳасида эришилган янги ютуқлар» мавзусидаги маърузаси анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Маърузачи илмга чанқоқ ёшларнинг нанофизика соҳасига бўлган қизиқишларини эътиборга олган ҳолда талабалар ва ёш олимлар учун алоҳида илмий семинарлар ўтиши белгилаб олинди.

Япониялик олим Катсухиро Накамура раҳбарлигида назарий физика соҳасида илмий изланишлар олиб бораётган Физика факультети магистранти Гулмира Бобожонова инглиз тилида «Fast forward of adiabatic soft-walled piston: force and eduation of states», физика-метематика фанлари номзоди Талъат Охуновнинг «Суюқ ойнали телескоплар – астрономик телескопларнинг янги тури» мавзуида қилган маърузалари анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Мазкур анжуманда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси ёш олимларидан бири, физика-математика фанлари доктори Ганжа Болтаев ўз маърузасида лазер физикасининг амалиётда қўлланилиши, бу борада хорижий давлатлар етакчи илмий марказлари билан олиб борилаётган илмий ҳамкорликлар самараси ҳақида атрофлича сўз юритди.

Анжуманда республикамиз олий таълим муассасалари ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси институтларида илмий изланишлар олиб боришаётган иқтидорли талабалар, магистрантлар, ёш олимлар иштирок этдилар. Физика соҳасида ёш олимлар учун ибрат мактаби бўлган бундай анжуманлар илму маърифатда устоз-шогирд тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Дилноза Умарова,

ЎзМУ Ёш олимлар билан ишлаш бўлим бошлиғи