O'zMU » Yangiliklar » “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!”

ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев, академиклар Бахтиёр Назаров, Азимбой Саъдуллаев ва бошқалар “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” дастуридан ёшларимизни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш масаласи алоҳида ўрин эгаллаганини, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида, “Биз таълим ва тарбия тизимининг барча бўғинлари фаолиятини бугунги замон талаблари асосида такомиллаштиришни ўзимизнинг биринчи даражали вазифамиз деб биламиз” деган сўзлари таълим муассасалари учун ўзига хос дастуриламалга айланганини алоҳида таъкидладилар.

Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очаётгани, шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилаётгани, ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлаётганига асло бефарқ қараб бўлмайди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим. Бунинг учун ёшларимиз билан кўпроқ гаплашиш, уларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак беришимиз керак. Муҳтарам Президентимизнинг ана шу ғоялари асосида ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни” тадбири дастури доирасида ёшлар ЎзМУ факультетлари фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Умумтаълим мактаблари ҳамда академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини “аъло” баҳоларга тамомлаётган иқтидорли ўқувчилардан бир гуруҳи Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети “Фахрий ёрлиқ”лари билан тақдирландилар.

Тадбир давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Фарида Афрўз, Зикрилла Неъмат, таниқли санъаткорлар Муҳаммадали Абдуқундузов, Ҳамид Тошпўлатовлар билан ўтказилган ижодий учрашувлар барча ёшларда катта таассурот қолдирди.

Тадбирда иштирок этган иқтидорли ўғил-қизлар мамлакатимизда карвонбоши университет сифатида эътироф этилган мана шу улуғ даргоҳда таҳсил олишга интилаётганлари уларнинг нурли келажакларидан нишонадир.

 

ЎзМУ Ахборот хизмати