O'zMU » Yangiliklar » Сўнгги қўнғироқдан улуғ даргоҳ сари

Университет проректори Д.Жумабоев, академиклар Б.Назаров, А.Саъдуллаев ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида таълим тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, ёш авлоднинг ҳар томонлама пухта билим олиши ва бундай эзгу йўлда уларга кўмак бериш ва қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳаётий натижалар бераётганини таъкидлаб ўтди. 

– Шу маънода бугун ташкил этилган очиқ эшиклар куни ҳам битирувчилар учун таассуротларга бой бўлди, – дейди университетнинг мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров. – Сўнгги қўнғироқ садолари остида ўқув масканлари билан хайрлашган битирувчиларни нуфузли олий ўқув даргоҳи жамоаси кутиб олди. Улар бу ерда университет ҳаёти билан танишди. Уларни академиклар, санъаткорлар, шоиру ёзувчилар қутлади ва олий ўқув юртларига ўқишга киришида омад тилади. Очиқ эшиклар куни битирувчиларнинг тўғри йўл танлаб, Ватанга, шу азиз заминга фидойи инсонлар бўлиб улғайиши йўлидаги кенг имкониятдир. 

Тадбир доирасида битирувчилар факультетлардаги ўқув жараёни ва яратилган шароитлар билан танишди. 

 

– Бугунги тадбирда элимиз ардоғидаги инсонлар билан учрашдик, – дейди Олмазор туманидаги 146-умумтаълим мактаби битирувчиси Шаҳзод Зафархўжаев. – Уларнинг қутлови ва ишончи бизни улкан орзуларга етаклайди. Инглиз тили бўйича мутахассис бўлмоқчиман ва шу соҳани пухта эгаллашга бор куч-ғайратимни сарфлайман. 

Университет факультетларининг фаолиятига оид кўргазмалар намойиши ҳам иштирокчиларнинг эътиборидан четда қолмади. Айниқса, университет қошидаги Зангиота академик лицейи жамоаси ташкил этган кўргазма ўзига хослиги билан ажралиб турди. Лицей ўқувчиларининг турли хорижий тилларда бийрон гапиришларига ҳавас билан боқмаслик мумкин эмас. Одилнинг араб тилида, Фотима ва Зуҳранинг корейс тилида, Отабекнинг инглиз тилидаги чечанлик билан таништируви бу даргоҳдаги устозлар таълим ва тарбиясидан далолатдир. 

– Араб ва инглиз тилида бемалол сўзлаша оламан, – дейди шу лицей битирувчиси Одил Юсуфжонов. – Бизга пухта билим берган, ширин сўзларини аямаган ва тўғри йўл кўрсатган лицей ўқитувчиларидан миннатдормиз. Келгусида шу тилларни янада мустаҳкам эгаллаш мақсадида Тошкент давлат Шарқшунослик институтига кирмоқчиман. 

Умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган иқтидорли ўқувчилар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди. 

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА