O'zMU » Yangiliklar » Маърифий ҳамкорлик ривожланмоқда

 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида
«Илм ва таълим йўлидаги ҳамкорлик – тараққиёт мезони» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда мазкур олий ўқув юрти ҳамда АҚШнинг Калифорния университетидан келган профессор ва талабалар иштирок этди.
Ўзбекистон Миллий университети проректори Давлатбой Жумабоев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ёшларнинг пухта билим олиши, манфаатларини тўлақонли таъминлаш юзасидан тизимли чора-тадбирлар ҳаётга кенг жорий этилаётганини таъкидлади. Бу жараёнда олий таълимни сифат ва мазмун жиҳатдан янги, янада юқори босқичга олиб чиқиш, ўқув даргоҳларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, юртимиз ва хорижий олий таълим масканлари ўртасидаги ҳамкорликни тобора мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Миллий университети хорижий давлатлардаги нуфузли олий таълим муассасалари, илмий марказлар билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйган. Жумладан, АҚШнинг қатор университетлари билан ўрнатилган алоқалар илмий изланишларнинг қамровини янада кенгайтириш, таълимдаги илғор тажрибаларни таҳлил этиш, профессор-ўқитувчилар, талабалар алмашинувини таъминлаш имконини бермоқда.

Мазкур университетда таҳсил олган Зоир Иброҳимов 1990 йилда АҚШнинг Мичиган университетига ёш тадқиқотчи-олим сифатида таклиф этилган. Математик таҳлил бўйича илмий изланишлари халқаро миқёсда эътироф этилган юртдошимиз 2012 йилда Италиянинг Anassilaos Prize халқаро мукофоти билан тақдирланган. Ҳозир ўзбек математиги Калифорния университетида талабаларга сабоқ бермоқда.
– Ўзбекистоннинг математикага оид бой илмий мактаби халқаро миқёсда ҳам юқори эътироф этилган, – дейди профессор З.Иброҳимов. – Миллий университет ва Калифорния университети ўртасидаги ҳамкорлик бир неча йиллардан буён изчил давом этмоқда. Эндиликда бу алоқалар янада кенгайди. Бу ўқув-илмий муносабатлар икки мамлакат олимлари ўртасида математика фани бўйича конференциялар ўтказиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувида яққол намоён бўлмоқда.
– Ал-Хоразмий Ватани бўлган бу табаррук диёрга келиш мен учун катта шараф, – дейди Калифорния университети талабаси Вес Вайтинг. – Шуни сездимки, мамлакатингизда талабаликнинг илк босқичиданоқ математикага оид турли мавзулар кенг ўзлаштирилар экан. Ўзбекистон гўзал, бетакрор юрт сифатида менда катта таассурот қолдирди.

Бу галги стажировка давомида хорижлик талабалар Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Фанлар академияси В.Романовский номидаги Математика институти олимлари изланишлари билан танишади.
* * *
Шу куни университетнинг Ахборот-ресурс марказида китобхонликка доир «Сўз қудрати» ижодий кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Илк босқичи апрель ойида бошланган мазкур танловдан кўзланган асосий мақсад йигит-қизларнинг бадиий адабиётга қизиқишини янада кучайтиришдан иборатдир.
Танлов натижасига кўра университетнинг геология ва география факультети тўртинчи курс талабаси Дилшод Панжиев биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин биология факультетининг биринчи курс талабаси Муаззам Сайидалиевага насиб этди. Ижтимоий фанлар факультетининг тўртинчи курс талабаси Улуғбек Мансуровга учинчи ўрин берилди.
Назокат Усмонова, ЎзА