O'zMU » Yangiliklar » ПРЕСС РЕЛИЗ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети 1918 йилда ташкил этилган. У қатор йиллар турли номлар билан аталиб, мустақиллик йилларидагина ҳақиқий мақомига эга бўлган. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 14 сентябрдаги “Тошкент Давлат университетига Мирзо Улуғбек номини бериш тўғрисида”ги Қарорига биноан Тошкент Давлат университети Шарқнинг буюк олими ва мутафаккири Мирзо Улуғбек номи билан юритила бошлаган. Биринчи Президентимизнинг 2000 йил 28 январдаги “Тошкент Давлат университетига “Ўзбекистон Миллий унверситети” мақомини бериш тўғрисида”ги Фармони билан бу ўқув даргоҳи “Миллий университет” мақомига эга бўлган ва у Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети деб аталмоқда.

Қарийб бир аср мобайнида республикамиздаги ўнлаб университет ва институтлар мана шу олий таълим муассасаси заминида пайдо бўлган. Жумладан, 2016 йил 13 майда ташкил топган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳам ЎзМУнинг ўзбек филологияси факультети ва бошқа таълим муассасалари негизида вужудга келган.

Айни пайтда Ўзбекистон Миллий университети таркибида Биология, Геология ва география, Журналистика, Ижтимоий фанлар, Иқтисодиёт, Кимё, Математика, Тарих, Физика, Хорижий филология каби 10 та факультет, 73 та кафедра ўз фаолиятларини давом эттирмоқда. Уларда 37 йўналишда бакалаврлар ва 63 йўналишда мутахассисликлар бўйича магистрлар тайёрланмоқда.

ЎзМУ ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий маркази, қатор кафедралар қошида инновацион ҳамкорлик марказлари, ўқув-илмий комплекслар, 3 та академик лицей фаолияти йил сайин такомиллашиб бормоқда.

Ўтган йиллар мобайнида бу қутлуғ даргоҳдан 106 нафар академик етишиб чиққан бўлса, улардан 23 нафари Ўзбекистон Фанлар академияси президенти ва вице-президентлари лавозимларида фаолият кўрсатганлар. Олима аёллардан 120 дан ортиғи фан доктори ва профессор илмий унвонларига эга бўлганлар.

Айни пайтда Ўзбекистон Миллий университетига 28 нафар академик, 200 га яқин фан доктори ва профессорлар, 400 га яқин фан номзоди ва доцентлар фаолият кўрсатишмоқда.

Айни пайтда дунёнинг 35 та давлатидан 80 та хорижий олий таълим муассасалари ва илмий фондлари ЎзМУ ҳамкорлари ҳисобланади. АҚШ, Россия, Германия, Буюк Британия, Франция, Нидерландия, Чехия, Австрия, Польша, Япония, Жанубий Корея, Хитой каби давлатларнинг номдор олий таълим муассасалари билан талаба, магистрант, фалсафа докторлари алмашунуви бўйича дастурлар, ҳамкорликда илмий изланишлар олиб борилмоқда.

2016-2017 ўқув йилида 9 та ана шундай хорижий олий таълим муассасалари билан янги меморандумлар имзоланди.

Халқаро алоқаларнинг ривожланишида илмий-амалий анжуман, симпозиум ва семинарларда иштирок этиш муҳим аҳамият касб этади. Биргина 2016-2017 ўқув йилида ЎзМУ профессор-ўқитувчилари ва талабаларидан 120 нафари Япония, Россия, Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, Италия, Россия ва Малайзия каби давлатларда ўтказилган илмий-амалий анжуманларда иштирок этдилар.

Талаба-ёшларимиз ривожланган давлатларнинг олий таълим муассасаларида таҳсил олишга қанчалик қизиқиш билан қарасалар, хорижликлик ёшлар ҳам Ўзбекистон Миллий университетида ўқишга шу қадар интиладилар. Бинобарин, ҳозирги кунда Хитой, Озарбайжон, Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Саудия Арабистони каби давлатлардан келишган 20 га яқин ёшлар турли факультетларимизда таълим олмоқдалар. Улар сафига яқинда АҚШнинг Калифорния университетидан келишган яна 9 нафар талаба қўшилди.

Хорижлик ҳамкасбларимизнинг ЎзМУга бўлган қизиқишлари ва эътиборлари кам эмас. Ҳозирги кунда япониялик Катсухиро Накамура Физика факультетида, россиялик Шуҳрат Ходиев Математика факультетида, германиялик Вегмарсхаус Герт Рудигер ва Маргарет Марианна Бух Хорижий филология факультетининг немис филологияси ва франциялик Жонатан Леконте Француз филологияси кафедраларида талабаларимизга дунёвий билимлардан сабоқ бериб, илмий тадқиқотлар олиб бормоқдалар. Бундай илмий ва педагогик ҳамкорлар сони келгусида янада ортиши кутилмоқда.

Ўз навбатида ЎзМУ профссор-ўқитувчилардан бир гуруҳи нуфузли хориж университетларида ҳам маърузалар ўқиб келишаётир. Айни пайтда муҳтарама академигимиз Сайёра Рашидова Москва Давлат университетида, академик Азимбой Садуллаев Исроилнинг Холон Технология институтида, профессорлар Шавкат Аюпов АҚШнинг Калифорния университетида, Баҳодир Эрғозиев Россиянинг Ядро тадқиқотлар институтида, бош илмий ходим Бобомурод Аҳмедов Германиянинг Франкфурт университетида илмий ҳамкорликларни давом эттириш, бинобарин, хорижлик талабаларига сабоқ бериб келишга ҳозирлик кўришмоқда.

Мамлакатимизда “Карвонбоши университет” дея таърифлаган ана шундай улуғ даргоҳ – Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олиш кўплаб ёшларнинг орзусидир.

2017/2018 ўқув йилида ЎзМУнинг бакалаврлар тайёрлаш бўйича 36 та таълим йўналишига жами 1395 нафар талаба ўқишга қабул қилиниши белгиланган. Улардан 399 нафар давлат грантлари ва 996 нафари тўлов-контракт асосида таҳсил оладилар.

Магистратура босқичига 68 та таълим йўналиши бўйича 391 нафар талаба ўқишга қабул қилинади. Улардан 138 нафари давлат грантлари ва 253 нафари тўлов-контракт асосида таҳсил оладилар.

Бу йилдан эътиборан магистратура босқичига Лингвистика: француз тили, Лингвистика: немис тили, Фалсафа тарихи (йўналишлар бўйича), Сейсмология ва сейсмометрия, Социология (йўналишлар бўйича), Ижтимоий иш (соҳа ва фаолият турлари бўйича), Экология (тармоқлар ва соҳалар бўйича) каби 7 та янги йўналишга талабалар қабул қилиниши белгиланган.

Шу йил 15 июнь кунидан эътиборан ЎзМУда абитуриентларни қабул қилиш юксак савияда бошланди.

 

 

ЎзМУ Ахборот хизмати