O'zMU » Yangiliklar » Мақсад аниқ бўлса, ишонч мустаҳкамланади

Маълумки, аввалги йилларда абитуриентлар олий таълим муассасаларига ҳужжатларини 20 июндан 20 июлгача тақдим этишар эди. Жорий йилдан бошлаб бу муддат 15 июндан 15 июлгача этиб белгиланди. Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, бунинг ўзига хос бир неча сабаблари бор. Аввало, абитуриентлар сони йилдан-йилга кўпайиб бораяпти. Бу эса улар учун тест ўтказиладиган аудиторияларни тайёрлаш, жиҳозлаш, тест материалларини етказиб бериш каби муҳим ишларда муайян вақтни талаб этади. Қолаверса, ҳужжат топширган ёшлар синовгача бўлган муддатда фанлардан олган билимларини такрорлаб, салоҳиятларини мустаҳкамлашлари ҳам мумкин.

Тест синовлари ўтказиладиган кун эса ўзгармаган, доимгидек 1 август куни бўлади.

Президентимизнинг 2017 йил 5 майдаги “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарори аввалги йилларда эълон қилинган шу мазмундаги ҳужжатдан анча фарқланади. Яъни, мазкур қарорга кўра, қабул квоталари кўпайди, бошқа ўзгаришлар ҳам бор. Хусусан, бакалавр таълим йўналишига 66 минг 316 нафар талаба қабул қилиниши режалаштирилган. Улардан 18194 нафари давлат грантида ва 48122 нафари тўлов-контракт асосида таҳсил олади. Агар ўтган йилдаги квоталар билан таққосласак, жорий йилги квоталар сони 8 минг 409 тага кўпайган.

Олий таълим муассасалари магистратурасига 5 000 талаба, шундан 1556 нафари давлат гранти, 3444 нафари тўлов-контракт бўйича ўқишга қабул қилинади. Магистратурада умумий квоталар ўтган йилдагидан ўзгармаган.

Юқорида номи келтирилган ҳужжатда, шунингдек, Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимида 100 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича 15 та ва тўлов-контракт асосида 85 та, Навоий давлат кончилик институтида тўлов-контракт асосида 90 нафар ва Тошкент темир йўл муҳандислари институтида тўлов-контракт асосида 80 нафар бакалаврни тайёрлаш назарда тутилган.

Бундан ташқари бу йилдан киритилган энг катта ўзгариш, бу тест синовларидан ўта олмаган абитуриентлар тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси эвазига талабаликка қабул қилиниши мумкинлигидир. Фақат бунинг учун абитуриент камида 68 балл тўплаган бўлиши лозим.

Қўшимча қабул бўйича тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси абитуриентлар тўплаган балларга қараб Давлат комиссияси томонидан дифференциялашган тартибда белгиланади. Ҳозирча контрактнинг нархи маълум эмас. Албатта, қўшимча контракт ўрни чекланган. Демак, 68 баллдан ошириб балл тўплаган барча абитуриентлар ҳам ўқишга қабул қилинавермайди.

Ҳужжатлар қабул қилиш жараёни билан яқиндан танишиш мақсадида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетида бўлдик. Маълумотларга қараганда, 2017/2018 ўқув йилида ЎзМУнинг бакалаврлар тайёрлаш бўйича 36 та таълим йўналишига жами 1395 нафар талаба ўқишга қабул қилиниши белгиланган. Улардан 399 нафари давлат гранти ва 996 нафари тўлов-контракт асосида таҳсил олади.

Магистратура босқичига 68 та таълим йўналиши бўйича 391 нафар йигит-қиз ўқишга қабул қилинади. Улардан 138 нафари давлат гранти ва 253 нафари тўлов-контракт бўйича билим эгаллайди.

—       Бу йил ҳужжатлар қабул қилишда абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналари учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратдик, — дейди ЎзМУ қабул комиссияси масъул котиби Расул Раҳмонов. — Ҳужжатларни онлайн топшириш технологиясини ҳам татбиқ этдик. Олий таълим муассасамизга келганларнинг интернетдан эркин фойдалана олиши учун “wi-fi” ҳудуди ташкил қилинди. Бу ҳам ҳужжат топширувчиларга катта кўмакдир.

Одатда дастлабки кунда саноқли абитуриентлар ҳужжат топширишади. Чунки айрим ёшлар ҳали ҳужжатларни тўлиқ жамлаб олмаган ёки бунинг яна бошқа сабаблари ҳам бўлиши мумкин. Бироқ шундайлар ҳам борки, уларга қайси йўналишга ҳужжат кам топширилганлиги муҳим ҳисобланади.

—  Билимига ишонган йигит-қиз олдиндан қайси соҳани танлаши ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиши керак,— дейди Муборак туманидан келган абитуриент Дилдора Пирманова.— Мен ҳеч иккиланмасдан қабулнинг биринчи кунидаёқ ҳужжатларимни ЎзМУнинг биология факультетига топширдим. Чунки шу соҳага болалигимдан қизиқаман. Тиббиёт йўналишидаги коллежда ўқиб, билимларимни бойитдим. Насиб қилса, талабалик бахтига муяссар бўламан.

 Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» газетаси, 2017 йил 16 июнь.