O'zMU » Yangiliklar » Олий таълим муассасаларига қабул давом этмоқда

 — Янги ўқув йилида университетимизнинг бакалаврлар тайёрлаш бўйича 36 таълим йўналишига 1395 нафар абитуриентни ўқишга қабул қилиш белгиланган. Улардан 399 нафари давлат гранти ва 996 нафари тўлов-шартнома асосида таҳсил олади. Магистратура босқичига 68 таълим йўналиши бўйича 391 та ўрин ажратилган бўлиб, шундан 138 таси давлат гранти ва 253 таси тўлов-контракт асосида таҳсил олувчилар учун мўлжалланган, — дейди университет қабул комиссияси масъул котиби Расул Раҳмонов. — Бу йилдан эътиборан магистратура босқичига лингвистика: француз ва немис тили, фалсафа тарихи, сейсмология ва сейсмометрия, социология, ижтимоий иш, экология каби еттита янги йўналиш бўйича талабаларни қабул қилиш кўзда тутилган.


Университетда абитуриентлар ҳамда ота-оналар учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, ҳужжатларни онлайн тарзда топшириш технологияси амалиётга татбиқ этилди. Айниқса, Wi-Fi ҳудудининг ташкил қилингани ҳужжат топширувчиларга катта қулайлик яратди.

 


Шунингдек, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида ҳам қабул жараёни қизғин бошланди.

— Абитуриентлар учун зарур барча маълумотлар баннерларда батафсил келтирилди, — дейди университет қабул қомиссияси масъул котиби Анвар Алимов. — Жумладан, қабул квотаси, ўқишга қабул қилиш бўйича низом, ҳарбий қисм тавсияномасини қўлга киритган абитуриентлар учун имтиёзлар ҳақида маълумотлар мавжуд. Бундан ташқари, бу йил ҳужжат қабул қилинадиган 39 йўналиш бўйича касбга йўналтирувчи баннерлар илинган. Масалан, абитуриент ҳаво кемаларидан техник фойдаланиш йўналишида ўқимоқчи бўлса, ўзи эгалламоқчи бўлган соҳа ва унинг истиқболи ҳақида мазкур баннерлардан тўлиқ маълумот олиши мумкин. Жараён давомида катта экранларда факультетлар тўғрисида роликлар намойиш этилаётгани боис абитуриентлар танловда ортиқча қийналмайди.

Бу йил университетга қўшимча 125 та квота берилгани ўтган йили ўқишга киролмаган абитуриентлар учун қувонарли хушхабар бўлди.

Қабул жараёни шу йилнинг 15 июлига қадар давом этади.


Аброр УМАРҚУЛОВ,

“Ma’rifat” газетаси, 2017 йил 17 июнь